ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Хўжалик судларининг айрим ишлар бўйича суд ҳужжатлари (ҳал қилув қарорлари, қарорлари) баёни / Кассация инстанцияси қарорлари шарҳлар билан / Савдо фаолиятини олиб бориш ҳамда НКМдан фойдаланиш тартибига оид масалалар /

Нақд пул тушумини инкассация қилиш тартибини бузганлик санкциясини қўллаш тўғрисидаги низо бўйича

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

НАҚД ПУЛ ТУШУМИНИ ИНКАССАЦИЯ

ҚИЛИШ ТАРТИБИНИ БУЗГАНЛИК

САНКЦИЯСИНИ ҚЎЛЛАШ

ТЎҒРИСИДАГИ НИЗО

БЎЙИЧА


ИШНИНГ МОҲИЯТИ


Солиқ ва валютага оид жиноятларга қарши курашиш органи 2003 йил учун солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўғри ҳисоблаб чиқиш ҳамда тўлаш бобида юридик шахснинг молия-хўжалик фаолиятини текширди. Унинг натижалари бўйича далолатномада корхона товарлар сотилишидан олинган нақд пул тушумини банкка ўз вақтида топширмаганлиги кўрсатилди. Бу ҳол уни яшириш сифатида баҳоланди. Далолатнома содир этилган ҳуқуқбузарлик учун жазо чораларини кўриш учун давлат солиқ органига юборилди. Солиқ органи қарор қабул қилди ва яширилган пул маблағлари миқдорида жарима солди, пул маблағлари инкассо топшириқномаси асосида сўзсиз тартибда ҳисоб-китоб рақамидан ҳисобдан чиқарилди.

Юридик шахс бунга рози бўлмади ва хўжалик судига қабул қилинган қарорни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида даъво билан мурожаат қилди.


ЮРИДИК ШАХСНИНГ ПОЗИЦИЯСИ


Жисмоний шахсларга товарлар нақд пулга сотилганида олинадиган пул маблағлари ҳар куни банкка инкассация хизмати орқали топширилган, ушбу хизмат вакиллари ҳар куни соат 18.00 да келган. Шу вақтда кассада мавжуд бўлган барча нақд пул тушуми хизмат ходимларига топширилган. Бироқ корхонанинг иш тартиби товарларни кўрсатилган вақтдан кейин ҳам сотишни назарда тутади, шу боис кассада миқдори энг кам иш ҳақи миқдоридан ошадиган нақд пул массаси тўпланган. Инкассация хизмати жорий иш кунида такроран келмаган, шу сабабли соат 18.00 дан кейин олинадиган тушум кассада турган ва кейинги иш куни соат 18.00 да топширилган. Дам олиш кунлари инкассаторлар объектга хизмат кўрсатишмаган, шанба ва якшанбада олинадиган нақд пул маблағлари эса уларнинг душанба куни одатий тартибда навбатдаги келишида топширилган. Бунинг устига, хизмат кўрсатувчи банкнинг кассалари дам олиш кунларида ҳам ишламаган. Корхона тушумни яширмаган, бинобарин молиявий жазо унга нисбатан асоссиз қўлланган.



СОЛИҚ ОРГАНИНИНГ ПОЗИЦИЯСИ


Нақд пул тушуми у олинган кунда топширилиши керак. Бунда топширмасликнинг сабаби аҳамиятга эга эмас. Инкассация хизмати келиб кетганидан сўнг корхона кассасида товар сотишдан нақд пул маблағлари йиғилиб қолган ва ўша куни банкка топширилмаган. Бу эса амалдаги қонунчилик талабларини бузади ва нақд пулни яшириш ҳисобланади. Бундай қонунбузарлик учун юридик шахс молиявий жавобгарликка тортилиши керак, жарима жазоси қонунга мувофиқ ва асосли қўлланган.



СУДНИНГ ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРИ


Хўжалик суди иш материалларини ўрганиб, тарафларнинг тушунтиришларини тинглаб, қуйидагиларни аниқлади:

- юридик шахс товарни фуқароларга нақд пулга сотган ва тушум олган, уни ҳар куни инкассация хизмати орқали хизмат кўрсатувчи банкка топширган;

- тасдиқланган жадвалга кўра юридик шахс учун инкассаторларнинг ҳар куни соат 18.00 да келиб кетиши белгиланган;

- ўша пайтда корхона кассасида бўлган тушум тўлиқ ҳажмда топширилган, буни хизматнинг ҳужжатлари тасдиқлайди;

- соат 18.00 дан кейин юридик шахс ишни давом эттирган ва шундан сўнг олинган нақд тушум хизмат кўрсатувчи банкка кейинги иш куни инкассаторларнинг навбатдаги келишида топширилган;

- инкассация хизматининг раҳбари ташкилотларда мавжуд бўлган нақд пул тушумини йиғиш учун келиб кетишлар вақти, жадвали ва йўналишини мустақил равишда белгилаган;

- хизмат кўрсатувчи банкнинг кассалари беш иш куни (душанбадан жумага қадар) ишлаган ва дам олиш кунлари (шанба ва якшанбада) ишламаган. Жумада соат 18.00 дан кейин олинган тушумни юридик шахс душанба куни, инкассация хизмати ходимларининг навбатдаги келиб кетиши чоғида одатий тартибда инкассация қилган;

- иш материалларида юридик шахс ходимлари инкассаторларнинг ишига тўсқинлик қилишганига далиллар йўқ, шу сабабли товарлар сотилишидан олинадиган нақд пул маблағларини юридик шахс ўз вақтида топширган;

- хизмат кўрсатувчи банкка тушумни у ишламайдиган вақтда, шу жумладан дам олиш кунларида, топширмасликка уни яшириш сифатида қараш мумкин эмас;

- на солиқ органи, на текширув ўтказган солиқ ва валютага оид жиноятларга қарши курашиш органи судга қўлланадиган жарима миқдорининг асосланганлиги ҳисоб-китобини тақдим этмаган;

- текшириш далолатномасида инкассация қилишдан яширилган тушум миқдори тўғрисида аниқ таърифланган қоидалар бўлмаган, юридик шахсга қўлланадиган жариманинг миқдори ҳам ундан келиб чи??ан бўлар эди. Фақат тахминий тарзда корхона ўз вақтидан бир неча кунга кечиктирган ҳолда банкка нақд пул тушумини топширганлиги кўрсатилган.

Қонун қоидаларини таҳлил қилиб, хўжалик суди қуйидагиларни белгилади:

- Президентнинг 1996 йил 9 августдаги “Бюджет билан ҳисоб-китоблар учун хўжалик юритувчи субъектларнинг масъулиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПФ-1504-сон Фармони 3-бандининг бешинчи хатбошисига мувофиқ юридик шахс нақд пул тушумини ҳар куни хизмат кўрсатувчи банкка топшириши керак. Даромадни яшириш кўрсатилган тартиб бузилганда баҳоланади;

- Солиқ кодекси 135-моддаси биринчи қисмининг 16-бандига кўра фақат нақд пул тушуми инкассация қилишдан яширилган тақдирда жарима қўлланиши мумкин;

- Хўжалик процессуал кодекси 55-моддасининг биринчи қисмидан келиб чиқадики, солиқ органи нақд пул тушумини яшириш далили юз берганлиги ва юридик шахсга нисбатан молиявий жазо асосли қўлланганлигини исботлаши керак. Бироқ бундай қилинмаган;

- Президентнинг 2005 йил 14 июндаги “Тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Фармони 3-бандининг иккинчи хатбошисидан келиб чиқиб, молиявий жавобгарликка ноқонуний жалб этиш ва қўлланган жарима суммаларини сўзсиз ҳисобдан чиқариш билан юридик шахсга етказилган зарар солиқ органининг депозит ҳисобрақамидан қопланиши керак.

Баён этилганлар асосида хўжалик суди:

- юридик шахсга боғлиқ бўлмаган сабабга кўра инкассация қилинмаган нақд пул маблағлари тушумини яшириш деб топиш учун асосларни топмади;

- солиқ органи томонидан қабул қилинган қарорнинг асосланганлиги исботланмаган деб ҳисоблади;

- солиқ органининг юридик шахсни молиявий жавобгарликка тортиш бўйича ҳаракатларини нотўғри деб ҳисоблади;

- у қабул қилган қарорни ҳақиқий эмас, сўзсиз ҳисобдан чиқариш бўйича қилинган ҳаракатларни эса қонунга мувофиқ эмас деб топди.

Баён этилганлар асосида хўжалик суди юридик шахснинг даъво талабларини қондириб, солиқ органининг нақд пул тушумини яширганлик учун жарима солиш тўғрисида қабул қилинган қарорини ҳақиқий эмас деб топди. Хўжалик судининг юқори инстанциялари ушбу қарорни қонуний ва асосли деб топди ҳамда уни бекор қилиш ёки ўзгартириш учун асос топмади.



Ш А Р Ҳ


Солиқ кодекси 135-моддаси биринчи қисмининг 16-бандига мувофиқ “стационар савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари орқали аҳоли билан пул ҳисоб-китоблари амалга оширилаётганда нақд пул тушумини яширган тақдирда юридик шахс-лар ва якка тартибдаги тадбиркорлардан яширилган нақд пул тушуми миқдорида жарима ундирилади”.

Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 22 июндаги “Нақд пул муомаласини мустаҳкамлаш ва тижорат банкларининг масъулиятини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 264-сон қарори 3-бандининг иккинчи хатбошисига кўра “аҳоли билан нақд пул ҳисоб-китобларини амалга оширувчи корхоналар ва ташкилотлар томонидан нақд пул тушумини яшириш ҳоллари аниқланган тақдирда солиқ органининг қарорига кўра уларга  яширилган нақд пул тушуми миқдорида жарима солинади”.

Товарларни нақд пулга сотиш чоғида нақд пул тушумини яшириш солиқ ҳуқуқбузарлиги бўлиб, у корхона томонидан мажбурий инкассация қилиш бўйича талабларга риоя этмасликни назарда тутади. Президентнинг ПФ-1504-сон Фармони 3-бандининг бешинчи хатбошисида умумий талаб назарда тутилган, унга кўра “барча чакана савдо корхоналари, шунингдек аҳолига хизмат кўрсатувчи корхоналар,  тушган нақд пул маблағларни ҳар куни банк муассасаларига топширишлари шарт”. Унинг давомида алоҳида кўрсатма келади: “кўрсатилган талабни бузиш тушумни яшириш сифатида баҳоланиб, айбдорларга нисбатан амалдаги қонунларга биноан жазо чоралари қўлланиши керак”. Кўриб турибмизки, Фармон кўрилаётган ҳуқуқбузарлик аломатини қуйидагича белгилайди  нақд пул тушумини ҳар куни топшириш тўғрисидаги талабга риоя қилмаслик.

Нақд пул тушумини яширишга йўл қўйган корхоналар ва ташкилотларга нисбатан жазо жарималарини қўллаш тартиби тўғрисидаги низомнинг 2-бандига биноан қуйидагилар нақд пул тушумини яшириш деб тан олинади:

- олинган нақд пул маблағларини белгиланган муддатларда хизмат кўрсатувчи банкка ўтказмаслик;

- тегишли равишда бухгалтерияга оид ва бошқа ҳужжатлар билан расмийлаштирилмаган товарлар ва маҳсулотнинг сотиш жойларида мавжудлиги.

Меъёрий-ҳуқуқий тартибда мустаҳкамланган мазкур мезонлардан ташқари белгиланган тартиб ва муддатларда топширилмаган нақд пул тушумини яширилган тушум сифатида баҳолашга асос бўладиган бир қатор аломатлар мавжуд. Уларга, масалан, қуйидагиларни киритиш мумкин:

- корхона кассасидан пул маблағларини инкассация хизмати вакиллари келиши олдидан уни инкассаторларга тақдим этмаслик мақсадида олиб қўйиш;

- инкассация хизмати вакилларининг нақд маблағларни йиғиш бўйича ишига тўсқинлик қилиш;

- олдиндан шартланган вақтда хизмат ходимлари келганда корхона вакилларининг бўлмаслиги;

- харидор (истеъмолчи)дан олинган пул маблағларини кассага кирим қилмаслик ва ҳоказо.

Бунда яшириш юридик далил сифатида бевосита ёки билвосита қасдни назарда тутадиган айбнинг қасддан қилинган шаклини тақозо этади.

Инкассация қилишдан нақд пул тушумини яширишни баҳолашга, таъкидлаб ўтилганидек, уни инкассация хизматларига ўз вақтида топширмаслик далили ҳам таъсир қилади. Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 11 декабрдаги “Республикада савдо тушуми инкассация қилинишини ва назорат-касса машиналаридан фойдаланишни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида” 548-сон қарори 1-бандининг иккинчи хатбошисига мувофиқ “мулкчилик шаклларидан қатъи назар, аҳоли билан нақд пулда ҳисоб-китоб қилувчи ва ойлик иш ҳақининг республикада белгиланган энг кам миқдоридан ортиқча кунлик тушумга эга бўлган корхоналар ва ташкилотлар нақд пулни Марказий банкнинг инкассация хизмати орқали ҳар куни топширишга мажбурдирлар. Кўрсатиб ўтилган миқдордан кам кунлик тушумга эга бўлган хўжалик юритувчи субъектлар нақд пулни банк муассасаларининг кундузги ва кечки кассаларига топширишга мажбурдирлар”. Ушбу меъёрий-ҳуқуқий қоидадан келиб чиқадики, ўз вақтида топширмасликка бу ерда жамликда қўлланадиган икки мезон: ҳар куни ва тушум олинган кунда топшириш бўйича қаралади.

Бироқ ҳуқуқни қўллаш амалиёти бир неча вазиятларни очиб ташладики, буларда айтилган кўрсатмани бажариш ғоятда мушкул, уни бажармаслик ёки лозим даражада бажармаслик корхонага нисбатан молиявий жавобгарлик чораларини қўллашга сабаб бўлиши мумкин. Биринчидан, аҳоли билан нақд пулда ҳисоб-китобни амалга оширадиган (чакана савдо, нақд пулда хизмат кўрсатиш ва ҳоказо) корхоналарнинг иш тартиби турлича бўлиши мумкин. Бир кунда етти ёки саккиз соат ишлайдиганлар билан бир қаторда куну тун ишлайдиганлар ҳам бор. Иккинчидан, инкассация хизматида ўз иш тартиби бўлиб, у кўпинча инкассация қилинаётган корхоналар иш тартибига мувофиқ келмайди. Инкассация қилинадиган объектларга бориб келиш жадваллари, йўналишлари ва вақтини белгилашда унга амал қилинади. Учинчидан, дам олиш ва байрам кунларида инкассация хизматлари ҳамда инкассаторлардан нақд пул тушумини қабул қиладиган хизмат кўрсатувчи банкларнинг кассалари ишламайди, ҳолбуки кўпчилик корхоналар шанбада ҳам, якшанбада ҳам, шунингдек байрам кунларида ҳам ишлайди.

Шу тариқа, қуйидаги чигал ҳолатлар юзага келиши мумкин:

1) инкассация хизмати корхонага унинг иш куни тугашидан олдин келади ва ундан ушбу пайтгача олинган тушумни олиб кетади. Инкассация қилингандан кейин субъект ишни давом эттиради, товар (хизмат)ни сотади, унинг кассасига энг кам иш ҳақи миқдоридан ошадиган нақд пул маблағи келиб тушади. Шу куни инкассаторлар объектга қайтадан келмайдилар, тушум эса корхона кассасида жадвалга кўра кейинги иш кунидаги уларнинг навбатдаги келишига қадар қолади. Инкассация қилиш жумада амалга оширилса, шундан кейин келиб тушган нақд тушумни корхона душанбадан аввал топшира олмайди. Мазкур вазиятда корхона Президентнинг ПФ-1504-сон Фармони ва Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 11 декабрдаги 548-сон қарори талабларини расман бузяпти ва унга нисбатан солиқ органлари кўпинча Солиқ кодекси 135-моддаси биринчи қисмининг 16-бандида назарда тутилган жазони қўллайдилар;

2) дам олиш ва якшанба кунлари корхона товарлар (хизматлар) сотилишидан нақд пул тушумини олади, бироқ инкассация хизмати (шунингдек банк кассалари) бу вақтда ишламайди, корхонада эса ўша кунлари хизмат кўрсатувчи банкка топшириладиган пул маблағларининг муайян ҳажми тўпланади, улар банк ва инкассация қилувчи хизматнинг кейинги иш кунида (душанба ёки байрамдан кейинги биринчи иш кунида) инкассация қилинади. Бу далилни ҳам солиқчилар, Президентнинг ПФ-1504-сон Фармони 3-бандининг бешинчи хатбошисига амал қилиб, нақд пул тушумини яшириш сифатида баҳолайдилар ва жарима соладилар.

Корхона ходимларида тушумни инкассация қилишдан яшириш нияти тўғрисида гувоҳлик берувчи қасд ва ҳаракат мавжуд бўлмаган кўрсатилган вазиятларда уни Солиқ кодекси 135-моддаси биринчи қисмининг 16-бандида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик сифатида баҳолаш учун асос ҳам йўқ. Кўриб чиқилган низода хўжалик суди нақд пул тушумини ишланмаган вақт ва дам олиш кунларида топширмаслик далилини уни яшириш деб ҳисоблаб бўлмайди деб топди.

Кўриб чиқилган низога ўхшаш ихтилофларни йўқотиш учун қонун ҳужжатларига шундай меъёр киритиш таклиф қилинадики, у инкассация хизмати келиб кетганидан сўнг олинган ва жадвал бўйича унинг кейинги келишига топширилган нақд пул тушуми ўз вақтида топширилган деб ҳисобланишини кўрсатсин. Дам олиш ва байрам кунларига нисбатан ҳам шундай: ўша кунлари шу вақтда олинган нақд пул инкассация қилинмаса ва уларнинг кейинги навбатдаги келишида инкассация қилинса, тушум ўз вақтида топширилган деб ҳисобланади. Кўрсатилган ҳолларда хўжалик юритувчи субъектга нисбатан молиявий жавобгарлик чораси қўлланмаслиги керак.



Мазкур материал Германия техник ҳамкорлик жамияти

кўрсатаётган техник мадад туфайли амалга оширилган






Время: 0.0327
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск