ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Хўжалик судларининг айрим ишлар бўйича суд ҳужжатлари (ҳал қилув қарорлари, қарорлари) баёни / Кассация инстанцияси қарорлари шарҳлар билан / Савдо фаолиятини олиб бориш ҳамда НКМдан фойдаланиш тартибига оид масалалар /

Пул тушумни инкассация қилиш тўғрисидаги низо бўйича

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ПУЛ ТУШУМНИ ИНКАССАЦИЯ ҚИЛИШ

ТЎҒРИСИДАГИ НИЗО БЎЙИЧА



ИШНИНГ МОҲИЯТИ


Давлат солиқ хизмати органи аҳолига телефон алоқаси хизматларини нақд пулга кўрсатадиган юридик шахс (бундан кейин - корхона)нинг молия-хўжалик фаолиятини режали текширишни ўтказди. Нақд пул тушумини хизмат кўрсатувчи банкка ўз вақтида топширмаганлик солиқ қонунчилигини бузиш сифатида кўрсатилди. Бу ҳол тушумни яшириш сифатида баҳоланди ва корхонага яширилган 20 миллион сўм нақд тушум миқдорида жарима солинди. Тегишли қарор чиқарилган, кўрсатилган пул маблағларини корхонанинг ҳисоб-китоб рақамидан сўзсиз ҳисобдан чиқаришга инкассо топшириқномаси қўйилган. Корхона бунга рози бўлмаган ва хўжалик судига қарорни ҳақиқий эмас, деб топиш ҳамда уни бекор қилиш тўғрисида даъво аризаси билан мурожаат қилган.

     


КОРХОНАНИНГ ПОЗИЦИЯСИ


Корхона қонун ҳужжатларининг қоидаларини виждонан бажариб келган ва ҳар куни олинган нақд пул тушумини хизмат кўрсатувчи банкка топширган. Бироқ жума кунлари инкассация хизмати кундузги соат бешларда келган ва шу пайтда мавжуд бўлган нақд пул тушуми тўлиқ ҳажмда топширилган. Шундан кейин телефон алоқаси хизматларини тақдим этиш пунктлари одатдаги режимда ишлаган ва иш куни тугашига қадар корхонанинг асосий фаолият тури бўйича хизмат кўрсатишдан олинган пул маблағларини тўплашга улгурганлар. Инкассаторлар шу куни қайтадан келишмаган. Бундан ташқари, якшанба кунлари ҳам корхона телефон алоқаси хизматларини кўрсатганлик учун пул суммаларини олган. Бироқ инкассация хизматлари бу вақтда корхонага хизмат қилмаган. Шу сабабли, объектив сабаблар туфайли жумада инкассация хизмати келиб кетгандан кейин ва якшанба кунлари хизматлар кўрсатилганидан кейин олинган бутун тушум тўлиқ ҳажмда банкка душанба куни топширилган. Давлат солиқ хизмати органининг ҳаракатлари шу сабабли асоссиздир.



СОЛИҚ ОРГАНИНИНГ ПОЗИЦИЯСИ


Корхона нақд пул тушумини ҳар куни, қандай ҳолатлар бўлишидан қатъи назар, топшириши шарт. Мазкур талабга риоя қилмаслик қонунни бузиш ҳисобланади, уни яшириш деб баҳоланиб, яширилган нақд пул тушуми миқдорида жарима кўринишидаги молиявий жазо қўлланади. Корхона жисмоний шахсларга телефон алоқаси хизматларини кўрсатишдан олинган нақд пул маблағларини бир қатор ҳолларда уларни олган кунида эмас, балки кейинги кунларда топширганлигини инкор қилмаяпти. Органнинг ҳаракатлари қонун қоидаларига мувофиқдир.



СУДНИНГ ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРИ


Суд иш материалларини ўрганиб, тарафларнинг тушунтиришларини тинглаб, қуйидагиларни белгилади:

- корхона уларга кўрсатган телефон алоқаси хизматлари учун мижозлар - жисмоний шахслардан олинган маблағларни ҳар куни инкассация хизматига топширган;

- жума кунлари кўрсатилган хизмат ходимлари корхона иш вақтининг тугашига бир соат қолганда келишган ва улар келиши пайтигача олинган тушум уларга топширилган;

- шундан кейин иш кунининг тугашига қадар корхона одатдаги режимда телефон алоқаси хизматларини кўрсатишда давом этган;

- инкассация хизматлари қайтадан жумада, шунингдек дам олиш кунларида улар хизмат кўрсатадиган объектларга келмаганлар;

- дам олиш кунлари кўрсатилган хизматлар учун нақд пул тушуми келиб тушган, унинг суммаси инкассация хизмати келиб кетганидан кейин жумада олинган пул маблағлари билан бирга уларга душанба кунлари режали иш режимида топширилган.

Қонун қоидаларини таҳлил қилиб, суд қуйидагиларни белгилади:

- Президентнинг 1996 йил 9 августдаги “Бюджет билан ҳисоб-китоблар учун хўжалик юритувчи субъектларнинг масъулиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПФ-1504-сон Фармони 3-бандининг бешинчи хатбошисига мувофиқ корхона тушган нақд пулни ҳар куни банк муассасаларига топшириши керак эди;

- Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 22 июндаги “Нақд пул муомаласини мустаҳкамлаш ва тижорат банклари масъулиятини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 264-сон қарори 3-бандининг иккинчи хатбошисига кўра корхонага яширилган нақд пул тушуми миқдорида жарима солиниши керак.

Баён этилганлар асосида суд даъво талабларини қондиришни рад этди ва давлат солиқ хизмати органининг ҳаракатларини амалдаги қонунларга мувофиқ деб топди. Иш кассация инстанциясида қайтадан кўрилди. Олий хўжалик судининг суд ҳайъати биринчи инстанция судининг хулосалари юқорида келтирилган ва бугунги кунда амал қилаётган қонун ҳужжатларининг қоидаларига мувофиқ келади, деб кўрсатди ҳамда у қабул қилган қарорни бекор қилиш учун асосларни топмади.




Ш А Р Ҳ


Кўрсатилган низони кўриш чоғида хўжалик суди қуйидаги жиҳатларни аниқлаши зарур эди:

1) юридик шахс фаолиятининг тури ва хусусияти;

2) унда хизмат кўрсатувчи банк кассасига нақд пул тушумини топширишга доир мажбуриятнинг борлиги;

3) тушумни ҳар куни ва у олинган кунда топширишнинг мажбурийлиги;

4) кўрсатилган талабга риоя қилмасликнинг оқибатлари - нақд пул тушумини у олинган кундан кейинги кунларда топширилиши, кўрсатилган ҳаракатларни баҳолаш;

5) юридик шахсни олинган тушумни у олинган кунда топширмаганлик учун молиявий жавобгарликдан озод қилиш имконини берадиган асослар.

Юридик шахс жисмоний шахсларга телефон алоқаси хизматларини кўрсатиш бўйича фаолиятни нақд пулга амалга оширган. Президентнинг 1996 йил 9 августдаги “Бюджет билан ҳисоб-китоблар учун хўжалик юритувчи субъектларнинг масъулиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПФ-1504-сон Фармони 3-бандининг бешинчи хатбошисига мувофиқ, аҳолига бундай хизматларни кўрсатадиган барча корхоналар ҳар куни олинган нақд пул маблағларини банк муассасаларига топшириши шарт. Иш материалларининг гувоҳлик беришича, юридик шахс кўрсатилган талабни расман тўлиқ ҳажмда бажармаган: мижозлар - жисмоний шахслардан якшанба кунлари, шунингдек инкассация хизмати келиб кетганидан сўнг жумада олинган тушумни юридик шахс душанбада топширган.

Президентнинг ПФ-1504-сон Фармони 3-банди бешинчи хатбошисининг мазмунидан келиб чиқадики, олинган нақд пул тушумини юридик шахс у олинган кунда инкассация қилиши керак эди. Суд меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар моҳиятини айнан тушунишдан келиб чиқиб, ушбу талабга риоя қилмаслик нақд пул маблағларини топширишнинг оммавий тартибини бузиш бўлиб ҳисобланишини кўрсатди.

Юридик шахснинг кўрсатилган ҳаракатини баҳолаш ҳам Президентнинг “Бюджет билан ҳисоб-китоблар учун хўжалик юритувчи субъектларнинг масъулиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” Фармони 3-банди бешинчи хатбошисининг қоидаларига асосланди. Суд унда қуйидаги ҳол бевосита кўрсатилганлигидан келиб чиқди: нақд пул тушумини банк муассасаларига ҳар куни топшириш тўғрисидаги талабни бузиш уни яшириш сифатида қаралиб, амалдаги қонун ҳужжатларига кўра айбдорларга жазо чоралари қўлланади. Тадбиркорлик субъектларига нисбатан бундай чоралар бугунги кунда Солиқ кодекси 135-моддаси биринчи қисмининг 16-бандига, шунингдек Вазирлар Маҳкамасининг “Нақд пул муомаласини мустаҳкамлаш ва тижорат банклари масъулиятини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарори 3-бандининг иккинчи хатбошисига кўра белгиланган: уларга юридик хизматлар кўрсатилиши муносабати билан аҳоли билан нақд пул билан ҳисоб-китоблар пайтида нақд пул тушуми яширилган тақдирда юридик шахслардан яширилган нақд пул тушуми миқдорида жарима ундирилади.

1997 йил 29 августдаги 474-I-сон “Давлат солиқ хизмати тўғрисида”ги қонун 5-моддаси биринчи қисмининг 5-бандига мувофиқ субъектлар томонидан нақд пул тушумини банкларга ўз вақтида топшириш қоидаларига риоя этилишини текшириш ҳуқуқи солиқ органлари зиммасига юкланади. Улар эса Вазирлар Маҳкамасининг “Нақд пул муомаласини мустаҳкамлаш ва тижорат банклари масъулиятини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарори 3-бандининг иккинчи хатбошисига кўра, нақд пул тушумини яшириш ҳолати аниқланган тақдирда юридик шахсга юқорида кўрсатилган миқдорда жарима солиш тўғрисида қарор қабул қила оладилар. Шу тариқа, ҳал қилув қарорини қабул қилиш чоғида суд аввало давлат солиқ хизмати органининг ҳаракатлари Президентнинг ПФ-1504-сон Фармони 3-банди бешинчи хатбошисининг ва Вазирлар Маҳкамаси 264-сон қарори 3-банди иккинчи хатбошисининг қоидаларига мувофиқлигидан келиб чиқди.

Шуни таъкидлаш лозимки, амалдаги қонун ҳужжатларида юридик шахсга нисбатан, унга олинган кунда нақд пул тушумини ҳар куни топширишга тўсқинлик қилувчи бирор-бир сабаблар мавжуд бўлганида, кўриб чиқилаётган молиявий жавобгарлик чорасини қўлламаслик имконини берадиган қоидалар мавжуд эмас. Хўжалик суди кўрган низода у олинмаган кунда нақд пул тушумини (тушум бир қисмини) топшириш сабаблари бўлиб қуйидагилар ҳисобланади:

- инкассация хизматининг субъектнинг иш режими тугашига қадар келиши ва ўз фаолиятини амалга оширишдан белгиланган энг кам иш ҳақи миқдоридан ошадиган суммада пул маблағларининг келиб тушиши (инкассация хизматининг келиши пайтида мавжуд нақд пул топширилганидан кейин);

- дам олиш кунлари жисмоний шахслар билан нақд пулдаги ҳисоб-китоблар билан боғлиқ фаолиятнинг амалга оширилиши, белгиланган энг кам иш ҳақининг миқдоридан ошадиган суммада пул маблағларининг олиниши ва кўрсатилган вақтда инкассация хизматининг келмаслиги.

Шу тариқа, юридик шахсда шундай вазият юзага келдики, у аҳоли билан нақд пулда ҳисоб-китобларни амалга ошириш чоғида республикада белгиланган энг кам иш ҳақидан ортиқча кундалик тушумга эга бўлган ва:

- Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 11 декабрдаги “Республикада савдо тушумини инкассация қилишни тубдан яхшилаш ва назорат-касса машиналаридан фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида” 548-сон қарори 1-бандининг иккинчи хатбошисига мувофиқ уни ҳар куни Марказий банкнинг инкассация хизмати орқали топшириши шарт эди;

- уни анча кеч даврга (бир, икки кунга) кўчириш ҳуқуқига эга бўлмасдан, олинган тушумни банк кассаларига ўша куниёқ топшириши шарт эди, чунки бу Президентнинг “Бюджет билан ҳисоб-китоблар учун хўжалик юритувчи субъектларнинг масъулиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони 3-бандининг бешинчи хатбошисида аниқ-равшан кўрсатилган. Бунда тушумни у олинган кунда топширмаслик ана шу меъёрий-ҳуқуқий қоидада бевосита кўрсатилганидек уни яшириш сифатида баҳоланади, уни содир этганлик учун Солиқ кодекси 135-моддаси биринчи қисмининг 16-бандида молиявий жавобгарлик чораларини қўллаш назарда тутилади.

Шу тариқа, нақд пул тушумини топшириш мажбурияти билан боғлиқ тадбиркорлик фаолияти субъектлари уни олиш кунида мажбурий инкассация қилиш талабларининг императивлигини, шунингдек амалдаги қонун ҳужжатларида топширишни кейинги кунларга кўчиришга йўл қўядиган қоидаларнинг йўқлигини ҳисобга олишлари зарур. Хўжалик суди томонидан мазкур материалда келтирилган меъёрий-ҳуқуқий қоидаларга давлат солиқ хизмати органининг Солиқ кодекси 135-моддаси биринчи қисмининг 16-бандига кўра юридик шахсни молиявий жавобгарликка тортишга доир ҳаракатларининг мувофиқлиги тасдиқланди.

Тадбиркорлик фаолияти субъектлари барча юқорида айтилганларни эътиборда тутишлари ва юридик шахс - даъвогар кўрилган низода тушиб қолган вазиятга тушиб қолмаслиги учун, имкони борича, инкассация хизмати билан шартномавий тартибда хизмат кўрсатиш жадвалларини шундай тартибда келишишлари керакки, бунда улар заруратга қараб объектларга иш вақти тугаганидан кейин ёки бевосита шунга яқин, шунингдек дам олиш кунлари келишсин.


Мазкур материал Германия техник ҳамкорлик жамияти

кўрсатаётган техник мадад туфайли амалга оширилган



















Время: 0.0076
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск