ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Хўжалик судларининг айрим ишлар бўйича суд ҳужжатлари (ҳал қилув қарорлари, қарорлари) баёни / Кассация инстанцияси қарорлари шарҳлар билан / Савдо фаолиятини олиб бориш ҳамда НКМдан фойдаланиш тартибига оид масалалар /

Даромад (фойда) солиғи тўлашдан озод этилиш тўғрисидаги низо бўйича

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ДАРОМАД (ФОЙДА) СОЛИҒИ ТЎЛАШДАН

ОЗОД ЭТИЛИШ ТЎҒРИСИДАГИ

НИЗО БЎЙИЧА



ИШНИНГ МОҲИЯТИ


Давлат солиқ хизмати органи устав капиталида чет эллик инвесторнинг улуши бўлган юридик шахснинг молия-хўжалик фаолиятини режали текширишни ўтказди. Маълум бўлишича, юридик шахс даромад (фойда) солиғи бўйича имтиёздан нотўғри фойдаланган, чунки у бекор қилинган эди. Мавжуд бўлмаган имтиёзни қўллаш натижасида давлат бюджети 120 миллион сўм суммасида пул маблағларини олмаган. Текшириш натижалари бўйича кўрсатилган миқдорда солиқни қўшимча ҳисоблаш, шунингдек қўшимча ҳисобланган сумманинг 10 фоизи миқдорида жарима, кечиктирилган ҳар бир кун учун 0,07 фоиз миқдорида солиқ тўловини кечиктирганлик учун пеня солиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Юридик шахс бунга рози бўлмади ва хўжалик судига солиқ органи қабул қилган қарорни бекор қилинишини сўраб  мурожаат қилди.



ЮРИДИК ШАХСНИНГ ПОЗИЦИЯСИ


Юридик шахс ўз устав фондида чет эллик инвесторнинг 40 фоиз миқдорида улушига эга ва чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар сирасига киради. Ўз ишлаб чиқаришида ногиронлар меҳнатидан фойдаланади, уларнинг сони ходимлар умумий сонининг 65 фоизини ташкил этади. 1991 йил 18 ноябрдаги 422-XII-сон “Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун 31-моддасининг иккинчи қисмига биноан у даромад (фойда) солиғини тўлашдан озод қилинган. 2001 йил 7 декабрдаги 320-II-сон “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун IX бўлимининг 4-бандига кўра, юридик шахс учун мазкур имтиёз бекор қилинган (Солиқ кодекси 31-моддаси биринчи қисмининг 3-бандига қаранг). Бу эса уни инвестициялаш шартларини ёмонлаштирган. 1998 йил 30 апрелдаги 611-I-сон “Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида”ги қонун 3-моддасининг тўртинчи қисмига мувофиқ чет эл инвестициялари иштирокидаги корхона инвестициялаш пайтидан бошлаб ўн йил давомида даромад (фойда) солиғини тўламасликка ҳақлидир.



СОЛИҚ ОРГАНИНИНГ ПОЗИЦИЯСИ


Ногиронлар меҳнатидан фойдаланишига қарамай юридик шахс ногиронлар жамоат бирлашмалари, “Нуроний” жамғармаси ёки “Ўзбекистон чернобилчилари” уюшмасининг мулки ҳисобланмайди. Солиқ кодекси 31-моддаси биринчи қисмининг 3-бандига мувофиқ, даромад (фойда) солиғини тўлашдан тўлиқ озод қилиниш ҳуқуқи фақат кўрсатилган нодавлат нотижорат ташкилотларининг мулкида бўлган юридик шахсларгагина берилган. Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхона унинг учун бекор қилинган имтиёздан фойдаланиш ҳуқуқига эга эмас, шу билан бирга “Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида”ги қонун 3-моддасининг тўртинчи қисми тақдим этган кафолатдан ҳам фойдалана олмайди, чунки бевосита инвестор бўлиб ҳисобланмайди.



СУДНИНГ ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРИ


Суд иш материалларини ўрганиб, тарафларнинг тушунтиришларини тинглаб, қуйидагиларни аниқлади:

- юридик шахс 1998 йил 30 апрелдаги 609-I-сон “Чет эл инвестициялари тўғрисида”ги қонуннинг 6-моддасига кўра, чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарга киритилган;

- унда ишловчи ногиронлар сони ходимлар умумий сонининг 50 фоиздан ортиғини ташкил этган;

- чет эл инвестициялари иштирокидаги корхона фаолиятининг асосий тури бўлиб, ишлаб чиқариш ҳисобланган ва юридик шахс ногиронлар жамоат бирлашмалари, “Нуроний” жамғармаси, “Ўзбекистон чернобилчилари” уюшмасининг мулкида бўлмаган;

- у “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун кучга киришига қадар рўйхатдан ўтказилган ва даромад (фойда) солиғини тўлашдан тўлиқ озод қилиш кўринишидаги имтиёздан фойдаланган;

- кўрсатилган қонун юридик шахс учун имтиёзни бекор қилган, шу муносабат билан даромад (фойда) солиғини тўлаш юки корхонанинг харажатларини кўпайтирган, у ишлаб чиқараётган маҳсулотлар нархини оширган, уларнинг рақобатбардошлигини пасайтирган, бу эса, охир-оқибатда фойданинг камайишига олиб келган бўларди, чет эллик инвестор бундай шароитларда корхона имтиёздан фойдаланганда олиши мумкин бўлган даромад бир қисмини олмас эди;

- чет эл инвестициялари иштирокидаги корхонани инвестициялаш шароитлари имтиёз бекор қилиниши билан ёмонлашган;

- юқорида кўрсатилган қонун кучга кирганидан кейин юридик шахс кўриб чиқилаётган имтиёздан фойдаланишда давом этган; текшириш ўтказиш чоғида давлат солиқ хизмати органининг ходимлари буни солиқ тўғрисидаги қонунларни бузиш деб баҳолаганлар, тўланмаган солиқ суммасини қўшимча ҳисоблаб ёзганлар ва молиявий жазо қўллаганлар, шунингдек чет эл инвестициялари иштирокидаги корхонанинг ҳисоб-китоб рақамига ушбу пул маблағларини сўзсиз ҳисобдан чиқаришга инкассо топшириқномасини қўйганлар.

Қонун ҳужжатларининг қоидаларини таҳлил қилиб, суд қуйидагиларни аниқлади:

- “Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун 31-моддасининг иккинчи қисмига, шунингдек Солиқ кодекси 31-моддаси биринчи қисмининг 3-бандига мувофиқ (“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунга кўра унга ўзгартишлар киритишга қадар таҳрирда) юридик шахс даромад (фойда) солиғини тўлашдан озод қилинган эди;

- “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун IX бўлимининг 4-бандига кўра ногиронларнинг ижтимоий бирлашмалари, “Нуроний” жамғармаси, “Ўзбекистон  чернобилчилари” уюшмаси мулкида бўлмаган корхоналар учун кўрсатилган имтиёз бекор қилинган;

- “Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида”ги қонун 3-моддасининг тўртинчи қисмига мувофиқ, корхона инвестициялаш пайтидан бошлаб 10 йил давомида даромад (фойда) солиғини тўламасликка ҳақлидир.

Баён этилганлар асосида суд солиқ органининг даромад (фойда) солиғи суммасини қўшимча ҳисоблаб ёзиш ҳамда у билан боғлиқ жарима ва пеняни қўллаш бўйича ҳаракатларини нотўғри деб топди. У даромад (фойда) солиғи бекор қилинганидан кейин чет эл инвестициялари иштирокидаги корхона томонидан унга доир имтиёздан фойдаланиши тўғрилигини тасдиқлади, бу билан даъво талабларини қаноатлантирди ва органнинг қарорини ҳақиқий эмас, пул маблағларини сўзсиз ҳисобдан чиқариш бўйича ҳаракатларни асоссиз ва қонун ҳужжатларига мувофиқ эмас деб топди. Юқори инстанциялар, шу жумладан Олий хўжалик судининг кассация ҳайъати, биринчи инстанция судининг хулосаларини қонуний ва асосланган деб топдилар ва у қабул қилган қарорни бекор қилиш учун асосларни топмадилар.




Ш А Р Ҳ


Чет эл капитали иштирокидаги юридик шахслар билан давлат солиқ хизмати органлари ўртасида юзага келадиган кўплаб солиқ низолари негизида “Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида”ги қонун 3-моддасининг тўртинчи қисмида белгиланган қоида ётади: агар Ўзбекистон Республикасининг кейинги қонун ҳужжатлари инвестициялаш шарт-шароитларини ёмонлаштирса, унда чет эл инвестицияларига нисбатан инвестициялаш санасида амал қилган қонун ҳужжатлари инвестициялаш пайтидан бошлаб ўн йил мобайнида қўлланилади. Бунда, мазкур мавзудаги аввалги материалларда кўп маротаба таъкидланганидек, республика ҳудудида чет эл инвестицияларининг муомала соҳасини тартибга соладиган амалдаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда инвестициялаш шарт-шароитлари ёмонлашганлиги тўғрисида расман сўз юритиш имконини берадиган мезонлар мавжуд эмас. Шубҳасиз, бу мамлакатимиз қонунчилигидаги бўшлиқ ҳисобланади, буни, хусусан, хўжалик судларининг амалиёти тасдиқлайди.

“Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида”ги қонун 3-моддасининг тўртинчи қисмида корхонанинг ўзига унга нисбатан солиқ солишнинг имтиёзли режимини сақлаб қолиш имконини берадиган бевосита қоидалар мавжуд эмас. Бироқ, инвестициялаш шарт-шароитлари ёмонлашган тақдирда чет эл инвестицияларига нисбатан инвестициялаш санасида амал қилган қонун ҳужжатлари қўлланилишининг кўрсатилгани судга чет эл инвестициялари иштирокидаги резидент корхона кўрсатилган кафолатли давр давомида имтиёздан фойдаланишга ҳақлидир деган хулосага келиш имконини берди. Суд қуйидаги нуқтаи назарлардан келиб чиқди:

- “Чет эл инвестициялари тўғрисида”ги қонуннинг 3-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги чет эл инвестициялари деб моддий ва номоддий неъматлар ҳамда уларга доир ҳуқуқларнинг барча турлари, шу жумладан интеллектуал мулкка доир ҳуқуқлар, шунингдек чет эллик инвесторлар томонидан тадбиркорлик ва фаолиятнинг қонун билан тақиқланмаган бошқа турларига фақат фойда (даромад) олиш мақсадида қўйиладиган чет эл инвестицияларидан олинадиган ҳар қандай даромад тан олинади;

- чет эл инвестицияларини амалга ошириш шаклларидан бири бўлиб, кўрсатилган қонун 5-моддаси биринчи қисмининг иккинчи хатбошисига кўра, чет эллик инвесторнинг Ўзбекистон Республикаси юридик ва (ёки) жисмоний шахслари билан ҳамкорликда тузилган хўжалик жамиятлари  ва бошқа юридик шахсларнинг устав фондлари ҳамда бошқа мол-мулкида улушбай иштирок этиши ҳисобланади;

- республика ҳудудида чет эллик инвестор томонидан устав фондида улушбай иштирок этиш шаклида инвестицияланган пул маблағлари унинг улуши ҳисобланади ва Фуқаролик кодекси 58-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, мулк ҳуқуқида хўжалик жамиятининг ўзига тегишли бўлади. Шу тариқа, улар мол-мулкининг ажралмас қисмини ташкил этади;

- устав фонди ва унга киритилган пул маблағлари ҳуқуқий муносабатларнинг мустақил субъекти сифатида юридик шахс (чет эл инвестициялари иштирокидаги корхона) билан чамбарчас боғланган;

- даромад (фойда) солиғини бюджетга тўлаш кўринишида солиқ юкининг кўпайиши, бошқа  шароитлар ўзгармай қолиши билан биргаликда, ўз ишлаб чиқариш фаолиятини юритиш чоғида юридик шахс - чет эл инвестициялари иштирокидаги корхонанинг харажатлари кўпайишига олиб келади. Натижада чет эллик инвесторга дивиденд сифатида (ёки бошқа шаклда) тўланадиган корхона фойдаси камаяди;

- республика ҳудудида инвестициялаш ва юридик шахсни барпо этиш чоғида чет эллик инвестор у томонидан барпо этилган тадбиркорлик фаолияти субъектининг инвестициялаш пайтида қонун томонидан белгиланган даромад (фойда) солиғига доир имтиёздан фойдаланиши унга муайян даромад келтиради деб ўйлаган эди. Имтиёз бекор қилингач, бошқа шароитлар ўзгармаганда  унинг иқтисодий ҳисоб-китоби ўзини оқламади.

Шу тариқа, суд юридик шахс эълон қилган, чет эллик инвесторнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳимоя қилинадиган манфаатларидан келиб чиқиб инвестициялаш пайтидан бошлаб ўн йил давомида имтиёздан фойдаланиш ҳуқуқини тасдиқлади. Чет эл инвестицияларига нисбатан инвестициялаш пайтидан бошлаб имтиёзли солиқ солишнинг кафолатланган ўн йиллик даври қўлланишини суд бевосита юридик шахснинг ўзи билан боғлади, чунки инвестициялаш шакли мазкур ҳолда (чет эллик инвесторнинг устав фондида иштироки) “Чет эл инвестициялари тўғрисида”ги қонуннинг 5-моддасига мувофиқ келади.

Шуни яна эслатиш лозимки, “Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида”ги қонун 3-моддасининг тўртинчи қисми билан белгиланган қоидани қўллаш ҳуқуқининг олиниши бевосита субъектга боғлиқ. “Чет эл инвестициялари тўғрисида”ги қонуннинг 5-моддасида кўрсатилган ҳар қандай шакл, шу жумладан юридик шахснинг устав фондида улушбай иштирок этиши бўйича инвестициялаш шарт-шароитларининг ёмонлашиш факти субъектнинг ўзи томонидан асосли тарзда исботланиши керак, чунки Хўжалик процессуал кодекси 55-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, (биринчи жумла) ишда иштирок этаётган ҳар бир шахс ўз талаб ва эътирозлари асоси сифатида ўзи келтирадиган ҳолатларни исботлаши керак.

Сўнгра, шуни ҳам ёдда тутиш зарурки, “Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида”ги қонун 3-моддасининг тўртинчи қисми инвестициялаш шарт-шароитларини ёмонлаштириш фактига нисбатан презумпция ва давлат солиқ хизмати органлари учун тескари ҳолни исботлаш мажбуриятини белгиламайди. Хўжалик процессуал кодекси 55-моддаси биринчи қисмининг иккинчи жумласига кўра, давлат органлари ва бошқа органларнинг ҳужжатларини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги низоларни кўриш чоғида кўрсатилган ҳужжатларни қабул қилиш учун асос бўлиб хизмат қилган ҳолатларни исботлаш мажбурияти уларни қабул қилган орган зиммасига юкланади. Солиқ имтиёзларини бекор қилиш натижасида “Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида”ги қонун 3-моддасининг тўртинчи қисмига биноан белгиланган кафолатларни қўллаш бобидаги низолар билан боғлиқ вазиятларда давлат солиқ хизмати органлари келтирилган меъёрий-ҳуқуқий қоидага мувофиқ фақат имтиёз белгиланган меъёрий-ҳуқуқий тартибда бекор қилинганлигини, юридик шахс эса қонунни бузган ҳолда мавжуд бўлмаган имтиёздан фойдаланаётганлигини, шу муносабат билан унга Солиқ кодекси 12-моддаси биринчи қисмининг 2-бандига мувофиқ юкланган: солиқ ва йиғимларнинг тегишли суммаларини ўз вақтида ва тўлиқ миқдорда тўлаш мажбуриятини бажармаётганлигини исботлайди. Айрим шахсларда бундай ҳолларда (чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар учун имтиёзлар бекор қилинганида) инвестициялаш шарт-шароитларининг ёмонлашиши факти тақозо этилади, текширувчи органнинг ходимлари эса молия жазосини қўллаш учун тескари ҳолни исботлашга мажбурлар, деган фикр шаклланган. Бунга қўшилиш қийин ва, фикримизча, бу ҳол ўз позицияларини нотўғри белгилаш ва суд низоларини юритиш тактикасида урғуларни бошқа ерда қўллашга олиб келиши мумкин.

Мазкур материалда кўрсатилган ҳолатларга фаолиятининг иқтисодий базаси бўлиб чет эл инвестициялари ҳисобланадиган барча тадбиркорлик фаолияти субъектлари эътиборини қаратиш таклиф этилади.



Мазкур материал Германия техник ҳамкорлик жамияти

кўрсатаётган техник мадад туфайли амалга оширилган








Время: 0.0183
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск