ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Хўжалик судларининг айрим ишлар бўйича суд ҳужжатлари (ҳал қилув қарорлари, қарорлари) баёни / Кассация инстанцияси қарорлари шарҳлар билан / Савдо фаолиятини олиб бориш ҳамда НКМдан фойдаланиш тартибига оид масалалар /

Назорат-касса машиналарини мажбурий қўллаш қоидалари бузилиши тўғрисидаги низо бўйича

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

НАЗОРАТ-КАССА МАШИНАЛАРИНИ

МАЖБУРИЙ ҚЎЛЛАШ ҚОИДАЛАРИ

БУЗИЛИШИ ТЎҒРИСИДАГИ

НИЗО БЎЙИЧА



ИШНИНГ МОҲИЯТИ

Солиқ органи юридик шахснинг молия-хўжалик фаолиятини текширди. Якуний ҳужжатда назорат-касса машиналарини мажбурий қўллаш тартиби бузилганлиги кўрсатилди: товар нақд пулга сотилаётганида чек берилмаган. Жарима ундириш тўғрисида қарор чиқарилди. Бундан ташқари, ускунани ўрнатишнинг меъёрий муддатларини бузиш ва ундан фойдаланилмаслик далили аниқланган, шу муносабат билан солиқ органи мол-мулк солиғи ставкасини икки баравар ошириб қўллади. Фирма қабул қилинган қарорга қўшилмади ва хўжалик судига уни бекор қилиш илтимоси билан мурожаат этди.


ЮРИДИК ШАХСНИНГ ПОЗИЦИЯСИ


Товар сотаётганда назорат-касса машинасидан фойдаланмаслик бир маротаба юз берган, бунинг устига чек берилмаган сумма арзимаган миқдорда (белгиланган энг кам иш ҳақи миқдорининг 30 фоизи). Шу сабабли мазкур ҳуқуқбузарлик учун энг кам иш ҳақининг 100 баравари миқдорида жарима солиш асосли эмас.



СОЛИҚ ОРГАНИНИНГ ПОЗИЦИЯСИ


Назорат-касса машинасидан фойдаланмаганлик учун жарима ундириш ҳуқуқбузарликнинг ҳажмига боғлиқ эмас. Жарима жазоси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 26 декабрдаги “Аҳоли билан пуллик ҳисоб-китобларни амалга оширишда назорат-касса машиналарини мажбурий қўллаш чора-тадбирлари тўғрисида” 621-сон қарорининг 8-бандига асосан қўлланган, унда эса энг кам иш ҳақининг 100 баравари миқдорида жарима назарда тутилган.



СУДНИНГ ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРИ


Суд тарафларнинг тушунтиришларини тинглаб, иш материалларини ўрганиб, қуйидаги хулосаларга келди:

- Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 26 декабрдаги “Аҳоли билан пуллик ҳисоб-китобларни амалга оширишда назорат-касса машиналарини мажбурий қўллаш чора-тадбирлари тўғрисида” 621-сон қарори 1-бандига кўра аҳоли билан пуллик ҳисоб-китобларни амалга ошириш чоғида мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча савдо корхоналари, муассаса ва ташкилотлари назорат-касса машиналаридан фойдаланишлари ва истеъмолчига чек беришлари шарт;

- юридик шахс НКМдан фойдаланмаган, шу муносабат билан кўрсатилган талабни бузган;

- Вазирлар Маҳкамаси 621-сон қарорининг 8-бандига кўра савдо ва хизматлар кўрсатиш чоғида аҳоли билан пуллик ҳисоб-китобларни назорат-касса машиналарини қўлламасдан амалга оширадиган юридик шахслардан энг кам ойлик иш ҳақининг 100 баравари миқдорида жарима ҳисоб-китоб варағидан ундирилиб, ундирилган  сумма бюджет даромадига йўналтирилади;

- Вазирлар Маҳкамаси 621-сон қарорининг 8-банди содир этилган ҳуқуқбузарликнинг миқдори қандай сумма билан ўлчанишидан қатъи назар, кўрсатилган жавобгарлик чорасини қўллаш тўғрисида умумий қоидани ўз ичига олади.

Юқорида баён этилганлар асосида суд солиқ органи томонидан назорат-касса машиналарини мажбурий қўллаш тартиби бузилганлиги тўғрисида қонун ҳужжатларининг қоидалари асосли равишда қўлланган ва, тегишинча, жарима жазоси белгиланган миқдорда қонун ҳужжатларига кўра қўлланган деб қарор қилди. Бундан ташқари, меъёрий муддатларда ўрнатилмаган ва фойдаланилмаган ускуна учун юридик шахслар мол-мулкидан олинадиган солиқнинг икки баравари миқдорида қўлланиши қонун ҳужжатларига мувофиқ деб топилди.

Юқори инстанциялар судлари биринчи инстанция суди хулосаларининг тўғрилиги ва асосланганлигини тасдиқлади.




Ш А Р Ҳ


Хўжалик суди томонидан кўрилган низонинг моҳиятини аниқлаштиришда қуйидаги ҳолатга эътибор қаратиш муҳимдир.

Амалдаги қонун ҳужжатларида юридик шахслар учун чек берган ҳолда назорат-касса машиналарини мажбурий қўллаш ҳоллари назарда тутилган. Аҳоли билан пуллик ҳисоб-китобларни амалга оширишда назорат-касса машиналарини мажбурий қўллаш тартиби тўғрисида низомнинг (Адлия вазирлиги томонидан 1995 йил 15 февралда 124-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 2-бандига кўра уларга аҳолидан пул маблағларини қабул қилиш амалга ошириладиган барча ҳоллар киради. Фаолиятининг ўзига хослиги туфайли аҳоли билан пуллик ҳисоб-китобларни назорат-касса машиналарини қўлламасдан амалга оширадиган савдо корхоналари, ташкилотлари, муассасаларининг айрим тоифалари бундан мустасно. Уларнинг рўйхати тилга олинган Низомга 1-иловада келтирилади.

Назорат-касса машиналарини мажбурий қўллаш тўғрисидаги талаблар (бундан юқорида келтирилган ҳоллар мустасно) императив бўлиб, эркин шарҳлашга йўл қўймайди.

Кўриб чиқилаётган белгиланган талабларни бузганлик учун қонун ҳужжатларида иқтисодий жазо чоралари назарда тутилади. Вазирлар Маҳкамаси 621-сон қарорининг 8-бандига мувофиқ, унинг қўлланиши қатъиян мажбурий бўлган ҳолларда назорат-касса машинасидан фойдаланмаслик ҳолати аниқланганда  юридик шахс жавобгарликка тортилиши мумкин: унга энг кам иш ҳақининг 100 баравари миқдорида жарима солиниши мумкин, жарима жазоси қўллангандан кейин бир йил мобайнида қайтадан ҳуқуқбузарлик содир этилганда  энг кам иш ҳақининг 200 баравари миқдорида жарима солинади, ундирилган сумма бюджет даромадига йўналтирилади.

Бунда шуни ҳисобга олиш муҳимки, амалдаги қонун ҳужжатларининг қоидаларига кўра, белгиланган жавобгарлик чораларини қўллаш мақсадида содир этилган ҳуқуқбузарликнинг миқдори аҳамият касб этмайди. Яъни, моҳиятан, уларни қўллаш мажбурий бўлган ҳолларда назорат-касса машиналарини қўлламасликнинг белгиланган тартибда аниқланиши далили бўйича фирмага жарима солиш учун аҳоли билан пуллик ҳисоб-китобларни амалга ошириш чоғида чек берилмаган сумманинг миқдори юридик аҳамиятга эга эмас.

Шу тариқа, модомики қонун ҳужжатларида назорат-касса машиналарини мажбурий қўллаш тартибини бузганлик учун жавобгарликнинг прогрессив шкаласини қўллаш мумкинлиги назарда тутилмаган экан, назорат-касса машиналарини қўллаш мажбурияти билан боғланган субъектларни пул маблағларини НКМ фискал хотирасини четлаб ўтиб қабул қилмасликка чақиришимиз керак. Кўриб чиқилган низо, шунингдек шу муносабат билан келтирилган қонун ҳужжатларининг қоидалари шундай хулоса чиқариш имконини берадики, унга доир маълумотлар НКМ хотирасида акс эттирилмаган ҳатто арзимаган пул суммаси учун субъектга нисбатан юқорида кўрсатилган миқдорларда жарима жазоси қўлланиши мумкин.

1997 йил 29 августдаги 474-I-сон “Давлат солиқ хизмати тўғрисида”ги қонун 5-моддаси биринчи қисмининг 5-бандига кўра савдо-сотиқ, товарларни сотиш ва хизматлар кўрсатиш қоидаларига риоя қилинишини, шунингдек нақд пул тушумининг банкка ўз вақтида топширилишини текширишни амалга оширишга доир ҳуқуқлар давлат солиқ хизмати органларига юклатилган. Шу сабабли солиқ органлари томонидан қонун ҳужжатларининг талабларига мувофиқ молия-хўжалик фаолиятини текшириш натижалари бўйича аниқланган, аҳоли билан пуллик ҳисоб-китобларни (чакана савдо, хизматлар кўрсатиш ва ҳоказо) назорат-касса машиналарини қўлламасдан (уларни қўллаш мажбурий бўлган ҳолларда), яъни касса чекини бермасдан ва сотилган товар (хизмат) учун тушумни кассага кирим қилмасдан, кейин эса уни инкассация хизматларига топширмасдан амалга ошириш далиллари қоидабузар юридик шахсга энг кам иш ҳақининг 100 баравари миқдорида жарима солиш учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкин. Суд солиқ органи қабул қилган қарорнинг қонун ҳужжатларига мувофиқлигини тасдиқлади.

Суд солиқ органининг меъёрий муддатларда ўрнатилмаган ва фойдаланилмаётган ускуна учун юридик шахслар мол-мулкидан олинадиган солиқни икки баравар миқдорда ундириш тўғрисидаги қарорини тўғри деб топганлиги тилга олинган эди. Мазкур солиқни икки баравар ставкада ундириш тўғрисида қоида илгари Корхоналар мол-мулкидан олинадиган солиқни ҳисоблаб чиқариш ва бюджетга тўлаш тартиби тўғрисида йўриқноманинг (Адлия вазирлиги томонидан 1997 йил 26 декабрда 381-сон билан рўйхатдан ўтказилган, бугунги кунда ўз кучини йўқотган) 12-бандида назарда тутилган эди.

Энди белгиланган муддатларда тугалланмаган қурилиш объекти ва меъёрий муддатларда ўрнатилмаган ускуна учун мол-мулк солиғини тўлаш тартиби ҳозир амал қилаётган Юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни ҳисоблаб чиқариш ва бюджетга тўлаш тартиби тўғрисида йўриқномага (МВ ва ДСҚнинг Адлия вазирлиги томонидан 2002 йил 11 мартда 1107-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган) 1-сон илова билан белгиланади. Бунда Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 25 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2004 йилги Давлат бюджети параметрлари тўғрисида” 567-сон қарорига 13-сон иловадаги изоҳга кўра меъёрий муддатларда ўрнатилмаган ускуна (фойдаланилмаётган ускуна) учун мол-мулк солиғи икки баравар миқдордаги ставка бўйича тўланади. Юридик шахслар мазкур материалда келтирилганга ўхшаш вазиятга тушиб қолмаслик учун буни ҳам эътиборда тутишлари керак.



Мазкур материал Германия техник ҳамкорлик жамияти

кўрсатаётган техник мадад туфайли амалга оширилган


Время: 0.0167
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск