ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Хўжалик судларининг айрим ишлар бўйича суд ҳужжатлари (ҳал қилув қарорлари, қарорлари) баёни / Кассация инстанцияси қарорлари шарҳлар билан / Савдо фаолиятини олиб бориш ҳамда НКМдан фойдаланиш тартибига оид масалалар /

Мониторинг ўтказиш чоғида олинган ахборот асосида НКМ фойдаланмаганлик учун жарима солиш тўғрисидаги низо бўйича

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

МОНИТОРИНГ ЎТКАЗИШ ЧОҒИДА

ОЛИНГАН АХБОРОТ АСОСИДА НКМ

ФОЙДАЛАНМАГАНЛИК УЧУН

ЖАРИМА СОЛИШ ТЎҒРИСИДАГИ

НИЗО БЎЙИЧА



ИШНИНГ МОҲИЯТИ

Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси (бундан кейин - қўмита) юридик шахс (бундан кейин - фирма) фаолиятининг мониторинги натижалари бўйича маълумотнома тузди, унда кўрсатилишича, текшириш чоғида истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини қўпол равишда бузишлар аниқланган: товарлар сотилиши ва хизматлар кўрсатилиши истеъмолчига товар сотилганлиги ва хизматлар кўрсатилганлигини тасдиқлайдиган касса чекларини бермасдан амалга оширилган. Аниқланган қонунбузарликлар учун жарима солиш тўғрисида қарор чиқарилди. Фирма бунга қўшилмади ва Тошкент шаҳар хўжалик  судига қарорни бекор қилиш тўғрисида ариза билан мурожаат қилди.



ФИРМАНИНГ ПОЗИЦИЯСИ


Мазкур ҳолда жарима ноқонуний солинган. Қонунбузарлик аниқланганлиги тўғрисида маълумотнома фирма вакилининг иштирокисиз тузилган ва кейин мазкур ҳуқуқбузарликни кўриб чиқиш ва жарима солиш тўғрисида қарор чиқариш ҳам унинг иштирокисиз ўтган, бундан ташқари, фирмага жарима солиш тўғрисидаги қарорнинг нусхаси топширилмаган.



ОРГАННИНГ ПОЗИЦИЯСИ


“Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун талабларига амал қилиш мониторинги чоғида товарларни истеъмолчига касса чекини бермасдан сотиш факти аниқланган. Мазкур факт бўйича маълумотнома тузилган ва ишни моҳиятига кўра кўриб чиқиш учун қўмитага келиш талаби кўрсатилган повестка қондирилган. Бироқ, фирма вакили тайинланган вақтда келмаган, шу сабабли ҳуқуқбузарлик фактини кўриб чиқиш ва қарор чиқариш фирма вакилининг иштирокисиз амалга оширилган.



СУДНИНГ ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРИ


Суд иш материалларини ўрганиб, тарафларнинг тушунтиришларини тинглаб, амалдаги қонун ҳужжатларининг қоидаларини таҳлил қилиб, қуйидаги хулосаларга келди:

- мониторинг фирма иштирокисиз ўтказилган;

- Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 2 августдаги 350-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси тўғрисида низомнинг 5-бандига мувофиқ қўмитага истеъмол товарларига нархлар ва хизматлар тарифларининг мониторингини ўтказиш ҳуқуқи берилган. Бироқ амалдаги қонун ҳужжатларига кўра унга назорат-касса аппаратларидан фойдаланиш ва касса чекларини бериш бўйича мониторинг ўтказиш ҳуқуқи берилмаган;

- қўмита текшириш ўтказиш учун тақдим этиладиган талабларга риоя қилмаган;

- қўмита Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 26 августдаги 370-сон қарори билан тасдиқланган Хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунларни ва реклама тўғрисидаги қонунларни бузганлик учун монополияга қарши давлат органи томонидан солинадиган жарималарни қўллаш тартибининг 6-банди талабларини қўпол равишда бузган, унда айтилишича, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги ва реклама тўғрисидаги қонунларни бузиш ҳақидаги ишларни кўриб чиқиш учун асос бўлиб қонун ҳужжатларига ва мониторингларга мувофиқ ўтказилган ўз текшируви материаллари, истеъмолчилар, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари, оммавий ахборот воситалари, хўжалик юритувчи субъектлар, жойлардаги давлат ҳокимияти органларининг аризалари ҳисобланади. Мазкур ҳолда амалда қўмита ўз текширувини ўтказган. Унинг натижалари бўйича маълумотнома тузилган, аслида икки гувоҳ иштирокида далолатнома расмийлаштирилиши керак эди.

Шу тариқа, суд фирманинг талабларини қондирди ва қўмита қарорини ноқонуний деб топди. Орган бунга қўшилмади. Иш кейинроқ кассация инстанциясида қайта кўрилди, у биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорида баён қилинган далилларни қонунга мувофиқ деб топди.



Ш А Р Ҳ


Мазкур ишни кўриб чиқишда суд аввало монополияга қарши орган ўтказаётган ҳаракатларнинг хусусиятидан келиб чиқди. Унинг қарори нимага асосланганлигини тушуниш учун қуйидаги саволларга жавоб бериш керак:

- Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунларга риоя қилиниши устидан назоратни амалга ошириш соҳасида монополияга қарши қўмитанинг ваколатлар доираси қандай?

- У қандай ҳолларда ва қандай шарт-шароитларда хўжалик юритувчи субъектлар томонидан истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунларга риоя қилиниши устидан мониторинг ўтказади?

- Қандай ҳолларда ва қандай мажбурий талабларга риоя этган ҳолда у хўжалик юритувчи субъект ўз фаолиятида истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунларга риоя қилишини текширади?

- Агар қонунбузарлик текширишда эмас, балки мониторинг натижасида аниқланган бўлса, монополияга қарши қўмита касса чекини бермаганлик учун жарима жазосини қўллай оладими?

1996 йил 26 апрелдаги “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун 10-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ, олди-сотди чоғида истеъмолчига касса ёки товар чеки берилади. Уларни бермасдан товарни сотиш тақиқланади. Мазкур қоида товарни харид қилиш ёки товарга (хизматга) ҳақ тўлаш амалга оширилганлигини тасдиқлашга йўналтирилган. Бу нарса, хусусан, товар сифати (иш, хизмат натижаси) тўғрисидаги шартлар бузилган тақдирда истеъмолчига сотувчидан (ижрочи, ишлаб чиқарувчидан) талаб қилиш ҳуқуқини беради. Товар ёки касса чекини бериш талаби истеъмолчини сифатсиз товардан (иш, хизмат натижасидан) ҳимоя қилишга йўналтирилган.

Ўзбекистон Республикасининг Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси тўғрисида низом 5-бандининг тў??изинчи хатбошисига кўра (Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 2 августдаги 300-сон қарорига 1-сон илова), мазкур давлат органи фаолиятининг йўналишларидан бири истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунларга риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш ҳисобланади. Бунда шуни унутмаслик лозимки, 1998 йил 24 декабрдаги 717-I-сон “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 4-моддасига мувофиқ, қуйидагилар давлат томонидан назорат қилиш шакллари ҳисобланади:

- текширишлар, шу жумладан тафтишлар, муқобил текширишлар, назорат тартибидаги текширишлар;

- статистик ва бошқа ахборотларнинг таҳлили;

- ўз бўйсунувидаги органларни текшириш (инспекция қилиш).

Шу тариқа, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунларга риоя этилиши устидан давлат назорати кўрсатилган шаклларда амалга оширилиши мумкин, уларнинг рўйхати ўз таркибига кўра кенгайтирилган шарҳлашга йўл қўймайдиган “батафсил” рўйхатлар тоифасига киради, яъни “давлат назорати”га бошқа шаклларни ўзбошимчалик билан киритишга йўл қўймайди.

Ўзбекистон Республикасининг Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси тўғрисида низом 5-бандининг ўнинчи хатбошисига мувофиқ, монополияга қарши қўмита истеъмол товарлари нархи ва хизматлар тарифлари мониторингини ўтказади.

Мазкур ҳолда мониторинг деганда нимани тушуниш кераклиги, уни “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 4-моддасида кўрсатилган назорат шаклларидан бирига киритиш мумкинлиги ва, тегишинча, монополияга қарши қўмита хўжалик юритувчи субъектлар томонидан истеъмолчиларга товар ва касса чекларини бериш қоидаларига риоя қилиниши устидан мониторинг ўтказиши мумкинлиги ёки мумкин эмаслигини аниқлаб олиш керак.

Амалдаги қонун ҳужжатларида монополияга қарши органлар фаолиятига киритиш ва юқорида кўриб чиқилган низога қўллаш мумкин бўлган мониторинг тушунчаси мавжуд эмас. Шу тариқа, фақат мазкур жараённинг моҳиятини аниқлаш мақсадида асос сифатида бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда берилган икки тушунчани олиш мумкин; тегишинча “Ер ости бойликлари тўғрисида”ги қонун 18-моддасининг биринчи қисмида (2002 йил 13 декабрдаги 444-II-сон қонун билан тасдиқланган янги таҳрири) айтилишича: “Ер қаъри мониторинги ер қаъри ҳолатини ундаги ўзгаришларни ўз вақтида аниқлаш, уларни баҳолаш, салбий жараёнларнинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш учун ўтказиладиган кузатувлар тизимидан иборат”, ва Корхоналар молия-хўжалик фаолияти мониторинги ҳамда таҳлилини ўтказиш тартиби (Адлия вазирлиги томонидан 1998 йил 5 июнда 442-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 1.2-бандининг иккинчи хатбошисида: “мониторинг - корхоналарнинг молия-хўжалик фаолияти тўғрисида ахборотни йиғиш ва умумлаштириш тизимидир”.

Яна бир маротаба таъкидлаш жоизки, мазкур таърифлар фақат мониторингнинг умумий маъносини аниқлаш мақсадида келтириляпти ва монополияга қарши орган томонидан мониторинг юритилган ҳолатда меъёрий-ҳуқуқий манбалар сифатида ишлатилиши мумкин эмас. Қисқаси, мониторинг - кузатиш, ахборот йиғиш ва умумлаштириш тизимидир.

Шу тариқа, Ўзбекистон Республикасининг Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси тўғрисида низом 5-бандининг ўнинчи хатбошисига кўра қўмита амалга ошираётган мониторинг айни хўжалик фаолиятига аралашмасдан “кузатиш, ахборот йиғиш ва умумлаштириш”ни тақозо этади. “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 4-моддасида мониторинг ўтказиш белгиланмаган.

Хўжалик судининг фикрича, мазкур иш бўйича монополияга қарши қўмитанинг ваколати - “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун 10-моддасининг иккинчи қисмига риоя қилиниши устидан, масалан, текшириш ўтказиш воситасида назоратни амалга оширишдир. Бунда улар “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида”ги қонун ва Хўжалик юритувчи субъектларда текширишлар ўтказиш ва Текширишларни рўйхатга олиш китобини юритиш тартиби тўғрисидаги низом (янги таҳрири, 2001 йил 15 майда 917-I-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан белгиланган мажбурий талабларга риоя этишлари керак.

Юқорида кўриб чиқилган низода давлат органи касса чеки берилмагани учун жарима жазосини қўллаган, бунда кўрсатилган қонунбузарлик текшириш эмас, балки мониторинг ўтказиш чоғида аниқланган. Хўжалик суди шуни кўрсатдики, Ўзбекистон Республикасининг Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси тўғрисида низом 5-бандининг ўнинчи хатбошиси доирасида мониторинг маълумотлари моҳиятан фақат истеъмол товарларининг нархлари ва хизматлар тарифлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузишларга доир ишни кўриб чиқиш учун асос бўлиб хизмат қилади. Бошқа қонунбузарликлар, шу жумладан чек берилмаслигига келсак, бундай маълумотлар, агар бу нарса истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунларга риоя қилиниши устидан назоратни амалга ошириш натижасида аниқланса, ишни моҳиятига кўра кўриб чиқиш ва жарима жазосини қўллаш бўйича асос бўлиб хизмат қилади. Шу тариқа, суднинг фикрига кўра, ҳақиқатда орган хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини текширишларни амалга оширишни мувофиқлаштириш режасидан, мувофиқлаштириш режаси асосида чиқарилган қўмита буйруғи ва ҳоказолардан кўчирмасиз айни текшириш ўтказган ва, тегишинча, ўзи текширишларни ўтказиш тўғрисидаги амалдаги қонун ҳужжатлари талабларини бузган. Шунинг учун хўжалик суди касса чеки берилмаганлиги учун жарима солиш қарорини ноқонуний деб топди. Мазкур ҳолда хўжалик суди фирмага ён босди, лекин шундай бўлсада, қонунда кўрилган масала бўйича аниқ тартибга солиш мавжуд эмас ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг кўп қоидалари турлича шарҳланади.

Фикримизча, монополияга қарши орган фаолиятига татбиқан “мониторинг” атамаси таърифининг йўқлиги қонунчиликда жиддий нуқсон ҳисобланади. Меъёрий-ҳуқуқий тартибда ушбу ҳолда мониторинг деганда, нима тушунилиши, уни юритишда қандай ҳаракатлар содир этилиши, қандай ҳолларда содир этилмаслиги мумкинлиги ва ҳоказоларни белгилаб қўйиш мақсадга мувофиқ бўларди. Монополияга қарши органлар билан хўжалик юритувчи субъектлар ўртасидаги ихтилофларга йўл қўймаслик учун мониторинг таомилини назорат таомилидан аниқ-равшан фарқлайдиган ана шу ва унга ўхшаш жиҳатларни белгилаб қўйиш мақсадга мувофиқдир. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси тўғрисидаги низом 5-бандининг ўнинчи хатбошиси билан Хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунларни ва реклама тўғрисидаги қонунларни бузганлик учун монополияга қарши давлат органи томонидан солинадиган жарималарни қўллаш тартиби 6-бандининг қоидалари бир қадар мувофиқ келмаслигига эътиборни қаратиш зарур. Биринчи ҳолда мониторинг истеъмол товарлари нархлари ва хизматлар тарифларига татбиқан қўлланиши кўрсатилади, бунда у юритилиши мумкин бўлган бошқа ҳоллар (шу жумладан, касса чекини бермаслик билан боғлиқ ҳоллар) кўрсатилмайди; иккинчи ҳолда эса - мониторинглар натижалари бўйича аниқланган ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги маълумотлар (умумий кўрсатма) ишни моҳиятига кўра ва, тегишинча, жарима жазоларини қўллаш учун асос бўла олади. Фикримизча, бу масалаларни қонун ҳужжатларида аниқ тартибга солиш юзага келадиган низолар миқдорини жиддий қисқартириш имконини беради.


Мазкур материал Германия техник ҳамкорлик жамияти

кўрсатаётган техник мадад туфайли амалга оширилган



Время: 0.0293
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск