ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Хўжалик судларининг айрим ишлар бўйича суд ҳужжатлари (ҳал қилув қарорлари, қарорлари) баёни / Кассация инстанцияси қарорлари шарҳлар билан / Бошқа масалалар /

Лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги низо бўйича

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЛИЦЕНЗИЯНИНГ АМАЛ ҚИЛИШ

МУДДАТИНИ УЗАЙТИРИШ

ТЎҒРИСИДАГИ НИЗО

БЎЙИЧА



ИШНИНГ МОҲИЯТИ


Юридик шахс (фирма) давлат органига лицензияланадиган фаолият билан шуғулланишга илгари берилган лицензиянинг амал қилишини узайтириш тўғрисида ариза билан мурожаат қилди. Лицензиатда ушбу фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқининг йўқлиги уни қондиришни рад этишга асос бўлди. Фирма бунга рози бўлмади ва хўжалик судига унда шундай ҳуқуқ борлигини эътироф этиш тўғрисида ариза билан мурожаат қилди. Унинг талаблари қондирилди. Бунга асосан аризачи такроран лицензияловчи органга мурожаат қилди, у лицензиянинг амал қилишини узайтиришни яна рад этди. Шунда юридик шахс хўжалик судига қабул қилинган ҳал қилув қарорига ижро варақасини бериш ва давлат органини лицензия муддатини узайтиришга мажбур этиш тўғрисида ариза топширди.



ЮРИДИК ШАХСНИНГ ПОЗИЦИЯСИ


Фирманинг талаблари хўжалик суди томонидан қондирилган ва унинг лицензияланадиган фаолият турини амалга ошириш ҳуқуқи эътироф этилгани сабабли давлат органи лицензиянинг амал қилишини узайтиришдан бош тортишга ҳақли эмас. У ихтиёрий равишда ҳал қилув қарорини бажармади, шу сабабли ҳам у мажбурий тартибда бажарилиши керак. Бунинг учун ижро варақасини бериш ва давлат органини лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисида қарор қабул қилишга мажбурлаш керак.


СУДНИНГ АЖРИМИ


Хўжалик суди иш материалларидаги мавжуд далилларни таҳлил қилиб, берилган аризани ўрганиб, қуйидагиларни аниқлади:

- фирма илгари хўжалик судига юридик аҳамиятга молик далилни белгилаш илтимоси билан мурожаат қилган;

- суд ҳал қилув қарорининг резолютив (қарор) қисмида кўрсатилишича, суд фирмада сўралаётган тадбиркорлик фаолияти турини амалга оширишга, бинобарин илгари берилган лицензиянинг амал қилишини белгиланган тартибда узайтиришга ҳам ҳуқуқнинг мавжудлигини эътироф этади;

- ҳал қилув қарорида лицензияловчи органни фирмага унинг лицензиясининг амал қилиш муддатини узайтиришга мажбурлайдиган қоидалар мавжуд бўлмаган.

Ажрим қабул қилаётганда хўжалик суди Хўжалик процессуал кодексининг 144-моддасига амал қилди, унинг мазмунига кўра фирманинг лицензияланадиган фаолият турини амалга ошириш ҳуқуқи борлигини эътироф этиш ушбу ҳуқуқни расмийлаштириш учун асос бўлиб хизмат қилади, бироқ органни муайян ҳаракатни содир этишга мажбурлаши учун асос бўла олмайди. Суд қайд этдики, агар орган лицензиянинг амал қилишини узайтиришдан бош тортса, юридик шахс даъво билан хўжалик судига мурожаат қилиши ва ушбу ҳаракатни содир этишга мажбурлашни талаб этиши мумкин.

Айтилганларга асосланиб суд давлат органини лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтиришга мажбур этиш учун асос йўқлиги туфайли мажбурлаб ижро этишга фирма сўраган ижро варақасини беришдан бош тортди. Хўжалик судининг юқори инстанциялари мазкур ажримни қонунга мувофиқ деб топдилар ва аризачи берган апелляция, сўнгра кассация шикоятларини ҳам рад этиб, уларни асоссиз деб топдилар.



Ш А Р Ҳ


Лицензиялар бериш ва уларнинг амал қилишини узайтириш тартиби 2000 йил 25 майдаги “Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида” 71-II-сон қонун билан белгиланган. Унинг 3-моддасининг иккинчи хатбошисига мувофиқ лицензия  лицензияловчи орган томонидан юридик ёки жисмоний шахсга берилган, лицензия талаблари ва шартларига сўзсиз риоя этилгани ҳолда фаолиятнинг лицензияланаётган турини амалга ошириш учун рухсатнома (ҳуқуқ)дир.

Айтилган Қонун 12-моддасининг тўртинчи қисмида белгиланган қоидага кўра лицензиянинг амал қилиш муддати тугагач, у лицензиатнинг аризасига биноан узайтирилиши мумкин, ариза лицензияловчи органга лицензиянинг амал қилиш муддати тугашидан камида икки ой олдин берилиши лозим. Лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтириш лицензияни бериш учун назарда тутилган тартибда амалга оширилади.

Унинг муддатини узайтиришдан бош тортиш тўғрилигини баҳолаш учун субъект лицензияда кўрсатилган фаолиятни бундан кейин амалга ошириш ҳуқуқига эгалиги ёки эга эмаслигини аниқлаш зарур. Унга эга эмаслик, хусусан, қуйидаги асослардан бири бўйича баҳоланиши мумкин:

- аризачи тугатилган ва Юридик шахсларнинг давлат реестридан чиқарилган;

- қонунга айрим субъектлар томонидан уни юритишга тўғридан-тўғри тақиқ жорий этилган. Бунда белгиланган тартибда фақат юридик шахсларга шуғулланиш учун рухсат берилган (масалан, ноширлик фаолияти, қимматли қоғозлар бозорида инвестиция институтларининг кўпчилик турлари, телекоммуникациялар соҳасидаги фаолият ва ҳоказо) ва, тегишинча, жисмоний шахслар у билан шуғулланишга ҳақли бўлмаган фаолият назарда тутилади;

- аризачи қонун билан белгиланган шартлар ва талабларга, хусусан: юридик шахслар учун устав фондининг энг кам миқдорига; лицензияланадиган фаолият турини амалга оширишнинг махсус шартларига, шу жумладан фойдаланиладиган моддий-техник база, ускуналар, бошқа техник воситаларга доир талабларга; уни амалга оширишга даъво қиладиган шахсларни баҳолашга, шу жумладан махсус билимларга мувофиқ келмай қолган ва ҳоказо.

Келтирилган асосларнинг мавжудлиги субъект лицензияланадиган фаолият турини амалга ошириш ҳуқуқига эга эмаслигидан далолат беради. Аризачида лицензияланадиган фаолият турини амалга ошириш ҳуқуқининг мавжудлиги ёки йўқлигини аниқлаш бўйича ваколатга лицензияловчи орган ёки хўжалик суди эга.

“Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида”ги қонуннинг 17-моддасидан келиб чиқиб, лицензияловчи орган қуйидаги асослар мавжуд бўлганида лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтиришни рад этиши мумкин:

- лицензия даъвогарининг ҳужжатларни лозим тарзда расмийлаштирмай тақдим этиши;

- унинг ҳужжатларида нотўғри ёки бузиб кўрсатилган маълумотларнинг мавжудлиги;

- субъектнинг лицензия талаблари ва шартларига, шунингдек танлов (тендер) шартларига номувофиқлиги.

Қонунда назарда тутилмаган бошқа асосларга кўра, шу жумладан келгусида фаолиятни амалга ошириш мақсадга мувофиқ эмас деган важ билан лицензияни узайтиришни рад этишга йўл қўйилмайди. У ёки бу фаолият билан шуғулланишга ҳуқуқнинг йўқлиги туфайли ваколатли давлат органи илгари берилган лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтирмаслиги мумкин. Бу ҳолда қонун субъектга бир неча хил йўл тутиш имконини тақдим этади. Амалиётда лицензияловчи органнинг қарори устидан шикоят қилиш энг кўп тарқалган. “Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида”ги қонун 17-моддасининг учинчи қисмидан келиб чиқадики, лицензиянинг амал қилишини узайтириш даъвогари ушбу қарор, шунингдек лицензияловчи орган мансабдор шахсининг ҳаракати (ҳаракатсизлиги) устидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда икки усул: маъмурий ва суд усуллари билан шикоят қилишга ҳақли.

Маъмурий тартибда юқори органга шикоят қилинади. Суд тартиби хўжалик судига тегишли даъво аризаси берилишини тақозо этади.

Тўғридан-тўғри шикоят қилишдан ташқари қонун бундай вазиятларда субъект ҳаракатининг яна бир вариантини назарда тутадики, кўрилган ишда аризачи фирма ундан фойдаланган. У хўжалик судига фаолият турини амалга оширишга лицензиянинг амал қилишини узайтиришни сўраган юридик шахсга рад жавоби берилган мазкур тур билан шуғулланиш ҳуқуқини эътироф этиш тўғрисида ариза билан мурожаат қилди. Хўжалик суди топширилган ҳужжат юридик аҳамиятга молик далилларни белгилаш тўғрисидаги аризаларга қўйиладиган талабларга жавоб беришини қайд этди ва уни моҳиятига кўра кўриб чиқди.

Хўжалик процессуал кодекси 155-моддасининг биринчи қисми, шунингдек 112-моддасининг мазмунидан келиб чи??анидек, бу хил аризалар умумий тартибда ёзма шаклда тузилади ва аризачи ёки унинг вакили томонидан имзоланади. Унда ҳам, худди даъво аризасида бўлганидек, қуйидаги умумий маълумотлар кўрсатилиши керак:

ариза топшириладиган хўжалик судининг номи; ишда иштирок этаётган шахс-ларнинг номлари ва уларнинг почта манзиллари; аризада кўрсатилган талаблар асосланган ҳолатлар; уларнинг асослилигини тасдиқлайдиган далиллар; аризачининг қонун ҳужжатларига асосланилган талаблари; илова қилинаётган ҳужжатларнинг рўйхати. Агар улар масалани моҳиятига кўра тўғри ҳал қилиш учун зарур бўлса, субъект мазкур мажбурий ахборотга қўшимча тарзда аризада бошқа маълумотларни ҳам кўрсатишга ҳақлидир.

Кўрилаётган тоифадаги ишлар бўйича суд ишини юритиш хусусиятларининг Хўжалик процессуал кодекси 155-моддасининг иккинчи қисмида белгиланган бир тури шундан иборатки, хўжалик суди юридик аҳамиятга эга бўлган далилларни аризачи бу далилларни тасдиқлайдиган тегишли ҳужжатларни бошқача тартибда олиш имкониятига эга бўлмаганда ёхуд йўқолган ёки йўқ қилиб юборилган ҳужжатларни тиклаш имконияти бўлмаган тақдирда белгилайди.

Давлат органи субъектда мазкур фаолият тури билан шуғулланиш ҳуқуқи йўқлиги туфайли лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтиришни рад этганда фақат суд бундай ҳуқуқнинг мавжудлигини (ёки, аксинча, йўқлигини) ишончли тарзда белгилаши мумкин. Фуқаролик кодекси 11-моддасининг иккинчи хатбошисига мувофиқ ҳуқуқни тан олиш субъектларнинг фуқаролик ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг қонун билан белгиланган усулларидан бири ҳисобланади. Уни қўлларкан, суд амалда юридик аҳамиятга эга бўлган далилни тасдиқлайди, ХПК 144-моддасининг биринчи қисмига кўра далил унинг ҳал қилув қарорида баён этилиши керак. Иш материалларидан кўринадики, берилган аризанинг кўрилиши натижалари бўйича қабул қилинган ҳал қилув қарорининг резолютив қисмида суд фирмада лицензияланадиган фаолият турини амалга ошириш ҳуқуқининг мавжудлигини тан олиши кўрсатилган.

Кўрсатилган модданинг иккинчи қисмига кўра хўжалик судининг юридик аҳамиятга эга бўлган далилни белгилаш тўғрисидаги ҳал қилув қарори тегишли органлар томонидан шундай далилни қайд этиш учун ёки белгиланган далил муносабати билан юзага келадиган ҳуқуқларни расмийлаштириш учун асос бўлади.

Хуллас, лицензияланадиган фаолият турини амалга ошириш ҳуқуқини тан олиш лицензиянинг амал қилиш муддати узайтирилишини расмийлаштириш учун асос бўлиб хизмат қилади.

Хўжалик процессуал кодекси 210-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ суд ҳужжатини мажбурий ижро этиш хўжалик суди томонидан бериладиган ижро варақаси асосида амалга оширилади. Бунда шуни ҳисобга олиш лозимки, ижро варақаси бўйича амалга ошириладиган ҳаракатлар хўжалик суди қабул қилган ҳал қилув қарорининг резолютив қисми доирасидан четга чиқмаслиги керак. Айтилган ҳал қилув қарорининг резолютив қисмида лицензияловчи органни фирмага берилган лицензиянинг амал қилишини узайтиришга мажбур этадиган қоидалар бўлмаганлиги сабабли хўжалик суди айтилган ҳаракатни мажбурий содир этишга ижро варақаси берилишини нотўғри деб ҳисоблади.

У суд муҳокамаси предметига кирмаганлиги ва хўжалик судининг ҳал қилув қарорида акс этмагани сабабли лицензияловчи органни лицензия муддатини узайтиришга мажбур этиш тўғрисидаги талаб моҳиятига кўра алоҳида кўрилиши керак эди. Шу сабабли фирмага ижро варақасини беришни рад этиш тўғрисидаги ажримда хўжалик суди кўрсатдики, агар лицензияловчи орган лицензиянинг амал қилиш муддатини биринчи галдагидек асос бўйича (субъектда фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқининг йўқлиги) узайтирмаса ва суд тан олган ҳуқуқни расмийлаштирмаса, юридик шахс хўжалик судига энди даъвогар сифатида жавобгар  давлат органини сўралаётган ҳаракатни содир этишга мажбур этиш хусусида янги талаб билан мурожаат этишга ҳақли бўлади.

Хўжалик процессуал кодексининг 142-моддасига мувофиқ жавобгар зиммасига мол-мулкни бериш ёки пул суммасини ундириш билан боғлиқ бўлмаган муайян ҳаракатларни бажариш мажбуриятини юклайдиган ҳал қилув қарори қабул қилинганида хўжалик суди унинг хулоса қисмида шу ҳаракатларни ким, қаерда, қачон ёки қайси давр мобайнида бажариши шартлигини кўрсатади. Лицензиянинг амал қилишини узайтиришга фақат лицензияловчи орган ҳақли экани сабабли хўжалик суди ҳал қилув қарорида у бажарилиши керак бўлган муддатни белгилайди.

Юридик шахслар кўрилган мисолда юридик аҳамиятга эга бўлган далилларни белгилаш хусусидаги ишлар бўйича қабул қилинган ҳал қилув қарорларини ижро этишнинг процессуал хусусиятларини ҳисобга олишлари керак.


Мазкур материал Германия техник ҳамкорлик жамияти

кўрсатаётган техник мадад туфайли амалга оширилган







Время: 0.0219
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск