ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Хўжалик судларининг айрим ишлар бўйича суд ҳужжатлари (ҳал қилув қарорлари, қарорлари) баёни / Кассация инстанцияси қарорлари шарҳлар билан / Бошқа масалалар /

Акциядорларнинг навбатдан ташқари йиғилишини ўтказиш кўрсатмасини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги низо бўйича

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

АКЦИЯДОРЛАРНИНГ НАВБАТДАН

ТАШҚАРИ ЙИҒИЛИШИНИ ЎТКАЗИШ

КЎРСАТМАСИНИ ҲАҚИҚИЙ ЭМАС

ДЕБ ТОПИШ ТЎҒРИСИДАГИ

НИЗО БЎЙИЧА


ИШНИНГ МОҲИЯТИ


Қимматли қоғозлар бозорининг фаолиятини мувофиқлаштирувчи ва назорат қилувчи орган акциядорлик жамиятига кузатув кенгаши томонидан акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилишини чақириш масаласи кўрилиши зарурлиги тўғрисида кўрсатма берди. АЖ уни ноқонуний деб ҳисоблаб бажармади, шу муносабат билан орган унга нисбатан АЖ учун мажбурий қарорни бажармаганлиги учун жарима жазосини қўллади. Субъект бунга қўшилмади ва хўжалик судига берилган кўрсатма ва жазо чорасини қўллаш тўғрисидаги қарорни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида даъво аризаси билан мурожаат қилди.



АЖнинг ПОЗИЦИЯСИ


Қимматли қоғозлар бозорининг фаолиятини мувофиқлаштирувчи ва назорат қилувчи орган жамиятни акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилишини чақириш масаласини кўришга мажбур қилишга ҳақли эмас. Буни кузатув кенгаши мустақил равишда ҳал қилади. Мазкур талабли кўрсатмани бериш органнинг ваколатларидан четга чиқади, демак бажарилмаслиги керак. Ноқонуний қўйилган кўрсатмани бажармаганлик учун жарима қўллаш қонун талабларини бузади.



ДАВЛАТ ОРГАНИНИНГ ПОЗИЦИЯСИ


Орган акциядордан унинг қонуний ҳуқуқлари бузилганлиги тўғрисида шикоят олди, бундан келиб чиқадики, қонун билан белгиланган тартибда кузатув кенгашига навбатдан ташқари умумий йиғилишни ўтказиш тўғрисида илтимос билан мурожаат этиб, у рад жавобини олди. Давлат органи акциядорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширади ҳамда мазкур соҳада қонунчилик бузилганлиги аниқланганда кўрсатма беришга ва кузатув кенгаши зиммасига мазкур масалани ўз мажлисида кўриш мажбуриятини юклашга ҳақлидир.

Ваколатли давлат органининг кўрсатмасини бажармагани учун АЖ жазоланиши керак. Жарима жазоси асосли қўлланган.



СУД ҲУЖЖАТЛАРИНИНГ МАЗМУНИ

ВА УНГА ШАРҲЛАР


Қимматли қоғозлар бозорининг фаолиятини мувофиқлаштирувчи ва назорат қилувчи органнинг акциядорлик жамиятининг ишини ташкил этишга аралашиши ҳамда кузатув кенгашини акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилишини чақириш масаласини кўришга мажбур этиши бобида ваколатлар доираси мазкур низонинг предмети бўлди.

Низони кассация инстанциясида қайта кўраётганда хўжалик суди давлат органининг қуйидаги ҳаракатлари қонунга мувофиқлигини баҳолаши керак эди:

- акциядорнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш мақсадида акциядорлик жамияти бошқарув органини муайян ҳаракатни бажаришга мажбур этиш хусусида кўрсатма берилганлиги;

- ҳуқуқбузарлик тўғрисида ишнинг кўрилиши ва субъект томонидан кўрсатма талаблари бажарилмаганлиги учун жарима қўлланиши.

Акциядорларнинг навбатдан ташқари йиғилишини ўтказишни бошлаш шартлари 1996 йил 26 апрелда 223-I-сон билан қабул қилинган “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун 72-моддасида белгиланган. Қуйидагилар чақириш учун асос бўлиб ҳисобланади: кузатув кенгашининг қарори (агар йиғилиш унинг ташаббуси билан чақирилса), тафтиш комиссиясининг, шунингдек талаб тақдим этилиши санасида жамият овоз берувчи акцияларининг камида ўн фоизининг эгаси бўлган акциядор (акциядорлар)нинг талаби, унда масалаларнинг асосланиши кўрсатилган ҳолда йиғилишнинг кун тартибига киритиш учун масалалар таърифланиши керак. Агар тегишли талаб жамиятнинг тафтиш комиссияси ёки жамият овоз берувчи акцияларининг камида ўн фоизи эгаси ҳисобланган акциядор (акциядорлар) томонидан тақдим этилса, чақиришни жамиятнинг кузатув кенгаши акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилишини ўтказиш талаби тақдим этилган пайтдан бошлаб 45 кундан кечиктирмай амалга оширади.

Агар акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилишини чақириш талаби акциядордан келиб чиқса, унда акциядорга тегишли акцияларнинг сони, тури (хили) кўрсатилган ҳолда унинг исми (номи) берилиши керак. Талаб тақдим этилган санадан бошлаб 10 кун мобайнида кузатув кенгаши акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилишини чақириш ёки чақиришдан бош тортиш тўғрисида қарор қабул қилиши керак. “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун 72-моддасининг саккизинчи қисмида кузатув кенгаши акциядорнинг талабларини қондиришдан бош тортишга ҳақли бўлган асосларнинг батафсил рўйхати назарда тутилган. Булар қуйидаги ҳоллардир:

- навбатдан ташқари умумий йиғилишни чақиришни талаб қилаётган акциядор (акциядорлар) жамият овоз берувчи акцияларининг ўн фоизи ва ундан кўпига эга ҳисобланмаса;

- жамият акциядорлари навбатдан ташқари умумий йиғилишининг кун тартибига киритиш учун таклиф этилган масалаларнинг бирортаси унинг ваколатлар доирасига киритилмаган бўлса;

- кун тартибига киритиш учун таклиф этилаётган масала қонун ҳужжатларининг талабларига мувофиқ келмаса.

Жамият кузатув кенгашининг акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилишини чақириш тўғрисидаги қарори ёки ундан бош тортиш хусусида асосланган қарори қабул қилинган пайтдан бошлаб уч кундан кечиктирмай уни чақиришни талаб қилаётган шахсларга юборилади.

Иш материалларидан кўринадики, акциядор навбатдан ташқари умумий йиғилишни чақириш талаби билан АЖ кузатув кенгашига мурожаат қилган, у акциядорнинг талабини кўриб, қондиришдан бош тортиш тўғрисида қарор қабул қилган, бу ҳақда ариза берувчига ёзма равишда хабар қилинган.

Жавобгарнинг ваколатлар доираси, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозорининг фаолиятини мувофиқлаштирувчи ва назорат қилувчи марказ тўғрисидаги низом билан (Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 30 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозорининг фаолиятини мувофиқлаштирувчи ва назорат қилувчи марказ фаолиятини ташкил этиш масалалари тўғрисида” 126-сон қарорига 3-сон илова) белгиланган. Унинг 6-бандининг тўртинчи хатбошисига биноан органга “корхонани (акциядорлик жамиятини) бошқаришда, дивидендлар олишда иштирок этишда инвесторларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга доир чоралар” кўриш ҳуқуқи берилган.

Мазкур меъёрий-ҳуқуқий қоида анчагина умумий кўринишда белгиланган ва бундай чораларни кўриш қонун талабларига жавоб берадиган ва жавоб бермайдиган ҳолларни аниқлаштириш имконини бермайди. Бошқаришда иштирок этиш  кенг тушунча ва аслида, акциядорнинг жамиятни бошқаришда иштирок этиш ҳуқуқини амалга ошириш билан боғлиқ ҳар қандай ҳаракатни ўз ичига олиш имконини беради. Бунда унинг умумий йиғилишни чақиришини рад этишдан бошлаб уни йиғилишга қўймаслик ва овоз бериш натижаларини эътиборга олмасликка қадар турли вазиятлар юзага келиши мумкин. Шубҳасиз, бундай вазиятларнинг ҳаммасида ҳам қимматли қоғозлар бозорининг фаолиятини мувофиқлаштирувчи ва назорат қилувчи орган АЖнинг ташкилий ишига аралашиш ва нимани қилиш зарур, нима зарур эмаслигини кўрсатишга ҳақли бўлавермайди. Кўрилган вазиятда хўжалик суди кузатув кенгашига навбатдан ташқари йиғилишни чақириш масаласини кўриш кўрсатмаси нафақат талаб қилган акциядорнинг манфаатларига дахлдор эканлигидан келиб чиқди. У АЖ бошқа аъзоларининг ва умуман жамиятнинг манфаатларига тааллуқлидир. Шу сабабли мазкур масалани маъмурий тартибда ҳал этиш тўғри эмас. Бундан ташқари, қонун акциядорнинг талабини қондиришдан бош тортилиши устидан шикоят қилиш таомилига муқобил таомилни назарда тутмайди. “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун 72-моддасининг ўнинчи қисмига мувофиқ жамият кузатув кенгашининг акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилишини чақиришдан бош тортиш тўғрисидаги қарори устидан фақат суд тартибида шикоят қилиш мумкин. Бунинг устига, қонун бундай вазиятда акциядорга мустақил равишда (кузатув кенгашининг қарорисиз) акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилишини чақириш ҳуқуқини беради.

Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозорининг фаолиятини мувофиқлаштирувчи ва назорат қилувчи марказ тўғрисидаги низомга, шунингдек Ишларни кўриш ва қимматли қоғозлар бозори тўғрисида Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларини бузганлиги учун жазо чораларини қўллаш тартиби ҳақида низомга (ДМҚ ҳузуридаги ??БФМНҚМ бош директорининг Адлия вазирлиги томонидан 2002 йил 23 апрелда 1131-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган) мувофиқ, ушбу орган ваколатлар доирасида қимматли қоғозлар бўйича қонунлар ва меъёрий ҳужжатларни бузувчиларга нисбатан қуйидаги жазо чораларини қўллашга ҳақли: 1) қимматли қоғозлар бозорининг иштирокчилари кўриши ва ижро этиши учун мажбурий кўрсатмалар киритиш; 2) қимматли қоғозлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жарималар қўллаш. 1996 йил 25 апрелда 218-I-сон билан қабул қилинган “Қимматли қоғозлар бозорининг фаолият кўрсатиш механизми тўғрисида”ги қонун 31-моддасининг учинчи қисмида қимматли қоғозлар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганда давлат ваколат берган орган қуйидаги ҳоллар учун иқтисодий жазо чорасини қўллашга ҳақли эканлиги назарда тутилади:

- эмитентлар ва қимматли қоғозлар тўғрисидаги ахборотни, ҳисоботларни эълон қилмаслик ёки ўз вақтида эълон қилмаслик, шунинг-дек давлат назорати органларига ҳисоботлар ёки ахборотни тақдим этмаслик ёки ўз вақтида тақдим этмаслик - энг кам иш ҳақи суммасининг 70 баравари миқдорида;

- ҳуқуқбузарликларни тугатиш тўғрисидаги кўрсатмаларни бажаришдан бўйин товлаш ёки ўз вақтида бажармаслик  энг кам иш ҳақи суммасининг 100 баравари миқдорида;

- эмитентлар томонидан қимматли қоғозлар чиқарилиши ва муомалага киритилиши, қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчилари томонидан қимматли қоғозлар билан битимлар тузиш ва рўйхатдан ўтказишнинг белгиланган тартибини бузиш  энг кам иш ҳақи суммасининг 200 баравари миқдорида;

- инвесторлар, қимматли қоғозлар, харажатлар ва даромадлар билан операциялар бўйича ҳисоб ва ҳисобот тартибини бузиш  энг кам иш ҳақи суммасининг 600 баравари миқдорида;

- активлар билан мустаҳкамланмаган қимматли қоғозлар эмиссияси, айрим инвесторларнинг мулкий ҳуқуқларини асоссиз равишда белгилаш, уларга риоя қилмаслик ва инвесторларга тегишли даромадларни тўламаслик  энг кам иш ҳақи суммасининг 700 баравари миқдорида;

- атайлаб нотўғри маълумотларни тарқатиш (тақдим этиш) йўли билан инвесторлар ва назорат органларини чалғитиш, сотишларнинг нолегал амалиётини амалга ошириш, инвестиция институтлари томонидан қимматли қоғозлар бозорида нархларга доир алдамчилик қилиш  энг кам иш ҳақи суммасининг 800 баравари миқдорида.

Айтилган чораларга қўшимча равишда 2001 йил 30 августда 262-II-сон билан қабул қилинган “Қимматли қоғозлар бозорида инвесторларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун 9-моддаси қимматли қоғозлар бозорининг фаолиятини мувофиқлаштирувчи ва назорат қилувчи органга қуйидаги ҳуқуқларни беради:

- судга инвесторларнинг, шунингдек давлатнинг манфаатларини ҳимоя қилишга даъволар билан мурожаат қилиш;

- ўз ваколатлари доирасида инвесторларнинг ҳуқуқларини бузган ёки ўз ҳаракатлари билан инвесторларнинг ҳуқуқлари бузилиши таҳдидини вужудга келтирган инвестиция институти томонидан қимматли қоғозлар бозорида айрим операциялар ўтказилишини тақиқлаш ёки олти ой муддатга чеклаш;

- бошқа давлат органларидан сўровномалар асосида қимматли қоғозлар бозорининг иштирокчиларига нисбатан қимматли қоғозлар бозорида инвесторларнинг ҳуқуқлари бузилиши далилларини ўрганиш учун зарур маълумотлар ва материалларни олиш, шунингдек кўрсатилган далилларни биргаликда ўрганишни ўтказиш.

Айтилган меъёрий-ҳуқуқий қоидаларга амал қилиб, хўжалик суди қимматли қоғозлар бозорининг фаолиятини мувофиқлаштирувчи ва назорат қилувчи орган кўрилаётган ҳолатда ўз ваколатларини ошириб юборганлиги ва АЖга кўрсатма бериб ҳамда кузатув кенгашини акциядорнинг навбатдан ташқари умумий йиғилиш чақариш тўғрисида талабини кўришга мажбур этиб, қонун билан унга берилган ҳуқуқлар доирасидан четга чи??анлигини кўрсатди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозорининг фаолиятини мувофиқлаштирувчи ва назорат қилувчи марказ тўғрисидаги низомнинг 3-бандидан кўринадики, органнинг унинг ваколатлари доирасида қабул қилинган қарорлари давлат ва маҳаллий бошқарув органлари, мулкчилик шаклидан қатъи назар, хўжалик бирлашмалари, корхона ва ташкилотлар, шунингдек республика ва хорижий давлатларнинг фуқаролари томонидан бажариш учун мажбурийдир.

Кўрилган ҳолда кўрсатма суд томонидан ноқонуний деб топилганлиги боис, тегишинча, АЖ уни бажаришга мажбур эмас эди. Агар унинг кўрсатмаси қонун талабларига мувофиқ келганда эди, орган томонидан уни бажармаганлик учун энг кам иш ҳақининг 100 баравари миқдорида қонун томонидан назарда тутилган жарима қўлланган бўлар эди. Кўрилган вазиятда мазкур жазо чорасини қўллаш ҳам қонун қоидаларига зид эди.

Баён этилганлар асосида хўжалик суди акциядорлик жамиятининг позициясини тўғри деб ҳисоблади ва кузатув кенгашига кўрсатмани ҳам, акциядорлик жамиятига жарима қўллаш тўғрисидаги қарорни ҳам ҳақиқий эмас деб топди.


Мазкур материал Германия техник ҳамкорлик жамияти

кўрсатаётган техник мадад туфайли амалга оширилган








Время: 0.0207
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск