ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Хўжалик судларининг айрим ишлар бўйича суд ҳужжатлари (ҳал қилув қарорлари, қарорлари) баёни / Кассация инстанцияси қарорлари шарҳлар билан / Бошқа масалалар /

Бошқарувчи компанияни биржа савдоларида иштирок этишдан четлаштириш тўғрисидаги низо бўйича

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

БОШҚАРУВЧИ КОМПАНИЯНИ БИРЖА

САВДОЛАРИДА ИШТИРОК ЭТИШДАН

ЧЕТЛАШТИРИШ ТЎҒРИСИДАГИ

НИЗО БЎЙИЧА



ИШНИНГ МОҲИЯТИ

   

Хусусийлаштириш инвестиция фонди (бундан кейин - фонд) фонд биржасига улар ҳақида ОАВда эълон босилган савдоларда иштирок этиш учун буюртманома, шунингдек бошқарувчи компаниянинг уларда фонд манфаатлари вакили бўлиш ва хусусийлаштирилаётган давлат корхоналарининг акцияларини харид қилиш ваколатини тасдиқлайдиган ишончномани юборди. Биржа қимматли қоғозлар бозорининг фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш органининг (бундан кейин - орган) фармойишини олиб, бошқарувчи компанияни аукционда иштирок этишга қўймади. Бошқарувчи компания фонд учун қимматли қоғозларни харид қила олмади. Фонд унинг ҳуқуқлари орган ва биржанинг бундай ҳаракатлари билан бузилди деб ҳисоблади ва хўжалик судига улардан етказилган зарарлар суммасини ундириш тўғрисида даъво аризаси билан мурожаат қилди.



ФОНДНИНГ ПОЗИЦИЯСИ


Орган бошқарувчи компанияни аукцион савдоларда иштирок этишдан четлатиш тўғрисида биржага асоссиз фармойиш берган. Биржа ва орган қонун талабларини бузган, чунки иштирок этиш буюртманомаси ва барча зарур ҳужжатларни фонд ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда тақдим этган эди. Фонд орган ва биржанинг айби билан акцияларни режалаштирилган ҳажмда ололмади, унинг манфаатларига риоя этилмади ва зарар етказилди.



ОРГАННИНГ ПОЗИЦИЯСИ


Бошқарувчи компанияни четлатиш тўғрисидаги фармойиш қонуний асосларда берилган: у номини ўзгартирган, қимматли қоғозлар бозорида профессионал фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқига оид лицензияни эса қайта расмийлаштирмаган. Бундан ташқари, яккабош ижроия органи ҳисобланган компания раҳбари орган томонидан берилган, бошқарувчи компаниянинг мутахассиси ёки раҳбари малака аттестатига эга эмас. Орган компанияга қимматли қоғозлар тўғрисидаги қонуннинг аниқланган бузилишларини бартараф этиш фармойишини юборди, буни бажармаганлик учун илгари берилган лицензиянинг амал қилишини ушбу ҳуқуқбузарликлар бартараф этилишига қадар тўхтатиб қўйди.

Фонднинг талаблари асоссиз.



СУДНИНГ ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРИ


Суд иш материалларини ўрганиб, тарафларнинг тушунтиришларини тинглаб, қуйидагиларни белгилади:

- биржа оммавий ахборот воситаларида тегишли эълонни жойлаштириб, қимматли қоғозларнинг аукцион савдоларини эълон қилган;

- фонд уларда иштирок этишга буюртманомани ўз вақтида тақдим этган;

- бошқарувчи компаниянинг савдоларда фонд манфаатларини кўзлаб иштирок этиши ишончнома билан тасдиқланган;

- бошқарувчи компания қимматли қоғозлар бозорида профессионал фаолиятни амалга оширишга тегишлича расмийлаштирилган лицензияга эга бўлмаган: унинг номи ўзгартирилган эди, лекин лицензияни тегишли тарзда қайта расмийлаштиришга ҳужжатлар тақдим этилмаган;

- бошқарувчи компания раҳбари малака аттестатига эга бўлмаган, уни олиш учун органга мурожаат қилмаган;

- давлат органи томонидан аниқланган ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш тўғрисида берилган фармойишни компания бажармаган, шу муносабат билан лицензиянинг амал қилиши тўхтатилган.

Қонун ҳужжатларининг қоидаларини таҳлил қилиб, суд қуйидагиларни белгилади:

- Инвестиция фондларининг бошқарувчи компанияси тўғрисида низомнинг (Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 25 сентябрдаги “Инвестиция ва хусусийлаштириш инвестиция фондларининг фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 410-сон қарорига 4-сон илова) 9-бандига мувофиқ, бошқарувчи компаниянинг ижроия органи таркибига кирадиган, уларга ишониб топширилган фондни бевосита бошқариш ҳуқуқига эга бўлган шахслар Қимматли қоғозлар бозори фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш маркази томонидан берилган бошқарувчи компаниянинг мутахассиси ёки раҳбари малака аттестатига эга бўлишлари керак;

- Қимматли қоғозлар бозорида инвестиция институтлари фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги низомнинг (Адлия вазирлиги томонидан 1999 йил 13 январда 593-сон билан рўйхатдан ўтказилган - ўз кучини йўқотган ва бугунги кунда амал қилмайди) 6.6-бандига кўра лицензияда кўрсатилган маълумотлар ўзгарган тақдирда, бошқарувчи компания 7 кун ичида қимматли қоғозлар бозорининг фаолиятини мувофиқлаштирувчи ва назорат қилувчи органни бундан хабардор қилиши шарт;

- кўрсатилган Низомнинг 6.7-бандига мувофиқ, бошқарувчи компания тўғрисидаги маълумотлар ўзгариши муносабати билан лицензия қайта расмийлаштирилганда у кўрсатилган давлат органига лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза, нотариал тасдиқланган таъсис ҳужжатларига доир ўзгартиришлар, лицензиянинг асл нусхасини тақдим этиши керак;

- Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозори фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш маркази тўғрисида низом (Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 30 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозори фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш марказининг фаолиятини ташкил этиш масалалари тўғрисида” 126-сон қарорига 3-сон илова) 7-бандининг йигирманчи хатбошисига кўра орган бошқарувчи компания томонидан берилган лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб қўйишга ҳақлидир.

Компания қимматли қоғозлар бозорининг фаолият кўрсатиши ва унда бошқарувчи компанияларнинг ишлаши тўғрисидаги қонун талабларини бузганлиги; органнинг бошқарувчи компанияни аукцион савдоларда иштирок этишдан четлатиш тўғрисидаги кўрсатмаси, шунингдек биржанинг уни қимматли қоғозлар савдосига қўймасликка доир ҳаракатлари қонун меъёрларига мувофиқлиги, фонднинг етказилган зарарларни қоплаш тўғрисидаги талаблари асоссизлиги тўғрисидаги хулосаларга келиб, биринчи инстанция суди фонднинг даъво талабларини қондиришни рад этди. Ишни қайта кўриш чоғида Олий хўжалик судининг кассация ҳайъати ушбу қарорни бекор қилиш учун асосларни топмади, биринчи инстанция судининг хулосаларини қонунга мувофиқ ва асосли деб топди.




Ш А Р Ҳ


Ушбу низо бўйича қарор қабул қилиш учун суд:

- орган томонидан бошқарувчи компанияни биржада қимматли қоғозларнинг аукцион савдоларида иштирок этишдан четлатиш тўғрисида фармойиш юборилиши;

- бошқарувчи компанияни савдода иштирок этишга қўймаган биржанинг ҳаракатлари;

- фонднинг унинг активларини бошқарадиган компанияни аукцион савдоларида иштирок этишдан четлатиш билан унга етказилган зарарларни тўлаш тўғрисидаги талаблари қонун ҳужжатларига қанчалик мувофиқлигини аниқлаши зарур эди.

Инвестиция институтларининг қимматли қоғозлар бозоридаги фаолияти Амалга ошириш учун лицензия талаб қилинадиган фаолият турлари рўйхатида (Олий Мажлиснинг 2001 йил 12 майдаги “Амалга ошириш учун лицензия талаб қилинадиган фаолият турлари рўйхати тўғрисида” 222-II-cон қарорига 1-сон илова) кўрсатилган. Бундан ташқари, қимматли қоғозлар бозорида профессионал фаолиятни амалга ошириш учун лицензия олиш талаби 1996 йил 25 апрелдаги “Қимматли қоғозлар бозорининг фаолият кўрсатиш механизми тўғрисида” 218-I-сон қонунининг 24-моддасида белгиланган.

Бошқарувчи компания ушбу Қонуннинг 3-моддасига мувофиқ инвестиция институти ҳисобланади. Низо учун асос бўлиб хизмат қилган юридик фактлар юзага келган пайтда Қимматли қоғозлар бозорида инвестиция институтлари фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги низом амал қиларди. Унинг 6.1-бандининг учинчи хатбошисига кўра инвестиция институти (мазкур ҳолда бошқарувчи компания) тўғрисида унинг лицензиясида берилган маълумотлар (инвестиция институтининг номи, ташкилий-ҳуқуқий шакли ва ҳоказо) ўзгарган тақдирда унинг лицензияси қайта расмийлаштирилиши керак. Ушбу мажбурият Қимматли қоғозлар бозори фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш маркази зиммасига юкланади. Бироқ, номланишни ўзгартириш факти тўғрисида уни хабардор қилиш мажбурияти (юридик шахснинг таъсис ҳужжатларига ўзгартиришларни рўйхатдан ўтказиш), 593-сон Низомнинг 6.6-бандига биноан бевосита лицензиатга юкланган, унга бунинг учун етти кунлик муҳлат берилган. Кўрилган низода бошқарувчи компания бу талабни бузган: тегишли билдирувни амалга оширмаган, илгари берилган лицензияни қайта расмийлаштириш учун Низомнинг 6.7-бандида кўрсатилган ҳужжатларни тақдим этмаган.

Юқорида таъкидланганидек, 593-сон Низом ўз кучини йўқотган. Бугунги кунда Қимматли қоғозлар бозорида профессионал фаолиятни (қимматли қоғозлар бозорида инвестиция институтлари фаолиятини) лицензиялаш тўғрисидаги низом (Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 9 июлдаги 308-сон қарорига 1-сон илова) амал қилмоқда. Бироқ, илгари берилган лицензияни юридик шахс - бошқарувчи компаниянинг номланиши ўзгариши муносабати билан қайта расмийлаштириш тўғрисидаги талаблар амалда сақланган. Низомнинг 31-бандига кўра номланиш ўзгарган тақдирда лицензиат қайта рўйхатдан ўтказилишдан кейин бир ҳафта ичида лицензиялаш органига лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза топшириб, унга кўрсатилган маълумотларни тасдиқлайдиган тегишли ҳужжатларни илова қилиши шарт.

Бошқарувчи компаниянинг ижроия органи таркибига кирадиган ягона шахс ҳисобланувчи унинг раҳбарида малака аттестатининг бўлиши тўғрисидаги талаб Инвестиция фондларининг бошқарувчи компанияси тўғрисидаги низомнинг 9-бандида белгиланган. Унга кўра бошқарувчи компаниянинг ижроия органи таркибига кирадиган, уларга ишониб топширилган фондни бевосита бошқаришни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган шахслар Қимматли қоғозлар бозори фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш маркази томонидан берилган бошқарувчи компаниянинг мутахассиси ёки раҳбари малака аттестатига ҳам эга бўлишлари керак. Мазкур талаб тегишли ҳолларда бошқарувчи компаниянинг раҳбарига қўйиладиган малака талаби ҳисобланади.

Бунинг устига, Қимматли қоғозлар билан операцияларни амалга ошириш ҳуқуқини олиш учун жисмоний шахсларни аттестация (қайта аттестация)дан ўтказиш тўғрисида низомнинг (Адлия вазирлиги томонидан 1999 йил 3 мартда 660-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 1.3-бандига кўра инвестиция институтларида раҳбар сифатида ишлашга талабгор бўлган жисмоний шахслар мажбурий аттестациядан ўтказилиши керак. 1.2-банднинг бешинчи хатбошисига кўра эса инвестиция институтининг (шу жумладан, бошқарувчи компаниянинг) раҳбари мазкур лавозимга тайинланган (сайланган) санадан бошлаб бир ойдан кечиктирмай Қимматли қоғозлар бозори фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш маркази (қимматли қоғоз билан операцияларни амалга ошириш ҳуқуқига жисмоний шахсларни аттестация (қайта аттестация) қилиш бўйича давлат томонидан ваколат берилган орган)га ҳужжатларни тақдим этиши шарт.

Иш материалларидан кўринадики, орган бошқарувчи компанияга юридик шахснинг номланиши ўзгариши муносабати билан унга илгари берилган лицензияни қайта расмийлаштириш, шунингдек раҳбар томонидан малака аттестатининг олиниши тўғрисида фармойиш юборган. ДМҚ ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозори фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш маркази тўғрисидаги низомнинг 3-бандига кўра ушбу органнинг унинг ваколатлари доирасида қабул қилинган қарорлари давлат ва маҳаллий бошқарув органлари, мулкчилик шаклидан қатъи назар хўжалик бирлашмалари, корхоналар ва ташкилотлар, шунингдек Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва хорижий давлатлар фуқаролари томонидан ижро этиш учун мажбурий ҳисобланади. Бироқ, на бошқарувчи компания, на унинг раҳбари фармойишни белгиланган муддатда бажармаган.

Қисқаси, кўрилган низода бошқарувчи компания (унинг раҳбари) томонидан қимматли қоғозлар тўғрисидаги қонунлар уч маротаба бузилган: лицензия қайта расмийлаштирилмаган; раҳбарда малака аттестати бўлмаган; ваколатли давлат органи томонидан берилган, кўрсатилган қонунбузарликларни бартараф этиш тўғрисидаги фармойиш бажарилмаган.

2000 йил 25 майдаги “Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида” 71-II-сон қонуннинг 22-моддасига мувофиқ, лицензиялаш органлари лицензиат томонидан лицензия битимида назарда тутилган лицензия талаблари ва шартлари бузилганлиги аниқланган, лицензиат томонидан лицензиялаш органларининг лицензиатни аниқланган қонунбузарликни бартараф этишга мажбур этадиган қарорлари бажарилмаган ҳолларда лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб қўя оладилар.

ДМҚ ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозори фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш маркази тўғрисидаги низом 7-бандининг йигирманчи хатбошисига кўра, қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчилари томонидан қимматли қоғозлар тўғрисидаги қонунлар бир неча маротаба бузилган ҳолларда марказ инвестиция институтлари сифатида қимматли қоғозлар билан фаолиятни амалга оширишга берилган лицензияни тўхтатиб қўйиш ёки бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақлидир.

Унинг бошқарувчи компаниясини аукцион савдоларига қўймаслик сабабли хусусийлаштириш инвестиция фондига етказилган зарарларни қоплашга келсак, Фуқаролик кодексининг 15-моддасига кўра давлат юридик шахсга унинг органлари ҳаракатлари билан етказилган зарарларни фақат ушбу ҳаракатлар қонунга мувофиқ келмаган тақдирдагина қоплашга мажбурдир. Кўрилган ишда органнинг ҳаракатлари тамомила қонунга мувофиқ эди. Биржа ҳам қонунларни бузмаган. Келтирилган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қоидаларига асосланиб, суд қимматли қоғозлар бозори фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш органининг бошқарувчи компанияни қимматли қоғозлар олди-сотдиси бўйича аукцион савдоларда иштирок этишдан четлатиш тўғрисидаги фармойиши бобида ҳаракатларини, шунингдек биржанинг ҳаракатларини қонунга мувофиқ деб топди ва фонднинг талабларини қондиришни рад этди.

Асоссиз харажатлар ва зарарларга йўл қўймаслик учун субъектлар бирор-бир ҳаракатларни амалга оширишни (масалан, қимматли қоғозларни харид қилиш ёки сотишни) топширадиган ўз контрагентларига кўпроқ эътиборли бўлишлари ва қонун талаб қиладиган ҳужжатлар ва уларни амалга ошириш шартлари шартноманинг иккинчи тарафи томонидан тўлиқ ҳажмда бажарилганига ишонч ҳосил қилишлари керак.



Мазкур материал Германия техник ҳамкорлик жамияти

кўрсатаётган техник мадад туфайли амалга оширилган









Время: 0.0284
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск