ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Хўжалик судларининг айрим ишлар бўйича суд ҳужжатлари (ҳал қилув қарорлари, қарорлари) баёни / Кассация инстанцияси қарорлари шарҳлар билан / Бошқа масалалар /

Нотўғри реклама тарқатганлик учун жарима солиш тўғрисида монополияга қарши органнинг қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги низо бўйича

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

НОТЎҒРИ РЕКЛАМА ТАРКАТГАНЛИК

УЧУН ЖАРИМА СОЛИШ ТЎҒРИСИДА

МОНОПОЛИЯГА ҚАРШИ ОРГАННИНГ

ҚАРОРИНИ ҲАҚИҚИЙ ЭМАС ДЕБ ТОПИШ

ҲАКИДАГИ НИЗО БЎЙИЧА



ИШНИНГ МОҲИЯТИ


Тошкент шаҳар Хўжалик судига юридик шахс (бундан кейин - фирма) мурожаат қилиб, Тошкент шаҳар Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш бошқармаси (бундан кейин - давлат органи)нинг реклама ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жарима жазосини қўллаш тўғрисидаги қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида ариза берди. Низонинг моҳияти қуйидагидан иборат эди. Фирма концерт тадбирларининг ташкилотчиси ҳисобланган. Уларни ўтказиш тўғрисидаги реклама эълонларида ашулачилар эстрада асарларини “жонли овозда” ижро этишлари кўрсатилган. Мониторинг пайтида давлат органи фонограммадан фойдаланиш ҳолатини аниқлаган ва реклама ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жарима жазосини қўллаш тўғрисида қарор қабул қилган. Фирма масалани бундай қўйишга қатъиян қарши бўлган.



ФИРМАНИНГ ПОЗИЦИЯСИ


Фирма вакиллари ўз талабларини асослашда давлат органи қонун ҳужжатларини бузиш тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган текширувнинг рақамли далолатномасини тузмаганлигини ва бу билан Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун давлат монополияга қарши органи томонидан хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан жарималар қўллаш Тартибининг 6-банди (Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 26 августдаги “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганлиги учун монополияга қарши фаолиятни амалга оширувчи давлат органи томонидан солинадиган жарималарни хўжалик юритувчи субъектларга  қўллаш тартибини тасдиқлаш ҳақида” 370-сон қарорига илова) талабларини бузганлигини кўрсатдилар. Фонограммадан ижрочининг касаллиги муносабати билан, арзимас ҳажмда фойдаланилган ва уни қўллаш нияти ҳақида реклама тарқатувчиларга тегишли хат юборилган. Бундан ташқари, реклама тўғрисидаги ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш  қонун ҳужжатларини бузганлик учун жарима чораларини қўллаш тўғрисидаги қарорни ҳудудий бошқарма эмас, балки бевосита Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси қабул қилади.



ДАВЛАТ ОРГАНИНИНГ ПОЗИЦИЯСИ


Бошқарма вакиллари даъвогарнинг важларига қарши эътироз билдириб, фирма томошабинларни концерт тадбирига жалб этиш учун нотўғри реклама берган: реклама материалида ижро “жонли овоз”да амалга оширилиши кўрсатилган, ҳақиқатда эса фонограмма ишлатилган. Шу тариқа, фуқаролар нотўғри реклама билан чалғитилган, бу билан уларга маънавий ва моддий зарар етказилган.



СУДНИНГ ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРИ


Суд тарафларнинг тушунтиришларини тинглаб ва иш материалларини ўрганиб, қуйидаги хулосаларга келди:

- концерт тадбирини ўтказиш тўғрисидаги реклама материалида ашулалар “жонли овоз” билан ижро этилиши қайд этилган эди, ҳолбуки ҳақиқатда фонограммадан фойдаланилган. Шу тариқа, 1998 йил 25 декабрдаги 723-I-сон “Реклама тўғрисида”ги қонуннинг 13-моддасини бузган ҳолда нотўғри реклама тарқатилган. Фонограммадан фойдаланиш ҳажми мазкур ҳолда аҳамиятга эга эмас;

- реклама тарқатувчиларга фонограммадан фойдаланиш мумкинлиги кўрсатилган ҳолда реклама материаллари мазмунини ўзгартириш тўғрисида фақат қисман хабар қилинган;

- даъвогарнинг давлат органи текширувнинг рақамли далолатномасини тузмади ва бу билан қонунни бузди деган важини суд инобатга олмади, чунки мазкур ҳолда текширув ўтказилмаган, балки “Реклама тўғрисида”ги қонун талабларига риоя этиш устидан мониторинггина амалга оширилган;

- мазкур ҳолда жарима чораларини қўллаш тўғрисидаги қарорни ҳудудий бош-қарма эмас, балки бевосита монополияга қарши қўмита қабул қилиши кераклиги хусусидаги важни ҳам суд инобатга олмади, чунки қўмитанинг жазо чораларини қўллаш тўғрисида розилиги олинган, бу тегишли хат билан тасдиқланади.

Шу тариқа, суд фирманинг талабларини қондиришни рад этди ва давлат органи томонидан жарима чорасини қўллаш тўғрисида қабул қилинган қарорни қонуний деб топди.

Фирма бундай ҳал қилув қарорига рози бўлмади ва апелляция шикояти берди. Тошкент шаҳар Хўжалик судининг суд ҳайъати биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори тўғрилигини тасдиқлади. Фирма Олий хўжалик судига аввалги далолатномаларни бекор қилиш илтимоси билан кассация шикояти берди. ОХС суд ҳайъати аввалги далолатномаларнинг  қонунийлигини кўрсатиб, уларни ўзгартиришсиз қолдирди.



Ш А Р Ҳ


“Реклама тўғрисида”ги қонуннинг 6-моддаси рекламага доир асосий талаблар қаторида аниқлик ва ишончлиликни белгилайди.

Кўрсатилган Қонуннинг 13-моддасига мувофиқ, ноаниқлиги, икки хил маънони англатиши, бўрттириб юбориши, яшириб кетиши оқибатида, рекламани тарқатиш вақти, жойи ва усулига нисбатан қўйилган талабларни ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа талабларни бузиши натижасида рекламадан фойдаланувчиларни чалғитувчи ёки чалғитиши мумкин бўлган, шахсларга, шунингдек давлатга зарар ва маънавий зарар етказиши мумкин бўлган реклама нотўғри (инсофсиз, билатуриб ёлғон) реклама ҳисобланади.

Тадбиркорлик тузилмалари рекламани тарқатиш чоғида шуни ҳисобга олишлари лозимки, нотўғри реклама тақиқланган ва уни тарқатганлик учун реклама берувчи (реклама тайёрловчи ва тарқатувчи) юридик шахслар энг кам иш ҳақининг юз бараваридан беш юз бараваригача миқдорда жаримага тортилиши мумкин (жарима миқдорлари “Реклама тўғрисида”ги қонуннинг 29-моддасида кўрсатилган).

Рекламани нотўғри деб топиш бўйича ваколатлар, “Реклама тўғрисида”ги қонун 13-моддасининг 3-қисмига кўра, Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ва унинг ҳудудий органлари зиммасига юкланади. Бунда, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун давлат монополияга қарши органи томонидан хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан жарималар қўллаш тартибининг 5-бандига кўра, ҳудудий органларнинг бошлиқлари нотўғри реклама тарқатганлик учун жарималар қўллаш масаласини монополияга қарши қўмитанинг раиси ва унинг ўринбосарлари билан келишиб олишлари шарт. Бунда шуни ҳисобга олиш жоизки, кўрсатилган Тартибнинг 6-бандига кўра, қуйидагилар қарор қабул қилиш ва тегишлича, жарима чоралари қўллаш учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкин:

- натижалари бўйича далолатномалар тузиладиган ўз текширувларининг материаллари;

- монополияга қарши қўмита ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан улар ваколатларининг ҳажмига мувофиқ ўтказиладиган мониторинглар материаллари, уларнинг натижалари текширувлар учун белгиланган тартибда рақамли далолатномалар билан қайд этилиши шарт эмас, балки “аниқланган қонунбузарликлар тўғрисида ахборот” тузиш кифоядир;

- истеъмолчилар, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари, оммавий ахборот воситалари, хўжалик юритувчи субъектлар, давлат бошқарув органлари, жойлардаги давлат ҳокимияти органларининг аризалари, булардан сўнг, одатда, текширув ёки мониторинг ўтказилади.

Бунда театр-томоша тадбирларини ўтказиш ва реклама қилиш пайтида (кўриб чиқилган ишдагидек) “Реклама тўғрисида”ги қонун талабларидан ташқари, Театр-концерт тадбирларини ўтказишда фонограммадан фойдаланиш тўғрисида маълумотни тақдим этиш қоидалари (Адлия вазирлиги томонидан 2002 йил 16 ноябрда 1188-сон билан рўйхатдан ўтказилган Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш қўмитаси раисининг буйруғи билан тасдиқланган) ҳам ҳисобга олиниши керак. Қоидаларнинг 2-бандида айтилишича, театр-концерт тадбирларининг ташкилотчилари истеъмолчиларга фонограммадан фойдаланган ҳолда мусиқий асарлар ижроси ҳақида ўз вақтида хабар қилишлари шарт.

Кўрсатилган Қоидаларнинг 3 ва 4-бандларига мувофиқ, фонограммадан фойдаланиш тўғрисидаги хабарда “фонограммада ижро этилади” сўзлари бўлиши керак, шунингдек ундан фойдаланиш шакли (усуллари) кўрсатилиши мумкин. Бу кўрсатма театр-концерт тадбирининг рекламаси, эълонлари, анонслари, афишалари, дастурларида реклама, эълон, анонс, афиша, дастур тайёрланган тилда жойлаштирилади.

Театр-томоша (шу жумладан концерт) тадбирлари рекламасида фонограммадан фойдаланиш кўрсатилмаган, бироқ у қўлланиши мумкинлиги тўғрисида хавфсирашлар юзага келган ҳолларда, қонун ҳужжатларини бузишларга йўл қўймаслик учун, истеъмолчиларни тезкор тартибда хабардор қилиб, реклама тарқатувчиларга бундай фойдаланишнинг мумкинлиги тўғрисида тегишли хабар юборилиши зарур.

Хўжалик суди томонидан кўрилган ишда фирма фонограммадан фойдаланиш бобида театр-томоша тадбирларининг рекламасини тарқатиш тўғрисида санаб ўтилган талабларни бузган, бу эса қонун ҳужжатларининг қоидаларига мувофиқ унга нисбатан жарима чораларини қўллашга олиб келди.



Мазкур материал Германия техник ҳамкорлик жамияти

кўрсатаётган техник мадад туфайли амалга оширилган











Время: 0.0190
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск