язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Суд ҳужжатлари/ Хўжалик судларининг айрим ишлар бўйича суд ҳужжатлари (ҳал қилув қарорлари, қарорлари) баёни/ Раёсат қарорлари/ Процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилишига йўл қўйилган ишлар/ Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Раёсатининг 29.12.2005 й. Р N 100-сонли Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИ

РАЁСАТИНИНГ

ҚАРОРИ

29.12.2005 й.

Р N 100


(КЎЧИРМА)

Айни бир шахслар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори бўлса, хўжалик суди иш юритишни тугатади.


Даъвогар - "Айир Тау" кичик корхонаси хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, Республика "Халқ банки" Зарафшон ва Учқудуқ бўлимларидан 9558533 сўм асосий қарз, 35175313 сўм пеня, 134290 сўм экспертиза харажатлари, илгари кўрилган иш бўйича ундирилган 3755739 сўмни олиб ташлаб, 41112405 сўм ундиришни сўраган.

Хўжалик судининг ҳал қилув қарори билан даъво қисман қаноатлантирилиб, жавобгардан 3439838 сўм асосий қарз, 76149 сўм зарар, жами - 3515987 сўм ундирилган, даъвонинг қолган қисми рад этилган.

Апелляция, кассация инстанцияларининг қарорлари билан биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

Протестда суд қарорларини бекор қилиб, иш юритишни тугатиш сўралган.

Раёсат иш ҳужжатларини ва протестда келтирилган важларни ўрганиб чиқиб, қуйидагиларга асосан протестни қаноатлантиришни лозим деб ҳисоблайди.

Иш ҳужжатларидан аниқланишича, тарафлар ўртасида 2001 йил 7 июлда тузилган пудрат шартномасига кўра даъвогар - пудратчи "Айир Тау" корхонаси Учқудуқ шаҳридаги "Халқ банки" биносини мукаммал таъмирлаш ишларини бажариш, жавобгар эса бажариладиган ишлар ҳақининг 15 фоизини олдиндан бўнак пули сифатида тўлаб, қолганини ишлар бажарилганлиги ҳақидаги далолатномалар имзоланганидан кейин тўлаб бериш мажбуриятини олишган.

Жавобгар ўз шартномавий мажбуриятларини тўлиқ бажармаганлиги боис, вилоят хўжалик судининг 21-0204-156-сонли иши бўйича 2002 йил 5 августдаги ҳал қилув қарори билан ундан даъвогар фойдасига 2503826 сўм асосий қарз, 1251913 сўм пеня, жами - 3755739 сўм ундирилган.

21-0204-156-сонли ишни кўриш жараёнида тарафлар иштирокида ўтказилган назорат ўлчови натижаларига кўра бажарилган ишлар қиймати (материаллар қиймати билан бирга) 2503826 сўмни ташкил этганлиги аниқланган. Даъвогар смета 1984 йил нархларида тузилиб, ишлар қиймати 1991 йил нархларида ҳисобланганлиги ва СК 80,59 индекси қўлланилганлигидан норози бўлиб, далолатномани имзолашдан воз кечган бўлса-да, ҳал қилув қарори мазкур назорат ўлчови далолатномаси асосида қабул қилинган. Даъвогар ушбу ҳал қилув қароридан норози бўлиб, апелляция ёки кассация тартибида шикоят қилмаган.

Шунга қарамасдан, мазкур хўжалик иши бўйича даъвогар худди шу шартнома юзасидан бажарилган низоли ишлар қийматини қайтадан 2003 йил 20 декабрда экспертизадан ўтказиб, 1991 йил нархларида СК-144,77 индексини қўллаган ҳолда асосий қарзни 9558533 сўм, пеняни 35175313 сўм, экспертиза харажатларини 134298 сўм деб, жами - 44868144 сўм ҳисоблаб ва ундан муқаддам 21-0204-156-сонли иш бўйича ундирилган 3755739 сўмни айирган ҳолда, жами 41112405 сўм ундиришни сўраган.

Судлар томонидан даъвони қисман қаноатлантиришда муқаддам 21-0204-156-сонли иш бўйича қабул қилинган суд қарори қайтадан муҳокама қилинган. Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси ХПК 60-моддаси иккинчи қисмининг талабига кўра хўжалик судининг илгари кўрилган иши бўйича қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори билан аниқланган ҳолатлар худди шу шахслар иштирокидаги бошқа ишни кўришда янгидан исбот қилинмайди.

Даъвогар даъво талабларига 2002 йил 30 октябрда бажарилган ишларни топшириш-қабул қилиш далолатномаси жавобгар томонидан ҳамда ҳайъат иштирокида имзоланганлигини асос қилиб келтирган. Суд ушбу бажарилган ишлар суднинг 21-0204-156-сонли иши бўйича ҳал қилув қарори қабул қилингандан кейин амалга оширилган деган хулосага келиб, даъвони қисман қаноатлантирган.

Ваҳоланки, 2002 йил 30 октябрдаги далолатномада қайд этилган ишлар ҳажми аввал тарафлар ўртасида кўрилган ишда мавжуд бўлган далолатномаларда ҳам акс эттирилган. Тарафлар фақат ишлар ҳажмини кейинчалик ўзлари ўлчовдан ўтказиб, янги далолатнома тузишган. Ушбу ҳолат янги даъво тақдим этиш учун асос ҳисобланмайди. Бироқ, суд процессуал ҳуқуқ нормаларини нотўғри қўллаб, ишни мазмунан кўрган. Кассация инстанцияси ҳам биринчи инстанция суди томонидан ушбу хатоликка йўл қўйилганлигини инобатга олмасдан, асоссиз равишда ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдирган.

Хўжалик процессуал кодекси 86-моддасининг 2-бандига биноан айни бир шахслар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори мавжуд бўлса, хўжалик суди иш юритишни тугатиши белгиланган.

Даъво аризасида кўрсатилган талаб билан даъвогар ХПКнинг 204-208-моддаларида белгиланган тартибда хўжалик судига 21-0204-156-сонли ишни янги очилган ҳолатлар бўйича кўриб чиқиш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилишга ҳақли.

Қайд этилганларга асосан, Раёсат вилоят хўжалик судининг ҳал қилув қарори, апелляция ва кассация инстанциясининг қарорларини бекор қилиш ва иш юритишни тугатиш лозим деб топди.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2006 йил, 4-сон