язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Суд ҳужжатлари/ Хўжалик судларининг айрим ишлар бўйича суд ҳужжатлари (ҳал қилув қарорлари, қарорлари) баёни/ Раёсат қарорлари/ Кредит, кафиллик ва гаров шартномалари билан боғлиқ низолар/ Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Раёсатининг 08.06.2006 й. Р N 65-сон Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИ РАЁСАТИ

ҚАРОРИ

08.06.2006 й.

N Р 65



(Кўчирма)



Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, "Нуротамармар" хусусий корхонаси, Нурота шаҳар "Машина-трактор парки" АЖ ва Нурота туман ҳокимлигидан 1353324,98 АҚШ доллари миқдоридаги кредит суммаси ва фоизларидан бўлган қарзларини гаровга қўйилган мол-мулклари ҳисобидан ундиришни сўраган.

Навоий вилоят хўжалик судининг 2002 йил 23 апрелдаги ҳал қилув қарорига асосан даъвоси қисман қаноатлантирилиб, "Нуротамармар" хусусий корхонасининг 1998 йил 29 апрелдаги ипотека ва гаров шартномаларига асосан гаровга қўйилган кўчмас мулклари ва жиҳозлари ҳисобидан 326250 АҚШ доллари миқдорида муддати ўтган кредит қарзи, 121606,03 АҚШ доллари миқдорида фоизлари, 40112,45 АҚШ доллари миқдорида муддати ўтган қарзларига ҳисобланган пеня суммалари ундирилган. Даъвонинг 865356,5 АҚШ доллари миқдорида кредит қарзини муддатидан олдин ундириш қисми рад этилган. Нурота шаҳар "Машина-трактор парки" АЖ ва Нурота туман ҳокимлиги жавобгарликдан озод этилган.

Иш апелляция инстанциясида кўрилмаган.

Олий хўжалик суди кассация инстанциясининг 2002 йил 6 августдаги қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

Олий хўжалик суди Раёсатининг 2004 йил 5 февралдаги Р 12-сонли қарори билан иш бўйича қабул қилинган қарорлар бекор қилиниб, иш янгидан кўриш учун Тошкент вилоят хўжалик судига юборилган.

Ишни янгидан кўришда Ўзбекистон Республикаси ТИФ Миллий банки қўшимча даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар - "Нуротамармар" хусусий корхонаси, қўшимча жавобгарлар Нурота шаҳар "Машина-трактор парки" ОАЖ, Нурота туман ҳокимлиги, Нурота касб-ҳунар коллежининг гаровга қўйилган мулклари ҳисобидан 1535303,90 АҚШ долларини ундириб беришни сўраган.

Тошкент вилоят хўжалик суди ишни биринчи инстанцияда янгидан кўриб чиқиб, 2004 йил 18 майдаги ҳал қилув қарори билан даъвони қисман қаноатлантириб, "Нуротамармар" хусусий корхонасининг ҳисоб рақамидан ТИФ Миллий банки фойдасига 985921,47 АҚШ доллари миқдорида асосий қарз бўйича муддати ўтган қарздорликнинг қолдиғи, 95618,52 АҚШ доллари миқдорида ўтказиб юборилган кредит фоизи, 273685,86 АҚШ доллари миқдорида асосий қарз, фоиз ва комиссия тўлов муддатини ўтказиб юборганлик учун фоиз, жами 1355225,85 АҚШ доллари, 9403301 сўм давлат божи ва 1000 сўм почта харажатлари ундирган. Даъвонинг кредит суммасини қўшимча жавобгарлар - Нурота шаҳар "Машина-трактор парки" АЖ, Нурота туман ҳокимлиги, Нурота касб-ҳунар коллежининг гаровга қўйилган мол-мулкидан ундириш қисми рад этилган.

Иш апелляция ва кассация инстанцияларида кўрилмаган. Олий хўжалик суди раисининг ўринбосари томонидан келтирилган протестда ҳал қилув қарорини ўзгартириб, даъвогарнинг даъво талабларини "Нуротамармар" хусусий корхонасининг гаровга қўйилган ва бошқа мол-мулки ва Нурота шаҳар "Машина-трактор парки" АЖнинг гаровга қўйилган мол-мулки ҳисобидан тўлиқ қаноатлантириш масаласи қўйилган.

Раёсат иш бўйича судья маърузасини, Бош прокурор ўринбосарининг протестни қувватлаши тўғрисидаги фикрини эшитиб, иш ҳужжатларини ва протестда келтирилган важларни ўрганиб чиқиб, қуйидагиларга асосан протестни қаноатлантириш лозим деб ҳисоблайди.

Иш ҳужжатларига кўра, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки ва "Нуротамармар" хусусий корхонаси ўртасида 1998 йил 23 апрелда Ц-3/О8-2012-сонли кредит шартномаси тузилган. Шартномага кўра, "Нуротамармар" хусусий корхонасининг мармар плиталар ишлаб чиқариш бўйича асбоб-ускуналар етказиб бериш ҳақидаги чет эллик ҳамкорлар билан тузилган контрактини молиялаштириш мақсадида банк томонидан корхонага 1190000 АҚШ доллари миқдорида кредит берилган. Кредит молиялаштириш очилган кундан бошлаб, 15 ойлик имтиёзли даврни ўз ичига олган ҳолда 6 йилу 3 ой муддатга ЛИБОР фоиз ставкаси, шунингдек ТИФ Миллий банкига 5,21 фоиз ставкаси тўлаш шарти билан берилган.

"Нуротамармар" хусусий корхонаси Ирландиянинг "Интернейшнл Стоун Машинери" фирмаси билан мармар плиталарни ишлаб чиқариш технологияси учун асбоб-ускуналарни етказиб бериш бўйича ISМ-сонли контракт тузган. Республика ТИФ Миллий банки томонидан кредит шартномаси бўйича мажбуриятлар бажарилиб, 1190000 АҚШ доллари миқдорида контракт бўйича тўловлар амалга оширилган, яъни 1998 йил 22 майда ТИФ Миллий банки томонидан Ирландиянинг "Интернейшнл Стоун Машинери" фирмасига кредит суммасининг 15 фоизи миқдорида 178500 АҚШ доллари аванс тўлови сифатида ўтказиб берилган, қолган 85 фоиз ҳисобига 1998 йил 18 августда 910350 АҚШ доллари, 1998 йил 30 ноябрда 101150 АҚШ доллари ўтказиб берилган.

Республика ТИФ Миллий банки кредит комитети мажлисининг 99-96 (ЦА) сонли баённомасига асосан кредит шартномасига 1999 йил 30 декабрда 1-сонли, кредит комитети мажлисининг 2000-49 ЦА-сонли баённомасига асосан 2000 йил 29 декабрда 2-сонли қўшимчалар киритилган. Қўшимчаларга кўра, жавобгар томонидан 2000 йилнинг 8 январида тўланиши лозим бўлган кредит фоизлари 2000 йилнинг 8 февралига, 2000 йилнинг 8 июлида тўланиши лозим бўлган кредит фоизлари 2000 йил 8 августига кўчирилган. Иккинчи қўшимчада кредит бўйича ҳисобланган, бироқ тўланмаган кредит фоизларини тўлаш муддати 2000 йил 8 августдан 2001 йил 8 февралгача кечиктирилган. 2000 йил 29 декабрдаги 2-сонли қўшимчага кўра жавобгар олинган кредит бўйича асосий сумманинг 88750 АҚШ долларини 2001 йил 8 февралда, 108750 АҚШ долларини 2001 йил августда, 128750 АҚШ долларини 2002 йил 8 февралда ва қолган қисмини эса ҳар 6 ойда белгиланган муддатларда қайтариш мажбуриятини олган.

Жавобгар томонидан кредит ва унинг фоизларини қайтариш муддатлари бузилиб, 2001 йил 8 февралда қайтарилиши лозим бўлган 88750 АҚШ доллари белгиланган муддатда қайтарилмаган. Кредит бўйича асосий қарз суммасини қайтаришнинг 2001 йил 8 августдаги иккинчи ва 2002 йил 8 февралдаги учинчи муддатлари ҳам бузилган.

Жавобгарнинг кредит бўйича қарздорлиги 2004 йил 22 март ҳолатига 985921,47 АҚШ доллари миқдорида асосий қарз, 178500 АҚШ доллари миқдорида муддати ўтмаган асосий қарз, 95618,52 АҚШ доллари миқдорида муддати ўтган кредит фоизи, 273685,86 АҚШ доллари миқдорида асосий қарзнинг муддати ўтказиб юборилганлиги учун ҳисобланган фоиз ва комиссия тўловлари, 1336,75 АҚШ доллари миқдорида муддати келмаган асосий қарз учун фоизлар, 241,3 АҚШ доллари миқдорида кредитни муддатидан олдин ундириш учун комиссия тўловлари, жами 1535303,90 АҚШ доллари миқдорида қарздорлиги мавжуд бўлган.

Биринчи инстанция суди ҳал қилув қарорида Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 736-моддаси 2-қисмига "агар қарз шартномасида қарзни қисмлаб (бўлиб-бўлиб) қайтариш назарда тутилган бўлса, қарз олувчи қарзнинг навбатдаги қисмини қайтариш учун белгиланган муддатни бузган тақдирда, қарз берувчи қарзнинг қолган барча суммасини тегишли фоизлар билан бирга муддатидан олдин қайтаришни талаб қилишга ҳақли, деб ҳавола этган бўлса-да, аммо қонуннинг ушбу талабларини бузган ҳолда 178500 АҚШ доллари миқдоридаги муддати келмаган асосий қарз, 1336,75 АҚШ доллари миқдоридаги муддати келмаган қарз учун ҳисобланган фоиз ҳамда 241,3 АҚШ доллари миқдорида кредитни муддатидан олдин ундириш учун комиссия тўловларини ундиришни асоссиз равишда рад этган. Шунингдек ҳал қилув қарорида банк томонидан "Тижорат банкларининг кредитлар бўйича фоизларни ўстирмаслик сиёсати тўғрисида"ги Низомнинг амал қилмаган деган асос билан ушбу қоидани қўллаш ҳақидаги жавобгарнинг важларини асоссиз равишда қабул қилган.

Биринчи инстанция суди томонидан кредит шартномасининг таъминоти сифатида Республика ТИФ Миллий банки билан Нурота шаҳар "Машина-трактор парки" АЖ ўртасида тузилган гаров шартномаларининг нотариал гувоҳлантирилган ҳолда қонуний тузилганлиги, гаров шартномаларини бекор қилиш тўғрисида хўжалик судига мурожаат қилинмаганлиги ҳамда шартномаларни бекор қилиш сўралмаганлиги таъкидлангани ҳолда, ундирувни қўшимча жавобгарларнинг гаровга қўйилган мулкларига қаратиш ҳақидаги талабни асоссиз равишда тўлиқ рад этган.

Мазкур ҳолатда биринчи инстанция судининг қарорида баён қилинган хулосаларнинг иш ҳолатларига мувофиқ бўлмаганлиги, моддий ҳуқуқ нормалари нотўғри қўлланилганлиги сабабли, низо бўйича қабул қилинган ҳал қилув қарорини ўзгартириб, даъво талабларини қаноатлантириш, давлат божи тўловларини жавобгар зиммасига юклаш лозим бўлади.

Суд томонидан "Нуротамармар" хусусий корхонаси кредит маблағларини мақсадли сарфлаганлиги, корхонада 3 сменада иш ташкил қилиниб, мармар маҳсулотлари ишлаб чиқарилаётганлиги, кредитдан қарзларини тўлашга корхонанинг имкониятлари мавжудлигини инобатга олиб, кредитдан бўлган қарзларини гаровга қўйилган мулкларига қаратмасдан, "Нуротамармар" хусусий корхонасининг ҳисоб рақамидан ундириш лозим деб ҳисобланиб, даъвогар - Республика ТИФ Миллий банкининг "Гаров тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан кафолатланган ҳуқуқларининг бузилишига йўл қўйилган.

Нурота касб-ҳунар коллежи мулклари давлат мулки ҳисобланиб, таълим муассасалари "Таълим тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 31-моддасига асосан Республика ва маҳаллий бюджет маблағларидан ҳамда бюджетдан ташқари жамғармалар ҳисобидан молиялаштирилиши белгиланган. Нурота касб-ҳунар коллежининг мулклари тегишли давлат органларининг рухсатисиз гаровга қўйилган. Шунинг учун касб-ҳунар коллежи мулкларини қонунга зид равишда гаровга қўйилганлиги сабабли ундирувни бу мулкларга қаратиш талаби асосли рад этилган.

Қайд этилганларга асосан, Раёсат ушбу иш бўйича қабул қилинган Тошкент вилоят хўжалик судининг 2004 йил 18 майдаги ҳал қилув қарорини ўзгартириб, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банкининг даъво талабларини қаноатлантириш, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки фойдасига "Нуротамармар" хусусий корхонасининг ва Нурота шаҳар "Машина-трактор парки"нинг гаровга қўйилган мол-мулки ҳисобидан 153530390 АҚШ доллари ундириш, "Нуротамармар" хусусий корхонасидан 1534308 сўм давлат божини Республика бюджетига ва судлар ҳамда адлия органларини ривожлантириш жамғармасига ундириш ҳақида қарор қабул қилади.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2007 йил, 6-сон