язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Суд ҳужжатлари/ Хўжалик судларининг айрим ишлар бўйича суд ҳужжатлари (ҳал қилув қарорлари, қарорлари) баёни/ Раёсат қарорлари/ Кредит, кафиллик ва гаров шартномалари билан боғлиқ низолар/ Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Раёсатининг 23.02.2006 й. Р N 22-сон Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИ РАЁСАТИ

ҚАРОРИ

23.02.2006 й.

N Р 22



(Кўчирма)



"Матлуботсавдо" акциядорлик жамияти хўжалик судига мурожаат қилиб, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки Андижон вилоят бўлими ва "Оби-нон" акциядорлик жамиятига нисбатан тарафлар ўртасида 1999 йил 6 апрелда тузилган 28-сонли ипотека шартномасини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.

Андижон вилоят хўжалик судининг 2005 йил 10 февралдаги ҳал қилув қарори билан даъво талаблари қаноатлантирилган.

Иш апелляция инстанциясида кўрилмаган.

Кассация инстанциясининг 2005 йил 8 августдаги қарори билан ҳал қилув қарори бекор қилиниб, даъвони рад қилиш тўғрисида янги қарор қабул қилинган.

Бош прокурор ўринбосари томонидан келтирилган протестда мазкур иш бўйича қабул қилинган суд қарорларини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун юбориш сўралган.

Раёсат судьянинг маърузасини, Бош прокурор ўринбосарининг протестни қувватлаш ҳақидаги фикрини, тарафлар вакилларининг тушунтиришларини эшитиб, протест важларини муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра протестни қаноатлантирмасликни лозим деб ҳисоблайди.

Иш ҳужжатларидан кўринишича, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки билан "Оби-нон" акциядорлик жамияти ўртасида 1999 йил 21 январда тузилган Ц-3/09-2054-сонли кредит шартномасига асосан банк томонидан жамиятга шоколадли вафли ишлаб чиқариш ускунасини сотиб олиш учун 1200000 АҚШ доллари миқдорида Libor + 2,48 йиллик фоиз билан 6 йил муддатга кредит берилган.

Кредит шартномаси бўйича мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки Андижон вилояти бўлими билан "Матлуботсавдо" акциядорлик компанияси ўртасида компанияга қарашли бинони гаровга қўйиш юзасидан 1999 йил 6 апрелда 28-сонли ипотека шартномаси тузилган.

Кассация инстанцияси суди ипотека шартномаси амалдаги қонун талабларига риоя қилинган ҳолда тўғри тузилган деб, даъвони асосли равишда рад қилган.

Протестда биринчи инстанция суди томонидан иш жавобгар суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли равишда хабардор қилинмаган ҳолда, унинг иштирокисиз кўриб ҳал этилган ва Ўзбекистон Республикаси ХПКнинг 124-моддаси талаблари бузилган, бу эса ХПКнинг 188-моддаси 3-қисмига мувофиқ суд қарорини бекор қилиш учун асос бўлади, деган важ келтирилган.

Жавобгарнинг кассация шикояти бўйича иш қайта кўрилиб, кассация инстанцияси суди томонидан шикоятда келтирилган важларга ҳуқуқий баҳо берилган ҳолда янги даллилар қабул қилинмасдан, иш ҳужжатларидаги мавжуд далиллар асосида қарор қабул қилинган. Ўзбекистон Республикаси ХПКнинг 200-моддаси 2-қисмига кўра, хўжалик судининг мазмунан тўғри бўлган ҳал қилув қарори, қарори юзаки асослар бўйичагина бекор қилиниши мумкин эмас.

Бундан ташқари, протестда банк ва "Оби-нон" акциядорлик жамияти мансабдор шахсларининг жиноий тил бириктириб, кредит олишга эришганликлари Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича судининг 2005 йил 11 февралдаги ҳукми билан тасдиқланганлиги, улар олдиндан кредит қайтмаслигини била туриб, кредитнинг таъминоти сифатида даъвогарнинг биносини гаровга қўйиш ҳақида шартнома тузишганлиги, бу эса бир тарафнинг иккинчи тараф билан ёмон ниятда келишиши таъсирида шартнома тузилганлигини билдириши ва бундай битим Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 123-моддаси талабига мувофиқ ҳақиқий эмас деб топилиши кассация инстанциясининг эътиборидан четда қолганлиги ҳақида важлар келтирилган.

Ҳақиқатан ҳам Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича судининг 2005 йил 11 февралдаги ҳукми билан Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки ва "Оби-нон" акциядорлик жамиятининг мансабдор шасхлари ўзаро тил бириктириб, қалбаки кўрсаткичлар асосида техник иқтисодий асосларни тақдим қилиб, кредит олишга эришганликлари тасдиқланган. Бироқ, ушбу ҳукм билан "Матлуботсавдо" акциядорлик жамияти мансабдор шахсларининг жиноий ҳаракатлари натижасида гаров шартномаси тузилганлиги ҳолатлари аниқланмаган. Гаров шартномаси "Матлуботсавдо" акциядорлик жамияти ва банк ўртасида қонунчиликда белгиланган тартибга риоя қилинган ҳолда тузилган бўлиб, нотариус томонидан тасдиқланган ҳамда Андижон шаҳар кадастр бошқармасидан давлат рўйхатидан ўтказилган. Мазкур шартномада "Оби-нон" акциядорлик жамияти тараф сифатида қатнашмаган.

Протестда ипотека шартномаси тузилган пайтда кўчмас мулк Ўзбекистон Республикасининг "Баҳолаш фаолияти тўғрисида"ги Қонунига амал қилмаган ҳолда, унинг қиймати қонунчиликда белгиланган тартибда аниқланмасдан гаровга қўйилганлиги кўрсатиб ўтилган. Аммо "Баҳолаш фаолияти тўғрисида"ги Қонун 1999 йил 19 августда қабул қилинган бўлиб, ипотека шартномаси тузилган пайтда, яъни 1999 йил 6 апрелда у амалда бўлмаган.

"Матлуботсавдо" акциядорлик жамиятининг 1998 йил 1 апрель ҳолатига бухгалтерик баланси ўрганиб чиқилганда ҳақиқатан ҳам унинг активлар баланс қиймати 31761000 сўмни ташкил қилиши ва гаров предмети ушбу баланс бўйича 4761000 сўмни ташкил қилганлигига кассация инстанцияси тўғри баҳо берган.

Юқоридагиларга асосан Раёсат иш бўйича қабул қилинган кассация инстанцияси судининг қарорини бекор қилиш учун қонуний асослар мавжуд эмас деб, протестни қаноатлантирмасликни лозим деб топади.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2007 йил, 6-сон