ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Хўжалик судларининг айрим ишлар бўйича суд ҳужжатлари (ҳал қилув қарорлари, қарорлари) баёни / Раёсат қарорлари / Хизмат кўрсатиш шартномаси билан боғлиқ низолар /

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Раёсатининг 26.10.2006 й. Р N 135-сонли Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИ

РАЁСАТИНИНГ

ҚАРОРИ

26.10.2006 й.

Р N 135

(КЎЧИРМА)

"Ҳимоя" адвокатлик бюроси хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, "Искандар" хўжалик ҳисобидаги савдо корхонасидан 3157848 сўм асосий қарз, 1578924 сўм пеня, жами 4736772 сўм ундиришни сўраган.

Тошкент вилоят хўжалик судининг 2006 йил 12 апрелдаги ҳал қилув қарори билан даъво тўлиқ қаноатлантирилган.

Апелляция инстанцияси судининг 2006 йил 2 июндаги қарори билан ҳал қилув қарори бекор қилиниб, даъвони рад қилиш ҳақида янги қарор қабул қилинган.

Кассация инстанцияси судининг 2006 йил 11 августдаги қарори билан тарафлар ўртасида тузилган келишув битими тасдиқланган. Суд қарорлари бекор қилинган. "Ҳимоя" адвокатлик бюросининг даъво аризаси ҳамда кассация шикояти юзасидан иш юритиш тугатилган.

Протестда суд қарорларини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юбориш масаласи қўйилган.

Раёсат иш бўйича судья маърузасини, Бош прокурор ўринбосарининг протестни қувватлаши ҳақидаги фикрини эшитиб, протестда келтирилган важларни муҳокама қилиб, иш ҳужжатларини ўрганиб чиқиб, қуйидаги асосларга кўра протестни қаноатлантириш лозим деб ҳисоблайди.

Судлар томонидан моддий ва процессуал ҳуқуқ нормалари бузилган ҳолда қарорлар қабул қилинган.

Жумладан, даъвогар даъво аризасида тарафлар ўртасида 2003 йил 3 январда тузилган шартнома асосида жавобгарга 3157848 сўмлик юридик хизмат кўрсатганлиги, тўлов ўз вақтида амалга оширилмаганлиги учун ундан 3157848 сўм асосий қарз ва "Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 32-моддасига асосан 1578924 сўм пеня ундириш талабини қўйган. Даъво аризасига 2003 йил 3 январдаги шартнома, 2005 йил 14 декабрдаги та??ослаш далолатномаси, 2005 йил 14 декабрдаги кўрсатилган хизматларни топшириш-қабул қилиш далолатномаси илова қилинган. Даъвогар томонидан тақдим этилган далиллар етарли бўлмаса-да, биринчи инстанция суди ишда иштирок этувчи шахсларга ҳисоб-фактура, бухгалтерия ҳисоботлари ва бошқа қўшимча далилларни тақдим этишни таклиф қилмаган.

Олий хўжалик суди Пленумининг "Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг суднинг биринчи инстанциясида қўлланилиш амалиёти ҳақида"ги 2000 йил 28 январдаги 82-сонли қарорининг 4-бандига кўра судья ХПКнинг 55-моддасига мувофиқ ишда иштирок этувчи шахсларга далиллар тақдим этишни таклиф қилишга ҳақли.

Биринчи инстанция суди томонидан "Искандар" хўжалик ҳисобидаги савдо корхонаси раҳбари Э.Тошметовнинг 2003 йил 3 январдаги шартномани ва 2005 йил 16 январдаги 3486430 сўмлик кўрсатилган хизматларни топшириш-қабул қилиш далолатномасини имзолаш ваколати текширилмаган.

Бундан ташқари, 2005 йил 11 октябрдаги далолатнома билан октябрь ва ноябрь ойларида бажарилган ишлар қабул қилиб олинганлиги ҳолатига ҳам баҳо берилмаган.

Апелляция инстанцияси суди қарорида солиқ қонунчилигига асосан етказиб берилган товарлар (бажарилган ишлар, кўрсатилган хизматлар) учун сотувчи сотиб олувчига ҳисоб-фактура ёзиб бериши шартлиги, бироқ даъвогар томонидан бирор маротаба жавобгарга ҳисоб-фактуралар тақдим қилинмаганлиги, жавобгарнинг бухгалтерия хисоботларида даъвогар олдидаги кредиторлик қарзи мавжуд эмаслиги қайд этилган бўлса-да, корхонанинг бухгалтерия ҳисоботлари талаб қилиб олинмаган ва даъвони рад қилиш ҳақида барвақт хулосага келинган.

Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 40-моддасига кўра жавобгарнинг даъвони тан олиши ва тарафларнинг келишув битими қонун ҳужжатларига хилоф бўлса ёки бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузса, хўжалик суди даъводан воз кечишни, даъво талаблари миқдорини камайтиришни, даъвони тан олишни қабул қилмайди, келишув битимини тасдиқламайди. Бундай ҳолларда хўжалик суди ишни мазмунан кўради.

Жавобгар апелляция ва кассация инстанцияси судларида даъвони тан олган бўлса-да, кассация инстанцияси суди томонидан тарафлар ўртасида тузилган шартнома ва кўрсатилган хизматларни топшириш-қабул қилиш далолатномаларидаги номувофиқликларга баҳо берилмасдан, хизматларни қабул қилиб олган корхона раҳбарларининг ваколатлари тўлиқ ўрганилмасдан, жавобгарнинг даъвони тан олганлиги қабул қилинган.

Иш учун муҳим ҳисобланган ҳолатлар суд томонидан тўлиқ ўрганилмаган ва уларга тегишли ҳуқуқий баҳо берилмаган.

Бундай ҳолда Раёсат, судлар томонидан иш учун аҳамиятли ҳолатлар тўлиқ аниқланмаганлиги суд қарорларида баён қилинган хулосаларнинг иш ҳолатларига мувофиқ келмаслиги сабабли, барча суд қарорларини бекор қилиб, ишни янгидан биринчи инстанция судида кўриш учун юборишни лозим топади.

Ишни янгидан кўришда суд қайд этилган ҳолатларни бартараф этиб, ҳужжатлар ва баёнотлар асосида ишнинг ҳақиқий ҳолатини аниқлаб, далилларга тўғри ҳуқуқий баҳо бериб, қонуний ва асослантирилган суд ҳужжати қабул қилиши лозим.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2008 йил, 4-сон.










Время: 0.0218
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск