ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Хўжалик судларининг айрим ишлар бўйича суд ҳужжатлари (ҳал қилув қарорлари, қарорлари) баёни / Раёсат қарорлари / Зарарни ундириш билан боғлиқ низолар /

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Раёсатининг 27.04.2006 й. Р N 36-сон Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИ РАЁСАТИ

ҚАРОРИ

27.04.2006 й.

N Р 36



(Кўчирма)



Хоразм вилоят адлия бошқармаси "Хонқа-савдогар" масъулияти чекланган жамияти манфаатида вилоят хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат этиб, "Холис-Таҳлил" аудиторлик фирмасидан 2822000 сўм етказилган зарарни, шунингдек 2001-2002 йилларда аудиторлик хизмати учун тўланган 400000 сўмни ундириб беришни сўраган.

Хоразм вилоят хўжалик судининг 2004 йил 6 июлдаги ҳал қилув қарори билан даъво талаблари қаноатлантирилган.

Апелляция инстанциясининг 2004 йил 3 ноябрдаги қарори билан ҳал қилув қарори бекор қилиниб, иш янгидан кўриш учун юборилган.

Қорақалпоғистон Республикаси хўжалик судининг 2005 йил 14 февралдаги ҳал қилув қарори билан даъво талаблари қаноатлантирилган.

Апелляция инстанциясининг 2005 йил 28 апрелдаги қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

Кассация инстанциясининг 2005 йил 1 августдаги қарори билан суд қарорлари ўзгаришсиз қолдирилган.

Олий хўжалик суди раисининг ўринбосари томонидан келтирилган протестда суд қарорларини ўзгартириш масаласи қўйилган.

Раёсат судьянинг маърузасини, жавобгар вакилининг тушунтиришини, Бош прокурор ўринбосарининг протестни қувватлаши ҳақидаги фикрини эшитиб, протест важларини муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра протестни қаноатлантириш лозим деб ҳисоблайди.

Иш ҳужжатларидан аниқланишича, "Хонқа-савдогар" МЧЖ ва "Холис-Таҳлил" аудиторлик фирмаси ўртасида 2002 йил 14 январда ва 2002 йил 26 декабрда аудиторлик хизмати кўрсатиш ҳақидаги шартномаларга мувофиқ жавобгар даъвогарнинг 2001-2002 йиллардаги молиявий-хўжалик фаолиятини текшириб, унинг молиявий аҳволини қониқарли деб аудиторлик хулосаларини берган. Хизмат ҳақи эвазига "Холис-Таҳлил" аудиторлик фирмасига 400000 сўм тўланган.

Давлат солиқ органи томонидан 2003 йил ноябрь ойида "Хонқа-савдогар" МЧЖда текширув ўтказилиб, 2001-2002 йиллар учун жами 3524,6 минг сўм қўшимча солиқ ва мажбурий тўловлар, 1462,2 минг сўм молиявий жарима, тўловни кечиктирганлик учун 2017,9 минг сўм пеня ҳисобланган.

Судлар "Аудиторлик фаолияти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 8-моддасига асосланиб, жавобгар аудиторлик ҳисоботи ва хулосаларини нотўғри тузганлиги оқибатида даъвогар - "Хонқа-савдогар" МЧЖга зарар етказилган деб ҳисоблаб, жавобгардан 2822000 сўм зарар, 400000 сўм аудиторлик хизмат ҳақини ундириш тўғрисида қарор қабул қилишган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 22 сентябрдаги 365-сонли қарори билан тасдиқланган "Аудиторлик хулосаларини солиқ органлари ва бошқа назорат органлари томонидан ҳисобга олиш тартиби тўғрисида"ги Низомнинг 8-бандида солиқ органлари ва бошқа назорат органлари томонидан белгиланган тартибда ўтказилган текширишда аудиторлик хулосасининг хўжалик юритувчи субъект молия-хўжалик фаолиятининг натижаларига мувофиқ эмаслиги аниқланган тақдирда, ушбу аудиторлик хулосаси олдиндан нотўғри деб ҳисобланиши, аудиторлик ташкилоти, шунингдек бунда айбдор бўлган шахслар қонунда назарда тутилган жавобгарликка тортилиши, бунда солиқ органлари тегишли аудиторлик ташкилотлари томонидан амалдаги қонун ҳужжатлари қоидаларининг бузилиши ҳолатлари аниқланганлиги тўғрисида ўн кун муддатда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигини хабардор қилишлари шартлиги белгиланган. Аммо солиқ органи томонидан бу тўғрида Молия вазирлигига хабарнома юборилмаган.

Иш ҳужжатларига илова қилинган зарарнинг ҳисоб-китобида солиқ органи томонидан 11 ҳолатда қўлланилган жарима ва пенялардан 2822000 сўми зарар сифатида кўрсатилган ва бу сумма суд қарорига асосан ундирилган.

Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 55-моддасида белгиланган исботлаш мажбуриятига кўра, зарар ундиришни талаб қилган шахс унинг нимадан иборат эканлигини кўрсатиб, асослантириши лозим бўлса-да, бу ҳисоб-китобда зарар асослантириб берилмаган.

Биринчи инстанция суди аудиторнинг текширув далолатномаларида "Хонқа-савдогар" МЧЖнинг молия-хўжалик фаолиятига баҳо беришида солиқлар ва мажбурий ажратмаларни ҳисоблашда катта камчиликлар борлиги, уларни ҳисоблашда нотўғри ёки кам ҳисобланганлиги тўғрисида хулосалар берилмаганлиги, "Хонқа-савдогар" МЧЖнинг 5 та дўконидан тушган савдо пулларини ва 4 та савдо дўконида товарлар кирим ҳужжатларисиз сотилгани учун қўлланилган 544 минг сўм ва 124,3 минг сўм молиявий жарималарни зарар сифатида даъвонинг талабларида асосли равишда сўралмаган деб, аудиторлик текширувлари бўйича ҳисобот ва хулосаларнинг шакли ҳамда мазмуни "Аудиторлик фаолияти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 18, 19-моддаларида қўйилган талабларга жавоб бермайди деб, даъвони тўлиқ қаноатлантирган.

Биринчи инстанция судининг бу хулосасини апелляция ва кассация инстанцияси судлари асосли деб топган.

Лекин биринчи инстанция суди даъвогарга қўлланилган молиявий жарималарнинг фақат икки ҳолатдагиси аудиторнинг айби билан эмас, балки даъвогар - "Хонқа-савдогар" МЧЖ ходимларининг айби билан қўлланилганлигини, қолган молиявий жарима ва пенялар аудиторнинг нотўғри хулосаси сабабли қўлланилганлиги тўғрисидаги фикрга келган.

"Аудиторлик фаолияти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 17-моддасига кўра, аудиторлик ташкилотлари:

- бухгалтерия ҳисобини йўлга қўйиш, қайта тиклаш ва юритиш;

- молиявий ҳисоботни тузиш;

- миллий молиявий ҳисоботни бухгалтерия ҳисоби халқаро стандартларига ўтказиш;

- хўжалик юритувчи субъектларнинг молия-хўжалик фаолиятини таҳлил қилиш;

- бухгалтерия ҳисоби, солиқ солиш, режалаштириш, менежмент ва молия-хўжалик фаолиятининг бошқа масалалари юзасидан консалтинг хизмати;

- солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича ҳисоб-китоблар ва декларацияларни тузиш, шунингдек қонунда белгиланган бошқа профессионал хизматларни кўрсатади.

Тарафлар ўртасида тузилган 2002 йил 14 январдаги 16-сонли, 2002 йил 26 декабрдаги 8-сонли шартномаларнинг 2-бандида жавобгар даъвогарнинг 2001 ва 2002 йиллардаги молиявий-хўжалик фаолиятини текшириб, холисона аудиторлик хулосасини бериш тўғрисида, шунингдек 3-банди иккинчи қисмида товар моддий бойликларининг бутлиги ва сақланишини, буюртмачи билан келишилган ҳолда жавобгар шахслар зиммасидаги хом ашё, товар ва тара қолдиқлари йўқламалари ўтказилиши, ҳақиқий товар айланишида нақд пулсиз сотилган товар ва таралар суммаси сайланма тарзда та??ослаш йўли билан ўтказилиши, пул маблағлари муомаласининг ҳужжатлари текширилиб, баланснинг қолган қисмлари сайланма тарзда текширувдан ўтказилиши келишилган.

Ушбу ҳолатларга кўра, "Холис-Таҳлил" аудиторлик фирмаси даъвогарнинг 2001 ва 2002 йилдаги фаолиятини ялпи текширмасдан, асосан ҳужжатларни сайланма тарзда олиб текширишга келишган.

Солиқ органининг текшируви 2001-2002 йилларда даъвогарнинг солиқ қонунларига риоя қилиши ҳамда солиқлар бўйича давлат бюджети билан ҳисоблашишларнинг қонунийлигини ялпи текширувдан ўтказишдан иборат бўлган.

Демак, судлар ушбу икки текширувнинг ўтказилиши тартибига, шунингдек текширувлар қайси фаолиятни қамраб олганлигига ҳамда "буюртмачи" аудиторнинг олдига қўйган вазифаларидан келиб чиқиб, аудитор фирмасининг ўтказган текшируви натижалари билан даъвода ундириш сўралган зарарнинг келиб чиқиши ўртасидаги сабабий боғланишга баҳо бериши лозим эди.

Солиқ органининг молиявий жазо қўллаш тўғрисидаги 2003 йил 23 ноябрдаги 77-сонли қарорида қуйидаги ҳолатлар учун жавобгарлик чораси қўлланган, "Ҳонқа-Савдогар" ҳиссадорлик жамиятининг (ўша даврдаги ҳуқуқий шакли келтирилди) асосий фаолиятидан ташқари амалга оширган ишлаб чиқариш фаолиятидан 2002 йил учун фойда солиғининг ҳисоботини солиқ идорасига тақдим этмаганлиги натижасида 41 минг сўм қўшимча солиқ ҳисобланган.

Бу суммага ҳисобланган 4,1 минг сўм жарима ва 0,9 минг сўм пеня асоссиз равишда жавобгардан зарар сифатида ундирилган, чунки бу молиявий жарима ҳисоботни тақдим этмаганлик натижасида келиб чи??ан бўлиб, бу ҳолатда аудиторлик фирмасининг айби мавжуд эмас.

Жамиятнинг 2001-2002 йиллардаги фаолияти бўйича:

- қўшилган қиймат солиғи кам ҳисобланганлиги учун 1732,1 минг сўм қўшимча солиқ ҳамда бу суммага 10 % лик 173,2 минг сўм жарима ва 524,4 минг сўм пеня;

- мулк солиғи 113 минг сўмга кам ҳисобланганлиги сабабли мол-мулк солиқ ҳисоботини тузиш тартиби бузилганлиги учун 11,3 минг сўм жарима, 55,2 минг сўм пеня;

- экология солиғининг ҳисоботи тақдим этилмаганлиги натижасида 58,5 минг сўм қўшимча тўлов, 10 % лик 5,9 минг сўм жарима ва 13,4 минг сўм пеня;

- 2001 йилда сувдан фойдаланганлик учун солиқ ҳисоботи тақдим этилмаганлиги натижасида 6 минг сўм қўшимча солиқ ҳисобланиб, унга 10 % лик 0,6 минг сўм жарима ва 2,9 минг сўм пеня;

- ишчи-хизматчиларнинг иш ҳақидан даромад солиғи бюджетга кечиктириб ўтказилганлиги учун 2001 йилга 268,1 минг сўм, 2002 йилга 418,2 минг сўм пеня, жами 686,3 минг сўм;

- сотилган маҳсулотлар қийматидан 0,7 % ажратма ҳисобланадиган база 2001 йилда камайтириб кўрсатилганлиги натижасида қўшимча ҳисобланган 458,5 минг сўмга 100 % лик 458, 5 минг сўм жарима, 224,7 минг сўм пеня, 2002 йил учун 1,2 минг сўм жарима ва 2,7 минг сўм пеня, жами 685,9 минг сўм;

- 2001 йилда йўл жамғармасига ажратма 904,3 минг сўмга кам ҳисоблаганлиги учун 443,1 минг сўм пеня, 2002 йилда кам ҳисобланган 60,1 минг сўмга 13,7 минг сўм пеня ундириш белгиланган.

Юқорида кўрсатилган жарима ва пенялар суммаси жавобгардан зарар сифатида асоссиз равишда ундирилган, чунки аудиторлик текширувининг объекти солиқ ҳисобланиши, бу бўйича ҳисоботлар юритилишининг аҳволини ўрганиш бўлмаганлиги сабабли, аудиторнинг текшируви даъвогарга зарар етиши учун асос бўлмаган.

Шунингдек, 2002 йил II ярим йилликдаги ялпи тушум ҳисоботда камайтириб кўрсатилганлиги натижасида 139,1 минг сўм қўшимча ҳисобланган. Бу суммага 100 фоизлик 139,1 минг сўм жарима, 32,6 минг сўм пеня жавобгардан ундирилган.

Бу сумма ундирилганлиги асосли ҳисобланади, чунки 2002 йил учун тузилган аудиторлик текширувининг далолатномасидан аниқланишича, аудитор барча тушумларни ҳисоблаб чи??ан.

Юқоридагиларга кўра, 2822000 сўмнинг фақат 371,7 минг сўм қисми асосли равишда талаб қилинган ва судлар томонидан тўғри ундирилган.

Бундан ташқари, иш ҳужжатларидан аниқланишича, аудиторлик фирмаси даъвогарнинг 2002 йил молия-хўжалик фаолиятини текширишни 2003 йил 14 февралда бошлаб, 10 мартда тугатган. Бу ҳақда шу куни далолатнома расмийлаштирган. Лекин, аудиторлик хулосаси олдиндан, текширув якунланмасдан 2003 йил 24 февралда берилган.

Баён этилганлардан келиб чиқиб, даъвогар аудитор учун тўланган хизмат ҳақининг 2002 йил учун бўлган 200 минг сўм қисмини талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлиб, судлар жавобгардан жами 371,7 минг сўм ундиришлари лозим эди.

Юқоридагиларга кўра, Раёсат Қорақалпоғистон Республикаси хўжалик судининг 2005 йил 14 февралдаги ҳал қилув қарори, апелляция инстанциясининг 2005 йил 28 апрелдаги қарори ва Олий хўжалик суди кассация инстанциясининг 2005 йил 1 августдаги қарорини ўзгартириб, жавобгар - "Холис-Таҳлил" аудиторлик фирмасидан даъвогар - "Хонқа-савдогар" МЧЖ фойдасига 371,7 минг сўм ундириш, даъвонинг қолган қисмини рад қилиш, суд қарорларининг қолган қисмини ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилди.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2007 йил, 6-сон






Время: 0.0274
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск