язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Суд ҳужжатлари/ Хўжалик судларининг айрим ишлар бўйича суд ҳужжатлари (ҳал қилув қарорлари, қарорлари) баёни/ Биринчи инстанция ҳал қилув қарорларига шарҳлар/ Божхона билан боғлик масалалар/ Товарларни сақлаш учун божхонага қўйишнинг белгиланган тартибини бузилиши тўғрисидаги низо бўйича

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРЛАРИГА

ШАРҲЛАР



Товарларни сақлаш учун қўйишнинг белгиланган талаблари ва шартларига, уларни сақлаш, худди шунингдек божхона омборларида ва эркин омборларда товарлар билан операциялар ўтказиш тартибига ва муддатларига риоя этмаслик энг кам иш ҳақининг ўн беш бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади



Ишнинг мазмуни


Давлат корхонаси томонидан 2011 йил 20 декабрдаги шартномага асосан чет элдан Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига 4 та "Белаз" русумли автотранспорт воситалари олиб кирилган ва "Божхона омбори" божхона режимига расмийлаштирилган.

Олиб кирилган ушбу автотранспорт воситалари бўйича божхона юк декларациясини (44-устунида) расмийлаштиришда давлат корхонаси томонидан улар 2012 йил 13 сентябргача бошқа божхона режимига олиниши тўғрисида давлат божхона хизмати органига маълум қилинган.

Давлат корхонаси 2012 йил 12 сентябрда давлат божхона хизмати органига хат билан мурожаат қилиб, автотранспорт воситаларига мувофиқлик сертификатларини тақдим этишини билдирган ҳолда "Божхона омбори" божхона режимини бир ой муддатга узайтиришни сўраган.

Аммо ушбу муддат ўтганидан кейин ҳам давлат корхонаси томонидан автотранспорт воситалари бошқа божхона режимига ўтказилмаган.

Гарчанд, давлат корхонаси томонидан мазкур автотранспорт воситаларига мувофиқлик сертификатлари 2012 йил 4 октябрда олинган бўлса-да, улар ўз вақтида вилоят божхона бошқармасига топширилмаган ва оқибатда автотранспорт воситаларини сақлаш учун белгиланган муддатларнинг бузилишига йўл қўйилган.

Содир этилган мазкур ҳуқуқбузарлик учун жиноят ишлари бўйича шаҳар судининг 2012 йил 15 ноябрдаги қарорига асосан давлат корхонаси экспорт ва импорт операциялари бўйича мутахассисига Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 227-13-моддасига мувофиқ жарима жазоси тайинланган.

Вилоят божхона бошқармаси бошлиғи ўринбосари томонидан 2012 йил 11 ноябрда қарор қабул қилинган бўлиб, унда давлат корхонасига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 152-моддасига асосан қўлланилган молиявий жарима суммасини ихтиёрий равишда тўлаб бериш назарда тутилган. Шу билан бирга ушбу молиявий жарима суммасини тўлаш юзасидан давлат корхонасига талабнома ҳам берилган.

Вилоят божхона бошқармаси давлат корхонаси томонидан молиявий жарима суммаси белгиланган муддат ичида ихтиёрий равишда тўлаб берилмаганлиги сабабли вилоят хўжалик судига ариза билан мурожаат қилган ва давлат корхонасига нисбатан Божхона кодексининг 152-моддасига асосан 1447100 сўм миқдорида молиявий санкция қўллашни сўраган.


Аризачининг важлари


Суд мажлиси муҳокамасида иштирок этган аризачи - вилоят божхона бошқармаси вакиллари аризадаги талабни қувватлаб, арз қилинган талабни қаноатлантиришни сўраган.


Жавобгарнинг важлари


Суд мажлисида қатнашган жавобгар - давлат корхонаси вакиллари мазкур ҳуқуқбузарлик ҳолати бўйича корхонанинг масъул мутахассиси маъмурий жавобгарликка тортилганлигини таъкидлаб, корхонага нисбатан молиявий санкция қўллашни рад этишни сўраган.


Суднинг ҳал қилув қарори


Вилоят божхона бошқармасининг давлат корхонасига нисбатан молиявий санкция қўллаш тўғрисидаги аризаси тўлиқ қаноатлантирилсин.

Давлат корхонасига нисбатан Божхона кодексининг 152-моддасига биноан энг кам иш ҳақининг 20 баравари миқдорида 1447100 сўм молиявий санкция қўллансин.

Ушбу қўлланилган молиявий жаримани қонунда белгиланган тартибда ундириш масъулияти вилоят божхона бошқармаси зиммасига юклатилсин.


Шарҳ


Божхона кодексининг 25-моддасига мувофиқ "Божхона омбори" шундай режимки, бунда олиб кирилган товарлар сақлаш даврида импорт божи, солиқлар ва иқтисодий сиёсат чоралари қўлланилмасдан, божхона назорати остида сақланади.

Ўзбекистон Республикасига олиб кириш, Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш, Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали транзит олиб ўтиш ман этилган товарлар ҳамда рўйхати қонун ҳужжатлари билан белгиланадиган бошқа товарлар "Божхона омбори" режимига жойлаштирилиши мумкин эмас.

Товарлар "Божхона омбори" режимида уч йил мобайнида туриши мумкин. Ушбу муддат товарларнинг айрим тоифалари ва айрим шахслар учун қонун ҳужжатлари билан чекланиши мумкин, лекин у бир йилдан кам бўлмаслиги керак.

Белгиланган муддат тугагунга қадар товарга нисбатан ваколатга эга бўлган шахс томонидан товарни бошқа божхона режимига жойлаштириш сўралиши керак. Бу талабларга риоя этилмаган тақдирда, товар божхона органига қарашли божхона омборига вақтинча сақлаш режимига жойлаштирилади.

"Божхона омбори" режимига жойлаштирилган товарлар билан қилинадиган операциялар рўйхати ва уларни амалга ошириш тартиби ушбу Кодексда белгиланган.

Шу билан бирга ушбу масалалар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2004 йил 27 февралда 1318-сон билан рўйхатга олинган "Божхона омбори" божхона режими тўғрисида"ги Низом билан тартибга солинади.

Лекин давлат корхонаси белгиланган муддат ўтганидан кейин ҳам автотранспорт воситаларини "Божхона омбори" божхона режимидан бошқасига ўтказиш чораларини кўрмаган. Бу эса товарларни сақлаш учун қўйиш, уларни сақлаш ва улар билан операциялар ўтказиш тартибини бузиш деб баҳоланади.

Мазкур ҳуқуқбузарликни содир қилганлик учун Божхона кодексининг 152-моддасида юридик шахсларнинг жавобгарлиги белгиланган.

Хусусан, товарларни сақлаш учун қўйишнинг белгиланган талаблари ва шартларига, уларни сақлаш, худди шунингдек божхона омборларида ва эркин омборларда товарлар билан операциялар ўтказиш тартибига ва муддатларига риоя этмаслик энг кам иш ҳақининг ўн беш бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Қайд этилганларга кўра, суд аризадаги талабни қаноатлантирган ва давлат корхонасига нисбатан Божхона кодексининг 152-моддасига асосан энг кам иш ҳақининг 20 баравари - 1447100 сўм миқдорида молиявий санкция қўллаган, шунингдек қўлланилган молиявий жаримани ундириш масъулиятини вилоят божхона бошқармаси зиммасига юклаган.

Жавобгар - давлат корхонасининг мазкур ҳуқуқбузарлик ҳолати бўйича корхонанинг масъул мутахассиси маъмурий жавобгарликка тортилганлиги ҳақидаги важи суд томонидан инобатга олинмаган. Чунки, давлат корхонаси масъул мутахассисининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда белгиланган маъмурий жавобгарликка тортилганлиги юридик шахсни Божхона кодексида назарда тутилган жавобгарликдан озод қилиш учун асос бўлмайди.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2013 й., 6-сон