ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Хўжалик судларининг айрим ишлар бўйича суд ҳужжатлари (ҳал қилув қарорлари, қарорлари) баёни / Биринчи инстанция ҳал қилув қарорларига шарҳлар / Ер муносабатларига оид масалалар /

Ерни узоқ муддатли ижарага бериш шартномасини бекор қилиш ҳақидаги ҳоким қарорини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги низо бўйича

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРЛАРИГА

ШАРҲЛАР



Ер участкасини ижарага олиш шартномаси тарафларнинг келишувига биноан, тарафлар келишувга эришмаган тақдирда эса, суд томонидан ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин. Туман ҳокими бир томонлама тартибда ер ижара шартномасини бекор қилишга ҳақли эмас



Низонинг моҳияти


Фермер хўжалиги кимошди савдосида қатнашиб, ғолиб чи??анидан кейин туман ҳокимининт 2004 йил 14 февралдаги қарори билан унга 6,9 га ер майдонидаги боғ ва узумзорлар ажратилган.

Тумандаги мутахассислардан ташкил этилган ишчи гуруҳ томонидан фермер хўжалигига ижарага берилган ер майдонларида текшириш ўтказилган. Текшириш натижасига кўра фермер хўжалиги ер майдонидан мақсадсиз фойдаланганлиги, бунинг натижасида ерларнинг мелиоратив ҳолати ёмонлашганлиги аниқланиб, фермер хўжалигининг фаолиятини тугатиш, ер майдонини туман захирасига қайтариб олиш лозимлиги ҳақида хулосага келинган.

Туман ҳокими мазкур хулосага асосланиб, 2011 йил 16 февралдаги 65-сонли қарори билан 2004 йил 14 февралдаги 6,9 га ер майдонини узоқ муддатли ижарага бериш шартномасини бекор қилиб, мазкур ер майдонини 2011 йил 15 мартдаги 123-сонли қарори билан бошқа фермер хўжалигига ажратиб берган.

Туман ҳокимининг ушбу қароридан норози бўлган фермер хўжалиги вилоят адлия бошқармасига мурожаат қилган. Адлия бошқармаси фермер хўжалигининг манфаатида туман ҳокимлигига нисбатан хўжалик судига мурожаат қилиб, унинг 2011 йил 16 февралдаги 65-сонли ва 15 мартдаги 123-сонли қарорларини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.


Аризачининг важлари


Тумандаги мутахассислардан ташкил этилган ишчи гуруҳ томонидан фермер хўжалигига ижарага берилган ер майдонларида текшириш ўтказилиб, бир қатор камчиликлар аниқланган ҳамда фермер хўжалигига ажратилган ер майдонини туман захирасига қайтариб олиш ҳақида хулосага келинган. Ушбу хулосага асосан туман ҳокимлиги асоссиз равишда фермер хўжалиги билан тузилган ер ижараси шартномасини бир томонлама бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилган. Ваҳоланки, Ер кодекси 24-моддасининг ўнинчи қисмига кўра, ер участкаларини ижарага олиш шартномасини муддатидан оддин бекор қилиш тарафларнинг келишуви билан, бундай келишувга эришилмаган тақдирда эса, суднинг ҳал қилув қарори билан амалга оширилади. Бундан ташқари, ҳокимлик томонидан захирага қайтарилган боғ ва узумзорлар қонунга зид равишда кимошди савдосига қўйилмасдан, тўғридан-тўғри бошқа фермер хўжалигига берилган. Шу боис, туман ҳокимининг 2011 йил 16 февралдаги 65-сонли ва 15 мартдаги 123-сонли қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш лозим.


Жавобгарнинг важлари


Фермер хўжалиги ер майдонидан мақсадсиз равишда фойдаланиб келган, бунинг натижасида ерларнинг мелиоратив ҳолати ёмонлашган. Ушбу ҳолат тумандаги мутахассислардан ташкил этилган ишчи гуруҳнинг хулосаси билан тасдиқланади. Мазкур хулосага асосан туман ҳокимлиги ўз ваколати доирасида ер ижараси шартномасини бир томонлама бекор қилиш ҳақида асосли хулосага келган. Шу боис, даъво талабларини қаноатлантиришни рад этиш лозим.


Суднинг ҳал қилув қарори


Вилоят адлия бошқармасининг фермер хўжалиги манфаатида билдирган талаблари қаноатлантирилсин.

Туман ҳокимининг 2011 йил 16 февралдаги 65-сонли ва шу йил 15 мартдаги 123-сонли қарорлари ҳақиқий эмас деб топилсин.


Шарҳ


Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси 12-моддасининг биринчи қисмига кўра, давлат органининг ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган ҳамда фуқаронинг ёки юридик шахснинг фуқаролик ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган ҳужжати суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси 24-моддаси биринчи қисмининг 9-бандида давлат органлари ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган, ташкилотлар ва фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган ҳужжатларини (бутунлай ёки қисман) ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги низолар хўжалик суди томонидан ҳал этилиши кўрсатилган.

Демак, туман ҳокимининг қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган, фермер хўжалигининг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги низолар хўжалик суди томонидан ҳал этилади.

"Фермер хўжалиги тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 16-моддасининг ўн бешинчи хатбошисида фермер хўжалиги ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат этишга ҳақли эканлиги кўрсатилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 23 августдаги ПҚ-1602-сонли Қарори билан тасдиқланган "Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тўррисида"ги Низом 8.8-бандининг еттинчи хатбошисида Адлия вазирлиги тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқларини тиклаш бўйича чоралар кўриши, 10-бандининг ўттиз еттинчи хатбошисида эса вазирлик давлат, юридик ва жисмоний шахслар манфаатларини кўзлаб судларга давлат божи тўламасдан аризалар ва даъволар билан мурожаат қилишга ҳақли эканлиги белгиланган.

Фермер хўжалиги вилоят адлия бошқармасига ариза билан мурожаат қилиб, ўзининг бузилган ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишни сўраган. Вилоят адлия бошқармаси эса ҳақли равишда фермер хўжалиги манфаатида судга мурожаат қилиб, туман ҳокимининг 2011 йил 16 февралдаги 65-сонли ва 2011 йил 15 мартдаги 123-сонли қарорларини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.

Ишни кўриш жараёнида аниқланишича, туман ҳокимининг 2011 йил 16 февралдаги 65-сонли қарори билан 2004 йил 14 февралда туман ҳокимлиги ва фермер хўжалиги ўртасида тузилган 6,9 га ер участкасини узоқ муддатли ижарага бериш шартномаси бир томонлама бекор қилинган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси 384-моддасининг иккинчи қисмига кўра бир тараф шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги таклифга иккинчи тарафдан рад жавоби олганидан кейингина ёки таклифда кўрсатилган ёхуд қонунда ёинки шартномада белгиланган муддатда, бундай муддат бўлмаганида эса - ўттиз кунлик муддатда жавоб олмаганидан кейин, шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги талабни судга тақдим этиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Ер кодекси 24-моддасининг ўнинчи қисмида эса ер участкаларини ижарага олиш шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш тарафларнинг келишуви билан, бундай келишувга эришилмаган тақдирда эса, суднинг ҳал қилув қарори билан амалга оширилиши белгиланган.

"Фермер хўжалиги тўғрисида"ги Қонун 13-моддасининг тў??изинчи қисмига мувофиқ ер участкасини ижарага олиш шартномаси тарафларнинг келишувига биноан, тарафлар келишувга эришмаган тақдирда эса, суд томонидан ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин.

Ер участкасини узоқ муддатли ижарага бериш шартномасини бекор қилиш учун туман ҳокимлиги томонидан фермер хўжалигига шартномани бекор қилиш таклифи биддирилмасдан, тарафлар ўртасида шартномани бекор қилиш тўғрисида келишувга эришилмасдан, туман ҳокимлиги томонидан шартномани бекор қилиш тўғрисида судга мурожаат қилинмасдан, қонун ҳужжатлари ҳамда шартномада белгиланган талабларга зид равишда ҳокимлик томонидан ер ижараси шартномасини бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилинган. Шу боис, суд томонидан туман ҳокимининг 2011 йил 16 февралдаги 65-сонли қарори асосли равишда ҳақиқий эмас деб топилган. Фермер хўжалигидан захирага қайтариб олинган 6,9 га ер майдони, яъни 3,2 га боғ, 3,7 га узумзорлар туман ҳокимининг 2011 йил 15 мартдаги 123-сонли қарори билан бошқа фермер хўжалигига ажратиб берилган.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2007 йил 14 мартда 1663-сон билан рўйхатга олинган "Боғ ва узумзорлардан мақсадсиз фойдаланилган ҳолатларда ер ижара шартномасини бекор қилиш тартиби тўғрисида"ги Низомнинг 7-бандига кўра ер ижараси шартномаси бекор қилинган боғ ва узумзорларни қайта кимошди савдосига қўйиш туман ҳокимининг қарорига асосан амалга оширилади.

Боғ ва узумзорларни кимошди савдосига қўйиш ва сотиш Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2006 йил 21 январда 1542-сон билан рўйхатга олинган "Қайта ташкил этилаётган қишлоқ хўжалиги кооперативлари (ширкатлари)нинг боғ ва узумзорларини сотиш тартиби тўғрисида"ги Низомга мувофиқ амалга оширилади.

Кимошди савдосига қўйилаётган боғ ва узумзорларнинг нархи уларнинг ҳақиқий ҳолатидан келиб чиқиб, ташкил этилган йили, нави, кейинги уч йилликдаги ҳосилдорлиги, етиштириладиган маҳсулотларнинг харидоргирлиги ва бошқа кўрсаткичларига қараб баҳоланади.

Боғ ва узумзорларни кимошди савдосида сотишдан тушган маблағлар ер ижараси шартномасини бекор қилиш бўйича даъво аризасини судга киритган идораларнинг харажатларини, боғ ва узумзорларни баҳоловчи ва кимошди савдоларини ўтказувчи хўжаликнинг кредитор қарзларини қоплашга сарфланади. Маблағларнинг қолган қисми собиқ боғ ва узумзорлар эгаси ихтиёрига берилади.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2005 йил 19 ноябрда 1523-сон билан рўйхатга олинган "Фермер хўжалигини юритиш учун ер участкаларини беришда танлов ғолибини аниқлаш тартиби тўғрисида"ги Низомнинг 4-бандида туман ҳокимининг танлов ўтказиш тўғрисидаги қарори маҳаллий оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниши, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, қишлоқ хўжалиги корхоналари ва ташкилотлари бошқаруви (маъмурияти) биноларида осиб қўйилиши кераклиги, 5-бандида эса танлов уни ўтказиш тўғрисидаги қарор қабул қилинган ва эълон қилинган кундан бошлаб бир ой мобайнида ўтказилиши кераклиги кўрсатилган.

Суд томонидан туман ҳокимининг юқорида қайд этилган қарорини қабул қилиш учун асос бўлган ҳужжатларга ҳуқуқий баҳо берилганда, унда туман ҳокимлиги томонидан қонун талабларига риоя қилинмасдан, фермер хўжалигидан ноқонуний тарзда захирага қайтариб олинган ер майдонлари кимошди савдосида сотилмасдан, амалдаги қонун талабларига зид равишда бошқа фермер хўжалигига берилганлиги, оммавий ахборот воситаларида танлов ўтказилиши ҳақида эълон берилмаганлиги аниқланган.

Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси 55-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ давлат органлари ва бошқа органларнинг ҳужжатларини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги низолар кўрилганда, ушбу ҳужжатларнинг қабул қилинишига асос бўлган ҳолатларни исботлаш мажбурияти ҳужжатни қабул қилган орган зиммасига юклатилган бўлса-да, туман ҳокимлигининг вакили суд мажлисида туман ҳокими қарорининг қабул қилинишига асос бўлган ҳолатларни исботлаб бермаган.

Шу боис, суд томонидан туман ҳокимининг 2011 йил 15 мартдаги 123-сонли қарори асосли равишда ҳақиқий эмас деб топилган.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2013 й., 10-сон

































Время: 0.0056
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск