ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Ўзбекистон Республикаси Президенти / Президентнинг маъруза ва нутқлари / 2010 й. /

Президент Ислом Каримовнинг 2009 йилнинг асосий якунлари ва 2010 йилда Ўзбекистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги Маърузаси

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

АСОСИЙ ВАЗИФАМИЗ - ВАТАНИМИЗ

ТАРАҚҚИЁТИ ВА ХАЛҚИМИЗ

ФАРОВОНЛИГИНИ ЯНАДА

ЮКСАЛТИРИШДИР



Рус тилидаги матнига қаранг



Президент Ислом Каримовнинг 2009 йилнинг

асосий якунлари ва 2010 йилда Ўзбекистонни

ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг

муҳим устувор йўналишларига бағишланган

Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги

МАЪРУЗАСИ


(2010 йил 29 январь)



Ҳурматли мажлис иштирокчилари!

Бизнинг бугунги асосий вазифамиз жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози чуқур тус олган бир шароитда ўтган 2009 йил якунларини танқидий баҳолаш ва шу асосда 2010 йилда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг муҳим устувор йўналишларини белгилаб олишдан иборатдир.

Шуни таъкидлаш керакки, аввало 2009 - 2012 йилларга мўлжалланган Инқирозга қарши чоралар дастури самарадорлигини холисона баҳолаш муҳим принципиал аҳамият касб этади.

Нега деганда, 2010 йилда ва ундан кейинги йилларда ушбу дастурни амалга ошириш жараёнида, зарурат туғилишига қараб, унга тегишли ўзгартиришлар киритишда ана шу таҳлил хулосаларига таянишимиз мумкин бўлади.

Ўтган йил якунлари ҳақида гапирганда, 2009 йил биз учун ҳақиқатан ҳам ғоят қийин бўлганини айтиб ўтиришга ҳожат йўқ, деб ўйлайман.

2009 йил, моҳият эътиборига кўра, аввало, эски маъмурий-буйруқбозлик, тақсимлаш тизимидан бозор муносабатларига асосланган бошқарув тизимига ўтиш бўйича биз танлаган, машҳур беш тамойилни ўз ичига олган ўзбек модели, давлатимиз ва иқтисодиётимизни босқичма-босқич, изчил ислоҳ этиш ва тадрижий ривожлантириш стратегияси учун том маънода синов йили бўлди, деб айтишга барча асосларимиз бор.

Шуни бугун катта мамнуният билан таъкидлашимиз керакки, ҳукуматимиз томонидан 2009-2012 йилларга мўлжаллаб қабул қилинган Инқирозга қарши дастурнинг инқироз таъсирини юмшатиш ва бартараф этишда роли ва аҳамияти катта бўлди.

Дастур ўзига қамраб олган, ўз вақтида қабул қилинган ҳужжатларда аввало мамлакатимиз молиявий-иқтисодий, бюджет, банк-кредит тизимининг барқарор ҳамда узлуксиз ишлашини таъминлаш, иқтисодиётнинг реал сектори тармоқлари ва корхоналарга ёрдам кўрсатиш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирларнинг пухта ишлаб чиқилгани ўзининг амалий самарасини берди, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Амалга оширган тадбирларимиз қаторида молия-банк тизимини мустаҳкамлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Сўнгги икки йилда тижорат банкларининг умумий капитали 2 баробар кўпайди. Биргина ўтган йилнинг ўзида етакчи банкларнинг низом жамғармаларини ошириш учун қўшимча равишда 500 миллиард сўмдан ортиқ давлат маблағлари ажратилди.

Бугунги кунда Ўзбекистон банк тизими қатъий халқаро талабларга жавоб берадиган энг барқарор тизимлардан бири бўлиб, айни пайтда у белгиланган қатор нормативлар бўйича мустаҳкам позицияларга эга.

Банкларимиз капиталининг етарлилик даражаси 23 фоиздан ошади. Бу эса банклар мониторинги билан шуғулланадиган халқаро Базель қўмитаси томонидан белгиланган халқаро стандартлардан қарийб 3 баробар кўпдир.

Умумий активлари мамлакатимиз банк тизимининг 90 фоиздан ортиғини ташкил қиладиган 14 та тижорат банки "Фитч Рейтингс", "Мудис" ва "Стандарт энд Пурс" каби етакчи халқаро рейтинг компанияларининг "барқарор" деган юқори рейтинг баҳосини олишга муваффақ бўлди.

Ҳозирги кунда банкларнинг умумий активлари аҳоли ва юридик шахслар ҳисобрақамларидаги маблағлар миқдоридан 2 баробардан ҳам ортиқ бўлиб, бу уларнинг тўлиқ ҳимоясини ва тўловларнинг ўз вақтида амалга оширилишини кафолатлайди.

Банк тизимининг умумий жорий ликвидлиги банкларнинг ташқи тўловлар бўйича жорий мажбуриятларидан 10 баробар кўпдир. Бошқача айтганда, республикамиз банк тизимининг мустаҳкам ҳимояси яратилган.

Фақат ўтган йилнинг ўзида аҳоли омонатлари миқдори 1,7 баробар ошди. Сўнгги ўн йилда иқтисодиётнинг реал секторларини кредитлашга йўналтирилган ички манбалар 25 баробардан зиёдроқ кўпайди.

Натижада банкларнинг кредит портфели таркиби тубдан ўзгарди. Агар 2000 йилда кредит портфелининг қарийб 54 фоизи ташқи қарзлар эвазига шаклланган бўлса, 2009 йилда банкларимиз жами кредит портфелининг 84 фоизи ички манбалар ҳисобидан шакллантирилди.

Бугунги шароитда эса бундай ижобий ўзгариш иқтисодиётимизнинг истиқболдаги тараққиёти учун ғоят муҳим аҳамиятга эга.

Айтиш керакки, ташқи қарзлар аксарият ҳолларда узоқ муддатга, фақат иқтисодиётнинг стратегик тармоқларини модернизация қилиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича инвестиция лойиҳаларини молиялаш учун жалб қилинмоқда.

Банкларнинг инвестиция мақсадларига йўналтирилган кредитларининг умумий кредит портфелидаги улуши қарийб 70 фоизни ташкил этди, иқтисодиётимизнинг реал секторига йўналтирилган кредитларининг умумий ҳажми эса 2009 йилда 2000 йилга нисбатан 14 баробар ошди.

Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози шароитида иқтисодиётнинг реал сектори корхоналарини қўллаб-қувватлаш бўйича биринчи навбатда ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, кооперация алоқаларини кенгайтириш, мустаҳкам ҳамкорликни йўлга қўйиш, мамлакатимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотларга ички талабни рағбатлантириш масалалари алоҳида ўрин тутди.

Давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида 50 та корхонанинг бюджет ва бюджетдан ташқари жамғармаларга тўловлар бўйича муддати ўтган ҳамда жорий кредитор қарздорлиги қайта кўриб чиқилди. Бу мазкур корхоналар тасарруфида 350 миллиард сўмдан ортиқ маблағни қолдириш, уларнинг ишлаб чиқариш фаолиятини ривожлантириш имконини берди.

Ҳисобот даврида саноат тармоқларида ишлаб чиқарилаётган маҳсулот таннархи 18 фоизга, Олмалиқ кон-металлургия комбинати, "Ўзметкомбинат" акциядорлик ишлаб чиқариш бирлашмаси, "Ўзэлтехсаноат" уюшмаси, "Ўзқурилишматериаллари" компанияси сингари ва бошқа корхона ҳамда тармоқларда 20-25 фоизга камайди.

Маълумки, паст рентабелли ва иқтисодий ночор корхоналарни тугатиш ва бу жараёнга тижорат банкларини жалб қилишга қаратилган ишлар корхоналарнинг молиявий барқарорлигини оширишда муҳим роль ўйнайди.

Мамлакатимиз бўйича, йирик корхоналарни ҳам қўшганда, жами 240 та корхона банкрот деб эълон қилинди. Айни пайтда уларнинг 154 таси янги мулкдорларга сотилди, 86 таси эса тижорат банклари балансига ўтказилди.

Бугунги кунда тижорат банклари балансига ўтказилган 70 та иқтисодий ночор корхонада ишлаб чиқариш тўлиқ қайта тикланиб, истиқболли сармоядорларга сотилди, қолганларида молиявий соғломлаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Бу борада кўрилган чора-тадбирлар мамлакатимиз иқтисодиётини ортиқча юкдан халос қилиш, бюджет ва иш ҳақи бўйича умумий миқдори 1 триллион сўм кредиторлик қарзини узиш, банкрот корхоналар негизида 100 дан ортиқ янги турдаги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш, қўшимча равишда 17 мингдан ортиқ иш ўрни яратиш имконини берди.

Кенг кўламли ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастури доирасида ўтган йили 840 дан ортиқ лойиҳа амалга оширилди ва бу маҳаллийлаштирилган маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини 2008 йилга нисбатан 2,3 баробар оширишни таъминлади.

Нефть-газ ускуналари, кимё саноати маҳсулотлари, автомобиль саноати учун бутловчи қисмлар ва бошқа 120 дан ортиқ янги турдаги маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилиб, 2 мингга яқин янги иш ўрни яратилди.

Инқирозга қарши чоралар дастури доирасида амалга оширилган яна бир йўналиш - мамлакатимиздаги маҳсулот экспорт қиладиган корхоналарни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, экспорт салоҳиятини мустаҳкамлаш бўйича қабул қилинган амалий чоралар муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Бундай корхоналарнинг барқарор ишлашини таъминлаш, ташқи бозорларда рақобатдошлигини ошириш учун уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида қатъий чоралар кўрилди.

Энергия манбалари ва коммунал хизматлар нархларининг асоссиз ошишига йўл қўймаслик, корхоналарда технологик жараёнларни оптималлаштириш ҳисобидан маҳсулот таннархини пасайтириш, экспорт нархларини шакллантиришга доир янги механизмларни жорий этиш, банк кафолатлари муддатларини узайтириш, қўшимча қиймат солиғини қайтариш муддатини қисқартириш ва бошқа рағбатлантириш чоралари шулар жумласидандир.

Республикамиз банклари томонидан кўрсатилган ёрдам маҳсулот экспорт қиладиган корхоналарнинг барқарор ишлашини таъминлашда муҳим роль ўйнади.

Биргина ўтган йилнинг ўзида бу корхоналарга айланма маблағларини кўпайтириш учун умумий миқдори 233 миллиард сўмдан иборат имтиёзли кредитлар берилгани уларга, ўз маҳсулотини экспорт қилиш бўйича юзага келган вақтинчалик қийинчиликларга қарамасдан, ишлаб чиқаришнинг пасайишини олдини олиш имконини берди. 

Маҳсулот экспорт қиладиган корхоналарни қўллаб-қувватлаш бўйича кўрилган чора-тадбирлар натижасида уларнинг барқарор ишлашини таъминлашга, 2009 йилда экспорт ҳажмини 2,4 фоиз оширишга эришдик.

Бу ўтган йили ташқи савдо айланмасини 2,3 миллиард доллардан кўпроқ ижобий сальдо билан якунлаш имконини берди. Бундай натижа, ўз навбатида, мамлакатимизнинг тўлов балансининг ишончлилиги ва иқтисодиётимиз барқарорлигини янада мустаҳкамлашга имкон берди.

Дастур доирасида амалга оширган яна бир муҳим тадбиримиз - солиқ юкини енгиллаштириш, солиққа тортиш тизимини соддалаштириш ва унификация қилиш бўйича хўжалик тузилмаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида қўшимча чоралар кўрилганидир.

Ўтган йили мамлакатимиз хўжалик субъектларига кенг кўламли қўшимча солиқ ва божхона имтиёзлари берилди.

Енгил ва озиқ-овқат саноатининг истеъмол товарлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналари, шунингдек, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастурида иштирок этаётган корхоналар учун даромад солиғи ва ягона солиқ тўлови бўйича имтиёзлар яратилди.

Уй-жой қуриш ва реконструкция қилиш бўйича янги ташкил қилинаётган ихтисослаштирилган пудрат ташкилотлари 5 йил муддатга барча турдаги солиқлардан озод этилди. Корхоналар муассисларининг капиталлашув ва инвестиция киритишга йўналтириладиган дивидендлари ҳам ана шу муддатга солиққа тортилмайдиган бўлди.

Мухтасар айтганда, Инқирозга қарши чоралар дастурини амалга ошириш доирасида солиқ имтиёзлари ва преференциялар бериш ҳисобидан 500 миллиард сўмдан ортиқ маблағ хўжалик субъектлари тасарруфида қолдирилди. Бу маблағ уларнинг айланма маблағларини тўлдириш, ишлаб чиқаришни техник қайта жиҳозлаш, янги турдаги маҳсулотларни ўзлаштириш, ишчиларни моддий рағбатлантириш учун йўналтирилди.

Иқтисодий ўсишни таъминлаш, янги иш ўринларини ташкил қилиш, бандлик муаммосини ҳал этиш, аҳолининг даромадлари ва фаровонлигини оширишда тобора муҳим ўрин тутаётган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш, рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Ҳозирги кунда кичик бизнес субъектлари ялпи ички маҳсулотнинг қарийб 50 фоизини ишлаб чиқармоқда. Ҳолбуки, 2000 йилда бу кўрсаткич 30 фоизни ташкил этган эди. Бундай натижа биринчи навбатда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик давлат томонидан доимий қўллаб-қувватланаётгани самарасидир.

2009 йилда кичик саноат корхоналари учун ягона солиқ тўлови 8 фоиздан 7 фоизга пасайтирилди, якка тартибдаги тадбиркорлар учун эса қайд этилган солиқ миқдори ўртача 1,3 баробар камайтирилди.

Тадбиркорларнинг ўз ишини ташкил этиш билан боғлиқ сарф-харажатлари сезиларли даражада камайди. Масалан, архитектура-режалаштириш топшириқ тўпламларини олиш қиймати 4 баробар, лойиҳа-смета ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш 2,5 баробар, кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш қиймати эса 2 баробарга пасайтирилди.

Йил давомида инвентаризация натижасида аниқланган қарийб 2 мингта бўш бино кичик тадбиркорлик субъектларига ижарага берилди. Бунда биноларни ижарага бериш тарифлари тадбиркорлик субъектларининг қаерда жойлашгани ва уларнинг фаолият турига қараб 3 баробардан 10 баробарга қадар камайтирилди.  Ушбу секторга ажратилган кредит ресурсларининг умумий ҳажми 1,8 триллион сўмдан ошди.

Инқирозга қарши чоралар дастурини амалга оширишда инвестицияларни жалб этиш, аввало, ички манбаларни сафарбар этиш ҳисобидан иқтисодиётимизнинг муҳим тармоқларини жадал модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш, транспорт коммуникацияларини янада ривожлантириш ва ижтимоий инфратузилма объектларини барпо этиш ҳал қилувчи устувор йўналишга айланди.

Инвестиция дастури ва техник модернизациялаш бўйича тармоқ дастурлари доирасида 2009 йил мобайнида 690 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилди. Уларнинг 303 таси муваффақиятли якунланди.

Республикамизда жами 22 та йирик ишлаб чиқариш объекти, жумладан, нефть-газ, кимё, металлургия саноатида 8 та, машинасозлик саноатида 9 та ва қурилиш индустриясида 5 та объект фойдаланишга топширилди.

Ўтган йили “Фарғонаазот” ва “Максам - Чирчиқ” корхоналарида аммиак агрегатларини реконструкция қилиш, Наманган шаҳрида енгил автомобиллар учун фара ва чироқлар ишлаб чиқарадиган завод, Бухоро шаҳрида “ДЭУ текстиль” тўқимачилик комплекси қурилиши каби стратегик лойиҳалар ниҳоясига етказилди.

“Газли” қўшимча компрессор станцияси ишга туширилди, шунингдек, “Қўнғирот” компрессор станциясида кунига 35 миллион куб метр газни қуритадиган иншоот барпо этилди.

Туркманистондан Ўзбекистон ҳудуди орқали Хитойга ўтадиган газ қувурини тортиш ишлари якунланди. Бу, ўз навбатида, мамлакатимизнинг транзит имкониятларини янада кенгайтиради.

Бундан ташқари, ҳудудларимизда, аввало, қурилиш материаллари саноати, озиқ-овқат, енгил саноат ва бошқа тармоқларда кичик бизнес соҳасида фаолият олиб борадиган 480 дан ортиқ янги ишлаб чиқариш корхоналари ташкил этилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, бир нечта кичик станцияни ўз ичига олган “Янги Ангрен - Ўзбекистон” ЛЭП-500 электр узатиш линияси, Қамчиқ довони орқали ўтадиган 165 километрлик “Оҳангарон - Пунгон” магистрал газ қувури, “Ғузор - Сурхон” юқори вольтли электр узатиш линиясини қуриш бўйича стратегик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш натижасида мамлакатимизда ягона электр ва газ тармоғи тизимларини ташкил этиш ишлари асосан якунланди.

Бу эса Фарғона водийси ва Ўзбекистон жанубида яшайдиган аҳолини табиий газ ва электр энергияси билан ишончли таъминлаш, шунингдек, электр энергия экспорт қилишни сезиларли равишда ошириш имконини беради.

Юқори даражадаги халқаро стандартларга жавоб берадиган, мамлакатимизнинг барча ҳудудларини ўзаро ишончли боғлайдиган ва минтақавий ҳамда жаҳон бозорларига чиқишни таъминлайдиган Ўзбекистон миллий автомагистралини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича кенг кўламли дастурни амалга ошириш ҳам доимий эътиборимиз марказида бўлди.

Ўтган йилда 217 километрлик автомобиль йўли фойдаланишга топширилди, 538 километр йўл ва 19 та кўприк капитал таъмирланди. Бу ишларни амалга ошириш учун Республика йўл жамғармаси ҳисобидан 280 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди.

Йўл-қурилиш техникасини сотиб олиш учун Осиё тараққиёт банкининг умумий қиймати 56 миллион долларга тенг бўлган имтиёзли кредит ресурслари жалб этилди.

Мамлакатимиз темир йўл транспорт тизимини ривожлантириш ва модернизация қилиш бўйича ишлар давом эттирилди. “Тошгузар-Бойсун-Қумқўрғон” янги темир йўл линиясида Япония капитали иштирокида 5 та кўприк фойдаланишга топширилди.

“Навоий - Учқудуқ - Султон Увайстоғ - Нукус” темир йўл линиясининг 6 та янги разъезди ишга туширилди. Темир йўлларни электрлаштириш, темирйўл локомотивлари парки ва ҳаракатдаги таркибни янгилаш лойиҳаларини амалга ошириш ишлари бошланди.  

2009 йилда Навоий вилоятида ташкил этилаётган эркин индустриал-иқтисодий зонанинг асосий объектларидан бири сифатида Навоий шаҳри аэропорти базасида халқаро ташишлар бўйича интермодаль марказ қурилиши юзасидан катта ишлар амалга оширилди.

Ўтган йил мобайнида “Кореан Эйр” компаниясидан миллий авиакомпаниямиз ижарага олган замонавий транспорт самолётлари билан ушбу аэропортдан халқаро йўналишлар бўйича 330 дан ортиқ рейс амалга оширилди ва қарийб 8,5 минг тонна юк ташилди. Бу Навоий шаҳри аэропортини глобал логистика тармоғига интеграциялаш имконини берди.

Ангрен шаҳрида мамлакатимиз ҳудудлари ва Фарғона водийси вилоятлари ўртасида йил давомида кафолатли транспорт алоқасини таъминлайдиган Халқаро логистика маркази қурилиши якунланди ва фойдаланишга топширилди.

Коммуникация тизимларини ривожлантириш ҳақида гапирганда, юқори технологик телекоммуникация тармоғини ривожлантириш биз учун муҳим стратегик аҳамиятга эга эканини алоҳида қайд этиш даркор.

Бугунги кунда ҳаётимизни компьютер техникаси, ахборот технологиялари, Интернет, мобиль телефон алоқасисиз тасаввур қилиб бўлмайди.

Бу йўналишда 2009 йилда 12 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бошланди. Замонавий технологиялар базасида “Тошкент - Бухоро” магистраль алоқа линияси кенгайтирилди. Бу линия каналларнинг ўтказувчанлик қобилиятини 60 баробарга ошириш ва шу тариқа видеотелефон, Интернет ва бошқа кенг тармоқли хизматлар кўрсатиш имконини берди.

Шу билан бирга, “Андижон - Ўш”, “Қўнғирот - Бейнов”, “Денов - Турсунзода” ва “Термиз -Ҳайратон” йўналишлари бўйича халқаро алоқа линиялари ишга туширилди.

Яна бир устувор йўналиш - ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш дастурини амалга ошириш доирасида 2009 йилда 840 километрлик коллектор-дренаж тармоқлари, 250 та дренаж қудуқлар, 15 та мелиорация насос станциялари ва иншоотлари қурилди ҳамда реконструкция қилинди. Ўтган йили ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилашга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш учун 130 миллиард сўм маблағ йўналтирилди.

Натижада 240 минг гектардан ортиқ суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолати яхшиланди ва бу қишлоқ хўжалик экинлари ҳосилдорлигини, фермер хўжаликларининг даромадини ошириш имконини беради.

2009 йилда йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, ишлаб чиқариш ва коммуникация объектлари, қишлоқ хўжалиги ҳамда мелиоратив қурилишни ривожлантириш билан бир қаторда ижтимоий соҳани янги босқичга кўтариш масалалари ҳам эътиборимиз марказида бўлди.

Ушбу мақсадлар учун 2009 йилда жами 2,5 миллиард доллар миқдорида капитал маблағлар йўналтирилди. Бу ўзлаштирилган капитал маблағлар умумий ҳажмининг 27,8 фоизини ташкил этади.


Азиз дўстлар!

Ўтган йили мамлакатимиз ҳаётида ҳақиқатан ҳам улкан тарихий аҳамиятга эга бўлган энг муҳим ижтимоий дастурлар - Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ва Мактаб таълимини ривожлантириш Давлат умуммиллий дастурининг ижроси амалда ниҳоясига етказилди. 9 йиллик умумтаълим мактаб босқичини ва 3 йиллик ўрта махсус, касб-ҳунар таълим босқичини ўз ичига олган узлуксиз яхлит таълим тизими яратилди.

Бир сўз билан айтганда, фарзандларимизга умумий таълим билан бирга замонавий касб-ҳунарларга эга бўлиш имконини берадиган 12 йиллик таълим тизимига ўтиш якунланмоқда.

2009 йилда Инқирозга қарши чоралар дастури доирасида амалга оширилган чора-тадбирлар самарадорлиги ҳақида гапирганда, уларнинг аввало энг муҳим масалаларга - янги иш ўринларини яратиш ва аҳолимизнинг турмуш даражасини янада оширишга йўналтирилганини алоҳида қайд этиш зарур.

Ўтган йили кўрилган амалий чоралар натижасида мамлакатимизда 940 мингдан зиёд янги иш ўринлари яратилди, уларнинг 500 мингга яқини қишлоқ жойларда ташкил этилди. Кичик бизнес соҳасида 390 мингдан зиёд, шу жумладан, хизмат кўрсатиш соҳасида 270 мингдан ортиқ янги иш ўринлари очилди.

Саноат корхоналари билан кооперация асосидаги касаначиликни ҳамда пудрат шартномаси асосидаги уй меҳнатини рағбатлантириш аҳоли бандлигини таъминлашнинг муҳим йўналишларидан биридир. Ана шундай меҳнат фаолиятини ривожлантириш натижасида 130 мингга яқин иш ўрни яратилганини алоҳида қайд этиш лозим.

Бандлик даражасини оширишга қаратилган бундай чора-тадбирлар инқироз шароитида аҳолини ишончли ҳимоя қилиш, унинг даромади ва моддий фаровонлигини ошириш имконини таъминлади.

Аҳолининг реал даромадлари йил давомида 26,5 фоизга кўпайгани, иш ҳақи, пенсия ва нафақаларнинг ўсиши 2009 йилда ўрта ҳисобда 40 фоизни ташкил этгани бунинг тасдиғидир.


Азиз юртдошлар!

Мамлакатимизни ривожлантириш, янгилаш ва модернизация қилиш бўйича танлаган стратегиямизни ва Инқирозга қарши қабул қилган дастуримизни амалга ошириш натижасида юртимиз дунёдаги саноқли давлатлар қаторида иқтисодий ва ижтимоий ривожланишнинг барқарор суръатларини таъминлаш, аҳолимизнинг моддий фаровонлигини юксалтиришга эришгани барчамизга катта мамнуният ва ифтихор бағишлайди, албатта.

2009 йилда Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши 8,1 фоизни ташкил этди. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 9,0 фоизга кўпайди, қишлоқ хўжалигидаги ўсиш 5,7 фоизни ташкил этди, чакана савдо айланмаси 16,6 фоиз, аҳолига пуллик хизмат кўрсатиш 12,9 фоизга ошди.  

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ўтган йили юзага келган мураккаб иқлим шароитига қарамай, мамлакатимизда илк бор 7,3 миллион тоннадан ортиқ дон, шу жумладан, 6 миллион 600 минг тонна буғдой етиштирилди, 3,4 миллион тонна пахта хомашёси тайёрланди.

Ўтган йили иқтисодиётга инвестициялар киритиш ҳажми 8,2 миллиард долларни ташкил этди, бу эса 2008 йилга нисбатан 24,8 фоиздан кўп демакдир. Жалб этилган хорижий инвестициялар ҳажми 68 фоизга ўсди, энг муҳими, уларнинг асосий қисми тўғридан-тўғри киритилган инвестициялар бўлиб, уларнинг ҳажми 1,8 баробар ошди. 

Мамлакатимизда инфляция даражаси 7,4 фоизни ташкил этиб, 2009 йил учун белгиланган прогноз кўрсаткичларидан ошмади. Шуни айтиш керакки, давлатимиз бюджети ўтган йили ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,2 фоиз миқдорда профицит билан бажарилди.

Ўзбекистоннинг Инқирозга қарши чоралар дастурини амалга ошириш борасида эришган ютуқлари нуфузли халқаро молия ташкилотлари ва иқтисодий институтлар, жумладан, Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки ва дунёнинг бошқа бир қатор етакчи молиявий институтлари томонидан эътироф этилди.

2009 йилнинг октябрида юртимизга ташриф буюрган Халқаро валюта жамғармаси ижрочи директорлари миссиясининг баёнотида, жумладан, шундай дейилади: "Ўзбекистон ҳукумати жаҳон иқтисодий инқирози шароитида иқтисодий ўсишни таъминлаш учун зарур бўлган кўплаб ресурсларни жамлаган ҳолда, жаҳон молия бозорларида оқилона сиёсат олиб борди. Бундай пухта ўйланган сиёсат мамлакатнинг глобал иқтисодий инқироз таъсирига самарали қарши тура олишида муҳим омил бўлди".


Қадрли дўстлар!

Мамлакатимизни 2010 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг муҳим устувор йўналишларига ўтишдан олдин нуфузли халқаро экспертлар ва иқтисодчиларнинг айрим умумий хулосалари, уларнинг 2010 йилда жаҳон иқтисодиётининг ривожланиш тенденциялари бўйича прогнозлари хусусида қисқача тўхталиш жоиз, деб ҳисоблайман.

Аввало, шуни айтиш керакки, уларнинг таҳлил ва хулосаларига кўра, жаҳон молиявий инқирозининг дунё мамлакатлари иқтисодиётига оғир таъсири тобора пасайиб боради ва 2010 йилда жаҳон иқтисодиётининг аста-секин ўсиши кутилади.

2009 йилда глобал иқтисодиётнинг ўсиши тахминан 1 фоизга қисқарган бўлса, жорий йилда дунёда иқтисодий ривожланиш 3 фоиз атрофида ошиши мумкин, бу эса инқирозгача бўлган даврдаги кўрсаткичлардан анча пастдир.

Таҳлилчиларнинг қайд этишича, ишсизлик даражасининг ўсиши кутилмоқда ва бу аҳолининг турмуш даражасига салбий таъсир кўрсатиши табиийдир.

Иккинчидан. Халқаро бозорнинг ривожланишидаги беқарорлик, кўплаб мамлакатларда товарларга ички талабнинг пасайиши давом этаётгани иқтисодиётнинг реал сектори суръатларининг изчил ўсиши учун мустаҳкам асос яратиш имконини бермаётганини таъкидлаш лозим.

Инқироз авжга чиққан даврда давлатларнинг иқтисодиётга кенг миқёсда аралашуви биринчи навбатда банк-молия тизими ликвидлигини қўллаб-қувватлашга, ипотека кредитлари соҳасидаги ўпирилишларни бартараф этишга қаратилиб, иқтисодиётнинг реал сектори тармоқларига, ишлаб чиқаришга, кичик бизнес ва тадбиркорлик соҳаларига кам эътибор берилгани вазиятга салбий таъсир ўтказиши мумкин.

Шу муносабат билан корхоналар ва компанияларнинг молиявий аҳволи заифлиги, уларнинг қарзлар ва банк кредитларини қайтаришга лаёқатсизлиги билан боғлиқ муаммолар жорий йилда иқтисодиётнинг реал секторига жиддий таъсир кўрсатади.

2010 йилда ва кейинги йилларда банк тизимида ипотека ва истеъмол кредитлари бўйича қайтарилмаган кредитлар ҳажмининг ўсиши оқибатида банкротликнинг янги тўлқини хавфи вужудга келиши мумкин.

Шу билан бирга, ишлаб чиқариш ҳажмининг пасайиши ва қисқариши, ишсизлик даражасининг ўсиши ва аҳоли реал даромадларининг чекланиши солиқ тушумларининг жиддий камайишига, давлат бюджети тақчиллигининг ошишига олиб келиши ва бу жараён айрим мамлакатларда сурункали тус олиши мумкин.

Учинчидан. Бозорда истеъмол талабининг пасайиши давом этаётгани нарх-наво ошишини чегаралаб турганлигига, қаердадир дефляция мавжудлигига қарамай, аввало пул маблағларининг улкан эмиссияси ҳисобидан банклар ликвидлигини сақлаб туриш мақсадида банклар ва молиявий секторларнинг жуда катта миқдорда пул кредитлари билан тўлдирилиши бир қатор мамлакатларда инфляция жараёнларининг кескин кучайиб кетиш хавфини юзага келтиради.

Бундай шароитда кучайиб бораётган инфляция даражасини жиловлаб туриш ниҳоятда мушкул вазифага айланишини тушуниш қийин эмас.

Тўртинчидан. Фонд, хомашё ва молия бозорларида катта спекулятив ўйинлар давом этаётгани, реал қийматга эга бўлмаган пул ҳажмининг кўпайиши, бошқача айтганда, янги молиявий "кўпиклар" хавфининг авж олаётгани яна молиявий касодларга олиб келиш хавфини туғдириши мумкин.

Бешинчидан. Иқтисодиётнинг шаклланиши ва ривожланиши йўлидаги энг катта муаммолар, аввало, ривожланаётган мамлакатларда, жаҳон амалиётида давом этаётган протекционизм сиёсати оқибатида вужудга келмоқда.

"Катта йигирмалик" деб ном олган давлатлар гуруҳининг йиғилишларида бундай номаъқул ишларга йўл қўйиб бўлмаслиги ҳақида кўплаб баёнотлар берилаётганига қарамай, эркин иқтисодиётга яққол тўсқинлик қилиб турган протекционизмдан яқин орада қутулиш қийин, деган таассурот пайдо бўлади.

Олтинчидан. Халқаро валюта жамғармаси экспертларининг фикрича, давлатнинг иқтисодиётга ҳаддан ташқари аралашувини камайтиришга тайёргарлик кўриш 2010 йилда ва ундан кейинги йиллардаги устувор вазифа бўлиб қолиши зарур.

Молиявий-иқтисодий соҳадаги қўллаб-қувватлаш чораларининг ҳаддан зиёд узоқ давом этиши иқтисодиётни мутаносиб ривожлантиришда мувозанатнинг бузилиши ва эркин тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги жиддий чеклашлар каби хавфларни келтириб чиқариши мумкин.

Бир сўз билан айтганда, молиявий инқироз шароитида жаҳон иқтисодиёти ривожланишига оид бундай баҳолар ва прогнозлардан келиб чиқадиган хулоса шундан далолат берадики, инқирознинг энг оғир босқичи ортда қолганига қарамай, ҳали-бери давом этадиган молиявий-иқтисодий инқирознинг бутун бир даврини бошдан кечиришга тўғри келади.

Инқироздан чиқиш ва инқироздан кейин иқтисодиётни соғломлаштириш жараёни узоқ давомли ва ўта мураккаб бўлиши мумкин.


Ҳурматли мажлис қатнашчилари!

2010 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг энг муҳим мақсади ва асосий устувор вазифаси - бу ислоҳотларни давом эттириш ва чуқурлаштириш, мамлакатимизни янгилаш ва модернизация қилиш, 2009 - 2012 йилларга мўлжалланган Инқирозга қарши чоралар дастурини сўзсиз бажариш ва шу асосда иқтисодий ривожланишнинг юқори ва барқарор суръатларини, самарадорлигини ҳамда макроиқтисодий мувозанатни таъминлашдан иборатдир.

Юртимиз салоҳиятининг тобора юксалиб бораётгани, сўнгги йилларда ишга туширилган янги замонавий қувватлар, ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфратузилманинг ривожи, тизимли равишда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва иқтисодиётнинг эркинлаштирилиши, мамлакатимизда яратилган ниҳоятда қулай инвестиция муҳити бизга 2010 йилда қуйидаги режаларни белгилашга асос беради.

Ялпи ички маҳсулот ва саноат маҳсулотларини 108,3 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини 105 фоизга ошириш, иқтисодиётга инвестиция киритиш ҳажмини ялпи ички маҳсулотга нисбатан 30 фоизга етказиш кўзда тутилмоқда.

Маҳсулот экспортини 8,5 фоизга оширишни таъминлаш, юқори қўшимча қийматга эга бўлган тайёр маҳсулот улушини ошириш ҳисобидан унинг таркибини сифат жиҳатидан ўзгартириш вазифаси қўйилмоқда.

2009 йилга нисбатан бюджет-молия ва пул-кредит сиёсатини, биринчи навбатда, ресурслар ва энергияни тежайдиган замонавий технологияларни жорий этиш ҳисобидан тежамкорлик режимини янада қатъийлаштириш мўлжалланмоқда. Инфляция даражаси 7-9 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда.

Олдимизга қўйилган бундай мақсадларга эришиш, аввало, ўз имконият ва ресурсларимизни қай даражада сафарбар этишимизга, ҳамон катта хавфи сақланиб қолаётган инқироз оқибатларини бартараф этиш бўйича 2009-2012 йилларга мўлжалланган Инқирозга қарши чоралар дастурида кўзда тутилган чора-тадбирларни сўзсиз бажаришни нечоғлик таъминлай олишимизга боғлиқ. Бу эса Вазирлар Маҳкамасидан ҳар бир алоҳида йўналиш учун масъул бўлган ижрочилар томонидан ўзига юклатилган вазифаларни тармоқ комплекслари ва ҳудудлар бўйича амалга оширилишини қатъий ва тизимли равишда назорат қилишни тақозо этади.

Давом этаётган жаҳон молиявий-иқтисодий инқирозини ва унинг мамлакатимиз иқтисодиётига таъсирини эътиборга олган ҳолда, банк-молия тизимининг барқарорлигини таъминлаш муҳим устувор вазифа бўлиб қолмоқда.

Бу ўринда гап банкларнинг капиталлашуви ва инвестициявий фаоллигини янада ошириш, иқтисодиётдаги таркибий ўзгаришларнинг устувор йўналишларини қайта тиклаш ва кенгайтириш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилашга қаратилган кредитлаш ҳажмини ошириш ҳақида бормоқда.

Барчамиз оддий бир ҳақиқатни яхши англаб олишимиз даркор - инвестицияларсиз модернизация ҳам, янгиланиш ҳам бўлмайди.

Бу ўринда биз нафақат корхоналар томонидан инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни жадаллаштиришни, балки бундан тижорат банклари қанчалар манфаатдор экани ва улар бу лойиҳаларда ўз кредит ресурслари билан нечоғлик фаол иштирок этаётганини ҳам кўзда тутамиз.

Бунинг учун тижорат банклари етарли капиталга эга, молиявий барқарор бўлиши лозим, бир сўз билан айтганда, улар йирик инвестиция институтларига айланиши даркор.

Тижорат банкларининг узоқ муддатли кредитлари улушини ошириш бўйича кўрилган чоралар туфайли 3 йилдан ортиқ муддатга берилган кредитларнинг банклар кредит портфелининг умумий ҳажмидаги улуши ҳозирги пайтда 69 фоизга етди ва сўнгги ўн йилда 28 баробар кўпайди.

Марказий банк ва Молия вазирлиги тижорат банклари билан биргаликда банкларнинг жами капиталини 2010 йилда камида 20 фоизга ошириши, яқин икки йилда эса унинг ялпи ички маҳсулотга нисбатан ҳажмини 10 фоизга етказиши лозим.

Бу борада банк хизматининг янги турларини жорий этиш, аҳоли ва хўжалик субъектларининг бўш маблағларини банкларнинг узоқ муддатли депозитларига жалб этишни камида 30 фоизга кўпайтириш, мамлакат иқтисодиётига киритиладиган узоқ муддатли кредит қўйилмалари улушини ички манбалар ҳисобидан ошириш учун мустаҳкам асос яратиш масалаларини қўшимча равишда ишлаб чиқиш талаб этилади.

Тижорат банклари фаолиятини баҳолаш мезонларини ўзгартириш зарур - бугунги кунда уларнинг ишини узоқ муддатли кредит қўйилмалари улушининг ўсиши ва бунинг учун ички манбаларни жалб этиш нуқтаи назаридан баҳолаш керак.

Шу ўринда ўз кредит портфелида 85 фоиздан зиёд узоқ муддатли кредитга эга бўлган Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ва 71 фоиз ана шундай кредитга эга бўлган "Ўзсаноатқурилишбанк" фаолиятини алоҳида қайд этишни истардим. Бундай фаолият бошқа банклар учун ўрнак бўлиши лозим.

Тижорат банкларини зарар кўриб ишлаётган ва иқтисодий ночор корхоналарни соғломлаштириш жараёнига жалб қилиш тажрибаси амалда ўзини тўла оқлади.

Ҳали ҳам эски техника ва технологиялар асосида ишлаётган, ҳеч қандай иқтисодий истиқболи бўлмаган корхоналарни тугатиш ва уларнинг негизида янги замонавий ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш даркор.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни, фермерликни ривожлантиришни молиялашда тижорат банкларининг ролини кучайтириш бўйича ишларни давом эттириш зарур.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик корхоналарига 2010 йилда кредит ресурслари ажратиш миқдорини 1,4 баробар кўпайтириш, микрокредитлар ҳажмини 1,3 баробар ошириш вазифаси қўйилмоқда.

Мамлакатимизнинг рақобатдошлигини оширишни таъминлаш учун иқтисодиётни таркибий ўзгартириш жараёнларини чуқурлаштириш сиёсатини давом эттириш 2010 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурни амалга оширишнинг муҳим устувор йўналишига айланиши лозим.

Шуни холисона тан олиш керакки, бу йўналишда кўп ишлар қилинди ва салмоқли натижалар қўлга киритилди.

Изчил дастурни амалга ошириш натижасида 2009 йилда мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотида саноат ишлаб чиқариши улуши 2000 йилга нисбатан 14 фоиздан 24 фоизга, транспорт ва алоқа соҳалари улуши 7,7 фоиздан 12 фоизга ошди, айни пайтда қишлоқ хўжалигининг улуши эса 30 фоиздан 18 фоизга камайди.

Шу билан бирга, иқтисодиётимиз яқин йиллар ичида янада барқарор, ўзига бақувват, жаҳон ва минтақавий бозорларда рақобатдош бўлмоғи учун иқтисодиётимизни таркибий ўзгартириш ва диверсификация қилиш бўйича ҳали кўп иш қилиш лозимлигини ҳам биз ўзимизга яхши тасаввур этамиз.

Бу ўринда, мамлакатимиз ва минтақамиздаги мавжуд шароитдан келиб чиққан ҳолда, газни қайта ишлаш, нефть-кимё, кимё саноати, энергетика, автомобилсозлик, электротехника саноати, машинасозлик, фармацевтика каби замонавий соҳалар ва ишлаб чиқариш тармоқларини ва албатта, ахборот технологиялари ва телекоммуникация тизимларини жадал ривожлантиришга алоҳида аҳамият бериш, яқин келажакда рақамли ва кенг форматли телевидениега ўтиш ҳақида сўз бормоқда.

Шулар қаторида биринчи навбатда енгил, тўқимачилик ва озиқ-овқат саноатида пахта толаси, бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва хом ашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш бўйича ишлаб чиқаришни, қурилиш материаллари саноатини янада ривожлантириш, сифатли ва барқарор талабга эга бўлган тайёр маҳсулотлар тайёрлайдиган корхоналар ташкил этишга алоҳида эътибор қаратиш даркор.

Вазирлар Маҳкамаси қабул қилинган тармоқ дастурларини яна бир бор танқидий қайта кўриб чиқиши, уларга тузатишлар киритиш ва жадал амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар кўриши лозим.

Бу борада қуйидагиларни эътиборга олиш даркор:

Биринчидан: корхоналар ўртасида барқарор кооперация алоқаларини ўрнатиш ва уларни кенгайтириш бўйича бошланган ишларни давом эттириш, бу жараёнга кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини фаол жалб қилиш зарур.

Республика саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси ишини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш лозим.

Шуни назарда тутиш керакки, кооперация алоқаларини ривожлантириш ҳозирги шароитда корхоналар ва иқтисодиёт тармоқлари фаолияти барқарорлигининг кучли омили, маҳсулотларнинг янги турларини ўзлаштириш ва энг асосийси - янги иш ўринларини яратиш, аҳоли бандлиги ва даромадларини кўпайтиришнинг энг муҳим йўналиши ҳисобланади.

Ўтган йили ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастурларини шакллантириш ва амалга ошириш механизмларини такомиллаштириш бўйича ҳукумат қарорлари қабул қилинди, яхлит тизим яратилди, маҳаллийлаштириш дастурларини ишлаб чиқишга масъул бўлган идоралар - Иқтисодиёт вазирлиги ҳамда Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигининг фаолият йўналиши ва ваколатлари доираси аниқ белгилаб қўйилди.

Бу ишни мантиқий якунига етказиш, шаклланган ёндашув ва мезонларни ҳисобга олган ҳолда амалдаги маҳаллийлаштириш дастурига киритилган лойиҳаларни танқидий кўриб чиқиш ва бир ой муддатда 2010 йилга мўлжалланган маҳаллийлаштириш дастурини тайёрлаш зарур.

2010 йилда маҳаллийлаштириш асосида ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар ҳажми ўтган йилга нисбатан 40 фоизга ўсиши, шу борада экспорт қилинадиган маҳсулотларнинг улуши эса камида 12 фоизни ташкил қилиши лозим.

Иккинчидан: сўнгги йилларда иш ҳақи, пенсия, стипендия ва нафақалар миқдорини ошириш, жисмоний шахслар даромадидан олинадиган солиқ ставкаларини камайтириш, инфляция даражасини пасайтириш бўйича кўрилган чора-тадбирлар натижасида аҳолининг ялпи ва реал даромадлари сезиларли равишда ошди, унинг харид қобилияти барқарор суръатда ўсиб бормоқда. Жумладан, ўтган йили 2000 йилга нисбатан ўртача иш ҳақи 28,5 баробар, пенсияларнинг ўртача миқдори қарийб 18 баробар, аҳоли жон бошига нисбатан пул даромадлари эса 12 баробар ошди.

Жорий йилда ҳам иш ҳақини камида 30 фоизга, реал даромадларни эса 23 фоизга ошириш мўлжалланмоқда. Аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотлари таркибига кирмайдиган, узоқ фойдаланишга мўлжалланган саноат товарларини харид қилиш бўйича харажатлари сезиларли даражада ўсди.

Бундай шароитда аҳолининг ўсиб бораётган тўлов қобилияти билан мамлакатимиз корхоналарида ишлаб чиқарилаётган истеъмол товарлари ҳажми ўртасида ички бозорда мутаносибликни таъминлаш, бундай маҳсулотлар турини кенгайтириш, бозорларимизни улар билан ишончли тарзда тўлдириб бориш алоҳида аҳамият касб этади.

Вазирлар Маҳкамаси шу масалага бағишланган ўз мажлисида қабул қилинган дастурлар ижросини танқидий баҳолаши, уларни жадал амалга ошириш ва ички бозорни мамлакатимизда ишлаб чиқарилган, импорт товарларидан сифати юқори, нархи эса арзон бўлган маҳсулотлар билан тўлдириш, юртдошларимизнинг ўсиб бораётган талаб ва эҳтиёжларини янада тўлароқ қондириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар кўриши лозим.

Учинчидан: аҳолига хизмат кўрсатиш соҳасини янада кенгайтириш ғоят муҳим аҳамиятга эга. Бундай тармоқлар ташқи конъюнктурага ҳам, об-ҳаво шароитига ҳам боғлиқ эмас, яъни, ташқи омилларнинг ўзгариши уларга таъсир кўрсата олмайди.

Айни пайтда бу хизматлар ўзимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг кўплаб турларига ички талабни оширади, шунингдек, истеъмол бозорида мутаносибликни сақлашда муҳим роль ўйнайди.

Буларнинг барчасини назарда тутган ҳолда, хизмат кўрсатиш соҳасининг ялпи ички маҳсулотдаги улушини 2009 йилдаги 47 фоиздан 2010 йилда 49 фоизга етказиш зарур.

Тўртинчидан: нисбатан барқарор ва бозор конъюнктураси ўзгаришларига тез мослашувчан, янги иш ўринлари яратиш имконини берадиган кичик бизнесни жадал ривожлантириш масаласини ҳал этиш бизнинг шароитимизда ҳамон муҳим аҳамиятга молик масала бўлиб қолмоқда.

Айнан шунинг учун ҳам биз 2010 йилда барча кичик бизнес корхоналари учун ягона солиқ тўлови ставкасини 7 фоизга тушириш тўғрисида қарор қабул қилдик.

Ҳукумат, жойлардаги давлат ҳокимияти органлари кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожини уларга кредит ажратишни сезиларли даражада кенгайтириш, уларнинг фаолиятига давлат органлари томонидан ноқонуний аралашув ва турли тўсиқлар қўйиш ҳолатларига йўл қўйилмаслик ҳисобидан қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирларни кучайтириши шарт.

Кичик бизнеснинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини ўтган йилдаги 50 фоиздан 2010 йилда 52,5 фоизга етказиш вазифаси қўйилмоқда.

Бешинчидан: экспорт қилинадиган маҳсулотларимиз таркибини ва умуман, ташқи савдо айланмасини янада диверсификация қилиш долзарб масала бўлиб қолмоқда.

Кейинги вақтда жаҳон бозорида нархи кескин тушиб кетган хом ашё ресурсларини экспорт қилиш амалиётидан имкон қадар тезроқ қутулиб, тайёр рақобатдош маҳсулотлар экспортини фаол ошириш ва бу маҳсулотлар етказиб бериладиган мамлакатлар географиясини янада кенгайтиришимиз керак.

Бу борада янги бозорлар, янги транспорт йўлакларини топиш, бир сўз билан айтганда, фаол маркетингга асосланган ташқи иқтисодий сиёсат юритиш зарур.

Биз 2010 йилда экспорт қилинадиган юкларни ташиш тизимини такомиллаштириш масалалари билан жиддий шуғулланишимиз керак. Шу муносабат билан Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлигига тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган ҳар бир тармоқ бўйича 2010 - 2012 йилларга мўлжалланган тайёр маҳсулотни янги ташқи бозорларга чиқариш бўйича махсус дастурлар ишлаб чиқиш вазифаси топширилади.

Бу дастурларда барча зарур чораларни, жумладан, маркетинг, молия ва ташкилий-ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш масалаларини назарда тутиш даркор.


Азиз дўстлар!

Узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган, мамлакатимизнинг салоҳияти, қудрати ва иқтисодиётимизнинг рақобатдошлигини оширишда ҳал қилувчи аҳамият касб этадиган навбатдаги муҳим устувор йўналиш - бу асосий етакчи соҳаларни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш, транспорт ва инфратузилма коммуникацияларини ривожлантиришга қаратилган стратегик аҳамиятга молик лойиҳаларни амалга ошириш учун фаол инвестиция сиёсатини олиб боришдан иборат.

2010 йилда Инвестиция дастурига мувофиқ капитал қўйилмалар ўтган йилга нисбатан 22,1 фоизга ортиб, ялпи ички маҳсулотнинг 30 фоизини ташкил қилади. Бунда биргина ишлаб чиқариш соҳасига мўлжалланган инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун барча капитал қўйилмаларнинг 75 фоиздан зиёди йўналтирилади.

2010 йилда мамлакатимизда муҳим стратегик лойиҳаларни амалга ошириш учун 3 миллиард АҚШ долларидан зиёд ёки ўтган йилга нисбатан 30 фоиз кўп хорижий инвестициялар жалб қилинишини эътиборга оладиган бўлсак, ўйлайманки, амалга ошириладиган лойиҳаларнинг кўлами ва салмоғи ўз-ўзидан аён бўлади.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми 46 фоизга ошади.

Бундай йирик лойиҳаларни, биринчи навбатда, инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш учун ички ресурсларни жалб қилишда мамлакатимизда 2007 йили ташкил этилган Тикланиш ва тараққиёт фонди жуда катта ҳисса қўшди. Бугунги кунда бу фонднинг жамғармаси 3,7 миллиард долларни ташкил этмоқда.

Дунёдаги машҳур ва нуфузли компаниялар, Осиё тараққиёт банки, Жаҳон банки, Ислом тараққиёт банки, Жанубий Корея, Япония тараққиёт банклари сингари молия институтлари, қатор араб давлатларининг инвестиция фондлари ва бошқа хорижий ташкилотлар юқори қўшимча қийматга эга бўлган, юксак технологияларга асосланган маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда бизнинг йирик ҳамкорларимиз бўлмоқда.

Бу ҳақда гапирганда, иқтисодиётимизнинг етакчи ўринларга чиқиши учун Тошкент, Навоий ва Толлимаржон иссиқлик электр станцияларида буғ-газ мосламаларини қуриш, Сургил кони базасида полиэтилен ва пропилен ишлаб чиқарадиган Устюрт газ-кимё мажмуасини барпо этиш, поливинилхлорид ва каустик сода ишлаб чиқарадиган янги комплекс ташкил этишга қаратилган йирик лойиҳалар амалга оширилишини айтиб ўтиш лозим, деб биламан.

Шу билан бирга, Муборак газни қайта ишлаш заводи ва Шўртаннефтгаз мажмуасида суюлтирилган газ ишлаб чиқаришни кўпайтириш учун пропан-бутан аралашмаси мосламаларини қуриш, Янги Ангрен иссиқлик электр станцияси энергия блокларини кўмир ёқилғиси билан ишлаш тизимига ўтказиш, автомобиль кучланиш агрегатларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва бошқа бир қатор муҳим стратегик лойиҳаларни амалга ошириш алоҳида истиқболли аҳамиятга эга эканини таъкидлаш зарур.

Бу лойиҳаларнинг барчаси ўтган йили, жаҳон молиявий-иқтисодий инқирозига қарамасдан, қабул қилинган 2009 - 2014 йилларда ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш бўйича муҳим лойиҳаларни амалга оширишга доир чора-тадбирлар дастурига киритилган.

Ушбу дастурга умумий қиймати 42,5 миллиард доллардан зиёд 327 та лойиҳа киритилган бўлиб, уларнинг кўпчилиги бўйича молиялаш манбалари аниқ белгиланган ва инвесторлар консорциумлари шакллантирилган.

Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда Инвестиция дастури рўйхатига киритилган стратегик аҳамиятга молик инвестиция лойиҳаларини, шунингдек, стратегик тармоқлар ва йирик корхоналарнинг узоқ муддатли техника сиёсати нуқтаи назаридан ишлаб чиқилаётган янги лойиҳаларни амалга оширишнинг муддатлари ва шартларини мувофиқлаштириш борасидаги ишларни фаоллаштириши даркор.

2010 йилда автомобиль йўлларини ривожлантириш учун Республика йўл жамғармаси маблағлари ҳисобидан 540 миллиард сўм, яъни, ўтган йилга нисбатан қарийб 2 баробар кўп маблағ ажратиш кўзда тутилган.

Бугунги кунда Ўзбекистон миллий автомагистрали участкаларини қуриш бўйича Осиё тараққиёт банки ҳамкорлигида янги йирик лойиҳа ишлаб чиқилмоқда.

Ушбу дастурларни амалга оширишдан кўзланган пировард мақсад - Европа ва Осиё ўртасидаги савдо оқимининг маълум қисмини мамлакатимиздаги транзит йўналишларига буриш ва шу асосда юртимизда транспорт ва транзит хизмати ҳажмини ошириш, мавжуд инфратузилма негизида логистика марказларини ташкил этиш, минглаб одамларни иш билан таъминлашдан иборат.

Вазирлар Маҳкамаси 2010 -2015 йилларда Ўзбекистон миллий автомагистрали йўналиши бўйлаб инфратузилма ва сервис тармоқларини ривожлантириш юзасидан қабул қилинган дастурнинг амалга оширилишини қатъий назоратга олиши даркор.

Ҳозирги вақтда темир йўл коммуникацияларини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратиш зарур. 2010 йилда уларни модернизация қилиш учун 105 миллион доллардан кўпроқ маблағ йўналтириш кўзда тутилган.

“Тошгузар - Бойсун - Қумқўрғон” темир йўл линияси ва шу йўналишдаги инфратузилма объектларида қурилиш ишларини якунига етказиш, "Янгиер - Жиззах" ва "Янгиер - Фарҳод" электрлаштирилган темир йўл линиялари қурилишини давом эттириш лозим.

Шу билан бирга, йўловчи ташиш локомотивлари паркини янгилаш, юк ташиш локомотивлари ва вагонларини модернизация қилиш ва қайта тиклаш бўйича лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш даркор.

Жорий йилда Испаниядан иккита тезюрар поезд сотиб олиш ва "Тошкент - Самарқанд" йўналиши бўйича уларнинг қатновини йўлга қўйиш лойиҳасини, барча расмийлаштириш жараёнлари билан бирга, амалга оширишни бошлаш керак.

“Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонасига жалб қилинаётган хорижий инвестициялар ҳажмини янада ошириш инвестиция соҳасидаги долзарб йўналиш ҳисобланади.

Аввало, бу ерда бошланган 17 та лойиҳани амалга ошириш, айни пайтда Корея Республикаси, Япония, Германия, АҚШ, Буюк Британия, Франция, Италия ва бошқа технологик жиҳатдан юксак ривожланган мамлакатлардан инвестициялар жалб қилишга алоҳида эътибор қаратиш лозим.


Қадрли дўстлар!

Қишлоқда уй-жой қуриш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантиришни жадаллаштириш дастурининг 2010 йилнинг муҳим устувор йўналишлари қаторига киритилишига тўлиқ асос бор.

Юртимизда 2009 йилнинг "Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йили" деб эълон қилиниши, шу муносабат билан қабул қилинган Давлат дастурининг амалга оширилиши қишлоқларимиз қиёфасини замонавий архитектура ва саноат асосида тубдан ўзгартириш ва янгилаш, уй-жой, ижтимоий ва коммунал объектлар, коммуникацияларни барпо этиш бўйича узоқ муддатга мўлжалланган аниқ мақсадли ишларимизнинг бошланиши бўлди.

Буларнинг барчаси қишлоқ аҳолиси турмуш даражасини тубдан ошириш ва шаҳар шароитига яқинлаштиришга хизмат қилади.

Ушбу мақсадларга молиялашнинг барча манбалари ҳисобидан 2009 йилнинг ўзида 2 триллион 600 миллиард сўмдан зиёд маблағ йўналтирилди.

Энг муҳими, ўтган йили қишлоқ жойларда қурилиш олиб бориш учун узоқ истиқболга мўлжалланган, лойиҳалаштириш, саноат-қурилиш, муҳандислик-техник жиҳатдан кучли замонавий салоҳиятга эга бўлган база яратишга эришдик.

Бу борада молиялаш манбалари ва маблағ ажратиш механизми белгилаб олинди. “Қишлоқ қурилиш банк” ва “Қишлоқ қурилиш лойиҳа” лойиҳалаш институти каби ихтисослаштирилган тузилмалар ташкил этилди.

Уй-жой объектлари қурилиши бўйича 22 та намунавий лойиҳа, ижтимоий объектлар қурилиши бўйича 16 та лойиҳа, комплекс қурилишлар бўйича намунавий режалар ишлаб чиқилди ва бу лойиҳалар республика ва минтақавий кўргазмаларда кенг муҳокама этилганидан кейин тасдиқланди.

Шу борада ихтисослаштирилган “Қишлоқ қурилиш инвест” буюртмачи компанияси ташкил этилиб, мамлакатимиз бўйича 42 та массивда янги уй-жойлар қурилиши бошлаб юборилди.

Алоҳида эътиборга молик томони шундаки, мазмун-моҳиятига кўра ноёб бўлган бу комплекс лойиҳалар юртимизнинг барча ҳудудларида қишлоқ аҳли ва бутун жамоатчилигимиз томонидан кенг қўллаб-қувватланмоқда.

2010 йилги Инвестиция дастури доирасида фақат уй-жой қурилиши учун “Қишлоқ қурилиш банк” орқали аҳолига 250 миллиард сўмдан ортиқ имтиёзли кредитлар ажратиш кўзда тутилган. Бу 2009 йилда ушбу мақсадлар учун йўналтирилган маблағ миқдоридан 4 марта кўп демакдир. Айни вақтда якка тартибда уй қурувчиларнинг ўзлари ҳам 70 миллиард сўмга яқин маблағ сарф этиши кутилмоқда.

2010 йилда мамлакатимиздаги барча 159 та қишлоқ туманида умумий қиймати 470 миллиард сўмдан ортиқ бўлган 7 минг 630 та уй-жой қурилиши режалаштирилган.

Бунда нафақат замонавий ва қулай коттежлар қуриш, айни вақтда болалар боғчалари, умумтаълим мактаблари, мусиқа ва санъат мактаблари, спорт иншоотлари, тиббиёт муассасалари, хизмат кўрсатиш объектлари, кенг ва равон йўллар, бир сўз билан айтганда, қишлоқ аҳолисининг қулай ва муносиб ҳаёт кечириши учун зарур бўлган барча шароитларни ўз ичига олган замонавий ва обод қишлоқларни барпо этиш кўзда тутилмоқда.

Айтиш жоизки, мамлакатимизда барча зарур ижтимоий ва коммуникация инфратузилмасига эга бўлган, изчил ривожланиб бораётган ўта йирик уй-жой бозори шаклланмоқда.

Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси қурилиш режаларига, санитария талаблари ва қурилиш нормаларига риоя қилиниши устидан қатъий тизимли назорат ўрнатиши зарур.

Ҳудудларда аҳолини жойлаштириш, ҳудудларни режалаштириш схемалари ва бош режалари билан боғлиқ ҳужжатларни ишлаб чиқиш тизимини тезлаштириш керак.

Қишлоқ жойларнинг табиий-иқлим шароити ва рельефини, юртимиз ҳудудларининг ижтимоий-демографик хусусиятларини ҳисобга олган, замонавий қурилиш материаллари ва технологияларини қўллаган ҳолда, якка тартибда қуриладиган уйлар, ижтимоий-маданий ва санитария-маиший объектлар лойиҳаларини такомиллаштириш ишларини давом эттириш лозим.

Қишлоқда уй-жой қуриш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантиришни жадаллаштириш дастури замирида жуда улкан ҳажмдаги ишлар мужассам эканини, у ўн минглаб янги иш ўринларини яратиш, ана шу кенг кўламли бунёдкорлик ишларида мамлакатимиз аҳолисининг фаол иштирокини таъминлаш имконини беришини унутмаслигимиз керак.

Биз мазкур дастурни амалга ошириш вазифасини ўз олдимизга қўяр эканмиз, бу билан мамлакатимиз учун долзарб бўлган аҳоли бандлигини таъминлаш, шу тариқа одамларнинг даромадини янада ошириш ва ҳаёт сифатини юксалтириш масалаларини ҳал этишни кўзда тутамиз.

2010 йилда мамлакатимизда жами 950 мингдан ортиқ янги иш ўрни ташкил этиш мўлжалланмоқда. Уларнинг қарийб ярми кичик корхоналар, микрофирмалар ташкил этиш, якка тартибдаги тадбиркорликни, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини янада ривожлантириш, пудрат асосидаги қурилиш, шу жумладан, уй-жойларни таъмирлаш ва реконструкция қилиш ишлари кўламини кенгайтириш ҳисобидан яратилади.

2010 йилда ҳам аҳолини турли шаклдаги касаначилик ишларига жалб этиш, халқ ҳунармандчилигини ривожлантириш, оилавий тадбиркорликни рағбатлантириш - буларнинг барчаси бандликни таъминлашнинг амалда ўзини оқлаган муҳим йўналишлари бўлиб қолади.

Шу асосда 208 минг нафардан ортиқ кишини, аввало, кўп болали аёллар, ногиронлар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож бошқа тоифаларини иш билан таъминлаш кўзда тутилмоқда.

Юқорида зикр этилган барча чора-тадбирларни ўзида мужассамлаштирган Дастур вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари ва корхоналар иштирокида тайёрланган ва Олий Мажлис томонидан тасдиқланган.

Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Давлат статистика қўмитаси ҳар бир туман ва шаҳарда яратилган иш ўринларини аниқ ҳисобга олиш тизимини ташкил этиш ва дастур ижросини мониторинг қилиш, унда кўзда тутилган прогноз кўрсаткичларини бажаришда сусткашликка йўл қўймаслик чораларини кўриши ва мазкур масалалар бўйича Вазирлар Маҳкамасига аниқ таклифлар киритиши лозим.


Ҳурматли мажлис қатнашчилари!

Юртимизда 2010 йилни “Баркамол авлод йили” деб эълон қилганимиздан яхши хабардорсиз.

Биз фарзандларимизнинг нафақат жисмоний ва маънавий соғлом ўсиши, балки уларнинг энг замонавий интеллектуал билимларга эга бўлган, уйғун ривожланган инсонлар бўлиб, XXI аср талабларига тўлиқ жавоб берадиган баркамол авлод бўлиб вояга етиши учун зарур барча имконият ва шароитларни яратишни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз.

Шу кунларда ҳукуматимиз томонидан ушбу масала юзасидан қабул қилинган Давлат дастури ана шу эзгу мақсадга эришиш йўлида, жами давлат ва нодавлат манбаларини ҳисобга олган ҳолда, мавжуд барча ресурс ва имкониятларимизни сафарбар этишни кўзда тутади.

Дастурда белгиланган комплекс чора-тадбирларни бажариш учун 2010 йилда барча молиялаш манбалари ҳисобидан 8 триллион сўм атрофидаги маблағ, жумладан, 1,8 триллион сўм давлат маблағлари, тижорат банкларининг 3,3 триллион сўмлик кредитлари ва масъул ижрочиларнинг 2,7 триллион сўмдан ортиқ маблағларини йўналтириш мўлжалланган.

Ана шундай буюк вазифалар ва уларни амалга ошириш учун ажратилаётган маблағлар ҳақида гапирар эканмиз, эртанги кунимиз учун, болаларимиз, фарзандларимизнинг бахти учун меҳнат қилиш, фидойилик кўрсатиш - бу барчамизнинг муқаддас бурчимиздир, десам, ўйлайманки, шу залда ўтирган инсонлар, керак бўлса, бутун халқимизнинг фикрини ифода қилган бўламан.


Азиз юртдошларим!

2010 йилда ўз олдимизга қўяётган юксак мақсад, вазифа ва режалар, қандай оғир бўлмасин, буларнинг барчаси аввало мамлакатимизнинг тараққий топган давлатлар қаторига чиқиши йўлидаги янги қадамдир.

Бу буюк вазифаларни амалга ошириш учун халқимизнинг фидокорона меҳнати билан тўпланган салоҳиятимиз ва имкониятимиз бор, куч-қудратимиз етарли. Энг муҳими, эртанги кунга бўлган қатъий ишончимиз бизга мустаҳкам пойдевор бўлажак.

Барчангизга, азиз дўстларим, шу йўлда куч-қувват, янги-янги муваффақият ва омадлар тилайман.






































Время: 0.0324
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск