ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Ўзбекистон Республикаси Президенти / Президентнинг маъруза ва нутқлари / 2010 й. /

Президент Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 18 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги Маърузаси

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

МАМЛАКАТИМИЗНИ МОДЕРНИЗАЦИЯ

ҚИЛИШ    ЙЎЛИНИ    ИЗЧИЛ    ДАВОМ

ЭТТИРИШ - ТАРАҚҚИЁТИМИЗНИНГ

МУҲИМ ОМИЛИДИР



Рус тилидаги матнига қаранг



Президент Ислом Каримовнинг Ўзбекистон

Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг

18 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги

МАЪРУЗАСИ


(2010 йил 7 декабрь)



Ассалому алайкум, азиз ватандошлар!

Қадрли дўстлар!

Хонимлар ва жаноблар!

Шу кунларда Асосий Қонунимиз - Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 18 йиллиги мамлакатимизда тантанали равишда байрам қилинмоқда.

Давлатимиз ва халқимиз ҳаётида том маънода тарихий сана бўлган ушбу айём ҳақида гапирар эканмиз, биз Конституциямизнинг бугунги Ўзбекистон давлатчилигининг тикланиши ва ривожланишидаги беқиёс ўрни ва аҳамиятини юксак баҳолаймиз. Ва шу аснода мустақилликнинг биринчи кунларидан бошлаб ўз олдимизга қўйган эзгу мақсадга эришиш, яъни юртимизда ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётига асосланган ҳуқуқий демократик давлат қуриш, инсон, унинг манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликлари энг олий қадрият ҳисобланадиган фуқаролик жамиятини шакллантиришда Конституциямизнинг мустаҳкам пойдевор бўлиб келаётганини мамнуният билан эътироф этамиз.

Бугун Ўзбекистонимиз босиб ўтган мустақил тараққиёт йўлини холисона баҳолар эканмиз, ўтган давр мобайнида биз эришган, дунё жамоатчилиги тан олган оламшумул ютуқ ва марралар, авваламбор, изчил ривожланаётган иқтисодиётимиз ва унинг барқарор ўсиш суръатлари, аҳоли фаровонлигининг йилдан-йилга ошиб, жаҳон ҳамжамиятида мамлакатимиз обрў-эътиборининг тобора юксалиб бораётгани - буларнинг барчаси Конституциямизнинг асосига қўйилган, чуқур ва пухта ўйланган мақсад, принцип ва нормаларнинг ҳаётбахш самараси, десак, ҳеч қандай муболаға бўлмайди.

Қисқача айтганда, биз танлаган ва "ўзбек модели" деб ном олган мамлакатимизнинг тараққиёт йўли нақадар тўғри эканини бугун ҳаётнинг ўзи яққол тасдиқлаб бермоқда.

Биз ўз умрини ўтаб бўлган мустабид, буйруқбозлик ва режали-тақсимот тизимидан қанчалик узоқлашганимиз сари, миллий тараққиёт моделимизнинг асосини ташкил этадиган тамойил ва нормаларнинг нечоғлик тўғри эканига бўлган ишончимиз шу қадар ортиб бормоқда.

Бу тамойиллар, биринчи навбатда, ҳаётимизни мафкурадан тўла холи қилиш, коммунистик қолип ва қарашлардан воз кечиш, қонуннинг ҳамма учун устувор бўлиши, давлатнинг бош ислоҳотчи ролини ўзига олиши, инқилобий эмас, аксинча, тадрижий тараққиёт йўлидан ривожланиш, яъни ислоҳотларни "Янги уй қурмай туриб, эскисини бузманг" деган принцип асосида изчил ва босқичма-босқич амалга ошириш, шунингдек, кучли ижтимоий сиёсат юритиш каби қоидаларни ўз ичига олади.

Ана шу тамойилларга амал қилган ҳолда, биз ўтган давр мобайнида ҳақиқатан ҳам жуда катта тарихий ютуқларга эришдик ва бу билан ҳақли равишда фахрлансак арзийди.

Биз эришган улкан марраларнинг энг муҳими - эски тизимдан бутунлай воз кечиб, мамлакатимизни ислоҳ этиш ва демократлаштириш йўлидан дадил бораётганимиз ва бу жараённинг ҳеч қачон ортга қайтмайдиган қатъий ва изчил тус олганидир.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, бугунги кунда одамларимиз, уларнинг ижтимоий онги, ҳаётга муносабати тобора ўзгармоқда, ватандошларимизнинг сиёсий етуклиги, юртимизда ва дунёда юз бераётган воқеа-ҳодисаларга нисбатан фуқаролик масъулияти, дахлдорлик ҳисси ошиб бормоқда. Ва айнан шуларнинг барчаси мамлакатимизнинг тараққиёт ва фаровонлик йўлидан изчил ривожланиб боришини, янги марраларни қўлга киритишимизни таъминлаётган қудратли ҳаракатлантирувчи куч бўлиб хизмат қилмоқда.

Шу билан бирга, амалга оширган ишларимизни эътироф этган ҳолда, биз бир ҳақиқатни эсдан чиқаришга ҳаққимиз йўқ, деб ўйлайман: яъни, ҳаёт ҳеч қачон бир жойда тўхтаб турмайди.

Босиб ўтган йўлимизни ва мамлакатимизнинг дунёда содир бўлаётган туб ўзгаришлар жараёнида тутган ўрнини холис ва танқидий баҳолар эканмиз, биз эришган ютуқларимизга маҳлиё бўлиб қолмаслигимиз, ортиқча ҳаволаниш ва хотиржамлик туйғусига берилмаслигимиз зарур. Бугун биз яшаётган глобаллашув ва тобора кучайиб бораётган рақобат асрида фақат чуқур ислоҳотлар ва модернизация йўлидан тинимсиз ва қатъият билан ривожланиб бориш натижасида ўз олдимизга қўйган истиқболли мақсадларга - тараққий топган, фаровон яшаётган демократик давлатлар қаторига кириш, халқимиз учун муносиб ҳаёт даражасини таъминлашга эриша оламиз.

Парламентимиз палаталарининг шу йил 12 ноябрда бўлиб ўтган қўшма мажлисида баён этилган "Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси"да айнан ана шу вазифалар ўртага қўйилганини таъкидлаш жоиз.

Қуйидаги масалалар бизнинг энг муҳим устувор йўналишларимизга айланиши даркор:

- давлат ҳокимияти ва бош-қарувини демократлаштиришга қаратилган конституциявий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, яъни ҳокимиятни ташкил қиладиган Президент - давлат бошлиғи, қонунчилик ва ижро ҳокимияти ўртасида мувозанат ва барқарорликни янада мустаҳкамлаш, суд тизимининг мустақиллиги ва либераллашувини кучайтириш бўйича ислоҳотларни давом эттириш;

- ахборот соҳасида фуқаролар ва инсон ҳуқуқларининг кафолатларини, сайлов эркинлигини таъминлаш ва сайлов қонунчилигини такомиллаштириш;

- демократик қадриятлар ва инсонларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг, мамлакатимизда фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг амалда муҳим омилига айланиши зарур бўлган фуқаролик институтларини, нодавлат нотижорат ташкилотлари, жамоат тузилмалари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, хусусан, маҳалланинг ҳуқуқ ва ваколатларини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш;

- фақат кенг миқёсли иқтисодий ислоҳот ва ўзгаришларни биз танлаган, ўзини амалда тўла оқлаган тараққиёт моделига ҳамоҳанг равишда давом эттириш иқтисодиётимизнинг барқарорлиги ва зарур ривожланиш суръатларини, ҳаётимиз сифатини ошириш, дунё ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллаш имконини беради.

Ўз-ўзидан равшанки, биз олдимизга қўяётган бундай мураккаб ва улкан вазифаларни амалга ошириш учун анча вақт, балки йиллар талаб қилинади ва буни биз ўзимизга яхши тасаввур этишимиз лозим.

Мен бугунги йиғилишда мазкур Концепцияда кўзда тутилган аниқ йўналишларга батафсил тўхталмоқчи эмасман.

Нега деганда, бу масалаларнинг барчаси ҳозирги вақтда оммавий ахборот воситаларида етарлича кенг ёритилмоқда ва нафақат мамлакатимизда, балки дунё миқёсида ҳам катта қизиқиш ва эътибор билан муҳокама қилинмоқда.

Шу билан бирга, алоҳида таъкидлашни истардимки, энг мураккаб ва масъулиятли вазифа - бу Концепциянинг ўзини ишлаб чиқишдан иборат эмас, албатта. Энг асосий вазифамиз - мамлакатимизни модернизация қилиш ва демократлаштириш бўйича бошланган ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва кенгайтириш, биз ўз олдимизга қўйган юксак тараққиёт марраларига эришиш бўйича Концепцияда белгилаб берилган, аниқ мақсадга қаратилган йўл-йўриқ ва кўрсатмаларни амалга оширишнинг Комплекс дастурини, бошқача айтганда, шу йўналишдаги Стратегияни ишлаб чиқиш ва босқичма-босқич жорий этишдан иборатдир.

Бу ҳақда гапирар эканмиз, фаолиятимиз негизига қўйиладиган ушбу асосий принципларга эътибор қаратиш зарур, деб ҳисоблайман.

Биринчи. Амалга оширилаётган ислоҳотларимизнинг мамлакатимизда кучли фуқаролик жамиятига асосланган ҳуқуқий демократик давлат қуриш бўйича биз танлаб олган йўлнинг мантиқий ва қонуний давоми бўлишини назарда тутган ҳолда, уларнинг узвийлиги, босқичма-босқичлиги ва изчиллигини, бошқача айтганда, тадрижийлигини сақлаш шарт.

Иккинчи. Концепцияда таклиф этилаётган ислоҳот йўналишлари ўзаро узвий боғлиқ экани ва бир-бирини тақозо этишини ўзимиз учун аниқ ва равшан англаб олишимиз даркор.

Шу маънода, лўнда қилиб айтганда, давлат ва жамият қурилишини изчил асосда демократлаштирмасдан, мустақил суд тизимини таъминламасдан туриб, бозор ислоҳотларини амалга ошириш ва иқтисодиётни либераллаштиришга эришиб бўлмайди. Бундай талаб сўз ва ахборот эркинлиги, сайлов эркинлигини таъминлаш ва сайлов тизимини ривожлантириш, фуқаролик жамияти институтларини шакллантириш, энг муҳими, фуқароларимизнинг сиёсий онги, ижтимоий-иқтисодий фаоллиги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш масалаларига ҳам бирдек дахлдордир.

Учинчи. Ислоҳотларимизнинг маъно-мазмуни ҳар бир онгли фикрлайдиган инсон учун очиқ ва тушунарли бўлган, улар шу муқаддас заминда яшаётган ҳар бир фуқаро, ҳар бир инсоннинг амалий ишига айланган тақдирдагина мамлакатимизни янада ислоҳ этиш ва модернизация қилишнинг муваффақиятини таъминлашимиз мумкин.

Шу борада бугун мана шу залда ўтирган сиз азизларни, авваламбор ёшларимизни, уларнинг тимсолида униб-ўсиб, ҳал қилувчи бунёдкор куч сифатида майдонга чиқаётган, она юртимиз келажагининг эгаси бўлган миллионлаб азму шижоатли фарзандларимизни мен ўзимнинг энг катта умидим ва ишончим деб биламан.

Мен қатъий ишонаман - бизнинг болаларимиз, мамлакатимизни ислоҳ қилишнинг ғоя ва мақсадлари онги ва қалбига яқин бўлган ёшларимиз ана шундай орзу-умидларимизга албатта муносиб бўладилар, шу мақсадларни амалга ошириш учун астойдил курашадилар ва албатта, бу маррани ҳам қўлга киритадилар.


Қадрли дўстлар!

Бундан бир йил муқаддам мана шу муҳташам залда, Конституция кунига бағишланган мажлисда, сизлар билан атрофлича фикр алмашиб, 2010 йилни мамлакатимизда "Баркамол авлод йили" деб эълон қилган эдик.

Давлатимиз ва жамиятимизнинг бугунги куни, айниқса, келажаги учун ғоят муҳим бўлган соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш вазифасини ўз олдимизга қўяр эканмиз, авваламбор, биз яшаётган ХХI аср - интеллектуал бойлик, юксак билим ва салоҳият талаб этиладиган, айнан шу қадриятлар устувор аҳамият касб этадиган аср, деган ҳаётий ҳақиқатдан келиб чиққан эдик.

Албатта, ҳозирги кунда тараққиёт йўлидан изчил ривожланиб боришимизда, эзгу мақсадларимизни рўёбга чиқаришда ҳал қилувчи роль ўйнайдиган муҳим бир мезон борки, у ҳам бўлса, инсон капитали, яъни инсон омили, замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллаган, мамлакатимиз истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир бўлган, ҳаётга дадил қадамлар билан кириб келаётган ёшларимиздир.

Биз қабул қилган, ўсиб келаётган авлодни ҳар томонлама баркамол этиб тарбиялаш дастурида белгиланган улкан ва кенг кўламли вазифаларни қисқа вақт мобайнида, яъни бир йил давомида амалга ошириб бўлмаслиги барчамизга яхши аён. Шу маънода, бу олижаноб мақсад давлатимиз ва бутун жамиятимизнинг доимий ва узоқ истиқболга мўлжалланган устувор вазифасига айланиши ва ҳамиша эътиборимиз марказида туриши лозим.

Кўлами ғоят кенг бўлган ушбу дастур доирасида бажарилган барча ишларни битта маърузада қамраб олиш қийин, албатта, унинг ижроси ҳақида йил якунига бағишлаб жойларда ва марказда бўлиб ўтадиган йиғилишларда атрофлича фикр юритилади. Мен бу ўринда фақат 2010 йилда "Баркамол авлод йили" Давлат дастурининг асосий йўналишлари бўйича амалга оширилган энг муҳим ишлар хусусида қисқача тўхталиб ўтмоқчиман.

Авваламбор, болалар ва ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни баркамол ривожлантиришнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга қаратилган норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор берилди.

Бу борада, бугунги кун талабларидан келиб чиққан ҳолда, 600 тадан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат тўлиқ инвентаризациядан ўтказилди, уларнинг якуни бўйича амалдаги қонунлар ва норматив ҳужжатларга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга вояга етмаган болаларнинг жиноий муҳитга тортилишининг олдини олиш мақсадида ёшларга мўлжалланган турли хил ҳордиқ чиқариш муассасалари раҳбарлари ва бошқа масъул шахсларнинг ўрнатилган нормаларга риоя қилиш бўйича жавобгарлигини кучайтириш ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлашга қаратилган қўшимчалар киритилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан аҳоли, биринчи навбатда, ўқувчи ва талабаларга замонавий ахборот технологиялари асосида ахборот-кутубхона, авваламбор интернет хизмати кўрсатишни янада яхшилаш мақсадида "Ахборот-кутубхона фаолияти тўғрисида"ги қонун биринчи ўқишда қабул қилинди.

Шулар қаторида "Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида"ги қонуннинг қабул қилиниши албатта катта аҳамият касб этади. "Алкоголь ва тамаки маҳсулотларини тарқатиш ва истеъмол қилишни чеклаш тўғрисида"ги қонуннинг яқин кунларда қабул қилиниши соғлом авлодни шакллантиришда, уларни болалик давридан бошлаб саломатликка путур етказадиган зарарли одатлардан ҳимоя қилишда муҳим омил бўлишини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Айтиш керакки, дастур доирасида ишлаб чиқилган "Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида"ги қонуннинг янги таҳрири лойиҳаси ушбу соҳани янада ислоҳ қилиш ва юқори малакали мутахассислар тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилгани билан эътиборлидир.

Маълумки, соғлом авлод деганда, барчамиз биринчи навбатда соғлом наслни тушунамиз. Бу борада ўтган йиллар давомида "Соғлом она - соғлом бола" ғоясини ўзида мужассам этган дастур асосида кенг кўламли чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, ҳаётга жорий этилди.

Оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, жумладан, пойтахтимиз ва вилоятларимизда замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланган диагностика, скрининг ва перинатал марказлари, янги туғруқ мажмуалари барпо этишга қанча куч ва маблағ сарфланганидан, ўйлайманки, ҳаммангиз яхши хабардорсиз.

Биргина "Она ва бола скрининги" Давлат дастури доирасида бошқа вилоятлар марказлари қаторида Гулистон ва Жиззах шаҳарларида янги скрининг марказлари ташкил этилди. Барча минтақавий марказлар бюджет маблағлари ҳисобидан замонавий диагностика ва лаборатория ускуналари, зарур материаллар билан таъминланди.

Бу ўз навбатида кўплаб ирсий касалликларнинг олдини олиш ва даволашни юқори даражага кўтариш, болаларнинг ирсий хасталиклар билан ва нуқсонли туғилишининг хавфини камайтириш имконини бермоқда.

Шу билан бирга, мамлакатимиз ҳудудларидаги замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланган қишлоқ врачлик пунктлари ва ихтисослаштирилган марказларда деярли барча аҳоли тиббий кўрик ва ультратовуш текширувидан ўтказилди. Бундан ташқари, ҳар ойда мунтазам равишда "Туғиш ёшидаги аёллар, болалар ва ўсмир қизларни соғломлаштириш ҳафталиги" ўтказилмоқда. Жорий йилнинг ўзида туғруқ ёшидаги 7 миллион 800 минг аёл ва 14 ёшгача бўлган 8 миллион 500 минг бола тиббий кўрикдан ўтказилганини қайд этиш лозим.

Бу йил шу борада яна бир ибратли тажриба йўлга қўйилди. Яъни, 12 мингдан ортиқ патронаж ҳамширалари, 8 мингдан зиёд педиатр, неонатолог, акушер ва тиббиёт ҳамшираси хотин-қизлар ва болаларга тиббий хизмат кўрсатиш бўйича янги технологиялар асосида таълим олиб, ўз малакасини оширди.

Маълумки, кейинги йилларда ҳомиладор аёлларни таркибида ҳаётий зарур элементлар бўлган махсус поливитаминлар билан таъминлаш ва шу орқали аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш борасида мисли кўрилмаган профилактик тадбирлар амалга оширилмоқда.

Айтиш керакки, бундай чора-тадбирлар ҳар йили 400 минг нафар ҳомиладор аёлни соғломлаштириш, оналар саломатлигини мустаҳкамлаш, ривожланишида нуқсони бўлган болалар туғилишининг олдини олиш имконини бермоқда.

Шунингдек, юртимизда инсон ҳаёти учун хавфли бўлган бир қатор касалликлар профилактикаси бўйича ҳам улкан ишлар амалга оширилмоқда. Бугунги кунда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида болаларнинг 98 фоиздан ортиғи олдини олиш мумкин бўлган инфекцияларга қарши эмланмоқда.

Бунинг натижасида дифтерея, қизамиқ касалликларига чалиниш ҳолатлари кескин камайганини айтиш даркор. 2010 йилда юқумли касалликлар билан оғриш ҳолатлари, жумладан, менингокок инфекцияси 28 фоизга, эпидемик паротит 27 фоиз, вирусли гепатит 13 фоизга камайгани ана шундай тадбирлар самарасидир.

Мамлакатимизда ўтказилган яна бир кенг кўламли тадбир - полиомиелитга қарши эмлаш миллий кунлари давомида 15 ёшгача бўлган 4 миллион бола эмланди. Бизга қўшни бўлган давлатларда айнан шу масалада нохуш вазиятлар юзага келган бир шароитда бундай тадбирлар полиомиелит билан касалланишнинг олдини олиш имконини берганини, бунинг аҳамиятини албатта барчамиз яхши англаймиз.

Бир қатор нуфузли халқаро институтларнинг баҳолашича, Ўзбекистон дунёнинг 125 давлати орасида хотин-қизлар учун қулай шароитлар яратиш ва оналикни муҳофаза қилиш борасида етакчи ўринлардан бирини эгаллаб турибди. Буни ЮНИСЕФнинг Шарқий Европа, Болтиқбўйи ва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари бўйича офиси томонидан оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасидаги дастурларни жорий қилишда Ўзбекистоннинг минтақадаги намунавий модель сифатида эътироф этилгани ҳам исботлайди.

Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, турли касалликларнинг олдини олиш, умуман, соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш мақсадида жорий йилда давлат бюджетидан жами 1 триллион 700 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилган бўлиб, бу 2009 йилга нисбатан 30 фоиз ва 2008 йилга нисбатан 2 баробар кўп демакдир.

"Баркамол авлод йили" давлат дастурини амалга оширишда таълим соҳасини ривожлантириш, авваламбор, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, янги ўқув муассасалари қуриш ва уларни замонавий ускуналар билан жиҳозлаш масаласига эътибор янада кучайтирилди.

Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ва Мактаб таълимини ривожлантириш давлат умуммиллий дастурининг амалга оширилиши натижасида 1 минг 536 та академик лицей ва касб-ҳунар коллежи, умумтаълим мактабларининг қарийб 9 мингтаси, яъни, деярли ҳаммаси, 1 минг 800 дан ортиқ спорт зали намунавий лойиҳалар асосида барпо этилди ёки капитал реконструкция қилинди.

Ушбу ўқув муассасаларининг моддий-техник базасини мунтазам янгилаб бориш, тизимли асосда замонавий компьютер техникаси, ўқув-лаборатория ускуналари, мебель ва ўқув анжомлари билан қайта жиҳозлаш, уларни талаб даражасида сақлаш ҳамда яратилган бу улкан салоҳиятдан самарали фойдаланиш мақсадида мутлақо янги бир тузилма - Молия вазирлиги ҳузурида махсус жамғарма ташкил этилди.

Бу жамғарманинг ҳисоб рақамига 2010 йили 315 миллиард сўм маблағ ажратилган бўлса, 2011 йилда 370 миллиард сўм ажратиш кўзда тутилмоқда. Шунинг ўзиёқ бизнинг ушбу масалага қандай катта эътибор бераётганимизни яққол кўрсатиб турибди, десам, ҳеч қандай хато бўлмайди.

Жорий йилда Тошкент шаҳрида Турин политехника университетининг янги, замонавий ўқув комплексининг барпо этилгани биз учун қанчалик катта аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидлашни истардим. Ушбу олий ўқув юрти мамлакатимизда жадал ривожланиб бораётган автомобиль саноати ва бошқа тармоқлар учун юқори малакали кадрлар тайёрлайдиган маскан бўлиб хизмат қилади.

Шу давр мобайнида кадрлар тайёрлаш тизими такомиллаштирилди, олий таълим бакалавриат босқичининг 50 та йўналиши ва магистратура босқичининг 74 та мутахассислиги унификация қилинди, ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим йўналишлари ҳамда мутахассисликларининг янги классификаторлари жорий этилди.

Дастур доирасида 2010 йилда 560 та етакчи кластер мактаблари қиймати қарийб 6 миллион АҚШ доллари бўлган 13 минг 500 та компьютер техникаси билан таъминланди, 750 дан ортиқ қишлоқ мактаби замонавий ўқув-лаборатория ускуналари ва мультимедиа воситалари билан жиҳозланди, 1,5 мингта қишлоқ мактаби ўқитувчилари умумий қиймати қарийб 13 миллион АҚШ доллари бўлган 3 минг 400 та шахсий компьютер билан таъминланди.

Айни пайтда мамлакатимиздаги барча, яъни 12 мингдан ортиқ таълим муассасалари, илмий ва маданий-маърифий ташкилотлар 25 мингдан зиёд ўқув материаллари ва ресурсларни ўз ичига олган Таълим порталига уланди. Бу масофадан туриб ўқитиш усулларини таълим тизимига кенг жорий этиш, ўқувчи ва ёшларга бошқа хил ахборот-коммуникация хизматлари кўрсатиш имконини бериши билан айниқса аҳамиятлидир.

Шу билан бирга, замонавий ахборот ва компьютер технологиялари, рақамли ва кенг форматли телекоммуникациялар, интернетни нафақат мактаб, лицей, коллеж ва олий ўқув юртларига, балки ҳар бир оилага жорий қилиш ҳаракатлари бугунги кунда тобора кучайиб бормоқда. Айнан замонавий алоқа ва ахборот технологиялари тизимини кенг кўламда ривожлантириш мамлакатимиз ва жамиятимизнинг тараққиёт даражасини кўрсатадиган мезонлардан бири бўлиб хизмат қилади.

Жорий йилда бу борада амалга оширилган ишлар натижасида бугунги кунда юртимизда 6 миллион киши интернетдан фойдаланмоқда, уларнинг ярмини мобиль алоқа орқали интернетдан фойдаланувчилар ташкил этади.

2010 йилда Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида кўп дастурли телевизион каналларни тарқатиш хизматларининг сифатини ошириш, халқаро ахборот ресурсларидан фойдаланиш бўйича мутлақо янги имкониятлар яратадиган замонавий рақамли телевидение ишга туширилганини алоҳида таъкидлаш зарур.


Азиз юртдошлар!

Бугунги кунда жисмоний тарбия ва спорт соҳасида, айниқса, болалар спортини янада ривожлантириш, ҳар бир шаҳар ва қишлоқда замонавий талабларга жавоб берадиган, зарур анжомлар билан жиҳозланган спорт майдончалари, иншоот ва мажмуаларни барпо этиш бўйича амалга ошираётган ишларимиз ўзининг ижобий самарасини бермоқда.

Шуни мамнуният билан айтиш керакки, истиқлол йилларида юртимизда 1 минг 200 дан зиёд янги спорт иншооти барпо этилиб, уларнинг мингдан ортиғи қишлоқ жойларда қурилди. Бу эса 260 минг нафардан зиёд боланинг спортнинг кўплаб турлари билан мунтазам шуғулланиши учун имконият яратди.

Қиз болаларни, энг аввало, қишлоқ қизларини спорт билан шуғулланишга жалб этишда жорий йилда сезиларли натижаларга эришилди. "Спорт ҳаётидан ҳеч ким четда қолмаслиги керак" деган шиордан келиб чиққан ҳолда, кам таъминланган оилаларнинг 120 минг нафар қизлари учун 3 миллиард 500 миллион сўмлик спорт кийими ва жиҳозлари харид қилинди.

Яна бир муҳим ҳолатга эътиборингизни қаратмоқчиман. Мамлакатимизда бадиий гимнастикани ривожлантириш дастури қабул қилингач, спортнинг ушбу нафис тури билан шуғулланадиган қизлар сони шу йилнинг ўзида 6-7 баробар, айрим вилоятларда эса 10-12 баробар ортди.

Бу борада ёрқин бир мисолни келтиришни ўринли деб биламан. Куни кеча Хитойда якунига етган ўн олтинчи ёзги Осиё ўйинларида бадиий гимнастика бўйича қизларимиз ўз истеъдод ва маҳоратини намоён этиб, Осиё қитъаси вакиллари орасида шарафли иккинчи ўринни эгаллашгани мамлакатимизнинг спорт ҳаётида мисли кўрилмаган қувончли воқеа бўлди.

Шу маънода, бу йил ўтказилган 42 та халқаро мусобақада юртимиздан иштирок этган 500 нафардан зиёд ёш спортчининг учдан бир қисмини қизлар ташкил этгани айниқса эътиборлидир.

Маълумки, шу йил ёзда Сингапурда бўлиб ўтган биринчи ўсмирлар Олимпия ўйинларида спортчи ёшларимиз муносиб қатнашиб, 9 та медални қўлга киритди. Юқорида зикр этилган Осиё ўйинларида эса Ўзбекистон спортчилари нафақат қитъамиз, балки дунё миқёсида ҳам тан олинган қудратли давлатларнинг вакиллари билан кескин беллашувларда 11 та олтин, 22 та кумуш, 23 та бронза медални қўлга киритди, умумжамоа ҳисобида саккизинчи ўринни эгаллаб, кучли ўнликдан жой олишга эришди.

Бугунги фурсатдан фойдаланиб, халқаро майдонларда Ватанимиз шон-шуҳратини бутун дунёга тараннум этаётган истеъдодли ёш спортчиларимиздан айримларининг номларини ҳурмат билан тилга олишдан мамнунман.

Кўзга кўринган спортчиларимиздан Ришод Собиров, Рустам Қосимжонов, Владимир Тўйчиев, Вадим Меньков, Дилшод Мансуров, Юлия Тарасова, Артур Таймазов, Элшод Расулов, Светлана Радзивил, Серик Мирбеков, Герасим Кочнев, Сергей Борзов, Алексей Бобожонов, Вячеслав Горн, Алексей Мочалов каби ёшларимиз Осиё ўйинларида олтин медаль соҳиби бўлдилар.

Айниқса, Тошкент давлат жисмоний тарбия институтининг талабаси, каноэда эшкак эшиш бўйича икки карра жаҳон чемпиони Вадим Меньков халқимизнинг ҳақиқий ифтихорига айланди. Бу истеъдодли спортчимиз 2010 йилда ўз йўналиши бўйича дунёнинг энг яхши спортчиси деб тан олинди.

Буларнинг барчаси, ўз навбатида, Ўзбекистон терма жамоасининг 2012 йили Лондонда ўтадиган Олимпия ўйинларида муваффақиятли иштирок этишига бўлган ишончимизни янада мустаҳкамлайди.

Футбол бўйича Осиё чемпионатида ажойиб ўйин намойиш этган Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси келгуси йили Мексикада бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатида ҳам ўз маҳоратини кўрсатишига ишонамиз.

Аргентинада бўлиб ўтган ампутант-ногиронлар ўртасида футбол бўйича жаҳон чемпионатида иккинчи маротаба чемпион унвонига сазовор бўлган Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари ҳақиқий жасорат ва фидоийлик кўрсатиб, ўзларининг метин иродасини намойиш этди.

Шулар ҳақида гапирар эканман, ўз ҳаётини спортга бағишлаб, жаҳон ва қитъа мусобақаларида Ўзбекистон байроғини баланд кўтариб келаётган барча мард ва жасур спортчиларимизга чуқур миннатдорчилик билдириб, катта ғурур ва ифтихор билан уларга янги-янги зафарлар тилашга рухсат бергайсиз.

"Баркамол авлод йили" Давлат дастурининг яна бир устувор йўналишига батафсил тўхталиб ўтишни зарур, деб ҳисоблайман. Бу ўринда гап ёшларимиз ўзлари эгаллаётган энг замонавий билим ва кўникмаларни амалда жорий этиши учун касб-ҳунар коллежлари ва олий ўқув юртлари битирувчиларини кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳаларига кенг жалб қилиш ҳақида бормоқда.

Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Таълим муассасаларининг битирувчиларини тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармони муҳим қадам бўлди. Шулар қаторида битирувчиларга ўз бизнесини ташкил этиши учун имтиёзли кредитлар бериш бўйича банкларимиз томонидан амалга оширилган ишлар ҳам эътиборга сазовордир.

Яна бир муҳим масалани қайд этиб ўтмоқчиман. Ҳозирги кескин рақобат шароитида инновацион технологиялар ва илм-фанни янада ривожлантириш, иқтидорли ёшларни илмий фаолиятга кенг жалб этиш, ўз ижодий ва интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқаришлари учун уларга зарур шарт-шароитлар яратиш муҳим аҳамиятга эга.

Бу масалага устувор аҳамият бермасдан туриб, тараққиёт ҳақида сўз юритиб бўлмаслигини барчамиз яхши тушунамиз, албатта. Бугун замоннинг ўзи ушбу масалани сиёсатимизнинг энг муҳим йўналишларидан бири сифатида белгилашни тақозо этмоқда.

Яқинда олий малакали илмий ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида Президент қарори қабул қилинди.

Ушбу ҳужжатнинг моҳияти шундан иборатки, илмий кадрлар тайёрлашнинг аспирантура ва докторантура каби эскирган шакллари ўрнига мамлакатимиз олий ўқув юртлари ва илмий-тадқиқот муассасаларида стажёр-тадқиқотчи-изланувчилар ва катта илмий ходим-изланувчилар институти жорий этилди.

Энг муҳими, уларни рағбатлантириш, ижодий ва интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш мақсадида стажёр-тад-қиқотчи-изланувчиларнинг лавозим маоши стажёр-тадқиқотчилар лавозим маошининг базавий миқдорига, катта илмий ходим-изланувчилар лавозим маошининг ҳажми эса фан номзоди унвонига эга бўлган катта илмий ходимларнинг маошига тенглаштирилди. Бу амалда ушбу тадқиқотчилар иш ҳақининг 1,6 баробар кўпайишини англатади.

Дастурнинг принципиал аҳамиятга эга бўлган яна бир йўналиши хусусида, яъни мамлакатимизда амалга оширилаётган оилани мустаҳкамлаш, ёш оилалар ҳақида ғамхўрликни кучайтириш, уларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, соғлом ва мустаҳкам оила барпо этиш учун зарур шарт-шароитлар яратиш борасидаги кенг қамровли ишларни давом эттириш ҳақида қисқача тўхталмоқчиман.

Айнан оила бағрида, ота-онанинг ўзаро меҳр-муҳаббати, ғамхўрлиги муҳитида фарзанднинг дунёга келиши, унинг шахс ва фуқаро сифатида камол топиши ҳақида узоқ гапириб ўтиришга ҳожат йўқ, деб ўйлайман. Ҳалоллик, эзгулик ва меҳрибонлик ҳақидаги тушунчалар, катталарга ҳурмат туйғуси аввало оилада пайдо бўлади, инсоннинг дунёқараши миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида айнан шу муҳитда шаклланади.

Шу сабабли жорий йилда оила институтини қўллаб-қувватлаш бўйича аввалги йилларда бошлаган ишларимиз давом эттирилиб, 2,5 минг ёш оилага уй-жой қуриш ва уни жиҳозлаш каби масалаларни ҳал этиш учун тижорат банклари томонидан 107 миллиард 600 миллион сўмлик ипотека ва истеъмол кредитлари берилди.

Бундан ташқари, вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликлари томонидан нотурар-жой биноларини реконструкция қилиш ва уй-жой харид қилиш учун ҳомийларнинг 5 миллиард 800 миллион сўмлик маблағлари жалб этилди. Шунингдек, 7 минг 200 дан зиёд ёш оилага бепул қорамол берилиб, шу мақсадлар учун 5 миллиард 300 миллион сўм маблағ ажратилди.

Дастур доирасида ёшларда "оммавий маданият" ниқоби остидаги хуружлар, диний экстремизм, халқаро терроризм, халқимизга ёт бўлган ғоя ва қадриятларнинг четдан "экспорт" қилинишига қарши қатъий позицияни шакллантириш бўйича ахборот ва педагогик технологияларнинг замонавий, янги шакллари жорий қилинди.

Табиийки, бу борада "оммавий маданият"нинг савияси паст, енгил-елпи намуналарига қарши ҳақиқий санъат асарларининг юксак дурдоналарини кенг тарғиб ва ташвиқ қилиш муҳим аҳамият касб этмоқда.


Ҳурматли дўстлар!

"Баркамол авлод йили" Давлат дастурида белгиланган кўплаб тадбирларнинг ташаббускори ноҳукумат ташкилотлар бўлгани айниқса эътиборга сазовордир.

Бундай ижобий ҳолат юртимизда фуқаролик жамиятини бунёд этиш борасида эришаётган ютуқларимизнинг амалий намоёни бўлиб, бу ҳақиқатни ҳеч ким инкор этолмайди. Бу давлатимиз ва жамиятимизнинг баркамол авлодни тарбиялаш ва мамлакатимизда фуқаролик жамиятининг мустаҳкам заминини яратиш борасидаги манфаатлари муштарак эканини яққол кўрсатади.

"Баркамол авлод йили" дастурини бажариш учун барча манбалар ҳисобидан жорий йилда қарийб 8 триллион сўм маблағ сарфланганининг ўзи бу борада амалга оширган ишларимизнинг кўлами ва миқёси нечоғлик улкан эканидан далолат беради.

Фурсатдан фойдаланиб, ана шундай олижаноб ишга муносиб ҳисса қўшган мамлакатимиздаги давлат ва нодавлат ташкилотларга, ишлаб чиқариш корхоналари, фермер хўжаликлари ва тадбиркорлик тузилмаларига, хорижий жамғармалар ва халқаро ташкилотларга, шу залда ўтирган чет эл мамлакатларининг элчи ва вакилларига, шу улуғ мақсад йўлида ўзини аямасдан хизмат қилган барча-барча инсонларга ўз номимдан, халқимиз номидан самимий миннатдорлик билдиришга рухсат бергайсиз.


Азиз ватандошлар!

Энди сизлар билан кириб келаётган янги - 2011 йилга қандай ном бериш ҳақида фикрлашиб олишимиз керак.

Бу масалада амалий бир қарорга келиш, яъни янги йилга ўз олдимизга қўйган ягона мақсад йўлида барчамизни бирлаштирадиган аниқ ном беришнинг аҳамияти ва моҳияти ҳақида ортиқча гапиришнинг ҳожати йўқ, деб ўйлайман.

Мухтасар айтганда, давлатимиз ва жамиятимизнинг, мулк шаклидан қатъи назар, юртимиздаги ишлаб чиқариш корхоналари, ташкилот ёки муассасалар бўладими, юридик ёки жисмоний шахслар, ҳомийлар ва хайрия жамғармалари бўладими - буларни барчасининг куч-имконият ва маблағларини аниқ бир мақсад ва эзгу ниятларни амалга ошириш учун сафарбар этиш, бир ёқадан бош чиқариб мавжуд муаммоларни ечиш, бу йўлдаги тўсиқларни бартараф қилишда ушбу масала қандай катта аҳамиятга эга эканини ҳаммамиз яхши тушунамиз.

Бунинг тасдиғини биз ўз ҳаётий тажрибамизда, яъни 1997 йилдан бошлаб кириб келаётган ҳар қайси янги йилга жамиятимиз, бутун эл-юртимизнинг фикру зикри ва интилишларини бирлаштирадиган, янги куч-қувват бағишлайдиган ном бериб, шу асосда қўлга киритган ютуқ ва марраларимиз мисолида яққол кўриш мумкин.

Юқорида билдирилган фикр ва хулосаларни инобатга олган ҳолда, мамлакатимизнинг иқтисодий-ижтимоий тараққиётини янги, янада юксак босқичга кўтариш мақсадида мен кириб келаётган 2011 йилни мамлакатимизда "Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили" деб эълон қилишни таклиф этаман.

Тадбиркорлик ҳақида гапирганда, биз авваламбор хусусий тадбиркорликни ўзимизга тасаввур қиламиз. Айтиш керакки, юртимиз тарихида тадбиркорлик қадим замонлардан буён алоҳида ўрин тутиб келади. Ота-боболаримизнинг ўз ери, ўз мулки, ўз касбу ҳунарига эга бўлиш, омилкорлик билан иш юритиш, тадбиркор ва ишбилармон инсонларни қадрлаш борасидаги анъаналари ҳақида кўп гапириш мумкин.

Мен бу ўринда Соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг барчамизга яхши маълум бўлган "Азми қатъий, тадбиркор, ҳушёр, мард ва шижоатли бир киши мингта тадбирсиз ва лоқайд кишидан афзалдир", деб айтган чуқур маъноли сўзларини яна бир бор эслатмоқчиман.

Албатта, илгариги замонларда тадбиркорлик балки бошқача номлар билан аталган бўлиши мумкин. Аммо, қандай ном билан аталмасин - унинг отини савдогар ёки дўкондор дейдими, ҳунарманд уста ёки касаначи дейдими, катта-кичик корхона эгаси дейдими, бундан қатъи назар, аждодларимиз айнан шу соҳа ҳисобидан рўзғор тебратиб, ўз оиласини, эл-юрт манфаатини таъминлаб келган.

Бир сўз билан айтганда, тадбиркорлик, ишбилармонлик халқимизнинг, миллатимизнинг қон-қонига, суяк-суягига сингиб кетган ноёб ва эзгу фазилат, десак, муболаға бўлмайди.

Биз мустақилликка эришган дастлабки йиллардан бошлаб мамлакатимизнинг келажагини, давлатимиз ва жамиятимизнинг сиёсий-ижтимоий қурилишини белгилашда, биринчи навбатда Конституциямизни ишлаб чиқиш ва тасдиқлашда мулк ва мулкий муносабатлар ҳақидаги принципиал масала доимо эътиборимиз марказида бўлганини таъкидлаш лозим.

Айнан шунинг учун ҳам мамлакатимизнинг кўпукладли иқтисодиёти таркибида давлат мулки, корпоратив ва хусусий мулкнинг тенглигини эътироф этган ҳолда, Конституциямиз ва қонунчилигимизда хусусий мулк устуворлиги мустаҳкамлаб қўйилди ва унинг ишончли конституциявий кафолатлари таъминланди.

Бугунги кунда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ўзининг иқтисодиётимиздаги ўта муҳим ва салмоқли ҳиссаси, роли ва таъсири, содда қилиб айтганда, бошқа ҳеч бир соҳа ва йўналиш ўрнини босолмайдиган катта аҳамияти билан давлат ва жамиятимиз ривожида алоҳида ўрин эгаллайди.

Мустақиллик йилларидаги тараққиётимиз мисолида шуни ҳеч иккиланмасдан айтиш мумкинки, бу соҳани ривожлантирмасдан, унга тегишли кўмак ва рағбат бермасдан, зарур имконият, имтиёз ва преференциялар яратмасдан туриб, биз иқтисодиётимизнинг келажагини таъминлай олмаймиз.

Ички бозоримизни рақобатдош ва сифатли маҳсулотлар билан тўлдиришда, бугунги кунда биз учун энг долзарб масалалардан бири бўлмиш аҳолимизни, авваламбор, ёшларимизни иш билан таъминлаш ва шу аснода уларнинг муносиб даромад топиши, фаровонлигининг ошиб боришига эришишда айни шу соҳани тез ва жадал суръатлар билан ривожлантириш энг асосий омиллардан бири эканини ҳеч унутмаслигимиз даркор.

Шу борада яна бир муҳим масалага эътиборингизни жалб этишни зарур деб биламан.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг изчил ривожланиб боришини таъминлаш ор-қали биз мамлакатимизда жамиятимизнинг ижтимоий-сиёсий таянчи ва пойдевори бўлган ўрта синфнинг шаклланишига ва унинг тобора мустаҳкам бўлиб боришига эришмоқдамиз.

Барчамизга аёнки, айнан ана шу ижтимоий қатлам - яъни ўрта синф юртимизда амалга ошираётган ислоҳотларимизни янада чуқурлаштиришдан, мамлакатимизнинг изчил ва барқарор ривожланишидан энг кўп манфаатдордир. Шу боис кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик бугунги кунда жамиятимиздаги ижтимоий ва сиёсий барқарорликнинг кафолати ва таянчига, юртимизни тараққиёт йўлидан фаол ҳаракатлантирадиган кучга айланиб бормоқда.

Сизларга яхши маълумки, кейинги йилларда юртимизда ушбу соҳа ривожи учун қулай тадбиркорлик муҳити яратиш ва уни ривожлантиришни рағбатлантириш бўйича катта ишлар қилинди.

Бу ҳақда кўп гапирмасдан, биргина мисол келтириш кифоя, деб ўйлайман.

Агар 2000 йилда мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотининг 30 фоизи кичик бизнес субъектлари томонидан ишлаб чиқарилган бўлса, қисқа бир даврда, яъни 2010 йил якуни билан бу кўрсаткич қарийб 53 фоизга етиши кутилаётгани, ҳеч шуб-ҳасиз, ана шундай ишларимизнинг мантиқий самарасидир.

Бу ҳақда сўз юритганда, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик одамларимиз учун янги иш ўринлари очиш, барқарор даромад манбаларини яратишнинг энг муҳим омилига айланаётганига алоҳида эътибор қаратмоқчиман. Ҳозирги кунда мамлакатимиздаги иш билан банд аҳолининг 74 фоиздан ортиғи айнан шу соҳада меҳнат қилаётгани ҳам шундан далолат беради.

Ўзингиз ўйланг, азиз дўстлар, агарки юртимизда шу соҳага ўз вақтида катта эътибор қаратиб, унинг ривожи учун ҳар томонлама йўл очиб бермаганимизда бугун бизнинг куч-қувватга тўлган ёшларимиз бошқаларга ўхшаб қаёққа иш излаб борарди, кимларга муҳтож ва қарам бўлиб кун кўрар эди?

Шу ҳақида ўйлаш, бунинг олдини олиш давлат ҳокимияти идораларининг асосий бурчидир.

Жорий 2010 йилнинг ўзида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ҳисобидан 480 мингта янги иш ўрни очилгани ҳам юқорида зикр этилган фикрнинг яққол тасдиғи, десам, айни ҳақиқатни айтган бўламан.

Энг муҳими, бу иш ўринларининг 60 фоиздан ортиғи қишлоқларимизда ташкил этилмоқда. Мамлакатимиз аҳолисининг 50 фоизга яқини қишлоқ жойларда яшашини ҳисобга оладиган бўлсак, бу рақамларнинг ижтимоий аҳамиятини, ўйлайманки, тушуниш қийин эмас.

Албатта, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг кўзга яққол ташланиб турган афзалликлари ва катта имкониятлари ҳақида яна кўп гапириш мумкин. Лекин бугунги кунда Ўзбекистонда бу соҳада ҳали ишга солинмаган жуда катта салоҳият ва имкониятлар мавжуд эканини, дунёдаги тараққий топган давлатларда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ялпи ички маҳсулот ҳажмида етакчи ва ҳал қилувчи ўринни эгаллаётганини инобатга оладиган бўлсак, бу йўналишда қиладиган ишларимиз нақадар кўплиги аён бўлади.

Шундан келиб чиққан ҳолда, "Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили" бўйича қабул қилинадиган давлат дастурида қуйидаги устувор йўналишларга алоҳида эътибор қаратиш зарур.

Биринчи навбатда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ушбу соҳа ривожи учун янада кенг йўл очиб бериш мақсадида мавжуд норматив-ҳуқуқий базани танқидий нуқтаи назардан қайта кўриб чиқиш, янги қонун ҳужжатларини қабул қилиш масаласи диққат марказида бўлиши даркор.

Бу ҳақда гапирганда, шуни айтиш керакки, жойларда кичик бўлса ҳам ўз ишини, ўз бизнесини очишга интилаётган хусусий тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ўрнига, маҳаллий амалдорлар томонидан уларни кўролмаслик, қўлидан иш келадиган одамларнинг йўлига турли-туман ғов-тўсиқлар қўйилаётганига асло тоқат қилиб бўлмайди.

Албатта, кейинги йилларда бундай салбий ҳолатларни бартараф этиш мақсадида тегишли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, корхоналарнинг молия-хўжалик фаолиятига давлат ва назорат тузилмаларининг аралашувини кескин камайтириш, шунингдек, хўжалик ва тадбиркорлик субъектларининг иқтисодий ҳуқуқ ва эркинликларини сезиларли даражада кенгайтириш бўйича катта ишлар амалга оширилди. Лекин назорат органларига мансуб айрим мансабдорлар малакасининг пастлиги ҳануз ўткир муаммо бўлиб қолмоқда ва ишимизга салбий таъсир ўтказмоқда.

Шулар қаторида кўпгина вилоят ва туманларда коррупция деган бало, яъни порахўрлик, таъмагирлик, хизмат вазифасини суиистеъмол қилиш каби иллатлар учраб тураётганини инкор этиб бўлмайди. Қонунга зид бўлган бундай хунук ҳолатлар билан муроса қилишга чек қўйишнинг вақти келди.

Навбатдаги устувор йўналиш - кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик фаолияти учун янада қулай муҳит яратишдан иборат.

Ҳаммамизга маълумки, охирги йилларда тадбиркорлик соҳасида ўз ишини очиш учун рухсат олиш, солиқ, молия ва статистика органларига ҳисобот топшириш масалаларини тартибга солиш бўйича анча ишлар қилинди ва қилиняпти. Буни рад этиб бўлмайди, лекин бу соҳада бажарадиган ишларимиз ҳали кам эмас.

Айни пайтда кичик бизнес субъектларининг энергия, газ, сув ва канализация, иссиқлик таъминоти ва бошқа шу каби муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиши ёки уларни қуришда иштирок этиши учун рухсат олиш тартиб-қоидаларини соддалаштириш масаласи бўйича ҳам дастурда аниқ чора-тадбирлар белгиланиши ва уларнинг ижросини қатъий назоратга олиш даркор.

Яна бир муҳим масала кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳаси учун солиқ ва бошқа тўловлар борасида қулайлик ва енгилликлар яратиш билан боғлиқдир.

Албатта, сўнгги йилларда хўжалик субъектлари учун ягона солиқ тўлови ставкасини 2005 йилдаги 13 фоиздан 7 фоизга тушириш ёки қарийб 2 баробар камайтириш бўйича кўрилган чора-тадбирлар кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожи учун катта имкониятлар туғдирмоқда.

Шу борада кириб келаётган 2011 йилдан бошлаб бу кўрсаткичнинг 7 фоиздан 6 фоизга туширилиши, ҳеч шубҳасиз, давлатимиз томонидан ишбилармон ва тадбиркорларга кўрсатилган янги бир имтиёз бўлиб қолажак, деб ўйлайман.

Бу борада амалга оширилаётган ишларимиз билан чекланмасдан, кичик бизнес субъектларига ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва технологик янгилаш учун ўрта ва узоқ муддатга мўлжалланган кредитлар бериш тизимини янада такомиллаштириш, мавжуд муаммоларнинг ечими бўйича амалий чора-тадбирлар кўришимиз зарур.

Айниқса, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг ташқи иқтисодий фаолият соҳасида иштирок этиши, уларнинг минтақа ва жаҳон бозорларига чиқишини кенгайтириш муаммосини ҳал этишга жиддий аҳамият қаратишимиз лозим.

Алоҳида катта эътиборни талаб этадиган яна бир масала шуки, ҳозирги вақтда юртимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик асосан савдо-сотиқ, хизмат ва алоқа соҳасида, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича кўпроқ ривож топмоқда.

Лекин, шу билан бирга, саноат соҳасида, юқори технологияларни талаб этадиган замонавий ишлаб чиқариш тармоқларини ташкил этишда, инновацион ва нанотехнологиялар, фармакология ва фармацевтика, ахборот-коммуникация тизими, биотехнология, муқобил энергетика турларидан фойдаланиш соҳасида, мухтасар айтганда, илғор илм-фан ютуқларига асосланган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга кенг йўл очиб беришимиз зарур.

Айтиш жоизки, мен дастурдан ўрин олиши керак бўлган энг муҳим йўналишларнинг фақат айрим жиҳатлари ҳақида қисқача фикр билдирдим, холос.

Ўз-ўзидан аёнки, дастурни конкрет мазмун билан тўлдириш, ечимини кутиб турган долзарб муаммоларни ҳал қилиш учун ҳукумат қарори билан бу масала бўйича махсус ишчи комиссияси тузиш ҳамда етакчи мутахассисларимиз, авваламбор тадбиркорларнинг ўзини бу ишга жалб қилиб, ҳар бир йўналишни атрофлича, чуқур ва пухта ишлаб чиқишимиз даркор.

Бу борада мамлакатимиздаги давлат ва нодавлат ташкилотлар, кичик бизнес эгалари, фермер ва тадбиркорлар, ҳомийлар, бир сўз билан айтганда, кенг жамоатчилигимиз ўз фикрлари ва амалий таклифлари билан фаол иштирок этади, деб ўйлайман.

Шу фурсатдан фойдаланиб, такрор ва такрор айтишни истардим: кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик - жамиятимизнинг, бугунги ва келажак тараққиётимиз, фаровон ҳаётимизнинг мустаҳкам таянчи бўлиши шарт.

Айнан ана шундай қараш, ана шундай ёндашув бизнинг иш фаолиятимизда, авваламбор, олдимизда турган ўта муҳим ва долзарб вазифаларни амалга оширишда асосий мезон ва йўлланма бўлишига ишонаман ва барчангизга айни шу мақсад йўлида куч-ғайрат ва янги-янги омадлар тилайман.


Азиз ватандошларим, қадрдонларим!

Сизларни Конституциямиз байрами билан яна бир бор табриклаб, ҳаммангизга сиҳат-саломатлик, хонадонларингизга файзу барака тилайман.


































Время: 0.0174
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск