ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Ўзбекистон Республикаси Президенти / Президентнинг маъруза ва нутқлари / 2010 й. /

Президент Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги Маърузаси

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

МАМЛАКАТИМИЗНИ МОДЕРНИЗАЦИЯ

ҚИЛИШ ВА КУЧЛИ ФУҚАРОЛИК ЖАМИЯТИ

БАРПО ЭТИШ - УСТУВОР МАҚСАДИМИЗДИР



Рус тилидаги матнига қаранг



Президент Ислом Каримовнинг

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси ва Сенатининг

қўшма мажлисидаги

МАЪРУЗАСИ


(2010 йил 27 январь)



Ассалому алайкум, ҳурматли депутатлар!

Ҳурматли сенаторлар!

Қадрли дўстлар!

Авваламбор, барчангизни бўлиб ўтган сайловларда эришган муносиб ғалабангиз билан, Сизларга сайловчилар, мамлакатимиз аҳолиси томонидан кўрсатилган юксак ишонч билан табриклаб, Сиз, халқ вакилларига ўзимнинг чуқур ҳурмат-эҳтиромимни билдиришдан хурсандман. 

Аминманки, ҳақли равишда Сизларга кўрсатилган бу ишонч - биринчи навбатда барчангизнинг шахсиятингизга, билим, тажрибангиз, фидокорона меҳнатингизга, энг аввало, мамлакатимизнинг обрў-эътибори ва равнақи, эл-юртимиз фаровонлигини янада юксалтириш йўлида қўшаётган муносиб ҳиссангизга халқимиз томонидан билдирилган ҳурмат ифодасидир.

Айни вақтда бу ишонч умумхалқ сайловларида сизлар вакили бўлиб иштирок этган сиёсий партияга, ижтимоий ҳаракатга билдирилган ишонч белгисидир.

Шу борада, ўйлайманки, шу залда ўтирган барча депутатлар яхши англамоқда, буларни, яъни, халқимиз томонидан билдирилган катта умидни, ҳар қайсингиз ўзингизнинг ҳалол амалий меҳнатингиз билан оқлашингиз зарур бўлган аванс - насия, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Сизларнинг эътиборингизни яна бир ўта муҳим ҳолатга жалб этмоқчиман. Сизларнинг обрўйингиз - бу Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг обрўси, республикамиз парламентининг обрўси, моҳият эътиборига кўра, мамлакатимизнинг обрўси эканини ҳеч қачон унутмаслигингизни истардим.


Ҳурматли дўстлар!

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида 2009 йил 27 декабрь куни Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтган сайловлар ҳақида ва шунингдек, 2010 йилнинг 10 январь куни ана шу идораларга ўтказилган такрорий сайловлар хусусида ортиқча гапиришнинг ҳожати йўқ, деб ўйлайман.

Ушбу сайловлар ҳақида мамлакатимиздаги тегишли ваколатга эга бўлган тузилмалар кузатувчилари ва жамоатчилигимиз томонидан, Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган хорижий ташкилот ва кузатувчилар томонидан ҳам атрофлича, етарли ва холис баҳолар берилди.

Барча-барча берилган баҳо ва тафсилотларда аввало сайловчиларимизнинг овоз бериш пайтида умумий фаоллик, очиқлик ва ошкоралик, миллий ва халқаро қонунчилик меъёрлари ва талабларига риоя қилиш муҳити яққол намоён бўлгани таъкидланди.

Бу ўз навбатида жамиятимизнинг ўтган давр мобайнида демократик ўзгаришлар, ҳар қайси фуқаронинг танлаш эркинлигини таъминлаш ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш йўлида том маънода қандай улкан қадамлар қўйганини яна бир бор тасдиқлади.

Қонунчилик палатасига 30 фоизга яқин, маҳаллий кенгашларга эса тахминан 20 фоиздан кўпроқ депутатлар сайловларнинг такрорий босқичидан - иккинчи турдан ўтишга мажбур бўлганларининг ўзи - ушбу сайловларимиз нақадар демократик асосда бўлиб ўтганининг, ҳеч шубҳасиз, яққол исботи, десак, тўғри бўлади.

Бўлиб ўтган сайловлар аҳолимизнинг юксак ижтимоий-сиёсий маданиятини, унинг сиёсий ва фуқаролик онг даражаси тобора ўсиб бораётганини, сайловчилар мамлакатни ислоҳ этиш ва модернизация қилиш жараёнларини чуқурлаштириш йўлидан изчил илгарилаб бораётганимизни кенг қўллаб-қувватлаётганини намойиш этди.

Энг муҳими, мазкур сайловлар давлатимиз ҳаётида юз бераётган барча туб ўзгариш ва янгиланишлар жараёни орқага қайтариб бўлмайдиган қонуний тус олганини яна бир бор кўрсатди.

Энг муҳим хулоса шундан иборатки, бу сайловлар бугунги кунда ҳаётимизни демократлаштириш ва либераллаштиришга қаратилган ўзгаришлар жараёнини, ҳақиқатдан ҳам, ҳеч қандай куч орқага қайтара олмаслигининг амалий ифодаси бўлганини такрор ва такрор таъкидлашни ўринли деб биламан.

Барчамизга яхши маълумки, биз ўз вақтида шу борада муҳим қарорлар, хусусан, "Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида"ги Конституциявий қонунни қабул қилган эдик.

Шунингдек, сиёсий партияларнинг сайловларда қатнашиб, ўзининг нималарга қодир эканини исботлашга, амалда бу партияларни Ўзбекистонда бўлиб ўтаётган чуқур ўзгаришларнинг ҳал қилувчи кучига айлантиришга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, жорий этилганидан ҳам хабардорсиз.

Бўлиб ўтган сайловлардан биз чиқаришимиз керак бўлган яна бир ўта муҳим хулоса шундан иборатки, бу сайловлар ўз вақтида қабул қилинган ана шу қарорларнинг нақадар тўғри ва самарали эканини кўрсатди.

Айнан ана шу хусусият - яъни, сиёсий партияларнинг ҳал қилувчи куч сифатида майдонга чиқиши мазкур сайловларнинг моҳияти ва асосий маъно-мазмунини ташкил этди, десам, янглишмаган бўламан.

Ўйлайманки, ўтган сайловларнинг айни шундай аломатлари мамлакатимиз парламент тизимининг самарадорлигини оширишга албатта сезиларли таъсир ўтказади.

Шу фурсатдан фойдаланиб, ёруғ келажагимизни қуриш йўлида мамлакатимиз бу мураккаб сиёсий имтиҳондан муваффақиятли ўтгани учун барча фуқароларимизни яна бир бор табриклаб, бутун халқимизга чуқур миннатдорлигимни ва ҳурматимни билдиришни ўзимнинг бурчим, деб биламан.


Муҳтарам мажлис иштирокчилари!

Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг янгитдан сайланган таркибининг бўлғуси фаолияти билан боғлиқ масалаларга ўтишдан олдин Олий Мажлиснинг ўз ваколатларини тугатган ҳар иккала палатаси аъзоларига, уларнинг сидқидилдан қилган меҳнати, Ватанимиз қудратини мустаҳкамлаш, халқимиз фаровонлигини оширишга қўшган катта ҳиссаси учун самимий ташаккур билдиришга рухсат бергайсиз. 

Маълумки, биринчи бор 2004 йилда сайланган икки палатали парламентимизнинг фаолияти ҳаётимизнинг муҳим бир даврига - мамлакатимизда чуқур ўзгаришлар, сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётнинг барча томонларини изчил ислоҳ этиш ва либераллаштириш, жамиятимизни демократик янгилаш ва модернизация қилиш жараёнлари жадал суръатлар билан ривожланаётган бир даврга тўғри келди.

Ўзбекистоннинг олдида турган ушбу устувор вазифаларнинг барчасини ҳал қилишда парламентнинг аввалги таркиби мамлакатимизда олиб борилаётган ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш ишида катта аҳамиятга эга бўлган 250 дан зиёд қонунни қабул қилиб, муҳим ҳисса қўшди. 

Бугун шу борада амалга оширилган ишларни сарҳисоб қилар эканмиз, айтиш мумкинки, парламентнинг профессионал органи сифатида доимий фаолият олиб борадиган, қонунларни ишлаб чиқадиган ва қабул қиладиган қуйи палатаси ва ҳудудий вакиллик органи сифатида минтақаларимизнинг манфаатларини тўлиқ акс эттирадиган юқори палата бўлмиш Сенатни шакллантириш бўйича асосий вазифалар, умуман олганда, муваффақиятли ҳал қилинди.

Қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг сифати ва асосланиши тубдан яхшиланди. Умумдавлат ва минтақавий манфаатлар ўртасидаги мутаносиблик ва уйғунлик янада самарали таъминланмоқда.

Сиёсий партияларнинг мамлакатимиз олий қонунчилик органи, жойлардаги ҳокимият вакиллик органлари фаолиятидаги роли ва таъсири сезиларли даражада ошди.

Қонунчилик палатасида биринчи марта парламентдаги кўпчилик - Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, "Миллий тикланиш" демократик партияси ва шунингдек, "Адолат" социал-демократик партияси фракцияларини бирлаштирган Демократик блок шаклланди. Айни вақтда Ўзбекистон халқ демократик партияси фракцияси тимсолида парламентдаги мухолифат ташкил топди.

Олий Мажлиснинг қонун ижодкорлиги фаолиятида мамлакатимизда иқтисодий соҳада амалга оширилаётган таркибий ўзгаришларни, қулай инвестицион муҳитни шакллантириш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва техник қайта жиҳозлаш, банк-молия тизимини ривожлантиришни норматив-ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш масалалари алоҳида ўрин эгаллади.

Бу даврда хусусий мулкни ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилишни кучайтириш, мамлакатимизда ҳар томонлама бақувват мулк эгалари синфини шакллантириш, фермерлик ҳаракатини мустаҳкамлаш, иқтисодиётни янада либераллаштиришни таъминлаш, тадбиркорлик, аввало кичик бизнес фаолиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш, кенг тармоқли бозор инфратузилмасини барпо этишни кўзда тутадиган қонун ҳужжатларининг бутун бир мажмуаси қабул қилинди.

Аҳоли даромадлари ва халқ фаровонлигини узлуксиз ошириб бориш, кенг миқёсдаги ижтимоий дастурларни муваффақиятли амалга ошириш масалалари парламентнинг эътибор марказида бўлди.

Иқтисодий ислоҳотларни қонуний жиҳатдан таъминлашга йўналтирилган бундай ва бошқа бир қатор тадбирлар 2009-2012 йилларга мўлжалланган, жаҳон молиявий-иқтисодий инқирозининг салбий оқибатларини имкон қадар камайтиришга қаратилган Инқирозга қарши чоралар дастурини самарали амалга оширишни ҳуқуқий таъминлаш, дунёдаги саноқли давлатлар қаторида Ўзбекистонга иқтисодиётнинг барқарор ўсиш суръатларини сақлаб қолиш ва аҳолининг реал даромадларини ошириш имконини берди.

Бу хулосаларни тасдиқлайдиган рақамлар ҳақида гапирадиган бўлсак, оғир келган 2009 йилда мамлакатимизнинг ялпи ички маҳсулоти 8,1 фоизга ўсгани, саноат соҳаси 9 фоизга, иқтисодиётимизга жалб этилган инвестициялар ҳажми 26 фоизга, шу жумладан, ташқи инвестициялар 68 фоизга ошгани, ташқи савдонинг ижобий сальдоси 2,3 миллиард доллардан кўпроқни ташкил этгани, ўртача ойлик даражасининг ўсиши 40 фоизга, аҳоли даромадлари эса 26,5 фоизга кўпайганини таъкидлаш лозим. Мана шу мисолларнинг ўзиёқ биз эришган кўпгина ютуқларнинг яққол далили бўла олади, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. 

Шуни таъкидлаш керакки, парламентимиз суд-ҳуқуқ тизимини чуқур ислоҳ қилиш ва либераллаштириш, суд ҳокимиятининг амалдаги мустақиллигини таъминлаш бўйича мамлакатимизда олиб борилаётган кенг миқёсли ишларга ҳам салмоқли ҳисса қўшди. Ўтган беш йил мобайнида қабул қилинган 58 та қонунга мувофиқ, суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар янада чуқурлаштирилди. 

Шу даврда жиноий жазо тизимини либераллаштириш, амалда суд ҳокимиятининг мустақиллигини таъминлаш жараёнларига катта эътибор берилди. Адвокатура институти ислоҳ этилди. Суд қарорларини ижро этиш тизими, прокуратура фаолияти такомиллаштирилди, бутун суд-ҳуқуқ тизимини босқичма-босқич демократлаштиришга қаратилган бошқа бир қатор чора-тадбирлар амалиётга татбиқ этилди. 

Мамлакатимизда 2008 йил 1 январдан бошлаб ўлим жазосини бекор қилиш тўғрисида, шунингдек, фуқароларни қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқини прокуратурадан судларга ўтказиш тўғрисида 2007 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси қонунлари бутун дунёда улкан қизиқиш ва эътибор уйғотди. Мазкур чора-тадбирларнинг жорий этилиши билан Ўзбекистонда дунёдаги энг инсонпарвар, либерал жиноий жазо тизимларидан бири яратилди.

Демократик ислоҳотларнинг муҳим таркибий қисми бўлган фуқаролик жамияти институтларини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, мустақил оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш бўйича ҳам кўп ишлар амалга оширилди.

Кейинги йилларда оммавий ахборот воситаларини янада демократлаштириш ва либераллаштириш, олиб борилаётган ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ислоҳотларнинг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлашда уларнинг фаоллигини ошириш, медиа маконга илғор ахборот-коммуникация технологияларини бевосита жорий этишга қаратилган қарийб 10 та қонун ҳужжати қабул қилинди.

2008 йилнинг июль ойида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳар икки палатаси кенгашларининг "Нодавлат нотижорат ташкилотларини, фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлашни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қўшма қарори қабул қилинди.

Бу ҳужжат нодавлат нотижорат ташкилотларнинг, фуқаролик жамияти институтларининг мустақил ривожланишини босқичма-босқич таъминлаш, мамлакатимизни демократик янгилаш жараёнида уларнинг роли ва аҳамиятини кучайтириш йўлида яна бир муҳим қадам бўлди.

Мазкур қўшма қарорга биноан нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари фаолиятини молиялаштириш манбаларини шакллантиришнинг мустақил, демократик принципларга асосланган тизими яратилди.


Ҳурматли мажлис қатнашчилари!

Эришилган ютуқларни қайд этар эканмиз, шу билан бирга, аввалги парламентимиз фаолиятидаги камчилик ва нуқсонлар, фойдаланилмасдан қолган имкониятлар ҳақида ҳам айтиб ўтишни зарур, деб биламан. Бугун, Олий Мажлиснинг келгуси беш йилдаги фаолиятининг асосий вазифалари ва устувор йўналишлари белгилаб олинаётган бир пайтда бу айниқса муҳимдир. 

Биринчидан, шуни тан олиш керакки, Қонунчилик палатаси фаолиятидаги энг катта камчиликлардан бири унинг қонун ижодкорлиги ишлари бўйича чуқур ва ҳар томонлама пухта ишлаб чиқилган, мамлакатимизда амалга оширилаётган социал-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар жараёнининг талаблари билан узвий боғлиқ бўлган, узоқ истиқболга мўлжалланган ўз дастурига эга эмаслигида кўринади.

Бу кўпинча қонунларнинг аниқ бир тизимга риоя қилмаган ҳолда, уларнинг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга бўлган субъектлар томонидан киритилишига қараб қабул қилинишига олиб келаётган сабаблардан биридир.

Иккинчидан, иқтисодий, сиёсий, гуманитар соҳаларда жадал ривожланаётган ислоҳотларни амалга ошириш учун ҳаётий зарур бўлган қонунларни киритиш ташаббуси билан чиқишда ва уларнинг қабул қилинишини тезлаштиришда депутатлар корпусининг сусткашлиги, бу борада етарлича фаоллик кўрсатмаётгани жиддий камчилик ҳисобланади. Кейинги беш йил мобайнида Қонунчилик палатасига тақдим этилган 297 та қонун лойиҳасидан атиги 44 таси депутатлар ташаббуси билан киритилган.

Айни пайтда, 42 та қонун лойиҳаси бевосита Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тақдим этилган, 160 тадан зиёд қонун лойиҳаси эса мамлакатимиз ҳукумати томонидан киритилган бўлиб, уларнинг аксарият қисми Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари ва қарорларининг ижросини таъминлаш муносабати билан тақдим этилган.

Учинчидан, қабул қилинаётган қонунларнинг сифатини тубдан яхшилаш талаб этилади. Уларнинг кўпчилиги амалдаги қонун ҳужжатларига ўзгартиш, тузатиш ва қўшимчалар киритишга қаратилган бўлиб, кодификациялашиш характерига, яъни, муайян даражада тизимлашув мазмунига эга эмас.

Қабул қилинадиган қонун лойиҳаларида амалдаги қонун ҳужжатларидан фарқ қиладиган тафовутларга, такрорларга йўл қўйилганини, бошқа ҳужжатларга ҳавола қилиш ҳолатлари кўплигини қайд этиш лозим.

Ва энг асосий камчилик қабул қилинадиган қонунларда аксарият ўринларда ана шу қонун ҳужжатларининг ҳаётга татбиқ этилишини таъминлайдиган процессуал механизмларнинг мавжуд эмаслигида кўзга ташланади. Бу эса ўз-ўзидан ушбу ҳужжатларнинг қўлланишини сезиларли даражада қийинлаштиради, қонунларнинг ижро этилмаслигига, ҳуқуқий нигилизмга, яъни ҳар қандай ҳуқуқий норманинг инкор қилинишига, ҳуқуқни қўллаш амалиёти самарадорлигининг пасайишига олиб келади.

Тўртинчидан, қонунда кўзда тутилган депутатлик назорати ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштиришга таъсир кўрсатиш шаклларидан суст фойдаланилмоқда.

Қуйи палата фаолият юритган бутун давр мобайнида атиги бир нечта, хусусан, инновацион технологияларни ишлаб чиқаришга жорий этиш, кимё саноати корхоналари қурилишини жадаллаштириш ва янги турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш билан боғлиқ масалалар бўйича парламент сўрови амалга оширилганини албатта етарли деб бўлмайди.

Бешинчидан, парламент депутатларининг ўз сайлов округидаги тизимли фаолиятини сезиларли даражада яхшилаш талаб этилади.

Айнан ана шундай фаолият қабул қилинган қонунлар қандай ишлаётганини, хўжалик юритиш амалиёти бугунги кунда қандай қонунларга муҳтож эканини, сайловчилар қандай муаммоларга дуч келаётгани ва уларни ҳал этиш бўйича нималар қилиш зарурлигини аниқлаш учун депутатга имкон берган бўларди.

Бу ҳақда кўп гапирмасдан, биргина мисолни келтириш мумкин. "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг сайлов округидаги фаолиятини ташкил этиш тартиби" палата томонидан 2008 йилнинг май ойига келиб, яъни парламент фаолиятининг тўртинчи йилидагина ишлаб чиқилгани ва қабул қилинганини айтиб ўтишнинг ўзи кифоя, деб ўйлайман. Афсуски, депутатларнинг сайлов округидаги фаолияти асосан шунчаки учрашувлар ташкил қилишдан иборат бўлиб қолган, таҳлилларнинг кўрсатишича, улар ҳам кўпинча номигагина ўтказилиб, фақат шикоят ва саволларга жавоб қайтариш билан чекланилган.

Олтинчидан, қуйи ва юқори палаталар амалий фаолиятининг айниқса дастлабки даврида аксарият ҳолларда ҳар икки томоннинг ўз амбицияларини намоён этиши билан боғлиқ бўлган жиддий муаммолар ҳам кузатилди, бундай зиддиятлар қонун ҳужжатларини қабул қилиш муддати ва сифатига салбий таъсир кўрсатди.

Мухтасар айтганда, Ўзбекистондаги олий қонун чиқарувчи орган бўлмиш Олий Мажлис томонидан амалга ошириладиган қонун ижодкорлиги жараёнининг мустақил ва муқаррар таркибий қисми бўлган ҳар қайси палата фаолиятини таъминлаш жараёни қийинчилик билан йўлга қўйилди.

Албатта, ҳар қайси палата томонидан ўз зиммасига юклатилган вазифа ва ваколатларни адо этиш асносида уларнинг ўртасида турли келишмовчилик ва қарама-қаршиликлар вужудга келиши ҳар томонлама табиий ва қонуний ҳолдир.

Шу фурсатдан фойдаланиб, Сенат, унинг аъзолари қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга эмаслигини таъкидлаб ўтишни истардим.

Сенат - бу вакиллик органи ва унинг кўпчилик қисми халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларининг депутатлари сифатида мамлакатимиз олий қонун чиқарувчи органида ана шу маҳаллий Кенгашларнинг ваколатли вакиллари ҳисобланади ва уларга ҳисоб беради. Ва шу сабабли ҳам сенаторларнинг ўз фаолиятида, қонунларни муҳокама этиш ва қарорлар қабул қилишда, биринчи навбатда, умумдавлат манфаатларидан келиб чиққан ҳолда, бу қонунларни ўзлари вакили бўлган ҳудуд ва минтақалар манфаатлари нуқтаи назаридан кўриб чиқишлари тўлиқ қонуний асосга эгадир.

Шунинг учун ҳам Сенат томонидан бирон-бир қонун қайтарилган вазиятда тақдим этилган лойиҳаларнинг моҳияти ва маъно-мазмуни бўйича қуйи ва юқори палаталар келишув комиссиялари доирасида вужудга келадиган баҳс-мунозараларни биз демократик парламент ишининг табиий ва соғлом шакли сифатида кўришимиз даркор.


Ҳурматли депутат ва сенаторлар!

Олий Мажлиснинг ўтган даврдаги фаолиятини талабчанлик руҳида, танқидий баҳолар эканмиз, парламент ишида йўл қўйилган камчилик ва нуқсонларни бартараф этмасдан, сусткашлик ва ўзибўларчилик ҳолатларига барҳам бермасдан туриб, депутат ва сенаторлар ўз олдида турган вазифаларни самарали ҳал этишга, сайлов пайтида сайловчиларига берган юксак ваъдаларининг устидан чиқишга эриша олмаслигини яққол англаб, тушуниб олишимиз керак.

Айниқса, янгитдан сайланган парламент сифат жиҳатидан янгича сиёсий, ижтимоий-иқтисодий шароитда фаолият юритиши зарурлиги барчамизга аниқ-равшан аён бўлиши лозим.

Бугунги кунда давлат ва жамият қурилиши соҳасида мамлакатимиз олдида ўзининг миқёси ва қамровига кўра улкан вазифалар турибди.

Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози ҳали-бери давом этаётган оғир бир шароитда иқтисодиётимизнинг янада барқарор ривожланишини таъминлаш, уни диверсификация ва модернизация қилиш, ишлаб чиқаришни техник қайта жиҳозлаш борасидаги ишларни изчил давом эттиришимиз зарур.

Минтақамизда ва бутун дунёда юзага келаётган мураккаб геосиёсий шароитда бизнинг зиммамизда мамлакатимизнинг хавфсизлиги ва барқарорлигини таъминлаш, шу муқаддас заминимизда ҳукм сураётган тинч-осойишта ҳаётни сақлаш каби бири-биридан масъулиятли ва кенг кўламли бир қатор вазифалар борки, юртимизнинг, жондан азиз фарзандларимизнинг бугунги ва эртанги куни ана шу масалаларни қанчалик муваффақият билан ҳал этишимизга боғлиқдир.

Мана, ён қўшнимиз Афғонистонда 30 йилдан буён давом этаётган қуролли можаронинг ҳали-бери охири кўринмаяпти. Халқимизда "Қўшнинг тинч - сен тинч" деган мақол бежиз айтилмаган. Қўшни мамлакат ҳудудида мана шундай кескинлик сақланиб турар экан, албатта, минтақамизда тинчлик-барқарорликка нисбатан таҳдид ҳам сақланиб қолаверади.

Афғонистондаги мураккаб вазиятни ҳал этиш бўйича Ўзбекистон энг нуфузли халқаро минбарлардан муҳим амалий ташаббусларни доимий равишда баён қилиб келмоқда. Айниқса, НАТО/СЕАП ташкилотининг 2008 йил апрель ойида бўлиб ўтган Бухарест саммитида Ўзбекистон Президенти томонидан афғон муаммосини фақат ҳарбий йўл билан ечиб бўлмаслиги ҳақидаги фикр биринчи бўлиб ўртага қўйилган ва бу можарони сиёсий йўл билан ҳал этиш мақсадида "6+2" мулоқот гуруҳини "6+3" гуруҳига айлантириш ҳақидаги таклиф илгари сурилган эди. Бу гуруҳга Афғонистон билан қўшни бўлган давлатлар, АҚШ ва Россия ҳамда НАТО ташкилотининг ваколатли вакиллари кириши назарда тутилади. Ўзбекистоннинг бу таклифи дунё сиёсий жамоатчилигида катта қизиқиш уйғотгани сизларга яхши маълум, деб ўйлайман.

Афғон можаросини ҳал қилиш учун 30 йил давомида миллиард-миллиард доллар маблағ сарфланди. Лекин, аҳвол ижобий томонга ўзгариш ўрнига, аксинча, мамлакатдаги кескинлик кучайиб бормоқда. 

Аввало, маҳаллий халқ, қайси миллат ва элатга мансублигидан қатъи назар, бир-бири билан келишиши керак, бунинг учун уларга ёрдам, биринчи навбатда иқтисодий ёрдам бериш лозим.

Энг муҳими, афғон халқининг миллий урф-одатлари ва маданиятини, диний қадриятларини ҳурмат қилиш зарур. Бошқача айтганда, аввало халқни ҳурмат қилиш, кейин унга ақл ўргатиш керак.

Шу кунларда Афғонистон масаласи бўйича Лондонда бўлиб ўтадиган халқаро анжуманда ана шундай ёндашув асосида умумий бир қарор қабул қилиниши ҳақида фикрлар билдирилмоқда. Яъни, дунёдаги кўпгина давлатлар афғон муаммосини фақат ҳарбий йўл билан ҳал қилиш мумкин эмаслигини ҳар томонлама англаб, амалий хулосаларга келмоқда. Бу, ўз навбатида, Бухарест саммитида Ўзбекистон илгари сурган ташаббуснинг нақадар тўғри эканини яна бир бор кўрсатмоқда.

Қисқача айтганда, жафокаш афғон заминида тезроқ тинчлик қарор топиши учун жаҳон ҳамжамияти, авваламбор иқтисодий-молиявий, ижтимоий-гуманитар ёрдам кўрсатиши ва бу ишларнинг барчаси Бирлашган Миллатлар Ташкилоти раҳнамолигида амалга оширилиши зарур.

Бугунги кунда дунёдаги кўпгина давлатлар томонидан Афғонистонга ана шундай ёрдам кўрсатилмоқда. Албатта, бу мамлакатда тинчлик ва барқарорлик ўрнатишдан аввало унга қўшни бўлган давлатлар манфаатдордир.

Ўзбекистон ҳозирги вақтда яқин қўшни давлат сифатида Афғонистонга   катта ёрдам бермоқда. Жумладан, 2010 йилда Ўзбекистон бу мамлакатга етказиб бераётган электр энергияси миқдори ўтган йилларга нисбатан 6 баробарга оширилди.

Шу кунларда Ўзбекистоннинг қурувчи ва мутахассислари томонидан "Термиз - Ҳайратон - Мозори Шариф" темир йўлини қуриш ишлари бошланмоқда ва ишонаманки, у йил охирига қадар якунига етказилади.

Хулоса қилиб айтганда, парламентимизнинг бугунги кунда минтақамизда тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш масаласида масъулияти катта. Буни ҳеч қачон эсимиздан чиқармаслигимиз керак. 


Азиз дўстлар!

Юқорида зикр этилган масалаларнинг барчаси парламентимиздан юксак ташаббускорликни, қонун ижодкорлиги фаолияти самарадорлигини ошириш йўлида мунтазам изланишни, ҳар бир депутат ва сиёсий партиядан эса авваламбор улар сайлов даврида ўз зиммасига олган мажбуриятларини бажаришни талаб этади.

Қонунчилик ва норматив-ҳуқуқий базадаги камчилик ва нуқсонларга имкон қадар тезроқ барҳам бериш, ҳуқуқни қўллаш амалиётида ғоят жиддий ўзгаришларни жорий этиш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва суд органларининг фаолиятида фақат ва фақат қонунга риоя этилишини таъминлаш билан боғлиқ ишларни такомиллаштириш даркор.

Бу вазифалар биз барпо этаётган ҳуқуқий давлатни шакллантиришда нақадар муҳим аҳамиятга эга экани ҳақида, ўйлайманки, ортиқча гапириб ўтиришнинг ҳожати йўқ.

Айни пайтда, шуни ҳам ўзимизга яққол тасаввур қилишимиз керакки, иқтисодий ўсишни таъминлаш, одамларимизнинг ҳаёт даражасини янада юксалтириш, социал-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий соҳалардаги бошқа кўплаб вазифаларга ижобий ечим топиш энг муҳим бир вазифани муваффақиятли ҳал этишни талаб қилади.

Бу вазифа авваламбор демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва иқтисодиётни эркинлаштириш, кучли фуқаролик жамияти барпо этиш йўлидан жадал ва самарали илгарилаб боришдан иборатдир.

Ўйлайманки, Қонунчилик палатасида ҳам, Сенатда ҳам, олдимизда турган ишларнинг амалий дастурини тайёрлаш жараёнида ана шу вазифаларнинг барчаси ҳисобга олинади ва охиригача пухта ишлаб чиқилади.

Менинг чуқур ишончим бўйича, энг муҳим, ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган қуйидаги масалалар доимий эътиборимиз марказида туриши даркор.

Биринчи. Мана шу юксак минбардан туриб қатъий таъкидлашни истардим: агарки, биз иқтисодий ва социал соҳани ислоҳ этиш жараёнларини ижтимоий-сиёсий ва суд-ҳуқуқ тизимини мунтазам янгилаб бориш жараёнлари билан ўзаро аниқ ва чуқур, узвий боғлиқ ҳолда амалга оширишни таъминламас эканмиз, мамлакатимизни модернизация қилиш борасида белгилаб олган юксак марраларимизга эриша олмаймиз.

Шу борада Конституциямиз муҳрлаб қўйган давлат ҳокимияти тизими - ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши принципига риоя қилган ҳолда, парламент ҳокимиятининг амалий ролини кучайтириш масалалари эътиборимиз марказида туриши керак.

Бу ўта муҳим вазифаларни амалга оширишда кўппартиявийлик тизимининг ривожланишига, сиёсий партиялар фаоллигининг кескин ошишига, улар ўртасида рақобат асосидаги курашнинг кучайишига шароит туғдириб бериш алоҳида ўрин тутади. 

Биз ўз олдимизга қўяётган бу вазифанинг туб моҳияти шундаки, у партиялар ўртасидаги сайловолди кураши, Олий Мажлисимизнинг янги таркибини шакллантириш пайтида бўлиб ўтган ғоя ва дастурлар кураши парламентнинг кундалик фаолиятида ҳам давом этишини ва янада чуқурлашиб боришини назарда тутади.

Айнан парламент фаолиятида, таъбир жоиз бўлса, ғоя ва дастурлар беллашуви доимий тус олиши, ҳар қайси партия ўз олдига қўйган мақсад-муддаоларига ана шундай кураш орқали эришиши лозим.

Ишончим комилки, Қонунчилик палатасидаги турли сиёсий фракциялар ўртасидаги рақобат қанчалик кескин ва кучли бўлса, жамиятимизнинг муайян сиёсий кучлари ва ижтимоий қатламлари манфаатларини ўзида ифода этадиган ҳар қайси партиянинг ғоялари, дастурий вазифалари ҳаётга муваффақиятли татбиқ этилишининг кафолати ҳам шунчалик мустаҳкам бўлади.

Буларнинг барчаси, ҳеч шубҳасиз, қабул қилинадиган қонунларнинг сифатини оширишга, парламент ролининг, унинг мамлакатимизда юз бераётган жараёнларга таъсирининг кучайишига ёрдам беради.

Партиялар ўртасидаги баҳс-мунозаралар жиддий, профессионал ва амалий негизда олиб борилиши даркор. Айнан шунинг учун ҳам сиёсий партиялар ўз электоратини ўйлантираётган социал-иқтисодий муаммоларни янада чуқурроқ ўрганишга ва уларни ҳал этиш бўйича зарур чораларни кўришга бутун диққат-эътиборини қаратиши керак.

Бу ҳақда гапирганда, "мамлакат раҳбариятининг ислоҳотларни амалга ошириш борасидаги стратегик йўлини сиёсий қўллаб-қувватлаймиз" деган умумий гаплардан амалий фаолиятга ўтиш, чуқур ўйланган, шу жумладан, муқобил, рақобатдош лойиҳалар ва ҳар қайси партия ёки ҳаракатнинг аниқ мақсадли вазифаларини ўзида мужассам этадиган дастурларни тақдим этган ҳолда, фаол иш олиб бориш даври келганини таъкидлаш лозим.

Бунда жойларда ислоҳотларнинг ижтимоий самарасини оширишга халақит бераётган жиддий камчилик ва нуқсонларни аниқлаш, уларни очиқ, ошкора ва амалий руҳда муҳокама қилиш, ўз хизмат жойида зиммасига юкланган мажбуриятларни уддалай олмаётган давлат органлари, хўжалик бошқаруви, назорат ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимларининг раҳбарларини асосли танқид қилиш муҳим аҳамият касб этади.

Албатта, электорат билан иш олиб боришнинг замонавий усулларидан, умумэътироф этилган сиёсий технологиялардан кенг фойдаланиш, партиявий нашрларни партиялараро қизғин баҳс-мунозаралар минбарига айлантириш зарурлигини ҳаммамиз яхши тушунамиз.

Парламентимиз ва маҳаллий вакиллик органлари - Кенгашлар олдида турган иккинчи ғоят муҳим вазифа - бу қабул қилинган қонунларнинг ижро этувчи ҳокимият, яъни ҳукумат томонидан марказда, ҳокимликлар томонидан эса жойларда қандай бажарилаётгани устидан қатъий парламент назоратини, депутатлик назоратини ўрнатишдан иборатдир.

Шуни очиқ тан олиш керак, Қонунчилик палатаси ва Сенатда, афсуски, бу борадаги ишлар ўта қониқарсиз йўлга қўйилган. Қонунчилик палатаси ва Сенатда қонунлар ижроси, тегишли тармоқларда устувор давлат дастурларининг бажарилиши юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, унинг ўринбосарлари, вазирлик ва қўмиталар, ижро этувчи ташкилотлар раҳбарларининг ахборот ва ҳисоботлари камдан-кам эшитилади ва муҳокама қилинади.

Ўрганишлар натижаси шуни кўрсатмоқдаки, парламентда бундай ҳисоботларни эшитиш кўпроқ умумий, яъни танишув ҳолатига эга бўлиб, кўрилаётган масала бўйича муайян қўмита ёки комиссиянинг позицияси аниқ белгилаб олинмаган, ҳар томонлама пухта ишлаб чиқилиб тавсия этилган бирон-бир дастур ва ҳужжат қабул қилинмаган.

Келгусида қонун чиқарувчи ҳокимият назорат ваколатларини амалга оширишнинг қонунда кўзда тутилган ҳуқуқий норма ва механизмларидан марказда ва жойларда кенг фойдаланиш учун барча зарур чораларни кўриш керак.

Давлат тузилмалари раҳбарларининг уларга ишониб топширилган тармоқларда қонун ҳужжатларини ижро этиш ҳолати бўйича ҳисоботларини эшитиб бориш парламент фаолиятининг кундалик ишига айланиши даркор.

Шу билан бирга, ижро ҳокимияти раҳбарлари, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аъзоларининг улар бевосита масъул бўлган соҳаларда қонунларнинг қандай бажарилаётгани бўйича ҳисоботларини тинглаб бориш амалиётини кенгайтириш зарур.

Хусусан, парламент назоратини амалга ошириш жараёнида давлат тузилмаларининг иқтисодиёт соҳасига асоссиз аралашувини камайтириш чораларига алоҳида аҳамият қаратиш керак.

2009-2012 йилларга мўлжалланган Инқирозга қарши чоралар дастурини, унда кўзда тутилган ижтимоий-иқтисодий соҳанинг изчил ривожланишини, мамлакатда барқарорликни таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор бериш зарур.

Парламент назоратининг парламент сўрови, парламентда ҳисоботни эшитиш ва парламент фаолиятининг қонунда кўзда тутилган бошқа шаклларидан кенг фойдаланиш лозим.

Парламент сўровида кўтарилган масалалар бўйича асосланган изоҳ ва ҳар томонлама тушунтириш бериш давлат ҳокимияти ва бошқарув идоралари мансабдор шахсларининг бевосита вазифаси ҳисобланади.

Бу вазифанинг бажарилиши бўйича жавобгарлик барча бўғиндаги давлат ҳокимияти идораларининг раҳбарлари ва прокуратура зиммасига юклатилиши керак.

Ижро этувчи ҳокимият устидан парламент назоратини кучайтириш вазифасини муваффақиятли ҳал этиш кўп жиҳатдан оммавий ахборот воситалари, кенг жамоатчиликнинг бу жараёндаги фаол иштирокига боғлиқдир.

Бу борада партияларнинг матбуот нашрлари олдида катта ва масъулиятли вазифалар турибди. Лекин, афсуски, бундай нашрлар ҳали-бери заиф бўлиб, содда қилиб айтганда, "тиш-тирноқсиз" бўлиб қолаётганини қайд этиш лозим.

Парламентнинг мамлакатимизда кучли фуқаролик жамиятини шакллантиришга қаратилган демократик янгиланишлар, либерал ислоҳотлар тарғиботчисига айланишига эришиш энг асосий вазифа бўлмоғи зарур.

Мазмун-моҳиятига кўра, социал-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ислоҳотларни, биз танлаган давлат ва жамият қурилиши моделини татбиқ этиш жараёнида фуқароларнинг мамлакат бошқарувидаги ролини ошириб боришни асосий ўринга қўядиган "Кучли давлатдан - кучли фуқаролик жамияти сари" дастурини амалга ошириш бўйича ишларни янада фаоллаштириш масаласини бугун ҳаётнинг ўзи кун тартибига тобора қатъий қилиб қўймоқда.

Бу амалда фуқаролик жамияти институтларининг бутун тизимини ривожлантиришни, унинг мамлакатни, маъмурий-ҳудудий тузилмаларни бошқариш жараёнига уйғун равишда интеграциялашувини англатади.

Сиёсий партияларнинг марказда ва жойларда ижро этувчи ҳокимият идораларини шакллантириш жараёнига фаол таъсирини таъминлаш учун барча ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлардан тўлақонли фойдаланиш даркор.

Шу мақсадда Халқ депутатлари маҳаллий кенгашларидаги партиялар гуруҳлари фаолиятини жонлантириш, барча бўғиндаги ижро этувчи тузилмаларнинг минтақалар ижтимоий-иқтисодий тараққиётига доир амалий вазифаларни ҳал этиш ишига партияларнинг таъсирини ошириш даркор. 

Фуқаролик жамияти институтлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолиятининг норматив-ҳуқуқий базасини янада ривожлантириш қонунчилик фаолиятининг муҳим йўналиши бўлиши зарур, деб ҳисоблайман.

Токи бу институт ва ташкилотлар қарорлар қабул қилиш, ўзлари мансуб бўлган ижтимоий қатлам ва тузилмаларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш тизимида муносиб ўрин эгаллай олсин.

Шу муносабат билан бугунги кунда экологик йўналишдаги 100 дан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилотни бирлаштирган Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайланган депутатлар олдида катта ва масъулиятли вазифалар турибди.

Мазкур ҳаракатдан сайланган депутатлар атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасига оид қонунчиликни янада ривожлантиришга, марказда ва жойларда давлат ҳокимияти идоралари, шунингдек, турли ижтимоий ва бошқа тузилмаларнинг бу соҳада шу пайтга қадар қабул қилинган ҳужжатларни сўзсиз бажариш бўйича масъулиятини ошириш юзасидан тизимли ишларни ташкил қилишга кўмаклашишлари лозим.

Барчамиз бир оддий ҳақиқатни қатъий ва аниқ англаб олишимиз керак - бундан буён Ўзбекистон Экологик ҳаракати янги сифат босқичига кўтарилади, юксак депутатлик минбаридан туриб атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалаларини ўртага қўйиш ва назорат қилиш, инсонни ва мамлакат аҳолисини экологиянинг хавфли ҳамда тажовузкор ўзгаришларидан ҳимоя қилиш учун улкан имкониятларни қўлга киритади.

Фуқаролик жамияти институтлари, жумладан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг жамият ва давлат қурилиши тизимидаги ҳуқуқ ҳамда ваколатларини кенгайтиришга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш масаласи устувор йўналишга айланиши зарур.

Бугунги кунда жойларда фуқароларнинг энг долзарб муаммоларини ўз вақтида ва муваффақиятли ҳал этиш, уларнинг манфаатларини ҳимоя қилишда маҳалла тизимининг таъсири ва аҳамияти қанчалик ортиб бораётганини барчамиз яхши биламиз.

Маҳалланинг аҳолимиз, айниқса, ёшларимизнинг маънавий-ахлоқий тарбияси билан боғлиқ масалаларни ечиш, ижтимоий соҳанинг самарали фаолият юритишини таъминлаш, жойларда жамоат тартиби ва хавфсизлигини сақлаш борасидаги ҳиссаси тобора кучайиб бормоқда.

Шу муносабат билан маҳалла фаолиятининг ҳуқуқий базасини такомиллаштириш, унинг самарали фаолият юритиш механизмлари ва ваколатларини кенгайтириш бундан кейин ҳам бизнинг устувор вазифамиз бўлиб қолади.

Маҳаллани аҳолини аниқ йўналтирилган асосда ижтимоий қўллаб-қувватлаш, хусусий тадбиркорлик ва оилавий бизнесни ривожлантириш марказига айлантириш йўлида бошлаган ижобий ишларимизни изчил давом эттиришимиз ва янги босқичга кўтаришимиз даркор.

Бошқарув идоралари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ўрнатишда маҳалланинг вазифаларини кенгайтириб бориш, давлат ижтимоий дастурларининг ҳаётга татбиқ этилиши бўйича жойларда амалга оширилаётган ишлардан жамоатчиликни кенг хабардор қилиш мақсадида давлат органларининг фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш идоралари билан мустаҳкам ҳамкорлигини таъминлаш бундан буён ҳам доимий эътиборимиз марказида бўлиши керак.

Маҳалланинг фуқароларнинг энг долзарб муаммоларини ҳал этиш, уларнинг ижтимоий фаоллигини таъминлашдаги ўрни ва аҳамияти ортиб бораётганини инобатга олган ҳолда, оқсоқоллар ва уларнинг маслаҳатчиси этиб энг муносиб номзодлар сайланишини таъминлайдиган фуқаролар йиғини раислари (оқсоқоллар) ва уларнинг маслаҳатчиларини сайлаш тизимини янада такомиллаштириш талаб этилмоқда.

Бугун ҳаётнинг ўзи олдимизга фуқаролик жамияти институтлари тизимида оммавий ахборот воситаларининг ўрни ва ролини янада мустаҳкамлаш вазифасини қатъий қилиб қўймоқда. Оммавий ахборот воситаларини янада эркинлаштириш, нодавлат матбуот нашрлари, радио, телевидение фаолиятини жонлантириш, уларнинг Интернет глобал тармоғига кириш имкониятларини кенгайтириш олиб борилаётган ислоҳотлар сиёсатининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлашга, кучли фуқаролик жамиятининг изчил шаклланишига мадад бериши даркор.

Миллий матбуотимизнинг сифатини, маҳорат ва таъсирчанлигини ошириш, уни ривожланган давлатларнинг оммавий ахборот воситалари эришган юксак талаб ва мезонлар даражасига кўтариш учун имкон берадиган шарт-шароитларни яратиш мақсадида оммавий ахборот воситалари соҳасидаги қонунчиликни янада такомиллаштиришни таъминлаш зарур.

Оммавий ахборот воситаларига мамлакатимизда амалга оширилаётган ички ва ташқи сиёсатни, юртимизда ва хорижда содир бўлаётган воқеаларни фикрлар хилма-хиллигини ҳисобга олган ҳолда янада фаолроқ ёритиш учун қўшимча шарт-шароитлар туғдириб бериш лозим.

Нодавлат оммавий ахборот воситаларининг тобора кенгайиб бораётган тармоғи фаолиятининг, муаллифлик ҳуқуқи ва интеллектуал мулк ҳимоясининг,  шунингдек,    ахборот   соҳасига бозор механизмларини жорий этишнинг норматив-ҳуқуқий базасини такомиллаштиришни таъминлаш муҳим аҳамиятга эга.

Бу борада оммавий ахборот воситаларининг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш, соҳа ходимларининг меҳнатини моддий ва маънавий рағбатлантиришга қаратилган норматив-ҳуқуқий механизмларни яратиш масалалари долзарб ўрин эгаллайди.

Соҳа ходимларининг меҳнатини муносиб баҳолаш, уларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш газета ва журналлар таҳририятларининг мустақиллиги ва эркинлигини амалда таъминлаш билан бирга, уларнинг масъулиятини ҳам оширишни кўзда тутади.


Қадрли ватандошлар!

Бўлиб ўтган сайловларда халқимиз аввало мамлакатимизда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, сиёсий-ижтимоий ҳаётимизни модернизация қилиш ва демократлаштириш, бозор муносабатларини чуқурлаштириш, тинчликсевар ташқи сиёсат олиб бориш учун овоз берди.

Бугунги кунда эл-юртимиз ўзи сайлаган депутатлар ва сенаторларга, ислоҳотлар тақдири учун масъул бўлган барча-барча инсонларга катта умид ва ишонч билан қарамоқда. Бундай юксак ишончни оқлаш барчамиз учун ҳам қарз, ҳам фарздир.

Ҳаммангизга сиҳат-саломатлик, депутатлик ва сенаторлик фаолиятингизда куч-қувват ва омад, хонадонларингизга бахту саодат ва фаровонлик тилайман.





































Время: 0.0290
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск