ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Ўзбекистон Республикаси Президенти / Президентнинг маъруза ва нутқлари / 2010 й. /

Президент Ислом Каримовнинг Осиё тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгаши 43-йиллик мажлисининг очилиш маросимидаги Нутқи

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Президент Ислом Каримовнинг Осиё

тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгаши

43-йиллик мажлисининг очилиш маросимидаги

НУТҚИ


(2010 йил 3 май)



Рус тилидаги матнига қаранг



Муҳтарам президент Курода!

Муҳтарам бошқарувчилар!

Ҳурматли хорижий давлатлар вакиллари ва меҳмонлар!

Хонимлар ва жаноблар!

Авваламбор, Осиё тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг 43-йиллик мажлиси иштирокчиларини, нуфузли халқаро ташкилотлар вакилларини ва Тошкентга ташриф буюрган барча меҳмонларни чин дилдан қутлашга ижозат бергайсиз.

Марказий Осиё ва Кавказ давлатлари орасида биринчи бўлиб ушбу муҳим воқеани ўтказишга Ўзбекистон пойтахти танлангани биз учун катта шараф ва мазкур қарорни қабул қилган Осиё тараққиёт банкига аъзо мамлакатлар ҳукуматларига самимий миннатдорлик изҳор этамиз.

Мен ўз нутқимда бугунги анжуманда муҳокама этилаётган мавзуга бевосита тааллуқли бўлган айрим масалалар хусусида қисқача тўхталмоқчиман.

Ўтган 2009 йил жаҳон иқтисодиёти учун ҳақиқатан ҳам оғир синов йили бўлди, глобал молиявий-иқтисодий инқирознинг салбий оқибатлари деярли ҳеч бир мамлакатни четлаб ўтмади.

Нуфузли халқаро таҳлилчи ва экспертларнинг фикрига кўра, инқирознинг энг оғир ва кескин босқичи ортда қолганига қарамай, ҳали иқтисодиётни тиклаш бўйича ўта мураккаб, машаққатли ва узоқ муддатли жараён олдинда турибди.

Жаҳон иқтисодиётининг инқироздан чиқиши йўлида пайдо бўлаётган муаммоларни таҳлил қилганда, биринчи навбатда, ўсиш суръатларининг беқарор ва паст даражада экани, ишсизликнинг юқори даражада сақланиб қолаётгани, иқтисодиёт реал сектори молиявий аҳволининг сезиларли равишда ёмонлашаётгани ва аҳоли реал даромадларининг пасайиши ҳақида гапиришга тўғри келади.

Баъзи мамлакатларда давлат бюджети тақчиллиги, жумладан, давлат қарзи ҳажми ошиб бораётгани хавфли миқёс касб этмоқда. Бу эса ушбу қарзларни тўлашда жиддий муаммоларни келтириб чиқариши ва ҳаттоки, дефолт ҳолатларига олиб келиши мумкин.

Ички талабнинг паст даражадалиги, айрим ҳолларда эса унинг камайиши кузатилмоқда. Бу, ўз навбатида, ишлаб чиқариш суръатларининг барқарор ва изчил ўсишини таъминлашга тўсқинлик қилмоқда.

Бизнингча, дунёдаги кўплаб етакчи экспертларнинг банк-молия секторидаги ортиқча ликвидлик ва банк-молия секторини бундан кейин ҳам пул ресурслари билан тўлдириш спекулятив капиталнинг авж олиши, фонд ва хом ашё бозорларида сунъий "пуфак"ларнинг пайдо бўлиши учун шароит яратиши, бу эса келажакда молия ҳамда валюта бозорларида янги ўпирилишлар билан боғлиқ салбий оқибатларга олиб келиши мумкинлиги ҳақидаги фикрларига қўшилиш мумкин.

Пул эмиссияси ва ҳажмининг ошиши инфляция жараёнларининг хавфли ҳолатларини келтириб чиқариши ҳақида гапириб ўтиришга ҳожат йўқ, деб ўйлайман.

Такрор ва такрор айтишга тўғри келади: кўплаб мамлакатларда, айниқса, ривожланган мамлакатларда протекционистик чора-тадбирларнинг кенг тус олаётгани, биринчи навбатда, ривожланаётган давлатлар ва умуман, жаҳон иқтисодиётини тиклаш ҳамда ривожлантириш борасида катта муаммолар туғдирмоқда.

Банк ва молия соҳаларининг давлат томонидан тартибга солиниши, банк капиталини тизимли назорат қилишни таъминлаш механизмлари ва воситалари, шунингдек, бу борада халқаро молия институтларининг роли ҳақидаги масала экспертлар ҳамда расмий доираларнинг минтақавий ва глобал даражадаги асосий муҳокама мавзусига айланмоқда, десам, ўйлайманки, асло хато бўлмайди.

Бу мавзудаги баҳс-мунозараларда билдирилаётган айрим таклифлар, хусусан, молия ва банк сектори фаолиятини глобал миқёсда назорат қила оладиган халқаро молия институтини шакллантириш таклифи эътиборга моликдир. Мазкур институт зиммасига жаҳон бозорида спекулятив банк фаолиятини, жумладан, халқаро савдони ва халқаро молия бозорини умуман мувозанатдан чиқариши мумкин бўлган дериватив ва бошқа "қуруқ" қимматли қоғозлар соҳасини назорат қилиш вазифасини юклаш таклиф этилмоқда.

Бу ҳақда гап кетганда, бизнинг назаримизда, АҚШ Президенти Б.Обама томонидан илгари сурилаётган АҚШ молия институтларининг операцияларини назорат қилиш ҳамда солиқ тўловчилар маблағлари ҳисобидан деривативлар билан амалга ошириладиган, фақат таваккалчиликка асосланган келишувларни чеклаш бўйича махсус агентлик ташкил этиш тўғрисидаги таклиф эътибор ва қўллаб-қувватлашга сазовордир.

Ўйлайманки, бу масалада узоқ вақтдан буён давом этаётган баҳс ва мунозаралар натижасида барча томонлар учун мақбул бўлган оқилона ечим топилса, шубҳасиз, бу - инқироз билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш борасидаги энг катта ютуқлардан бири бўлади.


Ҳурматли мажлис қатнашчилари!

Жаҳон инқирозининг ҳар бир мамлакатга қай даражада таъсир кўрсатгани, аввало, ўша мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар моделига, молиявий-иқтисодий ва банк тизимларининг нақадар барқарор ҳамда мустаҳкамлигига, уларда ҳимоя механизмларининг нечоғли кучли эканига боғлиқлигини исботлашга ҳожат йўқ, деб ўйлайман.

Шу муносабат билан биз истиқлолимизнинг дастлабки йилларида, яъни 1992 йилда қабул қилган ва беш тамойилга асосланган иқтисодиётни ривожлантириш ҳамда ислоҳ қилишнинг "ўзбек модели" ҳақида қисқача тўхталиб ўтмоқчиман. Ушбу тамойилларнинг мазмун-моҳияти қуйидагилардан иборат:

Биринчиси - давлат тизимининг мафкурадан холи бўлиши ва иқтисодиётнинг сиёсатдан устунлигини таъминлаш.

Иккинчиси - режали-тақсимлаш тизимидан бозор иқтисодиётига ўтиш даврида давлатнинг бош ислоҳотчи вазифасини ўз зиммасига олиши.

Учинчиси - қонун устуворлигини таъминлаш, яъни қонун барча учун баробар экани.

Тўртинчиси - ислоҳотларни босқичма-босқич ва изчил амалга ошириш. Халқимиз таъбири билан айтганда янги уйни қурмай туриб, эскисини бузманг, деган ҳикматга амал қилиш.

Бешинчиси - бир тузумдан бошқа тузумга ўтиш даврида кучли ижтимоий сиёсат юритиш.

Бугунги кунда ушбу модель ўтган давр мобайнида, шу жумладан, инқироз жараёнларининг экстремал таъсири даврида ўзини тўлиқ оқлади, деб айтишга барча асосларимиз бор.

Ўтган даврда банк-молия тизимида етарли ресурс базаси ва ишончли захира яратилгани, ҳар томонлама пухта ўйланган, вазмин иқтисодий сиёсатнинг амалга оширилиши, иқтисодиётни спекулятив капитал, жаҳон молия ва фонд бозорларидаги бошқариб бўлмайдиган стихияли жараёнлар ва назоратсизлик таъсиридан ҳимоялаш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилгани, шунингдек, иқтисодиётнинг макроиқтисодий мувозанатлилиги қатъий назорат қилиниши инқирознинг ҳалокатли таъсирини юмшатишда катта аҳамият касб этди. 

Мамлакатимизда 2009-2012 йилларга мўлжалланган Инқирозга қарши чоралар дастурининг ўз вақтида қабул қилингани, унинг мавжуд шарт-шароитга мувофиқлиги ва аниқ мақсадга йўналтирилгани инқирозга қарши туришда ва унинг салбий оқибатларини бартараф этишда муҳим роль ўйнади.

Инқирозга қарши чоралар дастурини амалга оширишда банк секторига зарур ёрдам кўрсатиш билан бир қаторда, биринчи навбатда, реал иқтисодиётнинг молиявий барқарорлигини қўллаб-қувватлаш, солиқ юкини камайтириш, иқтисодиётнинг реал секторига, айниқса, экспортга йўналтирилган корхоналарга тегишли имтиёз ва преференциялар бериш, шунингдек, ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш, диверсификация қилиш ҳисобидан харажатларни камайтириш ва даромадни кўпайтириш бўйича амалга оширилган ишлар муҳим устувор йўналишларни ташкил этди.

Мамлакатимизда хизмат кўрсатиш соҳасини, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор инқирозга қарши туриш ва иқтисодиётни барқарор ривожлантиришни таъминлашда ҳал қилувчи омил бўлди.

Ижтимоий соҳада, инфратузилма ва транспорт-коммуникация тармоқларида кенг кўламли лойиҳаларнинг амалга оширилиши натижасида янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли даромадларини оширишга доир вазифаларнинг ҳал этилиши Инқирозга қарши чоралар дастурида белгиланган мақсадларга эришишда муҳим ўрин тутди.

Инқирозга қарши чоралар дастури доирасида қабул қилинаётган чора-тадбирлар инқирозга қарши курашиш ва унинг оқибатларини бартараф этиш вазифалари билангина чекланиб қолмасдан, узоқ истиқболга мўлжалланган  дастурий мақсадларни ҳам қамраб олганини таъкидлашни истардим.

Биз шуни яхши англаймизки, инқироздан кейинги даврда ҳозирданоқ туб таркибий ўзгаришлар ва ишлаб чиқаришни диверсификация қилишга йўналтирилган узоқ муддатли инновацион лойиҳаларни ишлаб чиқаётган ва амалга ошираётган мамлакатлар биринчи навбатда муваффақият қозонади.

Ўтган йили Ўзбекистонда 2009-2014 йилларда ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техникавий ва технологик қайта жиҳозлаш бўйича энг муҳим лойиҳаларни амалга ошириш чора-тадбирлари Дастури қабул қилинди. Ушбу дастурга етакчи тармоқларни янгилаш, йирик транспорт ва коммуникация лойиҳаларини амалга ошириш, янги замонавий ишлаб чиқаришларни ташкил этиш ва тежамкор технологияларни жорий қилишга қаратилган умумий қиймати 42,5 миллиард доллардан зиёд 300 дан ортиқ ўта муҳим инвестиция лойиҳалари киритилган.

Хорижий инвестицияларни жалб қилмасдан, бунинг учун зарур шароит ва преференцияларни таъминламасдан туриб олдимизга қўйилган вазифаларни ҳал этиш қийин бўлишини барчамиз яхши тушунамиз, албатта.

Шу билан бирга, инвестиция лойиҳаларини молиялашда ички ресурсларни сафарбар этишга алоҳида аҳамият бермоқдамиз. 2009 йилда Ўзбекистон иқтисодиётига жалб қилинган капитал қўйилмаларнинг умумий ҳажмида ички манбалар улуши 68 фоизни ташкил этди, 2010 йилда эса бу кўрсаткич 70 фоиздан кам бўлмайди.

Биз узоқ муддатли ва кенг кўламли лойиҳаларни амалга оширишда 2007 йилда ташкил қилинган, капитал маблағи бугунги кунда қарийб 5 миллиард доллардан иборат Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг салоҳияти ва имкониятларини янада мустаҳкамлашга катта аҳамият бермоқдамиз. Жамғарманинг асосий вазифаси, биринчи навбатда, инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш, шунингдек, хорижий шериклар билан бирга иқтисодиётнинг етакчи тармоқлари объектларини модернизация ва реконструкция қилиш бўйича истиқболли лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этишдан иборат.

Масалан, 2009 йилда ушбу жамғарма маблағлари ҳисобидан Навоий шаҳридаги Иссиқлик электр станциясида қиймати 470 миллион долларлик замонавий буғ-газ қурилмасини барпо этиш ишлари бошланди. Бу ерда бугунги кунда Навоий аэропорти базасида эркин индустриал-иқтисодий зона ва халқаро мультимодаль логистика маркази ташкил этилмоқда.

Ўзбекистонда таълим тизимини ислоҳ қилиш ва малакали кадрлар тайёрлашга катта аҳамият берилаётгани ҳақида ҳам қисқача тўхталиб ўтмоқчиман.

Мамлакатимизда 1997 йилдан буён эски таълим тизимидан тўлиқ воз кечиб, 9 йиллик умумтаълим мактаблари ва уч йиллик касб-ҳунар коллежлари ҳамда лицейларни қамраб олган 12 йиллик бепул таълимни кўзда тутадиган Давлат дастури изчил амалга оширилмоқда.

Сўнгги йилларда янги барпо этилган 1,5 мингдан ортиқ коллеж ва лицейларда 1 миллион 500 минг нафардан зиёд йигит-қиз ўрта техник ва гуманитар таълим олди, 2-3 мутахассисликка эга бўлди, хорижий тилларни, асосан инглиз тилини ўрганди.

Буларнинг барчаси, кейинги йилларда таълим учун сарфланган харажатлар мамлакатимиз Давлат бюджетининг 37 фоизидан ошганини, соғлиқни сақлаш тизимига йўналтирилган харажатлар билан бирга ҳисоблаганда, 50 фоиздан ортиқни ташкил этганини инобатга оладиган бўлсак, Ўзбекистон нақадар юксак малакали кадрлар ва инсон капитали салоҳиятига эга экани яққол намоён бўлади.

Юқорида айтилганлардан хулоса қиладиган бўлсак, шуни мамнуният билан таъкидлаш жоизки, қабул қилинган ривожланиш стратегияси ва Инқирозга қарши чоралар дастурининг амалга оширилиши Ўзбекистонда, дунёнинг саноқли давлатлари қатори, 2009 йилда ялпи ички маҳсулот ҳажмининг 8,1 фоиз, саноат ишлаб чиқаришининг 9 фоиз ўсишини таъминлаш имконини берди. Иқтисодиётга жалб қилинган инвестициялар ҳажми 26 фоиз, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар 1,8 баравар ошди.

Мамлакатимизда ўтган йили 940 мингдан ортиқ иш ўрни ташкил қилинди.

Маҳсулотлар экспорти 2,4 фоиз кўпайди, бу ташқи савдонинг ижобий сальдоси сезиларли даражада ошиши ва мамлакатимиз олтин-валюта захирасининг барқарор ўсишини таъминлади.

Давлат бюджетининг барқарор профицити таъминланди, ташқи қарз 2010 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, 10 фоиздан ошмади.

Нуфузли рейтинг компаниялари ва халқаро институтларнинг прогнози бўйича Ўзбекистон Республикасида иқтисодий ўсиш 2010 йилда 8,5 фоизни ташкил этиши кутилмоқда.


Қадрли дўстлар!

Ҳурматли меҳмонлар!

Ўзбекистон Осиё тараққиёт банки билан кенгайиб бораётган ҳамкорликни юксак қадрлайди, сўнгги йилларда биз учун ҳам кредит портфели ҳажми бўйича, ҳам Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорлик доирасида етакчи халқаро молия институтига айланган мазкур банкни муҳим стратегик шерик деб билади.

Ўтган давр мобайнида, яъни 1996 йилдан буён ажратилган 1 миллиард 200 миллион доллар кредит ресурслари ҳисобидан қиймати 520 миллион доллардан ортиқ 11 та лойиҳа амалга оширилди, умумий миқдори 650 миллион доллардан зиёд 15 та лойиҳани ўзлаштириш давом этмоқда.

Мазкур банк билан бизнинг ҳамкорлигимиз бугун сезиларли равишда кенгайиб бораётгани ва янги босқичга кўтарилаётганини катта мамнуният билан қайд этамиз. Йиллик мажлис доирасида умумий қиймати 1 миллиард 150 миллион доллардан ортиқ яна тўртта кредит шартномаси имзоланди, бошқача айтганда, Осиё тараққиёт банки мамлакатимизда ўз кредит портфелини икки баравар оширди.

Мамлакатимиз билан Осиё тараққиёт банки ўртасидаги ҳамкорлик муносабатларининг асосини ташкил этувчи ўзаро ишонч ва олинган мажбуриятларга қатъий амал қилиш тамойиллари ҳамда ажратилаётган маблағларнинг Ўзбекистон томонидан мақсадли ўзлаштирилиши бундан буён ҳам таъминланади, дейиш учун бугун барча асосларга эгамиз.

Энди Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорлигимизнинг бизнинг назаримиздаги устувор йўналишлари ҳақида қисқача тўхталиб ўтишга ижозат бергайсиз.

Биринчидан, Осиё тараққиёт банки Ўзбекистон учун ўта муҳим бўлган иқтисодиётни таркибий ўзгартириш ва диверсификация қилиш дастурларини амалга оширишда бизнинг асосий ҳамкоримиз бўлиши мумкин, деб ҳисоблаймиз. Бу дастурлар экспорт таркибида юқори технологик, юксак сифатли, рақобатбардош маҳсулотлар улушини оширишни ҳисобга олган ҳолда бой табиий ресурсларни, минерал, углеводород ва қишлоқ хўжалик хом ашёларини чуқур қайта ишлашга йўналтирилган.

Бу ўринда гап Ўзбекистон иқтисодиётининг етакчи тармоқлари, жумладан, тоғ-кон, нефть-газ, кимё ва тўқимачилик саноатини модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш лойиҳаларини амалга ошириш ҳақида бормоқда.

Замонавий транспорт-коммуникация тизимини яратиш, шунингдек, Ўзбекистон миллий автомагистралини бунёд этиш, Навоий аэропорти базасида интермодаль логистика марказини ривожлантириш, темир йўл тармоқларини кенгайтириш ва унинг ҳаракат таркибини тубдан янгилаш каби лойиҳаларни амалга ошириш мамлакатимизни модернизация қилиш стратегиясининг энг муҳим устувор йўналишларини ташкил этади.

Осиё тараққиёт банки мазкур йиллик мажлис доирасида Ўзбекистон миллий автомагистралини қуриш ва модернизация қилиш учун 600 миллион доллар миқдорида кредит ажратиш тўғрисидаги битимни имзолаганини юксак қадрлаймиз.

Иккинчидан, хусусий бизнес ва иқтисодиётнинг нодавлат секторини қўллаб-қувватлаш ҳамда янада ривожлантириш.

Агар 1991 йилда иқтисодиётимизда нодавлат сектор улуши 3 фоизга ҳам етмаган бўлса, бугунги кунда ялпи ички маҳсулотда ушбу секторнинг ҳиссаси 80 фоиздан ортиқни, иқтисодиётнинг қатор етакчи тармоқлари - қишлоқ хўжалиги, қурилиш, телекоммуникация, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларида эса хусусий мулк шакли қарийб 100 фоизни ташкил этмоқда.

Шу билан бирга, биз электроэнергетика, кимё, енгил саноат, озиқ-овқат, электротехника ва машинасозлик саноати, банк-молия хизматлари соҳаси ва иқтисодиётнинг бошқа етакчи тармоқларида хусусий сектор мавқеини янада ошириш ҳамда мустаҳкамлаш катта истиқболга эга, деб ҳисоблаймиз.

Учинчидан, қишлоқ хўжалиги ва унга хизмат кўрсатувчи соҳаларнинг моддий базасини янада ислоҳ қилиш ва мустаҳкамлаш борасидаги ҳамкорликни ривожлантириш.

Шуни назарда тутиш керакки, Ўзбекистон Республикасида қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг 95 фоиздан ортиғи суғориладиган майдонларда етиштирилади. Шу сабабли минтақада сув ресурслари тақчиллиги ортиб бораётган ҳозирги шароитда соҳага сувни тежайдиган замонавий технологияларни жорий этиш ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

Бундай шароитда биз шўрланган ерларнинг мелиоратив ҳолатини тубдан яхшилаш билан боғлиқ катта ҳажмдаги ишларни бажаришимиз зарур ва бу жараёнда Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорлик истиқболли йўналишларга эга, деб биламиз.

Тўртинчидан, ижтимоий соҳани ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимларининг базасини замонавий талаблар асосида мустаҳкамлаш.

Мамлакатимизда яратилган мактаб, ўрта махсус касб-ҳунар ва олий таълим тизими салоҳиятини, аҳоли саломатлиги, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш соҳасини қўллаб-қувватлаш, уларни энг замонавий ускуналар, компьютер ва ахборот-коммуникация техникаси, технологиялари билан жиҳозлаш, соғлиқни сақлашда ташхис қўйиш ҳамда даволашнинг мукаммал ва илғор усулларини жорий этиш - булар, шубҳасиз, ҳамкорликнинг биз эҳтиёж сезаётган муҳим йўналишларидан ҳисобланади.

Бешинчидан, Осиё тараққиёт банкининг мамлакатимиз банк-молия тизимини ривожлантиришда, жумладан, давлат молия институтларини ривожлантириш лойиҳаларини молиялаштириш, тижорат банклари ва банкдан ташқари кредит институтлари учун кредит линияларини тақдим этиш ҳамда Ўзбекистоннинг жадал ривожланиб бораётган хусусий банклари капиталини оширишда фаол иштирок этаётганини қадрлаймиз.

Ҳамкорликнинг ушбу соҳаси ҳам яхши истиқболга эга эканига ишончимиз комил.

Ўзбекистон Осиё тараққиёт банкининг Афғонистонни иқтисодий тиклашга йўналтирилган лойиҳаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди. Мисол учун, Сурхон-Ноибобод-Кобул йўналиши бўйича электр узатиш линиясининг барпо этилиши 2009 йилда Ўзбекистондан электр энергиясини етказиб бериш ҳажмини 6 баравар ошириш ва Кобул шаҳрига сутка давомида узлуксиз электр энергияси узатишни таъминлаш имконини берди. 2010 йилда Афғонистоннинг бошқа ҳудудларига ҳам электр энергияси етказиб бериш ҳажми яна икки баравар ортади.

Биз Ҳайратон-Мозори Шариф темир йўлини қуриш лойиҳасини амалга оширишда Осиё тараққиёт банкини қўллаб-қувватладик ва Афғонистонда темир йўл қатновини янада ривожлантириш зарур, деб ҳисоблаймиз. Бу "трансафғон йўлаги"ни қуриш лойиҳасини амалга ошириш, Марказий Осиёдан Ҳинд океанининг яқин портларига юкларни энг қисқа темир йўл орқали транзит қилишни таъминлайди ва Афғонистонни иқтисодий ривожлантиришга кўмаклашади.


Муҳтарам йиллик мажлис иштирокчилари ва меҳмонлари!

Осиё тараққиёт банки, унинг Бошқарувчилар кенгаши ва жаноб президент Курода жаҳон молиявий-иқтисодий инқирозининг мураккаб даврида  юзага келган таҳдидларга ўз вақтида жавоб қайтаришни таъминлаган самарали ва изчил фаолиятни намоён этди, инқироз оқибатларини юмшатиш учун янги воситалар ҳамда ностандарт ёндашувларни ишлаб чиқди ва амалга оширди.

Инқирознинг ҳалокатли таъсирига бошқа давлатларга нисбатан яхшироқ бардош берган, дунёнинг энг жадал ривожланаётган минтақаси бўлган Осиё мамлакатлари бугун иқтисодий ривожланиш, мувозанатлашган иқтисодий ўсишни таъминлаш борасида ҳам, минтақавий барқарорлик ва хавфсизлик соҳасида ҳам янги таҳдидлар олдида турибди. Ушбу масалаларни ҳал этиш халқаро ташкилотлар, молия институтлари ва ҳукуматлардан ўзаро ҳамкорликда иш олиб боришни тақозо этади.

Осиё тараққиёт банки ва унинг президенти Харухико Куродага мазкур банк зиммасига юкланган вазифаларни амалга оширишда қўллаб-қувватлашимизни яна бир бор изҳор этишга ҳамда йиллик мажлис иштирокчиларига муваффақият ва омад тилашга ижозат бергайсиз.


Қадрли дўстлар!

Сизларнинг Ўзбекистонга ташрифингиз, сиз, анжуман иштирокчиларида ўчмас таассуротлар қолдиради ва сизларда меҳмондўст ва гўзал диёримизни яна бир келиб кўриш иштиёқини уйғотади, деб ишонамиз.

Эътиборингиз учун ташаккур.







































Время: 0.0214
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск