язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш. Хавфсизлик. Маъмурий ва жиноий жавобгарлик/ Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш/ Катта ҳажмли ва оғир вазнли юкларни автомобиль транспортида ташишда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш Қоидалари (ЎзР ВМ 26.12.2011 й. 342-сон қарорига 2-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2011 йил 26 декабрдаги

342-сон қарорига

2-ИЛОВА



Катта ҳажмли ва оғир вазнли юкларни

автомобиль транспортида ташишда

ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш

ҚОИДАЛАРИ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикасининг "Автомобиль йўллари тўғрисида" ва "Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида"ги қонунларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ҳудудида, мулкчилик шаклидан қатъи назар, умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларида катта ҳажмли ва оғир вазнли юкларни автомобиль транспортида ташишда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда уни мувофиқлаштириш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Қоидаларда қуйидаги атамалар ва тушунчалар қўлланилади:


автопоезд - тиркама (тиркамалар) уланган механик транспорт воситаси;


катта ҳажмли юк - ўлчамлари (баландлиги, кенглиги ёки узунлиги)нинг бирорта кўрсаткичи уларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги автомобиль йўлларида ташишда мазкур Қоидаларда баён этилган меъёрий ўлчамлардан катта бўлган юк;


катта ҳажмли транспорт воситаси - юкланган ёки юксиз ҳолда ўлчамлари (баландлиги, кенглиги ёки узунлиги)нинг бирорта кўрсаткичи уларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги автомобиль йўлларида ҳаракатланиши учун мазкур Қоидаларда баён этилган меъёрий ўлчамлардан катта бўлган транспорт воситаси;


кузатувчи махсус автомобиль - ташиш йўналишида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш мақсадида (белгиланган тартибда тўлов асосида) юкли автомобилни кузатиб борувчи Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг патруль автомобили;


маҳаллий ташувчи - қонунчилик асосида ўзи эгалик қиладиган автотранспортда юкларни ташишни амалга оширадиган Ўзбекистон Республикасининг юридик ёки жисмоний шахси;


махсус автоматлаштирилган ўлчаш воситаси - метрологик текширишдан ўтган, фото ва видео суратга олувчи, автоматик режимда ишловчи, автотранспорт воситаларининг тури, русуми, рўйхатдан ўтган давлат рақами белгисини, вазн ва (ёки) габарит параметрларини қайд этувчи сертификацияланган махсус назорат-ўлчаш техник ускунаси;

махсус рухсатнома - Ўзбекистон Республикаси ҳудудида келишилган аниқ йўналиш бўйича катта ҳажмли ва оғир вазнли юкларни ташишга ҳуқуқ берувчи ҳужжат. Махсус рухсатнома автомобиль йўлига амалдаги қонунчиликда белгиланган тартибда эгалик қилувчи юридик шахс томонидан бир мартали ёки кўп мартали ташув учун берилади;


оғир вазнли юк - вазни уларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги автомобиль йўлларида ташишда транспорт воситасининг ғилдирак ўқига тушадиган оғирлиги мазкур Қоидаларда баён этилган меъёрий миқдорлардан ортиқ бўлган юк;


ташишга рухсат берувчи ташкилот - катта ҳажмли ва оғир вазнли юклар билан автотранспорт воситасида умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларида ҳаракатланишга рухсат берувчи ва ҳаракатланиш йўналишини белгиловчи, йўлларга эгалик қилувчи юридик шахс;


ташишни келишувчи ташкилот - катта ҳажмли ва оғир вазнли юкларни ташиш йўналишидаги автомобиль йўлларига, сунъий иншоотларга ёки алоқа йўллари (кўприклар, йўл ўтказгичлар, темир йўл кесишмалари ва бошқалар)га эгалик қиладиган ёки улар балансида бўлган юридик шахс, шунингдек ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга масъул бўлган Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати;


юк ташиш - транспорт воситаларининг юк билан ҳаракатланиши;


юкларни автотранспортда халқаро ташиш - юкларни Ўзбекистон Республикасидан ташқарига ёки ташқаридан мамлакат ҳудудига ташиш, шунингдек мамлакат ҳудудидан транзит ташиш;


юкларни автотранспортда маҳаллий ташиш - юкларни Ўзбекистон Республикасининг давлат чегараларидан чиқмаган ҳолда ташиш;


ҳимоя қилувчи автомобиль - катта ҳажмли ва оғир вазнли юкни транспорт воситасида ташишни кузатиб бориш ва хавфсизлигини таъминлаш учун юкни ташувчи ёки жўнатувчи томонидан ажратилган автомобиль;


чет эл ташувчиси - қонунчилик асосида ўзи эгалик қиладиган автотранспортда юкларни ташишни амалга оширадиган хорижий юридик ёки жисмоний шахс.


3. Мазкур Қоидалар катта ҳажмли ва оғир вазнли юкларни ташишда фойдаланиладиган транспорт воситаларининг техник ҳолати, жиҳозланиши ва қўшимча жиҳозлари ҳамда уларнинг ҳаракатланишида хавфсизликни таъминлаш бўйича асосий талабларни белгилайди.


4. Мазкур Қоидалар ҳажмлари ва оғирлик хусусиятлари бўйича амалдаги давлат стандартларида кўрсатилган меъёрлардан юқори бўлган ва йўл ҳаракати қоидаларида белгиланган ўлчамлардан катта бўлган транспорт воситаларида юк ташишни тартибга солади.


5. Ушбу қоидаларга 1 ва 2-иловаларда кўрсатилган ўлчамларнинг бирортасидан юқори ўлчами билан фарқ қиладиган транспорт воситаси (юк билан ёки юксиз) катта хажмли ҳисобланади.

Автотранспорт воситасининг габарит ўлчамлари ҳақиқий кўрсаткичлари чизиқли-ўлчаш асбоби ёрдамида, тўлиқ масса ва ўққа тушадиган оғирлиги эса турғун ёки кўчма турдаги автомобиль тарозилари ёрдамида ёхуд махсус автоматлаштирилган ўлчаш воситалари орқали ҳаракатланиши пайтида аниқланади.

Чизиқли-ўлчаш асбоби, шу жумладан, махсус автоматлаштирилган ўлчаш воситалари ва автомобиль тарозилари соз ҳолатда бўлиши ва сертификатларга ва (ёки) метрологик текшириш ўтказилганлиги тўғрисидаги давлат тамғасига эга бўлиши керак.

Автотранспорт воситаларининг габарит ва вазн параметрларини аниқлашда ўлчаш асбобининг икки фоизли фарқ билан ишлашига йўл қўйилади ва у юк ташувчи фойдасига талқин қилинади.

Агар ташиладиган юкнинг габарит ўлчамлари ва (ёки) унинг вазни белгиланган кўрсаткичлардан ўта юқори бўлганлиги ёхуд автомобиль тарозилари, махсус автоматлаштирилган ўлчаш воситаларининг йўқлиги (носозлиги) сабабли Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларида автотранспорт воситасининг умумий массасини ва ўқларга тушадиган оғирлигини аниқлашнинг имкони бўлмаганда, зарур бўлган параметрлар товар-транспорт ҳужжатларида кўрсатилган маълумотлар асосида аниқланиши мумкин.

7. Катта ҳажмли ва оғир вазнли юкларни автомобиль транспортида ташиш, уларни бир неча қисмларга бўлиш ва бошқа транспорт воситаси билан ташиш имкони ёки мақсадга мувофиқ бўлмаган ҳолдагина амалга оширилади.

Транспорт турини танлаш катта ҳажмли ёки оғир вазнли ускуна ёки маҳсулотни тайёрлаш учун лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш босқичида амалга оширилади. Ҳисоб-китобларда автомобиль йўллари, сунъий иншоотлар, темир йўл кесишмалари ва йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари билан боғлиқ бўлган сарф-харажатлар ҳисобга олинади.


8. Йўл ҳаракати қоидалари ва мазкур Қоидалар талабларини бажармаслик натижасида йўл ва сунъий иншоотларга зарар етказилса, юк ташишни амалга ошираётган юридик ёки жисмоний шахс ва транспорт воситасининг ҳайдовчиси амалдаги қонунчилик бўйича жавобгарликка тортиладилар.



II. МАХСУС РУХСАТНОМАЛАРНИ БЕРИШ

ВА ҲАРАКАТЛАНИШ ЙЎНАЛИШИНИ

КЕЛИШИШ ТАРТИБИ

9. Юк ташувчи ёки юк жўнатувчи жисмоний ёки юридик шахс (ёки уларнинг вакиллари) махсус рухсатнома ва йўналиш чизмасини олиш учун йўлга эгалик қилувчи юридик шахсларга ташувни амалга оширишдан камида 10 кун олдин транспорт воситасининг русуми, тури, давлат рақами белгилари ва юкнинг ўлчамлари, ҳайдовчи ва юк ташишга масъул бўлган ходимларнинг исми, фамилияси, отасининг исми кўрсатилган ёзма хат билан мурожаат этишлари зарур.


10. Амалдаги меъёрий ҳужжатлардаги талабларга мувофиқ йўлга эгалик қилувчи юридик шахслар томонидан юк ташишга махсус рухсатнома ва ҳаракатланиш йўналиши аниқ белгиланган йўналиш чизмаси берилади. Юк ташувчи ёки юк жўнатувчи жисмоний ёки юридик шахс (ёки уларнинг вакиллари) йўналиш чизмасини Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати органлари билан (15 ва 16-бандларга асосан) белгиланган тартибда келишади, сўнгра йўналиш чизмаси ва рухсатномадан бир нусха қолдиради.

Рухсатнома бир марта юк ташиш учун берилади. Бир хил турдаги юкларни белгиланган қатнов бўйича ташишда маълум миқдордаги юкларга ёки йўлга эгалик қилувчи юридик шахслар томонидан белгиланган муддатга рухсатномалар берилиши мумкин (бу ҳолда ташилаётган юк ҳажми, аниқ бир объектнинг қурилиш муддати ва бошқалар ҳисобга олинади).

Мазкур Қоидалар талабларига мувофиқ ҳаракатланиш йўналиши келишиб олиниши керак бўлган ташкилотларнинг аниқ рўйхати рухсатномани берувчи йўлга эгалик қилувчи юридик шахслар томонидан кўрсатилади.


11. Юк ташишнинг ҳаракат йўналишини келишиб олиш автомобиль йўлларига эгалик қилувчи юридик шахслар билан биргаликда амалга оширилади.


12. Юк ташиш йўналиши бир ёки бир неча шаҳар ҳудудидан ўтадиган бўлса, уни келишиш ўша шаҳарлар ҳокимликларининг тегишли ташкилотлари билан амалга оширилади.

Юкнинг баландлиги йўл сатҳидан 4,5 метрдан юқори бўлган тақдирда шаҳар электр транспорти, электр тармоғи ва бошқа алоқадор ташкилотлар билан келишиш шарт.


13. Қуйидаги ҳолларда темир йўл органлари билан келишиш амалга оширилади:

юк ташиш йўналиши темир йўл билан бир сатҳда кесишганда, транспорт воситасининг юк билан ёки юксиз кенглиги 5 метрдан, йўл сатҳидан баландлиги 4,5 метрдан, бир тиркамали (ярим тиркамали) автопоезднинг узунлиги 20 метрдан, икки ва ундан ортиқ тиркамали автопоезднинг узунлиги 24 метрдан ортиқ бўлса, шунингдек транспорт воситасининг умумий оғирлиги 52 тоннадан юқори ёки ҳаракатланиш тезлиги соатига 5 километрдан кам бўлса;

юк ташиш йўналиши темир йўл кўприги, темир йўл ўтказгичи остидан ўтганда, транспорт воситасининг кенглиги юки билан ёки юксиз 5 метрдан ортиқ, баландлиги йўл сатҳидан 4,35 метрдан ортиқ бўлса.


14. Мазкур Қоидаларнинг 9, 10, 12 ва 13-бандларида кўрсатилган тегишли ташкилотларга юбориладиган келишиш хатларида ҳаракатланиш йўналиши, белгиланган санаси ва вақти, транспорт воситасининг юк билан энг кам бурилиш радиуси, ғилдирак йўлларининг ва ғилдиракларнинг сони, уларнинг жойлашиш чизмаси, ўқларга тушадиган оғирликнинг тақсимланиши, умумий оғирлиги, юкли транспорт воситасининг ўлчамлари, транспорт воситасининг русуми ва тури кўрсатилади.


15. Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоят ҳудудида ва вилоятлараро юк ташиш амалга ошириладиган бўлса, йўналиш чизмаси ҳудудий йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармалари билан келишилади.

Ўзбекистон Республикасидан ташқарига ёки ташқаридан мамлакат ҳудудига юкларни ташишда, шунингдек мамлакат ҳудудидан юкларни транзит ташишда йўналиш чизмаси Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси билан келишилади.

Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати органлари йўлдаги вазиятдан келиб чиққан ҳолда рухсатнома ва йўналишни белгилаб берган ташкилот билан келишиб йўналиш чизмасига ҳамда ташиш муддатига ўзгартиришлар киритиши мумкин.


16. Юк ташувчи ёки юк жўнатувчи жисмоний ёки юридик шахс (ёки уларнинг вакиллари) йўлга эгалик қилувчи юридик шахслардан махсус рухсатнома ва йўналиш чизмасини олгандан сўнг Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати органлари билан белгиланган тартибда йўналиш чизмасини келишиш учун ташувни амалга оширишдан камида 3 кун олдин қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиши зарур:

транспорт воситаси, тиркамасининг русуми, тури, давлат рақами белгилари ва юкнинг ўлчамлари ҳамда вазни кўрсатилган хат;

ҳайдовчи ва юк ташишга масъул бўлган ходимларнинг исми, фамилияси, отасининг исми;

тегишли ташкилотлар билан келишилган ҳаракатланиш йўналиши белгиланган чизма ва махсус рухсатнома нусхалари.


17. Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасидан ташқарига ёки Давлат чегараси ташқарисидан мамлакат ҳудудига юкларни ташишда, шунингдек, мамлакат ҳудудидан юкларни транзит ташишда ваколатли органлардан олинган ва келишилган рухсатнома ҳамда йўналиш чизмалари тўғрисидаги маълумотлар, уларнинг берилиши билан бир вақтда катта ҳажмли ва оғир вазнли автотранспорт воситаларини Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараси орқали ўтказиш учун йўлга эгалик қилувчи юридик шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасига реал вақт режимида электрон шаклда киритилади ва уларга асосан белгиланган тартибда ҳаракатланишни бошлашга рухсат берилади.

Божхона органлари томонидан автотранспорт воситасининг махсус рухсатномада кўрсатилган оғирлик габарит параметрларидан ортиқ эканлиги аниқланган тақдирда бундай автотранспорт воситасини Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараси орқали ўтказишга йўл қўйилмайди ва унинг келгусидаги ҳаракатланиши, янги махсус рухсатномага мувофиқ амалга оширилади.


III. ЮК ТАШИШГА РУХСАТНОМА БЕРИШДА

ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


18. Юк ташишга ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида куннинг фақат ёруғ вақтларида рухсат берилади.

Истисно тариқасида, Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати розилиги билан кечаси юк ташишга рухсат берилиши мумкин, бунда юк ташиётган ташкилот томонидан ҳимоя қилувчи автомобиль ва Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати томонидан кузатувчи махсус автомобиль ажратилиши шарт.


19. Йўл шароитлари ва транспорт воситалари ҳаракатининг серқатнов вақтларини ҳисобга олган ҳолда, ҳаракатланиш учун юқори хавф туғдириб, уларнинг узоқ муддат тўхтаб қолишига сабаб бўлса, юк ташишга рухсат берилмайди.


20. Юк ташишда ҳаракат тезлиги Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати томонидан йўналиш чизмаси келишилаётганида ташилаётган юкнинг оғирлиги, ҳажми ва бошқа хусусиятлари ҳамда йўл шароитлари ҳисобга олинган ҳолда белгиланади.

Рухсат этиладиган энг юқори тезлик 50 км/соатдан ошмаслиги керак. Тезликни чегараловчи белги транспорт воситасига йўл ҳаракати қоидаларида белгиланган тарзда ўрнатилади.


21. Кузатиб бориш зарурияти ҳамда кузатув тури Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати томонидан йўналиш чизмаси келишилаётганда белгиланади.


22. Кузатиб бориш жўнатувчи ёки ташувчи ташкилот томонидан ҳимоя қилувчи ва шатакка олувчи автомобиллар (ташилаётган юкнинг тури ва йўл шароитларига қараб) ажратилган ҳолда Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг кузатувчи махсус автомобили билан амалга оширилади.


23. Агар транспорт воситасининг юки билан биргаликда кенглиги 3,5 метрдан ёки узунлиги 24 метрдан ошса, шунингдек транспорт воситаси меъёридан ортиқ оғирлик билан (4-илова) ҳаракат қилиши керак бўлса, автомобилнинг ҳаракат хавфсизлиги тўлиқ таъминланиши учун ҳимоя қилувчи автомобиль бўлиши шарт.

Юк ташувчи ёки юк жўнатувчи жисмоний ёки юридик шахс (ёки уларнинг вакиллари)нинг бунга имкони бўлмаса, белгиланган тартибда Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматига кузатувчи махсус автомобиль ажратилиши учун мурожаат этишлари мумкин.


24. Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати патруль автомобили билан кузатиб бориш қуйидаги ҳолларда (белгиланган тартибда тўлов асосида) амалга оширилади:

транспорт воситасининг кенглиги 4,0 метрдан ошса;

автопоезд узунлиги 30 метрдан ошса;

транспорт воситаси ҳаракатланиш даврида қарама-қарши ҳаракатланиш бўлагини, қисман бўлса-да, эгаллашга мажбур бўлса;

ҳаракатланиш даврида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш учун қўшимча чоралар кўриш зарурияти туғилса;

юкни ташувчи ёки жўнатувчи томонидан юкни кузатиб бориш масаласи бўйича Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати органларига мурожаат қилинса.


25. Ҳимоя қилувчи автомобиль юк ташиётган транспорт воситасидан олдинда ҳаракатланиши керак. Бунда ҳимоя қилувчи автомобиль юк ташиётган транспорт воситасига нисбатан чапроқ томонда ҳаракатланиши, яъни унинг кенглиги юк ташувчи транспорт воситасининг кенглигидан чап томонга чиққан бўлиши керак.

Ҳимоя қилувчи автомобилга сариқ рангли чироқ-маёқча ўрнатилади, унинг ёқилган ҳолатдаги ҳаракатланиши бошқа қатновчилар учун огоҳлантирувчи қўшимча хабар беради, лекин уларга нисбатан ҳаракатланишда имтиёз бермайди.


26. Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг кузатувчи махсус автомобили томонидан кузатиб бориш тартиби юк ташувчи автомобилни ҳимоя қилувчи автомобиль каби амалга оширилади.

Юк ташишни амалга ошириш даврида йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш мақсадида кузатувчи махсус автомобиль чорраҳаларда транспорт воситаларининг ҳаракатини тўхтатиши ҳам мумкин.


27. Кузатиб бориш вақтида Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати кузатувчи махсус автомобилнинг чироқ-маёқчаси ёқилган бўлиши керак.

Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати кузатувчи махсус автомобиллари, ҳимоя қилувчи ва юк ташишни амалга ошираётган транспорт воситалари кундуз куни габарит ҳамда яқинни ёритувчи чироқлари ёқилган ҳолда ҳаракатланиши шарт.


28. Юкни ташиш йўналиши икки ва ундан ортиқ вилоят ҳудудидан ўтса, Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати патруль автомобилининг кузатиб бориш тартиби кузатув учун рухсат берган Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати органи томонидан белгиланади. Бу ҳақда йўналиш бўйича ҳудудий йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармалари хабардор этилади.


29. Жорий этилган йўналиш бўйича ҳаракатланиш бошланишидан аввал транспорт воситаси Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходими ва юк ташишни амалга ошираётган ташкилотнинг вакили томонидан кўздан кечирилади.

Рухсатнома ва йўналиш чизмаси транспорт воситасининг ва юкнинг йўл ҳаракати қоидаларига ҳамда мазкур Қоидалар талабларига мувофиқлиги ҳақида муҳр билан тасдиқланади (бундай ёзуви бўлмаган рухсатнома ҳақиқий ҳисобланмайди).

Рухсатнома ва йўналиш чизмаси ҳайдовчи ёки транспорт воситасини кузатиб борувчи шахсда бўлиши, ҳаракатланиш йўналиши транспорт воситасининг йўл варақасида кўрсатилиши шарт.



IV. ҲАЙДОВЧИЛАРГА ҚЎЙИЛАДИГАН

ҚЎШИМЧА ТАЛАБЛАР


30. Тегишли тоифадаги транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқига ва тажрибасига эга бўлган ҳайдовчиларга катта ҳажмли ва оғир вазнли юкларни ташувчи транспорт воситасини бошқаришга рухсат берилади.


31. Катта ҳажмли ва оғир вазнли юкларни ташиш даврида ҳайдовчилар мазкур Қоидалар ва йўл ҳаракати қоидалари талабларига риоя қилишлари шарт.


32. Ҳаракатланиш жараёнида ҳайдовчилар қуйидагиларни бажаришга мажбур:

қарама-қарши томондан келаётган транспорт воситаларига хавф туғдирмай ва ҳалақит бермай ўтказиб юбориш учун барча чораларни кўриш, керак бўлса тўхтаб туриш;

ҳаракатланишдаги транспорт воситаларига ҳалақит бермаслик мақсадида ва орқа томонда ҳаракатланаётган транспорт воситаларининг қувиб ўтишларига шароит яратиш учун вақти-вақти билан қулай жойларда тўхташ;

фақат куннинг ёруғ вақтида ҳаракатланиш (Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати розилиги билан истисно тариқасида рухсат этилганларидан ташқари).


33. Ҳайдовчиларга қуйидагилар тақиқланади:

50 км/соат ва ундан ортиқ тезликда ҳаракатланаётган транспорт воситаларини қувиб ўтиш;

бошқа транспорт воситаларини шатакка олиш;

йўл марзаси бўйлаб ҳаракатланиш;

белгиланган ҳаракатланиш йўналишини ўзбошимчалик билан ўзгартириш;

йўлнинг минтақасида жойлашган махсус тўхташ жойларидан ташқарида тўхташ.


34. Юкни ташиш пайтида тасдиқланган йўналишга қатъий риоя қилиниши шарт. Агар юк ташишда тасдиқланган йўналишни ўзгартириш зарур бўлиб қолса, юкни ташишни амалга ошираётган ташкилот ўзгартирилган йўналиш бўйича янги рухсатнома олиши керак.



V. ТРАНСПОРТ ВОСИТАЛАРИНИНГ ТЕХНИК

ҲОЛАТИ ВА ЖИҲОЗЛАНИШИГА ҲАМДА ЮКЛАРНИНГ

БЕЛГИЛАНИШИГА ҚЎЙИЛАДИГАН ҚЎШИМЧА ТАЛАБЛАР


35. Техник кўрсаткичлари катта ҳажмли ва оғир вазнли юкларни ташишга мўлжалланмаган транспорт воситаларидан фойдаланиш тақиқланади.


36. Транспорт воситаларида ташилаётган катта ҳажмли юкларни мустаҳкам тутиб туриш учун мўлжалланган барча мослама ва қурилмалар суриладиган (йиғиладиган) қилиб тайёрланган бўлиб, катта ҳажмли юк ортилмаган вақтда транспорт воситасининг габарит ўлчамлари белгиланган талабларга жавоб берадиган ҳолатда бўлиши керак.


37. Катта ҳажмли ва оғир вазнли юкларни ташишни амалга ошираётган транспорт воситасининг техник ҳолати йўл ҳаракати қоидаларига, ишлаб чиқарувчи корхона ҳамда мазкур Қоидалар талабларига жавоб берадиган бўлиши керак.


38. Автопоезд ҳаракатланаётганда тиркаманинг ён томонларга тебраниши тортувчи автомобилга нисбатан ҳар бир томон учун габарит ўлчамларидан 3 фоиздан ошмаслиги керак.


39. Автопоездни тўхтатиш тизими тортувчи автомобилнинг тўхтатиш педалидан ишлаши керак ва тўхтатиш кучи унинг бўлинмалари бўйича шундай таъминланиши лозимки, бунда автопоезд тўхташ пайтида "йиғилиш" ҳолати рўй бермаслиги зарур.


40. Тиркамалар билан ишлаш учун мўлжалланган тортувчи автомобилнинг тиркама ва ярим тиркама билан боғловчи ускуналари узилганда, уларда тўхтатиб қолувчи ишчи ёки авария мосламалари бўлиши шарт.


41. Тортувчи автомобилдан ажратилган, юкланган тиркама ва ярим тиркамалар 16 фоизли қияликда ҳам мустаҳкам туришини таъминловчи мосламалар билан жиҳозланиши ҳамда ҳаракатланишда уларнинг барча ғилдиракларига таъсир этувчи тортувчи автомобиль билан боғловчи қисми узилганда ўз-ўзидан (автоматик) тўхтатишни таъминловчи ишчи тўхтатиш тизими бўлиши шарт.


42. Оғир вазнли юкларни ташишга мўлжалланган автопоезднинг ҳар бир бўғинида камида иккитадан тўхтатиш понаси бўлиши керак (қияликларда тўхташга мажбур бўлганда фойдаланиш учун).


43. Автомобиль кабинаси чап ва ўнг томондан орқани кўрсатувчи иккита кўзгу билан жиҳозланиб, бу кўзгулар ташилаётган юкнинг ҳажмларини ҳисобга олган ҳолда горизонтал ва вертикал текисликларнинг етарли даражада кўринишини таъминлаши керак.

Орқа томонни кўрсатувчи кўзгулар автомобиль ўқига параллел йўналтирилган, 20 - 25 килограмм билан таъсир қилганда олди ва орқага сурилишини таъминловчи мосламага эга бўлиши керак.


44. Узунлиги 6 метрдан ортиқ бўлган транспорт воситалари, шунингдек тортувчи автомобиллар белгиланган тартибда ён томонидан бурилишни кўрсатувчи чироқлар билан қўшимча равишда жиҳозланган бўлиши керак.


45. Тиркама ва ярим тиркамали юк автомобиллари кабинасининг устки ўрта қисмига автопоезд ҳақида огоҳлантирувчи ичи ёритиладиган, тенг томонли (томони 250 миллиметр), сариқ рангдаги белги ўрнатилган бўлиши керак. Автопоездни белгилаш учун кабина устки қисмига горизонтал жойлашган сариқ рангли 3 та чироқ ўрнатиш мумкин.


46. Тиркама ва ярим тиркаманинг орқа томонига 2 та қизил рангдаги ёруғлик қайтарувчи мослама ўрнатилади. Уларнинг ҳар бири тенг томонли учбурчак (томонлари 150 миллиметрдан 200 миллиметргача) шаклида бўлиб, учлари юқорига қаратилган ҳолда, кенглик бўйича ташқи ҳажмдан 0,4 метрдан ортиқ бўлмаган масофада ўрнатилиши керак. Тиркама ёки ярим тиркаманинг олдинги деворида юмалоқ шаклдаги 2 та (диаметри 0,2 метргача) ташқи ҳажмдан 0,15 метрдан ортиқ бўлмаган масофада оқ ёруғ қайтаргич ўрнатилиши керак.


47. Транспорт воситасининг олди ёки орқа томонининг ҳажмидан 1 метр чиқиб турган ёки кенглиги бўйича олдинги ёки орқа ҳажм чироқларининг ташқи қирраларидан 0,4 метрга чиқиб турган юк кундуз куни орқа ва олдидан огоҳлантирувчи тахтача ёки байроқчалар (400 х 400 миллиметр) билан белгиланади. Улар диагонал бўйича кенглиги 50 миллиметр бўлган қизил ва оқ чизиқлар билан кетма-кет чизилган бўлиши керак.

Тунги вақтда эса ёки кўриниш масофаси етарли бўлмаган шароитда ёруғлик қайтарувчи мосламалар ва чироқлар (олдида оқ, орқасида қизил рангли) ўрнатилган бўлиши керак. Узунлиги ва кенглиги бўйича транспорт воситалари белгиланган талабга жавоб бермаса, бундай транспорт воситаларининг барчаси юқорида баён қилинганидек жиҳозланиши керак.


48. Баландлиги йўл сатҳидан 4,5 метр ва ундан ортиқ юкларни ташиш вақтида юкли транспорт воситасининг олдида ҳаракатланаётган ҳимоя қилувчи автомобилга битта ёки иккита огоҳлантирувчи сариқ рангли чироқча ўрнатилиши мумкин, бу чироқлар тунги вақтда ёки кўриниш етарли бўлмаган шароитларда ёқилади. Чироқчалар ташилаётган юк ҳажмининг юқори чегарасидан 5 - 10 сантиметр баланд қилиб ўрнатилади ва улар асосий тортувчи автомобиль ҳайдовчисига кўриниб туриши керак.


49. Автопоезднинг узунлиги 20 метрдан ортиқ бўлса, транспорт воситасининг орқа томонига махсус тахтача ўрнатилади. Унда автопоезднинг ҳақиқий узунлигини кўрсатувчи ёзув бўлиши керак (5-илова).


50. Юк ташиётган автомобилга ҳимоя қилувчи, шатакка олувчи ва итарувчи автомобиллардан ташқари, техник таъмирлаш учун зарур бўлган қўшимча махсус транспорт воситалари (чилангарлик устахоналари, автокўтаргич ва бошқалар) ажратилиши мумкин.



VI. ОҒИР ВАЗНЛИ ТРАНСПОРТ ВОСИТАЛАРИНИНГ

СУНЪИЙ ИНШООТЛАРДАН ЎТИШДАГИ

АЛОҲИДА ҲОЛАТЛАРИ


51. Оғир вазнли юкларни ташувчи транспорт воситаларининг сунъий иншоотлардан ўтиши йўл ташкилотлари томонидан мазкур Қоидалар талабларига асосан белгиланади.


52. Йўл ташкилотлари 30 тоннадан кам оғирликка мўлжалланган барча сунъий иншоотлар олдига белгиланган тартибга асосан "Чегараланган оғирлик" - огоҳлантирувчи йўл белгисини ўрнатиши керак.


53. Агар транспорт воситасининг ҳақиқий оғирлиги меъёрий оғирлик ўлчамларидан ортиқ бўлса (3-илова), лекин 4-иловада келтирилган бирликлардан юқори бўлмаса, бу ҳолда транспорт воситаси қуйидагиларга риоя қилиш шарти билан ўтказиб юборилиши мумкин:

сунъий иншоотларда ҳаракатланаётганда у ерда бошқа транспорт воситалари бўлмаслиги керак;

юк ортилган транспорт воситаси йўл қатнов қисмининг ўқи бўйича 10 км/соатдан юқори бўлмаган тезлик билан ҳаракатланиши керак.


54. Агар транспорт воситасининг умумий оғирлиги 4-иловада келтирилган ўлчамлардан ортиқ бўлса, (бошқа йўналишдан айланиб ўтиш, бошқа транспорт русуми билан ташиш, юкни бўлиб ташиш мумкин бўлмаган тақдирда) юк ташишни амалга ошираётган ташкилот ҳаракатланишга рухсатнома олиши учун тегишли ташкилотларга 3 ой олдин буюртма бериши керак. Буюртмада мазкур Қоидаларнинг 14-бандига мувофиқ маълумотлар берилган бўлиши зарур.

Тегишли ташкилотлар буюртмани олгандан кейин бир ҳафтадан ортиқ бўлмаган муддатда сунъий иншоотдан юриш мумкин ёки мумкин эмаслиги ҳақида хабар берадилар.


55. Оғирлиги меъёрдан юқори бўлган транспорт воситасини сунъий иншоотдан хавфсиз ва бетўхтов ўтказиш учун унинг сунъий иншоот ўқи бўйича 10 км/соатдан ортиқ бўлмаган тезликда бир текисда, тўхтамасдан ҳаракатланиши таъминланиши керак.

Транспорт воситасининг сунъий иншоот орқали ҳаракатланиши фақат сунъий иншоотдан фойдаланувчи ташкилот билан келишилган ҳолда, унинг тагидан ўтаётган барча транспорт воситаларининг ҳаракати вақтинчалик тўхтатилгандан кейин амалга оширилади.

Меъёрдан ортиқ юк ортилган транспорт воситасини сунъий иншоотдан ўтказиш вақтида бошқа транспорт воситалари ва пиёдаларнинг ҳаракати тақиқланади.

Мажбурий тўхташ рўй берган ҳолларда транспорт воситасини сунъий иншоотдан зудлик билан олиш чораларини кўриш керак.


56. Транспорт воситасининг орқа томонида бошқариладиган бурилувчи тиркама бўлган ҳолларда, унинг оператори ва тортувчи автомобиль ҳайдовчиси ўртасида ишончли радио ёки телефон алоқаси мавжуд бўлиши керак.






Қоидаларга

1-ИЛОВА


Автотранспорт воситаларининг

рухсат этилган габаритлари*

Узунлиги

якка автотранспорт воситаси


12 m

тиркама


12 m

мингашмали автопоезд


20 m

тиркамали автопоезд


20 m

юкнинг чиқиб туриши**


2 m

Кенглиги


автотранспорт воситалари


2,55 m

изотермик кузовли автотранспорт воситаси


2,6 m

Баландлиги


автотранспорт воситалари


4 m

        

*) Автотранспорт воситаларининг рухсат этилган ўлчамлари олиб қўйиладиган кузовларни ва юк учун тараларни, шу жумладан, контейнерларни ўз ичига олади.

**) Автотранспорт воситаси габаритининг юк билан узунлик бўйича чиқиб туриши (юкнинг ортиқ чиқиб турганлиги автотранспорт воситасининг узунлигини аниқлашда ҳисобга олинади).






Қоидаларга

2-ИЛОВА


Автотранспорт воситаларининг

рухсат этилган массаси

Транспорт воситаси тури


Кўрсаткич (t)


Якка автотранспорт воситалари:


икки ўқли


18

уч ўқли


26

тўрт ўқли


32

Мингашмали ва тиркамали автопоездлар:


уч ўқли


28

тўрт ўқли


36

беш ўқли


40

олти ва ундан ортиқ ўқли


44

Изоҳ: Автотранспорт воситаларининг ўқларига тушувчи рухсат этилган оғирлиги автотранспорт воситаларининг умумий рухсат этилган массасига риоя қилинганда якка етакчи ўққа тушувчи оғирлик 11,5 тоннадан, бошқа ўқларга эса 10 тоннадан ортиқ бўлмаслиги керак.






Қоидаларга

3-ИЛОВА



Меъёрий оғирлик ўлчамлари

Кўприкка тушувчи оғирликнинг

ҳисоб тизими


Меъёрий оғирлик


Умумий ҳақиқий вазн, тн.


Минимал база, метр


Н 8 ва НГ-30

Н10 ва НГ-60

Н13 ва НГ-60

Н18 ва НК-80

Н30 ва НК-80


10,5 дан ортиқ эмас

13,0 дан ортиқ эмас

17,0 дан ортиқ эмас

30,0 дан ортиқ эмас

30,0 дан ортиқ эмас


4

4

4

6,8

6,8


       

Изоҳ:

НГ - (занжирли оғирлик).

НК - (ғилдиракли оғирлик).






Қоидаларга

4-ИЛОВА



Меъёрдан юқори бўлган оғирлик ўлчамлари

Кўприкка тушувчи оғирликнинг

ҳисоб тизими


Меъёрдан юқори бўлган оғирлик


Умумий ҳақиқий

вазн, т. к.


Ўққа тушувчи

оғирлик, тн.


База, метр


Н 8 ва НГ-30

Н10 ва НГ-60

Н13 ва НГ-60

Н18 ва НК-80

Н30 ва НК-80


30 дан ортиқ эмас

60 дан ортиқ эмас

60 дан ортиқ эмас

80 дан ортиқ эмас

80 дан ортиқ эмас


7,6 дан ортиқ

9,5 - 13

16

20

20

4 дан кам

5

5

3,6

3,6

          





Қоидаларга

5-ИЛОВА



Узун ўлчамли транспорт воситаси белгиси

"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2011 йил, 52-сон, 562-модда