язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш. Хавфсизлик. Маъмурий ва жиноий жавобгарлик/ Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш/ Қонун ҳужжатлари бузилганлиги учун ушланган транспорт воситаларини тўхташ жойларига олиб келиш, жойлаштириш ва сақлаш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 25.05.2011 й. 149-сон қарорига 1-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2011 йил 25 майдаги

149-сон қарорига

1-ИЛОВА



Қонун ҳужжатлари бузилганлиги учун

ушланган транспорт воситаларини тўхташ

жойларига олиб келиш, жойлаштириш

ва сақлаш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1. Ушбу Низом қонун ҳужжатлари бузилганлиги учун ушланган транспорт воситаларини (кейинги ўринларда транспорт воситалари деб аталади) тўхташ жойларига олиб келиш, жойлаштириш ва сақлаш тартибини белгилайди.


2. Давлат органининг транспорт воситаларини ушлаш ҳуқуқига эга бўлган, ушланган транспорт воситасини тўхташ жойига жойлаштириш тўғрисида қарор қабул қилган ваколатли ходими бу ҳақда тегишли давлат органининг навбатчилик қисмига хабар беради.

Давлат органининг хабарни қабул қилган навбатчилик қисми ходими ушбу хабарни қайд этади ва ички ишлар органининг ҳудудий бўлинмаси навбатчилик қисмига ва Йўл ҳаракати хавфсизлиги ҳудудий бошқармасининг Марказий диспетчерлик хизматига маълум қилади.


3. Ҳайдовчи ҳозир бўлмаганда транспорт воситаси ушланганлиги тўғрисида дарҳол ички ишлар ҳудудий органининг навбатчилик қисмига маълум қилинади. Ички ишлар органининг тезкор навбатчиси транспорт воситасининг эгасини (эгасининг вакилини) аниқлаш учун ўзининг имкони етган барча чораларни кўради ва имкони борича қисқа муддатда транспорт воситаси ушланганлиги тўғрисида эгасини (эгасининг вакилини) хабардор қилади.


4. Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг Марказий диспетчерлик хизмати тегишли ҳудудда транспорт воситаларини олиб келиш ва сақлаш бўйича хизматлар кўрсатувчи юридик шахснинг вакили ва зарур махсус техник восита ушлаш жойига дарҳол юборилиши чораларини кўради.


5. Транспорт воситасини ушлаган давлат органининг ваколатли ходими ўз ваколатлари доирасида ҳайдовчини транспорт воситасини бошқаришдан четлатиш юзасидан зарур хатти-ҳаракатларни амалга оширади, маъмурий ҳуқуқни бузиш тўғрисидаги баённомани ёки транспорт воситаси ушланганлиги тўғрисидаги қарорни расмийлаштиради, транспорт воситаси тўхташ жойига жойлаштирилган тақдирда, ундаги мол-мулк рўйхатини ўз ичига оладиган тегишли далолатномани тузади.

Далолатнома нусхаси унга нисбатан кўрсатиб ўтилган чора қўлланилган шахсга, шунингдек транспорт воситасини тўхташ жойида сақлаш учун масъул бўлган шахсга топширилади.


6. Ушлаш жойига келган юридик шахснинг вакили:

транспорт воситасини тўхташ жойига жойлаштириш мақсадида уни қабул қилиш учун ёнида хизмат гувоҳномасига ҳамда юридик шахс томонидан берилган ва унинг муҳри билан тасдиқланган (тадбиркорлик субъектларидан муҳр билан тасдиқлаш талаб қилинмайди) транспорт воситаларини ташиш (эвакуация қилиш) ҳуқуқини берувчи ишончномага эга бўлиши керак;

маъмурий ҳуқуқни бузиш тўғрисидаги баённома ёки транспорт воситасини ушлаш тўғрисидаги қарор асосида қабул қилиш-топшириш далолатномасини тузган ва конструкцияда кириш назарда тутилган жойларни (эшиклар, багажник, капот, бензин баки қопқоғи ва ҳоказолар) сурғучлаган ҳолда ушланган транспорт воситасини кўздан кечиради ва уни ваколатли ходимдан қабул қилиб олади;

транспорт воситасини тўхташ жойига олиб келиш (ташиш) ва унга жойлаштириш чораларини кўради.


7. Транспорт воситаларини қабул қилиш кечаю кундуз амалга оширилади.


8. Тўхташ жойидаги транспорт воситаси олдига ҳайдовчининг (эгасининг, эгасининг вакилининг) келишига фақат транспорт воситасини тўхташ жойига жойлаштириш тўғрисида қарор қабул қилган органнинг рухсатидан кейин, уни сақлаш тўғрисидаги масъул шахс ҳозир бўлганида йўл қўйилади, бу ҳақда ташриф буюрганларни ҳисобга олиш журналида ёзув қайд этилади.

Ташриф буюрганларни ҳисобга олиш журнали ип ўтказиб тикилади ва ички ишлар органлари томонидан рўйхатга олинади.


9. Транспорт воситасини ушлаш муддати маъмурий ҳуқуқни бузиш тўғрисида баённома тузилган ёки транспорт воситасини ушлаш тўғрисида қарор чиқарилган пайтдан бошлаб ҳисобланади.

Транспорт воситасини сақлаш муддати у тўхташ жойига жойлаштирилган пайтдан бошлаб соатларда ҳисобланади.


10. Ваколатли мансабдор шахс транспорт воситаси ушланганлиги сабаблари бартараф этилгандан кейин тўхташ жойига жойлаштирилган транспорт воситасини ҳайдовчига (эгасига, эгасининг вакилига) беришга ёзма рухсатнома беради.

Ушбу рухсатнома лавозими, унвони (мавжуд бўлса), фамилияси, исми, отасининг исми, сана ва вақт кўрсатилган ва муҳр билан тасдиқланган ҳолда (тадбиркорлик субъектларидан муҳр билан тасдиқлаш талаб қилинмайди) раҳбар ёки ваколатли мансабдор шахс томонидан имзоланади.

11. Транспорт воситаси ҳайдовчига (эгасига, эгасининг вакилига) транспорт воситаларини олиб келиш ва сақлаш бўйича кўрсатилган хизматлар учун ҳақ тўлангандан кейин ваколатли мансабдор шахснинг ёзма рухсатномаси асосида берилади.

Транспорт воситаларини тўхташ жойларидан бериш кечаю кундуз амалга оширилади.


12. Ушланган транспорт воситалари ҳисоби юридик шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси томонидан белгиланадиган шакллар бўйича юритилади.


13. Транспорт воситасини ташиш ёки сақлаш пайтида унга ва унинг ичидаги мол-мулкка етказилган зарар қонун ҳужжатларига мувофиқ қопланади.


14. Транспорт воситаси қабул қилиш-топшириш далолатномаси бўйича тўхташ жойи вакилига берилгунига қадар транспорт воситасининг сақланиши учун транспорт воситаси эгаси олдида қонун ҳужжатларига мувофиқ тегишли давлат органлари жавоб берадилар.


15. Транспорт воситаси тўхташ жойига жойлаштирилгандан кейин унинг сақланиши учун транспорт воситаларини тўхташ жойига олиб келиш ва сақлаш бўйича хизматлар кўрсатувчи юридик шахслар жавоб берадилар.


16. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.


17. Ушбу Низом талабларига риоя қилиниши устидан назорат қилиш ишларини умумий мувофиқлаштириш Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси томонидан амалга оширилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2011 йил, 20-21-сон, 207-модда.