язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Қишлоқ ва сув хўжалиги/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат дон инспекцияси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 08.06.2004 й. 269-сон Қарорига 3-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2004 йил 8 июндаги

269-сон қарорига

3-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси

ҳузуридаги Давлат дон инспекцияси тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат дон инспекцияси ("Ўздавдонинспекция") дон, мойли экинлар, уларнинг уруғлари, шунингдек ун, ёрма, кепак, қўшимча маҳсулотлар, чиқиндилар, омухта озуқаларнинг (кейинги ўринларда дон ва донни қайта ишлаш маҳсулотлари деб аталади) давлат ресурсининг сифати, сақланиши ва оқилона фойдаланилиши устидан давлат назорати соҳасида махсус ваколатли давлат бошқаруви органи ҳисобланади.


2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат дон инспекцияси тизимига ҳудудий бўлинмалар, марказий ва минтақавий лабораториялар киради.

Ҳудудий бўлинмалар, марказий ва минтақавий лабораториялар маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан мустақилдир ва бевосита "Ўздавдонинспекция"га ҳисоб беришади.


3. "Ўздавдонинспекция" ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг қарорлари ва бошқа ҳужжатларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, шунингдек ушбу Низомга амал қилади.


4. "Ўздавдонинспекция" ва унинг ҳудудий бўлинмалари давлат бошқаруви бошқа органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, жамоат бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қиладилар.


5. "Ўздавдонинспекция", унинг ҳудудий бўлинмалари, марказий ва минтақавий лабораторияларининг моддий-техника таъминоти, шунингдек инспекция тизими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш "Ўздавдонинспекция"га ажратиладиган маблағлар доирасида давлат бюджети маблағлари ҳамда хўжалик фаолиятидан олинадиган маблағлар ҳисобига амалга оширилади.


6. "Ўздавдонинспекция" юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга эга бўлади.



II. ИНСПЕКЦИЯНИНГ ВАЗИФАЛАРИ

ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


7. Қуйидагилар "Ўздавдонинспекция"нинг асосий вазифалари ҳисобланади:

дон етиштириш, донни қабул қилиш ва қайта ишлаш корхоналарида дон ва донни қайта ишлаш маҳсулотларининг давлат ресурсларидан белгиланган мақсадда оқилона фойдаланилиши, уларнинг сифатли сақланиши ҳамда нобуд бўлишини қисқартириш таъминланиши устидан назоратни амалга ошириш;

дон ва донни қайта ишлаш маҳсулотларига норматив-техник ҳужжатлар ҳамда техник регламентлар ёки стандартлар талабларига, шунингдек қабул қилиш, сақлаш, қайта ишлаш ва экспорт-импорт операцияларида уларнинг сифатини синаш методларига риоя қилинишини мунтазам назорат қилиб бориш;

дон ва донни қайта ишлаш маҳсулотлари сифатини ошириш масалалари бўйича давлат сиёсатини шакллантириш учун таклифлар ишлаб чиқиш;

дон етиштирувчиларга ва донни сақлаш ҳамда қайта ишлаш корхоналарига донни ўриб-йиғиб олиш, тозалаш, қуритиш ишлов бериш, қабул қилиш, сақлаш ва қайта ишлашга оид норматив-техник ҳужжатларни, илғор технологияларни жорий этиш масалалари бўйича услубий ва амалий ёрдам кўрсатиш.


8. "Ўздавдонинспекция" ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:

дон ва донни қайта ишлаш маҳсулотлари сифати, сақланиши, улардан оқилона фойдаланилиши, уларни жойлаштириш, ишлаб тайёрлаш, қайта ишлаш, сотишнинг зарур тартибига риоя қилиниши, уларни миқдори ва сифати бўйича ҳисобга олишнинг тўғрилиги, дон ва донни қайта ишлаш маҳсулотларининг давлат ресурсларидан фойдаланувчи корхоналарда уларни сақлашда табиий нобуд бўлиш нормалари қўлланишининг асосланганлиги устидан давлат назоратини амалга оширади;

республика ҳудудида хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида пайдо бўладиган баҳсли ҳолларда, шунингдек экспорт-импорт операцияларида ўз ваколатлари доирасида дон ва донни қайта ишлаш маҳсулотлари сифати бўйича синовлар ўтказади ҳамда жисмоний ва юридик шахслар учун мажбурий бўлган хулосалар беради. "Ўздавдонинспекция"нинг дон маҳсулотлари сифати бўйича хулосаси узил-кесил ҳисобланади;

Вазирлар Маҳкамасининг топшириқларига биноан озиқ-овқат балансларини тузишда қатнашади, харид қилиш мўлжалланаётган дон сифати бўйича, шу жумладан импорт бўйича, шунингдек уни экспорт қилишда, таклифлар киритади;

давлат ресурсларидаги донни сақлаш ва қайта ишлаш билан шуғулланувчи корхоналар ва ташкилотлар раҳбарларининг доннинг сифати, сақланиши ва ундан оқилона фойдаланилиши масалалари бўйича ҳисоботларини эшитади;

дон ва донни қайта ишлаш маҳсулотлари сифати, сақланиши, улардан оқилона фойдаланиш, уларнинг ҳисобини юритиш, улардан фойдаланиш билан боғлиқ технологик жараёнларни амалга ошириш, шу жумладан ташиш ва сақлаш вақтида уларнинг табиий нобуд бўлиши нормаларини аниқлаш масалалари бўйича норматив-техник ҳужжатларни ишлаб чиқади, белгиланган тартибда тасдиқлайди ва келишиб олади;

бош давлат дон инспекторлари иш тартибини тартибга солувчи текшириш қоидаларини, шунингдек дон ва донни қайта ишлаш маҳсулотлари сифати тўғрисидаги сертификатлар шаклини ишлаб чиқади ва белгиланган тартибда тасдиқлайди;

дон ва донни қайта ишлаш маҳсулотлари сифатини ошириш ҳамда улардан оқилона фойдаланиш давлат дастурларини тайёрлашда қатнашади;

давлат ресурсидаги дон сифатининг ёмонлашиши, нобуд бўлиши ҳоллари ва сабабларини аниқлайди, зарурат бўлганда уларни бартараф этиш бўйича ёзма буйруқлар беради ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасини, маҳаллий давлат ҳокимияти органларини дон ва донни қайта ишлаш маҳсулотлари давлат ресурсининг сақланиши ва улардан фойдаланиш ишларининг аҳволи тўғрисида хабардор қилади;

харид қилишда, экспорт-импорт операцияларида, республика ичида ташишда дон ва донни қайта ишлаш маҳсулотларини давлат томонидан мажбурий назорат қилишни амалга оширади;

дон қабул қилиш ва донни қайта ишлаш корхоналари билан биргаликда давлат ресурсларига харид қилинадиган янги ҳосил дони сифатини ҳар йили текширувдан ўтказади, унинг технологик тавсифларини таҳлил қилади.


9. "Ўздавдонинспекция" ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бевосита, шунингдек ўзининг ҳудудий бўлинмалари, марказий ва минтақавий лабораториялари орқали ҳал қилади.



III. ИНСПЕКЦИЯНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ

ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


10. "Ўздавдонинспекция" ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

дон ва донни қайта ишлаш маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи, сақловчи, қайта ишловчи ва давлат ресурсларига сотувчи корхоналар ва ташкилотларни белгиланган тартибда текшириш;

текширилаётган корхоналар ва ташкилотларнинг текшириш билан боғлиқ масалалар бўйича ҳужжатлари билан танишиш;

ўз ваколатлари доирасида юридик ва жисмоний шахслар учун бажариш мажбурий бўлган қарорлар қабул қилиш, белгиланган тартибда маъмурий жазолар белгилаш, шунингдек дон ва донни қайта ишлаш маҳсулотлари сифатини баҳолаш, қабул қилиб олиш, жойлаштириш, сақлаш ва қайта ишлаш қоидаларининг аниқланган бузилишларини белгиланган муддатда бартараф этиш тўғрисида ёзма буйруқлар бериш;

корхоналардан дон ва донни қайта ишлаш маҳсулотлари намунасини белгиланган тартибда олиш, текширишлар ўтказиш учун уларнинг лабораторияларидан фойдаланиш ҳамда зарур ҳолларда текшириш билан боғлиқ ишларни бажариш учун корхоналар мутахассисларини жалб қилиш, зарурат бўлганда дон ва донни қайта ишлаш маҳсулотлари намуналарини қўшимча тадқиқ қилиш учун тегишли лабораторияларга жўнатиш;

зарурат бўлганда дон қабул қилиш ва донни қайта ишлаш корхоналарида давлат ресурсларига мўлжалланган дон ва донни қайта ишлаш маҳсулотларининг келтирилаётган ва автомобиль ҳамда темир йўл транспортида юклаб жўнатилаётган партияларини, шунингдек давлат ресурсларидаги донни тарозида қайта тортиб кўриш;

дон ва маҳсулотлар қолдиқлари тўғрисидаги маълумотларнинг ишончлилиги асосли равишда шубҳа туғдирган ҳолларда дон ва донни қайта ишлаш маҳсулотлари давлат ресурслари қолдиқларини тарозида қайта тортиб кўрган ёки стандарт масса бўйича қопларга жойлаштирилган маҳсулотни қайта ҳисоблаб чиққан ҳолда навбатдан ташқари хатловдан ўтказишни тайинлаш;

дон ва донни қайта ишлаш маҳсулотларини сақлаш учун яроқсиз бўлган омборларга жойлаштиришни тақиқлаш, технология ва санитария тартибларининг қўпол равишда бузилиши аниқланган ҳолларда айрим ишлаб чиқаришлар, цехлар ва корхоналар ишини, шунингдек норматив ва техник ҳужжатлар талабларига жавоб бермайдиган дон ва донни қайта ишлаш маҳсулотларини белгиланган мақсадда сотишни ушбу тартиб бузилишлари бартараф этилгунга қадар тўхтатиб туриш;

хўжалик юритувчи субъектларга, бирлашмаларга ва бошқа товар ишлаб чиқарувчиларга шартнома асосида дон ва донни қайта ишлаш маҳсулотлари сифатини баҳолаш бўйича хизматлар, шунингдек ўз ваколатлари доирасида бошқа турдаги хизматлар кўрсатиш.

"Ўздавдонинспекция" Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


11. "Ўздавдонинспекция" ўзига юкланган вазифаларнинг самарали бажарилиши учун жавоб беради.

"Ўздавдонинспекция" ва ҳудудий бўлинмалар мансабдор шахсларининг маъмурий жазо чораларини қўлланиш бўйича хатти-ҳаракатлари юзасидан шикоят бериш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.


12. "Ўздавдонинспекция" ва унинг ҳудудий бўлинмалари мансабдор шахслари ўз хизмат вазифаларини зарур даражада бажармаганлиги, шунингдек текширилаётган корхона ва ташкилотларнинг давлат ва тижорат сирларини ошкор этганликлари учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.



IV. ИНСПЕКЦИЯ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


13. "Ўздавдонинспекция"ни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган бошлиқ бошқаради.

"Ўздавдонинспекция" бошлиғининг белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган бир нафар ўринбосари бўлади.

"Ўздавдонинспекция" бошлиғи мақомига кўра вазирнинг биринчи ўринбосарига, бошлиқ ўринбосари - вазир ўринбосарига тенглаштирилади.

"Ўздавдонинспекция" марказий лабораторияси мудири бевосита Давлат дон инспекцияси бошлиғига бўйсунади.

Минтақавий лабораториялар мудирлари ўз жорий ишларини жойлашган жойидаги ҳудудий бўлинма бош давлат инспектори раҳбарлигида ва марказий лабораториянинг методик ёрдамида амалга оширади.


14. "Ўздавдонинспекция" бошлиғи:

"Ўздавдонинспекция" фаолиятига умумий раҳбарликни якка бошчилик асосида амалга оширади ҳамда "Ўздавдонинспекция"га юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

"Ўздавдонинспекция" марказий аппарати тузилмасига ўзгартиришлар киритади, ходимларнинг белгиланган умумий сони доирасида штатлар жадвалини, шунингдек "Ўздавдонинспекция" марказий аппарати, ҳудудий бўлинмалар харажатлари сметасини тасдиқлайди;

"Ўздавдонинспекция"нинг таркибий ва ҳудудий бўлинмалари тўғрисидаги низомларни белгиланган тартибда тасдиқлайди;

"Ўздавдонинспекция" марказий аппарати ходимларини, "Ўздавдонинспекция"нинг ҳудудий бўлинмалари, марказий ва минтақавий лабораториялари раҳбарлари ҳамда ходимларини белгиланган тартибда лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади.

Бошлиқ қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.


15. Ҳудудий бўлинмалар ўз фаолиятини "Ўздавдонинспекция" томонидан тасдиқланадиган низомга мувофиқ амалга оширадилар.


16. "Ўздавдонинспекция"ни тугатиш ва қайта ташкил этиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2004 йил, 22-23-сон, 266-модда