ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Хўжалик судларининг айрим ишлар бўйича суд ҳужжатлари (ҳал қилув қарорлари, қарорлари) баёни / Олий хўжалик судининг умумлашмалари /

Банкрот деб эътироф этилган корхоналарни тугатишга доир иш юритишни амалга ошириш бўйича суд амалиётини умумлаштириш (Умумлашма ОХС Раёсатининг 2000 йил 29 февралдаги еарори билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

УМУМЛАШМА

Олий хўжалик суди Раёсатининг

2000 йил 29 февралдаги қарори

билан тасдиқланган.




БАНКРОТ ДЕБ ЭЪТИРОФ ЭТИЛГАН КОРХОНАЛАРНИ

ТУГАТИШГА ДОИР ИШ ЮРИТИШНИ АМАЛГА

ОШИРИШ БЎЙИЧА СУД АМАЛИЁТИНИ

УМУМЛАШТИРИШ



Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг 2000 йил биринчи ярим йиллик иш режасига мувофиқ биринчи судлов таркиби томонидан "банкрот" деб эътироф этилган корхоналарни тугатишга доир иш юритувни амалга ошириш бўйича суд амалиёти умумлаштирилди.

Ўзбекистон Республикасининг "Банкротлик тўғрисида"ги Қонуни 1994 йил 5 майда қабул қилинган. Ўтган давр мобайнида хўжалик судлари томонидан 1995 йилда - 47 та, 1996 йилда - 64 та, 1997 йилда - 137 та, 1998 йилда - 439 та, 1999 йилда - 1015 та қарздорлар "банкрот" деб эътироф этилган.

Таъкидлаш лозимки, 1994 йил 5 майдаги "Банкротлик тўғрисида"ги Қонунни қўлланилиши - унинг ҳуқуқий тартибга солинишида кўплаб камчиликлар борлиги ва мукаммал эмаслигини кўрсатди. Камчиликларни бартараф этиш мақсадида 1998 йилда Ўзбекистон Республикасининг "Банкротлик тўғрисида"ги Қонуни (янги таҳрирда) қабул қилиниб бунда тугатишга доир иш юритувнинг тартибга солиниши, қарздорни тугатиш жараёнини ташкил этишни янада самарали таъминлашга қаратилган.

"Банкротлик тўғрисида"ги Қонун (янги тахрирда) қабул қилингунга қадар қарздорларни "банкрот" деб эътироф этиш ҳақидаги кўпгина ишлар бўйича тугатишга доир иш юритиш тугалланмаган ва оқибатда бу корхоналар юридик шахсларнинг давлат рўйхатидан чиқарилмаган.

Тугатишга доир иш юритув жараёнининг қатьий тартибга солиниши тугатиш комиссияларининг ишларини жонлантиришга, хўжалик судларини эса тугатишга доир иш юритув устидан ҳақиқий  назоратни амалга оширилишига имкон яратди. 2000 йил 10 январ ҳолатига кўра 1995, 1996, 1997 йиллар мобайнида "банкрот" деб эътироф этилган корхоналар тегишлигича 47, 64 ва 137 таси бўйича тугатиш ишлари якунланганлиги муносабати билан давлат рўйхатидан чиқарилган, 1998 йилдаги 439 та "банкрот" деб эътироф этилган корхоналардан - 430 таси, 1999 йилдаги 1015 та "банкрот" корхоналардан - 824 таси давлат рўйхатидан чиқарилган.

Шу билан бирга хўжалик судлари ва тугатиш комиссияларининг фаолиятида тугатиш ишларини ўз вақтида ва самарали ташкиллаштиришга тўсқинлик қилувчи камчиликлар хам мавжуддир.

Банкротлик ишларини суд муҳокамасига тайёрлашдаги суд амалиётини умумлаштириш шуни кўрсатдики, айрим судлар ажримда кредиторларнинг биринчи йиғилишини ким ташкиллаштириши ва ўтказиши кераклигини кўрсатмайдилар.

Кўрсатилган камчиликлар ишни узоқ муддатларда кўришга ва тугатиш ишларини ўз вақтида олиб борилмаслигига сабаб бўлган.

Шу муносабат билан Тошкент шаҳар хўжалик судининг ижобий иш тажрибасини таъкидлаш жоиздир, бунда судья ишни суд муҳокамасига тайёрлашда, иш қўзғатиш ҳақидаги ажримда корхонанинг Устав фондида давлат хиссаси мавжуд бўлса, кредиторларнинг биринчи йиғилишини ўтказишни аризачига ёхуд иқтисодий ночор корхоналар ишлари бўйича ҳудудий бошқармага, прокурор томонидан ариза берилган бўлса, манфаатлари ҳимоя қилинган шахсга топширилади.

Бир вақтнинг ўзида судья ажримда суд мажлисига ташки бошқарувчини ёхуд ишончли шахснинг номзодини тақдим қилишни тавсия этади. Суднинг бу ҳаракатлари Ўзбекистон Республикасининг "Банкротлик тўғрисида"ги Қонун талабларига мувофиқдир, 41-моддасига кўра қарздорни "банкрот" деб эътироф этиш ва тугатишга доир иш юритишни очиш ҳақидаги ҳал қилув қарори дарҳол бажарилиши лозимдир. Бунда, қарздорни "банкрот" деб эътироф этиш ҳақидаги ҳал қилув қарори эълон қилинган вақтда, қоидага биноан ишончли шахснинг номзоди суд томонидан тасдиқланиши учун тақдим қилиниши лозим.

Ґал қилув қарори чиқарилган вақтдаёқ ишончли шахснинг тайинланиш имкони бўлмаган холларда, кредиторлар йиғилиши қарорининг йўқлигини ҳисобга олиб, иқтисодий ночор корхоналар ишлари бўйича ҳудудий бошқарма тугатишга доир иш юритиш очилган вақтдан бошлаб 10 кундан кечикмаган муддатда "Банкротлик тўғрисида"ги Қонуннинг 50, 51, 77-моддаларига мувофиқ ишончли шахснинг номзодини тақдим этишга мажбур.

Суд амалиётидан кўринишича, ишончли шахснинг ўз вақтида тайинланмаслиги, тугатишга доир иш юритувни чўзилишининг асосий сабабларидан бири ҳисобланади. Масалан, Жиззах вилоят хўжалик суди томонидан вилоят прокурорининг "Хуршид" кичик корхонасини "банкрот" деб эътироф этиш ҳақидаги аризаси кўрилган. Суднинг 1998 йил 24 февралдаги ҳал қилув  қарори билан қарздор "банкрот" деб эътироф этилган. Кредиторлар йиғилишининг қарори бўлмаганлиги сабабли суд ишончли шахсни тайинлай олмаган ва уни тақдим қилиш мажбурияти 1998 йил 27 февралга қадар иқтисодий ночор корхоналар ишлари бўйича Жиззах вилоят ҳудудий бошқармасига юклатилган. Бироқ ишончли шахс бошчилигидаги тугатиш комиссияси фақатгина 1998 йил 18 июнда тайинланган. Ишончли шахснинг ўз вақтида тайинланмаслиги тугатишга доир иш юритишнинг ташкил этишни узоқ муддатга чузилишига сабаб бўлган, бу эса ушбу "банкрот"-корхона давлат рўйхатидан фақатгина 1999 йил 6 августда чиқарилганлиги тасдиғи билан кўринади.

Тугатишга доир иш юритишнинг чўзилишига бошқа сабаб бўлиб, қарздор корхона раҳбариятининг бухгалтерия ва бошқа ҳужжатларни, муҳр ва штампни, моддий ва бошқа қимматликларни ишончли шахсга беришдан бош тортиши (бўйин товлаш) ҳисобланади. Бироқ хўжалик судлари ҳамма вақт ҳам ўзларига қонун билан берилган тугатишга доир иш юритишни очиш ҳақидаги суднинг ҳал қилув  қарорини ижро қилинишига тўсқинлик қилувчи мансабдор шахсларни жавобгарликка тортиш ҳуқуқидан фойдаланмаяптилар. Республика Президентининг 1998 йил 4 мартдаги Фармонига асосан жиноят ишларини етарли қўзғатмаяптилар.

Бунинг акси ҳолида корхоналарни "банкрот" деб эътироф этиш ишларини хўжалик судларида кўриш бўйича ижобий мисол сифатида Самарқанд вилоят хўжалик судининг амалиётидан "Парвоз" АЖни "банкрот" деб эътироф этиш ҳақидаги ишни келтириш мумкин. 1999 йил 18 августда ишончли шахс тасдиқланганидан сўнг "Парвоз" АЖнинг раҳбари ҳужжатларни, штампни ва муҳрни унга беришни рад этган, бу ҳақда ишончли шахс ўз аризаси билан хўжалик судига мурожаат этган. "Парвоз" АЖнинг раҳбарияти номига  "Банкротлик  тўғрисида"ги  Қонуннинг 78-моддаси талабларини бузилишига йўл қўймаслик ҳақида огоҳлантириш юборилган. Бироқ у эътиборга олинмаган, бу эса 1999 йил 20 октябрда ЖКнинг 232-моддаси билан жиноий иш қўзғатиш ҳақида хусусий ажрим чиқаришга асос бўлган.

Хўжалик судлари ишларида учрайдиган камчилик-лардан энг кўпи, тугатишга доир иш юритишни боришида суд назоратини амалга ошириши мумкин бўлган ҳужжатларнинг йўқлиги ҳисобланади. Айрим судьялар ҳали ҳам охиригача тугатишга доир иш юритишни боришини акс эттирувчи ҳужжатларни тўғри расмийлаштириш муҳимлигини тўлиқ тушуниб етмаганлар.

Жумладан, Андижон вилоят прокурорининг аризасига кўра 1999 йил 24 апрелда "Талаба" кичик корхонаси "банкрот" деб эътироф этилган. Суд томонидан ҳал қилув қарори чиқарилганда ишончли шахс тасдиқланмаган. Бироқ, ҳал қилув қарорида ишончли шахсни номзодини тақдим қилиш мажбурияти иқтисодий ночор корхоналар ишлари бўйича Андижон вилоят ҳудудий бошқармасига юклатилганлиги кўрсатилган. Ишда бошқарманинг ишончли шахс номзодини тақдим қилганлиги тўғрисидаги далиллар мавжуд эмасдир. Лекин суднинг 1999 йил 28 июлдаги ажрими билан ишончли шахс бошчилигидаги тугатиш комиссияси тасдиқланган.

1999 йил 2 июлдаги 1-сонли баённомага биноан тугатиш комиссияси:

1) қарздорнинг банкротлиги ҳақида эълон бериш;

2) олдиндан очилган қарздорнинг якка ҳисоб-китоб рақамига пул маблағларини ўтказиш;

3) тугатиш режасини тузиш;

4) қарздорнинг мол-мулки ҳақидаги маълумотни талаб қилиш ҳақида қарор қилган.

Бироқ иш ҳужжатларида ишончли шахс томонидан баённома билан қайд қилинган қарорларни бажарилганлигини тасдиқловчи биронта ҳам ҳужжат йўқдир. 1999 йил 23 июлдаги 2-сонли баённомада қарздор кредиторлик қарзларини, шу жумладан суд ҳаражатларини тўлиқ қопланганлиги қайд қилинган. Лекин, қайси манба ҳисобига ва қандай йўл билан тушганлиги ҳақидаги маълумотлар мавжуд эмасдир. Мол-мулки бор ёки йўқлиги (мулкни хатлаш акти) ҳақида маълумотлар ҳам йўқдир. Суд ишончли шахснинг тугатиш ишларини олиб бориш ҳақидаги якуний ҳисоботини олмай туриб, уни тугатиш ҳақида ажрим чиқарган. Мазкур ажримни давлат рўйхатига олишни амалга оширувчи органга юборилганлиги ҳақидаги ва қарздор-банкротни юридик шахсларнинг давлат рўйхатидан чиқарилганлиги ҳақидаги маълумотлар ҳам  ишда йўқ.

Бухоро вилоят иқтисодий ночор корхоналар ишлари худудий бошқармасининг аризасига кўра Бухоро вилоят хўжалик суди томонидан кўрилган "Пайвандчи-95" кичик корхонасини "банкрот" деб эътироф этиш ҳақидаги ишда "Пайвандчи-95" кичик корхонасини тугатиш ҳақидаги Когон шаҳар ҳокимининг қароридан бошқа умуман ҳужжатлар мавжуд эмас.

Тугатишга доир иш юритишда асосий шахс бўлиб ишончли шахс ҳисобланади. "Банкротлик тўғрисида"ги Қонуннинг 78-моддасининг 1-бандига мувофиқ тасдиқланган вақтдан бошлаб ишончли шахсга қарздорнинг ишларини бошқариш бўйича барча ваколатлар, шу жумладан унинг мулкини тасарруф қилиш ҳам ўтади. Шунинг учун ишончли шахс номзодларини тасдиқлашда унинг ишбилармонлик ва маънавий сифатларини ҳисобга олиш зарур. Бунинг учун номзоднинг шахсий маълумотларини талаб қилиб олиш лозимдир. Бундай амалиёт Самарқанд вилоят хўжалик суди учун хосдир.

Қонуннинг 77-78-моддаларига мувофиқ ишончли шахс тасдиқлангандан сўнг, биринчи навбатда қарздор-"банкрот"ни тугатиш ҳақидаги маълумотларни ва кредиторларнинг бевосита талабларини тақдим қилиш тартибини расмий матбуотда эълон қилиши керак. Сўнг тугатиш режаси, қарзлар миқдори ва навбати кўрсатилган кредиторлар рўйхати, шунингдек дебиторлар рўйхати тузилади, мол-мулкни рўйхатга олиш ва баҳолаш ўтказилади, уни сақлаш чоралари кўрилади. Юқорида кўрсатилган ҳаракатларнинг ҳужжатлар билан тасдиқланганлиги қарздорни "банкрот" деб эътироф этиш ҳақидаги ишда мавжуд бўлиши керак. Бу судга тугатиш ишларини олиб борилиши самарадорлигига таъсир кўрсатиш имконини беради: тугатиш режасига кўра тугатиш босқичлари муддатига риоя этилишини назорат қилиш мумкин, кредиторлар рўйхатига кўра қарзни тўлашнинг навбати ва тартибини текширади, мол-мулкнинг ҳолати ва унинг нархи ҳақидаги маълумотни олади.

Ишончли шахснинг бошқа кам аҳамиятли бўлмаган вазифаси қарздорнинг дебиторлик қарзини ундириш билан ифодаланади. Бироқ, ўрганилган биронта ишда ҳам қарздорнинг дебиторлик қарзларини талаб қилиш бўйича ишончли шахс томонидан амалга оширилган ҳаракатларни тасдиқловчи ҳужжатлар йўқдир.

Умумлаштиришнинг кўрсатишича кам ҳолларда ишончли шахс (ташки бошқарувчи) қарздорнинг айрим кредиторлар билан тузилган битимни, агар мазкур битим пул мажбуриятлари бўйича айрим кредиторларнинг талабларини бошқаларига нисбатан афзалроқ қондирилишига таъсир этса ҳақиқий  эмас деб топиш ҳақида даъво қилади ("Банкротлик тўғрисида"ги Қонуннинг 57-м).

Шу билан бирга бундай даъволар тугатиш массаси ва уни оқилона тақсимлашни шакллантиришда муҳим роль ўйнайди.

Хўжалик судига "ЮМИ" қўшма корхонасини тугатиш бўйича комиссияга бошчилик қилувчи ишончли шахс "Спектр" қўшма корхонаси билан тузилган келишув битимини ҳақиқий  эмас, деб топиш ҳақидаги илтимос билан мурожаат этган.

Суд тарафлар томонидан келишув битимини "ЮМИ" қўшма корхонасининг банкротлиги ҳақидаги иш қўзғатилгунга қадар қонуний кучга кирган суднинг ҳал қилув  қарори бажарилиши вақтида тузилганлигини аниқлаган. Шу сабабли "Банкротлик тўғрисида"ги қонуннинг 7-моддасига мувофиқ қарздорни "банкрот" деб эътироф этиш ҳақидаги ариза хўжалик суди томонидан иш юритишга қабул қилинган вақтдан бошлаб кредиторлар ўзларининг талабларини алоҳида тартибда қондириш мақсадида қарздорга мурожаат этишга ҳақли эмаслар, бироқ "ЮМИ" қўшма корхонаси "Спектр" қўшма корхонаси билан гарчи битим имзоланилаётган вақтда "ЮМИ" қўшма корхонасининг бир неча кредиторлари бўлса ҳам, мол-мулкининг асосий қисмини "Спектр" қўшма корхонасига бериш ҳақидаги келишув битимини имзолаган. Суд ишончли шахснинг талабларини асосли деб, келишув битимини ҳақиқий эмас деб топди, чунки у бошқа кредиторларнинг манфаатларини ҳисобга олмаган ҳолда  тузилган.

Ишончли шахс томонидан кўрилган ҳаракатлар натижасида қарздорнинг тугатиш массаси қайтарилган мол-мулк ҳисобига тўлдирилган.

Судлар томонидан кўрилган айрим ишларда тугатиш ишларининг якунланганлиги ҳақидаги ажрим мавжуд эмас. Судлар тугатиш ишларини олиб борилиши натижалари ҳақидаги ишончли шахснинг якуний ҳисоботини олмай туриб, тугатиш ишларининг якунланганлиги ҳақида ажрим чиқариш ҳоллари учрамоқда.

Хўжалик судлари "Банкротлик тўғрисида"ги Қонун бўйича ҳеч бўлмаганда ойда бир маротаба ишончли шахслардан олиб борилаётган ишлар ҳақида ҳисобот талаб қилиниши ҳақидаги ҳуқуқдан фойдаланмаяптилар. Бу қарздорни тугатиш жараёнида йўл қўйилаётган камчиликларга таъсир ўтказиш, шунингдек кредитор каби қарздорнинг ҳам ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича тегишли чораларни кўришга, ҳамда қарздор "банкрот"ни тугатишни тезлаштиришга ёрдам беради.

Ўзбекистон Республикаси "Банкротлик тўғрисида"ги Қонунининг тугатиш бўйича иш юритувни олиб бориш қисмини бир хилда қўллаш мақсадида суд амалиётини умумлаштириш асосида қуйидаги тавсияларни берилади:


1. Судья банкротлик бўйича иш юритишни қўзғатиш ҳақидаги ажримда кредиторларнинг биринчи йиғилишини ўтказишни аризачига ёки иқтисодий ночор корхоналар ишлари бўйича ҳудудий бошқармага юклашга мажбур ва суд мажлиси кунига (ташқи бошқарувчи) ишончли шахс номзодини тақдим қилишнинг муҳимлигини кўрсатиши лозим.

Мол-мулкида давлат улуши бўлган корхоналар учун ишончли шахснинг (ташқи бошқарувчининг) номзоди, ариза ким томонидан берилганлигидан қатьий назар иқтисодий ночор корхоналар ишлари қўмитаси билан келишилган бўлиши керак.


2. Судлар ишончли шахсни тайинлашда номзоднинг анкета маълумотларини иш ҳужжатларига қўшиш учун талаб қилишлари лозим.


3. Башарти кредиторлар йиғилиши ишончли шахс номзодини тақдим қилмаса, суд қарздорни "банкрот" деб эътироф этиб, тегишли номзодни тақдим қилиш мажбуриятини "Банкротлик тўғрисида"ги Қонуннинг 50, 51, 77-моддаларига мувофиқ аниқ муддатни кўрсатган ҳолда (ижрони) иқтисодий ночор корхоналар ишлари бўйича ҳудудий бошқармага юклайди.


4. Тугатиш  ишлари  бўйича  назоратни  лозим  даражада ташкиллаштириш  учун  қуйидагилар  иш  ҳужжатларига қўшилиши шартдир:

- ишончли шахсни тайинланганлиги ҳақидаги ажрим (башарти, у ҳал қилув  қарори чиқарилган вақтда тайинланмаган бўлса);

- қарздор "банкрот"ни тугатиш ва тугатиш бўйича иш юритув очилганлиги ҳақида расмий матбуотда эълон қилиш;

- қарздор "банкрот"ни тугатиш режаси;

- ҳар бир кредитор талабларини қондиришнинг навбати бўйича қарз миқдори кўрсатилган кредиторлар рўйхати;

- қарздор мол-мулкини рўйхатга олиш ва уни баҳолаш акти;

- қарздорнинг мол-мулкини сотиш йўллари кўрсатилган кредиторлар йиғилишининг баённомаси;

- қарздорнинг дебиторлик қарзларини ундириш бўйича ишончли шахснинг режаси;

- олиб борилган ишлар бўйича ишончли шахснинг ҳар ойлик ҳисоботи;

- ҳар бир кредитор бўйича миқдори ва навбати кўрсатилиб, ундирилган қарз ҳақидаги маълумот;

- Давлат архивига сақлаш учун топширилиши шарт бўлган қарздорнинг ҳужжатларини сақлаш учун топширилганлиги ҳақидаги акт;

- тугатиш баланси;

- тугатиш ишларини олиб борилиши натижалари ҳақидаги якуний ҳисобот;

- тугатиш ишлари якунланганлиги ҳақидаги ажрим;

- қарздорни тугатиш ҳақидаги рўйхатга олувчи органнинг қарори;

- қарздорни тугатиш ҳақидаги юридик шахслар давлат рўйхатидаги ёзувдан кўчирма.


5. Банкротликни эътироф этишда соддалаштириш қўлланганда асосий ҳужжатлар бўлиб:

- бухгалтерлик ҳужжатлари билан тасдиқланган мол-мулкнинг йўқлиги ҳақидаги акт;

- юридик манзили бўйича қарздорнинг йўқлигини тасдиқловчи акт.


6. Кредиторларнинг талаблари қондирилгандан сўнг қолган мол-мулкини мулкдорга берилганлиги, у бўлмаган тақдирда маҳаллий давлат ҳокимияти органларига берилганлиги ҳақидаги далиллар.



Время: 0.0246
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск