ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Олий суднинг амалиёти / Жиноят ишлари бўйича /

Жиноят ва жиноят-процессуал Қонунларининг бошқа масалалари

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЖИНОЯТ ВА ЖИНОЯТ-ПРОЦЕССУАЛ

ҚОНУНЛАРИНИНГ БОШҚА

МАСАЛАЛАРИ




Амнистия акти судланувчининг розилигисиз қўлланилганлиги учун суд ажрими бекор қилинган.



Қашқадарё вилояти жиноят ишлари бўйича Шаҳрисабз туман судининг ажрими билан Жиноят кодексининг 173-моддаси 3-қисмининг "а" банди билан айбланган X. ва бошқаларга (жами 8 киши) нисбатан жиноят иши Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2001 йил 22 августдаги "Ўзбекистон Республикаси Мустақиллиги эълон қилинганлигининг ўн йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида"ги Фармони 6-моддаси татбиқ этилиб, ҳаракатдан тугатилган.

Кассация инстанциясининг ажрими билан туман судининг ажрими ўзгаришсиз қолдирилган.

Иш материалларидан кўринишича, суд жиноят ишини кўришда суд мажлисига судланувчилар ҳамда жабрланувчилар келмаганлигига қарамасдан, уларни судга чақиртириш чораларини кўрмасдан суд мажлисини очиб, жиноят ишини уларнинг иштирокисиз кўриб, судланувчиларга нисбатан амнистия актини татбиқ этиш ҳақида ажрим чиқарган.

Жиноят-процессуап кодексининг 84-моддасида шахс ишда айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилинганидан кейин, жавобгарликка тортиш муддати ўтган ёки амнистия акти қабул қилинган бўлса, агар айбланувчи ёки судланувчи талаб қилса, ишни юритиш умумий тартибда давом эттирилиши, бундай ҳолларда ҳукм қилиш учун асослар мавжуд бўлса, айблов ҳукми жазо белгиламасдан чиқарилиши лозимлиги кўрсатилган.

Жиноят-процессуал кодексининг 421-моддасида ҳам юқорида кўрсатилган асослар бўйича айбдорга жазо белгиламай айблов ҳукми чиқариш кўзда тутилган. Иш материалларидан кўринишича, суд мазкур қонун талабларига амал қилмаган.

Жиноят иши бўйича барча судланувчилар тергов даврида айбларига иқрор бўлмай, ўзларининг айбсизликлари ҳақида важлар келтирган бўлсаларда, суд уларга оид жиноят ишини умумий тартибда кўрмасдан, амнистия актига асосан ажрим билан ишни ҳаракатдан тугатиб, хатога йўл қўйган.

Вилоят суди раёсатининг қарори билан суд қарорлари бекор қилиниб, жиноят иши янгидан кўриш учун туман судига юборилган.


4-36-сонли қарор





Судланувчининг шахси тўғри аниқламанганлиги суд қарорларини бекор бўлишига ва жиноят иши қўшимча тергов юритиш учун юборилишига сабаб бўлди.



Андижон вилояти жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар судининг ҳукми билан К. ва А. лар ўзганинг жами 60.000 сўмлик мулкини яширин равишда ўғрилаганликда, шунингдек А. тергов ва суриштирув органларидан яшириниб юрганида, милиция ходимлари томонидан ушланиб, милиция бўлимининг вақтинча ушлаб туриш хонасида ушлаб турилганида, унинг илтимосига кўра навбатчиликда турган милиция ходими уни ҳожатхонага олиб чиққанида, у "лезвия" билан милиция ходимининг бош ва кўрсатгич бармоқларини ўртасини кесиб юбориб, унинг соғлиғини бузилишга сабаб бўлган енгил шикаст етказганликда айбли деб топилиб судланганлар.

Жиноят иши кассация тартибида кўрилиб, хукмнинг К.га оид қисми ўзгартирилган.

Жиноят иши юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари Андижон шаҳар ИИБнинг терговчиси томонидан олиб борилиб, А.нинг шахси унинг онаси кўрсатувлари асосида тасдиқланиб, бу ҳақда баённома тузилган.

Текширишда қайд қилинган шахс А. эмас, балки муқаддам 2 маротаба судланган К. эканлиги аниқланган.

Жиноят-процессуал кодексининг 82-моддасининг 5-бандида эса ишни айблов хулосаси билан судга юбориш ва айблов хукм чиқариш учун айбланувчининг, судланувчининг шахсини тавсифловчи холатлар тўлиқ ва тўғри бўлиши лозимлиги кўрсатилган.

Вилоят суди раёсатининг қарори билан суд қарорлари бекор қилиниб, жиноят иши қўшимча тергов юритиш учун юборилган.


4-ж-33 сонли қарор





Пора берувчиларни порада товламачилик ёки пора берганлик тўғрисида ихтиёрий ариза берганлик асосларига кўра жиноий жавобгарликдан озод этиш, бу шахсларнинг ҳаракатида жиноят таркибининг йўқлигини билдирмайди. Шу сабабли улар жабрланувчи деб топилмайди ва пора тариқасида берилган бойликларни қайтариб олишни талаб қилишга ҳақли эмаслар.



Фарғона вилояти жиноят ишлари бўйича Марғилон шаҳар судининг ҳукмига кўра Ю. Фарғона вилоят ички ишлар бошқармасининг қўриқлаш бўлинмасида шахсий таркиб билан ишлаш хизмат инспектори бўлиб ишлаб келган ҳолда, ишга жойлаштиришни ваъда қилиб, фуқаро А.дан 200 АҚШ доллари, фуқаро Х.дан 500 минг сўмни пора тариқасида олганликда айбли деб топилиб, Жиноят кодекси 210-моддаси 2-қисмининг "а" банди билан судланган. Суднинг ҳукми билан Ю. дан жабрланувчи А.га 400 минг сўм ва Х.га 500 минг сўм ундириш белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг "Порахўрлик ишлари бўйича суд амалиёти тўғрисида"ги қарорининг 16-бандида "Пора берувчиларни порада товламачилик ёки пора берганлик тўғрисида ихтиёрий ариза берганлик асосларига кўра жиноий жавобгарликдан озод этиш бу шахсларни ҳаракатида жиноят таркибининг йўқлигини билдирмайди. Шу сабабли улар жабрланувчи деб топилмайди ва пора тариқасида берилган бойликларни қайтариб олишни талаб қилишга ҳакли эмаслар" деб кўрсатилган.

Вилоят суди раёсатининг қарори билан суд қарорлари ўзгартирилган.


4-Ж-96 сонли қарор





Жиноят иши ҳимоячининг иштирокисиз кўрилиб, жиноят-процессуал қонун нормалари жиддий бузилганлиги сабабли суд қарорлари бекор қилинди.



Фарғона вилояти жиноят ишлари бўйича Тошлоқ туман суди томонидан И. Жиноят кодекси 222-моддасининг 1-қисми билан 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган. Жиноят кодекси 60-моддасига асосан қолган 4 йил 17 кун тайинланган жазо муддатига қисман кўшилиб, ўташ учун узил-кесил 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган.

Апелляция инстанцияси судининг ажрими билан ҳукм ўзгаришсиз қолдирилган.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1996 йил 20 декабрдаги "Ҳимоя хукуқини таъминловчи қонунларини кўллаш амалиёти тўғрисида"ги қарорининг 22-бандида Жиноят-процессуал кодексининг 497-2-моддасига кўра хукм чиқарган суд ишни апелляция инстанцияси судида кўриш куни тўғрисида шу модданинг 1-қисмида кўрсатилган шахсларни хабардор қилиши шарт. Ушбу талабга риоя этмаслик ишни кўришни бошқа кунга қолдиришга олиб келади. Апелляция инстанцияси суди томонидан ишни адвокат иштирокисиз кўриш, агарда у суд мажлиси бўладиган вақт тўғрисида тегишли хабардор қилинмаган ва бу унинг суд мажлисида иштирок этиш имкониятидан маҳрум этган бўлса, жиноят-процессуап қонун талабларини жиддий бузиш ҳисобланиши кўрсатилган.

Жиноят-процессуал кодекси 487-моддасида қонунга кўра ҳимоячининг иштироки шарт бўлсаю, иш унинг иштирокисиз кўриб чиқилган бўлса, бу Жиноят-процессуап кодекси нормаларини жиддий бузиш деб эътироф этилган.

Мазкур иш бўйича апелляция инстанцияси суди И.га нисбатан жиноят ишини кўриб чиқишда, унинг қонуний хуқуқларини ҳимоя қиладиган ҳимоячисининг иштирокисиз ишни кўриб ҳал этган.

Вилоят суди раёсати апелляция инстанцияси судининг И.га нисбатан чиқарган ажримини бекор қилиб, жиноят ишини янгидан апелляция инстанцияси судида кўриш учун бошқа суд таркибига юборган.


4-ж-42-сонли раёсат қарори





Суд зарарни ташкилот ҳисобидан ундириш ўрнига шахсдан ундириб нотўғри хулосага келган.



Жиззах вилояти жиноят ишлари бўйича Жиззах туман суди томонидан Ж. Жиноят кодекси 266-моддаси 3-қисмининг "а" банди билан 3 йилга транспорт воситаларини бошқариш ҳукуқидан маҳрум қилиниб, 8 йил муддатга озодликдан махрум қилинган.

Суд хукмига кўра Ж. Раллаорол туман МТПга қарашли автомашинани бошқариб кетаётганида йўл четида бўлган автомашинани уриб юбориши натижасида X. ва Р.ларнинг ўлимига сабабчи бўлганликда айбли деб топилган.

Жабрланувчи Э.нинг 823.000 сўмлик зарарни ундириш ҳақидаги даъвоси қаноатлантирилган. Судланувчи Ж.дан жабрланувчи Э.га 823.000 сўм ундириш белгиланган.

Вилоят апелляция инстанцияси суди ушбу жиноят ишини кўриб чиқиб ўзгаришсиз қолдирган.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2000 йил 22 декабрдаги "Транспорт ҳаракати ёки ундан фойдаланиш хавфсизлигига қарши жиноятларга оид ишлар юзасидан суд амалиёти тўғрисида"ги қарорининг 19-бандида "йўл транспорт ҳодисаси фаолияти теварак атрофдагиларга ошиқча хавф туғдирадиган давлат ёки мулкчилик шаклидан қатъи назар, бошқа ташкилотларга тегишли транспорт воситасини бошқараётган шахс томонидан содир этилган бўлса, зарарни қоплаш масаласини ҳал қилишда судлар етказилган зарарни бевосита жиноят содир этган шахсдан эмас, балким ўша ташкилотдан ундиришлари лозим" деб кўрсатилган.

Вилоят суди раёсати юқорида келтирилган асосларга кўра суд хукмини ва вилоят суди апелляция инстанциясининг ажримини ўзгартириб, жабрланувчи Э.га келтирцлган 823000 сўм зарарни унинг фойдасига Раллаорол туман МТПдан ундириш тўғрисида қарор қилган.


28.06.2002-сонли раёсат қарори





Ўғрилик йўли билан талон-торож қилинган мулкни айбдор ўз хоҳишича ишлатиш имкониятига эга бўлган вақтдан бошлаб жиноят тугалланган ҳисобланади.



Жиззах вилояти жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар суди томонидан Т. Жиноят кодекси 169-моддаси 2-қисмининг "г" банди билан ойлик иш ҳақининг 20 фоиз миқдорини давлат фойдасига ундириш белгиланиб, 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш иши жазосига судланган.

Ҳукмга кўра Т. 102.000 сўмлик кабелни ўғрилаб кетганликда айбли деб топилган.

Вилоят суди апелляция инстанцияси суд ҳукмини ўзгаришсиз қолдирган.

Жиноят ишида тўпланган далилларга кўра, Т. 102.000 сўмлик кабелларни ўғрилаб кетаётганда қоровул томонидан ушланганлиги тасдиқланган.

Жиноят кодексининг 25-моддасида "Қасддан содир этилган жиноят бошланиб, шахсга боғлиқ бўлмаган ҳолда охирига етказилмаган бўлса, жиноят содир этишга суиқасд деб топилади" деб кўрсатилган.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1999 йил 30 апрелдаги "Ўзгалар мулкини ўғрилик, талончилик ва босқинчилик билан талон-торож қилиш жиноятлари бўйича суд амалиёти тўғрисида"ги қарорининг 5-бандида ўзгалар мулкини талончилик ва ўғрилик билан эгаллаганда ҳамда айбдор бу мулкдан ўз хоҳишича ишлатиш имкониятига эга бўлган вақтдан бошлаб тугалланган ҳисобланиши қайд этилган.

Суд жиноят ишини кўришда ушбу ҳолатларга етарли даражада ҳуқуқий баҳо бермай, Т.нинг ўғрилик жинояти унга боғлиқ бўлмаган ҳолда охиригача етказилмаган бўлсада, унинг жиноий ҳаракатларини Жиноят кодекси 169-моддаси 2-қисмининг "г" банди билан квалификация қилиб хатоликка йўл қўйган.

Вилоят суди раёсати биринчи инстанция судининг хукмини ва вилоят суди апелляция инстанциясининг ажримини ўзгартириб, Т.нинг жиноий харакатини Жиноят кодекси 169-моддаси 2-қисмининг "г" бандидан, Жиноят кодекси 25 - 169-моддаси 2-қисмининг "г" бандига қайта квалификация қилган.


31.07.2002 сонли раёсат қарори





Айбдор жабрланувчига билдирмасдан ўғрилмк жиноятини содир этаяпман деб ҳаракат қилаётганида, жабрланувчининг кўриб қолишининг ўзи, ҳаракатни талончилик деб квалификация қилишга асос бўлмайди.



Тошкент вилояти жиноят ишлари бўйича Бўстонлиқ туман суди томонидан Б. ва М. Жиноят кодекси 166-моддаси 3-қисмининг "б" банди билан айбли деб топилиб, 6 йил 6 ойга озодликдан маҳрум қилинган. Уларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2001 йил 22 августдаги "Амнистия тўғрисида"ги Фармони 7-моддасининг "а" банди татбиқ этилиб тайинланган жазо ярмига қисқартирилган.

Вилоят суди апелляция инстанциясининг ажрими билан суд ҳукми ўзгаришсиз қолдирилган.

Иш материалларидан кўринишича судланувчилар ярим тунда маст ҳолатда кетаётганларида жабрланувчи Б.нинг уйига магнитафонини ўғрилаш мақсадида деразасидан киришиб, магнитафонни олиб чиқаётганларида, жабрланувчининг уйғониб қолганлиги сабабли судланувчилар ҳодиса жойидан қочиб кетишган.

Ушбу ҳолатда судланувчилар мулкка эгалик килиш мақсадида очиқдан очиқ жабрланувчига аён бўлган харакатларни содир этмаганлар.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1999 йил 30 апрелдаги "Ўзгалар мулкини ўғрилик, тапончилик ва босқинчилик билан талон-торож қилиш жиноят ишлари бўйича суд амалиёти тўғрисида"ги қарорининг 1-бандига асосан, жабрланувчи ёки бошқаларнинг йўқлигида ёки улар бор бўлсада, уларга билдирмасдан мол-мулкини яширин талон-торож қилиш ўғрилик ҳисобланиши, жабрланувчи ёки бошқалар мол-мулкини олинаётганлигини кўрган бўлсада, лекин айбдор билдирмасдан харакат қилаяпман деб ўйлаган бўлса, бундай қилмишни ҳам ўғрилик деб тавсифлаш лозим деб кўрсатилган.

Вилоят суди Раёсати қарори билан юқоридаги Пленум қарорига асосан суд қарорлари ўзгартирилиб, судланувчиларнинг ҳаракатлари Жиноят кодекси 166-моддаси 3-қисмининг "в" бандидан, Жиноят кодекси 169-моддаси 2-қисмининг "в, г" бандларига қайта квалификация қилиниб жазо тайинланиб, уларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2001 йил 22 августдаги "Амнистия тўғрисида"ги Фармони 2-моддаси татбиқ этилиб жазодан озод этилганлар.





Амнистия акти билан шахс қўшимча жазодан озод этилганлиги сабабли суд ҳукми ўзгартирилди.



Тошкент вилояти жиноят ишлари бўйича Бекобод шаҳар судининг хукми билан А. Жиноят кодекси 266-моддасининг 2-қисми билан 3 йил муддатга транспорт воситасини бошқариш хуқуқидан маҳрум қилиниб, 7 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Суднинг хукмига кўра, А. ўзига тегишли бўлган юк автомашинасини бошқариб кетаётганида "Йўл ҳаракати қоидалари"нинг 3,6 ва 12,1 бандлари талабларини бузиб, ўзининг йўналиши бўйича йўлнинг ўнг томонида велосипед бошқариб келаётган фуқаро Н. ва М.ларни уриб юбориб, М.га нисбатан енгил шикаст, Н.га эса оғир шикаст етказганлиги натижасида Н. шифохонада ўлишига сабабчи бўлганликда айбли деб топилган.

Жиноят иши вилоят судининг апелляция инстанциясида кўрилиб суд ҳукми ўзгаришсиз қолдирилган.

Вилоят суди раёсати биринчи инстанция судининг ҳукми ва вилоят суди ажримини куйидаги асосларга кўра ўзгартирди.

Суднинг ҳукмига кўра А. Жиноят кодекси 266-моддасининг 2-қисми билан айбдор деб топилиб, 3 йил муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган ҳолда 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2001 йил 22 августдаги "Амнистия тўғрисида"ги Фармони 2-моддасига асосан белгиланган жазодан озод этилган. Ушбу амнистия тўғрисидаги фармонни қўллаш тартиби ҳақидаги низомнинг 2-бандида асосий жазодан озод этилган маҳкумлар қўшимча жазолардан озод қилинмаслиги кўрсатилган. Бироқ, суд А.га "Амнистия тўғрисида"ги Фармони 2-моддасини татбиқ этиб, асосий ва кўшимча жазодан озод этиб хатоликка йўл кўйган.

Вилоят суди раёсати жиноят ишлари бўйича Бекобод шаҳар судининг А.га нисбатан чиқарилган хукмини ўзгаришсиз қолдирган, вилоят судининг ажримини қисман ўзгартириб, А.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Амнистия тўғрисида"ги Фармони 2-моддасини татбиқ этиб, уни тайинланган асосий жазодан озод қилиб, хукмнинг қолган қисмини ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қилган.


44-ж- 12-сонли раёсат қарори





Биринчи инстанция суди ишни кўриб чиқишда Жиноят кодексининг 15-моддаси ва Жиноят-процессуал кодексининг 13-моддаси талабига риоя қилмасдан ишни якка тартибда кўриб чиққанлиги сабабли ажрим қонуний эмас деб топилди.



Тошкент вилояти жиноят ишлари бўйича Ўртачирчиқ туман судининг ажрими билан Жиноят кодекси 169-моддасининг 3-қисми "а, б" бандлари билан айбланган С. нинг жиноят иши Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2001 йил 22 августдаги "Ўзбекистон Республикаси Мустақиллиги эълон қилинганлигининг ўн йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида"ги Фармони 6-моддасига кўра тугатилган.

Суднинг ажримига кўра С. 2001 йил 20-21 февраль кунлари эри Д. билан ўзаро жиноий тил бириктириб, ўзганинг уйига ғайриқонуний равишда кириб такроран ўғрилик жиноятни содир қилганликда айбли деб топилган.

Суд томонидан С.нинг жиноий хатти-ҳаракатлари тўғри квалификация қилиниб жиноят иши асосли равишда тугатилган.

Бироқ, Жиноят кодекси 15-моддасининг 2 - 3-қисмларида назарда тутилган жиноятлар тўғрисидаги ишлардан ташқари барча ишлар ҳайъатда кўрилиши лозим бўлсада, биринчи инстанция суди Жиноят-процессуал кодексининг 13-моддаси талабларига зид равишда Жиноят кодекси 169-моддаси 3-қисмининг "а, б" бандлари билан айбланган С. га нисбатан жиноят ишини якка тартибда кўриб чиқиб қонунга хилоф равишда ажрим чиқарган. Чунки, С. томонидан оғир жиноят содир этилган бўлиб, оғир жиноят ҳайъатда, яъни судъя ва икки нафар халқ маслаҳатчилари таркибида кўрилади.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди апелляция инстанцияси жиноят ишини кўришда юқоридаги ҳолатга эътибор бермасдан, суд ажримини ўзгаришсиз қолдириб нотўғри хулосага келган.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди раёсатининг қарори билан жиноят ишлари бўйича Ўртачирчиқ туман судининг ҳамда вилоят суди апелляция инстанциясининг С.га нисбатан чиқарилган ажримлари бекор қилиниб, жиноят иши янгидан биринчи инстанция судида кўриш учун юборилган.


44-ж-53 сонли раёсат қарори



Время: 0.0190
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск