ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Прокуратура. Адлия органлари. Нотариат. Адвокатура. Юридик хизмат / Қўшимчалар ва ўзгартиришлар киритилган ҳужжатлар / Прокуратура /

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг 20.11.2007 й. 69-сон "Қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқи судларга ўтказилиши муносабати билан фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясини самарали таъминлаш юзасидан прокурор назоратини кучайтириш тўғрисида"ги Буйруғи

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

БОШ ПРОКУРОРИНИНГ

БУЙРУҒИ

20.11.2007 й.

N 69


ҚАМОҚҚА ОЛИШГА САНКЦИЯ

БЕРИШ ҲУҚУҚИ СУДЛАРГА ЎТКАЗИЛИШИ

МУНОСАБАТИ  БИЛАН  ФУҚАРОЛАРНИНГ

ҲУҚУҚ ВА ЭРКИНЛИКЛАРИ ҲИМОЯСИНИ

САМАРАЛИ   ТАЪМИНЛАШ   ЮЗАСИДАН

ПРОКУРОР НАЗОРАТИНИ КУЧАЙТИРИШ

ТЎҒРИСИДА*



Мустақиллик йилларида давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳалари умумэътироф этилган демократик ғоялар, миллий қадриятлар, Ўзбекистон ўзи танлаган ривожланиш ва тараққиёт йўли асосида тубдан ислоҳ қилинмоқда.

Инсон, унинг ҳаёти, ҳуқуқ ва эркинликлари Ўзбекистон Республикаси Конституциясида энг олий қадрият сифатида эътироф этилди.

Фуқароларнинг эркин ва фаровон ҳаётини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоялашдек ғоят муҳим масалаларга жамиятни демократлаштириш ва янгилаш, мамлакатни модернизация ва ислоҳ этиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли давлат дастурларининг бош мезони сифатида қаралмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 8 августдаги Фармони асосида қабул қилинган "Қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқи судларга ўтказилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қонун суд-ҳуқуқ соҳасида изчил амалга оширилаётган демократик ислоҳотларнинг янги босқичини бошлаб берди.

Жиноят судлов жараёнида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясини янада кафолатлашга хизмат қиладиган ушбу Қонуннинг амалда тўғри татбиқ этилишида суриштирув ва дастлабки тергов устидан назоратни амалга ошираётган прокурорларнинг хизмат вазифаларига юқори масъулият билан ёндашиши муҳим аҳамият касб этади.

Қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқи судларга ўтказилиши муносабати билан дастлабки тергов жараёнида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясини самарали таъминлаш юзасидан прокурор назоратини кучайтириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси "Прокуратура тўғрисида"ги Қонунининг 13-моддасига асосан, БУЮРАМАН:


1. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг тегишли тармоқ бошлиқлари, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар, вилоятлар, туман-шаҳар прокурорлари ҳамда уларга тенглаштирилган прокурорлар жиноят ишлари бўйича суриштирув ва дастлабки тергов босқичларида Ўзбекистон Республикасининг "Қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқи судларга ўтказилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қонунига қатъий риоя қилинишини таъминласинлар.


2. Қонун талабларига кўра, 2008 йил 1 январдан эътиборан дастлабки тергов давомида айбланувчиларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш, шунингдек қамоқда сақлаб туриш муддатини узайтириш жиноят содир қилинган ёки дастлабки тергов юритилаётган жойдаги жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судининг, округ, ҳудудий ҳарбий судининг судьяси томонидан амалга оширилиши инобатга олинсин.


3. Қонунга мувофиқ қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги илтимоснома фақат айбланувчиларга нисбатан, алоҳида ҳолларда эса ушлаб турилган гумон қилинувчиларга нисбатан қонунда назарда тутилган асослар мавжуд бўлганида, тегишли прокурорнинг қарори билан ёки прокурорнинг розилиги асосида терговчининг қарори билан кўзғатилади ва судлар томонидан кўриб чиқилади.

3.1. Қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш ва терғовчининг бу ҳақдаги қарорига розилик бериш бўйича қонунда қайд этилган ваколатлар қуйидаги прокурорларга тегишли бўлиши белгилаб қўйилсин:

- туман-шаҳар миқёсидаги тергов органи иш юритувидаги жиноят ишлари бўйича тегишли туман-шаҳар прокурорлари ва уларга тенглаштирилган прокурорлар ёки уларнинг ўринбосарларига;

- вилоятлар ва уларга тенглаштирилган миқёсдаги тергов органи иш юритувидаги жиноят ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар прокурорлари ва уларга тенглаштирилган прокурорлар ёки уларнинг ўринбосарларига;

- республика миқёсидаги тергов органи иш юритувидаги жиноят ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва унинг ўринбосарларига.

Шунингдек, юқори турувчи прокурорлар ўз ваколатлари доирасида қуйи тергов органлари иш юритувида бўлган жиноят ишлари бўйича қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисида илтимоснома қўзғатиши ёки бундай илтимоснома қўзғатиш ҳақидаги терговчининг қарорига розилик бериши мумкин.


4. Айбланувчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисида илтимоснома қўзғатишда қонунда белгиланган асослар мавжудлигига алоҳида эътибор қаратилсин, эҳтиёт чораси айбланувчининг терговдан бўйин товлашининг ҳамда унинг бундан буёнги жиноий фаолиятининг олдини олиш, шунингдек унинг иш бўйича ҳақиқатни аниқлашга ҳалал берадиган уринишларига йўл қўймаслик, жазонинг муқаррарлигини таъминлаш мақсадида қўлланилиши инобатга олинсин.


5. Қонун талабларига кўра, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиш асосан Жиноят кодексида уч йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо назарда тутилган қасддан содир этилган жиноятларга доир ҳамда эҳтиётсизлик оқибатида содир этилиб, бунинг учун Жиноят кодексида беш йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо назарда тутилган жиноятларга доир ишлар бўйича қўлланилади.

5.1. Алоҳида ҳолларда эса, яъни айбланувчи терговдан яширинганида, ушлаб турилган гумон қилинувчининг шахси аниқланмаганида, илгари қўлланилган эҳтиёт чораси айбланувчи томонидан бузилганида, ушлаб турилган гумон қилинувчи ёки айбланувчи Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш жойига эга бўлмаганида, жиноят қамоқ ёки озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазони ўташ даврида содир этилганида ёхуд бу жазолардан бирортасини ўтаётган шахсга нисбатан бошқа жиноят иши юзасидан тергов олиб борилаётганда, ушбу эҳтиёт чораси уч йилдан ортиқ бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо назарда тутилган қасддан содир этилган жиноятларга доир, шунингдек эҳтиётсизлик оқибатида содир этилиб, бунинг учун беш йилдан ортиқ бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо назарда тутилган жиноятларга доир ишлар бўйича қўлланилади.

5.2. Вояга етмаган шахсга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси фақат қонунда белгиланган асослар мавжуд бўлганда ва унга беш йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш тайинланиши мумкин бўлган қасддан жиноят содир этганликда айб эълон қилинган ҳамда айбланувчининг муносиб хулқ-атворда бўлишини бошқа эҳтиёт чоралари таъминлай олмайдиган тақдирда қўлланиши мумкинлиги ҳақидаги қонун талабларига қатъий риоя қилинсин. Эҳтиётсизлик орқасида содир этилган жиноятлар бўйича вояга етмаганларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўллаш тўғрисида илтимоснома қўзғатилишига йўл қўйилмасин.


6. Қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисида илтимоснома қўзғатишда ва бундай илтимоснома қўзғатиш тўғрисидаги терговчининг қарорига розилик беришда прокурорларнинг шахсий масъулияти оширилсин. Бунда прокурорлар суриштирув ва тергов жараёнида жиноят-процессуал конунчилик талабларига қатъий риоя қилинганлигига, ижтимоий хавфли қилмиш Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан тўғри малакаланганлигига жиноят иши ҳужжатларини ўрганган ҳолда баҳо бериб, зарур ҳолларда қамоққа олинаётганларни шахсан сўроқ қилсинлар.

Прокурорлар вояга етмаган шахсга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш ҳақидаги масалани кўриб чиқишда иш материаллари билан шахсан танишиб чиқиши, илтимосноманинг асослилигини текшириши, ҳодисанинг фавқулоддалигига ишонч ҳосил қилиши ва айбланувчини ушбу эҳтиёт чорасини қўллаш билан боғлиқ ҳолатлар бўйича ҳимоячининг иштирокида сўроқ қилиши шартлиги ҳақидаги қонун талабларини оғишмай бажарсинлар.

6.1. Айбланувчи (гумонланувчи)га нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш ҳақидаги қарорда, шахс гумон қилинаётган ёки айбланаётган жиноий қилмиш квалификацияси, шахсни қамоққа олиш заруратини келтириб чиқарган асослар, шунингдек бошқа турдаги эҳтиёт чорасини қўллаш мумкин эмаслиги ҳақидаги фикрлар баён этилсин.


7. Қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисида илтимоснома қўзғатилаётган жиноят ишида айбланувчининг (гумон қилинувчининг) шахсига оид ва бошқа қуйидаги ҳужжатлар мавжуд бўлиши талаб қилинади:

- шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар;

- яшаш ва иш (ўқиш) жойларидан берилган расмий маълумотлар ҳамда тавсифномалар;

- оилавий аҳволи, вояга етмаган фарзандлари ва қарамоғидаги шахслар ҳақидаги маълумотлар;

- муқаддам судланган ёки судланмаганлиги ҳақидаги ваколатли органлардан олинган маълумотлар (талабномалар);

- айбланувчи терговдан яширинганида, ушлаб турилган гумон қилинувчининг шахси аниқланмаганида, илгари қўлланилган эҳтиёт чораси айбланувчи томонидан бузилганида, ушлаб турилган гумон қилинувчи ёки айбланувчи Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш жойига эга бўлмаганида ушбу ҳолатларни тасдиқловчи ҳужжатлар;

- жиноят иши бўйича етказилган моддий зарарнинг қопланганлиги ҳақидаги ҳужжатлар.


8. Қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш ҳақидаги қарор судга юборилаётганда қуйидаги ҳужжатларнинг нусхалари илова қилинсин:

- жиноят иши қўзғатиш тўғрисидаги қарор;

- шахсни гумон қилинувчи тариқасида ушлаб туриш баённомаси;

- шахсни ишда айбланувчи (гумон қилинувчи) тариқасида иштирок этишга жалб қилиш тўғрисидаги қарор;

- айбланувчининг (гумон қилинувчининг) шахсига оид маълумотлар;

- Жиноят-процессуал кодексининг 239-моддаси иккинчи қисмида кўрсатилган шахсларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги илтимоснома қўзғатилганда, қарорга тегишли давлат органи ёки мансабдор шахснинг розилиги акс эттирилган ҳужжатнинг нусхаси;

- қидирувда бўлган айбланувчига нисбатан қидирув эълон қилиш тўғрисидаги қарор;

- ишда айбланувчининг қонуний вакили ёки ҳимоячининг иштирок этаётганлиги ҳақидаги маълумотлар (ордер, ҳимоячидан воз кечиш ҳақидаги баённома).

Материаллар нусхаси прокурор ёки терговчи томонидан тасдиқланган ва муҳрланган бўлиши шарт.

Гумон қилинувчи, айбланувчи, ҳимоячи (агар у қатнашаётган бўлса) илтимоснома ва унга илова қилинган материаллар билан танишиш тўғрисида мурожаат этган тақдирда уларни судга қадар таништирилиши таъминлансин.


9. Қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги илтимоснома юқорида қайд этилган зарур ҳужжатларни илова қилган ҳолда прокурорнинг алоқа хати билан девонхона орқали расмийлаштирилиб, қонунда белгиланган тартибда зудлик билан тегишли судга тақдим этилсин.

Судья бўлмаганда ёки илтимосномани кўриб чиқишда судьянинг иштирокини истисно этувчи ҳолатлар мавжуд бўлганда, илтимоснома киритган прокурор ёзма равишда мазкур суд раисига, суд бир таркибли бўлганда эса юқори турувчи суд раисига зудлик билан мурожаат қилсин.


10. Жиноят иши бўйича бир йўла икки ва ундан ортиқ айбланувчиларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш зарурати бўлган тақдирда, ушбу эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш ҳақидаги қарор ва илтимосномани асослантирувчи зарур материаллар ҳар бир айбланувчи бўйича алоҳида расмийлаштирилсин ва судга тақдим қилинсин.


11. Суриштирув жараёнида гумон қилинувчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш учун асослар аниқланган тақдирда суриштирувчи Жиноят-процессуал кодексининг 342-моддаси тартибида суриштирув юритиш муддати ўтишини кутмасдан ишни зудлик билан терговчига ўтказсин.

11.1. Ушлаб турилган гумон қилинувчининг шахси аниқланмаганида -ва унинг терговдан қочиб яшириниши мумкинлиги эҳтимолини тасдиқловчи аниқ асослар бўлган тақдирда терговчилар томонидан ушлаб туриш муддати тугашидан камида ўн беш соат олдин қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисида илтимоснома қўзғатилиб, тегишли прокурорларга ёки уларнинг ўринбосарларига жиноят иши ҳужжатлари билан биргаликда тақдим қилинсин.

Тегишли прокурорлар ёки уларнинг ўринбосарлари қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги илтимоснома терговчи томонидан қайси вақтда (дам олиш, байрам кунлари, иш вақти тугаганда) тақдим этилганидан қатъи назар, унга розилик бериш масаласини белгиланган тартибда ҳал қилсинлар.

11.2. Ушлаб турилган гумон қилинувчи ёки айбланувчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш ҳақидаги қарор ва зарур материалларни ушлаб туриш муддати тугашидан камида ўн икки соат олдин судга тақдим қилиш тартибига қатъий риоя қилинсин.

Бундай ҳолларда гумон қилинувчига нисбатан суд томонидан қамоқ тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилса, гумон қилинувчига у ушланган кундан бошлаб ўн кун ичида белгиланган тартибда айб эълон қилиш, акс ҳолда эҳтиёт чорасини бекор қилиб уни қамоқдан озод этиш чоралари кўрилсин.


12. Жиноят процессида иммунитет ҳуқуқидан фойдаланувчи шахсларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисида илтимоснома прокурорлар томонидан тегишли давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг розилиги қонунда белгиланган тартибда олингандан сўнггина қўзғатилсин.

12.1. Адвокатлар фаолиятининг ҳуқуқий кафолатини таъминлаш мақсадида уларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш ҳақидаги қарорлар фақатгина Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар прокурорлари ва уларга тенглаштирилган прокурорлар томонидан қабул қилиниши белгилаб қўйилсин.


13. Гумон қилинувчи ёки айбланувчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги илтимоснома терговчи томонидан етарли асосларсиз қўзғатилган бўлса ёхуд иш ҳолатларига кўра уларга нисбатан бошқа енгилроқ эҳтиёт чорасини қўллаш мақсадга мувофиқ деб топилса, назорат қилувчи прокурор ёки унинг ўринбосари қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги илтимосномага розилик бермаслик сабабларини асослантириб, ёзма кўрсатма билан ҳужжатларни терговчига қайтарсин.

Қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ёки қамоқда сақлаб туриш муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимоснома шахсга нисбатан қамоқ эҳтиёт чорасини танлаш зарурати қолмаганлиги ёки етарли асосларсиз қўзғатилганлиги ёхуд иш ҳолатларига кўра бошқа енгилроқ эҳтиёт чорасини қўллаш мақсадга мувофиқ деб топилса, суд алоҳида хонага киргунга қадар илтимосномани чақириб олиш прокурорлар томонидан таъминлаб борилсин.


14. Қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш, шунингдек қамоқда сақлаб туриш муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимосномаларнинг судда кўрилишида, қоида тариқасида, туман-шаҳар прокурорлари ва уларга тенглаштирилган прокурорлар ёки уларнинг ўринбосарлари қатнашсин.

Алоҳида ҳолларда юқори турувчи прокурорнинг кўрсатмасига асосан ушбу масалаларнинг суд муҳокамасида тегишли илтимосномани судга ким киритгани ва унга розилик берганидан қатъи назар, прокуратура органларининг бошқа ходимлари ҳам иштирок этиши мумкинлиги белгилансин.


15. Қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ёки қамоқда сақлаб туриш муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимосномани судда кўриш жараёнида жиноят иши юзасидан дастлабки тергов даврида қонунбузиш ҳолатларига йўл қўйилганлиги ҳақида маълумотлар аниқланса, бу ҳолатлар бўйича прокурорлар томонидан зудлик билан хизмат текшируви ўтказилиб, айбдор шахсларга нисбатан қонунда белгиланган қатъий чоралар кўрилиши ва натижаси ҳақида судга хабар қилиниши таъминлансин.


16. Қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги илтимосноманинг суд муҳокамасида иштирок этаётган прокурор судьянинг мустақиллиги ҳамда томонларнинг тенглиги ва тортишув тамойилларига қатъий риоя қилган ҳолда ўз маърузасида жиноят тафсилотлари, унинг ижтимоий хавфлилик даражаси, жабрланувчи ва айбланувчининг шахсига доир маълумотлар, айбланувчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш учун мавжуд қонуний асосларни баён қилган ҳолда ушбу эҳтиёт чорасини қўллаш заруратини асослантириб берсин.

16.1. Суд муҳокамасида иштирок этаётган прокурор зарур ҳолларда муҳокамада қатнашиш учун терговчини таклиф этиш ёки қамоқ тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш заруратини асослантирувчи қўшимча далилларни тақдим қилиш мақсадида ушлаб туриш муддатини қирқ саккиз соатдан кўп бўлмаган муддатга узайтириш тўғрисида илтимоснома киритсин ёхуд ўз ташаббуси билан жиноят ишининг муҳокама этилаётган масала юзасидан қонуний ажрим чиқарилишига хизмат қиладиган ҳужжатларни тергов сирини сақлаш қоидаларига амал қилган ҳолда суд эътиборига ҳавола этсин.

16.2. Шунинг билан биргаликда, терговчининг суд муҳокамасидаги иштироки иш юритувидаги жиноят иши бўйича далилларни тўплаш, жиноят туфайли етказилган моддий зиённинг қопланишини таъминлашдек кечиктириб бўлмайдиган тергов ҳаракатларини зудлик билан ўтказиш манфаатларига путур етказмаслиги лозимлиги кўрсатиб ўтилсин.


17. Судьянинг қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ёки уни қўллашни рад этиш тўғрисидаги ажрими ўқиб эшиттирилган пайтдан эътиборан қучга киришини инобатга олиб, прокурорлар ушбу ажримларни тергов органлари томонидан дарҳол ижро қилинишини таъминлаш чораларини кўрсинлар.

17.1. Қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш рад қилинган тақдирда, ўша гумон қилинувчига, айбланувчига нисбатан мазкур масала бўйича такроран судга мурожаат қилишга қамоққа олишни тақозо этадиган янги ҳолатлар юзага келганда, яъни айбловнинг оғирроғига ўзгартирилганлиги, айбланувчининг танланган эҳтиёт чорасини бузганлиги ва бошқа шу каби ҳолатларда йўл қўйилиши мумкинлиги кўрсатиб ўтилсин.


18. Тегишли прокурорлар ёки уларнинг ўринбосарлари қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллашни ёки қамоқда сақлаб туриш муддатини узайтиришни рад этиш тўғрисидаги суд ажримлари билан келишган тақдирда, терговчи томонидан айбланувчига нисбатан бошқа эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисида кўрсатма берсинлар. Судларнинг бундай ажримлари билан келишилмаган тақдирда қонунда белгиланган тартибда апелляция тартибида протест билдирилсин.

Айни вақтда судлар томонидан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш рад қилинган тақдирда, бу ҳақдаги ажрим устидан апелляция шикояти ёки протест билдирилганидан қатъи назар, тергов органлари суд ажримини олгач, ушлаб турилган гумон қилинувчи ёки айбланувчини зудлик билан озод қилишлари лозимлиги алоҳида кўрсатиб ўтилсин.


19. Қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ёки уни қўллашни рад этиш ёхуд қамоқда сақлаб туриш муддатини узайтириш ёки узайтиришни рад этиш тўғрисидаги суд ажримлари устидан билдирилган шикоят ёки протест апелляция инстанцияси судида кўрилаётганда, қоида тариқасида, апелляция протести билдирган прокурорлар қатнашсинлар.

Алоҳида ҳолларда юқори турувчи прокурорнинг кўрсатмасига асосан апелляция инстанцияси судида прокуратура органларининг бошқа ходимлари ҳам иштирок этиши мумкинлиги белгилансин.

Бунда тегишли прокурорлар томонидан қонуний асослар мавжуд бўлган ҳолларда апелляция протестини ўзгартириш, тўлдириш ёки чақириб олиш ваколатларидан самарали фойдаланилсин.


20. Дастлабки тергов босқичида қамоқда сақланаётган айбланувчиларнинг, уларнинг ҳимоячилари ёки бошқа манфаатдор шахсларнинг эҳтиёт чорасини ўзгартириш ёки бекор қилиш тўғрисида прокурорга ёки терговчига йўлланган аризаларининг белгиланган муддатда қонуний ҳал этилиши таъминлансин.

20.1. Жиноят иши тергови жараёнида жиноят натижасида келиб чиққан ижтимоий хавфли оқибатларнинг бартараф қилиниши, айбловнинг енгилроғига ўзгартирилиши, жиноят ишини реабилитация асосларига кўра ёки айблилик тўғрисидаги масалани ҳал қилмай туриб тугатиш учун асослар юзага келиши муносабати билан ёхуд бошқа объектив сабабларга кўра айбланувчини бундан буён қамоқда сақлаб туриш зарурати йўқолган тақдирда прокурор ёки унинг розилиги асосида терговчи мазкур эҳтиёт чорасини ўзгартириш ёки бекор қилиш тўғрисида асослантирилган қарор қабул қилсин. Қабул қилинган қарор хусусида қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаган судга албатта хабар берилсин.


21. Дастлабки тергов даврида айбланувчини қамоқда сақлаб туриш муддатини узайтиришда қонун талабларига қатъий амал қилинсин.

21.1. Қамоқда сақлаб туриш муддатида терговни тамомлашнинг имкони бўлмаган ҳолларда ва эҳтиёт чорасини ўзгартириш учун асослар бўлмаган тақдирда, тегишлича Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори, унинг ўринбосарлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар прокурорлари ва уларга тенглаштирилган прокурорларнинг илтимосномасига асосан суд томонидан узайтирилиши мумкинлиги кўрсатиб ўтилсин.

21.2. Қамоқда сақлаб туриш муддатини узайтириш масаласи юзасидан бунга бўлган зарурат ва асосларни кўрсатган ҳолда терговчи ёки тергов бўлинмалари бошлиқлари назоратни амалга оширувчи прокурорга тақдимнома киритсин.

Айбланувчини қамоқда сақлаб туриш муддатини узайтириш ҳақида илтимоснома киритиш тўғрисидаги тақдимнома 3 ойлик ва 5 ойлик муддат тамом бўлишидан 10 кун, ундан ортиқ қонунда кўрсатилган муддатларга узайтириш талаб этилган ҳолларда қамоқда сақлаб туриш муддати тамом бўлишидан 15 кун олдин ваколатли прокурорга жиноят иши билан биргаликда терговнинг чўзилиб кетганлиги сабаблари, текширилиши лозим бўлган тусмоллар ва ҳолатлар, сўралаётган қўшимча муддат кўрсатилган ҳолда тақдим этилсин.

21.3. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар прокурорлари ва уларга тенглаштирилган прокурорларга қамоқда сақлаб туриш муддатини 5 ойгача узайтириш ҳақида илтимоснома киритиш тўғрисидаги тақдимнома туман-шаҳар миқёсидаги тергов органларининг иш юритувидаги жиноят ишлари бўйича туман-шаҳар прокурорлари ва уларга тенглаштирилган прокурорлар томонидан, вилоят миқёсидаги тергов органларининг иш юритувидаги жиноят ишлари бўйича тегишли орган тергов бошқармаси ва бўлимлари бошлиқлари томонидан тақдим этилсин.

21.4. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига қамоқда сақлаб туриш муддатини 5 ойдан ортиқ муддатга узайтириш ҳақида илтимоснома киритиш тўғрисидаги тақдимнома вилоят прокурорлари ва уларга тенглаштирилган прокурорлар томонидан юқорида белгиланган муддатларда юборилиши таъминлансин.

Республика миқёсидаги тергов органларининг иш юритувидаги жиноят ишлари бўйича қамоқда сақлаб туриш муддатини узайтириш ҳақида илтимоснома киритиш тўғрисидаги тақдимнома тегишли орган тергов маҳкамаси раҳбарлари томонидан тақдим этилиши белгилаб қўйилсин.

21.5. Бош прокуратура, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар прокуратуралари ва уларга тенглаштирилган прокуратураларнинг дастлабки тергов устидан назоратни амалга оширувчи тегишли тармоқлари қамоқда сақлаб туриш муддатини узайтириш ҳақида илтимоснома киритиш тўғрисидаги тақдимномаларни жиноят иши ҳужжатлари билан биргаликда ўрганиб чиқиб, унинг асослилиги юзасидан иш ҳолатлари ва тўпланган далилларга таяниб хулоса тузсинлар ва якуний қарор қабул қилиш учун ваколатли прокурорларга тақдим этсинлар.

21.6. Прокурорлар томонидан қамоқда сақлаб туриш муддатини узайтириш ҳақида илтимоснома киритиш тўғрисидаги тақдимнома қувватланган тақдирда, бу ҳақда тегишли қарор қабул қилиб, ушбу қарорни ва уни асослантирувчи зарур материалларни қамоқда сақлаб туришнинг белгиланган муддати тугашидан камида олти сутка олдин тақдимнома киритган тергов органи орқали судга тақдим этсинлар.

Прокурорлар томонидан қамоқда сақлаб туриш муддатини узайтириш ҳақида илтимоснома киритиш тўғрисидаги тақдимнома қувватланмаган тақдирда, унинг асосларини баён этган ҳолда ёзма кўрсатма билан ҳужжатлар тегишлилиги бўйича қайтарилсин.

21.7. Жиноят иши бўйича икки ва ундан ортик айбланувчиларнинг қамоқда сақлаб туриш муддатини узайтириш зарурати мавжуд бўлганида, унда тегишли қарор ва уни асослантирувчи зарур материаллар ҳар бир айбланувчи бўйича алоҳида расмийлаштирилиши лозимлиги кўрсатиб ўтилсин.


22. Ушлаб турилган гумон қилинувчи ёки айбланувчини қамоққа олиш, айбланувчини қамоқда сақлаб туриш муддатини узайтириш масаласи судда муҳокама қилинаётганда уларни суд мажлисига олиб келиш, суд муҳокамаси натижаларига кўра гумон қилинувчи ёки айбланувчини ушлаб турилганларни сақлаш жойларига ёки тергов ҳибсхоналарига белгиланган тартибда жойлаштириш ёхуд уларни дарҳол озод қилиш чораларини кўриш жиноят ишини тергов қилаётган органлар зиммасига юклатилганлигига эътибор қаратилсин.


23. Қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ёки қамоқда сақлаш муддатини узайтиришнинг алоҳида тартиби белгиланганлиги сабабли, 2008 йил 1 январга қадар прокурор томонидан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган бўлса, бундай шахсга нисбатан қамоқка олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини суд томонидан қайтадан қўллаш талаб этилмаслиги инобатга олинсин.

23.1. 2008 йил 1 январга қадар қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ёки қамоқда сақлаб туриш муддатини узайтириш тўғрисидаги қабул қилинган қарорлар ЖПКда белгиланган муддат доирасида амал қилади. Бундай ҳолларда қамоқда сақлаш муддатлари шахс ЖПКнинг 221-моддаси тартибида ушланган ёки қамоққа олинган кундан, қидирувда бўлган шахслар учун эса улар ушланган кундан бошлаб ҳисобланади.

Мазкур ҳолатларда қамоқда сақлаб туришнинг процессуал муддатлари тугагач, айбланувчига нисбатан эҳтиёт чорасини ўзгартиришга асослар бўлмаса, қамоқда сақлаб туриш муддатини узайтириш тўғрисида умумий тартибда тегишли судга илтимоснома киритилади.


24. Бош прокуратуранинг Олий ўқув курслари тегишли тармоқ раҳбарлари, вилоят прокурорлари ва уларга тенглаштирилган прокурорлар билан биргаликда ирокуратура органлари ходимларига мазкур буйруқ талабларини ўргатиш, амалиётда тўғри татбиқ этилишини таъминлаш мақсадида услубий қўлланмалар ва тавсиялар тайёрлаб, мунтазам равишда ўқув машғулотлари ўтказилишини ташкил этсин.


25. Мазкур буйруқнинг қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг амалдаги айрим буйруқларига иловага мувофиқ ўзгартиш ва қўшимчалар киритилсин.


26. Буйруқ 2008 йил 1 январдан кучга кириб, унинг бажарилиши устидан назоратни амалга ошириш Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ўринбосарларига юклатилсин.


27. Буйруқ прокуратура органларининг барча ходимларига ижросини таъминлаш учун етказилсин ҳамда ваколатли органларнинг терговчилари ва суриштирувчиларига эълон қилинсин.



Ўзбекистон Республикаси

Бош прокурори 1-даражали

давлат адлия маслаҳатчиси                                                Р.Ҳ. Қодиров






Ўзбекистон Республикаси

Бош прокурорининг

2007 йил 20 ноябрдаги

69-сон буйруғига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг

айрим буйруқларига киритиладиган

қўшимча ва ўзгартиришлар


1. Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг 2004 йил 12 апрелдаги 4-сон буйруғи билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг Ички ишлар вазирлиги органларида қонунлар ижроси устидан назорат бошқармаси тўғрисидаги Низомнинг:

а) 2.8-бандида "қамоққа олиш" деган сўзлар "қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш" деган сўзлар билан алмаштирилсин;

б) 2.11-бандида "узайтириш ҳақидаги қарорларнинг" деган сўзлар "узайтириш юзасидан тузилган процессуал ҳужжатларнинг" деган сўзлар билан алмаштирилсин;

р) 5.7-бандида "қамоққа олиш" деган сўзлар чиқариб ташлансин, "тинтув ўтказиш ҳақидаги қарорларни" деган сўзларидан кейин "ва суднинг қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ҳақидаги ажримини" деган сўзлар билан тўлдирилсин;

г) 5.8-бандида "узайтириш ҳақидаги қарорларини" деган сўзлар "узайтириш юзасидан тузилган процессуал ҳужжатларини" деган сўзлар билан алмаштирилсин.


2. Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг 2004 йил 12 апрелдаги 7-сон буйруғи билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг Қуролли кучлар, Миллий хавфсизлик хизмати ва божхона органларида қонунлар ижроси устидан назорат бошқармаси тўғрисидаги Низомнинг 2.6-бандида "қамоққа олиш" деган сўзлар "қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш" деган сўзлар билан алмаштирилсин.


3. Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг 2004 йил 12 апрелдаги 8-сон буйруғи билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг Иқтисодий жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси тўғрисидаги Низомнинг 2.12 ва 6.2-бандларида "ҳибсга олиш" деган сўзлар "қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш" деган сўзлар билан алмаштирилсин.


4. Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг 2004 йил 23 апрелдаги 18-сон буйруғи билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг Жиноятларни тергов қилиш бошқармаси тўғрисидаги Низомнинг 2.2-банди иккинчи хатбоши ва 6.2-бандида "ҳибсга олиш" деган сўзлар "қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш" деган сўзлар билан алмаштирилсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг 2004 йил 11 майдаги 20-сон буйруғи билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг Халқаро-ҳуқуқий бўлими тўғрисидаги Низомнинг 2.10-банди биринчи хатбошида "ва қамоққа олиш" деган сўзлар "ва қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш" деган сўзлар билан алмаштирилсин.


6. Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг 2004 йил 22 июндаги "Халқаро-ҳуқуқий муносабатларда қонунлар ижроси устидан прокурор назоратини янада такомиллаштириш тўғрисида"ги 26-сон буйруғининг 11-бандида "қамоққа олиш" деган сўзлар "қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш" деган сўзлар билан алмаштирилсин.


7. Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг 2004 йил 22 июндаги "Вояга етмаганлар ҳақидаги қонунлар ижроси устидан прокурорлик назорати фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида"ги 27-сон буйруғининг:

а) 13-бандида "қамоққа олиш" деган сўзлар "қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш" деган сўзлар билан алмаштирилсин;

б) 13.1-банди қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"Прокурорлар вояга етмаган шахсга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш ҳақидаги масалани кўриб чиқишда иш материаллари билан шахсан танишиб чиқиши, илтимосноманинг асослилигини текшириши, ҳодисанинг фавқулоддалигига ишонч ҳосил қилиши ва айбланувчини ушбу эҳтиёт чорасини қўллаш билан боғлиқ ҳолатлар бўйича ҳимоячининг иштирокида сўроқ қилиши шартлиги ҳақидаги қонун талабларини оғишмай бажарсинлар".


8. Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг 2004 йил 9 декабрдаги "Жиноятчиликка қарши кураш, унинг олдини олиш ҳамда суриштирув ва дастлабки тергов ўтказишда қонунларнинг аниқ бажарилиши устидан прокурор назоратини янада такомиллаштириш тўғрисида"ги 31-сон буйруғининг:

а) 6.8, 6.11-бандлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин;

б) 6.10-бандида "ҳибсга олиш" деган сўзлар "қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш" деган сўзлар билан алмаштирилсин;

в) 9-бандида "қамоққа олишга санкция бериш, айбланувчини қамоқда ушлаб туриш ва" деган сўзлар чиқариб ташлансин;

г) 10-бандида "ва айбланувчини қамоқда сақлаш" деган сўзлар чиқариб ташлансин;

д) 10.1-бандида "ва айбланувчини қамоқда сақлаш" деган сўзлар чиқариб ташлансин;

е) 10.2-бандида "ва айбланувчини қамоқда сақлаб туриш" ва "ва қамоқда сақлаш муддати" деган сўзлар чиқариб ташлансин;

ж) 10.3-банди биринчи хатбошида "тергов ва қамоқда сақлаш муддатларини узайтириш ҳақидаги илтимосномалар" деган сўзлар "тергов муддатини узайтириш ҳақидаги илтимоснома" деган сўзлар билан, иккинчи хатбошида "тергов ва айбланувчини қамоқда ушлаб туриш муддатларини" деган сўзлар "тергов муддатини" деган сўзлар билан алмаштирилсин.


9. Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг 2004 йил 9 декабрдаги "Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари, Миллий хавфсизлик хизмати ва божхона органларида қонунлар ижроси устидан прокурор назоратини такомиллаштириш ҳақида"ги 34-сон буйруғининг 6.1-банди иккинчи хатбошида "гумонланувчи ёки айбланувчиларни қамоққа олишга рухсат бериш, қамоқда сақлаб туриш ҳамда тергов муддатларини узайтириш" деган сўзлар "гумонланувчи ёки айбланувчиларга нисбатан қамоқ тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш ёки бундай илтимосномага розилик бериш, қамоқда сақлаб туриш муддатини узайтириш тўғрисида илтимоснома киритиш ҳамда тергов муддатини узайтириш" деган сўзлар билан алмаштирилсин.


10. Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг 2005 йил 17 февралдаги "Жиноят процессида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясини таъминлаш юзасидан прокурор назоратини тубдан яхшилаш тўғрисида"ги 40-сон буйруғининг:

а) 5-банди иккинчи хатбошида "тергов ва суриштирув органлари томонидан" деган сўзлар "суриштирув ва дастлабки тергов даврида" деган сўзлар билан алмаштирилсин;

б) 6 ва 7-бандлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин;

в) 9-бандида "қамоқда сақлаш муддатларини узайтириш" деган сўзлар "қамоқда сақлаб туриш муддатларини белгиланган тартибда узайтириш масаласи кўриб чиқилаётганда" деган сўзлар билан алмаштирилсин;

г) 20-банди иккинчи ва учинчи хатбошида "қамоққа олиш" деган сўзлар "қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш" деган сўзлар билан алмаштирилсин;

д) 21-бандида "қамоққа олиш" деган сўзлар "қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш" деган сўзлар билан алмаштирилсин.


11. Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг 2005 йил 27 июндаги 46-сон буйруғи билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг Ахборот-таҳлил бўлими тўғрисидаги Низомнинг 46-банди иккинчи хатбошидаги "қамоққа олиш" деган сўзлар чиқариб ташлансин, "тинтув ўтказиш ҳақидаги қарорларни" деган сўзларидан кейин "ва суднинг қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ҳақидаги ажримини" деган сўзлар билан тўлдирилсин.


12. Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг 2005 йил 27 июндаги 47-сон буйруғи билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг Прокуратура органларида терговни назорат қилиш бошқармаси ҳақидаги Низомнинг:

а) 2.7-бандида "қамоққа олиш" деган сўзлар "қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш" деган сўзлар билан алмаштирилсин;

б) 2.8-бандида "узайтириш ҳақидаги қарорларнинг" деган сўзлар "узайтириш юзасидан тузилган процессуал ҳужжатларнинг" деган сўзлар билан алмаштирилсин;

в) 5.7-бандининг иккинчи хатбошида "қамоққа олиш" деган сўзлар чиқариб ташлансин, "тинтув ўтказиш ҳақидаги қарорларни" деган сўзларидан кейин "ва суднинг қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ҳақидаги ажримини" деган сўзлар билан тўлдирилсин.



*) 2008 йил 1 январдан кучга киради.


















































Время: 0.0281
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск