язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Ёқилғи-энергетика комплекси/ Умумий қоидалар/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 25.11.2015 й. 343-сон “Республиканинг чорвачилик ва паррандачилик хўжаликларида биогаз қурилмалари қуришни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

25.11.2015 й.

N 343



РЕСПУБЛИКАНИНГ ЧОРВАЧИЛИК ВА

ПАРРАНДАЧИЛИК ХЎЖАЛИКЛАРИДА БИОГАЗ

ҚУРИЛМАЛАРИ ҚУРИШНИ РАҒБАТЛАНТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 5 майдаги ПҚ-2343-сон қарори билан маъқулланган 2015-2019 йилларда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия сиғимини қисқартириш, энергияни тежайдиган технологияларни жорий этиш чора-тадбирлари дастурини ижро этиш юзасидан, республиканинг чорвачилик ва паррандачилик хўжаликларида биогаз қурилмалари қуришни рағбатлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Қуйидагилар:

2008-2014 йиллар мобайнида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастури (БМТ ТД), Глобал экологик жамғарма (ГЭФ) доирасида Ўзбекистон Республикасида бажарилган, фермер хўжаликларида биогаз қурилмалари қуриш бўйича амалга оширилган тажриба лойиҳалари асосида биогаз қурилмаларини амалда кенг жорий этиш ва биогаз энергиядан фойдаланиш имкониятлари синовдан ўтказилганлиги;

"Ўзстандарт" агентлиги томонидан "O`zDSt 2798:2013 Биогаз қурилмалари. Умумий техник шартлар" Ўзбекистон Республикаси Давлат стандарти амалга киритилганлиги;

биогаз қурилмаларидан фойдаланувчи ташкилотлар, шунингдек биогаз қурилмалари ишлаб чиқаришга ихтисослашадиган ташкилотлар, тегишли равишда, энергиянинг тикланадиган манбаларидан энергия ишлаб чиқариш қурилмалари қўлланилган ҳолда энергия ишлаб чиқарувчи ташкилотлар ва тикланадиган манбалардан энергия ишлаб чиқариш қурилмалари ишлаб чиқаришга ихтисослашадиган ташкилотлар ҳисобланиши;

биогаз қурилмаларидан (номинал қуввати 0,1 МВт ва ундан ортиқ) фойдаланувчи ташкилотларга, шунингдек биогаз қурилмалари ишлаб чиқаришга ихтисослашадиган ташкилотларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2015-2019 йилларда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия сиғимини қисқартириш, энергияни тежайдиган технологияларни жорий этиш чора-тадбирлари дастури тўғрисида" 2015 йил 5 майдаги ПҚ-2343-сон қарорининг 5-банди ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2017-2021 йилларда қайта тикланувчи энергетикани янада ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида" 2017 йил 26 майдаги ПҚ-3012-сон қарорининг 10-банди татбиқ этилиши;

Халқаро тараққиёт ассоциацияси иштирокида "Қишлоқ хўжалиги корхоналарини қўллаб-қувватлаш. II босқич" лойиҳасининг "Қишлоқ хўжалигини барқарор ривожлантириш ва иқлим ўзгариши оқибатларини пасайтириш" қисмини амалга ошириш учун энергияни тежайдиган технологияларни ва энергиянинг муқобил манбаларини жорий этишга Глобал экологик жамғарма (ГЭФ) траст фондининг 12,699 млн. АҚШ доллари миқдоридаги грантлари ажратилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари:

Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари билан биргаликда биогаз қурилмалари қуриш лойиҳалари ташаббускорларининг буюртманомалари бўйича рухсат бериш тартиб-қоидаларидан ўтиш учун белгиланган тартибда ва муддатларда "ягона дарча" принципи бўйича ер участкалари ажратилишини ва ваколатли ташкилотлар томонидан қурилиш-монтаж ишларини амалга оширишга рухсатномалар берилишини;

рухсат бериш тартиб-қоидаларидан ўтиш муддатларига риоя қилиниши, биогаз қурилмалари қуриш, уларни ишга тушириш ва улардан фойдаланишда бюрократик тўсиқларни бартараф этиш устидан амалий назоратни таъминласинлар.


3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Халқаро тараққиёт ассоциацияси иштирокида "Қишлоқ хўжалиги корхоналарини қўллаб-қувватлаш. II босқич" лойиҳасини амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2014 йил 14 февралдаги ПҚ-2129-сон қарорига мувофиқ лойиҳани амалга ошириш доирасида хорижий валютадаги субкредитлар ажратиш тижорат банкининг маржаси 3 фоиздан ортиқ бўлмаган ва миллий валютада - 4,5 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорда ундирилган ҳолда амалга оширилиши маълумот учун қабул қилинсин.

Агросаноат комплекси ва озиқ-овқат таъминоти соҳасида лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги "Қишлоқ хўжалиги корхоналарини қўллаб-қувватлаш. II босқич" лойиҳасини амалга ошириш доирасида белгиланган тартибда:

"Ҳамкорбанк" АТБ, "Туронбанк" АТБ, "Қишлоқ қурилиш банк" АТБ, "Халқ банки" АТ, "Ипак йўли" АИТБ, "Ўзсаноатқурилишбанк" АТБнинг буюртманомалари бўйича биогаз қурилмаларини қуриш учун грантлар берилишини;

биогаз қурилмаларини қуриш, махсус асбоб-ускуналарни монтаж қилиш ва улардан фойдаланиш бўйича методик тавсиялар, шунингдек биогаз қурилмаларининг намунавий лойиҳаси ишлаб чиқилишини ва тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигига тақдим этилишини ташкил этсин.


4. Тижорат банкларига биогаз қурилмалари қуриш лойиҳаларининг ташаббускорларига Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкасидан юқори бўлмаган фоиз ставкаси бўйича кредитлар бериш тавсия этилсин.


5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги билан биргаликда:

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги билан келишган ҳолда чорвачилик ва паррандачилик хўжаликларида биогаз қурилмалари қуришнинг ҳудудий манзилли дастурларини уч ой муддатда ишлаб чиқсинлар ва белгиланган тартибда тасдиқласинлар;

биогаз қурилмалари ишлаб чиқариш бўйича лойиҳалар Саноат кооперацияси асосида тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастурига киритилишини ташкилотлар ва потенциал тадбиркорларга етказиш бўйича амалий чора-тадбирлар кўрсинлар;

тегишли лойиҳаларнинг ҳужжатларини кейинчалик Саноат кооперацияси асосида тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастурига киритиш учун ишлаб чиқиш ва белгиланган тартибда тақдим этишда биогаз қурилмалари учун асбоб-ускуналар, эҳтиёт қисмлар ва бутловчи буюмлар ишлаб чиқариш бошланишига қараб биогаз қурилмалари ишлаб чиқаришга ихтисослашадиган ташкилотларга кўмаклашсинлар.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги тақдим этилган ҳужжатларни белгиланган тартибда кўриб чиқсинлар ҳамда Вазирлар Маҳкамасига кўриб чиқиш учун киритсинлар.

6. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги 2016/2017 ўқув йилидан бошлаб қишлоқ ва сув хўжалиги бўйича олий, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими муассасаларининг тегишли ўқув фанлари дастурларига "Қишлоқ хўжалиги техникаси" таълим соҳаси йўналишлари ва "Қишлоқ хўжалигини механизациялаш" ва "Қишлоқ хўжалигини электрлаштириш ва автоматлаштириш" йўналишлари доирасида "Биогаз қурилмалари. Қуриш ва улардан фойдаланиш" мавзулари (бўлимлар)ни киритишни назарда тутсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси 2016 йил 1 январдан бошлаб статистика ҳисоботининг амалдаги шакллари доирасида ишга туширилган биогаз қурилмалари сони ҳамда улар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулот ҳажмлари ҳисоби юритилишини назарда тутсин.


8. Белгилаб қўйилсинки:

тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда электр энергияси ишлаб чиқарувчи электр энергияси истеъмолчилари ортиқча ишлаб чиқарилган электр энергиясини етказиб бериш учун ягона электр энергияси тизими билан параллел тарзда барқарор ишлашни таъминловчи махсус қурилмалар воситасида уланишга доир техник шартлар олингандан ва бажарилгандан кейин ягона электр энергияси тизимининг электр тармоқларига уланишлари мумкин, шунингдек электр энергияси сифатига қўйиладиган талабларни бажаришга, "Ўзбекэнерго" акциядорлик жамиятининг белгиланган диспетчерлик режимига риоя қилишга, тизим операторининг ва юқори турувчи тезкор-диспетчерлик хизматларининг кўрсатмаларига ва фармойишларига бўйсунишга мажбурдирлар;

тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқарилган, истеъмолчилар томонидан ягона электр энергияси тизимининг электр тармоқларига етказиб бериладиган электр энергияси учун ҳисоб-китоблар охирги истеъмолчилар учун белгиланган тарифлар бўйича, электр таъминоти корхоналарининг электр энергиясини узатиш бўйича харажатларини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади;

ягона электр энергияси тизимига электр энергияси етказиб беришнинг йиллик ҳажмлари тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда электр энергияси ишлаб чиқарувчи электр энергияси истеъмолчилари билан "Ўзбекэнерго" акциядорлик жамияти ўртасидаги шартнома билан тасдиқланади ва расмийлаштирилади.


9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ғ.И. Ибрагимов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                      Ш. Мирзиёев



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2015 йил 30 ноябрь, 47-сон, 599-модда