язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия ва спорт. Туризм/ Жисмоний тарбия ва спорт/ Спорт соҳасини бошқариш, спортчиларни тайёрлаш/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 23.11.2015 й. ПҚ-2438-сон “Олий маҳорат спорт мактабларини ташкил этиш тўғрисида”ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

23.11.2015 й.

N ПҚ-2438



ОЛИЙ МАҲОРАТ СПОРТ МАКТАБЛАРИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА


Мамлакатимизда Ўзбекистон шарафини жаҳон спорт майдонлари - Олимпия ва Осиё ўйинларида, жаҳон ва Осиё чемпионатларида, бошқа халқаро мусобақаларда муносиб ҳимоя қилишга қодир бўлган халқаро даражадаги спортчиларни тайёрлаш бўйича самарали тизимни яратиш, бунинг учун халқаро стандартларга жавоб берадиган, замонавий спорт ускуналари билан жиҳозланган ўқув-машқ базаларини шакллантириш, спортчиларни тайёрлаш жараёнига энг янги илмий-методик технологияларни эгаллаган юқори малакали мураббий-ўқитувчи кадрларни кенг жалб қилиш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасининг 2016-2020 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳрида 14 та олий маҳорат спорт мактабларини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.


2. Олий маҳорат спорт мактаблари фаолиятининг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгилансин:

зарур спорт анжомлари ва ускуналари билан жиҳозланган, замонавий халқаро талаблар ва стандартларга жавоб берадиган моддий-техник ҳамда ўқув-машғулот базаларини яратиш ва турли даражадаги халқаро мусобақаларда - жаҳон ва Осиё чемпионатлари, Олимпия ва Осиё ўйинлари, Универсиадалар ҳамда бошқа халқаро ва минтақавий мусобақаларда Ўзбекистоннинг шарафини муносиб ҳимоя қилишга қодир бўлган халқаро даражадаги спортчиларни тайёрлашда ушбу базалардан самарали фойдаланиш;

халқаро даражадаги спортчиларни тайёрлаш учун юқори малакали мутахассисларни - мураббийлар, психологлар ва услубчиларни, шу жумладан, хорижий давлатлардан етакчи мутахассисларни кенг жалб этиш орқали олий маҳорат спорт мактаблари мураббий-ўқитувчилари таркибини мустаҳкамлаш;

спортчиларнинг ўқув-машғулот жараёнини халқаро стандартлар даражасида ташкил этиш, илғор халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда, ўқув-машқ жараёнларига энг янги илмий-услубий технологияларни жорий этиш йўли билан уларни назарий ва техник-тактик жиҳатдан тайёрлаш сифатини мунтазам ошириб бориш;

ёш истиқболли спортчиларни танлаб олиш ва тарбиялаш масалалари бўйича болалар-ўсмирлар спорт мактаблари, ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатлари билан узлуксиз ҳамкорликни амалга ошириш, уларга ўқув-услубий ҳамда меъёрий-ахборот ёрдами кўрсатишни таъминлаш;

олий маҳорат спорт мактаблари базасида миллий терма жамоалар ва уларнинг захиралари иштирокида ўқув-машқ йиғинлари, республика ва минтақавий спорт беллашувларини ташкил этиш ва мунтазам равишда ўтказиб бориш, мураббийлар ҳамда спортчиларнинг касб маҳорати даражасини ошириш учун тажриба алмашиш мақсадида хорижий спорт мактаблари, клублари ва марказлари билан ҳамкорликни ривожлантириш.


3. Қуйидагилар:

2016-2020 йилларда республика минтақаларида ташкил этиладиган олий маҳорат спорт мактаблари рўйхати 1-иловага* мувофиқ;

спорт турлари бўйича тасдиқланган ихтисослашувни ҳисобга олган ҳолда олий маҳорат спорт мактабларини ташкил этиш тадбирлари режаси 2-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.


4. Қурилиш вазирлиги лойиҳалаш ташкилотлари ўртасида танлов ўтказсин ва мазкур қарорнинг 1-иловасида* тасдиқланган қурилиш муддатларига мувофиқ спорт турлари бўйича ихтисослашувни ҳамда жойлаштиришнинг иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда олий маҳорат спорт мактабларининг аниқ лойиҳаларини тайёрласин. Бунда, шунга ўхшаш объектлар қуриб бўлинган хорижий мамлакатларнинг тажрибаси албатта ўрганиб чиқилсин.

5. Белгилансинки,

олий маҳорат спорт мактаблари юридик шахс мақомига эга спорт-таълим муассасалари ҳисобланади ҳамда ўз фаолиятларида Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигига ҳисобот беради, уларнинг ихтисослашуви эса минтақаларда шаклланган спорт мактаблари ва анъаналари, мураббий-ўқитувчилар таркиби ҳамда эришилган спорт ютуқлари билан белгиланади;

олий маҳорат спорт мактабларининг контингентини спорт турлари бўйича миллий терма жамоаларнинг асосий таркиби ва уларнинг захирадаги спортчилари ташкил этади, улар бепул яшаб, тўрт маҳал овқат, шунингдек спорт формаси ва анжомлари билан таъминланади.


6. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан маъқулланган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрлари доирасида, 2016 йилдан бошлаб, олий маҳорат спорт мактабларини ташкил этиш бўйича тадбирлар Режасида назарда тутилган лойиҳалаштириш, қуриш ва бошқа харажатларга кетадиган зарур молиявий маблағларни топсин;

ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларини тасдиқлашда, мазкур қарорга мувофиқ, олий маҳорат спорт мактаблари қурилиши, жорий таъминоти ва уларни жиҳозлаш билан боғлиқ сарф-харажатларни молиялаштириш учун бюджет маблағлари мақсадли ажратилишини назарда тутсин.


7. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳар йилнинг 1 январигача мазкур қарорнинг 1-иловасида* кўрсатилган олий маҳорат спорт мактабларини қура бошлаш муддатларига мувофиқ уларни қуриш учун ер майдонларини ажратиш тўғрисида қарор қабул қилинишини таъминласин.


8. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигига мазкур қарорнинг 1-иловасида* кўрсатилган олий маҳорат спорт мактаблари фойдаланишга топширилганидан сўнг бир ой муддатда уларнинг тузилмасини тасдиқлашни, жумладан, етакчи хорижий мутахассисларни жалб қилган ҳолда уларни юқори малакали мураббий-ўқитувчилар таркиби билан тўлдиришни, спорт мактабларининг ихтисослашувидан келиб чиққан ҳолда ўқув-машқ хоналарини зарур моддий-техник база билан, шунингдек тегишли ўқув-услубий адабиётлар ҳамда ўқув-машқ дастурлари билан таъминласин.

9. Спорт турлари бўйича федерацияларга (уюшмаларга):

олий маҳорат спорт мактабларининг ўқув-машқ жараёнини такомиллаштиришда тизимли асосда ташкилий-кадрлар ва ўқув-услубий ёрдам кўрсатиш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга, юқори малакали мураббий-ўқитувчилар таркиби билан таъминлашда, халқаро спорт ҳамкорлигини ривожлантиришда, мусобақалар ва ўқув-машқ йиғинларини ўтказишда кўмаклашиш;

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда халқаро спорт ташкилотлари мураббийларини ўқитиш дастурларидан фойдаланган ҳолда олий маҳорат спорт мактабларининг мураббийлари учун ўқув семинарлари ва маҳорат дарсларини ташкил этиш, шунингдек ўқув-машғулот жараёнига спорт турлари бўйича федерациялар (уюшмалар)нинг кадрлари ва илмий-услубий салоҳиятини жалб этиш тавсия қилинсин.

11. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳрида олий маҳорат спорт мактаблари фаолиятини ташкил этиш юзасидан қарор қабул қилсин, қарорда олий маҳорат спорт мактаблари тўғрисидаги низомни, шунингдек спорт мактаблари спортчиларини яшаш жиҳозлари, овқатланиш, спорт формаси ва анжомлари билан таъминлаш меъёрларини, молиялаштириш манбаларини тасдиқлаш назарда тутилсин.

12. Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги Адлия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


13. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. Мирзиёев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                И. Каримов



*) Иловалар рус тилидаги матнда берилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2015 йил 30 ноябрь, 47-сон, 595-модда