язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Қишлоқ ва сув хўжалиги/ Фермер хўжаликлари/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 15.12.2015 й. 362-сон "Фермер хўжаликларини юритиш учун берилган ер участкалари майдонларини мақбуллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

15.12.2015 й.

N 362



ФЕРМЕР ХЎЖАЛИКЛАРИНИ ЮРИТИШ

УЧУН БЕРИЛГАН ЕР УЧАСТКАЛАРИ

МАЙДОНЛАРИНИ МАҚБУЛЛАШТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Фермер хўжаликлари фаолияти самарадорлигини янада ошириш, шунингдек ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланилишини таъминлаш, фермер хўжаликларининг молиявий ва иқтисодий ҳолатини мустаҳкамлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича Республика комиссияси қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари томонидан ҳудудий фермерлар кенгашлари, фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирокида ҳамда жамоатчиликни кенг жалб этган ҳолда:

фермер хўжаликларини юритиш учун берилган ер участкалари майдонларини хатловдан ўтказиш, улардан самарали ва оқилона фойдаланилишини танқидий таҳлил қилиш;

фермер хўжаликларининг молиявий ва иқтисодий ҳолатини, фермер хўжаликлари фаолиятини самарали амалга ошириш, ер участкасининг ижара шартномаси шартларини, фермер хўжаликлари ва тайёрлов ташкилотлари ўртасида, энг аввало, давлат эҳтиёжлари учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиш бўйича тузилган контрактация шартномаларини бажариш учун моддий-техника базасининг, меҳнат ресурслари ва айланма маблағларнинг мавжудлигини ўрганиш;

фермер хўжаликларини юритиш учун берилган ер участкалари майдонларини ҳудудларнинг меҳнат ресурслари билан таъминланганлик даражасини, аҳоли зичлигини, фермер хўжаликларининг иқтисодий ва молиявий кўрсаткичларини назарда тутиб, улар ишларининг самарадорлигини, тегишли касбий жиҳатдан тайёрланган кадрлар салоҳияти мавжудлигини ҳисобга олган ҳолда янада мақбуллаштириш ишлари амалга оширилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


2. Қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича Республика комиссияси томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари билан биргаликда ишлаб чиқилган, халқ депутатлари туман ва вилоятлар Кенгашлари томонидан кўриб чиқилган ва тасдиқланган:

фермер хўжаликларини юритиш учун берилган ер участкалари майдонларини янада мақбуллаштиришнинг, уларнинг ихтисослашуви асосий йўналишларига кўра Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар бўйича йиғма якунлари 1, 1-1 - 1-5-иловаларга* мувофиқ;

фермер хўжаликларини мақбуллаштириш якунларига кўра Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва туманлар бўйича фермер хўжаликлари сони ва уларнинг ихтисослашуви йўналишларини ҳисобга олган ҳолда уларга бериладиган ер участкаларининг ўртача майдонлари 2, 2-1 - 2-13-иловаларга* мувофиқ маъқуллансин.


3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги:

Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси билан биргаликда бир ҳафта муддатда янги ташкил этилган фермер хўжаликлари раҳбарлари билан, шунингдек ер участкалари мақбуллаштирилган фермер хўжаликлари раҳбарлари билан ер участкаларини узоқ муддатга ижарага олиш шартномалари тузиш чора-тадбирларини кўрсинлар;

"Ўздонмаҳсулот" АК билан биргаликда ўн кун муддатда 2016 йил ҳосилидан давлат эҳтиёжлари учун бошоқли экинлар дони сотиш юзасидан шартномаларни қайтадан тузиш чора-тадбирларини кўрсинлар;

"Ўзнефтмаҳсулот" АК, "Ўзкимёсаноат" АЖ ва қишлоқ хўжалигига хизмат кўрсатувчи бошқа ташкилотлар билан биргаликда фермер хўжаликлари билан улар томонидан моддий-техника ресурслари сотиб олиш ҳамда хизматлар кўрсатиш юзасидан шартномаларни ўн кун муддатда қайтадан тузиш чора-тадбирларини кўрсинлар;

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва Давлат статистика қўмитаси билан биргаликда тугатилган фермер хўжаликларини юридик шахсларнинг давлат реестридан белгиланган тартибда чиқариш чора-тадбирларини кўрсинлар.

Амалга оширилган ишлар натижалари тўғрисида 2015 йил 25 декабргача Вазирлар Маҳкамасига ахборот берилсин.


4. Шундай тартиб белгилансинки, унга кўра 2016 йил 1 январдан бошлаб фермер хўжаликларини юритиш учун ер участкаларини бериш ва уларни олиб қўйиш ҳудудий фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашларининг ва ер участкалари бериш (реализация қилиш) комиссиялари хулосасига кўра халқ депутатлари туман Кенгашларининг қарори асосида амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши фермер хўжаликларининг қонуний манфаатлари самарали ҳуқуқий ҳимоя қилинишини, фермер хўжаликларини тугатиш ва ташкил этишнинг белгиланган тартибига қатъий риоя этилишини таъминласинлар.

5. Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари билан биргаликда фермер хўжалигининг асосий ишлаб чиқариш ва иқтисодий кўрсаткичлари тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига оладиган фермер хўжаликларининг ягона базасини ташкил этсинлар.

6. Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон Фермерлари кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси Адлия вазирлиги билан биргаликда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар юзасидан бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсинлар.


7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                  И. Каримов



*) Иловалар рус тилидаги матнда берилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2015 йил 21 декабрь, 50-сон, 627-модда