язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Саноат/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 26.01.2015 й. 11-сон “Саноат корхоналари ва қурилиш ташкилотларининг барқарор фаолиятини ва уларнинг қувватларидан юқори даражада фойдаланишни таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

26.01.2015 й.

N 11



САНОАТ КОРХОНАЛАРИ ВА ҚУРИЛИШ

ТАШКИЛОТЛАРИНИНГ БАРҚАРОР ФАОЛИЯТИНИ

ВА УЛАРНИНГ ҚУВВАТЛАРИДАН ЮҚОРИ ДАРАЖАДА

ФОЙДАЛАНИШНИ ТАЪМИНЛАШГА ДОИР ҚЎШИМЧА

ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА


Вазирлар Маҳкамаси қайд этадики, ишлаб чиқаришларни модернизациялаш, техник ва технологик жиҳатдан янгилашнинг тасдиқланган тармоқ дастурлари, шунингдек минтақаларнинг саноат салоҳиятини оширишга доир ҳудудий дастурлар доирасида саноатнинг барқарор юқори ўсиш суръатлари сўнгги 5 йил мобайнида ўртача 108,3 фоиз бўлиши, унинг таркибини диверсификациялаш ва тармоқларнинг ишлаб чиқарилаётган рақобатбардошли маҳсулотлари турларини кенгайтириш таъминланмоқда.

Иқтисодиётда таркибий ўзгартиришлар жараёнларини чуқурлаштиришга йўналтирилган фаол инвестиция сиёсати, янги ишлаб чиқариш қувватларининг фойдаланишга топширилиши, ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфратузилма объектларининг ривожлантирилиши натижасида кейинги йилларда пудрат қурилиш ишлари ҳажми ҳар йили ўртача 10,0 фоиздан ортиқ суръатлар билан ўсмоқда.

Яратилган ва янгидан ишга туширилаётган ишлаб чиқариш қувватларидан юқори даражада фойдаланиш ҳисобига улардан янада самарали фойдаланиш, корхоналарнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. 2015 йилдан бошлаб мулкчилик шаклларидан қатъи назар, микрофирмалардан ташқари саноат ва қурилиш соҳасидаги барча корхоналар бўйича улар фаолиятининг асосий ишлаб чиқариш ва молиявий параметрларини акс эттирувчи корхоналар паспортларини (кейинги ўринларда корхона паспорти деб аталади) 1 ва 2-иловаларга* мувофиқ намунавий шаклларга биноан ҳар йили расмийлаштириш тартиби жорий этилсин.


2. Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда:

корхоналар фаолияти хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда уларнинг паспортини тўлдириш методологиясини ишлаб чиқсинлар ва тасдиқласинлар;

саноат ва қурилиш соҳасидаги корхоналарга паспортларнинг намунавий шаклларини ва уларни тўлдириш методологиясини етказсинлар.


3. Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек уларнинг таркибига кирмайдиган корхоналар:

2014 йилги маълумотлар киритилган паспортларнинг 2015 йил 1 апрелгача бўлган муддатда расмийлаштирилишини ҳамда Интернет тармоғи орқали, Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг дастурий-технологик воситаларидан фойдаланган ҳолда статистика органларига тақдим этилишини, шунингдек ўзларининг мавжуд расмий веб-сайтларида уларнинг жойлаштирилишини таъминласинлар;

келгусида янгидан ташкил этилган корхоналар бўйича паспорт расмийлаштирилишини ҳамда ишлаб турган корхоналар бўйича паспортларнинг асосий параметрлари янгиланишини, уларнинг давлат статистика органларига тақдим этилишини ва кейинчалик расмий веб-сайтларда жойлаштирилишини ҳар йили 1 апрелгача таъминласинлар.


4. Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда корхоналар раҳбарлари зиммасига:

корхоналар паспортларининг ўз вақтида расмийлаштирилиши, улардаги маълумотларнинг тўлиқлиги ва ишончлилиги;

корхоналарнинг паспортларида белгиланган ишлаб чиқариш тавсифномаларига мувофиқ қувватлардан юқори даражада фойдаланилишини ва корхоналарнинг барқарор молиявий-хўжалик фаолиятини таъминлаш юзасидан шахсий масъулият юклансин.


5. Қуйидаги тартиб белгилансин, унга кўра:

давлат статистика органлари амалдаги статистика ҳисоботи шакллари доирасида корхоналар паспортларидаги асосий параметрларнинг динамикаси тўғрисидаги даврий маълумотларни шакллантирадилар, кейинчалик таҳлилий ишларни амалга ошириш учун уларни 3-иловага* мувофиқ схема бўйича ваколатли давлат органларига тақдим этадилар;

корхоналар паспортлари бўйича даврий статистика маълумотлари асосида Вазирлар Маҳкамаси комплекслари томонидан Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, вазирликлар ва идоралар, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари билан биргаликда, зарар кўриб ишлаётган, паст рентабелли ва қувватлардан паст даражада фойдаланаётган корхоналарнинг қувватларидан тўлиқ фойдаланишни ва уларнинг барқарор молиявий-хўжалик фаолиятини таъминлаш юзасидан ҳар йили дастурлар - "йўл хариталари" ишлаб чиқилади ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритилади;

устав капиталида давлат улуши 50 фоиздан ортиқ бўлган зарар кўриб ишлаётган, паст рентабелли ва қувватлардан паст даражада фойдаланаётган саноат ва қурилиш соҳасидаги корхоналардаги акцияларнинг (улушларнинг) давлат пакетлари ушбу корхоналар акциядорлари (муассислари) билан келишган ҳолда, Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида хусусий мулкдорларга "ноль" харид қиймати бўйича, уларнинг негизида ишлаб чиқариш фаолиятини ва иш ўринларини тиклашга доир инвестиция мажбуриятлари қабул қилиш шарти билан сотилади, республика иқтисодиёти учун стратегик аҳамиятга эга бўлган корхоналар бундан мустасно.

6. Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда:

устав капиталида давлат улуши 50 фоиздан ортиқ бўлган зарар кўриб ишлаётган, паст рентабелли ва қувватлардан паст даражада фойдаланаётган корхоналардаги акцияларнинг (улушларнинг) давлат пакетларини "ноль" харид қиймати бўйича сотиш тартиби тўғрисидаги низомни икки ой муддатда ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

ушбу қарорнинг 3-бандига мувофиқ ҳар йили корхоналар паспортлари шакллантирилгандан кейин саноат ва қурилиш соҳасидаги устав капиталида давлат улуши 50 фоиздан ортиқ бўлган зарар кўриб ишлаётган, паст рентабелли ва қувватлардан паст даражада фойдаланаётган корхоналардаги акцияларнинг (улушларнинг) давлат пакетларини, ушбу корхоналар акциядорлари (муассислари) билан келишган ҳолда, хусусий мулкдорларга "ноль" харид қиймати бўйича сотиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин, республика иқтисодиёти учун стратегик аҳамиятга эга бўлган корхоналар бундан мустасно.


7. Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ҳамда Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда устав капиталида давлат улуши 50 фоиздан ортиқ бўлган зарар кўриб ишлаётган, паст рентабелли ва қувватлардан паст даражада фойдаланаётган корхоналар негизида самарали ишлаб чиқаришлар ташкил этиш учун замонавий менежмент тажрибасига эга бўлган потенциал инвесторларни жалб қилиш юзасидан тадбирлар комплексини амалга оширсинлар.

8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                            Ш. Мирзиёев



*) Иловалар рус тилидаги матнда берилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2015 йил 2 февраль, 4-сон, 41-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами",

2015 йил, 1-сон, 3-модда