язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Тадбиркорлик субъектларини ташкил этиш, давлат рўйхатидан ўтказиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 20.08.2003 й. 357-сон "Тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш учун рўйхатдан ўтказиш тартиботлари тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида"ги Қарори

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

20.08.2003 й.

N 357


ТАДБИРКОРЛИК ФАОЛИЯТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ УЧУН РЎЙХАТДАН

ЎТКАЗИШ ТАРТИБОТЛАРИ ТИЗИМИНИ

ТУБДАН ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ТЎҒРИСИДА


Тадбиркорлик субъектлари учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш, расмийлаштиришнинг босқичма-босқич рўйхатдан ўтказиш принципига ўтиш ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришдаги бюрократик тўсиқларни олиб ташлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Қуйидаги тартиб белгилансин, унга кўра тадбиркорлик фаолияти субъектларини расмийлаштириш ва давлат рўйхатидан ўтказишда:

биринчидан, розилик берувчи ташкилотлар сони кескин қисқартирилиши;

иккинчидан, барча келишиб олиш тартиботлари тадбиркорлик субъектларини амалдаги қонун ҳужжатларига риоя қилган ҳолда рўйхатдан ўтказадиган фақат битта ташкилот доирасида амалга оширилиши таъминланади.


2. Туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузурида Тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекциялари (кейинги ўринларда Инспекция деб аталади) ташкил этилсин.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари:

2003 йил 1 октябргача Инспекцияларни шакллантиришни тугалласинлар ва улар учун зарур шароитлар яратилишини таъминласинлар;

Инспекциялар самарали фаолият кўрсатиши, рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш ва тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказишда бюрократия ва сансалорлик ҳолларининг олдини олиш чора-тадбирларини кўрсинлар.


3. Қуйидагилар янги ташкил этилаётган Инспекцияларнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишни мўлжаллаётган ариза берувчининг ҳужжатларини қабул қилиш ҳамда қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда ҳужжатларни ва зарур бўлган асосларни экспертизадан ўтказиш;

тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш мақсадида муҳандислик коммуникацияларига (газ билан таъминлаш, энергия билан таъминлаш, сув билан таъминлаш, канализация, иссиқлик билан таъминлаш, телефон алоқаси тармоқлари) уланиш, турар-жойларни нотурар-жой тоифасига ўтказиш, объектларни қуриш ва реконструкция қилишга техник шартларни белгиланган тартибда расмийлаштириш учун уларнинг ваколатлари доирасида мажбурий тартибда келишиладиган ва рухсат олинадиган тегишли ташкилотларни аниқлаш;

юқорида кўрсатилган рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштиришни ҳисобга олган ҳолда тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш, реестрни юритиш, шунингдек уларни солиқ ва статистика органларида ҳисобга қўйиш;

ариза берувчига барча рухсат берувчи ҳужжатлар билан унинг тадбиркорлик субъекти сифатида давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳнома бериш.

4. Белгилаб қўйилсинки, ушбу қарорга мувофиқ давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлган тадбиркорлик субъектини ариза берилган санадан бошлаб рухсат берувчи ҳужжатларни берган ҳолда давлат рўйхатидан ўтказишгача бўлган муддат техник шартлар ва бошқа рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштиришнинг мураккаблигини ва ҳажмини ҳисобга олиб 7 иш кунидан бир ойгача белгиланади.

5. Қуйидагилар:

Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш, ҳисобга қўйиш ва рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги Низом 1-иловага мувофиқ;

Тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекцияларининг намунавий тузилмаси 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


6. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Давлат мулки қўмитасининг ҳудудий органлари билан биргаликда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун объектлар қурилиши учун ер участкаларининг, тадбиркорлар талабини ҳисобга олган ҳолда мунтазам равишда ким ошди савдоларига қўйишни амалиётда қўлласинлар.


7. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги:

Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси ва Иқтисодиёт вазирлиги билан биргаликда шаҳар ва туман ҳокимликлари ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекциялари тўғрисидаги намунавий низомни бир ой муддатда ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

рўйхатдан ўтказиш ва рухсат бериш ҳужжатларини расмийлаштиришнинг белгиланган тартибига сўзсиз риоя қилиниши устидан зарур назорат ўрнатсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси, Товар ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорлар палатаси, "Ўзтелерадио" компанияси, Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ушбу қарор қоидаларини республикадаги барча тадбиркорлар кенг қатламларига етказиш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқсинлар ва амалга оширсинлар.


9. Вазирликлар ва идоралар бир ой муддатда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш масалаларини тартибга солувчи идоравий ҳужжатларни мазкур қарорга мувофиқлаштирсинлар ва белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказсинлар.


10. Қуйидагилар:

Вазирлар Маҳкамасининг "Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида" 2001 йил 22 августдаги 347-сон қарорининг (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2001 й., 8-сон, 47-модда) 1-банди, 2-банднинг иккинчи-бешинчи хат бошилари, 3 ва 4-бандлари;

Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида" 2003 йил 30 апрелдаги 197-сон қарорига илованинг 12-банди (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2003 й., 4-сон, 34-модда) ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


11. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқувчи ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


12. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Р.С.Азимов зиммасига юклансин.



Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                                                  И. Каримов





Вазирлар Маҳкамасининг

2003 йил 20 августдаги

357-сон қарорига

2-ИЛОВА



Шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари ҳузуридаги

Тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан

ўтказиш инспекциясининг намунавий

ТУЗИЛМАСИ

Инспекция бошлиғи

Давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйиш бўлими (мутахассис)

(1 кишидан - 3 кишигача)


Рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш бўлими (сектори)

(2 кишидан - 5 кишигача)


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2003 й., 15-16-сон, 130-модда.


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорлари тўплами", 2003 й., 8-сон, 72-модда.