язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Солиқлар. Мажбурий тўловлар/ Бошқа мажбурий тўлов турлари/ Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига мажбурий ажратмалар/ Чет элда ишлаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳамда иш вақтини ҳисобга олиб бўлмайдиган шахсларнинг айрим тоифалари томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига ягона ижтимоий тўлов тўлаш тартибини, шунингдек уларнинг пенсияни ҳисоблаш учун олинадиган иш стажини ва иш ҳақи миқдорини ҳисобга олиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 22.02.2016 й. 46-сон қарорига 1-илова)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2016 йил 22 февралдаги

46-сон қарорига

1-ИЛОВА



Чет элда ишлаётган Ўзбекистон Республикаси

фуқаролари ҳамда иш вақтини ҳисобга олиб бўлмайдиган

шахсларнинг айрим тоифалари томонидан Ўзбекистон

Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан

ташқари Пенсия жамғармасига ягона ижтимоий тўлов

тўлаш тартибини, шунингдек уларнинг пенсияни ҳисоблаш

учун олинадиган иш стажини ва иш ҳақи миқдорини

ҳисобга олиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ва "Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига (кейинги ўринларда Қонун деб аталади) мувофиқ чет элда ишлаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳамда иш вақтини ҳисобга олиб бўлмайдиган шахсларнинг айрим тоифалари томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига (кейинги ўринларда Пенсия жамғармаси деб аталади) ягона ижтимоий тўлов тўлаш тартибини, шунингдек улар томонидан Пенсия жамғармасига тўланган ягона ижтимоий тўловни, пенсияни ҳисоблаш учун олинадиган иш стажини ва иш ҳақи миқдорини ҳисобга олиш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


чет элда ёлланган ҳолда ишловчи шахс - меҳнат шартномаси асосида чет элда ёлланган ҳолда ишловчи Ўзбекистон Республикаси фуқароси, шунингдек Ўзбекистон Республикаси давлат органлари ва бошқа ташкилотлари томонидан хорижий давлатларда ташкил этилган (очилган) савдо уйлари, ваколатхоналар (шу жумладан юридик шахс ташкил этмаган ҳолда), ташкилотларда ишловчи Ўзбекистон Республикаси фуқароси;

солиқ агенти ҳисобланмаган иш берувчидан даромад олувчи ходим - Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига ва халқаро шартномаларига мувофиқ Пенсия жамғармасига суғурта бадалларини ҳисоблаш ва ушлаб қолиш мажбуриятлари юкланмаган Ўзбекистон Республикасидаги хорижий давлатлар дипломатик ваколатхонасида (элчихонасида ёки миссиясида), консуллик муассасасида (Бош консулликда, консулликда, вице-консулликда ёки консуллик агентлигида) ёки халқаро (ҳукуматлараро) ташкилотлар ваколатхоналарида ишловчи Ўзбекистон Республикаси фуқароси, Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахс;


якка тартибдаги тадбиркор - тадбиркорлик фаолиятини юридик шахс ташкил этмаган ҳолда, мустақил равишда, ўзига мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган мол-мулк негизида ёки мол-мулкка эгалик қилиш ва (ёки) ундан фойдаланишга йўл қўядиган ўзга ашёвий ҳуқуқ асосида амалга оширувчи жисмоний шахс, шунингдек оилавий тадбиркорлик субъекти;


юридик шахс ташкил этмаган ҳолда оилавий тадбиркорлик шаклида фаолиятни амалга оширувчи оила аъзоси (кейинги ўринларда оилавий тадбиркорлик субъекти оиласи аъзоси деб аталади) - якка тартибдаги тадбиркорни (оилавий тадбиркорлик субъектини) давлат рўйхатига олиш тўғрисида гувоҳномада кўрсатилган хотини (эри), болалари ва набиралари, ота-онаси, меҳнатга қобилиятли ёшга тўлган бошқа қариндошлари (болалари ва набираларининг эрлари (хотинлари), туғишган ҳамда ўгай ака-ука ва опа-сингиллари, уларнинг эрлари (хотинлари) ҳамда болалари, тоға ва амаки ҳамда амма ва холалари);


деҳқон хўжалиги аъзоси - биргаликда яшаётган ва деҳқон хўжалигини биргаликда юритаётган оила бошлиғи, унинг хотини (эри), болалари, шу жумладан фарзандликка олинган болалари, тарбияга олган болалари, ота-оналари, меҳнатга қобилиятли ёшга етган бошқа қариндошлари.


3. Чет элда ёлланган ҳолда ишловчи шахс, солиқ агенти ҳисобланмаган иш берувчидан даромад олувчи ходим, шунингдек, деҳқон хўжалиги аъзоси (деҳқон хўжалиги бошлиғидан ташқари) Пенсия жамғармасига ягона ижтимоий тўловни ихтиёрий равишда тўлайди.

Якка тартибдаги тадбиркор ва деҳқон хўжалиги бошлиғи Пенсия жамғармасига ягона ижтимоий тўловни мажбурий равишда тўлайди.

Оилавий тадбиркорлик субъекти оиласи аъзоси учун Пенсия жамғармасига ягона ижтимоий тўловни тўлаш бўйича мажбурият оилавий тадбиркорлик субъекти номидан иш юритадиган, якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтган оила аъзосига юкланади.

Шахсий ёрдамчи хўжаликларда қорамол боқиш ва етиштирилган чорвачилик маҳсулотларини сотиш билан банд бўлган, шунингдек, шахсий ёрдамчи хўжаликларда қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг бошқа турларини (ўсимликшунослик, чорвачилик, балиқчилик маҳсулотлари) етиштириш билан банд бўлган жисмоний шахслар бўйича ягона ижтимоий тўловни тўлаш ва ҳисобини юритиш деҳқон хўжалиги аъзоси учун ушбу Низомда назарда тутилган тартибда амалга оширилади.

Якка тартибдаги тадбиркор томонидан ёлланган ходимлар ягона ижтимоий тўлов ҳисобини юритиш оилавий тадбиркорлик субъекти оиласи аъзоси учун ушбу Низомда назарда тутилган тартибда амалга оширилади.

4. Ушбу Низомнинг 3-бандида кўрсатиб ўтилган шахслар Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаш шарти билан Қонунга мувофиқ давлат пенсия таъминоти ҳуқуқига эга бўладилар.

Бунда пенсия миқдори Пенсия жамғармасига тўланган суғурта бадаллари миқдори ва иш стажининг давомийлигига боғлиқ бўлади.


5. Пенсия жамғармасига 2019 йил 1 январга қадар тўланган суғурта бадаллари ва 2019 йил 1 январдан кейин тўланган ягона ижтимоий тўлов қайтариб берилмайди, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 58-моддасида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно.


II. ПЕНСИЯ ЖАМҒАРМАСИГА ЯГОНА ИЖТИМОИЙ

ТЎЛОВНИ ТЎЛАШ ТАРТИБИ


1-§. Чет элда ёлланган ҳолда ишловчи шахс томонидан

Пенсия жамғармасига ягона ижтимоий тўловни тўлаш тартиби

6. Чет элда ёлланган ҳолда ишловчи шахс бошқа давлатда ишлаган ҳар бир ойи учун Пенсия жамғармасига ягона ижтимоий тўловни ихтиёрий равишда тўлайди.

Чет элда бўлиш даври меҳнат дафтарчасидаги ёзувлар, паспортдаги Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасини кесиб ўтганлиги тўғрисидаги ёзувлар (муҳрлар, штамплар ёки белгилар) ҳамда Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасаларининг кўрсатиб ўтилган шахснинг бошқа давлатда бўлган вақти ва консуллик ҳисобига қўйилганлиги маълумоти кўрсатилган тегишли ҳужжатлар асосида тасдиқланади.

7. Солиқ тўловчининг идентификация рақами (кейинги ўринларда СТИР деб аталади) мавжуд бўлмаганда чет элга ишлашга кетаётган шахс солиқ тўловчи сифатида унга СТИР расмийлаштирилиши билан биргаликда доимий яшаш жойи бўйича давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйилиши шарт.


8. Чет элда ёлланган ҳолда ишловчи шахс пенсия билан таъминланиш миқдоридан келиб чиқиб Пенсия жамғармасига ягона ижтимоий тўлов миқдорини мустақил равишда, бироқ йилига Пенсия жамғармасига ягона ижтимоий тўлов тўлаш санасида қонун ҳужжатларида белгиланган пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдорининг тўрт ярим баробари миқдорда белгилаши мумкин.

9. Чет элда ёлланган ҳолда ишловчи шахс томонидан ягона ижтимоий тўлов тўлаш қуйидаги тартибда амалга оширилиши мумкин:

ҳар ойда ёки ҳар чоракда;

бирйўла - Ўзбекистон Республикасига келган кунидан бошлаб уч йил мобайнида.

Пенсия жамғармасига ягона ижтимоий тўлов нақд пулсиз ҳисоб-китоб бўйича тўланган тақдирда ягона ижтимоий тўлов тўланганлиги тўғрисидаги тўлов ҳужжатида кўрсатилган сана ягона ижтимоий тўлов тўланган кун ҳисобланади. Тўлов ҳужжатида фамилияси, исми, отасининг исми, СТИР ва тўлов амалга оширилаётган давр албатта кўрсатилиши шарт. Агар тўлов ҳужжатида давр кўрсатилмаган бўлса, тўлов у амалга оширилаётган ой учун тўланган деб ҳисобланади.

10. Миллий валютадаги ягона ижтимоий тўлов чет элда ёлланган ҳолда ишловчи шахс доимий яшаш жойи бўйича давлат солиқ хизмати органларига хизмат кўрсатаётган банкларда очилган Пенсия жамғармасининг тегишли даромад транзит ҳисоб рақамларига унинг томонидан мустақил равишда, оила аъзолари ёки ишончли вакил томонидан тўланади.

Пенсия жамғармасига ягона ижтимоий тўловни тўлаш хорижий валютада (бошқа давлат ҳудудидан) Пенсия жамғармасининг махсус валюта ҳисоб рақамларига амалга оширилиши мумкин ва тўлов санасига Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган курс бўйича миллий валютага қайта ҳисоблаб чиқилади.

11. Чет элда ёлланган ҳолда ишловчи шахс Пенсия жамғармасига ягона ижтимоий тўлов тўлашни тўхтатиб турганда, пенсия тайинлаш учун олинадиган иш стажи ҳисоби Пенсия жамғармасига ягона ижтимоий тўлов тўланган сўнгги санадан бошлаб тўхтатиб турилади.

Пенсия жамғармасига тўланган ягона ижтимоий тўлов миқдори ягона ижтимоий тўловнинг белгиланган миқдоридан кам бўлган тақдирда, пенсия тайинлаш учун олинадиган тегишли давр учун иш стажи зарур маблағларни қўшимча равишда киритиш шарти билан ҳисобга олинади.


2-§. Солиқ агенти ҳисобланмайдиган иш берувчидан даромад

олувчи ходим томонидан Пенсия жамғармасига

ягона ижтимоий тўловни тўлаш тартиби

12. Солиқ агенти ҳисобланмайдиган иш берувчидан даромад олувчи ходим Пенсия жамғармасига ягона ижтимоий тўловни жами йиллик даромад тўғрисидаги декларацияда кўрсатилган меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар суммасидан келиб чиққан ҳолда, ягона ижтимоий тўловни тўлаш ҳақида жами йиллик даромад тўғрисидаги декларацияни тақдим этиш билан бир вақтда бериладиган ариза асосида ихтиёрий равишда тўлайди.

13. Давлат солиқ хизмати органи солиқ агенти ҳисобланмайдиган иш берувчидан даромад олувчи ходимнинг жами йиллик даромад тўғрисидаги декларациясида кўрсатилган маълумотлари асосида Пенсия жамғармасига ягона ижтимоий тўлов тўлаш бўйича олдинги йил учун мажбуриятларни ҳисоб-китоб қилади.

14. Пенсия жамғармасига ягона ижтимоий тўловни тўлаш солиқ агенти ҳисобланмайдиган иш берувчидан даромад олувчи ходимнинг доимий яшаш жойи бўйича давлат солиқ хизмати органларига хизмат кўрсатаётган банкларда очилган Пенсия жамғармасининг тегишли даромад транзит ҳисоб рақамларига давлат солиқ хизмати органлари томонидан ҳисоблаб чиқариладиган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлаш муддатларида амалга оширилади.

Пенсия жамғармасига ягона ижтимоий тўлов нақд пулсиз ҳисоб-китоб бўйича тўланган тақдирда ягона ижтимоий тўлов тўланганлиги тўғрисидаги тўлов ҳужжатида кўрсатилган сана ягона ижтимоий тўлов тўланган кун ҳисобланади. Тўлов ҳужжатида фамилияси, исми, отасининг исми, СТИР ва тўлов амалга оширилаётган давр албатта кўрсатилиши шарт.


3-§. Якка тартибдаги тадбиркор, деҳқон хўжалиги аъзоси

ва оилавий тадбиркорлик субъекти оиласи аъзоси томонидан

Пенсия жамғармасига ягона ижтимоий тўловни тўлаш тартиби

15. Якка тартибдаги тадбиркор ва деҳқон хўжалиги аъзоси ўзи учун ўзидаги мавжуд имкониятлардан ва пенсия билан таъминланишнинг миқдоридан келиб чиқиб Пенсия жамғармасига ягона ижтимоий тўлов миқдорини мустақил равишда, бироқ Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 311-моддасида белгиланган ягона ижтимоий тўловнинг энг кам миқдоридан кам бўлмаган миқдорда белгилайди.

Якка тартибдаги тадбиркор оилавий тадбиркорлик субъектининг ҳар бир аъзоси, шунингдек, меҳнат шартномаси бўйича якка тартибдаги тадбиркор томонидан ёлланган ҳар бир ходим учун Пенсия жамғармасига ҳар ойда пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдорининг 50 фоизи миқдорида ягона ижтимоий тўлов тўлайди.

16. Ягона ижтимоий тўлов:

якка тартибдаги тадбиркор ва оилавий тадбиркорлик субъекти оила аъзолари томонидан - ҳар ойда, тадбиркорлик фаолияти амалга оширилган ойнинг 25-кунидан кечикмай тўланади;

деҳқон хўжалиги аъзоси томонидан - ҳисобот йилининг 1 октябригача тўланади. Бунда ягона ижтимоий тўловнинг миқдори тўлов кунига белгиланган пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдоридан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилади.

Янги рўйхатдан ўтган якка тартибдаги тадбиркорлар ва оилавий тадбиркорлик субъекти оила аъзолари томонидан ягона ижтимоий тўловни тўлаш улар якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган ойдан кейинги ойдан бошлаб амалга оширилади.

Пенсия жамғармасига ягона ижтимоий тўлов нақд пулсиз ҳисоб-китоб бўйича тўланган тақдирда ягона ижтимоий тўлов тўланганлиги тўғрисидаги тўлов ҳужжатида кўрсатилган сана ягона ижтимоий тўлов тўланган кун ҳисобланади. Тўлов ҳужжатида фамилияси, исми, отасининг исми, СТИР ва тўлов амалга оширилаётган давр албатта кўрсатилиши шарт. Бунда оилавий тадбиркорлик субъекти оила аъзолари ва деҳқон хўжалиги аъзолари бўйича тўлов ҳужжати ҳар бир оила аъзоси учун алоҳида-алоҳида ёзилади. Агар тўлов ҳужжатида давр кўрсатилмаган бўлса, тўлов у амалга оширилаётган ой (деҳқон хўжаликлари аъзолари учун - йил) учун тўланган деб ҳисобланади.

17. Ягона ижтимоий тўлов якка тартибдаги тадбиркорнинг (деҳқон хўжалиги аъзосининг) доимий яшаш жойи бўйича давлат солиқ хизмати органига хизмат кўрсатаётган банкларда очилган Пенсия жамғармасининг тегишли даромад транзит ҳисоб рақамларига тўланади.

18. Якка тартибдаги тадбиркор белгиланган тартибда тадбиркорлик фаолиятини тўхтатиб турган даврда Пенсия жамғармасига ягона ижтимоий тўловни тўлаш амалга оширилмайди ва ушбу даврда иш стажи пенсия тайинлаш учун ҳисобга олинмайди.

Деҳқон хўжалиги аъзоси ва оилавий тадбиркорлик субъекти оила аъзосига пенсия тайинлашда иш стажига Пенсия жамғармасига ягона ижтимоий тўлов тўланмаган даврлар қўшилмайди.


III. ПЕНСИЯ ЖАМҒАРМАСИГА ЯГОНА ИЖТИМОИЙ

ТЎЛОВНИ ТЎЛАШ ҲИСОБИНИ ЮРИТИШ ТАРТИБИ

19. Якка тартибдаги тадбиркор (чет элда ёлланган ҳолда ишловчи шахс, деҳқон хўжалиги аъзоси томонидан ва оилавий тадбиркорлик субъекти оила аъзоси учун) Пенсия жамғармасига тўланган ягона ижтимоий тўлов ҳисоби унинг доимий яшаш жойи бўйича давлат солиқ хизмати органида юритилади.

Пенсия тайинлашни сўраб мурожаат этиш учун якка тартибдаги тадбиркор (чет элда ёлланган ҳолда ишловчи шахс, деҳқон хўжалиги аъзоси ва оилавий тадбиркорлик субъекти оила аъзоси) доимий яшаш манзили бўйича Пенсия жамғармаси бўлимига қуйидаги ҳужжатларни топширади:

паспорт нусхаси;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан берилган майдони тўрт сотихдан кам бўлмаган деҳқон хўжалигида, томорқа ерида банд бўлган ёки ушбу майдонда қорамол ёхуд 50 бошдан кам бўлмаган парранда парваришлаётганлиги, шунингдек, шахсий ёрдамчи хўжалигида қорамол мавжудлиги ёки қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг бошқа турларини (ўсимликшунослик, чорвачилик, балиқчилик маҳсулотлари) етиштириш билан бандлиги тўғрисида маълумотнома - қорамол боқиш ёки қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг бошқа турларини (ўсимликшунослик, чорвачилик, балиқчилик маҳсулотлари) етиштириш билан шуғулланувчи шахс учун.

Пенсия жамғармасига тўланган ягона ижтимоий тўлов ҳисоби давлат солиқ хизмати органларида, ушбу Низомда назарда тутилган тартибда тўлдириш талабларига амал қилган ҳолда расмийлаштирилган тўлов ҳужжатлари асосида амалга оширилади.

20. Давлат солиқ хизмати органи якка тартибдаги тадбиркор (чет элда ёлланган ҳолда ишловчи шахс, деҳқон хўжалиги аъзоси томонидан ва оилавий тадбиркорлик субъекти оила аъзоси учун) Пенсия жамғармасига ягона ижтимоий тўлов тўланган тақдирда ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда ҳар чоракда ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг 15-кунигача якка тартибдаги тадбиркорнинг (чет элда ёлланган ҳолда ишловчи шахснинг, деҳқон хўжалиги аъзосининг ва оилавий тадбиркорлик субъекти оила аъзосининг) доимий яшаш жойи бўйича Пенсия жамғармаси бўлимига тўланган ягона ижтимоий тўлов тўғрисида ахборотни тақдим этади.

Давлат солиқ хизмати органи Пенсия жамғармасига ягона ижтимоий тўлов тушумлари бўйича якунларни:

якка тартибдаги тадбиркордан, деҳқон хўжалиги раҳбаридан ва оилавий тадбиркорлик субъекти оила аъзолари учун - ҳар чоракда амалга оширади ва тўланмаган ёки муддати ўтказиб юборилган тўловлар аниқланган тақдирда кўрсатилган шахсга Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 60-моддасига асосан унинг қарзи миқдори ҳақида ушбу қарз ҳосил бўлган давр, шунингдек тўлов муддати ўтказиб юборилганлиги учун қўшилган пеня миқдорини кўрсатган ҳолда талабнома юборади;

чет элда ёлланган ҳолда ишловчи шахсдан - ҳар йили амалга оширади.


21. Давлат солиқ органи якка тартибдаги тадбиркордан (чет элда ёлланган ҳолла ишловчи шахсдан, деҳқон хўжалиги аъзосидан ва оилавий тадбиркорлик субъекти оила аъзоси учун) Пенсия жамғармасига ягона ижтимоий тўлов тушиши юзасидан доимий назорат олиб боради.

23. Пенсия жамғармасига 2019 йил 1 январга қадар суғурта бадаллари ва 2019 йил 1 январдан кейин ягона ижтимоий тўлов тўланганлигини тасдиқловчи асосий ҳужжатлар сифатида:

2018 йилгача - Пенсия жамғармасига суғурта бадалларининг тўланганлигини тасдиқловчи банк квитанциялари ва тўлов ҳужжатлари;

2018 йилдан бошлаб - давлат солиқ хизмати органларининг маълумотлари ҳисобланади.


IV. ИШ СТАЖИ ҲИСОБИНИ ЮРИТИШ ТАРТИБИ

28. Агар деҳқон хўжалигидаги меҳнати ёки якка тартибдаги тадбиркорлик фаолияти фуқаро учун қўшимча ҳисобланса унинг меҳнат дафтарчаси асосий иш жойида юритилади.


V. ПЕНСИЯНИ ҲИСОБЛАШ УЧУН ҚАБУЛ ҚИЛИНАДИГАН

ИШ СТАЖИ ВА ИШ ҲАҚИ МИҚДОРИНИ ҲИСОБЛАБ

ЧИҚИШ ТАРТИБИ


33. Ушбу Низомнинг 3-бандида кўрсатиб ўтилган шахслар иш стажига улар фаолият юритган ва Пенсия жамғармасига ягона ижтимои тўлов тўлаган даврлар киритилади.

34. Пенсия тайинлаш учун якка тартибдаги тадбиркорнинг (деҳқон хўжалиги раҳбарининг ва оилавий тадбиркорлик субъекти оила аъзосининг) иш стажини ҳисоблаб чиқишда, агар Пенсия жамғармасига тўланган ягона ижтимоий тўлов суммаси ушбу йилнинг барча ойлари учун белгиланган энг кам ягона ижтимоий тўловдан кам бўлмаса (тўланган пеняларни ҳисобга олмаган ҳолда) иш стажига календарь йил қўшилади.

35. Деҳқон хўжалиги аъзосига, шунингдек, майдони тўрт сотихдан кам бўлмаган деҳқон хўжалигида, томорқа ерида банд бўлган ёки ушбу майдонда қорамол боқаётган ёхуд 50 бошдан кам бўлмаган парранда парваришлаётган жисмоний шахсларга пенсия тайинлаш учун иш стажини ҳисоблаб чиқишда Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 311-моддасида белгиланган Пенсия жамғармасига ягона ижтимоий тўлов миқдори тўланганда иш стажига бир йил қўшилади.

36. Солиқ агенти ҳисобланмайдиган иш берувчидан даромад олувчи ходимга пенсия тайинлаш учун иш стажини ҳисоблаб чиқишда, агар Пенсия жамғармасига тўланган ягона ижтимоий тўлов суммаси жами йиллик даромад тўғрисидаги декларацияда кўрсатилган маълумотлар асосида ҳисоблаб чиқилган ягона ижтимоий тўлов миқдоридан кам бўлмаган бўлса, иш стажига календарь йил қўшилади.

37. Бошқа барча ҳолатларда иш стажи Пенсия жамғармасига ягона ижтимоий тўлов тўланган ойларга мутаносиб равишда ҳисобга олинади.

38. Якка тартибдаги тадбиркор (чет элда ёлланган ҳолда ишловчи шахс, солиқ агенти ҳисобланмайдиган иш берувчидан даромад олувчи ходим, деҳқон хўжалиги аъзоси ва оилавий тадбиркорлик субъекти оила аъзоси) томонидан Пенсия жамғармасига 2019 йил 1 январга қадар суғурта бадаллари ва 2019 йил 1 январдан кейин ягона ижтимоий тўловни тўлаш далили гувоҳлар кўрсатмалари билан тасдиқланмайди.

39. Пенсия миқдорини ҳисоблаб чиқишда ҳисобга олинадиган аниқ бир ой (йил) учун якка тартибдаги тадбиркорнинг (чет элда ёлланган ҳолда ишловчи шахснинг, солиқ агенти ҳисобланмайдиган иш берувчидан даромад олувчи ходимнинг ва деҳқон хўжалиги аъзосининг) даромади Пенсия жамғармасига тўланган ойлик (йиллик):

2019 йил 1 январга қадар бўлган давр учун - суғурта бадаллари суммасини Пенсия жамғармасига суғурта бадалларини тўлаш даврида амалда бўлган ягона ижтимоий тўлов (микрофирмалар ва кичик корхоналар, шунингдек, фермер хўжаликлари учун) ва фуқароларнинг суғурта бадалларининг умумий ставкасига;

2019 йил 1 январдан кейинги давр учун - ягона ижтимоий тўлов суммасини Пенсия жамғармасига ягона ижтимоий тўловни тўлаш даврида амалда бўлган ягона ижтимоий тўлов (микрофирмалар ва кичик корхоналар, шунингдек, фермер хўжаликлари учун) ставкасига бўлиш ҳамда олинган натижани 100 га кўпайтириш йўли билан аниқланади.

Якка тартибдаги тадбиркор томонидан ёлланган ходимнинг, шунингдек, оилавий тадбиркорлик субъекти оила аъзосининг пенсия миқдорини ҳисоблаб чиқишда ҳисобга олинадиган аниқ бир ой учун даромади:

2019 йил 1 январга қадар бўлган давр учун - Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўланган ойдаги;

2019 йил 1 январдан кейинги давр учун - Пенсия жамғармасига ягона ижтимоий тўлов тўланган ойдаги меҳнатга ҳақ тўлашнинг қонун ҳужжатларида белгиланган пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдорига тенг қилиб олинади.


VI. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


40. Мазкур Низомнинг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.


41. Пенсия жамғармасига суғурта бадалларини тўғри ҳисоблаб чиқарилиши ҳисоби, ҳисоботи ва назорати қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2016 йил 29 февраль, 8-сон, 77-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами",

2016 йил, 2-сон, 10-модда