язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Давлат ҳуқуқий тизими асослари/ Фуқаролик/ Умумий қоидалар/ Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР Президентининг 20.11.1992 й. ПФ-500-сон Фармонига илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

1992 йил 20 ноябрдаги

ПФ-500-сон Фармонига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги

билан боғлиқ масалаларни кўриб

чиқиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси ва Қорақалпоғистон Республикасининг Конституцияларига, "Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги асослари тўғрисида"ги Конституциявий Қонунга, "Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида" Ўзбекистон Республикасининг Қонунига, Ўзбекистон Республикасининг халқаро ва давлатлараро шартномаларига мувофиқ ишлаб чиқилди.


Мазкур Низом масалаларнинг қуйидаги доирасини тартибга солади:


I. Умумий қоидалар.


II. Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қабул қилиш тўғрисидаги материалларни расмийлаштириш ва кўриб чиқиш тартиби.


III. Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигидан чиқиш ҳақидаги материалларни расмийлаштириш ва кўриб чиқиш тартиби.


IV. Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини йўқотганликни асослаш ва расмийлаштириш тартиби.


V. Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига тиклаш тартиби.


VI. Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига мансубликни аниқлаш тартиби.


VII. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги фуқаролик масалалари билан шуғулланувчи комиссия ишини ташкил этиш.



I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. "Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида"ги Қонун кучга кирган пайтгача, яъни 1992 йилнинг 28 июлигача унинг ҳудудида доимий яшовчи ва бошқа давлатнинг фуқароси бўлмаган шахснинг Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига мансублиги унинг насл-насаби, ижтимоий ва мулкий мавқеи, ирқий ва миллий мансублиги, жинси, маълумоти, сиёсий қарашлари, диний эътиқодлари, машғулотининг тури ва хусусиятидан қатъи назар, қайд этиш йўли билан белгиланади.

Доимий яшаш ҳолати паспортда доимий рўйхатдан ўтганлик тўғрисидаги белги борлиги билан тасдиқланади.

Қайд этиш тартибини Ўзбекистон Республикасининг Ички ишлар вазирлиги белгилайди.


2. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг чет элдаги муассасалари давлат йўлланмаси билан ишлаётган, ҳарбий хизматни ўтаётган ёки ўқиётган, шунингдек Ўзбекистон Республикасидан ташқарида доимий яшаётган шахслар ўша ерда туғилган бўлса ёки шу мамлакат ҳудудида доимий яшаётган ва бошқа давлатларнинг фуқароси эмаслигини исботлаган бўлсалар, уларнинг Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига мансублигини белгилайди. Ана шу шахслар бу ҳақидаги маълумотларни "Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида"ги Қонун кучга киргандан кейин бир йилдан кечикмай Ўзбекистон Республикасининг ўзлари яшаб турган давлатдаги дипломатия ваколатхонасига, консуллик муассасасига шахсан ёзма ариза берадилар.


3. Фуқаролик тўғрисидаги Қонун кучга кирган пайтгача ҳарбий хизматни ўтаётган шахсларни рўйхатга олиш Ўзбекистон Республикасининг Ички ишлар вазирлиги Мудофаа вазирлиги билан биргаликда белгилаган тартибда амалга оширилади.

Озодликдан маҳрум этиш жойларида жазони ўтаётган шахслар Ички ишлар вазирлиги белгилаган тартибда рўйхатга олинадилар.


4. Фуқаролик тўғрисидаги Қонуннинг 42-моддасига мувофиқ рўйхатдан ўтган шахсларга Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг ягона нусхадаги паспорти топширилади.

16 ёшга етмаган болаларнинг ҳужжатларида уларнинг Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига мансублиги ҳақида ёзиб қўйилади.

Ўзбекистон Республикасининг фуқароси паспортини бериш тартиби ва шартларини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилайди.

5. Фуқаролик тўғрисидаги Қонуннинг 8-моддасига биноан Ўзбекистон Республикасининг чет эллардаги фуқаролари Ўзбекистон Республикасининг ҳимояси ва ҳомийлигидан фойдаланадилар. Ўзбекистон Республикаси ҳар бир муайян ҳолатда хорижий давлатлар ҳудудида яшаётган фуқароларини бевосита Ўзбекистон Республикасининг тегишли элчихоналари ва консуллик муассасалари орқали ҳимоя қилади ва ўз ҳомийлигига олади. Ўзбекистон Республикасининг фуқароси халқаро шартномада кўзда тутилган ҳолатлардан ташқари хорижий давлатга топширилишига йўл қўйилмайди. Халқаро шартнома мавжуд бўлганда фуқаролик тўғрисидаги Қонуннинг 9-моддасига мувофиқ бошқа давлатнинг ҳудудида ҳуқуққа зид ҳаракат содир этган шахсни топшириш тўғрисидаги масала мазкур давлатнинг талабига кўра ваколатли органларни жалб этиш йўли билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик масалалари билан шуғулланувчи комиссияда кўриб чиқилади.



II. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ФУҚАРОЛИГИГА ҚАБУЛ ҚИЛИШ ТЎҒРИСИДАГИ

МАТЕРИАЛЛАРНИ РАСМИЙЛАШТИРИШ

ВА КЎРИБ ЧИҚИШ ТАРТИБИ


а) республика ҳудудида доимий яшовчи шахсларни

Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиш


1. Сўнгги 5 йил Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаётган хорижий фуқаро ёки фуқаролиги бўлмаган шахс доимий истиқомат жойидаги ички ишлар органлари орқали Ўзбекистон Республикасининг Президенти номига фуқароликка қабул қилиш тўғрисида ариза беради. Аризада Ўзбекистон Республикасининг Конституциясини тан олиши, унинг талабларини бажариши тўғрисидаги ва хорижий фуқароликдан воз кечганлиги тўғрисидаги мажбурият кўрсатилади.

Фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг мақомини Ўзбекистон Республикасининг Ички ишлар вазирлиги Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда белгилайди.

Аризага қуйидагилар илова қилинади:

икки нусхада ариза-сўровнома;

хорижий фуқароликдан чиққанлик тўғрисида гувоҳлик берувчи ҳужжат (фуқаролиги бўлмаган шахслардан ташқари);

2 нусхада таржимаи ҳол;

кун кечиришнинг қонуний манбалари мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжат (иш жойидан маълумотнома ёки иш ҳақи, пенсия, нафақа, диведендлар ва кун кечиришнинг бошқа манбалари кўрсатилган бошқа ҳужжат);

тўртта фотосурат;

2 нусхада оиласининг таркиби тўғрисида иш жойидан маълумотнома;

давлат божи тўланганлиги ёки уни тўлашдан озод қилинганлиги ҳақидаги ҳужжат.


2. 18 ёшга тўлмаган шахсни Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қабул қилиш тўғрисидаги ариза унинг қонуний вакиллари томонидан бола туғилганлиги ҳақидаги гувоҳноманинг нусхаси билан биргаликда берилади. 14 дан 18 ёшгача бўлган вояга етмаганлар ота-оналарининг ёки бошқа қонуний вакилларининг аризасига нотариал идоралар томонидан тасдиқланган рухсатномани тақдим этишлари керак.


3. Аризалар, сўровномалар ва таржимаи ҳолларнинг барча нусхаларини аризачи улар ёзилган санани кўрсатиб имзолаши зарур. Агар у саводсизлиги ёки жисмоний камчиликлари туфайли аризага ўз қўли билан имзо чека олмаса, "Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 34-моддасига биноан унинг илтимосига кўра аризага бошқа шахс имзо чекиши мумкин ва бу ҳақда ички ишлар органи аризачи ўз қўли билан аризани имзолай олмаганлиги сабабларини аризага ёзиб қўяди.

Аризачи ушбу Низомда кўзда тутилган барча ҳужжатларни топширган пайтдан бошлаб тақдимнома ижро учун қабул қилинган деб ҳисобланади.


4. Истиқомат жойидаги ички ишлар органлари аризачининг расмийлаштирилган ҳужжатларини тегишли суратда Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларининг ички ишлар бошқармаларига юборадилар.

Қорақалпоғистон Республикасининг Ички ишлар вазирлиги, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳокимликлари ички ишлар бошқармалари Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қабул қилиш тўғрисидаги ҳужжатлар расмийлаштирилиши тўғрилигини текширадилар, ушбу масалалар юзасидан 2 нусхада ҳужжатлар йиғма жилдини юритадилар ва Давлат хавфсизлик хизмати тегишли органларининг фикрини сўрайдилар.

Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, вилоятлар, Тошкент шаҳри ҳокимликлари ички ишлар бошқармаларининг материаллари ва хулосаларини Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига юборадилар.


5. Ўзбекистон Республикасининг Ташқи ишлар вазирлиги ўз хулосасини Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қабул қилиш тўғрисидаги материаллар билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик масалалари билан шуғулланувчи комиссияга ва республиканинг тегишли ваколатли органлари /Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлиги/га юборади. Мазкур ваколатли органлар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик масалалари билан шуғулланувчи комиссияга фақат ўз хулосаларини юборадилар, ҳужжатларни эса Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига қайтарадилар.

6. Ўзбекистон Республикаси ҳузуридаги Фуқаролик масалалари билан шуғуллланувчи комиссия ҳужжатларни кўриб чиқади ва Ўзбекистон Республикасининг Президенти қарор қабул қилиши учун таклифлар тақдим этади.



б) чет элларда доимий яшовчи шахсларни Ўзбекистон

Республикаси фуқаролигига қабул қилиш


1. Хорижий фуқаро ёки фуқаролиги бўлмаган шахс (чет элда яшовчи) Ўзбекистон Республикасининг мазкур мамлакатдаги дипломатия ва консуллик муассасалари орқали Ўзбекистон Республикасининг Президенти номига Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиш тўғрисида ариза беради. Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини қабул қилишни хоҳловчи шахс яшаб турган давлатда дипломатия ваколатхонаси, консуллик муассасаси бўлмаган тақдирда у Ўзбекистон Республикасининг Ташқи ишлар вазирлигига мурожаат қилади, Илтимоснома ифодаланган ариза, аризачининг ажнабий фуқароликдан воз кечганлигини ёки унинг фуқаролиги йўқлигини тасдиқловчи ҳужжат, таржимаи ҳолига доир маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги тасдиқлаган шаклдаги сўровномаларда уч нусхада баён этилади. Унга аризачининг фотосуратлари ва саломатлиги ҳақидаги маълумотномалар, жумладан СПИДга қарши текширувдан ўтганлиги тўғрисидаги қайд илова қилинади. Аризачи аризани тақдим этилган санани кўрсатиб имзолайди.

У саводсизлиги ёки жисмоний камчиликлари туфайли аризага ўз қўли билан имзо чека олмаган тақдирда, "Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 34-моддасига биноан унинг илтимосига кўра аризага бошқа шахс имзо чекиши мумкин ва бу ҳақда консуллик муассасаси аризачи ўз қўли билан аризани имзолай олмаганлиги сабабларини аризага ёзиб қўяди.

Ушбу Низомда кўзда тутилган барча ҳужжатларни аризачи топширган пайтдан бошлаб тақдимнома ижро учун қабул қилинган деб ҳисобланади.


2. Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қабул қилишни илтимос қилган ва доимий яшаш учун Ўзбекистон Республикасига кўчиб келиш истагини билдирган шахс ўз аризасида Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қабул қилиш тўғрисидаги масала Ўзбекистон Республикаси вилоятларидан бирининг ёки Қорақалпоғистон Республикасининг ҳудудида уй-жой берилиши ёхуд ишга жойлашиши билан боғлиқ эканлигини кўрсатиб ўтиши зарур.


3. Ватандошимиз хорижий давлатнинг фуқароси бўлган шахс Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қабул қилиш тўғрисидаги аризага у Ўзбекистон Республикасининг ҳудудида туғилганлигини ва шу ҳудудда отаси ёки онаси, бувиси ёхуд буваси туғилганлигини тасдиқловчи ҳужжат ёки далилларни илова қилиши зарур.

Ажнабий шахс унинг Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини қабул қилиш муддаосига ўз давлати ҳокимият органларининг муносабати тўғрисида гувоҳлик берувчи ҳужжатни ҳам тақдим этиши керак. Илтимос қилувчига боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра бундай ҳужжат тақдим этилмаса, у ўз аризасида шу ҳақда кўрсатиб ўтиши лозим. Мазкур ҳолат аризани кўриб чиқиш учун тўсиқ бўла олмайди.

Мустамлака режими даврида, фуқаролар уруши, коллективлаштириш давридаги қатағонлар, таъқиблар, жабр-зулмлар, 30-йиллардаги ва шундан кейинги йиллардаги оммавий қатағонлар туфайли Ўзбекистондан жўнаб кетганлик, шунингдек бошқа узрли сабабларга кўра республика фуқаролигидан маҳрум бўлганлик мажбурий муҳожирлик ҳисобланади.

Ички ишлар вазирлиги, суд, прокуратура, собиқ Давлат хавфсизлиги комитети ва бошқа давлат муассасаларининг архив материалларидан кўчирма ёки камида 3 кишининг ишончли гувоҳлик кўрсатмалари мажбурий муҳожирлик ҳолатини эътироф этиш учун асос бўла олади.

18 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан ариза ушбу Низом 2-бандининг III бўлимида кўрсатилган талабларга риоя этган ҳолда қабул қилинади.


4. Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қабул қилиш тўғрисида чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг аризасини консуллик муассасаси барча материаллар ва ўз хулосаси билан биргаликда Ўзбекистон Республикасининг Ташқи ишлар вазирлигига юборади. Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик масалалари комиссияси учун хулоса тайёрлайди. Комиссия Давлат хавфсизлик хизматидан ҳам материаллар олади.

5. Шахс Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиш тўғрисидаги илтимоснома билан мурожаат қилган ва Ўзбекистон Республикаси ёки Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудига кўчиб келиш муддаосида бўлган тақдирда консуллик муассасаси "Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 37-моддасига биноан 3 нусхадаги материалларни ўз хулосаси билан бирга Ташқи ишлар вазирлигига юборади. Биринчи нусха Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик масалалари билан шуғулланувчи комиссияга юборилади. Иккинчи нусха ана шу шахснинг келиши мумкинлиги тўғрисидаги масалани келишиб олиш учун Республика Ички ишлар вазирлигига юборилади. Сўнгра бу ҳужжат Давлат хавфсизлик хизматига юборилади ва у ўз навбатида хулосасини Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Комиссияга юборади. Учинчи нусха Ички ишлар вазирлигида қолади. Унинг юзасидан хулоса чиқарилади ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик масалалари билан шуғулланувчи комиссияга юборилади. Комиссия аризачини ишга жойлаштириш ва унга уй-жой бериш имконияти тўғрисида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг, Тошкент шаҳри ва вилоятлар ҳокимликларининг фикрини сўрайди. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик масалалари билан шуғулланувчи комиссия материалларини кўриб чиқади ва Ўзбекистон Республикасининг Президенти қарор қабул қилиши учун таклифлар тақдим этади.

6. Алоҳида ҳолларда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига кўра, Ўзбекистон Республикаси олдида жуда катта хизматлари бўлган ёки фан, техника ва маданият соҳасида юксак ютуқларга эришган, шунингдек республика учун қизиқарли касб ва малакага эга бўлган айрим шахслар "Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 17-моддасининг 1, 2 ва 3-бандларида баён этилган талаблар ҳисобга олинмай, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қабул қилинишлари мумкин.

Ўзбекистон Республикаси олдидаги жуда катта хизматлар дейилганда қуйидагиларни: Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимиятининг Олий органлари берган орденлар, медаллар, фахрий унвонлар, ҳукумат фахрий ёрлиқлари ва уларга тенг келадиган рағбатлантирувчи ҳужжатларнинг борлигини тушуниш лозим. Фан, техника ва маданият соҳасидаги юксак натижаларга эришганлик дейилганда шахс миллий, халқаро мукофотларга, рағбатлантиришнинг бошқа турларига ёки ўз ихтисоси бўйича халқаро ташкилотларга аъзо бўлишга, ўз тармоғи бўйича халқаро тадбирларда жюри аъзоси сифатида иштирок этишга эришганлигини, турли халқаро ташкилотларда ҳақиқий ва фахрий унвонлари борлигини тушуниш зарур.

Ана шу шахслар аризада ўз ихтисоси бўйича фаолиятини давом эттириш муддаосини, бу фаолиятнинг республика учун муҳимлиги ва аҳамиятлилигини кўрсатишлари керак.

Республика учун қизиқарли бўлган касб ёки малакага эга бўлган шахслар тегишли диплом ёки гувоҳнома, шунингдек ўз фаолияти соҳасида у энг юқори натижаларга эришганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этишлари лозим. Ўзбекистон Республикаси учун қизиқарли бўлган касблар ва малакалар рўйхатини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилайди.


III. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ФУҚАРОЛИГИДАН

ЧИҚИШ ТЎҒРИСИДАГИ МАТЕРИАЛЛАРНИ КЎРИБ

ЧИҚИШ ВА РАСМИЙЛАШТИРИШ ТАРТИБИ


а) Республика ҳудудида доимий яшовчи шахсларнинг

Ўзбекистон Республикаси фуқаролигидан чиқиши


1. Ўзбекистон Республикаси ёки Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида доимий яшовчи Ўзбекистон Республикасининг фуқароси Ўзбекистон Республикаси фуқаролигидан чиқиши тўғрисида Ўзбекистон Республикасининг Президенти номига ариза беради ва уни доимий истиқомат жойидаги ички ишлар органларига тақдим этади.

Аризага қуйидагилар илова қилинади:

ариза-сўровнома - 2 нусхада;

таржимаи ҳол 2 нусхада;

учта фотосурат;

яшаш жойидан белгиланган шаклдаги маълумотнома 2 нусхада;

иш ёки ўқиш жойидан, ишламайдиганлар эса фақат яшаш жойидан 2 нусхада маълумотнома тақдим этади, унда мазкур шахс давлат олдидаги ҳамма мажбуриятларини бажарганлиги ёки фуқароларнинг, давлат, кооператив ёхуд бошқа жамоат ташкилотларининг муҳим манфаатлари боғлиқ бўлган мулкий мажбуриятлари бор-йўқлиги кўрсатилган бўлиб, туман ҳокимлиги томонидан тасдиқланиши лозим;

чақириқ ёшидаги шахсни Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунига мувофиқ ҳақиқий ҳарбий хизматни ўташдан озод қилиш тўғрисида ҳарбий комиссариатдан маълумотнома;

давлат пошлинаси тўланганлиги ёки уни тўлашдан озод қилиш тўғрисидаги ҳужжат.


2. Аризалар, сўровнома ва таржимаи ҳолларнинг барча нусхалари аризачи томонидан мазкур Низом ушбу бўлимининг 5-бандида кўрсатилган талабларга риоя этилган ҳолда тузилиши керак.


3. Агарда аризачининг Ўзбекистон Республикасида эри (хотини), шунингдек ўз қарамоғидаги шахслар бўлса, у ана шу шахсларнинг унга нисбатан мулкий ёки бошқа даъволари йўқлиги тўғрисида нотариус томонидан тасдиқланган ёзма аризаларини тақдим этиши керак.


4. 18 ёшга тўлмаган шахснинг Ўзбекистон Республикаси фуқаролигидан чиқиши тўғрисидаги ариза унинг ота-онаси ёки бошқа қонуний вакиллари томонидан боланинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасининг нусхаси билан бирга берилади. Балоғатга етмаганлар 14 ёшдан 18 ёшгача бўлса, ота-оналарнинг ёки бошқа қонуний вакилларнинг аризасига уларнинг нотариус томонидан тасдиқланган ёзма равишдаги розилигини тақдим қилиш зарур.

Зарур ҳолларда никоҳни бекор қилиш, ота-оналардан бирининг ўлими, фарзанд қилиб олиш, ота-оналик ҳуқуқларидан маҳрум этиш, алимент тўлаш тўғрисидаги ҳужжатларнинг нотариус томонидан тасдиқланган нусхалари тақдим этилади.

Агар ота-онанинг иккаласи ҳам Ўзбекистон Республикасининг фуқароси бўлиб, улардан бири республика фуқаролигидан чиқса ва айни вақтда балоғатга етмаган боласининг Ўзбекистон Республикаси фуқаролигидан чиқишини илтимос қилса, у ҳолда боланинг Ўзбекистон Республикаси фуқаролигидан чиқишига ўзининг муносабати билдирилган ота ёки онанинг нотариус томонидан тасдиқланган аризаси тақдим этилади.


5. Расмийлаштирилган материалларни аризачининг доимий истиқомат жойидаги ички ишлари органлари Қорақалпоғистон Республикасининг Ички ишлар вазирлигига, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳокимликларининг ички ишлар бошқармаларига юборадилар.

Қорақалпоғистон Республикасининг Ички ишлар вазирлиги, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳокимликларининг ички ишлар бошқармалари Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигидан чиқиш тўғрисидаги материаллар тўғри расмийлаштирилганлигини текширадилар, икки нусхада иш юритиб, ҳар бир илтимоснома бўйича Давлат хавфсизлиги хизмати тегишли органларининг фикрини сўраб биладилар.

Улар юзасидан материаллар ва хулосаларни Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳокимликларининг ички ишлар бошқармалари Ўзбекистон Республикасининг Ички ишлар вазирлигига юборадилар.

Ўзбекистон Республикасининг Ички ишлар вазирлиги фуқароликдан чиқиш тўғрисида тайёрланган хулосалар билан бирга материалларни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги фуқаролик масалалари Комиссиясига ҳамда республиканинг тегишли ваколатли органлари - Давлат хавфсизлик хизмати ва Ташқи ишлар вазирлигига юборади, бу органлар фуқаролик масалалари Комиссиясига фақат ўз хулосаларини юбориб, материалларни эса Ўзбекистон Республикасининг Ички ишлар вазирлигига қайтарадилар.


б) хорижда доимий яшовчи шахсларнинг Ўзбекистон

Республикаси фуқаролигидан чиқиши


Ўзбекистон Республикасининг хорижда доимий яшовчи фуқароси Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигидан чиқиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президенти номига ариза беради. Бунда илтимос қилувчининг аризаси ва зарур ҳужжатлар рўйхати мазкур Низом II (б) бўлимининг 1-бандида баён этилган талабларга мувофиқ бўлиши керак, соғлиғи тўғрисидаги маълумотнома бундан мустасно.

Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигидан чиқиш тўғрисида ариза берувчи ота-оналар вазиятга қараб ўз аризаларида боласининг Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини сақлаб қолиш тўғрисидаги асосли илтимосни баён қилишлари мумкин.

Илтимосномалар бўйича материаллар ушбу масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигидан албатта хулоса олган ҳолда мазкур Низом II (б) бўлимининг 4-бандида кўрсатилган тартибда кўриб чиқиш учун юборилади.


IV. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ФУҚАРОЛИГИНИ ЙЎҚОТИШ

АСОСЛАРИ ВА УНИ РАСМИЙЛАШТИРИШ ТАРТИБИ

1. "Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига асосан Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги қуйидаги ҳолларда йўқотилиши мумкин:

а) Ўзбекистон Республикаси фуқаросига нисбатан унинг чет эл давлати армиясига ҳарбий хизматга, хавфсизлик хизматига, шунингдек полициясига, адлия органларига ёки давлат ҳокимияти ва бошқарувининг бошқа органларига ишга кирганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар ёхуд бошқа ишончли маълумотлар мавжуд бўлганда.

Консуллик муассасалари ҳужжатларни Ташқи ишлар вазирлигига юборадилар, Ташқи ишлар вазирлиги олинган маълумотларни ва Ички ишлар вазирлиги ҳамда Давлат хавфсизлик хизматининг хулосаларини ўзининг ҳужжатлари ва хулосаси билан бирга Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги фуқаролик масалалари бўйича Комиссияга тақдим этади.

б) агар чет элда доимий яшовчи шахс уч йил мобайнида узрли сабабларсиз консуллик ҳисобига турмаган бўлса.

Ташқи ишлар вазирлиги Ички ишлар вазирлиги ҳамда консуллик муассасаларининг ҳужжатлари асосида ҳужжатлар ва хулосани кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги фуқаролик масалалари бўйича Комиссияга юборади.

Уч йиллик муддат тартиби фақатгина 16 ёшга тўлган шахсларга нисбатан қўлланилади, уларнинг ота-оналари ёки улардан бирининг илтимоснома берганлиги ҳоллари бундан мустасно. Илтимосномага 14 ёшдан 18 ёшгача бўлган болаларнинг нотариал тасдиқланган розилиги илова қилинади.

Консуллик муассасаси раҳбари ҳолатга қараб объектив маълумотларга асосланган ҳолда Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг ўз вақтида консуллик ҳисобига турмаганлик сабабларининг узрли эканлигига мустақил баҳо беради;

в) агар Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги олдиндан била туриб ёлғон маълумотлар ёки сохта ҳужжатлар тақдим этиш натижасида олинган бўлса.

Ички ишлар органлари ёки консуллик муассасалари Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги олдиндан била туриб ёлғон маълумотлар ёки сохта ҳужжатлар тақдим этиш натижасида олинганлиги ҳақида маълумотлар ёки аризалар келиб тушган тақдирда, шахснинг ҳақиқатдан ҳам Ўзбекистон Республикаси фуқароси эканлигини аниқлаш учун зарур текширувларни олиб борадилар. Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги олдиндан била туриб ёлғон маълумотлар ёки сохта ҳужжатлар тақдим этиш натижасида олинганлиги ҳолати тасдиқланган тақдирда, Ички ишлар вазирлиги ёки Ташқи ишлар вазирлиги ҳужжатларни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги фуқаролик масалалари бўйича Комиссияга тақдим этадилар;

г) агар шахс чет эл давлати фойдасини кўзлаб фаолият юритиш ёки тинчлик ва хавфсизликка қарши жиноятлар содир этиш орқали жамият ва давлат манфаатларига жиддий зарар етказган бўлса.

Шахснинг чет давлат фойдасини кўзлаб фаолият юритиш ёки Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг Махсус қисми иккинчи бўлимида назарда тутилган тинчлик ва хавфсизликка қарши жиноятларни содир этиш натижасида жамият ва давлат манфаатларига жиддий зиён етказганлигини тасдиқлайдиган, суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланган ҳужжатлар шахснинг фуқаролигини йўқотиш юзасидан ташаббускор органнинг асослантирилган тақдимномаси билан бирга Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига юборилади.

Ички ишлар вазирлиги фуқароликни йўқотиш ташаббуси юзасидан ҳужжатлар нусхаларини Ташқи ишлар вазирлиги ва Давлат хавфсизлик хизматига тақдим этади. Ушбу ташкилотлар келиб тушган ҳужжатлар асосида ўзларининг хулосаларини Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги фуқаролик масалалари бўйича Комиссияга тақдим этадилар.

Ички ишлар вазирлиги фуқароликни йўқотиш ҳақидаги хулосани тегишли ҳужжатларни илова қилган холда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги фуқаролик масалалари бўйича Комиссияга тақдим этади;

д) агар шахс чет эл давлати фуқаролигини олган бўлса.

Манфаатдор вазирлик ва идоралар чет элда доимий яшовчи фуқароларга нисбатан ҳужжатларни Ташқи ишлар вазирлигига юборадилар. Ташқи ишлар вазирлиги ҳужжатларни ва Ички ишлар вазирлиги ҳамда Давлат хавфсизлик хизматининг хулосасини қабул қилиб, уларни ўзининг ҳужжатлари ва хулосаси билан бирга Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги фуқаролик масалалари бўйича Комиссияга тақдим этади.

Манфаатдор вазирлик ва идоралар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшовчи фуқароларга нисбатан ҳужжатларни Ички ишлар вазирлигига юборадилар. Ички ишлар вазирлиги ҳужжатларни ва Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Давлат хавфсизлик хизматининг хулосасини қабул қилиб, уларни ўзининг ҳужжатлари ва хулосаси билан бирга Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги фуқаролик масалалари бўйича Комиссияга тақдим этади.

2. Манфаатдор вазирлик ва идоралар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги фуқаролик масалалари бўйича Комиссияга кўриб чиқишга тақдим этиладиган хулосалар асослантирилган бўлиши керак.

Хулосаларда қуйидаги маълумотлар алоҳида кўрсатилиши керак:

шахснинг давлат олдидаги бажарилмаган (ижро этилмаган) мажбурияти ёки фуқаролар ёхуд давлат ва жамоат ташкилотларининг жиддий манфаатлари билан боғлиқ бўлган мулкий мажбурияти мавжудлиги;

шахснинг айбланувчи сифатида жиноий жавобгарликка тортилганлиги;

шахснинг қидирувда эканлиги;

шахсга нисбатан қонуний кучга кирган ва ижро қилиниши лозим бўлган суд ҳукмининг мавжудлиги;

шахснинг Ўзбекистон Республикасидан ташқарида озодликдан маҳрум қилиш жойларида эканлиги;

шахснинг Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотиши Ўзбекистон Республикаси давлат хавфсизлигининг манфаатларига номувофиқ эканлиги.


3. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги фуқаролик масалалари бўйича Комиссия тақдим этилган ҳужжатларни ҳамда манфаатдор вазирлик ва идораларнинг хулосаларини кўриб чиқади ва Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қарор қабул қилиш учун таклиф киритади.


4. Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотишни расмийлаштириш масалаларига оид ҳужжатларни тайёрлашда фуқароликни йўқотган деб топилаётган шахсни бу борада амалга оширилаётган ишлар ҳақида хабардор қилиш чоралари кўрилади.

Хабардор қилиш ўрнатилган тартибда шахснинг яшаш жойи бўйича амалга оширилади. Шахснинг турар жойи ҳақидаги маълумотлар мавжуд бўлмаган тақдирда, унинг охирги яшаш жойи бўйича фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларини ёки яқин қариндошларини хабардор қилиш орқали амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони чиққан кундан бошлаб йўқотилади.


5. Ўзбекистон Республикаси фуқаролигининг йўқотилганлиги факти "Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 31, 32-моддаларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида шахснинг доимий яшаш жойи бўйича ички ишлар органлари томонидан, чет элда доимий яшовчи шахслар учун эса, консуллик муассасалари томонидан рўйхатга олинади.


6. Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотишни расмийлаштириш масалаларига оид ҳужжатларни тайёрлаш тартиби Ички ишлар вазирлиги ва Ташқи ишлар вазирлиги томонидан манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда белгиланади.



V. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ФУҚАРОЛИГИНИ

ҚАЙТА ТИКЛАШ ТАРТИБИ


1. Илгари Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигида бўлган шахс ўз илтимосномасига биноан Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигида қайтадан тикланиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қайта тиклаш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президенти номига ариза берилади.


2. Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қайта тиклаш тўғрисидаги ариза бўйича ҳужжатларни расмийлаштириш ва уларни кўриб чиқиш тартиби Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиш ҳақидаги аризаларни кўриб чиқиш учун мазкур Низомда белгиланган тартибда расмийлаштирилади. Аризада Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигидан маҳрум бўлиш сабаблари кўрсатилади.

3. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги фуқаролик масалалари Комиссияси материалларни кўриб чиқади ва Ўзбекистон Республикасининг Президенти қарорлар қабул қилиши учун таклифлар киритади.



VI. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ФУҚАРОЛИГИГА

МАНСУБЛИКНИ АНИҚЛАШ ТАРТИБИ


а) республика ҳудудида доимий яшовчи шахсларнинг

Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига мансублиги


1. "Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида" Ўзбекистон Республикаси Қонуни 31, 35-моддаларига мувофиқ ички ишлар органлари Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи шахснинг Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига мансублигини унинг шахсий аризасига биноан, шунингдек унинг Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига мансублиги хусусида шубҳа юзага келган бошқа барча ҳолларда аниқлайдилар.


2. Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига мансубликни аниқлаш чоғида шахс ўзининг Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олиши ёки ундан маҳрум бўлиши сабабларини кўрсатиб, таржимаи ҳолини, яшаётган муддати ва оиласининг таркиби кўрсатилиб, доимий истиқомат жойидан маълумотномани, учта фотосуратни тақдим этади.


3. Шахснинг Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига мансублигини аниқлаш якунлари бўйича асосли хулоса чиқарилади, уни тегишли ички ишлар органининг раҳбари имзолайди ва шаҳар ёки туман ҳокими томонидан тасдиқланади.


4. Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига мансубликни аниқлаш чоғида шахсга, зарур ҳолларда, Ўзбекистон Республикасининг фуқароси паспортини бериш учун ҳужжатларни расмийлаштириш ва чет эл паспортини ёки унинг ўрнини босадиган ҳужжатни ички ишлар органларига топшириш таклиф этилади.

Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг чет эл паспортини ёки унинг ўрнини босадиган ҳужжатни топширишдан бош тортганлиги тегишли хулосада кўрсатилади, шахсга эса уни мазкур ҳужжат қайси давлатга тегишли бўлса ўша давлатнинг элчихонаси ёки консулхонасига юбориш тавсия этилади.



б) хорижда доимий яшовчи шахсларнинг Ўзбекистон

Республикаси фуқаролигига мансублиги


1. Хорижда доимий яшовчи шахснинг Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига мансублиги тўғрисидаги аризаси "Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида" Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 32, 35-моддаларига мувофиқ қабул қилинади ва кўриб чиқилади. Ариза берувчининг бундай аризаси ва таржимаи ҳолига оид маълумотлари Ўзбекистон Республикасининг Ташқи ишлар вазирлиги тасдиқлаган шаклдаги сўров варақалари /анкеталар/да баён этилади ва унга аризачининг фотосуратлари илова қилинади.


2. Ариза берувчи шахсда Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига мансублик билан алоқадор ҳолатларни шак-шубҳасиз тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлган тақдирда консуллик муассасасининг раҳбари ушбу масала юзасидан мустақил қарор қабул қилади.

Ариза берувчида тегишли ҳужжатлар бўлмаган тақдирда консуллик муассасалари Ўзбекистон Республикасининг Ташқи ишлар вазирлигига сўров йўллайди.


3. Ўзбекистон Республикасининг Ташқи ишлар вазирлиги ариза берган шахснинг Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига мансублигини Ўзбекистон Республикасининг тегишли давлат органлари ёки бошқа ташкилотлар орқали текширади ва қабул қилган қарор ҳақида консуллик муассасасини хабардор этади. Ариза берган шахснинг Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига мансублиги тасдиқланган тақдирда консуллик муассасаси унга Ўзбекистон Республикасининг белгиланган нусхадаги паспортини беради ва консуллик ҳисобига олади.



VII. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИ ҲУЗУРИДАГИ ФУҚАРОЛИК

МАСАЛАЛАРИ КОМИССИЯСИНИНГ

ИШИНИ ТАШКИЛ ҚИЛИШ


1. Ўзбекистон Республикасининг Президенти ҳузуридаги Комиссияни Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат муассасаларининг ижтимоий-сиёсий ташкилотларнинг, илмий-ижодий жамиятлар ҳамда жамоатчиликнинг вакилларидан иборат таркибда 5 йил муддатга ташкил этади.


2. Комиссия жамоатчилик асосида ишлайди. Комиссия аъзоларига ўз вазифаларини бажариш билан боғлик харажатлар қопланади.


3. Комиссиянинг мажлиси материаллар тайёрланишига қараб чақирилади.


4. Комиссиянинг мажлисини Комиссия раиси ёки унинг топшириғига биноан раис ўринбосари ўтказади.


5. Комиссия аъзоларининг учдан икки қисми ҳозир бўлган тақдирда у ҳуқуқий ваколатга эга деб ҳисобланади. Комиссиянинг қарори ҳозир бўлган комиссия аъзоларининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.

Овозлар тенг бўлиб қолганида ариза рад қилинган ҳисобланади. Комиссия қарори баённома билан расмийлаштирилади ҳамда комиссиянинг мажлисда қатнашган барча аъзолари томонидан имзоланади.

Комиссия ўрганиб чиқилган материаллар асосида Ўзбекистон Республикасининг Президенти қарор қабул қилиши учун таклифлар киритади.


6. Комиссия таклифларини кўриб чиқиш натижалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони қабул қилинади.



VIII. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


1. Фуқаролик масалалари бўйича аризаларни расмийлаштирувчи ички ишлар органлари, дипломатия ваколатхоналари, консуллик муассасалари ариза берувчи шахсдан мазкур Низомда кўрсатилган ҳужжатлар ва материаллардан ташқари ишга дахлдор бўлган бошқа ҳужжатларни ҳам талаб қилишга ҳақлидирлар.


2. Ваколатли органларнинг ҳар бирида материалларни кўриб чиқиш муддати бир ойдан, умумий муддати эса - фуқаролик масалалари бўйича ҳужжатлар очилган пайтдан бошлаб бир йилдан ошмаслиги керак.

3. Фуқаролик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ва фуқаролик масалаларига оид қарорларни ижро қилиш тартибини бузувчи мансабдор шахсларнинг ҳуқуққа зид хатти-ҳаракатлари хусусида қонун билан белгиланган тартибда лавозимига кўра юқорироқ мансабдор шахсга, норози бўлган тақдирда эса судга шикоят қилиниши мумкин.


4. Ўзбекистон Республикасининг Ички ишлар вазирлиги ва Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Президентининг фуқаролик масалаларига оид фармонлари қандай бажарилаётганлиги тўғрисида йилига 2 марта Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги фуқаролик масалалари Комиссиясига ахборот бериб турадилар.


5. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги бўлинмалари ва консуллик муассасалари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда тасдиқланган шакллар бўйича фуқаролик масалаларига оид маълумотномаларни берадилар.