ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Маҳаллий давлат ҳокимият органлари / Хоким. Жойлардаги ижро органлари (ҳокимиятлар) /

Тошкент шаҳар кўчаларидан фойдаланиш Тартиби (Тошкент шаҳар ҳокимининг 26.02.2016 й. 169-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Тошкент шаҳар ҳокимининг

2016 йил 26 февралдаги

169-сон қарорига

ИЛОВА



Тошкент шаҳар кўчаларидан фойдаланиш

ТАРТИБИ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Тартиб Ўзбекистон Республикасининг "Автомобиль йўллари тўғрисида"ги Қонуни ("Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2007 й., 40-сон, 410-модда), Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 26 декабрдаги "Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги автомобиль йўлларида хавфсизликни таъминлаш ва ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 342-сонли қарорига ("Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2011 йил, 52-сон, 562-модда) ва бошқа норматив ҳуқуқий ҳужжатларга асосан Тошкент шаҳар кўчаларидан фойдаланиш тартибини белгилайди.


2. Мазкур Тартибда қуйидаги тушунчалар қўлланилади:


Тошкент шаҳар кўчалари - транспорт воситалари ҳаракатланиши учун мўлжалланган, уларнинг белгиланган тезликда, оғирликда, ўлчамларда муттасил ва хавфсиз ҳаракатланишини таъминлайдиган муҳандислик иншоотлари мажмуаси, шунингдек ушбу мажмуани жойлаштириш учун берилган ер участкалари ва мажмуа устидаги белгиланган доирадаги бўшлиқ;


ажратилган минтақа - автомобиль йўли, унинг тегишли конструктив элементлари ва муҳандислик иншоотлари, шунингдек автомобиль йўлидан фойдаланиш учун зарур бўлган бинолар, иншоотларни жойлаштириш, иҳота ва манзарали дарахтзорлар барпо этиш учун доимий фойдаланишга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бериладиган ер участкаси;


Тошкент шаҳар кўчаларидан фойдаланувчилар - йўл ҳаракатининг иштирокчилари бўлган ёки ажратилган минтақа доираларида белгиланган тартибда рухсат этилган фаолиятни амалга оширувчи юридик ва жисмоний шахслар;


қатнов қисмининг чети - қатнов кисмини йўл бўйидан ажратувчи чизиқ;


қизил чизиқ - қатнов қисми четидан бошлаб белгиланган хавфсизлик минтақаси;


механик транспорт воситаси - двигатель билан ҳаракатга келтириладиган транспорт воситаси (мопеддан ташқари). Ушбу атама барча трактор ва ўзиюрар мосламаларга ҳам тааллуқлидир;


хавфсизлик минтақаси - қатнов қисми четидан кизил чизиққача бўлган масофа.


йўл хизмати ташкилотлари - Тошкент шаҳар кўчаларини ва йўл иншоотларини сақлаш ва тузатиш, ҳаракат хавфсизлиги таъминлаш, йўлнинг техник тоифасини сақлаш ва ошириш бўйича ишлар юкланган бошқарма ва ташкилотлар;


3. Тошкент шаҳар кўчалари Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Ободонлаштириш бош бошқармаси тизимидаги бошқармалар тасарруфидадир.


4. Тошкент шаҳар кўчалари ва уларга ажратилган минтақалардан фойдаланиш ҳамда уларни сақлаш ишлари йўл хизмати ташкилотлари томонидан амалга оширилади.


5. Тошкент шаҳар кўчаларидан фойдаланувчилар, Тошкент шаҳар кўчалари минтақасида ер ости ва устидан ўтувчи ҳамда бошқа иншоотлар, коммуникацияларни қурувчи ёки таъмирловчи ташкилотлар ушбу тартибга амал қилиши мажбурийдир.


6. Тошкенг шаҳар кўчаларини таъмирлаш манзилли рўйхатларини шакллантириш хамда харажатларини маҳаллий бюджет маблағлари хисобидан молиялаштириш (тўловларни амалга ошириш) Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2008 йил 16 майда 1808-сон билан рўйхатга олинган Ўзбекистон Республикаси Молия вазирининг 2008 йил 7 майдаги 49-сон буйруғи билан тасдиқланган "Шаҳар ва бошқа аҳоли пунктлари кўчаларини, шунингдек хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўлларини таъмирлаш манзилли рўйхатларини шакллантириш ҳамда харажатларини маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштириш (тўловларни амалга ошириш) тартиби бўйича низом" ("Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2008 йил, 20-21-сон, 181-модда) талабларига биноан амалга оширилади.



II. ТОШКЕНТ ШАҲАР КЎЧАЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШ


7. Тошкент шаҳар кўчалари учун хавфсизлик минтақаси шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларида белгиланади.


8. Юридик ва жисмоний шахслар йўл қопламалари ва йўл иншоотларига зиён етказмайдиган, харакат хавфсизлиги талабларига жавоб берадиган, техник жиҳатдан соз механик транспорт воситаларидан фойдаланиши шарт.


9. Ўқига тушадиган юклама ва тўлиқ вазни амалдаги меъёрий ҳужжатларда белгилангандан юқори бўлмаган транспорт воситаларига, ўзиюрар машиналар ва механизмларга автомобиль йўлларида харакатланишга рухсат этилади.


10. Тошкенг шаҳар кўчалари ва уларнинг хавфсизлик минтақаларида қуйидагилар тақиқланади:

кўчаларни улардаги сунъий иншоотларни сақлашга ва ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга тааллуқли бўлмаган бошқа бино ва иншоотларни қуриш;

йўлларга, йўл иншоотлари, йўл белгилари ва кўрсаткичларига, харакатланишни ташкил этувчи ва бошқарувчи воситаларга ҳамда йўлга тааллуқли бошқа нарсаларга зиён етказиш;

ҳаракатланиш вақтинча тўхтатилган йўл қисмларидан транспорт воситасида махсус рухсатномасиз ўтиш;

қаттиқ ва кучайтирилган копламали йўлларда занжирли транспорт воситаларининг махсус ҳимояловчи бошмоқларсиз ҳаракатланиши, шунингдек катта ҳажмли ва оғир вазнли юкларни ташиш;

қатнов қисми ва йўл четини, кўприкларни, қувурларни, ариқчаларни, сув қочириш иншооти (дренаж) қурилмаларини ифлослантириш, йўлларга ва ажратилган минтақага тўкилиб-сочиладиган юкларни белгиланган идишларга жойлаштирмасдан ташиш;

йўналишларни ажратувчи тасмага барча турдаги транспорт воситаларининг чиқиши;

йўл ва йўл иншоотларини ҳар қандай элементлар билан, аравалар, техникалар, материаллар ва бошқалар билан тўсиб қўйиш, аркалар, шлагбаумлар ва бошқа иншоотлар қуриш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қуритиш, ҳар хил материалларни тахлаб қўйиш, чиқинди ва қорларни уйиб қўйиш;

транспорт воситаларини таъмирлаш ва мойлаш, ёнилғи-мойлаш материалларини қуйиш, юк ортиш, юк тушириш, юкни бошқа техникага ортиш ва маҳкамлаш, тозалаш ва ювиш (иложсиз ҳолатларда улар йўлдан чиқиб, ажратилган тасма ҳудудида амалга оширилиши мумкин, бирок хайдовчи ёки транспорт воситаси эгаси шу жойни дарҳол тозалаб қўйиши шарт);

Тошкент шахар ҳудудидаги каналларнинг кўприклари остида қайиқлар станцияси, қайиқлар тўхташ жойи ва бошқа иншоотлар қуриш;

кўприклар, йўл ўтказгичлар ва бошқа сунъий иншоотлар остида ва устида йўл инфраструктурасига боғлиқ бўлмаган бино ва иншоотларни қуриш;

ер шўрини ювиш, йўл четидаги ариқчалардан суғориш учун фойдаланиш, маданий қишлоқ хўжалиги экинларини суғориш, яшил минтақани суғориш каби ишларда автомобиль йўлларини сувга бостириш, ажратилган минтақани балчиқлантириш;

сув қочирувчи иншоотларга ва захира ерларга канализация, ишлатилган мелиорация ва оқава сувларни оқизиш;

юқори кучланишли электр тармоқларининг автомобиль йўлларини кесиб ўтиш жойларини электр сими узилиб йўл қисмига тушишига қарши хавфсизликни таъминловчи химоя қурилмаларисиз қуриш.


11. Тошкент шаҳар кўчаларида транспорт воситаларининг хавфсиз ҳаракатланишини таъминлаш мақсадида йўл хизмати ташкилотлари қуйидагиларни амалга ошириши шарт:

йўлларни ва йўл иншоотларини соз ҳолда сақлаш, қишда қисқа вақтда қордан тозалаш ва музламаларнинг олдини олиш учун тегишли чоралар кўриш;

йўл белгиларини амалдаги давлат стандартларига асосан ўрнатиш, ҳаракатланиш учун хавфли бўлган участкаларни зарур тўсиқлар ва қурилмалар билан жиҳозлаш;

йўлларда таъмирлаш ишлари амалга оширилаётганда ушбу участкаларнинг талаб даражасида жиҳозланишини, кечаси ва кундузи яхши кўринадиган тўсиқлар, йўл белгилари ва кўрсаткичларининг ўрнатилишини таъминлаш, зарур ҳолларда айланиб ўтувчи йўлларни ташкил этиш ҳамда Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги Йўловчи транспортининг барча турлари ҳаракатини лицензиялаш ва муфовиқлаштириш департаментига таъмирлаш ишлари бошланаётганлиги ҳақида маълум қилиш;

таъмирлаш ишлари олиб борилаётган манзилда таъмирлаш ишларини олиб бораётган йўл хизмати ташкилоти номини, алоқа телефон рақамлари акс эттирган маълумотларни кўринарлик жойга жойлаштириш;

йўлларнинг қатнов қисми қурилиш материаллари билан тўсилиб қолишига йўл қўймаслик, ишламаётган йўл машиналари ва механизмларини ўз вактида йўлдан четга чиқариб қўйиш;

автобус бекатларида йўловчиларни чиқариш ва тушириш майдончалари бўлишини таъминлаш;

хайдовчиларнинг дам олиши учун белгиланган жойларда транспорт воситалари туриши учун тегишли шарт-шароитлар бўлган майдончалар ташкил этиш;

кўча элементларини тоза ва тартибли сақлаш, кичик носозликларнинг олдини олиш ва бартараф этиш;

ювиш машиналари ёрдамида чанг, ифлосликлар, қор, муздан тозалаш, ювиш, коплама юзасидаги майда тошчаларни супуриб йўқотиш;

тўсиқларни, сигнал столбаларини ўз вақтида кўздан кечириш, носоз элементларни алмаштириш ва жорий таъмирлаш;

мустаҳкамлагичларни қаттиқлаш, тўсиқларни чанг ва ифлосдан тозалаш, ювиш, бўяш, бекат майдончаларини тоза сақлаш, бўялган жойларни ювиш ва тиклаш, кичик бузилишларни тузатиш, бузилган деталларни алмаштириш;

ўтказиш йўлларини, ер ости туннелларини тоза сақлаш, баъзи кичик бузилишларни, тўшамаларни, суянгичларни, брусларни созлаш, болтларни, илгакларни қаттиқлаш, конус мустаҳкамлагичларни созлаш;

асфальт қопламали, шунингдек шағал копламали йўллар юзасини текислаш;

тупроқли ва тош йўлларни текислаш;

суянчиқлар, тўсиқлар, бекат майдончалари, тоннеллар, кўприкларни бўяш;

дарахтларни парвариш қилиш, дарахтларни кесиш-каллаклаш, қуруқ дарахтларни йиғиштириб олиш, дарахтларни ёнғиндан ҳимоя қилиш, ўсимлик зараркунандалари ва касалликларига қарши курашиш;

уруғлик сепиш ва гул экиш, ажратилган минтақага ва ажратиш тасмасига майсалар экиш;

йўл шароити билан боғлиқ ҳолда содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаларининг сабабларини доимий равишда ўрганиб бориш ва Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ билан ҳамкорликда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш бўйича тегишли чора-тадбирларни белгилаш.


12. Тошкент шаҳар кўчаларига туташ ер участкаларининг мулкдорлари, эгалари ва улардан фойдаланувчилар:

Тошкент шаҳар кўчасига қўшиладиган ва шохобча йўлларни техникавий жиҳатдан соз ҳолатда сақлаши;

тротуарлар ва пиёдалар йўлкаларининг қор ва чиқиндилардан тозалаб турилишини амалга ошириши;

ажратилган минтақадаги дов-дарахтларни асраши ва сақлаши;

йўл билан туташ бўлган тўсиқлар ҳамда қурилишларни соз ва бўялган ҳолда сақлаши;

автомобиль йўлига туташ буталарни парвариш қилиши ва иморатларни соз ҳолатда сақлаши шарт.


13. Тошкент шаҳар кўчаларидан фойдаланувчилар автомобиль йўлларида ва йўл иншоотларида ҳаракат хавфсизлигига зид носозликлар ва бузилишларни кўришганда, бу хақда якиндаги йўл хизмати ташкилотларига ёки Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБга зудлик билан хабар беришлари зарур.


14. Амалдаги техник меъёрларга асосан автомобиль йўллари билан бир сатхда кесишган темир йўл кесишмаларини сақлаш, шунингдек барча турдаги шлагбаумлар ва кесишмаларни қўриқлаш темир йўл органлари томонидан амалга оширилади. Темир йўллар устида қурилган йўл ўтказгичларини соз ҳолатда сақлаш ва улардан белгиланган тартибда фойдаланишни таъминлаш йўл хизмати ташкилотлари томонидан амалга оширилади.

Ер ости ва ер устидан ўтувчи муҳандислик коммуникациялари меъёрий ҳужжатлар асосида ривожланишни ҳисобга олган холда, шаҳарсозлик норма ва қоидаларига мувофиқ белгиланган тартибда ўтиши керак.

Бирорта коммуникация тармокларининг тўғридан-тўғри йўл тўшамасида жойлашгирилиши тақиқланади.


15. Тошкент шаҳар кўчаларида таъмирлаш ишларини олиб борувчи ташкилотлар ўрнатилган тартибга риоя этишлари, бажариладиган ишларни ўз вақтида сифатли тугаллашлари, шунингдек транспорт воситаларининг хавфсиз ҳаракатланишини таъминлаши шарт.

Мазкур ташкилотларнинг масъул ходими таъмирлаш ишлари бошланишидан олдин, технологик жараён, ишларни бошлаш ва тугаллаш вақти кўрсатилган ҳужжатларни ўрнатилган тартибда расмийлаштириши керак.

Таъмирланаётган кўча орқали жамоат транспортининг ҳаракати ташкил этилган ҳолатларда, таъмирлаш ишларини олиб боришдан олдин Тошкент шахар ҳокимлиги Йўловчи транспортининг барча турлари ҳаракатини лицензиялаш ва муфовиқлаштириш департаменти билан келишилиши шарт.


16. Тошкент шаҳар кўчалари минтақаларида сервис ва инфратузилма объектларини жойлаштириш белгиланган тартибда амалга оширилади.


17. Йўл бўйида амалдаги меъёрий ҳужжатлар талаблари асосида жойлашган бозорлар ва бошқа ташкилотлар, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари бўлса, улардан фойдаланувчи юридик ва жисмоний шахслар транспорт воситалари учун барча қулайликларга эга, кириш ва чиқиш йўллари бўлган майдонлар ҳамда транспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойлари бўлишини белгиланган тартибда таъминлаши шарт.


18. Ноқулай об-ҳаво-иқлим шароитларида, табиий офатлар, ёнғинлар юз берганда, автомобиль йўли кўтариш қобилиятини йўқотганда ва бошқа шунга ўхшаш ҳолларда, шунингдек таъмирлаш-қурилиш ишлари олиб борилаётганда йўл хизмати ташкилотлари маҳаллий давлат ҳокимияти органларига бу ҳақда билдирган, автомобиль йўлларидан фойдаланувчиларни оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилиш билан хабардор қилган ҳамда тегишли белгилар ўрнатган ҳолда Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ва Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармаси билан биргаликда транспорт воситалари ҳаракатини чеклаш ёки тақиқлаш ҳуқуқига эга.



III. ТОШКЕНТ ШАҲАР КЎЧАЛАРИДАН

ФОЙДАЛАНУВЧИЛАРНИНГ ҲУҚУҚ

ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


19. Тошкент шаҳар кўчаларидан фойдаланувчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

кўчалардан ўтиш;

муттасил, йил давомида, хавфсиз ва қулай шароитларда ҳаракатланиш;

ҳаракатланишнинг йўл шароитлари тўғрисида тезкор ахборот олиш;

кўчалардаги носозликлар туфайли етказилган зарарни белгиланган тартибда ундириб олиш.

Тошкент шаҳар кўчаларидан фойдаланувчилар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳукуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


20. Тошкент шаҳар кўчаларидан фойдаланувчиларнинг мажбуриятлари:

ҳаракат хавфсизлигини ва автомобиль йўлларини сақлашни таъминлай оладиган ҳолатдаги транспорт воситаларидан фойдаланишлари;

Тошкент шаҳар кўчаларини ифлослантирмасликлари;

автомобиль йўлларининг шикастланиш ҳолларига йўл қўймасликлари, кўчаларни ифлос килиши мумкин бўлган юклар, қурилиш чиқиндилари, қум ва тупроқ фақат махсус жиҳозланган машиналарда намланган ҳолда ташилиши;

йўл харакати қоидаларига риоя этишлари шарт.

Кўчаларни ифлослантириш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида юклар ортилган машиналар устини брезент билан ёпиш тавсия этилади.

Тошкент шаҳар кўчаларидан фойдаланувчиларнинг зиммасида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.



IV. ТОШКЕНТ ШАҲАР КЎЧАЛАРИДАН УЛАРНИНГ

АСОСИЙ ВАЗИФАСИ БИЛАН БОҒЛИҚ БЎЛМАГАН

ҲОЛЛАРДА ФОЙДАЛАНИШ


21. Тошкент шаҳар кўчаларидан уларнинг асосий вазифаси билан боғлиқ бўлмаган холларда фойдаланиш Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва йўл хизмати ташкилотлари билан келишилган ҳолда амалга оширилади.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва йўл хизмати ташкилотлари билан келишмасдан туриб:

ажратилган минтақада йўл ахборотига алоқаси бўлмаган реклама пештахталари, пешлавҳалар, эълонлар ўрнатиш ва жойлаштиришга;

спорт мусобақалари ва жамоатчилик тадбирлари ўтказишга;

ажратилган минтақа доирасида кўкаламзорлаштириш ишларини олиб боришга;

каналлар, алоқа ва электр узатиш линиялари, қувурлар, темир йўллар ҳамда бошқа коммуникацияларнинг автомобиль йўлларини кесиб ўтишига;

туташадиган ва ажралиб чиқадиган йўллар қуришга;

кўприклар ва сув қувурлари яқинида мелиорация ҳамда бошқа мақсадлар учун дарёлар ва зовурларнинг ўзанларини чуқурлаштиришга;

ер қазиш ва курилиш коммуникация ишларини олиб боришга йўл қўйилмайди.



V. ТОШКЕНТ ШАҲАР КЎЧАЛАРИДА ҲАРАКАТЛАНИШНИ

ЧЕКЛАШ ЁКИ ТАҚИҚЛАШ


22. Ушбу Тартибнинг 18-банди кўрсатилган ҳолларда ва қонун хужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолларда автомобиль йўлларида ҳаракатланиш чекланиши ёки тақиқланиши мумкин.

Йўл хизмати ташкилотлар иш олиб борилаётганда, агар бундай ишлар транспорт воситалари ҳамда пиёдаларнинг ҳаракат хавфсизлигига тахдид қилса, автомобиль йўлларидаги ёки уларнинг айрим участкаларидаги ҳаракатланишни вақтинча чеклаш ёхуд тақиқлашга ҳақли.


23. Оммавий тадбирлар ўтказиш пайтида эса йўлларда ҳаракатланишни вақтинча чеклаш ёхуд тақиқлаш Тошкент шаҳар ҳокимлиги фармойиши асосида амалга оширилади.


24. Автомобиль йўлларида ҳаракатланишни вақтинча чеклаш ёхуд такиқлаш тегишлилиги бўйича йўл хизмати ташкилотлари томонидан, Тошкент шаҳар ИИББ ЙҚХБ ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги Йўловчи транспортининг барча турлари ҳаракатини лицензиялаш ва муфовиқлаштириш департаменти билан келишилган ҳолда амалга оширилади.

Шошилинч, кечиктириб бўлмайдиган ҳолларда автомобиль йўлларида харакатланишни вақтинча чеклаш ёки тақиқлаш ишлар олиб бориш учун олдиндан рухсатнома олмаган ҳолда жорий этилиши мумкин, бунда йўл хизмати ташкилотлари, Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги Йўловчи транспортининг барча турлари ҳаракатини лицензиялаш ва мувофиқлаштириш департаменти бу ҳақда хабардор қилиниши шарт.



VI. ТОШКЕНТ ШАҲАР КЎЧАЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШ

ТАРТИБИГА РИОЯ ҚИЛМАГАНЛИК УЧУН ЮРИДИК

ВА ЖИСМОНИЙ ШАХСЛАРНИНГ ЖАВОБГАРЛИГИ


25. Ушбу Тартибга риоя қилмаганлик учун юридик ва жисмоний шахслар конун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгардирлар.























































Время: 0.1994
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск