язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Қишлоқ ва сув хўжалиги/ Қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш/ Қишлоқ хўжалиги корхонасини фермер хўжаликларига айлантириш бўйича комиссия тўғрисида Намунавий Низом (ЎзР ВМ 05.01.2002 й. 8-сон қарорига 4-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2002 йил 5 январдаги

8-сон қарорига

4-ИЛОВА



Қишлоқ хўжалиги корхонасини фермер хўжаликларига

айлантириш бўйича комиссия тўғрисида

НАМУНАВИЙ НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1.1. Мазкур Низом Қишлоқ хўжалиги корхонасини фермер хўжаликларига айлантириш бўйича комиссияни (кейинги ўринларда "комиссия" деб аталади) ташкил этиш тартибини ва унинг фаолиятини тартибга солади, унинг асосий вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаб беради.


1.2. Комиссия туман ҳокимининг қарори билан ташкил этилади.

Комиссияга лавозимига кўра туман ҳоким ўринбосари бошчилик қилади.

Комиссия қайта ташкил этилаётган қишлоқ хўжалиги корхонаси раҳбарлари, мутахассислари, аъзолари (ходимлари)дан, шунингдек касаба уюшмаси, хизмат кўрсатувчи банк, туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими ва туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши вакилларидан иборат таркибда тузилади.

1.3. Комиссия ишига туман ҳокимининг қарори билан шунингдек молия ва солиқ органлари, туман (Қувасой шаҳар) қишлоқ хўжалиги бўлими, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ва бошқа манфаатдор ташкилотлар вакиллари ҳам жалб этилади.

1.4. Қишлоқ хўжалиги корхоналарини фермер хўжаликларига айлантириш ишларининг изчиллиги илова қилинаётган схема бўйича амалга оширилади.



II. КОМИССИЯНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ

ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


2.1. Қуйидагилар комиссиянинг асосий вазифалари ҳисобланади:

қишлоқ хўжалиги корхонасини фермер хўжаликларига айлантириш режасини ишлаб чиқиш;

ер ресурслари, ишлаб чиқариш ва ноишлаб чиқариш фондлари, айланма маблағлар, дебиторлик ва кредиторлик қарзлар, тугалланмаган қурилиш ва бошқа моддий бойликларни хатлаш;

фермер хўжалиги ташкил этиш бўйича очиқ танловда қатнашиш учун талабгорларни танлаш;

очиқ танловни ўтказиш ҳамда фермер хўжалиги ташкил этиш ҳуқуқини бериш учун қобилиятли, тегишли билим ва кўникмаларга эга бўлган меҳнатсевар ва тадбиркор фуқароларни аниқлаш;

активлар ва пассивларни ташкил этилаётган фермер хўжаликлари ўртасида тақсимлаш.


2.2. Комиссия ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги асосий функцияларни амалга оширади:

қайта ташкил этилаётган қишлоқ хўжалиги корхонаси аъзолари ўртасида таништириш-тушунтириш ишлари олиб бориш;

оммавий ахборот воситалари орқали ёки бошқа қулай шаклда қишлоқ хўжалиги корхонаси фермер хўжаликларига айлантирилиши тўғрисида аҳолини хабардор қилиш;

қишлоқ хўжалиги корхонасининг молия-хўжалик фаолиятини таҳлил этиш;

дебиторлик қарзларни ундириб олиш ишларини ташкил этиш;

қишлоқ хўжалиги корхонаси фермер хўжаликларига айлантирилиши тўғрисида кредиторларни хабардор қилиш ҳамда қарзларни таркибий қайта кўриб чиқиш бўйича бундан кейинги ўзаро муносабатларни улар билан келишиш ва қарзларни қайтариш муддатларини белгилаш;

ердан фойдаланиш, алмашлаб экиш ва қишлоқ хўжалик экинларини жойлаштиришнинг ҳолатини ўрганиш;

хўжалик балансида бўлган суғориш ва коллектор-дренаж тизимларини хатлаш;

машина-трактор парки ҳолатини ўрганиш;

хўжалик аъзолари ва бошқа шахсларни фермер хўжаликлари ташкил этиш учун талабгорларни танлаб олиш ва очиқ танлов ўтказиш тартиби, таклиф этилаётган ерларни танлаш тартиби билан ва қишлоқ хўжалиги корхонасини қайта ташкил этишнинг бошқа шартлари билан таништириш;

талабгорларни қишлоқ хўжалиги корхонасининг молиявий ҳолати тўғрисидаги ахборот билан таништиришни ташкил этиш;

фермер хўжаликлари ташкил этиш учун талабгорларнинг аризаларини қабул қилиш ва ўрганиб чиқиш, очиқ танлов асосида ғолибларни аниқлаш;

қишлоқ хўжалиги корхонасининг активлари ва пассивларини ташкил этилаётган фермер хўжаликлари ўртасида тақсимлаш бўйича ажратувчи баланс ва ўтказма ҳужжат тузиш;

ижтимоий инфратузилма объектларини аниқлаш ва уларни ҳокимиятнинг тегишли маҳаллий органларига ва бошқа ташкилотларга беришни ташкил этиш;

хўжаликларнинг ортиқча ва фойдаланилмаётган асосий фондлари ва моддий бойликларини сотишни ташкил этиш;

ўтказилаётган тадбирларни тегишли баённомалар билан расмийлаштириш.



III. КОМИССИЯНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


3.1. Комиссия қуйидаги ҳуқуқларга эгадир:

хўжаликнинг раҳбари ва бошқа мутахассисларидан бирламчи ҳужжатлар, бухгалтерия ва статистика ҳисоби ва ҳисоботи маълумотлари, бошқа зарур ахборотлар белгиланган муддатларда тақдим этилишини талаб этиш;

мавжуд қонун ҳужжатлари ва норматив ҳужжатларга мувофиқ талабгорларнинг фермер хўжаликлари ташкил этиш учун берилган аризаларини асосли рад этиш.


3.2. Комиссия қуйидагиларга мажбурдир:

талабгорларнинг сўровлари бўйича фермер хўжаликлари ташкил этилиши юзасидан зарур ахборотларни тақдим этиш;

қилинган ишлар тўғрисида қишлоқ хўжалиги корхонасининг якуний умумий йиғилишига ва туман ҳокимига якуний ҳисобот тақдим этиш;

комиссия ишининг ошкоралигини ва унинг натижалари билан танишишни таъминлаш;

фермер хўжаликлари ташкил этиш бўйича очиқ танлов ўтказишда холислик ва одилликни таъминлаш;

фермер хўжаликлари ташкил этиш учун очиқ танловда қатнашиш учун талабгорнинг аризаси қабул қилинишини ёзма равишда асосли рад этиш.

3.3. Комиссия аъзолари қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.



IV. КОМИССИЯ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


4.1. Комиссия мажлиси заруриятга кўра, бироқ қишлоқ хўжалиги корхонасини қайта ташкил этишнинг бутун даври мобайнида бир ҳафтада камида бир марта ўтказилади.


4.2. Комиссия мажлиси комиссия аъзолари умумий сонининг камида учдан икки қисми иштирок этган тақдирда кун тартибидаги масалалар бўйича қарор қабул қилиш ҳуқуқига эгадир. Комиссиянинг қарорига кўра овоз бериш очиқ ёки яширин усулда ўтказилади, комиссиянинг ҳар бир аъзоси битта овоз бериш ҳуқуқига эгадир. Қарор оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади.


4.3. Комиссия фаолиятига унинг раиси раҳбарлик қилади. Комиссия раиси комиссия аъзолари ва жалб этилган шахслар фаолиятини мувофиқлаштиради, қайта ташкил этилаётган хўжаликнинг ва бошқа манфаатдор ташкилотларнинг мансабдор шахсларига ўз ваколатлари доирасида кўрсатмалар беради.


4.4. Комиссия ишида комиссия аъзолари доимий ишдан ажралмаган ҳолда қатнашадилар ва ўз зиммаларига юкланган мажбуриятларни бажарадилар, шу муносабат билан уларнинг ишига қўшимча ҳақ тўланмайди.


4.5. Комиссиянинг қарорига мувофиқ жалб этилган аудиторлар ва ташқи эксперт-лар ишига қайта ташкил этилаётган қишлоқ хўжалиги корхонасининг маблағлари ҳисобига ҳақ тўланади.



V. КОМИССИЯНИ ТУГАТИШ


5.1. Комиссиянинг ваколатлари қайта ташкил этиш тугаллангандан кейин тўхтатилади.


5.2. Комиссия тугатилгандан кейин комиссиянинг қишлоқ хўжалиги корхонасини қайта ташкил этиш бўйича ҳужжатлари давлат архивига топширилади.






Намунавий низомга

ИЛОВА



Қишлоқ хўжалиги корхонасини

фермер хўжаликларига айлантириш

ишларининг изчиллиги

СХЕМАСИ

Босқичлар


Чора-тадбирлар


Масъуллар

I босқич

Умумий йиғилиш ўтказилгандан кейин 3 кун мобайнида

1. Қишлоқ хўжалиги корхонасини фермер хўжаликларига айлантириш тўғрисида умумий йиғилишнинг қарорини қабул қилиш.

2. Қайта ташкил этиш бўйича комиссия ташкил этиш ва у тўғрисидаги низомни тасдиқлаш


Умумий йиғилиш ва туман ҳокими



туман ҳокими

II босқич

(Комиссия ташкил этилгандан кейин)

3 кун мобайнида


1. Қишлоқ хўжалиги корхонасини фермер хўжаликларига айлантириш тўғрисида хабардор қилиш.


Қайта ташкил этиш бўйича комиссия

3 кун мобайнида

2. Қишлоқ хўжалиги корхонасини фермер хўжаликларига айлантириш тўғрисида кредиторларни хабардор қилиш ва кейинги ўзаро муносабатларни улар билан келишиш.



3 ҳафта мобайнида

3. Мол-мулк ва ер участкаларини комплекс хатловдан ўтказиш, шунингдек ернинг қийматини баҳолаш.



3 ҳафта мобайнида

4. Тузилаётган фермер хўжаликларининг ер участкаларини белгилаш учун қайта ташкил этилаётган қишлоқ хўжалиги корхонасининг ер фондини қайта тақсимлаш лойиҳаси (схемаси)ни ишлаб чиқиш.



танлов ўтказилгунгача

5. Ариза берган хўжалик аъзолари ҳамда бошқа шахслар ўртасида танлов ўтказиш ва фермер хўжалиги ташкил этиш учун талабгорларни танлаш шартлари тўғрисида тушунтириш ишлари олиб бориш.



4 ҳафта мобайнида

6. Фермер хўжаликлари ташкил этиш бўйича талабгорлардан тушган аризаларни ўрганиб чиқиш ва кўриб чиқиш.



5-ҳафта мобайнида

7. Ернинг аниқ бир участкасида фермер хўжалиги ташкил этиш тўғрисида ариза берган танлов қатнашчиларининг дастурларини баҳолаш.



5-ҳафта мобайнида


8. Танловда қатнашиш ҳуқуқини олган талабгорлар рўйхатини маълум қилиш.



5-ҳафта мобайнида

9. Танловда иштирок этишга қўйилмаган талабгорларга бунинг сабабини ёзма равишда асослаб бериш.



6-ҳафтада

10. Талабгорлар ўртасида танлов ўтказиш ва танлов ғолиблари тўғрисида хабар қилиш.



6-ҳафтада

11. Ташкил этилаётган фермер хўжаликлари ўртасида активлар ва пассивларнинг ажратувчи балансини тузиш.



7-ҳафтада

12. Қарор чиқариш ва танлов якунлари тўғрисидаги баённомани тасдиқлаш.



III босқич

(Танлов якунлари тўғрисидаги баённома тасдиқлангандан кейин)

1 ҳафта

мобайнида

1 ҳафта

мобайнида


1. Фермер хўжаликлари ташкил этиш бўйича танлов ғолибларига доир туман ҳокимининг қарорини қабул қилиш ва тегишли органларда рўйхатдан ўтказиш.




2. Ер ажратиш, ер участкаси ижараси шартномасини расмийлаштириш.


Туман ҳокимлиги

IV босқич

Фермер хўжаликлари рўйхатдан ўтказилгандан кейин 1 ҳафта мобайнида


Мол-мулкка эгалик қилиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларни ва қарзлар бўйича мажбуриятларни расмийлаштириш.

Қайта ташкил этиш бўйича комиссия ва туман ҳокимлиги

V босқич

Умумий йиғилиш ўтказилгандан кейин 2 ой мобайнида

Фермер хўжаликлари рўйхатдан ўтказилгандан кейин 2 ҳафта мобайнида


Банк филиалини ташкил этиш.



Фермерларни ёнилғи-мойлаш материаллари билан таъминлаш хизматларини ташкил этиш.

Фермерларни минерал ўғитлар билан таъминлаш хизматларини ташкил этиш.

Муқобил машина-трактор парки ташкил этиш.

Сув истеъмолчилари уюшмасини ташкил этиш.

Туман ҳокимлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, "Агробанк" АТБ, тижорат банклари, "Ўзнефтмаҳсулот", "Ўзқишлоқхўжаликкимё" компаниялари


VI босқич

Фермер хўжаликлари рўйхатдан ўтказилгандан кейин 2 ҳафта мобайнида


1. Якуний умумий йиғилиш ўтказиш.

2. Қайта ташкил этиш бўйича комиссиянинг ҳужжатларини белгиланган тартибда архивга топшириш.

Умумий йиғилиш ва қайта ташкил этиш бўйича комиссия