язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари/ Инвестициялар/ Хорижий инвестициялар/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 09.02.2004 й. 59-сон "Хорижий инвестициялар иштирокидаги устувор лойиҳаларни ҳисобга олишни тартибга солиш ва улар мониторингини олиб бориш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

09.02.2004 й.

N 59


ХОРИЖИЙ ИНВЕСТИЦИЯЛАР ИШТИРОКИДАГИ

УСТУВОР ЛОЙИҲАЛАРНИ ҲИСОБГА ОЛИШНИ

ТАРТИБГА СОЛИШ ВА УЛАР МОНИТОРИНГИНИ

ОЛИБ БОРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА



Хорижий сармоялар бўйича агентлик фаолиятини ўрганиб чиқиш потенциал чет эл инвесторларини ахборот билан таъминлаш, республикага хорижий инвестицияларни жалб этиш, инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишга кўмаклашиш ҳамда комплекс мониторинг олиб бориш бўйича Агентлик томонидан зарур чора-тадбирлар амалга оширилмаётганлигини кўрсатди.

Хорижий инвестицияларни жалб этиш ишларини мақбуллаштириш, уларнинг истиқболли инвестиция лойиҳаларига оқимини кўпайтириш ва республикага хорижий инвестциялар жалб этилиши учун масъул бўлган ташкилотлар фаолиятида бир-бирини такрорлашни истисно этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Акциядорларининг умумий йиғилиши қарорига кўра "Хорижий сармоялар бўйича агентлик" акциядорлик жамияти тугатилиши маълумот учун қабул қилинсин.


2. "Хорижий сармоялар бўйича агентлик" акциядорлик жамиятини тугатиш бўйича иловага мувофиқ таркибда комиссия ташкил этилсин.

Комиссия икки ой муддатда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Агентликни тугатиш чора-тадбирларини амалга оширсин.


3. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар агентлиги тузилмасида штатдаги ходимларнинг умумий сони доирасида штатдаги ходимлари сони 5 нафар бўлган, халқаро молия ташкилотлари ва донор мамлакатлар билан ҳамкорлик доирасида амалга оширилаётган лойиҳаларни ҳисобга олиш ва улар мониторингини олиб бориш бошқармаси ташкил этилсин.

Мазкур бошқармага қуйидаги вазифаларни амалга ошириш юклансин:

хорижий имтиёзли кредитлар ва грантлар асосида амалга ошириладиган устувор лойиҳаларни тайёрлаш ва амалга оширишнинг бориши тўғрисидаги маълумотлар банкини ташкил этиш ва юритиш;

халқаро молия ташкилотлари ва донор мамлакатларнинг маблағларини жалб этиш ишларининг мунтазам равишда мониторингини олиб бориш;

сармоянинг халқаро бозорларини ўрганиш ҳамда халқаро молия тузилмалари, хорижий молия ва суғурта институтлари ва донор мамлакатларнинг маблағларини жалб этишни давом эттириш юзасидан таклифлар киритиш;

хорижий инвесторларни республикадаги мавжуд потенциал инвестиция имкониятлари ва амалга оширилаётган лойиҳалар тўғрисидаги ахборотлар билан таъминлаш.


4. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги бўйича марказий аппарат тузилмаси ва унинг тўғрисидаги низом қайта кўриб чиқилганлиги маълумот учун қабул қилинсин. Инвестиция ва таркибий сиёсат бош бошқармасига инвестиция дастурларини тайёрлаш, экспертизадан ўтказиш ва уларнинг бажарилиши мониторингини олиб бориш вазифалари билан бир қаторда қўшимча равишда шунингдек халқаро молия тузилмалари (Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки), чет эл молия ва суғурта ташкилотлари ҳамда донор мамлакатлар билан уларни республика учун муҳим аҳамиятга эга бўлган инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга жалб этиш бўйича ҳамкорлик қилишга доир таклифларни, истиқболли ва жорий дастурларни ўрганиш, умумлаштириш ва тайёрлаш масалалари ҳам юкланган.


5. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги бир ой муддатда ишлаб чиқиш босқичидаги устувор инвестиция лойиҳаларини хатловдан ўтказсин ҳамда манфаатдор тузилмалар, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда уларни тасдиқлаш ва амалга оширишни жадаллаштириш чора-тадбирларини кўрсин.


6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Хорижий сармоялар бўйича агентликни акциядорлик жамиятига айлантириш тўғрисида" 1999 йил 31 мартдаги 148-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари Э.М. Ғаниев ва Р.С. Азимов зиммасига юклансин.



Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                                                 И. Каримов






Вазирлар Маҳкамасининг

2004 йил 9 февралдаги

59-сон қарорига

ИЛОВА



"Хорижий сармоялар бўйича агентлик" акциядорлик

жамиятини тугатиш бўйича комиссия

ТАРКИБИ

1.

Ғаниев Э.М.

-

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Ташқи иқтисодий алоқалар агентлиги раиси, комиссия раиси


2.

Розуқулов У.У.

-

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ташқи иқтисодий алоқалар ва хорижий инвестициялар департаменти бошлиғи, комиссия раисининг ўринбосари


3.

Саматов П.А.

-

Адлия вазирининг ўринбосари


4.

Акбаров А.А.

-

Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг ўринбосари


5.

Ҳасанов Н.Х.

-

Давлат мулки қўмитаси раисининг ўринбосари


6.

Хурсанов А.Х.

-

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ташқи иқтисодий алоқалар ва хорижий инвестициялар департаменти-нинг етакчи мутахассиси


7.

Тишченко С.П.

-

Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари


8.

Ким А.К.

-

"Асака" банки бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари


9.

Қаландаров Н.К.

-

"Ўзбекинвест" экспорт-импорт суғурта миллий компанияси бош директорининг биринчи ўринбосари


10.

Абралов М.М.

-

"Хорижий сармоялар бўйича агентлик" акциядорлик жамияти бош директори вазифасини бажарувчи


11.

Баклашова Н.Т.

-

"Хорижий сармоялар бўйича агентлик" акциядорлик жамиятининг кадрлар бўйича бош мутахассиси


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2004 йил, 6-сон, 71-модда.