язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари/ Инвестициялар/ Хорижий инвестициялар/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 21.08.1995 й. ПФ-1234-сон "Хорижий сармоялар бўйича Агентликни ташкил қилиш тўғрисида"ги Фармони

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

21.08.1995 й.

N ПФ-1234


ХОРИЖИЙ САРМОЯЛАР БЎЙИЧА

АГЕНТЛИКНИ ТАШКИЛ ҚИЛИШ

ТЎҒРИСИДА



Хорижий сармояларни республика иқтисодиётига жалб этиш жараёнини ривожлантиришга кўмаклашиш, Ўзбекистонда инвестиция таклифларини тайёрлаш ва рўёбга чиқаришда эҳтимол тутилган хорижий сармоядорларга ҳамда маҳаллий шерикларига амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида:


1. Ноҳукумат ташкилоти мақомига эга бўлган хорижий сармоялар бўйича Агентликни ташкил этиш тўғрисида Ўзбекистондаги БМТ Ваколатхонасининг, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги ва Давлат мулк қўмитасининг таклифи қабул қилинсин.


2. Қуйидагилар белгилаб қўйилсин:

- хорижий сармоялар бўйича Агентлик Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Инвестицияларга кўмаклашиш хизмати ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат мулк қўмитаси ҳузуридаги кўчмас мулк ва хорижий сармоялар бўйича Миллий агентлик негизида ташкил қилинади;

- Агентликнинг иши унинг ишчи аппарати ва Мувофиқлаштирувчи кенгаш томонидан таъминланади, кенгаш таркиби давлат бошқарув органларининг вакилларидан, иқтисодиёт соҳасидаги олимлар ва мутахассислардан, турли мулкчилик шаклидаги корхоналарнинг, хорижий фирмалар, компаниялар ва банкларнинг раҳбарларидан иборат бўлади;

- Агентлик фаолиятини ташкилий-техникавий жиҳатдан таъминлаш бюджетдан ажратиладиган маблағлар, БМТ ривожланиш Дастури ва бошқа халқаро ташкилотларнинг инвестиция фаолиятини институционал ривожлантириш мақсадларига йўналтирилган мабларлари ҳисобидан амалга оширилади.


3. Хорижий сармоялар бўйича Агентликнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат эканлиги маълумот учун қабул қилинсин:

- инвестиция фаолияти соҳасида хорижий ташкилотлар ва фондларнинг иштирокида халқаро ҳамкорлик дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

- хорижий сармояларни жалб этишнинг меъёрий-ҳуқуқий негизи соҳасида таклифларни ишлаб чиқишда қатнашиш;

- иқтисодиётнинг турли секторларида инвестиция муҳитинн ўрганиш, Ўзбекистондаги ва хорижий давлатлардаги инвестиция муҳитини қиёсий таҳлил этиш;

- Ўзбекистон Республикасида инвестиция фаолияти ва сиёсати масалалари бўйича ахборот-реклама нашрларини тайёрлаш, уларни халқаро тадбиркорлар орасида тарқатиш;

- инвестиция соҳасидаги таклифларни ишлаб чиқиш, уларни расмийлаштириш ва амалга ошириш тартиби юзасидан вазирликларга, идораларга, барча мулкчилик шаклларидаги корхоналарга, шунингдек маҳаллий ўзини-ўзи бошқариш органларига кўмак бериш;

- амалдаги техникавий кўмаклашиш дастурларидан ва халқаро ташкилотларнинг маълумот базаларидан фойдаланган ҳолда манфаатдор хорижий сармоядорларни излаш;

- амалий алоқаларни кенгайтириш, чет эл тажрибасини ёйиш ва хорижий сармояларни жалб этиш бўйича семинарлар, конференциялар ҳамда бошқа тадбирларни тайёрлаш ва ўтказиш;

- хорижий ва маҳаллий тадбиркорлар иштирокида давра суҳбатлари уюштириш орқали амалий шериклик муассасаларини ташкил этишга кўмаклашиш;

- сармояларни жалб этишнинг турли шаклларини ўрганиш бўйича чет мамлакатларнинг сармояларга кўмаклашувчи хизматларида, компаниялари ва корхоналарида ўзбек мутахассисларининг малака оширишларини ташкил қилиш;

- юқорида айтиб ўтилган ишлар ва тадбирларни амалга оширишга хорижий экспертларни жалб этиш.


4. Хорижий сармоялар бўйича Агентлик рўйхатга олинган пайтдан бошлаб уч йил муддатга солиқлар тўлашдан, шунингдек қонунларда белгиланган мажбурий тўловларни тўлашдан озод қилинсин, бунда бўшаган маблағларни хорижий сармоялар бўйича Агентликнинг моддий-техинка базасини ривожлантиришга сарфлаш шарт қилиб қўйилсин.


5. Вазирлар Маҳкамаси бир ҳафта муддат ичида ушбу Фармонни ижро этишга оид қарор қабул қилсин.


Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                  И. Каримов