язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ер ва бошқа табиий ресурслар. Атроф-муҳит муҳофазаси/ Ер ости бойликлари тўғрисидаги қонунчилик/ Маҳсулот тақсимотига оид битимлар. Концессия. Геологик ишларни биргаликда олиб бориш/ Геология-қидирув ишлари қийматини жорий нархларда ҳисоб-китоб қилиш тартиби тўғрисида Йўриқнома (АВ томонидан 23.10.2012 й. 2395-сон билан рўйхатга олинган Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасининг 03.09.2012 й. 5-сон қарори билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2012 йил 23 октябрда 2395-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Давлат геология ва минерал

ресурслар қўмитасининг

2012 йил 3 сентябрдаги

5-сон қарорига

ИЛОВА


Геология-қидирув ишлари қийматини жорий

нархларда ҳисоб-китоб қилиш тартиби тўғрисида

ЙЎРИҚНОМА


Мазкур Йўриқнома Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 27 августдаги ПҚ-1396-сон "Геология-разведка ишларини ташкил этиш ва олиб бориш тизими самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2010 й., 35-36-сон, 301-модда), Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 5 февралдаги 54-сон "Маҳсулот (ишлар, хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва сотиш харажатлари таркиби ҳамда молиявий натижаларни шакллантириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги (Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами, 1999 й., 2-сон, 9-модда) ва 2003 йил 15 октябрдаги 444-сон "Хўжалик юритувчи субъектларнинг харажатларини ҳисобга олиш ва молиявий натижаларини шакллантириш тартибини такомиллаштириш тўғрисида"ги (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2003 й., 19-сон, 183-модда) қарорларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан молиялаштириладиган ва Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси (бундан буён матнда Давлат геология қўмитаси деб юритилади) ва унинг тасарруфидаги ташкилотлар, "Навоий кон-металлургия комбинати" ДК ва "Олмалиқ кон-металлургия комбинати" ОАЖ томонидан амалга ошириладиган геология-қидирув ишлари қийматини жорий нархларда ҳисоб-китоб қилиш тартибини белгилайди.



I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Йўриқнома Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги билан келишилган геология-қидирув ишларининг йиллик дастурига киритиладиган объектларга оид лойиҳа-смета ҳужжатларини тузишда қўлланилади.


2. Мазкур Йўриқнома Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан молиялаштириладиган ва Геология-қидирув ишларининг йиллик дастурларини давлат бюджетидан молиялаштириш тартиби тўғрисидаги низомнинг (рўйхат рақами 2278, 2011 йил 18 октябрь) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2011 й., 42-сон, 457-модда) 3-бандида кўрсатилган геология-қидирув ишларининг турларига татбиқ этилади.

Бошқа манбалардан молиялаштириладиган геология-қидирув ишлари учун ушбу Йўриқнома тавсия хусусиятига эга.


3. Мазкур Йўриқномадан фойдаланишда геология-қидирув ишларининг тегишли турлари бўйича Давлат геология қўмитаси томонидан тасдиқланган, материаллар харажати нормалари, меҳнат харажатлари нормалари, ҳар бир иш тури учун зарур асбоб-ускунанинг рўйхати келтирилган смета нормалари қўлланилади.


4. Геология-қидирув ишлари қийматини жорий нархларда ҳисоб-китоб қилишнинг асоси бўлиб қуйидагилар ҳисобланади:

геология-қидирув ишларига оид смета нормаларидан фойдаланилган ҳолда харажатларни ҳисоб-китоб қилиш;

меҳнат сарфи қийматини баҳолаш учун 2012 йил учун давлат статистика ҳисоботи шаклларига (рўйхат рақами 2283, 2011 йил 17 ноябрь) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2011 й., 45-46-сон, 484-модда) 159-иловага мувофиқ шаклдаги Меҳнат ҳисоботига (бундан буён матнда 1-Т ҳисоботи деб юритилади) мувофиқ ўтган йил учун ишлаб чиқариш ходимларининг ўртача иш ҳақини қўллаш;

моддий ресурсларга оид амалдаги мавжуд нархлар каталогларини юритиш ва сметани тузиш чоғидаги ҳисоб-китобларда улардан фойдаланиш;

қонунчиликка мувофиқ асосий воситалар ва номоддий активлар амортизациясига оид харажатларни ҳисоб-китоб қилиш.


5. Смета нормаларида ёки бошқа ҳужжатларда кўзда тутилмаган геология-қидирув ишлари қийматини янги смета нормалари чиққунга қадар белгиланган тартибда буюртмачи билан келишилган ҳолда тасдиқланадиган лойиҳа таркибида кўзда тутиладиган иш таркибига, шунга ўхшаш иш тури ёки харажатлар асосланган ҳолда ҳисоб-китоб қилиш бўйича лойиҳалаштириладиганига яқин бўлган ишлар тури учун тасдиқланган нормалар бўйича белгилаш мумкин.


6. Геология-қидирув ишларига геологияга оид ахборот берадиган барча турдаги ишлар киради.


7. Қўшимча ишлар ва харажатларга вақтинчалик дала базаларини жиҳозлаш, юклар ва ходимларни транспортда ташиш харажатлари ва қопланадиган харажатлар киради.


8. Геология-қидирув ишлари объектларидаги вақтинчалик дала базаларини жиҳозлашнинг жорий нархлардаги смета қиймати, ушбу ишлар ҳажмларидан ва уларни бажаришга оид смета нархларидан келиб чиққан ҳолда лойиҳани амалга ошириш вақтига белгиланади.


9. Лойиҳа маълумотларига кўра конструкцияларни, бинолар ва иншоотларни бузиб ташлаш натижасида такроран қўллаш учун яроқли бўлган конструкциялар, материаллар ва буюмлар олиш кўзда тутиладиган ҳолларда сметалар якуни бўйича маблағлар миқдорини камайтирадиган "қайтарма материаллар" маълумот учун келтирилади.


10. Бажарилган ишларга оид далолатнома тузишда бундай конструкциялар, материаллар ва буюмлар қиймати комиссия томонидан эскиришини чегиришни, шунингдек уларни фойдаланиш учун яроқли ҳолга келтиришга доир харажатларни ҳисобга олган ҳолда белгиланади. Комиссия буюртмачи томонидан унинг раҳбари (раҳбар ўринбосари) ёки бош муҳандиси раислигида ижрочининг иштирокида тузилади.

Комиссия таркибига буюртмачининг масъул мутахассислари, бухгалтерия ходимлари ва моддий жавобгар шахслари киритилиши лозим. Комиссия буюртмачи раҳбарининг буйруғи билан тузилади.


11. Бинолар ва иншоотларни қуришда ва қисмларга ажратишдаги (бузиб ташлашда) ишларнинг қишки қимматлашишига оид харажатлар сметага алоҳида сатр билан киритилади.


12. Комплекс ишлаб чиқариш-техник ва санитария-маиший эҳтиёжлар, шунингдек смета нормаларида кўзда тутилган асбоб-ускуналар тўпламига кирмайдиган, бурғулаш бригадаси иш жойини беркитиш учун фойдаланиладиган мобиль бинолар ва иншоотларнинг амортизациясига оид харажатлар лойиҳа таркибида тасдиқланадиган тегишли ҳисоб-китоб билан белгиланади ва дала ишлари қийматига лойиҳанинг амал қилиш муддатига қўшимча харажатлар сифатида алоҳида сатр билан киритилади.


13. Кўчки, сурилма ва сел хавфи бўлган ҳудудларда геология-қидирув ишларини олиб боришни таъминлайдиган чора-тадбирларга оид харажатлар лойиҳа билан асосланган ишлар ҳажмларидан ҳамда жорий нархлардаги смета ҳисоб-китобларни тузишдан келиб чиққан ҳолда белгиланади. Ушбу чора-тадбирларга, хусусан, дамбаларни, кўчки тўсқичларини, огоҳлантирувчи белгиларни, серпантинларни, пана жойларни, тошли деворларни, ғовларни барпо этиш, кўчки, сурилма ва сел ҳосил бўлиши юзасидан мунтазам кузатувлар олиб бориш, кўчкиларни сунъий равишда портлатиш ва акустик усуллар ёрдамида бартараф этиш, тошқинларнинг олдини олишга доир ишларни бажариш ва бошқалар киради.

Вақтинчалик йўлларни тиклашга, йўллар, аэродромлар (қордан тозалашдан ташқари), сўқмоқларни, дарёлар фарватерларини ва ишлаб чиқариш мақсадидаги бошқа қурилиш объектларини фойдаланишга яроқли ҳолда сақлашга оид харажатлар смета нормалари бўйича белгиланади.


14. Ёрдамчи ишлар ва харажатларга алоҳида сатрлар билан лойиҳа таркибида тасдиқланадиган барча харажатлар асосланган ҳолда ҳисоб-китоблар билан белгиланадиган қуйида санаб ўтиладиган харажатлар ҳам киради:

қурилишлар сметасига кирмайдиган асбоб-ускуналарни монтаж қилиш ва ишга тушириш-созлаш ишларига, шу жумладан, мавжуд қўшимча ва ёрдамчи асбоб-ускуналарни ҳисобга олган ҳолда ҳисоблаш комплексларига оид асбоб-ускуналарни ўрнатиш ва монтаж қилишга доир харажатлар;

кон-шахта ускуналарини алмаштиришга доир ишлар.


15. Юклар ва ишлаб чиқариш ходимларини иш жойига олиб бориш ва қайтариб келиш, техникани бошқа жойга кўчиришга оид харажатларнинг жорий нархлардаги смета қиймати охирги йилдаги ушбу ишларга бўлган амалда қилинган харажатларнинг дала ишларининг умумий қийматига ўзаро нисбати бўйича белгиланади. Алоҳида иш турларига оид технологик ва махсус транспорт харажатлари смета нормалари бўйича ҳисоб-китоб қилинган ҳолларда умумий транспорт харажатларини ҳисоб-китоб қилишда улар чиқариб ташланиши керак.


16. Қопланадиган харажатларга қонунчиликда кўзда тутилган ҳамда амалда қилинган харажатлар (хизмат сафарлари, дала таъминоти ва ердан фойдаланувчиларнинг зарарларини қоплаш) бўйича ишларни бажарувчиларга қайтариладиган харажатлар киради.


17. Мақсадига кўра хизмат сафарлари қуйидагиларга бўлинади:

ишлаб чиқариш (геология-қидирув ишларини лойиҳалаш ҳамда тематик ва бошқа ишларни бажариш учун материаллар тўплаш, лойиҳа бўйича иш жараёнида олинган геологик натижаларни ҳимоялаш бўйича);

лойиҳанинг вазифаларига боғлиқ йиғилишларда, конференцияларда, анжуманларда, шу жумладан хориждаги, қатнашиш.


18. Хизмат сафарларига оид смета харажатлари қонунчиликда белгиланган лимитлар доирасида хизмат сафарларининг сони ва давомийлигидан, бориш манзилларидан, йўлкира қиймати ва хизмат сафарлари харажатлари миқдоридан келиб чиққан ҳолда ҳисоб-китоб қилиш орқали белгиланади.


19. Ер участкаларини олиб қўйиш ёки вақтинчалик банд қилиш натижасида ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ер участкалари ижарачиларига ва мулкдорларига етказилган зарарлар бўйича харажатлар қонунчиликка мувофиқ белгиланади.


20. Материаллар, асбоб-ускуналар ва ишлаб чиқариш ходимларининг сўнгги йил учун ўртача иш ҳақи даражасига оид нархларнинг ўзгаришига қараб иккинчи ва кейинги ҳар бир йил учун смета қийматига умумий смета қиймати қайта тасдиқланган ҳолда смета ишлари қолдиқларини бевосита қайтадан ҳисоб-китоб қилиш орқали тузатишлар киритилади.


21. Сметага фоиз ҳисобида киритиладиган харажатлар расмийлаштирилган (раҳбар ва бош бухгалтернинг имзоси ва муҳри билан) ва охирги йил учун геология-қидирув ишларини бажараётган ташкилотнинг (ёки унинг тузилмавий бўлинмаларининг) амалдаги харажатлари асосида тузилган маълумотномалар бўйича асосланади.



II. ГЕОЛОГИЯ-ҚИДИРУВ ИШЛАРИ ҚИЙМАТИНИ ЖОРИЙ

НАРХЛАРДА ҲИСОБ-КИТОБ ҚИЛИШ УСЛУБИЁТИ


22. Геология-қидирув ишларига оид сметаларни тузиш учун қуйидаги кўрсаткичлардан дастлабки маълумотлар сифатида фойдаланилади:

ишлаб чиқариш ходимларининг иш ҳақи миқдорларини белгилаш учун амалдаги меҳнат сарфи нормалари;

муайян иш турига оид қабул қилинган ўлчов бирликларида материалларнинг амалдаги харажат нормалари;

ҳар бир иш турини бажаришда қўлланиладиган асосий воситалар турлари ҳамда уларга оид амортизация ажратмалари тўғрисида амалдаги маълумотлар.


23. Жорий нархлардаги сметаларни тузишда харажатларнинг ҳар бир қисми сметани тузиш пайтида амалдаги нархларга, меъёрий ҳужжатларга ва қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳисоб-китоб қилинади.

Геология-қидирув ишлари бирлиги қиймати ишлаб чиқариш харажатларидан, давр харажатларидан ва ишлаб чиқариш таннархига нисбатан 10% гача миқдордаги фойдадан ташкил топади.


24. Ишлаб чиқариш харажатлари қуйидаги харажатлар турларини ўз ичига олади:

ишлаб чиқариш моддий харажатлар (қайтариладиган чиқитлар қиймати чиқариб ташланган ҳолда);

ишлаб чиқариш хусусиятига эга бўлган меҳнатга ҳақ тўлаш харажатлари;

ишлаб чиқаришга тегишли бўлган ижтимоий суғуртага ажратмалар;

асосий фондлар ва ишлаб чиқариш аҳамиятига эга бўлган номоддий активлар амортизацияси;

ишлаб чиқариш аҳамиятига эга бўлган бошқа харажатлар.


25. Давр харажатлари ва фойда коэффициенти геология-қидирув ишларининг ҳар бир тури учун ишлаб чиқариш харажатларига нисбатан ҳисобланади.


26. Геология-қидирув ишлари бирлигининг жорий нархлардаги қиймати қуйидаги формула бўйича белгиланади:


С = (Сзп + См + Са + Сп) х Крп.п, бунда:


С - геология-қидирув ишлари бирлигининг жорий нархлардаги қиймати;

Сзп - ягона ижтимоий тўловлар (бундан буён матнда ЯИТ деб юритилади) ажратмаларини, геология-қидирув ишлари бирлигини ҳисобга олган ҳолда иш ҳақига оид харажатлар;

См - геология-қидирув ишлари бирлигининг смета нормаларида ҳисобга олинган материалларга, шу жумладан ёқилғи, мойлаш материаллари, электр энергияси, сиқилган ҳавога оид харажатлар;

Са - ҳар бир иш тури бўйича асосий воситалар рўйхатига киритилган машиналар, механизмлар, асбоб-ускуналарнинг амортизациясига оид харажатлар;

Сп - қуйидаги формула бўйича белгиланадиган ишлаб чиқариш тавсифидаги бошқа харажатлар:


Сп = Сзп х Кпр/100, бунда:


Кпр - мазкур Йўриқноманинг 32-бандида ўрнатилган тартибда аниқланадиган ишлаб чиқариш тавсифидаги бошқа харажатлар коэффициенти;

Крп.п - қуйидаги формула бўйича белгиланадиган давр харажатлари ва фойда коэффициенти:


Крп.п = 1 + У/100, бунда:


У - мазкур Йўриқноманинг 34-бандида белгиланган тартибда аниқланадиган давр харажатлари ва фойда даражаси (миқдори).


27. ЯИТ ажратмаларини ҳисобга олган ҳолда иш ҳақига оид харажатлар киши-соатлардаги норматив меҳнат сарфи смета нормаларининг тегишли жадваллари бўйича жорий бир киши соат қийматига (сўмда) ҳамда қуйидаги формула бўйича ЯИТ ажратмалари миқдорини ҳисобга оладиган коэффициентга кўпайтириш орқали белгиланади:


Сзп = Т х Сч х Ксс, бунда:


Т - киши-соатлардаги тегишли смета нормаси бўйича ишларнинг норматив меҳнат сарфи;

Сч - ишлаб чиқариш ходимлари бирлигининг ўртача соатдаги иш ҳақи;

Ксс - қуйидаги формула бўйича аниқланадиган ЯИТ ажратмаларининг коэффициенти:


Ксс = (1 + ЯИТставкаси/100).


28. Ўртача соатдаги иш ҳақи қуйидаги формула бўйича ҳисобланади:


Сч = Змс / Ф / Ч, бунда:


Змс - ўтган йил учун ишлаб чиқариш ходимларининг ўртача ойлик иш ҳақи (ишлаб чиқариш ходимлари ва маъмуриятга ажратган ҳолда 1-Т ҳисоботи), смета таркибига алоҳида сатрда киритилган дала таъминоти ва хизмат сафарлари бўйича компенсация тўловлари бундан мустасно. Геология-қидирув ишларини бажараётган ва юридик шахс бўлмаган бўлинмалар учун юқори турувчи ташкилотга (кон-металлургия комбинатига) тақдим этиладиган, ишлаб чиқариш ходимлари ва маъмуриятга ажратган ҳолда 1-Т ҳисоботи қабул қилинади;

Ф - Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг ўтган йил учун маълумотлари бўйича соатлардаги ўртача ойлик иш вақтининг фонди;

Ч - Ёлланиб ишловчиларнинг сони ва иш ҳақи статистикаси бўйича йўриқномага (рўйхат рақами 788, 1999 йил 30 июль) мувофиқ аниқланадиган ўтган йил учун ишлаб чиқариш ходимларининг ойлик ўртача сони.


29. Материаллар, шу жумладан ёқилғи, мойлаш материаллари, электр энергияси, сиқилган ҳаво қисми бўйича харажатлар материалларга оид смета нормалари ва нархларга мувофиқ ҳар бир иш тури бўйича материаллар харажатидан келиб чиққан ҳолда белгиланади. Материалларнинг жорий нархлардаги қиймати конъюнктурани (яъни талаб ва таклифларни) ҳисобга олган ҳолда ички ва ташқи бозорлардаги мавжуд нархларнинг умумий даражасидан келиб чиққан ҳолда қуйидаги формула бўйича белгиланади:

См =

n


? (Мн х Сi), бунда:


i-1


Мн - материал сарфининг нормаси;

Сi - 1 дона материалнинг жорий нархлардаги бирлик нархи.


30. Жорий нархлар ишлаб чиқарувчи ташкилотларнинг ва материалларни етказиб берувчиларнинг сотиш нархлари, биржа нархлари, Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси томонидан чиқариладиган қурилиш материалларига оид жорий нархлар каталоги асосида, шунингдек Ўзбекистон Республикаси бухгалтерия ҳисоби Миллий стандарти (4-сонли БҲМС) "Товар-моддий захиралар"нинг (рўйхат рақами 1595, 2006 йил 17 июль) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 й., 28-29-сон, 282-модда) 43-бандига мувофиқ белгиланиши мумкин.


31. Амортизация қисми бўйича харажатлар ушбу иш турида фойдаланилаётган муайян ускунанинг қиймати асосида, қайта баҳолашни, ундан фойдаланиш вақтини, лойиҳада асосланган амортизацияга оид нормалар ва усулларни ҳисоблашни ҳисобга олган ҳолда дастлабки қиймати бўйича аниқланади.

Амортизация ажратмаларини аниқлаш Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2007 й., 52 (I)-сон) ва Ўзбекистон Республикаси бухгалтерия ҳисобининг Миллий стандарти (5-сон БҲМС) "Асосий воситалар"га (рўйхат рақами 1299, 2004 йил 20 январь) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 3-сон, 35-модда) мувофиқ амалга оширилади.

Мавсумий геология-қидирув ишларини бажаришда амортизация смета нормаларига тузатиш коэффициентларини қўллаш орқали мавсумий иш давридан қатъи назар, бутун йилга умумий норма бўйича ҳисоб-китоб қилиш орқали белгиланади.

Ҳисоб-китобларда резерв ускуна амортизацияси фақат лойиҳада тегишли асос мавжуд бўлгандагина кўзда тутилади.


32. Ишлаб чиқариш тавсифидаги бошқа харажатлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 5 февралдаги 54-сон қарори билан тасдиқланган Маҳсулот (ишлар, хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва сотиш харажатлари таркиби ҳамда молиявий натижаларни шакллантириш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ харажатларни ўз ичига олади.

Ишлаб чиқариш тавсифидаги бошқа харажатлар коэффициенти (Кпр) ўтган йилдаги ишлаб чиқариш тавсифидаги бошқа харажатлар миқдорининг ушбу давр учун ЯИТ ажратмаларини ҳисобга олган ҳолда иш ҳақи харажатлари миқдорига нисбати сифатида аниқланади.



III. ГЕОЛОГИЯ-ҚИДИРУВ ИШЛАРИ ҚИЙМАТИНИ

ЖОРИЙ НАРХЛАРДА ҲИСОБ-КИТОБ ҚИЛИШ

УЧУН ДАВР ХАРАЖАТЛАРИ


33. Давр харажатларига бевосита ишлаб чиқариш жараёни билан боғлиқ бўлмаган харажатлар ва сарфлар, яъни хўжалик юритувчи субъектнинг бошқариш бўйича харажатлари, умумхўжалик мақсадидаги бошқа харажатлар киради.

Лойиҳа-смета ҳужжатларини тузишда геология-қидирув ишлари қиймати жорий нархларда қўлланиладиган давр харажатлари ва фойда миқдори Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг 2002 йил 27 декабрдаги 140-сон "Молиявий ҳисобот шакллари ва уларни тўлдириш бўйича қоидаларни тасдиқлаш тўғрисида"ги буйруғига (рўйхат рақами 1209, 2003 йил 24 январь) (Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идораларининг меъёрий ҳужжатлари ахборотномаси, 2003 йил, 1-2-сон) 2-иловага мувофиқ шаклдаги молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисобот - 2-шакл, 1-Т ҳисоботи ва меҳнат сарфи қийматини баҳолаш учун 2012 йил учун давлат статистика ҳисоботи шаклларига (рўйхат рақами 2283, 2011 йил 17 ноябрь) 73-иловага мувофиқ шаклдаги корхона харажатлари тўғрисида ҳисоботи (3-М шакли), шунингдек ҳисобот кўрсаткичларининг таҳлили асосида ўтган йил учун амалдаги маълумотлар бўйича ҳисоб-китоб қилинади.

Давр харажатлари миқдорини белгилашда фойдани ҳисоб-китоб қилишда ҳисобга олинаётган харажатлар рўйхатига кирувчи қисмларни ҳисобдан чиқариш зарур.


34. Давр харажатлари ва фойда даражаси (миқдори) геология-қидирув ишларининг ишлаб чиқариш таннархига нисбатан фоизларда, қуйидаги формула бўйича аниқланади:


У = (Срп + П) / Спр х 100, бунда:


У - давр харажатлари ва фойданинг тегишли базис даврида (охирги йил) ўз кучи билан бажарилган геология-қидирув ишларининг ишлаб чиқариш таннархига нисбатан фоизлардаги даражаси (миқдори);

Срп - тегишли базис даврида қабул қилинган давр харажатлари (геология-қидирув ишларига оид қиймат кўрсаткичи);

П - ишлаб чиқариш таннархининг 10% ошмайдиган миқдорда тегишли базис даврида қабул қилинган фойда (геология-қидирув ишларига оид қиймат кўрсаткичи);

Спр - бухгалтерия ҳисоботининг маълумотларига кўра ўз кучлари билан тегишли базис даврида (охирги йил) бажарилган геология-қидирув ишларининг ишлаб чиқариш таннархи.



IV. ГЕОЛОГИЯ-ҚИДИРУВ ИШЛАРИ ҚИЙМАТИНИ

ЖОРИЙ НАРХЛАРДА ҲИСОБ-КИТОБ ҚИЛИШ УЧУН

ФОЙДА ҲИСОБИГА ҚИЛИНАДИГАН ХАРАЖАТЛАР


35. Лойиҳа-смета ҳужжатларини тузишда фойда ҳисобига қилинадиган ҳамда геология-қидирув ишларининг жорий нархлардаги қийматига киритиладиган харажатлар рўйхати этиб, қуйидагилар ҳисобланади:

қонунчиликда ўрнатилган ставкаларда юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи, шунингдек ўзга солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қилинган харажатлар;

ходимларнинг бевосита ишлаб чиқаришдаги иштироки билан боғлиқ бўлмаган соғлиқни сақлаш ва дам олишни ташкил этиш бўйича чора-тадбирларга оид харажатлар (даволаниш ва дам олиш, экскурсиялар ва саёҳатларга, спорт секцияларида, тўгаракларида, клубларида шуғулланиш учун ажратиладиган йўлланмалар, маданий-кўнгилочар ва жисмоний тарбия (спорт) тадбирларига бориш, обуна бўлиш ва бошқа шунга ўхшаш тўловлар), ходимларнинг овқатланиш ва йўлкира харажатларини қоплаш;

жамоа шартномасига мувофиқ пенсияга чиқаётган меҳнат фахрийларига бир марталик нафақалар (фақат бошқарув ходимларига тўловлар ҳисобга олинади, чунки ишлаб чиқариш ходимларига тўловлар геология-қидирув ташкилотининг 1-Т ҳисоботига оид қабул қилинаётган асосий иш ҳақида ҳисобга олинади*);

соғлиқни сақлаш объектларини, қариялар ва ногиронлар уйларини, соғломлаштириш оромгоҳларини, маданият ва спорт объектларини, халқ таълими муассасаларини, шунингдек уй-жой фондини сақлашга оид харажатларни;

ижтимоий суғуртага оид ажратмаларни ҳисобга олган ҳолда ходимларга жамоа шартномаси бўйича қонунчиликда кўзда тутилганидан ташқари қўшимча таътиллар, улар бўйича компенсациялар тўлаш (фақат бошқарув ходимларига тўловлар ҳисобга олинади, чунки ишлаб чиқариш ходимларига тўловлар геология-қидирув ташкилотининг 1-Т ҳисоботига оид қабул қилинаётган асосий иш ҳақида ҳисобга олинади*);

ижтимоий суғуртага оид белгиланган ажратмаларни ҳисобга олган ҳолда жамоа шартномаси доирасида ходимларга моддий ёрдам тўлашга оид харажатлар (бунда фақат бошқарув ходимлари бўйича ҳисобга олинади, чунки ишлаб чиқариш ходимлари бўйича улар геология-қидирув ташкилотининг 1-Т ҳисоботи маълумотлари бўйича қабул қилинаётган асосий иш ҳақларида ҳисобга олинади).


*) Геология-қидирув ишларини олиб бораётган ва юридик шахслар ҳисобланмайдиган бўлинмалар учун (ишлаб чиқариш ходимлари ва маъмуриятга ажратган ҳолда) юқори турувчи ташкилотга (кон-металлургия комбинатига) тақдим этиладиган 1-Т ҳисоботи тақдим этилади.


36. Геология-қидирув ишларининг умумий қийматига геология-қидирув ишлари қийматининг асосий нарх белгиловчи компонентларига прогноз қилинаётган нархларнинг ўсиш индексидан келиб чиқиб аниқланадиган таваккалчилик коэффициенти қўлланади. Таваккалчилик коэффициенти буюртмачи ва ижро этувчи ўртасида келишилган, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги маълумотлари бўйича навбатдаги йилга "Ер ости бойликлари геологияси ва қидируви" соҳаси бўйича прогноз қилинаётган инфляция даражасида қабул қилинади.



V. ЯКУНИЙ ҚОИДА


37. Геология-қидирув ишлари қийматини жорий нархларда ҳисоб-китоб қилиш тартиби тўғрисидаги Йўриқнома Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, "Навоий кон-металлургия комбинати" ДК ва "Олмалиқ кон-металлургия комбинати" ОАЖ билан келишилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2012 йил, 43-сон, 498-модда