ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суғурта / Умумий қоидалар /

Суғурталовчилар ва суғурта воситачилари учун жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат Қоидалари (АВ томонидан 03.11.2009 й. 2036-сон билан рўйхатга олинган 13.10.2009 й. Молия вазирлиги 104-сон, Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаментининг 41-сонли Қарори билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2009 йил 3 ноябрда 2036-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси Молия

вазирлиги ва Бош прокуратура ҳузуридаги

Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий

даромадларни легаллаштиришга қарши

курашиш департаментининг

2009 йил 13 октябрдаги

104 ва 41-сонли қарорига

ИЛОВА


Суғурталовчилар ва суғурта воситачилари

учун жиноий фаолиятдан олинган даромадларни

легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва

оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга

қарши курашиш бўйича ички назорат

ҚОИДАЛАРИ


Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикасининг "Суғурта фаолияти тўғрисида"ги ва "Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида"ги қонунларига мувофиқ суғурталовчилар ва суғурта воситачилари учун жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назоратни ташкил этиш ва амалга ошириш тартибини белгилайди.


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Қоидаларда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


бенефициар мулкдор - якуний ҳолатда мулк ҳуқуқига эгалик қилувчи ёки мижозни ҳақиқатда назорат қилувчи жисмоний шахс ва (ёки) манфаати кўзланган ҳолда пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операция амалга оширилаётган шахс;

ички назорат - махсус ваколатли давлат органига хабар қилиниши лозим бўлган операцияларни аниқлаш бўйича суғурталовчи ва суғурта воситачисининг фаолияти;


жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорликда иштирок этмаётган давлатлар - Жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш бўйича молиявий чораларни ишлаб чиқиш гуруҳининг (ФАТФ) расмий баёнотларида халқаро молиявий тизимга хавф туғдирувчи ҳамда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тизимларида стратегик камчиликлари мавжуд деб белгиланган давлатлар ва ҳудудлар;

мижоз - пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияни амалга ошириш тўғрисида суғурталовчи ёки суғурта воситачисига ариза билан мурожаат қилган жисмоний ёки юридик шахс;

мижозни идентификациялаш - мижозни лозим даражада текширишни амалга ошириш мақсадида улар томонидан тақдим этилган ҳужжатлар асосида мижозлар ҳақидаги маълумотларни суғурталовчи ёки суғурта воситачиси томонидан аниқланиши;


мижозни лозим даражада текшириш - мижознинг ва қайси шахслар номидан иш кўраётган бўлса, ўша шахсларнинг шахсини ҳамда ваколатларини текшириш, таъсис ҳужжатлари асосида мулк ва бошқарув тузилишини ўрганиш орқали бенефициар мулкдорни идентификациялаш, шунингдек мижоз томонидан амалга ошириладиган амалий иш муносабатлари ва операцияларни, уларнинг бундай мижоз ва унинг фаолияти тўғрисидаги маълумотларга мувофиқлигини текшириш мақсадида, доимий асосда ўрганиш;


ташкилот - фаолияти лицензияланадиган суғурталовчи ёки суғурта воситачиси Ўзбекистон Республикаси резиденти;


хабар қилиниши лозим бўлган операциялар - ички назоратни ўтказиш давомида ташкилот томонидан шубҳали деб топилган содир этилаётган ва тайёрланаётган пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операциялар;


шубҳали операция - тайёрлаш, содир этиш жараёнида бўлган ёки содир этиб бўлинган, мазкур Қоидаларда белгиланган мезонлар ва белгиларга мувофиқ жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ёки оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш мақсадида унинг амалга оширилганлиги тўғрисида шубҳа пайдо бўлган пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операция;

махсус ваколатли давлат органи - Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти;

оффшор ҳудуд - имтиёзли солиқ режимини тақдим қилувчи ва (ёки) молиявий операцияларни амалга оширишда улар ҳақидаги маълумотларни ошкор этмасликни ва тақдим қилмасликни кўзда тутувчи давлатлар ва ҳудудлар;

таваккалчилик - мижозлар томонидан жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ёки оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш мақсадида операцияларни амалга ошириш таваккалчилиги;

пул маблағларини ёки бошқа мол-мулкни ишга солмай тўхтатиб қўйиш - пул маблағларини ёки бошқа мол-мулкни ўтказишни, конверсиялашни, тасарруф этишни ёхуд кўчиришни тақиқлаш;

оммавий қирғин қуролини тарқатишда иштирок этаётган ёки иштирок этишда гумон қилинаётган шахс - Ўзбекистон Республикаси томонидан тан олинган, оммавий қирғин қуролини тарқатишини олдини олишга қаратилган БМТ Хавфсизлик Кенгашининг резолюциялари ҳамда бошқа халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлари билан белгиланган жисмоний ёки юридик шахс;

террорчилик фаолиятида иштирок этаётган ёки иштирок этишда гумон қилинаётган шахс - террорчилик фаолиятида иштирок этаётган ёхуд иштирок этишда гумон қилинаётган юридик ёки жисмоний шахс, террорчилик фаолиятини амалга ошираётган ёхуд амалга оширишда гумон қилинаётган ташкилотнинг бевосита ёки билвосита мулкдори бўлган ёхуд уни назорат қилаётган юридик ёки жисмоний шахс, шунингдек террорчилик фаолиятида иштирок этаётган ёхуд иштирок этишда гумон қилинаётган жисмоний шахснинг ёхуд ташкилотнинг мулкидаги ёки назорати остидаги юридик шахс;

Рўйхат - махсус ваколатли давлат органи томонидан терроризмга, оммавий қирғин қуролини тарқатишга қарши курашишни амалга оширувчи давлат органлари ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа ваколатли органларидан тақдим этилаётган маълумотлар, шунингдек чет давлатларнинг ваколатли органлари ва халқаро ташкилотларидан расмий каналлар орқали тақдим этилаётган маълумотлар асосида тузилган террорчилик фаолиятида ёки оммавий қирғин қуролини тарқатишда иштирок этаётган ёки иштирок этишда гумон қилинаётган шахслар рўйхати;

операцияларни тўхтатиб туриш - мижознинг пул маблағларини ёки бошқа мол-мулкни кўчириш, конверсиялаш, ўзга шахсларга эгалик қилиш ва фойдаланиш учун бериш, шунингдек юридик аҳамиятга эга бўлган бошқа ҳаракатларни бажариш тўғрисидаги топшириқномалари ижросини тўхтатиб туриш;

юқори мансабдор шахслар - чет давлатнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи, маъмурий ёки суд органида, шу жумладан ҳарбий тузилмаларида, ёхуд халқаро ташкилотда доимий, вақтинча ёки махсус ваколат бўйича тайинланадиган ёки сайланадиган, ташкилий-бошқарув вазифаларини бажарувчи ва юридик аҳамиятга эга бўлган ҳаракатларни содир этишга ваколатли шахслар, шунингдек чет давлат корхоналарининг юқори мартабали раҳбарлари, чет давлатнинг таниқли сиёсатчилари ва сиёсий партияларининг таниқли аъзолари (шу жумладан собиқ);

юқори мансабдор шахсларга яқин бўлган шахслар - юқори мансабдор шахсларга ижтимоий ва касбий жиҳатдан бевосита боғлиқ бўлган жисмоний шахслар.

2. Ички назоратнинг мақсадлари қуйидагилардан иборат:

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга йўналтирилган пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни самарали равишда аниқлаш ва тўхтатиш;

ташкилотнинг қасддан ёки қасддан бўлмаган жиноий фаолиятга жалб этилишига йўл қўймаслик;

ташкилот фаолиятида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш таваккалчиликларини аниқлаш, баҳолаш, ҳужжатлаштириш ва камайтириш;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ташкилот томонидан қонунчилик ҳужжатлари талабларига, шунингдек пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни тайёрлаш ва амалга оширишда ташкилотнинг ички ҳужжатларига оғишмай риоя қилинишини таъминлаш.

3. Ички назоратнинг вазифалари қуйидагилардан иборат:

қонунчилик ҳужжатлари, мазкур Қоидалар ва ташкилотнинг ички ҳужжатларига мувофиқ мижозларни лозим даражада текшириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш;

бенефициар мулкдорларни идентификациялаш, уларни шахсини ўрганиш бўйича мумкин бўлган чораларни кўриш ва операцияларни амалга оширишда фойдаланиладиган пул маблағлари ёки бошқа мол-мулкларнинг манбасини аниқлаш;

мазкур Қоидаларнинг 24-банди ва ташкилотнинг ички ҳужжатлари билан белгиланган мезонлар асосида шубҳали операцияларни аниқлаш;

ички назоратни амалга оширишда аниқланган ва хабар қилиниши лозим бўлган шубҳали операциялар ҳақидаги ахборотларни (ҳужжатларни) махсус ваколатли давлат органига ўз вақтида тақдим этиш;

юқори мансабдор шахслар, уларнинг оила аъзолари ва юқори мансабдор шахсларга яқин шахсларнинг амалга ошираётган операцияларини чуқур мониторинг қилиш;

Рўйхат билан солиштириш орқали операция иштирокчилари орасида террорчилик фаолиятида ёки оммавий қирғин қуролини тарқатишда иштирок этаётган ёки иштирок этишда гумон қилинаётган шахсларни аниқлаш;

махсус ваколатли давлат органининг пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни ўттиз иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатга тўхтатиб туриш тўғрисидаги кўрсатмаларини ўз вақтида ижро этиш;

Рўйхатга киритилган шахсларнинг операцияларини тўхтатиб туриш ва (ёки) пул маблағларини ёки бошқа мол-мулкни ишга солмай тўхтатиб қўйиш;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш билан боғлиқ бўлган маълумотларнинг маҳфийлигини таъминлаш;

пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операциялар ҳақидаги ахборотни, шунингдек мижозларни лозим даражада текшириш бўйича идентификациялаш маълумотларининг ва материалларнинг қонунчилик ҳужжатларида белгиланган муддатларда сақланишини таъминлаш;

ташкилот раҳбариятини тегишли қарорлар қабул қилиш учун зарур бўлган ишончли ахборот ва материаллар билан тезкор ва мунтазам равишда таъминлаб бориш;

операцияларнинг анонимлигини оширувчи янги технологиялар ёрдамида қонунга хилоф иш қилиш, хусусан, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва (ёки) оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш учун ташкилот хизматларидан фойдаланиш таҳдидининг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилиши мақсадида зарур бўлган тадбирлар қўллаш;

шубҳали операцияларнинг амалга оширилиши ёки амалга оширишга уринишлар, шубҳали операцияларни амалга оширган мижозлар билан боғлиқ бўлган шахслар (раҳбарлар, таъсисчилар) тўғрисидаги маълумотлар базасини шакллантириш, шунингдек қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бундай ахборотни давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро айирбошлаш;

ташкилот фаолиятида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш таваккалчиликларини аниқлаш, баҳолаш, ҳужжатлаштириш ва камайтириш бўйича тегишли чораларни кўриш.


II. ИЧКИ НАЗОРАТ ТИЗИМИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


4. Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашишни ташкил этиш мақсадида ташкилот раҳбарининг буйруғи билан мазкур Қоидаларга риоя этилишига масъул бўлган шахс (бундан кейинги ўринларда масъул шахс деб юритилади) тайинланади.

5. Ички назорат тизими ташкилот фаолиятининг ўзига хос хусусиятлари, фаолиятнинг асосий йўналишлари, мижозлар базаси ҳамда мижозлар ва уларнинг операциялари билан боғлиқ таваккалчилик хавфи даражасини ҳисобга олган ҳолда ташкил қилинади. Бунда ички назорат тизими ташкилотнинг ҳам Ўзбекистон Республикаси ҳудудида, ҳам унинг ташқарисида жойлашган алоҳида бўлинмаларининг (шўъба бўлинмалар, ваколатхоналар, филиаллар, бўлимлар ва бошқалар - улар мавжуд бўлса) жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича фаолиятини ҳам назарда тутиши лозим.

5-1. Ташкилот:

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги халқаро талабларни бажармайдиган ёки етарли даражада бажармайдиган давлатларда жойлашган ўзининг чет элдаги алоҳида бўлинмалари томонидан ушбу соҳадаги халқаро стандартларга риоя қилинишига эътибор қаратиши;

ўзининг чет элдаги алоҳида бўлинмаларидан улар жойлашган мамлакатлар қонунчилик ҳужжатларида тегишли чоралар тақиқланганлиги мавжудлиги сабабли, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича тегишли чораларни татбиқ қилиш имконияти бўлмаган тақдирда, бош офисга ахборот берилишини талаб қилишга мажбурдир. Ўз навбатида, ташкилот бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғурта бозорини ривожлантириш агентлиги (бундан буён матнда Суғурта бозорини ривожлантириш агентлиги деб юритилади) ва махсус ваколатли давлат органига хабар бериши;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва (ёки) оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш мақсадида технологик ютуқлардан фойдаланилишининг суиистеъмол қилинишининг олдини олишга қаратилган чораларни кўриши шарт.

5-2. Ташкилотларнинг чет элдаги алоҳида бўлинмалари жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш борасидаги чора-тадбирларни амалга оширишда улар жойлашган мамлакат талабларига риоя қилишлари лозим. Агар бундай талаблар Ўзбекистон қонунчилик ҳужжатлари талабларидан фарқ қилган тақдирда, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги юқорироқ стандартлар қўлланилади.

6. Ташкилот ўз ташкилий тузилмасининг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда масъул шахс бошчилик қиладиган жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича таркибий бўлинмани ташкил қилиши ёки белгилаши мумкин.

Юқорида кўрсатилган бўлинма ташкилотнинг ички ҳужжатларига мувофиқ тасдиқланган мазкур бўлинма тўғрисидаги низом асосида ҳаракат қилади.


6-1. Ташкилот бўлинмалари ходимларининг масъул шахс - таркибий бўлинма бошлиғи ёки унинг ходимлари ўртасидаги ўзаро муносабат тартиби ташкилотнинг ички ҳужжатлари билан белгиланади.

7. Масъул шахсга ва жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича таркибий бўлинма ходимларига (бўлинма мавжуд бўлган ҳолда) қуйидаги малака талаблари қўйилади:

а) масъул шахсга таркибий бўлинма бошлиғига:

олий маълумотлилик ва суғурта соҳасида раҳбарлик лавозимларида 2 йилдан кам бўлмаган иш тажрибасига эга бўлишлик, олий маълумот мавжуд бўлмаганда эса уч йилдан кам бўлмаган бундай иш тажрибасига эга бўлишлик;

ташкилот ишининг ўзига хос хусусиятини билишлик;

б) таркибий бўлинма ходимларига:

олий маълумотлилик ва ташкилотда 2 йилдан кам бўлмаган иш тажрибасига (техник ва хизмат кўрсатувчи ходимлар лавозимларидаги иш тажрибасидан ташқари) эга бўлишлик, олий маълумот мавжуд бўлмаганда эса ташкилотда уч йилдан кам бўлмаган иш тажрибасига (техник ва хизмат кўрсатувчи ходимлар лавозимларидаги иш тажрибасидан ташқари) эга бўлишлик;

ташкилот ишининг ўзига хос хусусиятини билишлик.


8. Ташкилот ҳар йили 10 январга қадар Суғурта бозорини ривожлантириш агентлигига ташкилотдаги масъул шахсларнинг рўйхатини тақдим этади ва бу рўйхатдаги ўзгаришлар тўғрисида ўз вақтида хабардор этилишини таъминлайди. Суғурта бозорини ривожлантириш агентлиги ҳар йили 20 январга қадар ташкилотлардан олинган рўйхатларни махсус ваколатли давлат органига беради ва бу рўйхатлардаги ўзгаришлар тўғрисида ўз вақтида хабардор этилишини таъминлайди.

9. Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга , терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш мақсадида масъул шахс қуйидаги функцияларни бажаради:

мазкур Қоидаларга мувофиқ ички назорат жараёнини ва мижозларни лозим даражада текширишни жорий этиш ва амалга оширилишини ташкил этади;

ташкилот фаолиятининг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда, ички назоратни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар дастурларини ишлаб чиқади ва раҳбариятга тасдиқлаш учун киритади;

ички назоратни амалга ошириш давомида аниқланган мижозларнинг шубҳали операциялари тўғрисидаги хабарларни махсус ваколатли давлат органига ўз вақтида юборилишини, шунингдек, махсус ваколатли давлат органининг қўшимча ахборот тақдим этиш тўғрисидаги сўровларининг бажарилишини таъминлайди;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назоратни амалга ошириш натижасида олинган тегишли маълумотларни (материаллар, ҳужжатлар ва бошқалар) йиғиш, расмийлаштириш, сақлашни амалга оширади, уларнинг маҳфийлигини таъминлайди;

ички назорат қоидаларини ва дастурларини амалга ошириш жараёнининг маҳфийлигини таъминлайди;

Суғурта бозорини ривожлантириш агентлиги томонидан махсус ваколатли давлат органи билан биргаликда мониторинг ва назорат ўтказилиш давомида ташкилот фаолиятида аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва ички назорат тизимини ташкил этиш бўйича мониторингни амалга оширади.

10. Масъул шахс қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ўз ташкилотининг раҳбарлари ва ходимларидан ички назоратни амалга ошириш учун зарур бўлган ташкилий-бошқарув, бухгалтерлик ва бошқа ҳужжатларни талаб қилиб олиш;

олинган ҳужжатлардан нусха кўчириш, ички назоратни амалга ошириш мақсадида ташкилотнинг электрон маълумотлар базаларида, маҳаллий ҳисоблаш ва автоматлаштирилган компьютер тизимларида сақланаётган файл ва бошқа ёзувлардан нусхалар олиш;

хабар қилиниши лозим бўлган операциялар бўйича келгусидаги хатти-ҳаракатларга оид (шу жумладан, мижоз ёки операция тўғрисида қўшимча ахборот олиш ёки мавжуд ахборотни текшириш мақсадида ўтказилаётган операцияни тўхтатиб туриш бўйича) таклифларни раҳбариятга киритиш.

Масъул шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлишлари мумкин.


11. Масъул шахс қуйидагиларга мажбур:

ички назоратни амалга ошириш жараёнида олинган ҳужжатларнинг сақланиши ва қайтарилишини таъминлаш;

мижозларни лозим даражада текширишни амалга ошириш;

бенефициар мулкдорларни идентификациялаш ва уларнинг шахсини текшириш бўйича мавжуд бўлган чораларни амалга ошириш;

мижозни лозим даражада текшириш материалларига қўшиб қўйиладиган барча мураккаб, ғайриоддий йирик миқдордаги операциялар, шунингдек иқтисодий ёки қонуний мақсадсизлиги аниқ бўлган операцияларни ғайриоддий амалга ошириш схемалари бўйича лозим даражада текшириш натижалари ва хулосаларини ёзма равишда қайд этиши;

шубҳали операциялар аниқланганда, белгиланган тартибда махсус ваколатли давлат органига хабар бериш;

махсус ваколатли давлат органининг пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни ўттиз иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатга тўхтатиб туриш тўғрисидаги кўрсатмаларини ўз вақтида бажариш;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролларини тарқатишни молиялаштиришга қарши кураш бўйича ўқув тадбирларида қатнашиш ва ўқув тадбирларида олинган маълумотларни ташкилот ходимларига етказиш;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш бўйича ўз таваккалчиликларини аниқлаш ва баҳолаш бўйича тегишли чора-тадбирларни кўриш, ушбу таваккалчиликларни ҳужжатлаштириш ва уларни камайтириш чора-тадбирларини кўриш;

олинган маълумотнинг маҳфийлигига риоя қилиш.

Масъул шахслар зиммасида қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.


11-1. Масъул шахс лавозимига тайинланган шахс Ўзбекистон Республикасининг жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича қонунчилигини ҳамда халқаро стандартларни билиши лозим.

12. Мазкур Қоидаларнинг 9, 10 ва 11-бандларининг талаблари жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича таркибий бўлинма (у мавжуд бўлган тақдирда) ходимларига ҳам қўлланилади.

13. Масъул шахсни ўқитиш ва малакасини ошириш махсус ваколатли давлат органи томонидан Суғурта бозорини ривожлантириш агентлиги билан биргаликда ўтказилади.

Ўқитиш қуйидаги йўналишлар бўйича ўтказилади:

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари билан танишиш;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашишнинг услублари ва замонавий усулларини ўрганиш;

ички назоратни амалга ошириш бўйича амалий машғулотлар;

масъул шахс жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш муаммоларига бағишланган конференциялар, семинарлар ва бошқа тадбир (шунингдек, халқаро)ларда иштирок этиш (имконият даражасида).

Ўқитиш мунтазам равишда бир йилда камида бир марта ўтказилади.


14. Ташкилотнинг қолган ходимларини ўқитиш ва малакасини ошириш масъул шахс томонидан ўтказилади.

Ўқитиш мансаб вазифаларидан келиб чиққан ҳолда, қуйидаги йўналишлар бўйича ўтказилади:

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари билан ходимларни таништириш;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашишнинг услублари ва замонавий усулларини ўрганиш;

ички назоратни амалга ошириш бўйича амалий машғулотлар.

Ташкилот томонидан ички назорат қоидаларининг муваффақиятли амалга оширилишининг асосий шарти бу мазкур жараёнда ҳар бир ходим ўз ваколати доирасида қатнашиши нуқтаи назаридан келиб чиққан ҳолда ўқитиш ўтказилади.

Ўқитиш мунтазам равишда бир йилда камида бир марта ўтказилади.


15. Ташкилот ҳар йили 1 февралга қадар Суғурта бозорини ривожлантириш агентлигига ўзининг жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича фаолияти тўғрисида ҳисобот тақдим этади.

15-1. Ташкилотлар мазкур Қоидалар талабларидан келиб чиққан ҳолда, қуйидагилар акс этган ички қоидаларни ишлаб чиқишлари лозим:

таваккалчиликларни аниқлаш, баҳолаш, мониторинг қилиш, камайтириш ва ҳужжатлаштиришга доир чораларни амалга ошириш тартиби;

мижозларни ва уларнинг бенефициар мулкдорларини лозим даражада текшириш, шунингдек мижозлар операцияларининг мунтазам назоратини амалга ошириш қоидалари;

зарур ахборотни расмийлаштириш ва унинг махфийлигини таъминлаш тартиби;

шубҳали операцияларни аниқлаш тартиби, шунингдек бундай операциялар тўғрисидаги хабарларни тайёрлаш ва махсус ваколатли давлат органига юбориш тартиби;

Рўйхатга киритилган шахсларнинг операциясини аниқлаш ҳамда ушбу операцияларни кечиктирмасдан ва олдиндан хабар қилмасдан тўхтатиб туриш (юридик ёки жисмоний шахснинг ҳисобварағига тушган пул маблағларини ҳисобга киритиш бўйича операциялар бундан мустасно) ва (ёки) пул маблағларини ёки бошқа мол-мулкни ишга солмай тўхтатиб қўйиш тартиби;

кадрларни тайёрлаш ва ўқитишга қўйиладиган малака талаблари;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш мақсадида технологик ютуқлардан фойдаланилишининг олдини олишга қаратилган чоралар;

юқори мансабдор шахслар, уларнинг оила аъзолари ва юқори мансабдор шахсларга яқин шахслар билан амалий иш муносабатларини ўрнатиш ҳамда бундай шахслар томонидан ўтказиладиган операцияларни мониторинг қилиш тартиби;

махсус ваколатли давлат органининг пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни ўттиз иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатга тўхтатиб туриш тўғрисидаги кўрсатмаларини ўз вақтида ижро этиш тартибини;

юқори таваккалчилик даражаси тоифасига киритилган мижозларнинг ҳисобини юритиш ва мониторинг қилиш ҳамда бундай мижозлар операцияларини мониторинг қилиш тартиби;

қонунчиликка зид бўлмаган бошқа қоидалар.


III. МИЖОЗЛАРНИ ЛОЗИМ ДАРАЖАДА ТЕКШИРИШ


16. Ташкилот мижозларни лозим даражада текшириш бўйича чора-тадбирларни қуйидаги фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларни ўрнатишда амалга оширади:

шахсий суғурта қилиш ёки биргаликда суғурта қилиш шартномасини тузишда мижозни, суғурталанган шахсни, фойда олувчини, мижоз қайси шахслар номидан иш кўраётган бўлса, ўша шахсларни ва юридик шахс мижозни назорат қилувчи мулкдорни ёки шахсни;

операция амалга ошириш кунидаги базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 баравари миқдоридан ортиқ бўлган бир марталик операциялар амалга оширилганда;

қайта суғурта қилиш шартномасини тузишда мижозни, мижоз қайси шахслар номидан иш кўраётган бўлса, ўша шахсларни ва юридик шахс мижозни назорат қилувчи мулкдорни ёки шахсни;

суғурта қилиш ёки қайта суғурта қилиш бўйича ҳамкорлик қилиш тўғрисида келишув, агентлик келишуви, ташкилот фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ бўлган маблағларни жойлаштириш (қўйиш) тўғрисида шартнома ва бошқа хўжалик ёки фуқаролик-ҳуқуқий шартномаларни тузишда мижозни, мижоз қайси шахслар номидан иш кўраётган бўлса, ўша шахсларни ва юридик шахс мижозни назорат қилувчи мулкдорни ёки шахсни.

Бунда, агар мижоз Ўзбекистон Республикаси резиденти бўлмаса, унда мижоз ҳудудида жойлашган (рўйхатдан ўтган) давлатнинг жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича халқаро ҳамкорликда иштирок этиши ҳақидаги маълумотни аниқлаш лозим бўлади.

Мижозларни лозим даражада текширишни ўтказиш учун қуйидагилар ҳам асос бўлиши мумкин:

амалга оширилаётган операцияларнинг жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ёки оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш мақсадида эканлигига ҳар қандай шубҳанинг мавжудлиги;

идентификациялаш учун аввал олинган маълумотларнинг ҳақиқий ва тўғри эканлигига шубҳанинг мавжудлиги.

Мижозларни лозим даражада текшириш бўйича чора-тадбирлар мазкур Қоидалар кучга кирган пайтда амалда бўлган шартномалар асосида ташкилот билан фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларда бўлган мижозларга нисбатан ҳам амалга оширилади.

16-1. Мижозни лозим даражада текшириш бўйича ташкилотлар томонидан кўриладиган чора-тадбирлар қуйидагиларни ўз ичига олиши шарт:

мижознинг ва у тегишли ҳужжатлар асосида қайси шахслар номидан иш кўраётган бўлса, ўша шахсларнинг шахсини ҳамда ваколатларини текширишни;

мижознинг бенефициар мулкдорини идентификациялашни;

мижоз томонидан амалга ошириладиган иш муносабатлари ва пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни уларнинг бундай мижоз ва унинг фаолияти тўғрисидаги маълумотларга мувофиқлигини текшириш мақсадида доимий асосда ўрганиш ўтказишни.

Агар мижознинг бенефициар мулкдорини идентификациялаш имкони бўлмаса, такшилот мижознинг раҳбарини идентификациялаши лозим.

Ташкилот мижозни лозим даражада текшириш бўйича мазкур бандда кўрсатиб ўтилган чораларни кўриш билан бирга, мижоз ёки бенефициар мулкдор сифатида қатнашаётган юқори мансабдор шахслар, уларнинг оила аъзолари ва юқори мансабдор шахсларга яқин шахсларга нисбатан:

юқори мансабдор шахснинг мавқеи тўғрисидаги маълумотларни текшириш ва ўтказилаётган операциядаги пул маблағлари ёки бошқа мол-мулкни манбаларини аниқлаш бўйича тегишли чораларни кўриш;

юқори мансабдор шахс билан амалий иш муносабатларига фақатгина ташкилот раҳбари (ўринбосари) рухсати билан киришиш (ёки давом эттириш);

амалий иш муносабатларини мониторинг қилиб боришлари лозим.

Мижозни лозим даражада текшириш имконияти мавжуд бўлмаган тақдирда, ташкилот мижоз билан иш муносабатларига киришни рад этиши ва (ёки) мавжудларини тўхтатиши, шунингдек махсус ваколатли давлат органига шубҳали операция тўғрисида хабар юбориши шарт.

Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга алоқаси борлиги ҳақида асослантирилган шубҳалар мавжуд бўлган мижозга мижозни лозим даражада текшириш бўйича чоралар амалга ошираётганлиги ошкор бўлиши мумкин бўлган ҳолларда, ушбу мижозга нисбатан мижозни лозим даражада текшириш бўйича чоралар амалга оширмасдан махсус ваколатли давлат органга шубҳали операция ҳақида хабар юборилишига йўл қўйилади.

16-2. Агарда операциянинг тарафларидан бири жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорликда иштирок этмаётган давлатларда ёхуд оффшор ҳудудларда доимий яшаётган, турган ёки рўйхатга олинган, шунингдек таваккалчиликларнинг юқори даражаси тоифасига киритилган шахс бўлганда ташкилотлар мижозларни лозим даражада текширишнинг кучайтирилган чора-тадбирларини кўришлари лозим.

16-3. Мижозни лозим даражада текширишнинг кучайтирилган чора-тадбирларига қуйидагилар киради:

мижоз ҳақида қўшимча маълумотлар (фаолият тури, активлар миқдори, очиқ маълумотлар базаси орқали олиниши мумкин бўлган маълумот ва бошқалар) олиш ва мижоз ёки бенефициар мулкдор бўйича маълумотларни янада тезроқ янгилаб бориш;

мижоздан унинг пул маблағлари манбаси ҳақида маълумот олиш;

суғурта шартномасини ёки аввал тузилган суғурта шартномаларини тузиш сабаблари тўғрисида маълумот олиш;

тузилган суғурта шартномалари таҳлили орқали, мижоз билан иш муносабатлари мониторингини ўтказиш.

17. Мижозларни лозим даражада текшириш бўйича чора-тадбирлар мижоз томонидан тақдим этилган маълумот ва ҳужжатлар асосида амалга оширилади. Мижозни текшириш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишга имкон берувчи барча ҳужжатлар улар тақдим этилган санага ҳақиқий бўлиши лозим.


18. Мижозларни лозим даражада текшириш операцияларни амалга оширишнинг барча босқичларида олиб борилиши лозим.

Бенефициар мулкдорни аниқлаш учун ташкилот мижоз бошқа шахс номидан ҳаракат қилаётганлигини аниқлашга мажбур ва шундан кейин мижоз қайси шахс номидан иш кўраётган бўлса, ўша шахсни идентификациялаш ва лозим даражада текшириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириши лозим.

Мижоз ёки бенефициар мулкдорни идентификациялаш билан бир қаторда улар томонидан қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тақдим этиладиган ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда уларнинг операцияларни амалга оширишга бўлган ваколатлари текширилиши шарт. Бунда наф олувчини ёки бенефициар мулкдорни идентификациялаш бўйича чоралар суғурта шартномалари бўйича тўловлар амалга оширилишидан аввал кўрилиши шарт.

19. Мижоз операцияларни амалга ошириш тўғрисида топшириқ (ариза, илтимоснома) билан бир ёки бир неча марта мурожаат қилганида, ташкилот қуйидагиларга мажбур:

қонунчилик ҳужжатлари ва мазкур Қоидалар талабларига мувофиқ операция бўйича мижозни ёки фойда олувчини идентификациялаш;

ушбу мижознинг аввалги ҳисобот даври (ой, чорак, ярим йил, йил) мобайнида амалга оширган операцияларини, агар бундай операциялар тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлса, ўрганиб чиқиш;

операция турини ҳамда унинг мижоз юридик шахснинг таъсис ҳужжатларида белгиланган фаолият мақсадларига мувофиқлилик даражасини аниқлаш;

операция турини ҳамда унинг тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи мижоз жисмоний шахснинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномасида кўрсатилган фаолият мақсади ва турига мувофиқлилик даражасини аниқлаш.


20. Мижоз жисмоний шахсни идентификациялаш унинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат (паспорт, идентификация ID-картаси ёки уларга тенглаштирилган ҳужжатлар) асосида амалга оширилади.

Агар мижоз жисмоний шахс якка тартибдаги тадбиркор бўлса, унинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномаси ҳам ўрганилиши керак.


21. Мижоз - юридик шахсни идентификациялашда ташкилот унинг давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги тегишли ҳужжатларни, раҳбарияти ҳақидаги, шунингдек таъсис ҳужжатларида кўрсатилган маълумотларни олишлари лозим.

Бунда, агар мижоз-юридик шахс номидан қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жисмоний шахс иш кўраётган бўлса, ташкилот бундай жисмоний шахсни идентификациялаш бўйича ҳам маълумотларни олиши лозим.

21-1. Ташкилот мижоз - юридик шахсни янада батафсил ўрганиш мақсадида қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратиши лозим:

мижознинг таъсисчилари (жамият акцияларининг камида ўн фоизига эга бўлган акциядорлари, иштирокчилари) таркибига, мижознинг устав фонди (капитали)нинг 10 фоиздан ортиқ улушига эгалик қилаётган шахсларни аниқлашга;

мижоз бошқаруви органлари тузилмасига ва уларнинг ваколатларига;

мижоз устав фонди (капитали)нинг рўйхатга олинган миқдорига.

22. Ташкилот мижоз томонидан тақдим этилаётган ахборотни:

давлат органлари ва бошқа ташкилотлардан мижоз тўғрисида олинган маълумотлардан фойдаланиш;

мижознинг аввалги ташкилот билан ўзаро муносабатларини ўрганиш;

мижознинг ишчанлик тўғрисидаги маълумотларни йиғиш орқали текшириш ҳуқуқига эга.

Мижозни лозим даражада текширишни амалга ошириш учун зарур бўлган идентификациялаш ва бошқа маълумотлар ташкилот томонидан йилида камида бир марта янгиланиши лозим.


22-1. Мижоз ва (ёки) мижознинг бенефициар мулкдорини идентификациялашда ташкилот олинган маълумотларни қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда махсус ваколатли давлат органи томонидан шакллантириладиган ва ташкилотга тақдим қилинадиган Рўйхат ҳамда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорликда иштирок этмаётган давлатлар рўйхати билан солиштириб чиқиши шарт.

22-2. Мижозни ва (ёки) бенефициар мулкдорни қайта идентификациялаш мажбурий ҳисобланмайди, агар ушбу мижоз ва (ёки) бенефициар мулкдор мазкур Қоидаларга мувофиқ ташкилот томонидан аввал индентификацияланган бўлса.

22-3. Давлат ҳокимияти ва бошқарув органларига нисбатан мижозларни лозим даражада текшириш чора-тадбирларининг ўтказилиши талаб қилинмайди.

23. Ташкилот қуйидаги ҳолларда мижозга пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни амалга оширишни рад этади:

мижознинг бошқарув органи ёки мижознинг номидан қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ иш кўраётган шахснинг ўзи жойлашган ери (почта манзили) бўйича мавжуд бўлмаганида;

мижоз-жисмоний шахснинг ўзининг доимий ёки вақтинчалик яшаш жойи (паспорт ёки идентификация ID-карта маълумотларига мувофиқ) бўйича мавжуд бўлмаганида;

шак-шубҳасиз нотўғри бўлган ҳужжатлар тақдим этилганда ёки қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ташкилот томонидан сўраладиган ҳужжатлар тақдим этилмаганда;

мижоз ва (ёки) бенефициар мулкдорни лозим даражада текшириш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишни якунлаш имкони бўлмаганда;

қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолларда.

Бунда бундай операциялар шубҳали деб тан олинади ва ташкилот қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда улар ҳақида махсус ваколатли давлат органига хабар бериши шарт.


III-1. ТАВАККАЛЧИЛИК ДАРАЖАСИНИ

АНИҚЛАШ ВА БАҲОЛАШ

23-1. Ташкилот мижозлар томонидан жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш , терроризмни молиялаштириш ёки оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш мақсадида операциялар амалга оширилишида таваккалчилик даражасини (кейинги ўринларда таваккалчилик даражаси деб юритилади) аниқлаш, баҳолаш ва камайтириш чора-тадбирларини кўриши шарт.

Таваккалчилик даражаси мижоз тақдим этган ахборот асосида, амалга оширадиган операциялар турлари, мазкур Қоидаларда белгиланган мезонлар, мижозни лозим тарзда текшириш натижаларини ҳисобга олган ҳолда масъул шахс томонидан ҳар йили аниқланади ва баҳоланади.

Таваккалчиликларни баҳолаш натижалари ёзма равишда расмийлаштирилиши ва махсус ваколатли давлат органига тақдим этилиши лозим.

23-2. Ташкилот аввалдан қуйидаги мезонларга жавоб берувчи мижозларни таваккалчиликнинг юқори даражаси тоифасига тегишли деб топиши ва уларга нисбатан кучайтирилган эътибор қаратиши лозим:

Рўйхатга киритилган шахслар ёки Рўйхатга киритилган шахснинг назоратидаги шахслар, Рўйхатга киритилган ташкилотнинг бевосита ёхуд билвосита мулкдори бўлган ёки уни назорат қилувчи шахслар;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорликда иштирок этмаётган давлатда ёхуд оффшор ҳудудда доимий яшаётган, турган ёки рўйхатга олинган шахслар;

норезидентлар;

ҳақиқатда жойлашган жойи таъсис ёки рўйхатга олиш ҳужжатларида кўрсатилган маълумотлардаги манзилга тўғри келмайдиган юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар;

ҳақиқий эгаси ушбу банднинг иккинчи ва учинчи хатбошиларида кўрсатилган шахс бўлган юридик шахслар;

мунтазам равишда (уч ой мобайнида икки мартадан ортиқ) шубҳали операцияларни амалга ошираётган мижозлар;

юқори мансабдор шахслар, уларнинг оила аъзолари ва юқори мансабдор шахсларга яқин шахслар;

масъул шахсда асосли шубҳа уйғотадиган молиявий операцияларни амалга оширувчи бошқа шахслар.


23-3. Мижоз томонидан амалга ошириладиган операцияларнинг тавсифи ўзгаришига қараб, ташкилот зарур бўлганда у билан ишлаш бўйича таваккалчилик даражасини қайта кўриб чиқиши лозим.

Ташкилот барча мураккаб, ғайриоддий йирик операцияларга, шунингдек аниқ иқтисодий ёки қонуний мақсадга эга бўлмаган операцияларни амалга оширишнинг ғайриоддий схемаларига кучайтирилган эътибор қаратиши керак.

Амалга оширилган чора-тадбирлар натижалари ҳақидаги маълумот ташкилот раҳбариятига тақдим қилиниши лозим.


23-4. Ташкилот жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш мақсадида технологик ютуқлардан фойдаланилишига йўл қўймаслик бўйича чора-тадбирларни кўриши керак. Бу мақсадларда ташкилот:

хизматларнинг янги турлари ва янги иш амалиёти ишлаб чиқилиши;

янги ва мавжуд хизмат турлари учун янги ёки ривожланаётган технологиялардан фойдаланилиши сабабли юзага келиши мумкин бўлган таваккалчилик даражаларини аниқлаши ва баҳолаши лозим.

Бундай таваккалчиликнинг баҳоланиши хизматларнинг янги турлари, янги иш амалиётининг ишга туширилиши ёхуд янги ёки ривожланаётган технологияларни фойдаланишга туширишдан аввал ўтказилиши лозим.

Ташкилот бундай таваккалчиликни мониторинг қилиш ва уларни пасайтириш бўйича тегишли чораларни кўриши лозим.


23-5. Ташкилотнинг чет элдаги алоҳида бўлинмалари (мавжуд бўлганда) жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш борасидаги чора-тадбирларни амалга оширишда улар жойлашган мамлакат талабларига риоя қилишлари лозим, мазкур талбалар Ўзбекистон Республикаси қонунчилигининг талабларидан фарқ қилган тақдирда, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги халқаро стандартларни қўллаши лозим.

Ташкилот ўзининг чет элдаги бўлинмаларидан улар жойлашган мамлакат қонунчилигидаги тақиқлар туфайли жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича тегишли чораларни кўриш имконияти бўлмаган тақдирда, ташкилотларнинг бош офисига ахборот берилишини талаб қилишга мажбурдирлар. Ўз навбатида ташкилот бу ҳақда Суғурта бозорини ривожлантириш агентлигига ва махсус ваколатли давлат органига хабар бериши шарт.

Ташкилотлар жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш юзасидан эҳтимол тутилган таваккалчиликларни ўрганишни, таҳлил қилишни ва аниқлашни ўз фаолиятида тизимли равишда, йилига камида бир марта амалга ошириши, ўрганиш натижаларини ҳужжатлар билан қайд этиши шарт.


IV. ШУБҲАЛИ ОПЕРАЦИЯЛАРНИ АНИҚЛАШ

МЕЗОНЛАРИ ВА ТАРТИБИ


24. Пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операция қуйидаги ҳолатларда шубҳали деб топилиши мумкин:

амалиётга асосан сўралаётган маълумотларнинг мижоз томонидан тақдим этилиши асоссиз равишда рад этилса, шу жумладан, ўзининг ишонч билдирувчиси тўғрисида (агар мижоз юридик ёки жисмоний шахснинг вакили сифатида иш олиб борса), шунингдек амалга оширилаётган операциянинг маҳфийлиги масалалари бўйича мижоз ортиқча ташвишланса;

мижознинг хизмат кўрсатишнинг фойдалироқ шартларига нисбатан эътиборсиз бўлиши, шунингдек мижоз томонидан айни турдаги хизматлар кўрсатишдаги оддий тўловдан фарқ қиладиган юқори мукофотнинг таклиф этилиши;

агарда мижознинг операциялари яққол иқтисодий моҳиятга эга бўлмаса, мижоз фаолиятининг хусусиятига тўғри келмаса ва таваккалчилик хавфини суғурта қилиш мақсадларига эга бўлмаса;

мижознинг бекор қилинган битим бўйича олиши лозим бўлган суммаларни учинчи шахсларга, шунингдек норезидент банк ҳисобига қайтаришни таклиф этиши;

мижоз томонидан операцияга (битимга) ташкилот фаолиятининг одатдаги амалиётига тўғри келмайдиган қўшимча ва ўзгартишларнинг киритилиши;

мижоз томонидан аввал келишилган операцияга (битимга) бевосита унинг амалга оширилишидан олдин кўпроқ, айниқса, пул маблағлари ҳаракати йўналишига тааллуқли ўзгартиришларнинг киритилиши;

мижоз томонидан операцияни вакил (воситачи) орқали амалга ошириш ҳақида топшириқ берилиши, агар вакил (воситачи) топшириқни ташкилот билан тўғридан-тўғри (шахсий) алоқа ўрнатмасдан амалга ошираётган бўлса;

кўрсатилган боғланиш маълумотлари, хусусан, почта ва электрон манзили, телефон рақамлари ва электрон канал маълумотлари бўйича мижоз билан алоқа ўрнатиш имкониятининг мавжуд эмаслиги;

мижоз контрагентларини аниқлашнинг имкони йўқлиги;

юридик ва жисмоний шахс билан тузилган амалдаги ҳаётни суғурта қилиш шартномаси бўйича суғурта мукофоти миқдорини мос равишда ошириш билан бирга суғурта пули миқдорини сезиларли даражада (2 баробардан ортиқ) ошириш бўйича мижознинг таклифи;

суғурта қилдирувчи, суғурталанган шахс, фойда олувчининг алмаштирилиши муносабати билан суғурта шартномасига тез-тез ўзгартишларнинг киритилиши;

мижоз томонидан учинчи шахс фойдасига беш йилгача муддатга икки ва ундан ортиқ ҳаётни суғурта қилиш шартномаларининг даврий тузилиши;

йилнинг бир чорагида базавий ҳисоблаш миқдорининг 1000 баробарига тенг ёки ундан ошадиган сумма миқдоридаги нақд пул маблағларининг бир марта ёки қисмларга бўлиб ташкилотнинг кассасига мижоз томонидан топширилиши ҳисобидан умумий суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг 1000 баробаридан кам бўлмаган бир неча операцияларнинг бажарилиши;

пул маблағларининг хорижга аноним (рақамли) ҳисобга (жамғармага) ўтказилиши ва пул маблағларининг хориждан аноним (рақамли) ҳисобдан (жамғармадан) келиб тушиши;

мижоз томонидан ихтиёрий суғурта шартномасининг муддатидан олдин бекор қилинишида суғурта мукофотининг қайтарилиши, агар пул маблағлари Ўзбекистон Республикасининг резиденти бўлмаган кредит ташкилоти томонидан ўтказилган бўлса;

битта суғурта қилдирувчига йилнинг бир чорагида базавий ҳисоблаш миқдорининг 1000 баробарига тенг ёки ундан ошадиган сумма миқдорида ёхуд ушбу миқдорга тенг ёки ундан ошадиган эквивалентдаги хорижий валютадаги суммада суғурта қопламалари ёки суғурта пулининг тўланиши;

битта суғурта воситачисига йилнинг бир чорагида базавий ҳисоблаш миқдорининг 1000 баробарига тенг ёки ундан ошадиган сумма миқдорида ёхуд ушбу миқдорга тенг ёки ундан ошадиган эквивалентдаги хорижий валютадаги суммада комиссион тўловларнинг тўланиши;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги халқаро ҳамкорликда иштирок этмайдиган давлатлар ҳудудида рўйхатдан ўтган хорижий суғурталовчилардан (қайта суғурталовчилардан) қайта суғурта қилиш бўйича комиссиялар ва тантьемаларнинг олиниши.

25. Операцияни шубҳали деб тан олиш ҳар бир аниқ ҳолатда ушбу Қоидалар билан ўрнатилган шубҳалилик мезонларидан фойдаланган ҳолда ўтказиладиган комплекс таҳлил асосида, шунингдек мижоз шахси, унинг обрўси, амалий иш муносабатларининг хусусияти, битимнинг асослари, мақсадлари, ҳажми ва тури, уни амалга ошириш усули билан ҳамда шубҳали операцияни тўғри аниқлаш учун аҳамиятли бўлган бошқа ҳолатлар асосида аниқланадиган таваккалчилик хавфига боғлиқ равишда амалга оширилади.


26. Пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операциялар кечиктирилмасдан ва олдиндан хабар қилинмасдан тўхтатиб турилади ва (ёки) пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк ишга солмай тўхтатиб қўйилади ва махсус ваколатли давлат органига хабар қилинади, агарда:

агарда операция қатнашчиларидан бири Рўйхатга киритилган шахс номидан ёки унинг топшириғига биноан фаолият кўрсатаётган бўлса;

операцияни амалга оширишда фойдаланаётган пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк тўлиқ ёки қисман Рўйхатга киритилган шахсга тегишли бўлса;

операция қатнашчиси - юридик шахс Рўйхатга киритилган шахснинг мулкида ёки назорат остида бўлса.

Операцияни тўхтатиш ва тиклашни Террорчилик фаолиятида ёки оммавий қирғин қуролини тарқатишда иштирок этаётган ёки иштирок этишда гумон қилинаётган шахслар рўйхатига киритилган шахсларнинг операцияларини тўхтатиб қўйилган, пул маблағларини ёки бошқа мол-мулкини ишга солмай тўхтатиб қўйиш, ишга солмай тўхтатиб қўйилган мол-мулкидан фойдаланишга рухсат бериш ва операцияларини тиклаш тартиби тўғрисидаги низомда (рўйхат рақами 2833, 2016 йил 11 октябрь) белгиланган тартибда амалга оширади.

26-1. Операциянинг тарафларидан бири жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорликда иштирок этмаётган давлатда доимий яшаётган, турган ёки рўйхатга олинган шахс бўлса, бундай операция ҳам махсус ваколатли давлат органига хабар қилиниши керак.

27. Мижознинг операцияси шубҳали деб топилгандан сўнг, масъул шахс мижозга нисбатан келгусидаги хатти-ҳаракатлар ҳақида қарор қабул қилади, жумладан:

шубҳали операция тўғрисида махсус ваколатли давлат органига хабар бериш ҳақида;

мижоз билан операция ўтказишга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги ҳақида;

қонунчилик ҳужжатлари ёки у билан тузилган шартномага мувофиқ мижоз билан муносабатларни тўхтатиш ҳақида.


28. Шубҳали операция тўғрисидаги хабар операция шубҳали деб топилган вақтдан бошлаб бир иш кунидан кечиктирмай Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибга мувофиқ ташкилот томонидан махсус ваколатли давлат органига тақдим этилади.

29. Ҳар бир шубҳали операция тўғрисидаги маълумот масъул шахс томонидан қоғоз ва электрон кўринишда юритилувчи махсус журналга киритилади.


30. Ташкилот тегишли операциядан шубҳани тасдиқловчи ёки олиб ташловчи ҳар қандай маълумотни махсус ваколатли давлат органига кечиктирмай топширишлари зарур.

30¹. Ички қоидалар билан гумонли ва шубҳали операцияларни қўшимча мезонлари ва аломатлари белгиланиши мумкин.

Ташкилотлар махсус ваколатли давлат органи билан келишилган ҳолда Суғурта бозорини ривожлантириш агентлиги томонидан ишлаб чиқиладиган ва тавсиявий характерга эга бўлган услубий қўлланмалар асосида гумонли ва шубҳали операцияларни дастлабки аниқлаш индикаторлари тизимини йўлга қўйишлари мумкин.


V. ИЧКИ НАЗОРАТНИ АМАЛГА ОШИРИШ

НАТИЖАСИДА ОЛИНГАН АХБОРОТ ВА

ҲУЖЖАТЛАРНИ РАСМИЙЛАШТИРИШ,

САҚЛАШ, МАҲФИЙЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ


30-1. Ташкилот ички назоратни амалга ошириш учун зарур бўлган маълумот ва ҳужжатларни ҳар бир операция бўйича, жумладан лозим даражада текшириш натижалари бўйича шубҳали деб тан олинмаган операциялар бўйича талаб қилиб олади ва йиғади.

30-2. Ташкилот фаолиятининг ўзига хос хусусиятлари, фаолиятнинг асосий йўналишларини ҳисобга олган ҳолда ҳамда мазкур Қоидалар ва ички ҳужжатлар асосида ички назоратни амалга ошириш жараёнида олинган маълумотлар ва ҳужжатларни шакллантиради.

30-3. Тақдим қилинган ҳужжатлар нусхаларининг тўғрилигига гумон ёки бошқа зарурат пайдо бўлган тақдирда, ташкилот танишиш учун ҳужжатларнинг асл нусхалари тақдим қилинишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.

30-4. Лозим даражада текшириш жараёнида олинган барча маълумотлар ва ҳужжатлар ташкилотнинг мижозлар идентификациясини амалга оширувчи ходимларига мижоз тўғрисидаги маълумотларни текшириш учун очиқ бўлиши лозим.

30-5. Пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операциялар тўғрисидаги маълумотлар зарурат туғилган тақдирда операция тафсилотларини қайта тиклаш мумкин бўлган тарзда расмийлаштирилиши лозим.

30-6. Мижозни лозим даражада текшириш ва идентификациялаш натижасида олинган маълумотлар, мижоз билан 1 йилдан ортиқ муддатга амалий иш муносабатлари ўрнатилган ҳолларда ҳар йили, шунингдек мижоз тўғрисидаги маълумотлар ёки у билан ўрнатилган амалий иш муносабатлари характери ўзгариши билан янгиланиб борилиши лозим.

31. Махсус ваколатли давлат органига хабар қилиниши лозим бўлган операциялар бўйича қонунчилик ҳужжатларига ва мазкур Қоидаларга мувофиқ қуйидагилар расмийлаштирилади:

операция тури ва уни амалга ошириш асослари;

операцияни амалга ошириш санаси ва суммаси;

операцияни амалга оширувчи жисмоний ёки юридик шахсни индентификациялаш учун зарур бўлган маълумотлар;

операцияни топшириғи бўйича ва номидан амалга оширилаётган жисмоний ёки юридик шахсни индентификациялаш учун зарур бўлган маълумотлар;

ушбу шахс номидан операцияни амалга оширувчи жисмоний ёки юридик шахснинг вакилини (ишончли вакилини) индентификациялаш учун зарур бўлган маълумотлар;

пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операция бўйича фойда олувчи ва унинг вакилини идентификациялаш учун зарур бўлган маълумотлар.


32. Ташкилот пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операциялар тўғрисидаги ахборотни, шу жумладан иш ёзишмалари, шунингдек, мижозларни лозим даражада текшириш бўйича идентификациялаш маълумотларини ва материалларни қонунчилик ҳужжатларида белгиланган, лекин операциялар амалга оширилганидан ёки мижоз билан муносабатлар тўхтатилганидан кейин беш йилдан кам бўлмаган муддатлар мобайнида сақлаши шарт.

33. Ташкилот жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш билан боғлиқ бўлган ахборотга кириш имкониятини чеклайди, унинг тарқалиб кетмаслигини таъминлайди ҳамда жисмоний ва юридик шахсларга уларнинг операциялари ҳақида махсус ваколатли давлат органига хабар берилганлиги тўғрисида маълум қилиш ҳуқуқига эга эмас.

Ташкилот ўз ходимлари томонидан ички назорат бўйича вазифаларни бажариш жараёнида олинган ахборотнинг эълон қилинмаслигини ёхуд шахсий мақсадларда ёки учинчи шахслар манфаатларида фойдаланмаслигини таъминлайди.


33-1. Масъул шахснинг фаолиятида ишлатилган барча ҳужжатлар (ички назоратни ўтказишга тааллуқли ёзишмалар, шу жумладан, махсус ваколатли давлат органига юборилган хабарларнинг қоғоздаги ва электрон нусхалари, мижозларнинг қоғоздаги ва электрон анкеталари, махсус журналлар ва бошқалар)дан фойдаланилишини чеклаш мақсадида, бундай ҳужжатлар ва уларнинг рўйхати бевосита махсус жиҳозланган хонада ёки ёнмайдиган ва муҳрланадиган сейфда ушбу шахс томонидан сақланиши лозим.

33-2. Ҳужжатларнинг электрон шакллари дастурий усулда архивлаштирилиши, электрон ахборот ташувчи ускуналарга ёзиб қўйилиши ҳамда масъул шахс томонидан уларнинг рўйхати билан биргаликда ёнмайдиган ва муҳрланадиган сейфда сақланиши зарур.

33-3. Мижозларни лозим даражада текшириш натижасида олинган маълумотлар аҳамияти ва таваккалчиликлардан келиб чиққан ҳолда ҳамда мижоз маълумотларида ўзгаришлар бўлганда, бироқ мижоз томонидан жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришни амалга ошириш таваккалчилиги ташкилот томонидан юқори баҳоланганда йилига камида бир маротаба, бошқа ҳолларда икки йилда камида бир маротаба янгиланиши лозим.


VI. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


34. Ташкилот томонидан мазкур Қоидалар талабларига риоя этилиши устидан мониторинг ва назорат Суғурта бозорини ривожлантириш агентлиги томонидан махсус ваколатли давлат органи билан биргаликда амалга оширилади.

34-1. Ташкилотлар ички ва ташқи вазиятларнинг ўзгаришини инобатга олган ҳолда, ташкилотнинг ички назорат тизимини доимий равишда мониторинг қилади ва самарадорлигини баҳолаб боради, шунингдек самарали ишлашини таъминлаш учун заруратга қараб уни мустаҳкамлайди.

Ташкилотида ички аудит хизмати мавжуд бўлганда, ички назорат тизимининг фаолияти самарадорлигини мониторинги ички аудит хизмати томонидан амалга оширилади.

35. Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари бузилганлиги ҳолларини яширишда, шунингдек мазкур Қоидалар талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2009 йил, 45-сон, 494-модда.




































Время: 0.0061
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск