язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Саноат/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 25.06.2008 й. 142-сон "Геология-қидирув ишлари олиб боришга ва қаттиқ фойдали қазилма конларини ишлатишга инвестицияларни янада жалб этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

25.06.2008 й.

N 142



ГЕОЛОГИЯ-ҚИДИРУВ ИШЛАРИ

ОЛИБ БОРИШГА ВА ҚАТТИҚ ФОЙДАЛИ

ҚАЗИЛМА КОНЛАРИНИ ИШЛАТИШГА

ИНВЕСТИЦИЯЛАРНИ ЯНАДА ЖАЛБ

ЭТИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ

ТЎҒРИСИДА


[Кўчирма]


Ўзбекистонда қаттиқ фойдали қазилмалар 43 турининг 700 дан ортиқ конлари, шу жумладан мис, рух, молибден, вольфрам, литий, стронций, томирсимон жойлашган кварц ҳамда техник кремний ишлаб чиқариш учун кварцитлар, минерал тузлар, фосфоритлар, тошкўмир ва қўнғир кўмир, ўтга чидамли ва керамик хом ашё, қурилиш материаллари ва бошқа материаллар сингари жаҳон бозорида талаб юқори бўлган фойдали қазилмалар қидириб топилганлиги қайд этилсин.

Фойдали қазилмаларнинг айрим турлари бўйича прогноз ресурслар қидириб топилган ресурслардан анча ортиқдир, шу жумладан полиметаллар ва цемент хом ашёси бўйича - 2 баравар, вольфрам бўйича - 6 баравар, фосфорит руда ва базальт бўйича - 10 баравар, томирсимон жойлашган кварц ва кварцитлар бўйича - 50 баравар ортиқдир.

Шу билан бирга ҳозирги вақтда фойдали қазилма бойликлар мавжуд конларининг қарийб 80 фоизи ҳали саноат жиҳатидан ўзлаштиришга жалб этилмаган. Қаттиқ фойдали қазилмаларнинг прогноз ресурсларини саноат захиралари тоифасига ўтказиш учун биринчи навбатда хорижий ва мамлакатимиз инвесторларини жалб этиш ҳисобига геология-қидирув ишлари ҳажмини анча ошириш талаб этилади.

Фойдали қазилма конларини излаш ва қидиришнинг замонавий усуллари ва технологияларини қўллаш ҳисобига қаттиқ фойдали қазилмалар бўйича геология-қидирув ишлари самарадорлигини ошириш, тўғридан-тўғри хорижий ивнестицияларни кенг жалб этиш асосида қаттиқ фойдали қазилмалар конларини саноат жиҳатидан ўзлаштиришга жалб этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Давлат геология қўмитаси, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси, "Саноатконтехназорат" давлат инспекциясининг:

2008-2009 йилларда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қаттиқ фойдали қазилмалар конларини (олтин ва уран конларидан ташқари) хатловдан ўтказиш, ер ости бойликларидан фойдаланувчиларни ва фойдали қазилмаларни кавлаб олиш учун фойдаланишга берилган ер ости бойликларининг тегишли участкаларидан фойдаланишнинг аниқ шартларини белгилаш;

саноат йўсинида ишлатилмаётган конлар, шунингдек фойдаланиш пайтида Ўзбекистон Республикасининг ер ости бойликлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари мунтазам бузилишига, шу жумладан фойдали қазилмаларни кавлаб олиш учун ер ости бойликлари участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини берадиган лицензияларда белгиланган ер ости бойликларидан фойдаланиш шартлари бузилишига йўл қўйилган конлар бўйича захираларни белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Давлат геология қўмитаси балансига бериш тўғрисидаги таклифлари қабул қилинсин.


2. Қаттиқ фойдали қазилмалар конларини хатловдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


3. Қаттиқ фойдали қазилмалар конларини хатловдан ўтказишни мувофиқлаштириш учун 2-иловага мувофиқ таркибда Комиссия ташкил этилсин.

Қуйидагилар Комиссиянинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

Қорақалпоғистон Республикасида ва вилоятлар бўйича қаттиқ фойдали қазилмалар конларини (олтин ва уран конларидан ташқари) хатловдан ўтказиш жадвалини тасдиқлаш;

ҳудудлар бўйича қаттиқ фойдали қазилмалар конлари дала тадқиқотлари бўйича ишчи гуруҳларнинг шахсий таркибини тасдиқлаш;

қаттиқ фойдали қазилмалар конларини хатловдан ўтказишнинг боришини назорат қилиш ва унинг натижаларини тизимли асосда кўриб чиқиш.

Комиссия бир ой муддатда ўз иши регламентини тасдиқласин.


4. Комиссияга қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:

зарурият бўлганда қаттиқ фойдали қазилмалар конларини хатловдан ўтказишга вазирликлар ва идораларнинг юқори малакали мутахассисларини, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари вакилларини жалб этиш;

захиралари ер ости бойликлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Давлат геология қўмитаси балансига берилаётган қаттиқ фойдали қазилмалар конлари рўйхатини тасдиқлаш;

фойдали қазилмаларни ноқонуний қазиб олиш ҳолатлари аниқланган тақдирда саноат жиҳатидан ўзлаштиришга жалб этилмаган конларда кавлаб олинган фойдали қазилмалар ҳажми Ўзбекистон Республикаси Давлат геология қўмитаси томонидан инструментал ўлчаниши тўғрисида қарор чиқариш.


5. "Саноатконтехназорат" давлат инспекцияси, Ўзбекистон Республикаси Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси 2008 йил 10 июлгача бўлган муддатда Комиссияга ўзлари томонидан ўз ваколатлари доирасида 2007 йилда ва 2008 йилнинг биринчи ярим йиллигида ер ости бойликларидан фойдаланувчилар томонидан ер ости бойликлари тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига риоя қилиниши юзасидан ўтказилган текширишлар натижалари тўғрисида ахборот тақдим этсинлар.


6. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Давлат геология қўмитасининг сўрови бўйича фойдали қазилмаларни кавлаб олиш учун юридик ёки жисмоний шахсларга берилган ер участкалари тўғрисидаги маълумотлар тақдим этилишини таъминласинлар.


8. Ўзбекистон Республикаси Давлат геология қўмитаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлиги билан биргаликда 2009 йилда Давлат геология қўмитаси тизими бўйича геология-қидирув ишлари дастурини шакллантиришда қаттиқ фойдали қазилмалар конларини хатловдан ўтказиш харажатларини молиялаштиришга маблағларни назарда тутсин.


9. Ўзбекистон Республикаси Давлат геология қўмитаси уч ой муддатда:

Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги билан биргаликда - потенциал хорижий инвесторларга объект ва инвестициялар қўйиш самарадорлиги тўғрисида дастлабки хулоса қилиш учун етарли бўлган ҳажмда ихтисослаштирилган ахборот тизимлари орқали саноат йўсинида ишлатилмаётган конлар ва қаттиқ фойдали қазилмаларнинг истиқболли майдонлари тўғрисида геологик ахборотни тақдим этиш тартиби тўғрисидаги низомни;

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси ва "Саноатконтехназорат" давлат инспекцияси билан биргаликда - Ўзбекистон Республикаси фойдали қазилмаларининг стратегик муҳим турлари рўйхатини ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига тақдим этсин, улар тўғрисидаги маълумотлар, шу жумладан конлар ва истиқболли майдонлар тўғрисидаги ахборот инвестиция лойиҳасининг дастлабки техник-иқтисодий асослашини тузиш учун етарли бўлган ҳажмда Вазирлар Маҳкамасининг қарори бўйича потенциал инвесторларга тақдим этилиши мумкин;

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлиги билан биргаликда - геология-қидирув ишлари фақат давлатнинг буюртмаси бўйича улар доирасида олиб бориладиган асл, рангли, нодир металлар ва "қумтош" типдаги уран конларини аниқлаш учун истиқболли бўлган майдонлар рўйхатини, шунингдек маҳсулот тақсимотига оид битимлар, қўшма корхоналар ташкил этиш тўғрисидаги битимлар шартларида ёки бошқа шартларда, фойдали қазилмаларни кейинчалик чуқур қайта ишлашни назарда тутган ҳолда, хорижий ва мамлакатимиз инвесторлари маблағлари ҳисобига излаш ва қидириш ишлари олиб бориш учун майдонлар рўйхатини ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига тақдим этсин.


10. Ўзбекистон Республикаси Давлат геология қўмитаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги билан биргаликда:

гелогия-қидирув ишларини олиб боришга хорижий инвестицияларни жалб этиш, шунингдек қаттиқ фойдали қазилмалар конларини уларни чуқур қайта ишлашни назарда тутадиган лойиҳалар доирасида устун даражада саноат йўсинида ишлатиш ишларини фаоллаштирсин;

ҳар йиллик асосида "Ўзбекистоннинг қаттиқ фойдали қазилмалар инвестиция салоҳияти" халқаро конференциялар ташкил этилиши ва ўтказилишини таъминласин.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлиги гелогия-қидирув ишлари йиллик дастурларини ва уларни молиялаштириш манбаларини шакллантиришда 2009 йилдан бошлаб кўрсатиб ўтилган халқаро конференцияни ўтказиш харажатларини бюджет маблағлари ҳисобига қоплашга маблағларни назарда тутсинлар.


11. Ўзбекистон Республикаси Давлат геология қўмитаси марказий аппарат ходимларининг белгиланган умумий сони доирасида 4 штат бирлигидан иборат хорижий инвестицияларни жалб этиш ва инвесторлар билан иш олиб бориш бўлинмаси ташкил этсин.


12. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                       Ш.Мирзиёев






Вазирлар Маҳкамасининг

2008 йил 25 июндаги

142-сон қарорига

2-ИЛОВА



Қаттиқ фойдали қазилмалар конларини хатловдан

ўтказишни мувофиқлаштириш комиссиясининг

ТАРКИБИ

Азимов Р.С.

-

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари, Комиссия раиси

Хўжаев Б.А.

-

Иқтисодиёт вазири, Комиссия раисининг ўринбосари

Мавлянов Н.Г.

-

Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси раиси, Комиссия раисининг ўринбосари

Розиқов О.Т.

-

Вазирлар Маҳкамасининг Машинасозлик, металлургия, геология, минерал хом ашё қазиб олиш ва қайта ишлашни ривожлантириш масалалари ахборот-таҳлил департаменти шўъба мудири

  

Комиссия аъзолари:

Абдуазизов А.А.

-

Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси раиси

Гуськова Т.Н.

-

Молия вазирининг биринчи ўринбосари

Алиханов Б.Б.

-

Ўзбекистон Республикаси Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси раиси

Каньязов Е.С.

-

Адлия вазирининг ўринбосари

Тўлаганов Ш.А.

-

Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирининг ўринбосари

Ғуломов Б.В.

-

"Саноатгеоконтехназорат" давлат инспекцияси бошлиғи

Изоҳ. Комиссия аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда унинг таркибига ушбу лавозимларга янгидан тайинланган ёки зиммасига тегишли вазифаларни бажариш юкланган шахслар киритилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2008 йил, 26-27-сон, 252-модда.