язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Саноат/ Қаттиқ фойдали қазилмалар конларини хатловдан ўтказиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 25.06.2008 й. 142-сон қарорига 1-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2008 йил 25 июндаги

142-сон қарорига

1-ИЛОВА



Қаттиқ фойдали қазилмалар конларини

хатловдан ўтказиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом қаттиқ фойдали қазилмалар конларини хатловдан ўтказишнинг асосий мақсадлари ва вазифаларини, саноат жиҳатидан ўзлаштиришга жалб этилган қаттиқ фойдали қазилмалар конларини ишлатиш самарадорлигини баҳолаш учун зарур ва етарли бўлган маълумотлар таркибини, фойдаланилмаётган конлар жойлашган майдонларнинг ҳолатини, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қаттиқ фойдали қазилмалар конларини хатловдан ўтказиш механизмини белгилайди.


2. Хатловни ўтказиш ишларини мувофиқлаштириш ва назорат қилишни Қаттиқ фойдали қазилмалар конларини хатловдан ўтказишни мувофиқлаштириш комиссияси (кейинги ўринларда "Комиссия" деб юритилади) амалга оширади.

Қуйидагилар Комиссиянинг асосий вазифалари ҳисобланади:

Қорақалпоғистон Республикасида ва вилоятлар бўйича қаттиқ фойдали қазилмалар конларини (олтин ва уран конларидан ташқари) хатловдан ўтказиш жадвалини тасдиқлаш;

ҳудудлар бўйича қаттиқ фойдали қазилмалар конлари дала тадқиқотлари бўйича ишчи гуруҳларнинг шахсий таркибини тасдиқлаш;

қаттиқ фойдали қазилмалар конларини хатловдан ўтказишнинг боришини назорат қилиш ва унинг натижаларини тизимли асосда кўриб чиқиш.


3. Комиссия қуйидаги ҳуқуқларга эга:

зарурият бўлганда қаттиқ фойдали қазилмалар конларини хатловдан ўтказишга вазирликлар ва идораларнинг юқори малакали мутахассисларини, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари вакилларини жалб этиш;

захиралари ер ости бойликлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Давлат гелогия ва минерал ресурслар қўмитаси (кейинги ўринларда "Давлат геология қўмитаси" деб юритилади) балансига берилаётган қаттиқ фойдали қазилмалар конлари рўйхатини тасдиқлаш;

фойдали қазилмаларни ноқонуний қазиб олиш ҳолатлари аниқланган тақдирда саноат жиҳатидан ўзлаштиришга жалб этилмаган конларда кавлаб олинган фойдали қазилмалар ҳажмининг Ўзбекистон Республикаси Давлат геология қўмитаси томонидан инструментал ўлчаниши тўғрисида қарор чиқариш.



II. ХАТЛОВНИНГ МАҚСАДЛАРИ

ВА АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ


4. Қуйидагилар қаттиқ фойдали қазилмалар конларини хатловдан ўтказишнинг мақсадлари ҳисобланади:

давлат бошқаруви органларига, шунингдек потенциал инвесторларга саноат йўсинида ишлатилмаётган объектлар бўйича ер ости бойликлари участкалари тўғрисида геологик ахборотни ва бошқа ахборотни белгиланган тартибда тезкор тақдим этиш мақсадида фойдаланиладиган ГИС-технологиялар асосида қаттиқ фойдали қазилмалар конлари бўйича маълумотларнинг ягона электрон базасини ташкил этиш;

Қаттиқ фойдали қазилмалар конлари бўйича маълумотларнинг ягона базасини ҳисобга олган ҳолда Фойдали қазилмалар захиралари давлат балансига ва Конлар, фойдали қазилмалар ва техноген минерал хосилалар намоён бўлиши давлат кадастрига зарур қўшимчалар ва ўзгартиришлар киритиш.


5. Белгиланган мақсадлардан келиб чиқиб қуйидагилар хатловнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

саноат йўсинида ишлатилаётган қаттиқ фойдали қазилмалар конлари ҳамда фойдали қазилмаларни кавлаб олиш учун ер ости бойликларининг тегишли участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи берилган юридик шахслар рўйхатини аниқлаштириш;

норуда фойдали қазилмаларнинг амалда кавлаб олинган ҳажмининг (маркшейдерлик ҳисоботлари маълумотлари бўйича) ер ости бойликларидан фойдаланувчилар томонидан Давлат геология қўмитаси ҳузуридаги Давлат геология фондига тақдим этиладиган маълумотларга мувофиқлигини аниқлаш ("5-ГР" шакл);

саноат жиҳатидан ўзлаштиришга жалб этилмаган конларнинг ҳолатини баҳолаш;

саноат жиҳатидан ўзлаштиришга жалб этилмаган норуда фойдали қазилмалар конларида ноқонуний кавлаш ҳолатларини аниқлаш ва Комиссияга кавлаб олинган фойдали қазилмалар ҳажмини Давлат геология қўмитаси томонидан инструментал ўлчаш ўтказилиши тўғрисида таклифлар киритиш;

фойдали қазилмалар захираларини ҳисобдан чиқаришнинг мақсадга мувофиқлигининг йириклаштирилган техник-иқтисодий ҳисоб-китобларини ишлаб чиқиш зарурлиги тўғрисидаги масалани ҳал этиш учун ишлатилмаётган умумий тарқалган фойдали қазилмалар конлари бўйича фойдали қазилмалар жойлашган майдонлар ер участкаларининг ўзлаштирилиши даражасини аниқлаш (иморат қурилганлиги, қишлоқ хўжалиги экинлари мавжудлиги ва бошқалар);

хатлов натижалари бўйича саноат йўсинида ишлатилмаётган конлар, шунингдек фойдаланиш пайтида кон муносабатлари соҳасида махсус ваколатли давлат органлари ёки маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан аниқланган ер ости бойликлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилган, шу жумладан фойдали қазилмаларни кавлаб олиш учун ер ости бойликлари участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини берадиган лицензияларда белгиланган ер ости бойликларидан фойдаланиш шартлари бузилган конлар бўйича захираларни Давлат геология қўмитаси балансига бериш ҳақидаги таклифларни тайёрлаш.



III. ХАТЛОВНИ ЎТКАЗИШ МЕХАНИЗМИ


6. Қаттиқ фойдали қазилмалар конларини хатловдан ўтказиш икки даврда амалга оширилади: тайёргарлик (камерал) ва дала шароитида ўтказиш даврлари.


7. Тайёргарлик (камерал) даврида Давлат геология қўмитаси томонидан Қорақалпоғистон Республикасида ва вилоятлар бўйича қаттиқ фойдали қазилмаларнинг барча конлари бўйича зарур маълумотларни тўплаш, тизимлаштириш ва умумлаштириш амалга оширилади.


8. Хатловни дала шароитида ўтказиш даврида барча норуда фойдали қазилмалар конлари майдонларини, шунингдек саноат йўсинида ишлатилмаётган қаттиқ фойдали қазилмалар конлари майдонларини (олтин ва уран конларидан ташқари) текшириш амалга оширилади.


9. Тайёргарлик (камерал) даврида қаттиқ фойдали қазилмаларнинг ҳар бир кони бўйича паспорт тузилади, у қуйидаги маълумотларни ўз ичига олади:

коннинг номи;

маъмурий жойлашуви (вилоят, туман);

жуғрофий жойлашуви (тоғ тизимининг, тоғларнинг ва шу кабиларнинг номи);

кон майдонининг бурчакли нуқталари координатлари;

майдони коннинг 1:50000 ёки ундан йирик масштабда кўрсатилган ҳолдаги топографик асоси;

фойдали қазилманинг тури, конни кавлаб олиш усули;

кон разведка қилинган давр;

разведкани амалга оширган, захираларни ҳисоблаб чиққан ва уларни тасдиқлашга тақдим этган ташкилот тўғрисидаги маълумотлар;

Фойдали қазилмалар захираларининг давлат баланси маълумотларига мувофиқ кон (саноат йўсинида ишлатилаётган, захира тарзида қидириб топилган, саноат йўсинида ишлатилмаётган) мансуб бўлган разряд;

тасдиқланган захиралар миқдори (рудали фойдали қазилмалар конлари бўйича, шунингдек қўшимча фойдали қазилмалар ва фойдали компонентлар захиралари), захирани тасдиқлаган орган протоколининг санаси ва тартиб рақами;

коннинг тажриба-саноат йўсинида ишлатилганлиги тўғрисидаги маълумотлар, уни амалга ошириш жараёнида кавлаб олинган захиралар ҳажми;

ер ости участкасидан фойдаланиш ҳуқуқи учун лицензия олган юридик шахснинг номи ва унинг реквизитлари;

ер ости участкасидан фойдаланиш ҳуқуқи учун лицензиянинг тартиб рақами, серияси, унинг берилган санаси;

ер ости участкасидан фойдаланиш шартлари нусхаси;

захираларнинг хатлов ўтказилаётган йилнинг 1 январидаги ҳолати.


10. Норуда конлар майдонларини, шунингдек саноат йўсинида ишлатилмаётган рудали фойдали қазилмалар конларини текшириш мақсадида Комиссия қарори билан "Саноатгеоконтехназорат" давлат инспекцияси, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Давлат геология қўмитаси, Иқтисодиёт вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, "Ўзқурилишматериаллари" акциядорлик жамияти, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари вакилларидан ҳудудлар бўйича қаттиқ фойдали қазилмалар конларини дала шароитида текшириш бўйича ишчи гуруҳлар (кейинги ўринларда "ишчи гуруҳ" деб аталади) тузилади.

Қарорда текширишни ўтказиш даврида ишчи гуруҳ ҳал этиши зарур бўлган вазифалар, ишларнинг ҳудудлари, гуруҳнинг раҳбари, хулосаларни тақдим этиш муддатлари кўрсатилади.


11. Ишчи гуруҳ дала шароитида текшириш жараёнида:

а) хатловдан ўтказилаётган барча норуда фойдали қазилмалар конлари ва саноат йўсинида ишлатилмаётган рудали фойдали қазилмалар конлари (олтин ва уран конларидан ташқари) бўйича GPS глобал позициялаш тизимлари асбоб-ускуналари ёрдамида объектнинг икки-учта координатларини аниқлаши, шунингдек кейинчалик позицияларнинг жойларига (номи кўрсатилган ҳолда тур ёки қозиқларни) бириктирган ҳолда привязка қилишни амалга ошириши, улардан рақамли фотокамера билан (камида 5 та мегапикселни ҳал этган ҳолда) кон майдонининг энг характерли хусусиятларининг (рельефнинг алоҳида шакллари, мавжуд иморатлар, карьерда ер ости сувларининг мавжудлиги, чиқиндиларнинг тарқоқ ҳолда сақланиши ва шу кабилар) камида учта суратини олиши керак;

б) саноат йўсинида ишлатилаётган норуда фойдали қазилмалар бўйича:

фойдали қазилмаларни кавлаб олиш учун ер ости бойликлари участкасидан фойдаланиш ҳуқуқи учун лицензияда белгиланган ер ости бойликлари участкасидан фойдаланиш шартларининг ер ости бойликлари участкасидан фойдаланувчи томонидан бажарилишининг тўлиқлигини баҳолаши;

ер ости бойликларидан фойдаланувчида конни очиш ва тайёрлаш лойиҳасининг белгиланган тартибда мавжудлигини аниқлаши;

ер ости бойликларидан фойдаланувчи томонидан кавлаб олинган фойдали қазилмалар ҳажмларининг маркшейдер ўлчовларини амалга оширишнинг даврийлигини аниқлаши, маркшейдер ўлчовлари маълумотларини ўрганиши ва уларнинг Фойдали қазилмалар захираларининг давлат баланси маълумотларига мувофиқлиги тўғрисида хулоса чиқариши;

карьерни унинг тубида ер ости сувлари мавжудлигини аниқлаш мақсадида текшириши, сабабларини аниқлаши;

сув объектларининг қўриқланадиган зонаси доирасида қум-шағалли материаллар кавлаб олинган тақдирда қўриқланадиган табиий ҳудуд доирасида фойдали қазилмаларни кавлаб олишга рухсатномалар мавжудлигини текшириши;

карьер хўжалигини ва ходимларни сув билан таъминлаш учун фойдаланиладиган сув қудуқларининг мавжудлигини аниқлаши, сув олишнинг белгиланган лимитига ер ости бойликларидан фойдаланувчи томонидан риоя қилинишини, ер ости сувлари сатҳини ўлчашларнинг мунтазамлигини кимёвий ва бактериалогик текширишларнинг ўтказилишини текшириши;

сувдан махсус фойдаланишга рухсатномалар мавжудлигини, унинг амал қилиш муддатини аниқлаши керак;

в) саноат йўсинида ишлатилмаётган қаттиқ фойдали қазилмалар конлари бўйича (олтин ва уран конларидан ташқари):

объектда фойдали қазилмаларнинг ноқонуний кавлаб олиш амалга оширилганлиги ёки амалга оширилмаганлигини аниқлаши;

агар кон кавланган қилинган бўлса, кавлаб олинган кон массаси, шу жумладан фойдали қазилмалар ҳажмини баҳолаши ҳамда ахборотни Давлат геология қўмитасига тезкорлик билан жўнатиши;

Фойдали қазилмалар захираларининг давлат балансида "Саноат йўсинида ишлатилмаган конлар" ёки "Захира тарзида қидириб топилган конлар" разрядига киритилган конларда фойдали қазилмаларни ноқонуний кавлаб олган юридик ёки жисмоний шахсни имкони борича аниқлаши;

фойдали қазилмалар жойлашган майдонда ер участкасининг ўзлаштирилганлиги даражасини (уй-жойлар, турли иморатлар, қишлоқ хўжалиги ерлари ва шу кабилар мавжудлигини) баҳолаши керак.


12. Дала шароитида текшириш натижаларига кўра ҳар бир кон бўйича қисқача маълумотнома тузилади, у ишчи гуруҳнинг барча аъзолари томонидан имзоланади. Маълумотномага коннинг привязкаси ва кон майдонининг энг характерли хусусиятлари фотосурати бўйича маълумотлар қоғоз ва электрон манбаларда илова қилинади.



IV. ХАТЛОВ МАТЕРИАЛЛАРИНИ

ТАЙЁРЛАШ ВА КОМИССИЯГА ТАҚДИМ ЭТИШ


13. Қорақалпоғистон Республикасида ёки вилоятларда жойлашган конларни дала шароитида текшириш тугаллангач ишчи гуруҳ томонидан хулоса тузилади, унда текширилган ҳар бир объект бўйича ер ости бойликлари, табиатни муҳофаза қилиш, сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилишлари, шунингдек ушбу Низомнинг 11-бандида кўрсатилган барча масалалар акс эттирилади. Зарурият бўлганда, хулосага конларни дала шароитида текшириш натижаларини тавсифловчи жадвал маълумотлари илова қилинади.


14. Хулосада қуйидагилар ҳам акс эттирилган бўлиши керак:

саноат йўсинида нооқилона ишлатилаётган, улардан фойдаланиш ҳуқуқи, тегишли асослар кўрсатилган ҳолда, муддатидан олдин тўхтатилиши мумкин бўлган норуда фойдали қазилмалар конларининг рўйхати;

зарурият бўлганда, саноат йўсинида ишлатилмаётган конларда ноқонуний кавлаб олинган фойдали қазилмалар ҳажмларини инструментал ўлчашларни ўтказиш тўғрисидаги таклифлар;

захираларини Давлат геология қўмитаси балансига бериш тавсия этилаётган конлар рўйхати.


15. Хулоса ишчи гуруҳнинг барча аъзолари томонидан имзоланади. Ишчи гуруҳнинг хулосада баён қилинган хулосаларга норози бўлган аъзолари ўз фикрини ёзма тарзда гуруҳ раисига тақдим этадилар.


16. Хулоса Қорақалпоғистон Республикасида ёки тегишли вилоятларда ўтказилган қаттиқ фойдали қазилмалар конларини хатловдан ўтказиш натижалари бўйича йиғма хулоса тузиш учун Давлат геология қўмитасига тақдим этилади.


17. Давлат геология қўмитаси текширилган Қорақалпоғистон Республикасида ёки вилоятлар бўйича қаттиқ фойдали қазилмалар конларини хатловдан ўтказиш материалларининг умумлаштирилишига қараб уларни Комиссияга тақдим этади, унда қуйидагилар тўғрисидаги таклифлар мавжуд бўлади:

ер ости бойликларидан фойдаланувчилар томонидан фойдали қазилмаларни кавлаб олиш учун ер ости участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқига берилган лицензияларда белгиланган шартларга риоя қилинмаган тақдирда ер ости бойликлари участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини муддатидан олдин тўхтатиш ҳамда захираларни белгиланган тартибда Давлат геология қўмитаси балансига ўтказиш;

қаттиқ фойдали қазилмаларнинг саноат йўсинида ишлатилмаётган конлари захираларини белгиланган тартибда Давлат геология қўмитаси балансига ўтказиш;

аниқ конларда кавлаб олинган фойдали қазилмалар ҳажмларини, шу жумладан кавланган саноат йўсинида ишлатилмаётган объектларни инструментал ўлчашларнинг мақсадга мувофиқлиги;

кон жойлашган майдонда қурилмалар, қишлоқ хўжалиги ерлари мавжуд бўлган ёхуд бу майдонлардан бошқа мақсадларда фойдаланилаётган конлар бўйича кенг тарқалган фойдали қазилмалар захираларини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳисобдан чиқариш мақсадга мувофиқлигининг йириклаштирилган техник-иқтисодий ҳисоб-китобларини ишлаб чиқиш.


18. Тақдим этилган материаллар асосида Комиссия ўз ваколатлари доирасида тегишли қарор қабул қилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2008 йил, 26-27-сон, 252-модда.