язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Саноат/ Ўзбекистон Республикаси Қизилқум камёб металлар ва олтин давлат концерни ("Қизилқумкамёбметаллолтин")нинг Устави (ЎзР ВМ 22.01.1992 й. 26-сон қарори билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

1992 йил 22 январдаги

26-сон қарори билан

ТАСДИҚЛАНГАН



Ўзбекистон Республикаси Қизилқум камёб

металлар ва олтин давлат концерни

("Қизилқумкамёбметаллолтин")нинг

УСТАВИ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ўзбекистон Республикаси Қизилқум камёб металлар ва олтин давлат концерни ("Қизилқумкамёбметаллолтин"), бундан кейин - концерн, ишлаб чиқариш-хўжалик комплекси бўлиб, мустақил саноат корхоналарини, қурилиш, монтаж, таъминот ва сотиш ташкилотларини, лойиҳалаш, илмий-тадқиқот институтларини ва бошқа юридик шахсларни ихтиёрий асосда бирлаштиради.


2. Концерн ишлаб чиқариш ва ижтимоий соҳаларни, илмий-техникавий, инвестицион, ташқи иқтисодий ва бошқа фаолиятларни ривожлантириш, моддий, молиявий ва меҳнат ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мақсадида ўз таркибига кирувчи корхоналар ва ташкилотларнинг умумий вазифаларини ҳал этиш ҳамда фаолиятини мувофиқлаштириб бориш учун ташкил этилган.


3. Концерн таркибига тематик, ишлаб чиқариш, молиявий, иқтисодий, ҳудудий, тижорат манфаатлари умумий бўлган негизда, идоравий бўйсунишидан қатъи назар, мулкчиликнинг исталган шаклидаги (давлат, ижара, кооператив, қўшма акционерлик ва бошқалар) бирлашмалар, корхоналар ва ташкилотлар кириши мумкин.


4. Концерн ва унинг таркибига кирувчи корхоналар ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Республика ҳудудида юридик кучга эга бўлган норматив актларга, мазкур Уставга ва Таъсис шартномасига мувофиқ амалга оширади.


5. Иштирокчи корхоналар (Концерн аъзолари) мустақиллигини, юридик шахс ҳуқуқларини, мулкчилик шакли ва муносабатларини, бўйсунувчанлигини, шунингдек, давлат буюртмасини ва шартномалар бўйича мажбуриятларни бажариш ҳам кирадиган бурчни сақлаб қолишади.


6. Концерн таркибидаги корхоналар бошқа концернлар, корпорациялар, тармоқлараро давлат бирлашмалари таркибига киришлари, концернга ва республикага моддий зарар келтирмаган ҳолда ўзаро ва концернга кирмайдиган корхоналар билан биргаликда хўжаликлараро бирлашмалар, истеъмолчилар ва ишлаб чиқарувчилар уюшмалари ва ассоциациялари тузишлари мумкин.


7. Концерн ичида иштирокчи корхоналар ўртасида, шунингдек, унинг Бошқаруви билан ишлаб чиқариш муносабатлари мазкур Устав ва шартномалар билан белгиланади.


8. Концерн юридик шахс ҳисобланади, у банк муассасаларида ҳисоб-китоб ва бошқа счетларга эга бўлади, ижара ва қонунда кўзда тутилган бошқа асосларда иштирокчи корхоналарнинг жамоа мулкчилиги ҳуқуқлари билан алоҳида мулкка эгалик қилади, ўз номидан мулкий ҳуқуқларга эга бўлиши ва жавобгар бўлиши, ҳакамликда ёки судда даъвогар ва жавобгар бўлиши, низоларни ҳал этишда бошқа органларда вакиллик қилиши мумкин. Концерн ўзига тегишли мол-мулк бўйича қонунчиликка кўра чора кўрилганда ўз мажбуриятлари бўйича жавоб беради.

Концерн концерн аъзолари мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди, ўз навбатида концерн аъзолари ҳам унинг мажбуриятлари бўйича жавоб бермайдилар.


9. Концерндаги ва унинг таъсисчилари ўртасидаги иқтисодий муносабатлар шартномавий асосда қурилади.


10. Концерн ўз фаолиятида республиканинг барча органлари билан бевосита алоқада бўлади. Концерн фаолияти Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамаси томонидан мувофиқлаштириб борилади.


11. Концерн Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган, ўз номи ўзбек ва рус тилларида ёзилган муҳрга, штампларга, товар белгисига ва бошқа реквизитларга эга бўлади.


12. Концерн Бошқаруви Навоий шаҳрида жойлашган.



II. КОНЦЕРННИНГ АСОCИЙ ВАЗИФАЛАРИ ВА ФАОЛИЯТИ


13. Иштирокчи корхоналар ишлаб чиқариш, илмий-техникавий, иқтисодий ва ижтимоий ривожланишда ишлаб чиқариш қувватларидан, маблағлардан фойдаланиш самарадорлигини оширишда ўз имкониятларини кенгайтириш учун концернга бирлашадилар.


14. Концерннинг асосий вазифаси ишлаб чиқариш-техника йўналишидаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва сотиш бўйича давлат буюртмаларини, қурилиш бўйича, халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш бўйича қабул қилинган дастурларни, шунингдек, бошқа ишлар ва хизматларни, ҳам ташқи, ҳам ички бозорларда уларнинг рақобатдорлигини таъминлайдиган юқори истеъмол хоссаларини ва кам харажатлар билан тўлиқ ҳамда ўз вақтида бажарилишини таъминлаш ишларини мувофиқлаштириб бориш ва бунга кўмаклашишдан иборатдир.


15. Концерн ўзига юклатилган функцияларга мувофиқ:

ўз таркибига кирувчи бирлашмалар, корхоналар ва ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириб боради, давлат буюртмасини ва тўғридан-тўғри тузилган шартномаларни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқариш дастурларини мустақил равишда ишлаб чиқади ва амалга оширади;

Қизилқумдаги хом ашё базасини кенгайтириш ҳамда қимматбаҳо ва камёб металлар, бинокорлик материаллари конларидан комплекс фойдаланиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

тармоқ корхоналари, қурилишнинг истиқболини ривожлантириш, илмий-техника тараққиёти ютуқларини жорий қилиш, ишлаб чиқаришни бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича биргаликдаги чора-тадбирларни амалга оширади;

биргаликдаги дастурларни бажариш учун концернга кирувчи корхоналарни моддий-техникавий таъминлаш масалаларини кўриб чиқади ва ҳал этади;

қимматбаҳо ва камёб металларни қазиб чиқариш, қайта ишлаш ва халқ истеъмоли молларини ишлаб чиқариш бўйича ишлаб турган корхоналарни техникавий қайта жиҳозлаш, янги корхоналарни қуриш учун зарур бўлган моддий-техника ва молиявий ресурсларни жамлайди;

табиатни муҳофаза қилиш чора-тадбирларини, экологик жиҳатдан тоза бўлган технологик ишлаб чиқаришларни жорий этади, баланс чегарасидан чиқувчи рудаларни ва ишлаб чиқариш чиқиндиларини қайта ишлашга жалб қилишни таъминлайди;

ўзаро фойдали ташқи иқтисодий алоқаларни ривожлантиради, чет эллик шериклар билан қўшма корхоналар ташкил этиш бўйича қарорлар қабул қилади;

тармоқ корхоналарида қўшимча ишчи ўринлари ташкил этишга, меҳнаткашларнинг ишлаш ва яшаш шароитларини яхшилашга ёрдам беради, Қизилқум минтақаси аҳолиси учун уй-жойларни, маданий-маиший объектларни, автомобиль йўллари тармоғини, электр узатиш линияларини, сув ва газ қувурларини ва бошқа коммуникацияларни ремонт қилиш ва қуришда фаол қатнашади;

ишларни бехатар олиб бориш, ишлаб чиқаришнинг техника хавфсизлиги қоида ва нормаларига ва ер ости бойликлари тўғрисидаги қонунчиликка риоя қилишни таъминлайди.

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг ижроия қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Бинокорлик материаллари саноати вазирлиги ба бошқа манфаатдор вазирликлар, идоралар, ташкилотлар билан биргаликда республикада жойлашган ўзига қарашли корхоналар ва бошқа корхоналар ҳамда ташкилотларнинг бинокорлик материалларига бўлган эҳтиёжларини биринчи навбатда қондиришни ҳисобга олиб уларни маҳаллий хом ашёдан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқариш масалаларини кўриб чиқади ва ҳал қилади.


16. Концернга қуйидаги ҳуқуқлар берилади:

ишлаб чиқариш, илмий-ишлаб чиқариш, қурилиш-монтаж ва бошқа бирлашмалар, корхоналар ва ташкилотлар ташкил этиш;

республиканинг барча давлат органларида, шунингдек, унинг ташқарисида ўзига ишониб топширилган масалалар бўйича республика манфаатларини ифодалаш;

концерн аъзолари бўлган қурилиш, транспорт, технологик, тижорат, лойиҳа-конструкторлик, ташқи савдо корхоналарига, юридик, ахборот хизматлари кўрсатувчиларга ёрдам бериш мақсадида бутловчи буюмлар, материаллар, заготовкалар, жиҳозлар, асбоб-ускуналар ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун хўжалик ҳисобидаги корхоналар барпо этиш;

патент ахборотларидан фойдаланиш бўйича консультациялар бериш, шунингдек, ноу-хау, патентлар ва кашфиётларни ишлаб чиқаришга жорий этиш;

кадрлар малакасини оширишни ташкил этиш;

концерн қатнашчилари маҳсулотларининг истеъмолчиларига маркетинг, савдо воситачилиги ва бошқа фирма хизмати кўрсатишни амалга ошириш;

концерн томонидан ташкил этилган корхоналарга юридик шахс ҳуқуқлари бериш, улар фаолиятининг шарт-шароитларини келишиб олиш. Мазкур корхоналар белгиланган тартибда тасдиқланган Устав асосида ишлайди;

биринчи навбатда концерн аъзоларига кредит хизмати кўрсатадиган ва биргаликдаги дастурларни маблағ билан таъминлайдиган банклар ташкил этиш;

Вазирлар Маҳкамаси билан келишган ҳолда:

саноатни ривожлантириш муаммоларини самарали ҳал этиш мақсадида хорижий мамлакатлар билан илмий-техникавий ҳамкорликни амалга ошириш, ҳам республика ҳудудида, ҳам унинг ташқарисида ва чет элларда саноат объектларини барпо этишга чет эл ташкилотлари ва фирмаларини жалб қилиш;

республика ҳудудида ва чет элларда хорижий шериклар билан биргаликда қўшма корхоналар ва фирмалар, техника ва техникавий-тижорат марказ (бюро)лари, ваколатхоналар, тузатиш ва сервис ташкилотлари, база ва омборхоналар ташкил этиш, хизмат кўрсатиш учун чет эл фирмаларини жалб қилиш.


17. Концерн қуйидаги фондларни ташкил этиши мумкин:

ривожлантириш;

резерв;

ижрочи органлар меҳнатига ҳақ тўлаш:

ижтимоий-маданий тадбирлар ва уй-жой қурилиши;

валюта ва бошқалар.

Фондларни ташкил этиш ва сарфлаш тартиби Бошқарувнинг тақдими бўйича концерн Кенгаши томонидан белгиланади.



III. КОНЦЕРННИНГ МОЛ-МУЛКИ


18. Концерн ўз мулкига, шунингдек, ўзига берилган ваколатлар доирасида концернга кирувчи юридик шахсларнинг мулкига эгалик қилади, улардан фойдаланади, уларни бошқаради. Иштирокчи корхоналар бу мулкларга нисбатан алоҳида ҳуқуқларга эга бўлмайдилар.


19. Ишлаб чиқариш-хўжалик функцияларини марказлашган тартибда бажариш мақсадида концерн томонидан ўз маблағлари ҳисобига барпо этилган корхоналарнинг мол-мулклари концерннинг мулки ҳисобланади.


20. Концерннинг мулки қуйидаги манбалар ҳисобига барпо этилади:

концерн аъзоларининг кириш бадалларидан ташкил топадиган устав фонди;

аниқ маълумотларни ва илмий-техникавий, ишлаб чиқариш ва ижтимоий ривожланиш дастурларини маблағ билан таъминлаш учун иштирокчи корхоналар томонидан ихтиёрий равишда ўтказиладиган мақсадли бадаллар;

Бошқарув ва корхоналар ўртасидаги шартномалар асосидаги ажратмалар;

банк кредитлари;

ўзининг ишлаб чиқариш-хўжалик ва молиявий фаолияти даромадлари;

қимматбаҳо қоғозлар (акция ва облигациялар)ни сотишдан тушган даромадлар;

қимматдор қоғозлар (акция ва облигациялар)ни, шу жумладан, чет эл компанияларининг сотиб олинган қимматдор қоғозлари бўйича дивидендлар;

қонун томонидан тақиқланмаган бошқа манбалар.


21. Концерн аъзоларининг устав фондидаги улуши йил якуни бўйича концерн олган фойда (дивидендларнинг бир қисмини тақсимлашда тегишли равишда улушни белгилайди.


22. Аниқ дастурларни маблағ билан таъминлаш учун мақсадли бадаллар миқдорларини, улардан фойдаланиш ва фойдани тақсимлаш тартибини концерн Кенгаши белгилайди.


23. Кенгаш қарорига мувофиқ маблағлар қуйидагиларга ишлатилади:

концерннинг иштирокчи корхоналарини ишлаб чиқариш ва маблағ билан таъминлашга;

янги ихтисослаштирилган ишлаб чиқаришларни ташкил этишга, корхоналарни техника билан қайта жиҳозлашга ва қайта қуришга;

концерн Кенгаши томонидан тасдиқланган мақсадли дастурларни маблағ билан таъминлашга (ушбу харажатлар кейинчалик дастурлар қатнашчиларининг фойдалари ҳисобига қопланади);

иштирокчи корхоналар учун резерв (эҳтиёт) фондини ташкил этишга;

ташқи иқтисодий фаолиятни маблағ билан таъминлаш учун валюта фондини яратишга;

концерннинг фаолияти учун зарур бўлган ишлаб чиқариш ва тижорат инфраструктурасини яратишга;

маркетинг ва реклама фаолиятига;

Бошқарув аппаратини сақлашга ва бошқа мақсадларга.


24. Концерн ўзининг мустақил балансига эга бўлади, давлат корхоналари учун белгиланган қоидалар бўйича бухгалтерлик ҳисоб-китобини ташкил этади.


25. Концерннинг мулклардан фойдаланиш ва молия-хўжалик фаолияти устидан назорат конференция сайлайдиган тафтиш комиссияси томонидан амалга оширилади. Бошқарувнинг ва Концерн тасарруфидаги корхоналарнинг молия-хўжалик фаолияти йилига камида бир марта тафтиш қилинади.



IV. КОНЦЕРННИ БОШҚАРИШ


26. Концернни бошқариш демократик асосда иқтисодий усулларни қўллаб, унинг таркибига кирувчи барча корхоналарнинг мустақиллик ҳуқуқларига қатъий риоя қилган ҳолда, амалга оширилади.


27. Қуйидагилар бошқарув органлари ҳисобланади:

таъсисчилар конференцияси;

концерн Кенгаши;

концерн Бошқаруви (ижрочи дирекция).


28. Таъсисчилар конференциясига вакиллик нормаси концерн Кенгаши томонидан белгиланади.


29. Таъсисчилар конференцияси заруратга қараб (бунинг учун Кенгаш аъзоларининг эллик фоизидан кўпроғи истак билдирган тақдирда), шунингдек, тафтиш комиссиясининг қарори бўйича қуйидаги масалаларни кўриб чиқиш учун йилига камида бир марта чақирилади;

концерн Уставини қабул қилиш, унга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш;

концерн Кенгашини сайлаш;

концерн Кенгаши ва тафтиш комиссиясининг ҳисоботларини тинглаш;

Кенгаш Раисини, унинг ўринбосарларини, шу жумладан, ижрочи директорни сайлаш.


30. Концернга аъзо бўлган корхоналар вакиллари конференциясининг қарори унинг учун вакиллар умумий сонининг эллик фоизидан кўпроғи овоз берган тақдирда қабул қилинган ҳисобланади.


31. Концерннинг иштирокчи корхоналари ва ташкилотларининг раҳбарлари, Кенгаш Раиси ва унинг ўринбосарлари Кенгаш аъзолари ҳисобланадилар. Кенгаш аъзолари беш йил муддатга сайланадилар.


32. Концерн Кенгашининг Раиси айни вақтда Бошқарув Раиси ҳисобланади ва конференция томонидан таъсисчи корхоналар раҳбарлари орасидан сайланади.


33. Концерн Кенгаши (Бошқаруви) Раиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.


34. Раис ўринбосарлари Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган холда сайланадилар.



V. КОНЦЕРН ОРГАНЛАРИНИНГ ФУНКЦИЯЛАРИ,

ҲУҚУҚЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


35. Концерн Кенгаши йилнинг хар чорагида камида бир марта ўтказилади. Кенгашнинг навбатдан ташқари мажлислари концерн иштирокчиларининг камида учдан бир қисмининг талаби билан, шунингдек, концерн фаолиятида пайдо бўладиган масалаларни тезда ҳал этиш учун тафтиш комиссиясининг қарорига кўра чақирилади.


36. Концерн иштирокчилари Кенгашни чақириш муддати ва унинг кун тартиби тўғрисида Кенгаш ўтказиладиган кундан икки ҳафта олдин хабардор қилинади.


37. Концерн Кенгашининг ҳуқуқ доирасига қуйидагилар киради:

концерн Уставига ва таъсис шартномасига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш масаласини конференция кўриб чиқишига киритиш;

биргаликдаги фаолиятнинг истиқболли ва йиллик дастурларини, уларнинг бажарилиши тўғрисида Бошқарувнинг ҳисоботларини кўриб чиқиш ва тасдиқлаш;

концерн фондларини ҳосил қилиш тартибини ва улардан фойдаланиш йўналишларини белгилаш;

концерннинг солиқларни тўлашдан кейин қолган фойдасини фондларни тўлдиришга тақсимлаш ва дивидендларни тўлашга йўналтириладиган улушни аниқлаш;

концерн фаолиятини тўхтатиш тўғрисидаги таклифларни конференция кўриб чиқишига киритиш;

концерн фаолияти йўналишларини белгилаш, унинг дастурларини кўриб чиқиш ва тасдиқлаш;

ишлаб чиқариш, илмий-техникавий, ижтимоий, табиатни муҳофаза қилиш ва бошқа дастурларни маблағ билан таъминлаш учун мақсадли бадаллар тўғрисида қарорлар қабул қилиш;

концерннинг янги аъзоларини қабул қилиш тўғрисида қарорлар тайёрлаш, устав фондига ва конференция тасдиғи билан ундаги иштирокчиларнинг улушига ўзгартиш киритиш;

зарурат туғилганда концерннинг мақсадли дастурларини ўзлаштириш давомида корхоналар томонидан йўл қўйилган зарарларни қоплаш тўғрисида қарорлар қабул қилиш;

Бошқарув аппаратини сақлашга, шу жумладан, Кенгаш Раиси ва унинг ўринбосарлари лавозим маошларига қилинадиган харажатлар сметасини тасдиқлаш;

инвестициялар, концерн корхоналарини, структуравий бирликларини ташкил этиш ва тугатиш тўғрисида қарорлар қабул қилиш;

концерннинг ишлаб чиқариш-хўжалик фаолиятини тафтиш қилиш якунлари бўйича чора-тадбирлар кўриш;

Бошқарув иши тўғрисидаги ҳисоботларни тинглаш ва тасдиқлаш;

концерн аъзолари ва Бошқарув ўртасидаги келишмовчиликларни кўриб чиқиш.


38. Бошқарув (ижрочи дирекция) концерн Кенгашининг ижро этувчи бошқарувчи органи ҳисобланади.

Бошқарув ишига ва унинг ишчи аппаратига концерн Кенгашининг Раиси раҳбарлик қилади.

Концерн Кенгашининг Раиси, у Бошқарув Раиси ҳамдир, ўз ўринбосарларидан бирига (ижрочи директорга) таъсис конференцияси ва Кенгаш қабул қилган қарорларни бажариш учун зарур бўлган доирада ўз ҳуқуқини беради.


39. Концерн Бошқаруви:

илмий-ишлаб чиқариш, ташқи иқтисодий, инвестиция ва бошқа фаолиятларнинг мақсадли дастурларини иштирокчи корхоналар билан биргаликда ишлаб чиқади ва уларнинг бажарилишини ташкил этади;

концерн фаолиятининг янги соҳалари бўйича таклифлар ишлаб чиқишни амалга оширади, маркетинг бўйича ишларни ташкил этади;

давлат бошқарув органлари, ассоциациялар ва бирлашмалар билан ўзаро муносабатларда концерн аъзоларининг манфаатларини ифодалайди;

манфаатдор корхоналар билан биргаликда янги ишлаб чиқариш қувватларини ривожлантириш, корхоналарни техникавий қайта жиҳозлаш ва реконструкциялаш бўйича таклифлар тайёрлайди;

республиканинг бошқа саноат корхоналарида ва тармоқларида дастурлар ва илмий-техникавий ишланмалар доирасида янги бутловчи буюмларни ва материалларни жойлаштиришга доир масалаларни ҳал қилади;

Кенгаш қарорларини ижро этиш борасида республика ҳудудида концерн фаолияти учун зарур бўлган, шу жумладан, чет эллик шериклар билан корхона ва фирмалар ташкил этади, концерн томонидан барпо қилинган корхона ва ташкилотларни қайта ташкил этиш ёки тугатиш тўғрисида таклифлар тайёрлайди;

концерннинг ташқи иқтисодий фаолиятини уюштиради ўз дастурларини амалга ошириш учун чет эл фирмаларини жалб этади, мазкур масалаларни ҳал қилиш учун мутахассисларни чет элларга хизмат сафарларига юборади;

концерн ва унинг иштирокчиларининг манфаатларини ҳуқуқий ҳимоя қилишни амалга оширади;

концернга аъзо бўлган корхоналарни иқтисодий ва ижтимоий ривожлантиришнинг мақсадли ва истиқболли дастурлари асосида концернни ривожлантириш истиқболларини белгилайди ва концерн Кенгашининг тасдиғига киритади;

концерн Кенгашининг қарорига мувофиқ концерн томонидан ташкил этилган корхоналарга юридик шахс ҳуқуқларини беради, улар фаолиятининг шарт-шароитларини белгилайди;

иштирокчи корхоналарнинг кооперация ва ресурслардан оқилона фойдаланиш йўналишидаги дастурларини ишлаб чиқиш ишларини мувофиқлаштириб боради;

маблағлардан ва мол-мулклардан оқилона фойдаланиш, концерн дастурларини маблағ билан таъминлаш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқади ва амалга оширади;

концерн олган фойдани, шу жумладан, мақсадли дастурларнинг амалга оширилишидан олинган фойдани ҳам, тақсимлаш, концерннинг марказлаштирилган фондларини ва резервларини ҳосил қилиш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида таклифлар ишлаб чиқади ва уларни концерн Кенгашининг тасдиғига киритади;

концерн Кенгашида кўриб чиқилиши лозим бўлган масалаларни тайёрлашни амалга оширади.


40. Концерн Бошқаруви тузилган структуравий бўлинмалар ишига раҳбарлик қилади, ўзига юклатилган функцияларнинг бажарилиши ва қабул қилинган дастурларнинг амалга оширилиши учун жавобгардир.


41. Бошқарув зиммасига юклатилган функцияларни амалга ошириш учун Кенгаш Раиси ишчи аппарати тузади.

Кенгаш (Бошқарув) Раиси, унинг ўринбосарлари белгиланган тартибда концерннинг таркибига кирувчи корхоналарнинг мутахассисларини ишларни бажаришга, хизмат кўрсатишга жалб қилиш, ходимларни рағбатлантириш ҳуқуқига эгадирлар.


42. Бошқарув билан концерн таркибига кирувчи корхоналар ўртасидаги иқтисодий муносабатлар хўжалик ҳисоби асосида амалга оширилади.


43. Бошқарув қарорлари баённомалар билан расмийлаштирилади ва Раис томонидан имзоланади Улар Концерн томонидан ташкил этилган корхоналар ва ташкилотлар, шунингдек, унинг аппарати учун бажарилиши мажбурийдир, концернга аъзо бўлган корхоналар эса уларни мазкур Устав ва таъсис шартномасида белгиланган ҳуқуқлар ҳажмида бажаришади.


44. Концерн Бошқаруви ўзига юклатилган функцияларнинг ижроси учун концерн Кенгаши олдида жавоб беради


45. Кенгаш (Бошқарув) Раиси, унинг ўринбосарлари Бошқарув ишини ташкил этадилар, ишончномасиз концерн номидан ҳаракат қиладилар, корхоналар, ташкилотлар, бирлашмалар, ассоциациялар, давлат бошқарув органлари, халқаро ташкилотлар ва хорижий фирмалар билан муносабатларда унинг манфаатини ифодалайдилар, концернга юклатилган вазифаларнинг бажарилиши учун таъсисчилар олдида шахсан жавоб берадилар.


46. Концернга юклатилган вазифаларни амалга ошириш учун концерн Бошқаруви Раиси ўзига берилган ҳуқуқлар доирасида буйруқлар, фармойишлар чиқаради, ишончномалар беради, битимлар, шартномалар, контрактлар тузади, шу жумладан, концерн Кенгаши ва бошқаруви номидан банкларда счётлар очади, тўлов топшириқларини, концернинг ҳисоботларини Ўзбекистон Республикаси ва унинг ташқарисидаги ташкилотлар ва фуқароларга нисбатан концерн номидан даъвогар билдириш тўғрисида қарорлар қабул қилади. Белгиланган тартибда концерннинг балансидан қарзларни, етишмаган ва йўқолган товар-моддий бойликларни, бундан буён ишлатишга яроқсиз, маънавий жиҳатдан эскирган, ишдан чиққан асбоб-ускуналарни, шунингдек, тўхтатиб қўйилган ишлар бўйича харажатларни ҳисобдан чиқаради.


47. Тафтиш комиссияси Уставга мувофиқ концерннинг молия-хўжалик фаолиятини назорат қилишни амалга оширади.

Тафтиш комиссияси аъзолари концерн Кенгаши ва Бошқаруви таркибига кира олмайдилар.

Текширувлар тафтиш комиссиясининг ташаббуси ёки Кенгаш (Бошқарув)нинг қарори билан ўтказилади.


48. Тафтиш комиссиясининг аъзолари концерннинг мансабдор шахсларидан зарур бўлган барча ҳужжатларни беришларини талаб қилишга ҳақлидирлар. Концерн иштирокчилари тафтиш комиссиясининг фаолиятига кўмаклашадилар.

Концерн манфаатларига нисбатан жиддий тақдид пайдо бўлган тақдирда тафтиш комиссияси аъзолари концерн Кенгаши чақирилишини талаб қилишлари шарт.


49. Тегишли чоралар кўрилиши учун тафтиш комиссияси текширув натижаларини концерн Кенгашига ва Бошқарувига юборади.



VI. КОНЦЕРН АЪЗОЛАРИ, УЛАРНИНГ

ҲУҚУҚЛАРИ ВА ВАЗИФАЛАРИ


50. Уставни ва таъсис шартномасини тан олувчи ва бажарувчи корхоналар ва ташкилотлар концерн аъзолари бўлишлари мумкин.


51. Иштирокчи корхоналар қуйидаги ҳуқуқларга эгадирлар:

концерн ҳамда унинг томонидан ташкил этилган корхоналар хизматидан шартномалар асосида фойдаланиш;

илмий-техникавий ишланмалардан, концерн маҳсулотларидан ўзининг ривожланиши манфаатлари йўлида устун даражада фойдаланиш;

устав фондидаги улушларига мувофиқ, дивидендларни тўлаш учун йўналтириладиган концерн фаолиятидан тушадиган фойдадан улуш олиш;

концерн томонидан амалга ошириладиган биргаликдаги фаолият дастурларида ва шартномавий асосда алоҳида корхоналарнинг дастурларида қатнашиш;

концерннинг раҳбар органларини сайлаш;

концерн Кенгаши ва Бошқаруви мажлисларида иштирокчи корхоналарнинг манфаатларига дахлдор бўлган, биргаликдаги фаолият дастурлари доирасида ва бошқа масалалар бўйича қарорлар қабул қилишда иштирок этиш;

концерннинг раҳбар органларига ўзининг фаолиятини кўриб чиқиш масаласи бўйича таклифлар киритиш, зарурат туғилганда молия-хўжалик фаолиятини тафтиш қилишни талаб этиш;

концерн эмблемасидан ўз белгисида, фирманинг бланкларида ва муҳрларида фойдаланиш;

концерн Бошқарувидан Устав доирасида давлат, бошқа органлар ва идоралар олдида ўз манфаатларини ҳимоя этишни талаб қилиш;

концерннинг тадбирларида ихтиёрий равишда қатнашиш;

тузилган битимлар бўйича концерн таркибига кирувчи ёки унинг манфаатлари учун ишлаётган корхоналар олдидаги ўз мажбуриятларини сақлаган ҳолда, концерн Кенгашини олти ойдан кеч бўлмаган муддатда огоҳлантириб концерндан эркин ҳолда чиқиш Корхонанинг концерндан чиқиши концерн Кенгашининг баённомаси билан расмийлаштирилади ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамаси билан келишиб олинади;

Ўзбекистон Республикаси қонунларида, корхоналарнинг уставлари (низомлари)да белгиланган бошқа ҳуқуқларни мустақил равишда амалга ошириш.


52. Концерн тугатилган ҳолларда иштирокчи корхона концерн мулки қийматидан, ўзининг Устав фондидаги улушига мутаносиб равишда, бир қисмини олади.


53. Мулкчилик ва тобелик шакллари, шунингдек, муносабатлар ўзгарган ҳолларда иштирокчи корхона концерндаги ўз ҳуқуқларини сақлаб қолади.


54. Концерннинг иштирокчи корхонаси қуйидагиларни бажаришга мажбурдир:

концерн Уставига ва таъсис шартномасига риоя қилиш;

концерн Кенгаши (Бошқаруви) қарорлари ва шартномалар билан белгиланган концерннинг бошқа иштирокчилари билан биргаликдаги фаолият шартларини бажариш;

концерн ва унинг тузилма бўлинмалари томонидан кўрсатиладиган хизматлар учун концерн Кенгаши белгилаган тартиб ва миқдорларда шартномада кўзда тутилган бадалларни тўлаш;

биргаликдаги фаолият дастурларини ишлаб чиқишда қатнашиш;

концерн фаолияти ҳақида конфиденциал ахборотларни тарқатмаслик, тижорат сирларига риоя қилиш;

маҳсулот ишлаб чиқариш ва сотиш, объектлар хавфсизлиги режими бўйича белгиланган талабларга риоя қилиш;


55. Иштирокчи корхона қуйидагилар учун жавобгардир:

мазкур Уставда ва таъсис шартномасида кўзда тутилган бурчларни бажармаганлик учун;

Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва ушбу шартномалар билан белгиланадиган концерн ёки унинг исталган иштирокчиси билан тузилган шартномаларнинг бажарилмаганлиги учун;

концерннинг мулкига зарар етказилганлиги (уни ишлатиш чоғида) учун белгиланган тартибда;

концерн маблағларини қайтариш муддатларини бажармаганлик учун;

Уставга биноан концерн Кенгаши ёки Бошқаруви қабул қилган қарорларни бажармаганлиги оқибатида концерннинг бошқа иштирокчиларига етказилган зарар учун. Зарар ўрнини қоплаш тартиби биргаликдаги фаолият дастурларини ишлаб чиқиш жараёнида концерн Кенгаши томонидан белгиланади.



VII. КОНЦЕРННИ ТУГАТИШ ТАРТИБИ


56. Концернни тугатиш:

концерн аъзоларининг манфаатдорлиги йўқолганда ёки уларнинг сони биттагача камайганда концерн иштирокчиларининг биргаликдаги қарори бўйича;

бошқа корхоналарнинг, фуқароларнинг ва давлатнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан муҳофаза қилинадиган манфаатлари концерн томонидан бузилган тақдирда давлат бошқарув органларининг қарори бўйича;

таъсис ҳужжатлари ҳақиқий эмас деб топилганда суднинг қарори бўйича амалга оширилади.

Концернни тугатиш корхоналарни тугатиш учун қонун билан белгиланган тартибда амалга оширилади.


57. Концерн тугатилганда унинг иштирокчилари Устав фондидаги улушларига мувофиқ равишда мулкдаги ўз улушларини оладилар.



Ушбу Устав корхоналар ва ташкилотлар вакилларининг таъсис конференциясида 1991 йил 1 октябрда, Навоий шаҳрида қабул қилинди.