язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш. Хавфсизлик. Маъмурий ва жиноий жавобгарлик/ Ҳуқуқ-тартибот ва хавфсизликни таъминловчи органлар/ Ички ишлар органларининг вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказлари тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 26.11.2010 й. 269-сон қарорига илова)

Вазирлар Маҳкамасининг

2010 йил 26 ноябрдаги

269-сон қарорига

ИЛОВА


Ички ишлар органларининг вояга етмаганларга

ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш

марказлари тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом "Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ ички ишлар органларининг вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказлари (кейинги ўринларда ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази деб аталади) фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.


2. Ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Низомга, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга амал қилади.


3. Ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази ички ишлар органларининг вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикасини ҳамда вояга етмаганларни қабул қилиш, вақтинча сақлаш, уларнинг ижтимоий мослашуви ва реабилитациясини амалга оширувчи махсус бўлинма ҳисобланади.


4. Қуйидагилар ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказининг асосий вазифалари ҳисобланади:

ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий, тиббий-педагогик ёрдам кўрсатиш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш;

болаларнинг ёшига хос бўлган психофизиологик мойилликлари, қобилиятлари, қизиқишлари, болалар ҳаёти ва соғлиғини сақлаш талабларига мувофиқ тарзда вояга етмаганларнинг ижтимоий мослашуви ва реабилитацияси бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш;

вояга етмаганларда қонунга итоаткорлик хулқ-атворини шакллантиришга, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва ҳар томонлама ривожлантиришга ёрдам беришга йўналтирилган тадбирларни амалга ошириш;

вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича якка тартибдаги профилактика ишларини ташкил этиш.


5. Ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази юкланган вазифаларга мувофиқ ўз ваколатлари доирасида:

уч ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган вояга етмаганларнинг шахсини аниқлаш, ҳаёти, соғлиғини муҳофаза қилиш ёки улар томонидан такроран ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олиш мақсадида уларни кеча-кундуз қабул қилишни ҳамда вақтинча сақлашни таъминлайди;

олиб келинган вояга етмаганлар билан якка тартибдаги профилактика ишини олиб боради, вояга етмаганларнинг назоратсизлиги, қаровсизлигига, ҳуқуқбузарликлар ёки бошқа ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлар содир этишига имкон берадиган сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлайди ҳамда бу ҳақда тегишли давлат органларини ва бошқа ташкилотларни хабардор қилади;

вояга етмаганларни ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларига олиб боради, шунингдек ушбу муассасаларда сақланаётган вояга етмаганларни жойлаштириш бўйича бошқа чора-тадбирларни амалга оширади.


6. Ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида вояга етмаганларни сақлаш бўйича қуйидагиларни назарда тутувчи махсус шарт-шароитлар таъминланади:

ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази ҳудудини қўриқлаш;

вояга етмаганларнинг шахсий хавфсизлиги ва уларни салбий таъсирлардан юқори даражада ҳимоя қилиш;

ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази ҳудудига бегона шахсларнинг эркин киришини чеклаш;

ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида сақланаётган вояга етмаганларнинг муассаса ҳудудидан эркин чиқишини чеклаш;

вояга етмаганларни кеча-кундуз, шу жумладан, уйқу учун ажратилган вақт давомида назорат қилиш;

вояга етмаганларни шахсий текширувдан ўтказиш, уларнинг буюмларини, шунингдек улар олаётган ва юбораётган посилка ва бошқа почта жўнатмаларини текширувдан ўтказиш.



II. ИЖТИМОИЙ-ҲУҚУҚИЙ ЁРДАМ КЎРСАТИШ

МАРКАЗИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТАРТИБИ


7. Ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ташкил этилади.

Ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказлари санитария-гигиена меъёрлари ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига жавоб берадиган, болаларни хавфсиз сақлаш учун яроқли бинолар мавжуд бўлганда, қоидага кўра, вилоят марказларида (зарурат бўлганда йирик маъмурий марказларда ҳам) ташкил этилади.


8. Ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади, мустақил балансга, банк муассасаларида ҳисоб рақамига, Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга, штампга, бланкаларга, шунингдек белгиланган намунадаги пешлавҳасига эга бўлади.


9. Ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази бевосита Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармасига, вилоятлар ички ишлар бошқармаларига бўйсунади.



III. ИЖТИМОИЙ-ҲУҚУҚИЙ ЁРДАМ КЎРСАТИШ

МАРКАЗЛАРИГА КЕЛТИРИЛГАН ВОЯГА

ЕТМАГАНЛАРНИ ҚАБУЛ ҚИЛИШ

ВА РЎЙХАТГА ОЛИШ


10. Вояга етмаганлар ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказларида кеча-кундуз қабул қилинади.


11. Ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказларига қуйидаги вояга етмаганлар жойлаштирилиши мумкин:

назоратсиз ёки қаровсиз қолганлар;

ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларини, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун таълим муассасаларини ёхуд бошқа болалар муассасаларини ўзбошимчалик билан тарк этганлар;

ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ўн олти ёшгача бўлганлар;

ижтимоий хавфли қилмишлар содир этган, лекин жиноий жавобгарликка тортиш мумкин бўлган ёшга тўлмаган ёхуд руҳий касаллик билан боғлиқ бўлмаган ҳолда ривожланишда ўз ёшига нисбатан анча орқада қолиши оқибатида содир этган қилмишининг аҳамиятини тўла равишда англаб етишга қодир бўлмаганлар, агар вояга етмаганларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилишни таъминлаш ёки улар томонидан такроран ижтимоий хавфли қилмишлар содир этилишининг олдини олиш зарур бўлса, шунингдек уларнинг шахси аниқланмаган ёхуд уларнинг аниқ яшаш жойи бўлмаса ёки ўзлари ижтимоий хавфли қилмишлар содир этган Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшамаётган бўлса;

маъмурий жавобгарликни келтириб чиқарадиган ҳуқуқбузарликларни содир этганлар, агар уларнинг шахси аниқланмаган бўлса ёхуд уларнинг аниқ яшаш жойи бўлмаса ёки ўзлари ҳуқуқбузарликлар содир этган Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшамаётган бўлса;

ўзининг ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасасига жойлаштирилиши тўғрисидаги масаланинг суд томонидан кўриб чиқилишини вақтинча кутиб турганлар;

суднинг ажримига кўра ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасасига юборилаётганлар.


12. Вояга етмаганни ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштириш учун суднинг ажрими асос бўлади.

Вояга етмаган ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига ички ишлар органи ёки ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази бошлиғининг ёхуд унинг ўринбосарининг қарори асосида жойлаштирилиши мумкин. Бу ҳолда вояга етмаганни ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштириш тўғрисидаги илтимоснома ва уни мазкур марказга жойлаштириш заруратини тасдиқловчи материаллар вояга етмаган марказга жойлаштирилгандан кейин 48 соатдан кечиктирмасдан судга юборилади.


13. Ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази бошлиғи ёки унинг ўринбосари вояга етмаганнинг ушбу марказга жойлаштирилганлиги тўғрисида мазкур марказ жойлашган жойдаги прокурорни ва вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссияни зудлик билан, лекин 24 соатдан кечиктирмасдан хабардор қилади.

14. Ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштиришдан олдин вояга етмаган ва унинг буюмлари шахсий кўрикдан ўтказилади.

Шахсий кўрик пайтида ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида сақланиши ман этилган буюмлар олиб қўйилади ва бу ҳақда тегишли далолатнома тузилади. Ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида сақланиши тақиқланган ва олиб қўйиладиган буюмлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланади.

Пул маблағлари, ҳужжатлар, шахсий ашёлар ва бошқа буюмлар ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказининг ушбу буюмларни сақлаш учун масъул этиб тайинланган ходимига вақтинчалик сақлаб туриш учун белгиланган тартибда топширилади.


15. Ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирилган вояга етмаганлар ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига олиб келинган вояга етмаганларни рўйхатга олиш дафтарида қайд этилади, улар учун ҳисоб-статистик карточкалар тўлдирилади ва ҳисобга олиш йиғмажилдлари юритилади.

Ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида ҳисобга олиш-рўйхатдан ўтказиш ҳужжатларини юритиш тартиби ва тегишли ҳужжатларнинг намуналари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланади.


16. Ўзбекистон Республикасининг бошқа давлатлардан келиб тушган вояга етмаган фуқароларини қабул қилиш ва яшаш жойига юбориш, бевосита ушбу вояга етмаганларни қабул қилган ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази томонидан амалга оширилади.



IV. ИЖТИМОИЙ-ҲУҚУҚИЙ ЁРДАМ КЎРСАТИШ

МАРКАЗИДА ВОЯГА ЕТМАГАНЛАРНИ САҚЛАШ


17. Вояга етмаганлар ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида уларни жойлаштириш учун зарур бўлган энг кам вақт давомида, лекин кўпи билан ўттиз кун бўлишлари мумкин. Истисно ҳолларда бу муддат ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази бошлиғи ёки унинг ўринбосарининг илтимосномасига кўра, суднинг ажрими асосида, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўн беш кунгача узайтирилиши мумкин.


18. Ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида вояга етмаганнинг бўлиши муддатига қуйидагилар кирмайди:

ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида соғлиқни сақлашни бошқариш органи томонидан эълон қилинган карантин даври;

вояга етмаганнинг соғлиқни сақлаш муассасаси ҳужжати билан тасдиқланган ва уни оилага қайтаришга ёки тегишли муассасага юборишга тўсқинлик қилаётган касаллик даври;

суднинг илтимосномани қаноатлантириш ва вояга етмаганни ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасасига жойлаштириш тўғрисидаги ажрими юзасидан берилган шикоятнинг (протестнинг) кўриб чиқилиш вақти.


19. Ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирилган вояга етмаганлар ҳар биридаги болалар сони 20 нафардан ортиқ бўлмаган гуруҳларга тақсимланади. Ўғил болалар ва қиз болалар алоҳида ётоқхоналарга жойлаштирилади.

Вояга етмаганлар ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказини ўзбошимчалик билан тарк этиш ва ҳуқуқбузарлик содир этилишини истисно этувчи хавфсиз шароитларда сақланади ва кеча-кундуз ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази ходимлари назоратида бўлишади.


20. Кун тартиби вояга етмаганларнинг ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида кеча-кундуз бўлишини ҳисобга олган ҳолда тузилади. Вояга етмаганларни ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида сақлаш тартиби навбатчи наряд томонидан таъминланади. Наряд таркиби, наряд ҳар бир аъзосининг иш вақти ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази бошлиғи томонидан белгиланади.


21. Ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида сақланаётган вояга етмаганлар белгиланган тартибда қуйидаги ҳуқуқлар билан таъминланади:

ота-онасини ёки ота-она ўрнини босувчи шахсларни ўзининг вояга етмаганлар мазкур муассасага олиб келинганлиги ёки жойлаштирилганлиги тўғрисида хабардор қилиш;

вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикасини амалга оширувчи органлар ҳамда муассасаларнинг қарорлари ва мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан юқори органларга, вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссияларга, прокуратура органларига ёки судга шикоят қилиш;

ўзи билан ўзгаларнинг одамнинг шаъни ва қадр-қимматини камситмайдиган инсоний муомалада бўлиши;

чекланмаган миқдорда телефонда сўзлашувлар, бошқа алоқа воситалари орқали мулоқотлар ҳамда учрашувлар воситасида оиласи билан боғланиб туриш, посилкалар, бандероллар, йўқловлар олиш, хат ва телеграммалар олиш ҳамда жўнатиш;

тасдиқланган нормалар бўйича бепул овқат, кийим-кечак, пойабзал ва бошқа ашёвий таъминот буюмларини олиш.


22. Вояга етмаганларнинг ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида таъминланиши давлат таъминоти асосида қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

Ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида сақланаётган вояга етмаганларни озиқ-овқат, кийим-кечак, пойабзал, бошқа ашёвий таъминот буюмлари ва юмшоқ анжомлар билан таъминлаш нормалари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишган ҳолда Ички ишлар вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланади.


23. Вояга етмаганларга тиббий ёрдам кўрсатиш ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази ва мазкур Марказ жойлашган ҳудуддаги соғлиқни сақлаш муассасасининг штатдаги тиббиёт ходимлари томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда таъминланади.



V. ИЖТИМОИЙ-ҲУҚУҚИЙ ЁРДАМ КЎРСАТИШ

МАРКАЗИДА ЯККА ТАРТИБДАГИ

ПРОФИЛАКТИКА ИШЛАРИ


24. Ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида сақланаётган вояга етмаганлар билан якка тартибдаги профилактика ишлари, уни олиб бориш асослари мавжуд бўлган тақдирда, улар марказда бўлган тўлиқ вақт давомида олиб борилади.


25. Вояга етмаганларнинг назоратсизлиги ва қаровсизлигига, ҳуқуқбузарликлар ёки бошқа ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлар содир этишига имкон берган сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаш мақсадида ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази ходимлари:

вояга етмаганнинг турмуш тарзи, алоқалари ва ниятини, унинг шахсий фазилатлари, қизиқишлари, ўзбошимчалик билан ўқишни тўхтатиш, оиладан, таълим муассасаларидан кетиб қолиши сабабларини аниқлайдилар;

жиноят содир этганлик ҳолатларини, уни содир этишда қатнашган шахсларни, вояга етмаганларни ҳуқуқбузарликлар ёки бошқа ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларни содир этишга жалб қилиш ҳолатларини, вояга етмаганларга нисбатан ғайриҳуқуқий ҳаракатлар содир этилганлик ҳолатларини аниқлайдилар;

вояга етмаганларни ҳуқуқбузарликлар ёки бошқа ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларни содир этишга жалб қилаётган ёхуд вояга етмаганларга нисбатан бошқа ғайриҳуқуқий қилмишлар содир этаётган шахсларни белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш чораларини кўрадилар;

вояга етмаганларни таъминлаш, тарбиялаш ва уларга таълим бериш бўйича ўз мажбуриятларини бажаришдан бўйин товлаётган ёки лозим даражада бажармаётган ёхуд вояга етмаганларнинг хулқ-атворига салбий таъсир кўрсатаётган ёки улар билан шафқатсиз муомалада бўлаётган ота-оналарни ёки ота-она ўрнини босувчи шахсларни аниқлайдилар ҳамда уларга нисбатан қонун ҳужжатларида назарда тутилган таъсир чораларини қўллаш тўғрисида тегишли давлат органлари ва бошқа ташкилотларга таклифлар киритадилар;

вояга етмаганга ҳуқуқбузарликлар ёки бошқа ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлар содир этишининг оқибатларини тушунтирадилар, вояга етмаганларнинг назоратсизлиги ва қаровсизлигига, ҳуқуқбузарликлар ёки бошқа ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлар содир этишига имкон берган сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф қилиш чораларини кўрадилар;

вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси фаолиятида йўл қўйилган камчиликлар тўғрисида манфаатдор давлат органларини ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотларини хабардор қиладилар;

вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикасини амалга оширувчи органлар ҳамда муассасалар билан ўзаро ҳамкорликда вояга етмаганни сақлаш, тарбиялаш, унга таълим бериш, унинг бандлиги ва дам олишини ташкил этиш, ишга жойлашиши ва турмушини йўлга қўйишида ёрдам кўрсатиш масалаларини ҳал этадилар.


26. Шахси аниқланмаган вояга етмаган ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига олиб келинган ҳолларда ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази ходимлари ундаги мавжуд ҳужжатлар бўйича, ота-онаси ёки ота-она ўрнини босувчи шахслар ҳақидаги маълумотлардан фойдаланиб, шунингдек тегишли ички ишлар органлари, бошқа ташкилотларга сўровномалар юбориш, вояга етмаганни топиб олиш шароитлари, юриш йўли, транспорт тури, тахминий яшаш жойлари, кун кечириш учун зарур бўлган пул маблағлари ва манбалари ҳамда шахсини аниқлаш учун аҳамиятга молик бошқа ҳолатларни аниқлаш йўли билан вояга етмаганнинг шахсини аниқлаш чораларини кўрадилар.

Вояга етмаганнинг шахси аниқланганидан сўнг бир сутка мобайнида ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази ходимлари тегишли ички ишлар органларига, ота-онаси ёки ота-она ўрнини босувчи шахсларга, шунингдек манфаатдор давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларига вояга етмаганнинг жойи ҳақида маълумотлар юборадилар.


27. Якка тартибдаги профилактика ишлари самарадорлигини ошириш мақсадида вояга етмаганларга нисбатан ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази бошлиғи томонидан тегишли буйруқ чиқариш йўли билан рағбатлантириш ва интизомий жазо чоралари қўлланилиши мумкин.



VI. ВОЯГА ЕТМАГАНЛАРНИ ЖОЙЛАШТИРИШ


28. Ота-онаси ёки ота-она ўрнини босувчи шахслари бўлган вояга етмаганлар оиласига қоидага кўра, ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази ходимлари кузатувида қайтарилади ёхуд вояга етмаганларни олиб кетиш учун келган ота-онаси ёки ота-она ўрнини босувчи шахсларга бериб юборилади.

Вояга етмаганлар, шунингдек ота-онаси ёки ота-она ўрнини босувчи шахсларнинг олиб кетиши учун белгиланган тартибда розилигини олган қариндошларига ёки бошқа шахсларга бериб юборилиши ҳам мумкин.

Доимий яшаш жойига эга бўлган ўн олти ёшга тўлган ва ундан катта ёшдаги вояга етмаганлар ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази бошлиғининг ёзма рухсатномасига биноан мустақил равишда ота-онаси ёки ота-она ўрнини босувчи шахслар олдига юборилиши мумкин.

Истиқомат қилиш (жойлаштириш) жойига юборилаётган вояга етмаганлар бепул йўлкира чиптаси, шунингдек белгиланган нормаларда йўл учун озиқ-овқат ёки пул маблағлари билан таъминланади. Зарурат бўлганда вояга етмаганларга алоҳида кийим-кечак ва пойабзал буюмлари берилиши мумкин.


29. Вояга етмаганнинг яшаш учун зарур шароитлар йўқлиги ёки бошқа сабабларга кўра яшаш жойига қайтиш имкони бўлмаган тақдирда, ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам бериш маркази бошлиғи бу ҳақда уни жойлаштириш тўғрисидаги масалани ҳал этиш учун унинг яшаш жойи бўйича вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссияга маълум қилади, шунингдек васийлик ва ҳомийлик органлари билан биргаликда вояга етмаганни жойлаштириш чораларини кўради.

Масъул шахслар томонидан ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам бериш марказига жойлаштирилган вояга етмаганларни жойлаштириш бўйича чора-тадбирлар кўрилмаганлиги ёки ўз вақтида кўрилмаганлигининг барча ҳолатлари бўйича дарҳол прокурор ва ушбу марказ жойлашган жой бўйича вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссия хабардор қилинади.

30. Ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларига, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун таълим муассасаларига ёки бошқа болалар муассасаларига жойлаштирилиши лозим бўлган вояга етмаганлар ушбу муассасаларга тегишли равишда таълим, меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш органлари томонидан тақдим этиладиган йўлланмалар бўйича юборилади.


31. Ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида сақланаётган, ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларини, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун таълим муассасаларини ёхуд бошқа болалар муассасаларини ўзбошимчалик билан тарк этган вояга етмаганлар, агар ушбу муассасалар ёки ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказлари турли вилоятларда жойлашган бўлса, ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази ходимлари кузатувида, ёхуд агар ушбу муассасалар ва ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказлари битта вилоятда жойлашган бўлса - муассаса вакиллари кузатувида қайтарилади.

Кўрсатиб ўтилган муассасаларнинг вакиллари вояга етмаган топилганлиги ҳақидаги хабарнома олингандан сўнг уч кун мобайнида ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига етиб келиши керак.


32. Вояга етмаганларни ота-онасига ёки ота-она ўрнини босувчи шахсларга, васийлик ва ҳомийлик органлари, таълим муассасалари ёки бошқа болалар муассасалари вакилларига топшириш вояга етмаганни топшириш ҳақидаги далолатнома билан расмийлаштирилади.


33. Ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштиришда вақтинчалик сақлаб туриш учун олинган пуллар, ҳужжатлар, шахсий ашёлар ва бошқа буюмлар тилхат билан ота-оналарга ёки ота-она ўрнини босувчи шахсларга, васийлик ва ҳомийлик органлари, таълим муассасаси ёки бошқа болалар муассасаси вакилларига топширилади.


34. Транспорт ички ишлар органлари ходимлари вояга етмаганларни кузатаётган ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази ходимларига йўлкира чипталарини олишда ёрдам кўрсатади, шунингдек вояга етмаганларни бир транспортдан бошқа транспортга ўтиш чоғида ва йўлнинг охирги пунктларида қўриқлашга кўмаклашади, кузатув вақтида қочиб кетган вояга етмаганларни қидириш чораларини кўради.


35. Вояга етмаганларни ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази ходимлари томонидан истиқомат қилиш (жойлаштириш) жойига кузатиб бориш тартиби Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан тасдиқланади.


36. Республика ҳудудига бошқа давлатлардан келган ва ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирилган вояга етмаганларни улар яшайдиган давлатларга қайтариш тартиби Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари билан белгиланади.



VII. ИЖТИМОИЙ-ҲУҚУҚИЙ ЁРДАМ

КЎРСАТИШ МАРКАЗИНИ БОШҚАРИШ


37. Ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига бевосита раҳбарликни тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси, вилоятлар ички ишлар бошқармалари томонидан тайинланадиган бошлиқ амалга оширади.


38. Бошлиқ ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази номидан фаолият кўрсатади, унинг манфаатларини ифодалайди, мол-мулкини тасарруф этади ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шартномалар тузади.


39. Ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази бошлиғи:

ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази ваколати доирасига кирувчи масалалар бўйича қарорлар қабул қилади ва ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига юкланган вазифаларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази фаолиятида қонунийликни таъминлаш чораларини кўради, ходимларнинг касбий тайёргарлиги ва интизоми, хизмат фаолияти юзасидан назоратни амалга оширади;

ўз ўринбосарларининг ваколатларини белгилайди, ходимлар ўртасида вазифаларни тақсимлайди, ички тартиб ва ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида вояга етмаганларнинг хулқ-атвори қоидаларини тасдиқлайди;

ўз ваколатлари доирасида ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказининг барча ходимлари учун мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради ва кўрсатмалар беради;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.


40. Ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази ходимлари ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида хизмат вазифаларини бажараётган вақтда, хизмат формасини кийиш зарурати бўлмаган ҳолларда, оддий кийимда юришади.



VIII. ИЖТИМОИЙ-ҲУҚУҚИЙ ЁРДАМ

КЎРСАТИШ МАРКАЗИНИНГ МОЛ-МУЛКИ

ВА МОЛИЯ-ХЎЖАЛИК ФАОЛИЯТИ


41. Ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази фаолиятини молиялаштириш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қуйидаги манбалар ҳисобига амалга оширилади:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ихтиёрий эҳсонлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.


42. Ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази фаолияти тегишли молия органларида рўйхатдан ўтказилган ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тасдиқланган харажатлар сметаси асосида молиялаштирилади.


43. Ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланган тартибда тезкор-техник воситалар, транспорт воситалари, мебель, жиҳозлар ва бошқа мол-мулк билан таъминланади.


44. Штатлар жадвали қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда намунавий штатларга мувофиқ тасдиқланади.


45. Ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази ходимларининг иш ҳақи қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.


46. Ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази қонун ҳужжатларида белгиланган молиявий ва статистика ҳисоботларини юритади.


47. Ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказининг молия-хўжалик фаолиятини назорат қилиш тегишли молия органлари томонидан амалга оширилади.



IX. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


48. Ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази қонун ҳужжатларига мувофиқ фаолиятни ташкил этишни такомиллаштириш масалалари бўйича халқаро ҳамкорликни амалга ошириш ҳуқуқига эга.


49. Ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказини қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларда белгиланган тартибда амалга оширилади.


50. Ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази тугатилган тақдирда унинг пул маблағлари ва мол-мулкидан, унинг мажбуриятларини қоплаш бўйича тўловлар чегирилган ҳолда, қонун ҳужжатларига мувофиқ фойдаланилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2010 йил, 48-сон, 446-модда.


“Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами”, 2010 йил, 11-сон, 63-модда