язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Тураржой ва нотурар жойлар. Коммунал хўжалик/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Коммунал хўжалик/ Ҳудудий газ таъминоти шўъба корхонаси тўғрисида Намунавий низом (ЎзР ВМ 02.10.2003 й. 421-сон қарорига 3-илова)

Вазирлар Маҳкамасининг

2003 йил 2 октябрдаги

421-сон қарорига

3-ИЛОВА



Ҳудудий газ таъминоти

шўъба корхонаси тўғрисида

НАМУНАВИЙ НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ҳудудий газ таъминоти шўъба корхонаси (кейинги ўринларда матнда - газ таъминоти корхонаси деб юритилади) юридик шахс ҳисобланади ва ўз фаолиятида "Ўзкоммунхизмат" агентлигига ҳисоб беради.

"Ўзкоммунхизмат" агентлиги коммунал газ билан таъминлаш тизимини лойиҳалаштириш, қуриш ва ундан фойдаланиш соҳасида ягона техник сиёсатни шакллантиради ва олиб боради, газ таъминоти корхоналари фаолиятига, кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлашга раҳбарлик қилади ва улар фаолиятини мувофиқлаштиради.


2. Газ таъминоти корхонаси ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, "Ўзкоммунхизмат" агентлиги бош директорининг буйруқларига, мазкур Низомга ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.


3. Газ таъминоти корхонаси Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга, банк муассасаларида ҳисоб рақамига эга бўлади.



II. ГАЗ ТАЪМИНОТИ КОРХОНАСИНИНГ

ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


4. Қуйидагилар газ таъминоти корхонасининг вазифалари ҳисобланади:

газ тармоқлари ва асбоб-ускуналаридан фойдаланилишини ва уларга хизмат кўрсатилишини таъминлаш;

"Ўзтрансгаз" акциядорлик компанияси билан табиий газ етказиб беришга шартномалар тузиш, истеъмолчиларни табиий ва суюлтирилган газ билан таъминлаш, сотилаётган газ ҳажмининг қатъий ҳисобини юритиш;

газ тармоқларини жорий таъмирлаш, шунингдек тасдиқланган аниқ рўйхатларга мувофиқ мукаммал таъмирлаш;

сотилган табиий газ учун ўз вақтида олдиндан ҳақ тўлаш ва маблағларни йиғиш ишларини ташкил этиш;

техник шартлар бериш ва қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда объектларни газ қувури тармоқларига улаш;

тасдиқланган дастурларга мувофиқ истеъмолчиларга газни ҳисобга олиш приборлари ўрнатиш, улардан фойдаланишни ҳисобга олиш ва назорат қилиш;

газ тармоқлари ва асбоб-ускуналаридан хавфсиз фойдаланиш қоидаларининг норматив талабларига риоя қилиш;

туман (шаҳар) филиалларига методик ва амалий ёрдам кўрсатиш.


5. Ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ газ таъминоти корхонаси қуйидаги функцияларни амалга оширади:

илғор техникани, энергияни тежовчи юқори самарали технологияларни ишлаб чиқаришга жорий этиш асосида вилоят газ хўжалигининг ривожланишини таъминлайди;

аҳолига хизмат кўрсатиш бўйича хизматларнинг янги турлари ва шаклларини жорий этиш ва кенгайтириш чора-тадбирларини кўради;

туман (шаҳар) филиаллари томонидан газни ҳисобга олиш приборлари ўрнатилишини назорат қилади;

газлаштириш ва газни ҳисобга олиш приборлари ўрнатиш дастурлари бажарилишининг мониторингини юритади;

газ тармоқлари ва асбоб-ускуналари профилактикаси, уларнинг жорий ва мукаммал таъмирланиши юзасидан корхоналар, ташкилотлар ва аҳолига пуллик хизматлар кўрсатади;

сотилган табиий газ учун истеъмолчилардан маблағ йиғиш устидан назорат қилиш бўйича газ таъминоти корхонаси таркибида ташкил этилган инспекцияларнинг (кейинги ўринларда матнда - инспекция деб юритилади) кучи билан сотилган газ учун маблағ йиғилиши ва истеъмолчилар ўртасида қатъий тўлов интизоми таъминланиши устидан назорат қилади.



III. ҲУҚУҚЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


6. Газ таъминоти корхонаси қуйидаги ҳуқуқларга эгадир:

ўз ваколатига кирувчи масалаларни ҳал этиш учун зарур бўлган тегишли материаллар тақдим этилишини туман (шаҳар) филиалларидан белгиланган тартибда талаб қилиш;

ўз ваколатлари доирасида газ таъминоти тизими мутахассисларини ўқитиш, тайёрлаш ва қайта тайёрлашни ҳамда кадрлар малакасини оширишни ташкил этиш;

газ тармоқларидан хавфсиз фойдаланиш қоидалари бузилганлиги учун айбдор шахсларни тегишли жавобгарликка тортиш тўғрисида тавсиянома бериш;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳуқуқларга эгадир.


7. Газ таъминоти корхонаси ўз зиммасига юкланган вазифалар ҳамда Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ ўз ваколати доирасида қабул қилинган қарорлар ўз вақтида ва сифатли бажарилиши учун жавоб беради ва қуйидагиларга мажбурдир:

тармоқларда ва газ тақсимлаш пунктларида табиий газнинг белгиланган нормаларидан ортиқча нобуд бўлишига йўл қўймаслик;

корхоналар, ташкилотлар ва аҳолининг газ асбоб-ускуналарини ҳар йили профилактик ишлардан ўтказиш;

абонентларнинг газ тармоқларига табиий газни ҳисобга олиш приборларисиз уланишига йўл қўймаслик;

газ тақсимлаш пунктлари, газ тармоқлари ва асбоб-ускуналарини мунтазам равишда профилактика қилиш ва жорий таъмирлаш.



IV. ГАЗ ТАЪМИНОТИ КОРХОНАСИ

ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


8. Газ таъминоти корхонасига тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг тақдимномаси бўйича "Ўзкоммунхизмат" агентлиги бош директорининг қарори билан лавозимга тайинланадиган директор раҳбарлик қилади.


9. Директор:

Газ таъминоти корхонаси фаолияти ташкил этилиши учун шахсан жавоб беради;

Газ таъминоти корхонаси номидан ишончномасиз иш кўради, тегишли ҳудуддаги давлат ҳокимияти ва бошқарув органларида, ташкилотлар ва корхоналарда корхона манфаатларини ифодалайди;

бўлимлар ва хизматларнинг бошлиқларини, газ таъминоти корхонасининг бошқа ходимларини лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод этади;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.


10. Газ таъминоти корхоналари хизмат кўрсатиладиган истеъмолчиларнинг сонидан ва бошқарув ходимлари сонидан келиб чиқиб қуйидаги уч тоифадан иборат гуруҳларга ажратилади:

истеъмолчилар сони 250 мингдан ортиқ бўлса - 1-тоифа - бошқарув ходимлари сони 39-43 нафар;

истеъмолчилар сони 200 мингдан 250 мингтагача бўлса - 2-тоифа - бошқарув ходимлари сони 35 нафар;

истеъмолчилар сони 200 мингтагача бўлса - 3-тоифа - бошқарув ходимлари сони 24-28 нафар.

Бошқарув ходимлари сонини кўпайтириш уларнинг тоифаларига мувофиқ истеъмолчилар сони ўсишига қараб амалга оширилади.



V. СОТИЛГАН ТАБИИЙ ГАЗ УЧУН

ИСТЕЪМОЛЧИЛАРДАН МАБЛАҒ ЙИҒИШ

УСТИДАН НАЗОРАТ ҚИЛИШ

ИНСПЕКЦИЯСИНИНГ ВАЗИФАЛАРИ,

ФУНКЦИЯЛАРИ, ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


11. Газ таъминоти корхоналари аппарати тузилмасида сотилган газ учун истеъмолчилардан маблағ йиғиш устидан назорат қилиш инспекцияси ташкил этилади.


12. Қуйидагилар инспекциянинг асосий вазифалари ҳисобланади:

сотилган табиий газ учун аҳолидан ва истеъмолчиларнинг бошқа тоифаларидан маблағ тўлиқ йиғилишини таъминлаш устидан назорат қилиш;

ишлаб турган газ тармоқларига ижозат берилмаган уланишларни аниқлаш ва қонун ҳужжатларига мувофиқ уларга барҳам бериш чора-тадбирларини кўриш;

газ ҳақини тўламаганлар ва газ тармоқларига ижозат берилмаган ҳолда уланган истеъмолчилар газ тармоқларидан узиб қўйилиши тўғрисида кўрсатмалар бериш.


13. Инспекция ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:

ҳар ойда сотилган табиий газ учун истеъмолчиларнинг муддати ўтказиб юборилган қарзлари тўғрисидаги ахборотни, ашаддий қарздорлар рўйхатини ва бошқа мавжуд материалларни ўрганиб чиқиш асосида текшириш ва рейдлар ташкил этиш режаларини ишлаб чиқади;

солиқ ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг вакиллари билан биргаликда газни ҳисобга олиш приборлари пломбаларининг бутлигини, унинг кўрсаткичлари тўлов ҳужжатларига мувофиқлигини, ўтказилган хатлов ва ҳисобга ўтказилган тўловнинг тўғрилигини текширади, зарурат бўлганда қарзни тўлаш тўғрисида кўрсатма беради;

аҳоли ўртасида табиий газ учун ўз вақтида ҳақ тўлаш зарурлиги тўғрисида ҳар хил ижтимоий усуллар билан аниқ мақсадни кўзлаб иш олиб боради.


14. Инспекция қуйидаги ҳуқуқларга эгадир:

истеъмол қилинган табиий газ учун қарздор бўлган истеъмолчиларга қонун ҳужжатларида белгиланганига мувофиқ таъсир чораларини қўллаш;

муддати ўтказиб юборган қарзлари бўлган табиий газ истеъмолчиларининг барча тоифаларига, шу жумладан аҳолига қарзни тўламасликнинг оқибатлари, газ тармоқларига ижозат берилмаган ҳолда улангани аниқланган истеъмолчилар тўғрисида огоҳлантирган ҳолда қарзларни қайтариш зарурлиги тўғрисида кўрсатмалар бериш;

фойдаланилган табиий газ учун ўз вақтида ҳақ тўламаслик ҳолатлари бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва суд органларига юбориш учун материаллар тайёрлаш.


15. Инспекция ўз фаолиятида амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига қатъий риоя қилиши шарт.


16. Инспекциянинг таркиби юридик, иқтисодий ва техник маълумотга эга бўлган юқори малакали мутахассислар билан тўлдирилади.


17. Инспекцияга газ таъминоти корхонаси раҳбарининг буйруғи билан лавозимга тайинланадиган бошлиқ бошчилик қилади.


18. Инспекция ходимлари лавозим билан боғлиқ қонунни бузишлар учун амалдаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.



VI. ГАЗ ТАЪМИНОТИ КОРХОНАСИ ТУМАН

ВА ШАҲАР ФИЛИАЛЛАРИНИНГ ВАЗИФАЛАРИ,

ФУНКЦИЯЛАРИ, ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


19. Қуйидагилар газ таъминоти корхонаси туман ва шаҳар филиалларининг (кейинги ўринларда матнда - филиал деб юритилади) вазифалари ҳисобланади:

газ сотишга тузилган шартномаларга мувофиқ истеъмолчиларни табиий ва суюлтирилган газ билан бевосита таъминлаш, сотиладиган газ ҳажмининг қатъий ҳисобини юритиш;

газ тармоқларидан хавфсиз фойдаланиш қоидаларининг норматив талабларига оғишмай риоя қилиш, республика газ хўжалигидан авариясиз фойдаланиш бўйича шарт-шароитлар яратиш;

ишлаб турган тармоқларга ижозат берилмаган ҳолда уланишларни аниқлаш ва уларга барҳам бериш юзасидан қонун ҳужжатларига мувофиқ қаттиқ чора-тадбирлар кўриш;

газ истеъмолчиларининг қаттиқ тўлов интизомига риоя қилишини таъминлаш, аҳолини газ билан таъминлашга доир кўрсатилган хизматлар ҳамда етказиб берилган табиий ва суюлтирилган газ учун улгуржи истеъмолчилардан маблағлар тўлиқ тушиши чора-тадбирларини кўриш;

тасдиқланган дастурларга мувофиқ истеъмолчиларга газни ҳисобга олиш приборлари ўрнатиш, улардан фойдаланилишини ҳисобга олиш ва назорат қилиш;

газ қувурларидан газ сирқиб чиқиб кетишини мунтазам равишда аниқлаш, уларни бартараф этиш юзасидан кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар кўриш;

газ тармоқлари ва асбоб-ускуналарини мукаммал ва жорий таъмирлаш.


20. Филиал қуйидаги функцияларни амалга оширади:

газ таъминоти корхонаси номидан табиий ва суюлтирилган газни сотиш учун улгуржи истеъмолчилар ва аҳоли билан шартномалар тузади;

табиий ва суюлтирилган газ истеъмолчиларга сотилишини ҳамда истеъмол қилинаётган газнинг ҳисоби юритилишини таъминлайди;

газ тақсимлаш станцияларидан истеъмолчиларга табиий газ берилиши устидан, шунингдек туманлар ўртасидаги газ қувурлари чегарасида ўрнатилган ҳисобга олиш приборлари бўйича ҳисоб ва назоратни амалга оширади;

газ истеъмолчилари томонидан ўз вақтида ҳақ тўланишини назорат қилади ва улар юзасидан тегишли чора-тадбирлар кўради;

ёнилғининг асосий тури сифатида табиий газдан етказиб беришга корхоналар билан тузилган шартномаларнинг (ёнилғи режими), шунингдек истеъмол қилинган газ ҳажми ва амалга оширилган ҳисоб-китоб бўйича ҳар бир абонент - жисмоний шахснинг номма-ном ҳисобини юритади;

газ тармоқлари ва асбоб-ускуналари профилактикаси, жорий ва мукаммал таъминланиши юзасидан корхоналар, тшакилотлар ва аҳолига пулли хизматлар кўрсатади;

илғор техникани ва энергияни тежовчи юқори самарали технологияларни жорий этиш асосида туман (шаҳар) газ хўжалиги ривожлантирилишини таъминлайди;

моддий, меҳнат ва молиявий ресурслардан самарали ва оқилона фойдаланилишини таъминлайди;

газ қувурларини коррозиядан ҳимоя қилиш бўйича ташкилий-техник тадбирларни бажаради, газ қувурларидан газ сирқиб чиқиб кетишини доимий равишда аниқлайди, уларни бартараф этиш юзасидан кечиктириб бўлмайдиган чоралар кўради;

юридик ва жисмоний шахслар томонидан газ таъминотининг ишлаб турган тармоқларидан ижозат берилмаган ҳолда фойдаланиш ҳолатларини аниқлайди ва уларнинг олдини олиш чора-тадбирларини кўради, улар бўйича тегишли материалларни тайёрлайди ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига беради;

газ исроф бўлиши ҳолатини ва унинг ўсиши сабабларини ўрганади, унга йўл қўймаслик чора-тадбирларини кўради;

истеъмолчиларга газни ҳисобга олиш приборлари ўрнатади, ҳисоблагичларнинг кўрсаткичларини бузувчи шахсларни, шу жумладан ҳисоблагичлар кўрсаткичлари ўз ходимлари томони бузилишини аниқлайди, уларга нисбатан қонун ҳужжатларида назарда тутилган жавобгарлик чораларини кўради, шу жумладан материалларни ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига беради;

аҳолини газ билан таъминлаш бўйича кўрсатилган хизматлар учун маблағлар тўлиқ тушишини таъминлайди;

маънавий эскирган газни ҳисобга олиш приборларини замонавий моделлардаги приборларга алмаштириш бўйича улгуржи истеъмолчилар билан иш олиб боришни ташкил этади ва амалга оширади;

оммавий ахборот воситалари орқали газ истеъмолчилари билан газдан оқилона ва тежаб фойдаланиш, газдан фойдаланувчи асбоб-ускунанинг газ тармоқларига ўзбошимчалик билан уланишига йўл қўймаслик тўғрисида тушунтириш ишлари олиб боради.


21. Филиал қуйидаги ҳуқуқларга эгадир:

етказиб берилган газ тўлови бўйича қарздорлик мавжуд бўлган тақдирда газ етказиб беришни қисман камайтириш ёки бутунлай тўхтатиб қўйиш;

газнинг етказиб берувчи билан келишмасдан шартномавий ҳажмлардан ортиқча олиниши учун улгуржи истеъмолчиларга оширилган тўлов белгилаш;

истеъмолчиларнинг газ приборларини ҳамда газни ҳисобга олиш ва ундан фойдаланиш бўйича ҳужжатларини текшириш;

туман (шаҳар) ҳокимлигига истеъмолчиларни, айниқса аҳолини газ билан ишончли таъминлаш, ундан оқилона фойдаланиш, фойдаланилган газ учун истеъмолчиларнинг ўз вақтида ҳақ тўлаши масалалари бўйича таклифлар киритиш.


22. Филиал:

ушбу Низомда унга юкланган вазифалар ҳамда газ истеъмоли учун газ таъминоти корхонаси билан тузилган шартномалар бўйича мажбуриятлар ўз вақтида ва сифатли бажарилиши;

тегишли газ таъминоти станциясидан туман (шаҳар) бўлиниши чегарасида олинган газ, унинг улгуржи истеъмолчиларга ва аҳолига сотилиши учун;

табиий газ истеъмолчиларидан маблағ тўлиқ йиғилишини таъминлаш;

тармоқларда ва газ тақсимлаш пунктларида табиий газ белгиланган нормалардан ортиқча исроф бўлишига йўл қўйилмаслиги;

корхоналар, ташкилотлар ва аҳолининг газ асбоб-ускуналари билан профилактика ишлари ўз вақтида ўтказилиши учун жавоб беради.


23. Филиалга туман (шаҳар) ҳокимининг тақдимномаси бўйича газ таъминоти корхонаси директорининг буйруғи билан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган директор раҳбарлик қилади.


24. Филиал директорининг фаолияти газ таъминоти корхонаси директори билан тузилган меҳнат шартномаси (контракт)га мувофиқ тартибга солинади.


25. Филиал директори филиал номидан иш кўради, газ таъминоти корхонаси томонидан берилган ишончнома асосида ташкилотлар ва муассасаларда унинг манфаатларини ифодалайди.


26. Филиалнинг бўлимлари ва хизматлари бошлиқлари филиал директори томонидан лавозимга тайинланадилар ва лавозимдан озод этиладилар ҳамда ўзларига топширилган иш участкаси учун тўлиқ жавоб берадилар.


27. Газ таъминоти корхонасини ва филиалларни қайта ташкил этиш ва тугатиш Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.