язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Қишлоқ ва сув хўжалиги/ Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 28.06.2003 й. 290-сон Қарорига 5-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2003 йил 28 июндаги

290-сон қарорига

5-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув

хўжалиги вазирлиги тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг (кейинги ўринларда Вазирлик деб аталади) вазифалари, функциялари, ваколатларини ва фаолиятининг ташкилий асосларини белгилайди.


2. Вазирлик ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг қарорлари ва бошқа ҳужжатларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига, шунингдек мазкур Низомга амал қилади.


3. Вазирлик ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳисоб беради.


4. Вазирлик қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасидаги ишларни мувофиқлаштиради, ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бевосита, шунингдек ўз тасарруфидаги республика органлари ва ҳудудий органлар орқали ҳал этади.

5. Вазирлик юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга, банк муассасаларида ҳисоб рақамларига эгадир.



II. ВАЗИРЛИКНИНГ ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


6. Қуйидагилар Вазирликнинг вазифалари ҳисобланади:

қишлоқ хўжалигини замонавийлаштириш ва барқарор ривожлантиришга қаратилган ягона агротехника сиёсатини амалга ошириш;

замонавий агротехнологияларни такомиллаштириш ва қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши тармоқларига жорий этиш;

қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларига бозор принциплари ва механизмлари асосида хизмат кўрсатаётган тармоқлар, бўғинлар ва тузилмалар фаолиятини мувофиқлаштириш;

аграр секторда иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, ижара муносабатларини, оила пудратини, фермер хўжаликларини кенг ривожлантириш ишларини мувофиқлаштириш;

қишлоқ хўжалигини юритишни ва қишлоқ хўжалиги экинларини навлар бўйича жойлаштиришни такомиллаштиришга доир тавсиялар ишлаб чиқиш;

селекция, уруғчилик, наслчилик ишлари соҳасида давлат сиёсатини олиб бориш ҳамда чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш;

ирригация тизимларини ҳавзалар бўйича бошқариш принциплари асосида ер усти сув ресурсларининг давлат бошқарувини амалга ошириш ва барча даражаларда сувдан фойдаланишнинг ва сув истеъмолининг бозор принципларини жорий этиш;

давлат сув хўжалиги тизимидан фойдаланилишини ва унинг замонавийлаштирилишини таъминлаш;

илгаридан суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва янги ерларни ўзлаштириш чора-тадбирларини амалга ошириш;

қишлоқ ва сув хўжалигида инвестиция сиёсатини ишлаб чиқишда қатнашиш;

ер ва сув ресурсларидан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига қатъий риоя этилишини таъминлаш;

ўзига қарашли ташкилотлар ва корхоналарни илмий-техник ва ахборот билан таъминлаш;

қишлоқ ва сув хўжалиги раҳбарлари ва мутахассисларини ўқитиш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш.

7. Юкланган вазифаларга мувофиқ Вазирлик қуйидаги функцияларни амалга оширади:

қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасида давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, уларни рўёбга чиқариш стратегияси ва механизмлари бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритади;

қишлоқ ва сув хўжалигини ривожлантиришнинг тармоқ ва минтақавий дастурларини ишлаб чиқади;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бозори конъюнктураси маркетинг тадқиқотларини амалга оширади, қишлоқ товар ишлаб чиқарувчиларини зарур ахборот билан таъминлайди;

қишлоқ ва сув хўжалигига ташқи ва ички инвестицияларни жалб этишда иштирок этади, бюджет маблағларидан оқилона ва мақсадли фойдаланилишини таъминлайди;

қишлоқ ва сув хўжалиги корхоналарининг ишлаб чиқариш ва молиявий-иқтисодий фаолиятини амалга ошириш бўйича методик тавсияларни ишлаб чиқади;

навларни синаш, қишлоқ хўжалиги экинларининг янги истиқболли навларини яратиш ва кўпайтиришга ихтисослаштирилган ўзига қарашли элита ва уруғчилик хўжаликлари ишини мувофиқлаштиради;

тармоқда ишлаб чиқариш муносабатларини такомиллаштириш ва меҳнатни ташкил этиш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритади;

селекция-наслчилик ишларининг асосий йўналишларини белгилайди ва амалга оширилишини мувофиқлаштиради;

сув ресурслари балансини ишлаб чиқади, сув манбалари, ҳавза ирригация тизимлари, иқтисодиёт тармоқлари, ҳудудлар бўйича сув олиш лимитларини белгилайди;

сувдан лимит бўйича фойдаланиш ва сув истеъмоли тартиби амалга оширилишини таъминлайди;

сув истеъмолчилари уюшмалари ва бошқа бирлашмаларини ташкил этиш ва ривожлантиришда методик ва амалий ёрдам кўрсатади;

ҳавза принципи асосида ер усти сув ресурслари бошқарилишини амалга оширади;

сув ресурсларидан фойдаланишда ўзаро муносабатларнинг бозор принципларини ва иқтисодий механизмларини ишлаб чиқади ва жорий этади;

ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва ерларни ўзлаштириш дастурларини ишлаб чиқади;

каналлар ва коллекторлардан, сув омборлари, насос станциялари, гидротехника иншоотларидан ва бошқа давлат сув хўжалиги объектларидан фойдаланишни ташкил этади;

сув истеъмолчилари уюшмаларининг сув хўжалиги объектларидан техник фойдаланиш, уларни реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишларини мувофиқлаштиради;

сув ресурслари ҳисобини олиб боради ва улардан фойдаланилишини назорат қилади, "Сувдан фойдаланиш" бўлими бўйича давлат сув кадастрини юритишда қатнашади;

суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолати, суғориш ва коллектор-дренаж сувлари сифати устидан мониторингни амалга оширади;

ирригация тизимлари ҳавза бошқармаларига, магистрал каналлар (тизимлар) бошқармаларига, сув омборларидан фойдаланиш бошқармаларига, трансчегаравий сув объектларидан, вилоятлараро аҳамиятга молик сув объектларидан, йирик ва алоҳида муҳим сув хўжалиги объектларидан фойдаланувчи ташкилотларга, насос станциялари, энергетика ва алоқа бошқармаларига, мелиорация экспедицияларига, шунингдек бошқа сувдан фойдаланувчиларга ва сув истеъмолчиларига - республика ёки вилоятлараро аҳамиятга молик сунъий сув объектларидан сувдан махсус фойдаланишга ёки сув истеъмолига рухсатномалар беради, экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш органларига табиий юза сув объектларидан сувдан махсус фойдаланиш ва сув истеъмолига рухсатнома бериш тўғрисида таклифлар киритади;

сув ресурсларидан комплекс фойдаланишнинг истиқболли схемаларини ишлаб чиқади;

трансчегара сув ресурслари ва объектларини бошқариш ва улардан фойдаланиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритади;

қишлоқнинг ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфратузилмасини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқишда қатнашади;

қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасидаги илмий-тадқиқот, лойиҳалаш-қидирув ва конструкторлик ишларининг асосий йўналишларини белгилайди, уларни ташкил этади ва мувофиқлаштиради, уларнинг натижалари амалиётга жорий этилишига кўмаклашади;

қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасида халқаро ҳамкорлик қилишнинг устувор йўналишлари бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритади;

республика ўқув юртларида ва илмий муассасаларида, шунингдек хорижда ширкат ва фермер хўжаликлари раҳбарлари ва мутахассислари малакаси оширилишини ва тажриба алмашувини ташкил этади.

8. Вазирлик:

пахтачиликни ривожлантириш;

ғаллачиликни ривожлантириш;

сабзавот-полиз экинлари, мева ва узумчиликни ривожлантириш ҳамда уларни комплекс қайта ишлаш;

чорвачиликни ривожлантириш;

ер-сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ирригацияни ривожлантириш ва ерлар унумдорлигини ошириш;

қишлоқ хўжалигини механизациялаш ва кимёлаштириш муаммолари бўйича Кенгашлар фаолиятини самарали ташкил этиш учун зарур шарт-шароитлар яратади.



III. ВАЗИРЛИКНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ


9. Вазирлик қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ўз ваколатига кирувчи масалаларни ҳал этиш учун зарур бўлган материалларни давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларидан, муассасалар ва ташкилотлардан белгиланган тартибда сўраш ва олиш;

келишиш учун ўзига тақдим этиладиган ер ва сув ресурсларидан фойдаланиш тўғрисидаги қарорлар лойиҳалари ва таклифлар юзасидан хулосалар бериш;

жисмоний ва юридик шахслар томонидан республика ҳудудига жаҳоннинг эпизоотик жиҳатдан носоғлом минтақаларидан чорва моллари ва чорвачилик маҳсулотлари, шунингдек деҳқончилик маҳсулотлари ва уруғлик келтирилишини тақиқлаш;

сув манбаларига сув келиши ўзгарган тақдирда сув олиш лимитларига ўзгартиришлар киритиш;

лимитдан ортиқ сув олинган, сув ресурсларидан хўжасизларча, нооқилона фойдаланилган тақдирда сув беришни тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилиш;

сув тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартибини бузганлик учун мансабдор шахслар ва фуқароларга нисбатан қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарлик чораларини қўллаш;

сув ресурсларини самарали бошқарганлик ва улардан тежамли фойдаланганлик учун сувдан фойдаланувчиларни ва сув истеъмолчиларини иқтисодий рағбатлантиришни ташкил этиш;

ўзига қарашли бюджет корхоналари ва ташкилотларида давлат мулкини белгиланган тартибда бошқариш;

оммавий ахборот воситалари таъсис этиш.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳуқуқларга ҳам эга.


10. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларининг вазирликлар, идоралар, муассасалар, жойлардаги давлат ҳокимияти органлари ҳамда мулкчилик шаклларидан қатъи назар, хўжалик юритувчи субъектлар, шунингдек мансабдор шахслар ҳамда фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.



IV. ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ ТАРМОҚЛАРИ

ВА СОҲАЛАРИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ

МУАММОЛАРИНИ ҲАЛ ЭТИШ

БЎЙИЧА КЕНГАШЛАР


11 Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги бошқаруви марказий аппарати тузилмасида:

пахтачиликни ривожлантириш;

ғаллачиликни ривожлантириш;

сабзавот-полиз экинлари, мева ва узумчиликни ривожлантириш ҳамда уларни комплекс қайта ишлаш;

чорвачиликни ривожлантириш;

ер-сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ирригацияни ривожлантириш ва ерлар унумдорлигини ошириш;

қишлоқ хўжалигини механизациялаш ва кимёлаштириш муаммоларини ҳал этиш бўйича Кенгашлар тузилади.

Кенгашлар тўғрисидаги низомлар Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири томонидан тасдиқланади.


12. Қуйидагилар Кенгашларнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

тегишли тармоқларни ислоҳ қилиш ва ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги салоҳиятидан самарали фойдаланиш бўйича аниқ тавсияларни ишлаб чиқиш;

қишлоқ хўжалигининг устувор тармоқларини ривожлантиришнинг истиқболли йўналишларини, улар самарадорлигини ошириш йўналишлари ва йўлларини белгилаш;

ҳар бир минтақанинг иқлим, об-ҳаво шароитларини ва хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда экинларни келгусида ва ҳар бир қишлоқ хўжалиги йилида оқилона жойлаштириш бўйича аниқ агротехнология тавсияларини ишлаб чиқиш;

қишлоқ хўжалиги экинлари селекцияси ва уруғчилигида, шунингдек наслчилик ишларида устувор йўналишларни белгилаш;

замонавий, ресурсларни тежовчи технологияларни жорий этиш, суғориладиган ерларнинг унумдорлигини ошириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш.


13. Кенгашларнинг таркибига, эгаллаб турган лавозимлари ва илмий унвонларидан қатъи назар, фан ва амалиётнинг тегишли соҳаларида обрўси эътироф этилган етакчи мутахассислар ва олимлар жамоатчилик асосида кирадилар. Кенгашлар аъзолари сони ва шахсий таркиби Вазирлик ҳайъати томонидан тасдиқланади.


14. Кенгашларнинг раислари Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳайъати аъзолари ҳисобланади ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.


15. Кенгашларнинг барча тавсиялари Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳайъати мажлисларида муҳокама қилинади, унинг қарорларининг бажарилиши мажбурийдир.


16. Кенгашларнинг ишчи органлари функциялари Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг тегишли бошқармалари ва бўлимларига юкланади.



V. ВАЗИРЛИК ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


17. Вазирликка Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тасдиқланадиган ва лавозимдан озод этиладиган Вазир бошчилик қилади.

Вазирнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган беш нафар ўринбосарлари, шу жумладан, бир нафар биринчи ўринбосари бўлади.

18. Вазирнинг сув хўжалиги масалалари билан шуғулланувчи ўринбосари айни вақтда Сув хўжалиги бош бошқармасининг бошлиғи ҳисобланади.

Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш марказининг бош директори лавозимига кўра вазир ўринбосари ҳисобланади.

Сув хўжалиги бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосарлари ижтимоий ва маиший хизмат кўрсатиш даражаси бўйича вазир ўринбосарига тенглаштирилади.


19. Вазир:

Вазирлик фаолиятига раҳбарлик қилади ҳамда Вазирликка юкланган вазифалар ва мажбуриятлар бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

вазир ўринбосарлари ўртасида вазифаларни тақсимлайди;

Вазирлик марказий аппаратининг штат жадвалини белгиланган тартибда тасдиқлайди ва зарурат бўлганда ходимларнинг штатда белгиланган сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида Вазирлик марказий аппаратининг ва ўзига қарашли бюджет ташкилотларининг тасдиқланган тузилмасига ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқига эга;

Вазирлик марказий аппарати ходимларини, унинг ҳудудий органлари раҳбарларини, шунингдек тасарруфидаги корхоналар, ташкилотлар ва муассасаларнинг раҳбарларини белгиланган тартибда лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади;

Вазирлик марказий аппаратининг таркибий бўлинмалари тўғрисидаги низомларни, қишлоқ хўжалиги тармоқлари ва соҳаларини ривожлантириш муаммолари бўйича Кенгашлар тўғрисидаги низомларни, Ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари, Магистрал каналлар (тизимлар) ва ирригация тизимлари бошқармалари тўғрисидаги низомларни, шунингдек тасарруфидаги бюджет ташкилотлари тўғрисидаги низомларни (уставларни) тасдиқлайди;

Вазирликнинг, унинг ҳудудий органларининг, тасарруфидаги ташкилотларнинг ходимлари томонидан бажарилиши мажбурий бўлган буйруқлар, фармойишлар ва йўриқномалар чиқаради, уларнинг ижроси устидан назоратни ташкил қилади;

ҳудудий органлар ва тасарруфидаги ташкилотлар томонидан Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари бузилган ҳолда қабул қилинган қарорларни (кўрсатмаларни) бекор қилади;

қонун ҳужжатларида белгиланган ваколатлар доирасида бошқа ваколатларни амалга оширади.


20. Вазирликда Вазир (ҳайъат раиси), унинг ўринбосарлари (лавозимига кўра), қишлоқ хўжалиги тармоқлари ва соҳалари муаммоларини ҳал этиш Кенгашлари раислари, агросаноат комплекси тизимининг айрим бўлинмалари, вазирликлари ва идоралари раҳбарларидан, шунингдек Вазирлик фаолиятининг асосий йўналишларини мувофиқлаштирувчи таркибий бўлинмалари раҳбарларидан иборат таркибда ҳайъат ташкил этилади.

Ҳайъатнинг аъзолари сони ва шахсий таркиби Вазирнинг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Ҳайъат қуйидагилар билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқади:

Вазирлик фаолиятининг қишлоқ хўжалигини замонавийлаштириш ва барқарор ривожлантиришга қаратилган ягона агротехника сиёсатини амалга оширишни давом эттириш, замонавий агротехнологияларни такомиллаштириш ва қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши тармоқларига жорий этиш, аграр секторда иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш ишларини мувофиқлаштириш, шунингдек селекция, уруғчилик, наслчилик ишлари соҳасида давлат сиёсатини олиб бориш ҳамда чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш, ирригация тизимларини ҳавзалар бўйича бошқариш принциплари асосида ер усти сув ресурсларининг давлат бошқарувини амалга ошириш ва барча даражаларда сувдан фойдаланиш ва сув истеъмолининг бозор принципларини жорий этиш, шунингдек илгаридан суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва янги ерларни ўзлаштириш бўйича ушбу Низомда белгиланган асосий йўналишларини тайёрлаш ва амалга ошириш;

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги номенклатурасига кирадиган лавозимларга кадрларни танлаш, жой-жойига қўйиш, тайёрлаш ва қайта тайёрлаш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ва фармойишларида белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича ижро интизомини мустаҳкамлаш, уларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш учун Вазирлик раҳбарлари ва ходимларининг шахсий жавобгарлигини ошириш.

Ҳайъат Вазирлик ваколатига тааллуқли бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқиш ҳуқуқига эга.

Ҳайъат мажлисига Вазирлик ваколатига кирадиган масалалар бўйича бошқа вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар раҳбарлари таклиф этилиши мумкин.

Ҳайъат унинг мажлисида таркибининг ярмидан кўпи қатнашган тақдирда ваколатли бўлади. Кўриб чиқилаётган масалалар бўйича қарорлар оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади.

Ҳайъат қарорлари Вазирнинг буйруқлари билан амалга оширилади. Вазир ва ҳайъат аъзолари ўртасида келишмовчиликлар пайдо бўлган тақдирда раис пайдо бўлган келишмовчиликлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ахборот берган ҳолда мустақил равишда қарор қабул қилади. Ҳайъат аъзолари ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига хабар қилишлари мумкин.

Ҳайъат фаолияти тартиби унинг ҳайъат тасдиқлайдиган регламентида белгиланади.

21. Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармалари ҳамда туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлимлари, Ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари, Магистрал каналлар (тизимлар), ирригация тизимлари бошқармалари Вазирликнинг ҳудудий органлари ҳисобланади.

Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармалари ҳамда туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлимлари тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоятлар ва туманлар ҳокимликларига ҳамда Вазирликка бўйсунадилар ва ҳисоб берадилар.


22. Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири билан келишилган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Жоқарғи Кенгеси томонидан лавозимга тайинланади.

Вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармалари раҳбарлари вилоятлар ҳокимлари тақдимномасига кўра Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири томонидан лавозимга тайинланади.


23. Туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлимлари бошлиқлари туман ҳокимлари тақдимномасига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири ҳамда вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармалари бошлиқлари томонидан лавозимга тайинланади.


24. Ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарлари, Магистрал каналлар (тизимлар), ирригация тизимлари бошқармалари бошлиқлари лавозимга Вазир томонидан танлов асосида тайинланади.

Танловни ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири томонидан тасдиқланади.

Вазирлик ва унинг ҳудудий органлари эксперт ва маслаҳат органлари ташкил этишга ҳақлидир, улар тўғрисидаги низомлар тегишли равишда Вазир ёки ҳудудий орган раҳбари томонидан тасдиқланади.


25. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигида Вазирлик таркибига кирувчи корхоналар ва ташкилотларнинг, шу жумладан қишлоқ хўжалиги корхоналарининг хўжалик ҳисобидаги фаолиятидан шартномалар асосида (ихтиёрий тартибда) ўтказиладиган ажратмалар унинг манбалари ҳисобланадиган Ижтимоий ривожлантириш ва рағбатлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) белгиланган тартибда ташкил этилади.

Жамғарма маблағлари илмий-тадқиқот, ноширлик ишларига, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги марказий аппарати, қишлоқ ва сув хўжалиги вилоятлар бошқармалари ва туманлар бўлимлари, вазирлик ҳузуридаги Лойиҳаларни амалга ошириш маркази таъминотига йўналтирилади.

Ижтимоий ривожлантириш ва рағбатлантириш жамғармаси тўғрисидаги Низом Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишган ҳолда Вазир томонидан тасдиқланади.

26. Бюджетдан ажратиладиган маблағлар ва Жамғарма маблағлари Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигини, Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигини, қишлоқ ва сув хўжалиги вилоятлар бошқармаларини ва туманлар бўлимларини молиялаштириш манбалари ҳисобланади.

Бунда бюджет маблағлари ҳисобидан - иш ҳақини ва бир ойлик маош миқдоридаги мукофотни, Жамғарма ҳисобидан эса - бир ойлик маош миқдоридаги мукофотни ва бир ойлик маош миқдоридаги моддий ёрдамни тўлаш харажатлари, шунингдек бошқа харажатлар молиялаштирилади.

27. Вазирлик фаолияти қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тўхтатилади.