язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Транспорт/ "Трансйўлқурилиш компанияси" давлат унитар корхонасининг Устави (ЎзР ВМ 25.02.2016 й. 52-сон қарорига 2-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2016 йил 25 февралдаги

52-сон қарорига

2-ИЛОВА



"Трансйўлқурилиш компанияси"

давлат унитар корхонасининг

УСТАВИ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Устав Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Осиё тараққиёт банки иштирокида "Минтақавий автомобиль йўлларини ривожлантириш" лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2008 йил 28 февралдаги ПҚ-804-сон қарори билан ташкил этилган "Трансйўлқурилиш компанияси" давлат унитар корхонаси (кейинги ўринларда Компания деб аталади) фаолиятини ташкил этиш ва амалга ошириш тартибини белгилайди.


2. Компания ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, бошқа қонун ҳужжатларига ва ушбу Уставга амал қилади.


3. Компания автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш юзасидан тендерлар ғолиблари бўлган пудрат ташкилотлари билан тузиладиган шартномалар асосида, махсус йўл-қурилиш техникасидан, асбоб-ускуналаридан, шунингдек уларни ишлатиш бўйича малакали ходимлардан фойдаланган ҳолда механизациялаштирилган йўл-қурилиш ва таъмирлаш ишларини амалга оширади.


4. Компания Давлат унитар корхонаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади, банк муассасаларида ҳисоб рақамларига, шу жумладан валюта ҳисоб рақамларига, Ўзбекистон Республикасининг герби тасвири туширилган, ўзининг тўлиқ фирма номи давлат тилида кўрсатилган муҳрга эга бўлади ва ўз фаолиятини тўлиқ хўжалик ҳисоби ва ўзини ўзи молиялаштириш принципларида амалга оширади, ишлаб чиқариш-хўжалик ва молиявий фаолият масалаларини мустақил ҳал этади.


5. Компаниянинг юридик манзили: Ўзбекистон Республикаси, 100052, Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек тумани, Катта Дарҳон кўчаси, 15-уй.


6. Компаниянинг фаолият муддати чекланмаган.


7. Компаниянинг номи:

а) тўлиқ номи:

давлат тилида: "Transyo`lqurilish" kompaniyasi" Davlat unitar korxonasi;

рус тилида: Государственное унитарное предприятие "Компания "Трансйулкурилиш";

инглиз тилида: State enterprise "Company "Transyo`lqurilish";

б) қисқартирилган номи:

давлат тилида: "Transyo`lqurilish" DUK;

рус тилида: ГУП "Трансйулкурилиш";

инглиз тилида: SE "Transyo`lqurilish".


8. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Компаниянинг муассиси (кейинги ўринларда муассис деб аталади) ҳисобланади.


9. Компания қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўз номидан мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқларни сотиб олиши ва амалга ошириши, мажбуриятлар олиши, судда даъвогар ва жавобгар бўлиши, низоларни ҳал этишда бошқа органларда вакиллик қилиши мумкин.


10. Компания муассиснинг розилиги билан қонун ҳужжатларига мувофиқ уларда юридик шахсларнинг иштирокига йўл қўйиладиган тижорат ташкилотларининг, шунингдек нотижорат ташкилотларининг қатнашчиси (аъзоси) бўлиши мумкин.


11. Компания бошқа давлат унитар корхонасининг муассиси бўлиши мумкин эмас.



II. КОМПАНИЯНИНГ ПРЕДМЕТИ, АСОСИЙ

ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


12. Механизациялаштирилган йўл-қурилиш ва таъмирлаш ишларини бажариш Компания фаолиятининг предмети ҳисобланади.


13. Қуйидагилар Компаниянинг асосий вазифалари ҳисобланади:

автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш бўйича тендерлар ғолиблари бўлган пудрат ташкилотлари билан тузиладиган шартномалар асосида махсус йўл-қурилиш техникасидан, асбоб-ускуналаридан, шунингдек уларни ишлатиш бўйича малакали ходимлардан фойдаланган ҳолда механизациялаштирилган йўл-қурилиш ва таъмирлаш ишларини ўз вақтида бажариш;

Республиканинг умумий фойдаланиладиган автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш дастурига киритилган лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этиш;

Осиё тараққиёт банки билан лойиҳа доирасида олинадиган йўл-қурилиш техникаси ва асбоб-ускуналаридан мақсадли ва самарали фойдаланилишини, уларнинг сақланишини, уларга ўз вақтида техник ва профилактик хизмат кўрсатилишини ва уларнинг зарур иш ҳолатида сақланишини таъминлаш;

Осиё тараққиёт банкининг жалб этилган қарзига ўз вақтида хизмат кўрсатиш ва унинг белгиланган қисмини ўз маблағлари ҳисобига қайтариш.


14. Компания қуйидаги функцияларни бажаради:

йўл-қурилиш техникасидан, асбоб-ускуналаридан ва уларни ишлатиш бўйича малакали ходимлардан фойдаланган ҳолда механизациялаштирилган йўл-қурилиш ва таъмирлаш ишларини бажаришга пудрат ташкилотларининг буюртманомаларини қабул қилади ва умумлаштиради;

автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш юзасидан пудрат ташкилотлари - тендерлар ғолиблари билан тузилган шартномалар асосида йўл-қурилиш техникасидан, асбоб-ускуналаридан ва уларни ишлатиш бўйича малакали ходимлардан фойдаланган ҳолда механизациялаштирилган йўл-қурилиш ва таъмирлаш ишларини амалга оширади. Бунда пудрат ташкилоти механизациялаштирилган ишлар бажарилганлиги учун белгиланган тарифларга мувофиқ "Трансйўлқурилиш" компаниясига ҳақ тўлайди, автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш бўйича бажарилган ишларнинг умумий ҳажми эса - белгиланган тартибда пудратчи ҳисобига ёзилади;

"Ўзавтойўл" давлат-акциядорлик компаниясининг ҳудудий корхоналари базалари ҳудудида ҳақ ундирилмасдан жойлаштириладиган йўл-қурилиш техникаси ва асбоб-ускуналари комплекслари таркибида ҳаракатчан ҳудудий бўлинмаларни шакллантиради;

йўл-қурилиш техникаси ва асбоб-ускуналаридан, шунингдек Компания балансидаги бошқа мол-мулкдан мақсадли ва самарали фойдаланилишини, уларнинг зарур иш ҳолатида сақланишини таъминлайди;

"Ўзавтойўл" давлат-акциядорлик компаниясининг "Ўзйўлмашсервис" йўл-таъмирлаш корхонасининг ишлаб чиқариш базасида унга ҳақ ундирилмасдан бериладиган йўл-қурилиш техникаси ва асбоб-ускуналарига техник хизмат кўрсатади ва уларни таъмирлайди;

ходимларни йўл-қурилиш техникаси ва асбоб-ускуналаридан фойдаланиш ва уларга техник хизмат кўрсатиш қоидаларига ўқитади;

йўл-қурилиш техникаси ва асбоб-ускуналаридан фойдаланиш ва уларни сақлаш қоидалари талаблари бажарилиши юзасидан қатъий назоратни амалга оширади;

тузилган битимларга мувофиқ Осиё тараққиёт банкининг жалб этилган қарзига ўз вақтида хизмат кўрсатилишини ва қарзнинг белгиланган қисми қайтарилишини таъминлайди;

автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш учун юкларни автомобиль транспортида шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ташиш ишларини бажаради;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа функцияларни амалга оширади.

Амалга оширилиши учун махсус рухсатнома (лицензия) талаб этиладиган фаолият турлари, ушбу Уставнинг 14-бандида кўрсатилган фаолият турлари бундан мустасно, Компания томонидан белгиланган тартибда тегишли лицензия олингандан кейин амалга оширилади.



III. КОМПАНИЯНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ,

МАЖБУРИЯТЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


15. Компания:

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишган ҳолда амалга ошириладиган механизациялаштирилган йўл-қурилиш ва таъмирлаш ишларига тарифлар белгилаш;

пудрат ташкилотларининг йўл-қурилиш техникасига бўлган эҳтиёжларидан келиб чиқиб бажариладиган ишлар ҳажмини прогнозлаштириш;

йўл-қурилиш техникаси ва асбоб-ускуналаридан самарали фойдаланилишини таъминлашни ҳисобга олган ҳолда пудрат ташкилотлари билан тузилган шартномаларга мувофиқ йўл-қурилиш техникаси ва асбоб-ускуналарининг жойини ўзгартириш ва улардан фойдаланишнинг навбатлилиги ва режа-жадвалини тартибга солиш ҳуқуқига эга.


16. Компания:

тузилган шартномалар шартларининг ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда бажарилишини таъминлашга;

йўл-қурилиш техникаси ва асбоб-ускуналаридан белгиланган нормалар ва қоидаларга мувофиқ фойдаланишга ва сақлашга;

йўл-қурилиш техникаси ва асбоб-ускуналарини ўз вақтида мукаммал ва жорий таъмирлашга, уларга техник хизмат кўрсатишга;

йўл-қурилиш техникаси ва асбоб-ускуналаридан фойдаланиш самарадорлигини ошириш тадбирларини бажаришга;

йўл-қурилиш техникаси ва асбоб-ускуналаридан фойдаланиш қоидалари бузилишининг сабабларини таҳлил қилишга, уларнинг олдини олиш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўришга мажбур.


17. Компания тузилган шартномаларга мувофиқ механизациялаштирилган йўл-қурилиш ва таъмирлаш ишларининг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши, шунингдек йўл-қурилиш техникаси профилактикасининг ўз вақтида ва сифатли ўтказилиши, уларнинг зарур тарзда сақланиши ва улардан фойдаланиш учун жавоб беради.



IV. КОМПАНИЯ ФАОЛИЯТИНИ БОШҚАРИШ


18. Компания муассисга ҳисобот беради.


19. Муассис қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда:

Компания фаолияти мақсадларини, предмети ва турларини белгилаш;

Компаниянинг мол-мулки билан тузилган битимларнинг ҳақиқий эмаслигини эътироф этиш тўғрисидаги даъво билан судга мурожаат қилиш;

Компанияни истиқболли ривожлантиришнинг стратегик вазифалари ва йўналишларини белгилаш;

Компанияни ривожлантиришнинг ўртача муддатли ва узоқ муддатли дастурлари ишлаб чиқилишини ташкил этиш;

механизациялаштириш, техник ва технологик жиҳатдан янгилаш дастурлари ва лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва уларнинг амалга оширилишини назорат қилиш, замонавий илмий-техника ютуқларига мувофиқ ишлаб чиқаришга янги технологияларни жорий этиш;

ички аудит хизматини ташкил этиш ва унинг ходимларини тайинлаш;

қўшма корхоналар ташкил этиш билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқиш;

Компаниянинг ташкилий тузилмасини ва унинг ижро этувчи аппарати тузилмасини тасдиқлаш;

ижро этувчи орган фаолияти тартибини белгилайдиган ҳужжатларни тасдиқлаш ҳуқуқига эга.


20. Компанияга тезкор раҳбарлик қилиш Компания дирекцияси томонидан амалга оширилади. Компания дирекциясига директор бошчилик қилади.


21. Директорнинг икки нафар ўринбосари бўлади, улардан бири лавозимига кўра Компаниянинг бош муҳандиси ҳисобланади.


22. Компания директори муассис томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.



V. КОМПАНИЯНИНГ УСТАВ ФОНДИ


23. Компаниянинг устав фонди Компания томонидан ишлаб чиқариш - хўжалик фаолиятини амалга ошириш учун белгиланган тартибда муассис томонидан ўзига берилган маблағлар, мол-мулк ва бошқа активлар йиғиндисидан иборат бўлади.


24. Компаниянинг устав фонди миқдори 8 749 078 042 сўмни ташкил этади.


25. Қуйидагилар Компаниянинг устав фондини шакллантириш манбалари ҳисобланади:

бинолар, иншоотлар, ишлаб чиқариш воситалари ва муассис томонидан бериладиган бошқа мол-мулк;

пул маблағлари, қимматли қоғозлар, асосий воситалар ва муассис томонидан ёки унинг номидан киритиладиган бошқа мулкий ҳуқуқлар.



VI. КОМПАНИЯНИНГ УСТАВ ФОНДИНИ

КЎПАЙТИРИШ ВА КАМАЙТИРИШ ТАРТИБИ


26. Компаниянинг устав фонди миқдорини кўпайтириш ёки камайтириш Компания Уставига тегишли ўзгартиришлар киритиш йўли билан, муассиснинг қарорига кўра, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



VII. КОМПАНИЯНИНГ МОЛ-МУЛКИНИ ТАСАРРУФ ЭТИШ


27. Компаниянинг мол-мулки қуйидаги манбалардан ҳосил бўлади:

бинолар, иншоотлар ва "Ўзавтойўл" акциядорлик компаниясининг "Ўзйўлмашсервис" йўл-таъмирлаш корхонасидан бериладиган бошқа мол-мулк;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармасининг пул улушлари;

Осиё тараққиёт банки ва Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси қарзининг қайта кредитланадиган маблағлари;

хўжалик фаолияти юритишдан, шу жумладан, ташқи иқтисодий фаолиятдан олинадиган даромадлар;

ишлаб чиқариш филиаллари фаолиятидан тушумлар;

қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа тушумлар.


28. Муассис томонидан Компанияга тезкор бошқариш ҳуқуқи билан бириктирилган асосий фондлар ва айланма маблағлар Компаниянинг мол-мулкини ташкил этади.


29. Компаниянинг асосий фондлари ва айланма маблағлари бўлинмас ҳисобланади ва омонатлар (улушлар, пайлар) бўйича тақсимланиши мумкин эмас.


30. Муассис Компанияга берилган давлат мол-мулкининг мақсадли фойдаланилиши ва сақланиши, шунингдек ўзгага берилишини назорат қилади.


31. Компания директори муассис билан келишган ҳолда қуйидаги ҳолларда Компания мол-мулкини тасарруф этиши мумкин:

асосий воситаларни реализация қилиш, ижарага ёки гаровга бериш;

мол-мулкни омонат сифатида хўжалик жамиятларининг устав фондига киритиш;

бошқа хўжалик жамиятларининг акцияларини (улушларини) сотиб олиш ва сотиш;

Компания фаолияти мақсадларига мувофиқ бўлмаган мол-мулкни бошқача тарзда тасарруф этиш.



VIII. ДАРОМАДНИ (ФОЙДАНИ) ТАҚСИМЛАШ

ВА ЗАРАРЛАРНИ ҚОПЛАШ ТАРТИБИ


32. Олинган даромадлар билан амалга оширилган сарф-харажатлар ўртасидаги тафовут сифатида аниқланадиган фойда Компания молия-хўжалик фаолиятининг асосий умумлаштирувчи кўрсаткичи ҳисобланади.

Фойдадан жалб этилган қарзларнинг белгиланган қисмини қайтаришда ва Компанияни ривожлантиришни молиялаштиришда фойдаланилади.

Қарзнинг белгиланган қисмини қайтаришда фойда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тўлангандан кейин Компания тасарруфида қолади ва Компанияни ривожлантиришни молиялаштиришга йўналтирилади.


33. Компаниянинг хўжалик фаолияти натижасида кўрилган зарарларни қоплаш ушбу мақсадлар учун ташкил этилган захира жамғармаси маблағлари ҳисобига амалга оширилиши мумкин.



IX. ЗАХИРА ЖАМҒАРМАСИНИ ВА БОШҚА

ЖАМҒАРМАЛАРНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТАРТИБИ


34. Компания соф фойданинг ўз тасарруфида қоладиган қисми ҳисобига захира жамғармасини, шунингдек миқдори ва шакллантириш тартиби муассис томонидан тасдиқланадиган бошқа жамғармаларни ташкил этиши мумкин.

Захира жамғармасини тўлдиришга асосий воситаларни қайта баҳолаш суммаси ва бепул олинган мол-мулк қиймати ҳам йўналтирилади.



X. КОМПАНИЯ ДИРЕКТОРИНИНГ ФУНКЦИЯЛАРИ,

МАЖБУРИЯТИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


35. Директор:

Компания номидан ишончномасиз иш кўради, шу жумладан унинг манфаатларини ифодалайди, белгиланган тартибда битимлар тузади;

Компания фаолиятига умумий раҳбарлик қилади;

Компания ходимлари ўртасида вазифаларни тақсимлайди, уларнинг ваколатларини белгилайди;

ўз ваколатлари доирасида Компания маблағларини белгиланган тартибда ишончномасиз тасарруф этади;

Компания номидан шартномалар тузади, бундай шартномаларни тузишга ишончномалар беради;

ходимларни ишга қабул қилади, улар билан меҳнат шартномалари тузади, уларни ўзгартиради ва уларнинг амал қилишини тўхтатади;

Компаниянинг барча ходимлари бажариши мажбурий бўлган буйруқлар ва фармойишлар чиқаради;

Компаниянинг хўжалик фаолиятини амалга ошириш учун зарур бўлган бошқа функцияларни амалга оширади.


36. Қуйидагилар директорнинг мажбуриятлари ҳисобланади:

Компаниянинг ички тартиби ва хўжалик фаолиятини тартибга солувчи ҳужжатларни тасдиқлаш;

Компаниянинг йиллик ҳисоботларини ва молия-хўжалик фаолияти балансларини тасдиқлаш;

давлат буюртмаси бажарилишини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган дастурларнинг бажарилишини ташкил этиш;

асосий фаолиятни истиқболли ривожлантириш бўйича тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга оширишга, ишлаб чиқаришни бошқариш тизимларини такомиллаштиришга, илмий-техника тараққиёти ютуқларини жорий этишга йўналтирилган чора-тадбирлар кўриш.

Директор ўз ҳуқуқларини амалга оширишда ва мажбуриятларини бажаришда Компания манфаатларидан келиб чиқиб иш кўради ва Компанияга юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши, ушбу Уставга риоя қилиниши учун жавоб беради.



XI. ҲИСОБОТЛАРНИ ТУЗИШ ТАРТИБИ


37. Компания ҳисобот даври тамом бўлгандан кейин ваколатли органларга молия ҳисоботини ва бошқа ҳужжатларни, шу жумладан электрон шаклда тақдим этади, уларнинг рўйхати қонун ҳужжатларида белгиланади ҳамда ҳужжатларнинг сақланиши ва уларнинг белгиланган тартибда давлат томонидан сақланиши учун жавоб беради.


38. Хўжалик юритувчи субъект сифатида Компания фаолиятини назорат қилиш муассис томонидан, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


39. Директор йилнинг ҳар чорагида ишлаб чиқариш-хўжалик фаолияти натижалари ва Компанияни ривожлантиришнинг тасдиқланган муҳим дастурлари амалга оширилиши тўғрисида муассисга ҳисобот беради.



XII. КОМПАНИЯНИНГ ФИЛИАЛЛАРИ

ВА ВАКОЛАТХОНАЛАРИ


40. Компания муассис билан келишиб, қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилган ҳолда ҳам Ўзбекистон Республикаси ҳудудида, ҳам унинг ташқарисида филиаллар ташкил этиши ва ваколатхоналар очиши мумкин.


41. Компаниянинг филиаллари ва ваколатхоналари Компания томонидан тасдиқланган Низом асосида, унинг номидан иш кўради.


42. Компаниянинг филиали ёки ваколатхонаси раҳбари муассис билан келишган ҳолда директор томонидан тайинланади ва ўзига берилган ишончнома асосида иш юритади, ишончнома ушбу ходим билан меҳнат шартномаси тўхтатилганда директор томонидан бекор қилиниши керак.



XIII. КОМПАНИЯНИ ТУГАТИШ

ВА ҚАЙТА ТАШКИЛ ЭТИШ


43. Компания қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда муассиснинг қарори бўйича ёки суднинг қарорига кўра тугатилиши ёки қайта ташкил этилиши мумкин.


44. Компаниянинг тугатилиши, ҳуқуқ ва мажбуриятлар ҳуқуқий ворислик тартибида бошқа шахсларга ўтказилмасдан, унинг фаолияти тўхтатилишига олиб келади. Қайта ташкил этишда ҳуқуқ ва мажбуриятлар ҳуқуқий ворисга ўтади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2016 йил 29 февраль, 8-сон, 80-модда