язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Транспорт/ Ҳаво транспорти/ Ўзбекистон Республикаси Авиация қоидалари/ Фуқаро авиацияси ҳаво кемаларининг парвоз маълумотларини йиғиш, таҳлил қилиш, сақлаш ҳамда улардан фойдаланиш бўйича авиация қоидалари (ЎзР АҚ-123) (АВ томонидан 14.10.2015 й. 2718-сон билан рўйхатга олинган Парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғининг 15.09.2015 й. 65-н-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2015 йил 14 октябрда 2718-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Парвозлар хавфсизлигини

назорат  қилиш давлат

инспекцияси бошлиғининг

2015 йил 15 сентябрдаги

65-н-сон буйруғига

ИЛОВА



Фуқаро авиацияси ҳаво кемаларининг парвоз

маълумотларини йиғиш, таҳлил қилиш, сақлаш

ҳамда улардан фойдаланиш бўйича авиация

қоидалари (ЎзР АҚ-123)


Мазкур авиация қоидалари Ўзбекистон Республикасининг Ҳаво кодекси, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари талабларига, Фуқаро авиацияси халқаро ташкилотининг (ИКАО) стандартлари ва тавсияларига мувофиқ, фуқаро авиацияси ҳаво кемаларининг парвоз маълумотларини йиғиш, таҳлил қилиш, сақлаш ҳамда улардан фойдаланиш тартибини белгилайди.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур авиация қоидаларида қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


парвоз маълумотларини ёзиш ускунаси - ҳаво кемасига ўрнатилган ва парвоз маълумотларини мустақил ёзувчи ускуна;


парвоз маълумотлари - ҳаво кемасининг парвоз маълумотларини ёзиш ускунаси қайд этган параметрик ва товуш маълумотлари;


параметрик маълумотлар - ҳаво кемасининг техник тавсифларини билдирувчи физик диапазонда маълум бир қийматга эга бўладиган кўрсаткичли маълумотлар;


товуш маълумотлари - экипажнинг ички ва ташқи алоқа (радиоалоқа) музокаралари, ҳаво кемаси кабинасидаги сўзлашувлар ҳамда овозли сигналлар, шунингдек парвоздаги бошқа шовқинлардан иборат товушли маълумотлар;


ҳаво кемасининг эксплуатанти - ҳаво кемасига мулк ҳуқуқи ёки бошқа ашёвий ҳуқуқ асосида эгалик қилувчи, шу ҳаво кемасидан фойдаланишни амалга ошириш қобилияти эксплуатант сертификати билан тасдиқланган юридик ёки жисмоний шахс.


2. Мазкур авиация қоидалари Ўзбекистон Республикасининг фуқаро авиацияси ҳаво кемалари эксплуатантларига нисбатан татбиқ этилади.


3. Ҳаво кемасининг эксплуатанти томонидан мазкур авиация қоидаларида белгиланган талаблар доирасида парвоз маълумотларини йиғиш, таҳлил қилиш, фойдаланиш ҳамда уларни сақлашнинг техник процедуралари ҳамда ички назоратни амалга ошириш тартиби бўйича услубий кўрсатмалар (бундан буён матнда услубий кўрсатмалар деб юритилади) ишлаб чиқилиши ва тасдиқланиши мумкин.


4. Ҳаво кемасининг эксплуатанти томонидан ишлаб чиқиладиган услубий кўрсатмаларда:

парвоз маълумотларини ёзиш ускунасидан параметрик маълумотларни ҳамда товуш маълумотларини йиғиш тартиби;

йиғиб олинган парвоз маълумотларини таҳлил қилиш тартиби;

парвоз маълумотлари ва уларни таҳлил қилиш натижаларини сақлаш тартиби;

парвоз маълумотларининг таҳлили натижалари ва аниқланган камчиликлар бўйича кўриладиган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш, уларни амалга ошириш ва назорат қилиш тартиби;

парвоз маълумотларини йиғиш, таҳлил қилиш ва улардан фойдаланиш бўйича ишларнинг ҳисобини юритиш тартиби;

парвоз маълумотларини йиғиш, таҳлил қилиш, фойдаланиш ва уларни сақлаш бўйича масъул шахслар (бўлинмалар) доираси ва уларнинг жавобгарлиги ҳамда бошқа зарур қоидалар белгиланади.


5. Авиация ҳалокати ёки бахтсиз ҳодиса юз берганда, парвоз маълумотларини йиғиш, таҳлил қилиш ҳамда уларни сақлаш Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 27 декабрдаги 505-сонли қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида фуқаро ҳаво кемалари билан содир бўлган авиация ҳалокати ва бахтсиз ҳодисаларни текшириш қоидаларига мувофиқ амалга оширилади.



2-БОБ. ПАРВОЗ МАЪЛУМОТЛАРИНИ ЙИҒИШ


6. Ҳаво кемасининг эксплуатанти компьютерга парвоз маълумотларини ёзиш ускунасида қайд этилган парвоз маълумотларининг йиғиб олинишини таъминлаши лозим.


7. Парвоз маълумотларини йиғиш уларни парвоз маълумотларини ёзиш ускунасидан техник воситалар ёрдамида компьютерга юклаб олиш йўли билан амалга оширилади.


8. Ҳаво кемасининг эксплуатанти томонидан параметрик маълумотлар ҳаво кемасида бажарилган ҳар бир парвоз бўйича йиғиб олинади.


9. Товуш маълумотлари Ўзбекистон Республикаси фуқаро авиациясида учиш ишларини ташкил этиш бўйича қоидаларнинг (ЎзР АҚ-92) (рўйхат рақами 1773, 2008 йил 26 февраль) XI боби 2-параграфида назарда тутилган ҳолларда йиғиб олиниши керак. Ҳаво кемасининг эксплуатанти парвозлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида бошқа ҳолатларда ҳам товуш маълумотларини йиғиб олиши мумкин. Бунда мазкур ҳолатлар услубий кўрсатмаларда кўрсатилган бўлиши лозим.


10. Ҳаво кемасининг эксплуатанти парвоз маълумотларини йиғиб олишда техник имкониятлар (техник воситалар)га эга бўлган ташкилотларнинг хизматларидан келишув асосида фойдаланиши мумкин.


11. Парвоз маълумотларини ёзиш ускунасидан парвоз маълумотларини йиғиб олишда ҳаво кемасининг техник эксплуатацияси бўйича қўлланмада белгиланган талабларга риоя қилиниши таъминланиши лозим.



3-БОБ. ПАРВОЗ МАЪЛУМОТЛАРИНИ ТАҲЛИЛ ҚИЛИШ


12. Йиғиб олинган парвоз маълумотлари ҳаво кемасининг эксплуатанти томонидан таҳлил қилинади.


13. Барча параметрик маълумотлар дастлаб экспресс (тезкор) таҳлил қилинади. Параметрик маълумотларни экспресс (тезкор) таҳлил қилиш уларни махсус мантиқий алгоритмлардан фойдаланилган ҳолда тезкор таҳлил қилишдан иборат.

Экспресс (тезкор) таҳлил қилиш давомида ҳаво кемасининг асосий парвоз кўрсаткичларидан четга чиққанлиги ҳолатлари аниқланганда, параметрик маълумотлар тўлиқ таҳлил қилиниши шарт. Бундай ҳолларда, заруратга қараб, товуш маълумотлари ҳам йиғиб олиниши ва таҳлил қилиниши мумкин.


14. Ўзбекистон Республикаси фуқаро авиациясида учиш ишларини ташкил этиш бўйича қоидаларнинг (ЎзР АҚ-92) (рўйхат рақами 1773, 2008 йил 26 февраль) XI боби 2-параграфида назарда тутилган ҳолларда йиғиб олинган барча товуш маълумотлари тўлиқ таҳлил қилиниши лозим.



4-БОБ. ПАРВОЗ МАЪЛУМОТЛАРИНИ САҚЛАШ


15. Ҳаво кемасининг эксплуатанти:

парвоз маълумотларининг ишончли сақланишини;

парвоз маълумотларидан фойдаланишга рухсати бўлган шахслар доираси белгиланишини;

парвоз маълумотларидаги шахсга оид маълумотларнинг сир сақланиши таъминлаши шарт.


16. Парвоз маълумотлари камида 1 йил сақланиши лозим.



5-БОБ. ПАРВОЗ МАЪЛУМОТЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШ


17. Ҳаво кемасининг эксплуатанти парвоз маълумотлари ва уларнинг таҳлили натижаларидан фақат:

парвозлар хавфсизлигига етказилиши мумкин бўлган хавф-хатарларни аниқлашда, уларни бартараф этишда ва парвозлар хавфсизлигини таъминлашга қаратилган зарур чора-тадбирларни белгилашда;

ҳаво кемаси экипажининг профессионал тайёргарлигини, ҳаво кемасининг учиш бўйича эксплуатация қўлланмаси талабларига риоя қилишини, радиоалоқа олиб бориш ва ўзаро муносабат технологияларининг тўғри бажарилишини ҳамда парвознинг техник сифатини текширишда;

ҳаво кемасининг (унинг тизимлари ва ускуналари, двигателлари ва бошқаларнинг) ишлашини назорат қилишда фойдаланади.


18. Ҳаво кемасининг эксплуатантлари парвоз маълумотларидан бошқа мақсадларда фойдаланишнинг олди олинишини таъминлаши лозим.



6-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


19. Ҳаво кемасининг эксплуатанти парвоз маълумотлари таҳлили натижаларини ҳар ойда мазкур авиация қоидаларининг иловасига мувофиқ шаклда умумлаштириб боради.


20. Парвоз маълумотлари ва уларнинг таҳлили натижаларини қасддан ўзгартириш ва йўқ қилиш тақиқланади.


21. Профилактик тадбирларни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан парвоз маълумотлари ҳаво кемасининг эксплуатанти билан биргаликда мунтазам равишда ўрганиб, таҳлил қилиб борилади.


22. Мазкур авиация қоидалари талабларини бузган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.


23. Мазкур авиация қоидалари "Ўзбекистон ҳаво йўллари" МАК билан келишилган.






Қоидаларга (ЎзР АҚ-123)

ИЛОВА



Парвоз маълумотларини таҳлил қилиш натижалари бўйича

МАЪЛУМОТ

20 ___ йилнинг ____________ ойи учун


              



(ҳаво кемаси эксплуатантининг номи)


    

Т/р

Ҳаво

кемасининг

тури

Ҳаво кемасининг

Ўзбекистон

Республикаси

Давлат ҳаво

кемалари

реестрида

рўйхатга

олинган

рақами

Ҳаво

кемасида

бажарилган

парвозлар

сони


Таҳлил қилинган

параметрик маълумотлар:


Таҳлил

қилинган

товуш

маълумот-

лари сони

таҳлил

қилинган

пара-

метрик

маълу-

мотлар

сони


аниқ-

ланган

техник

носоз-

ликлар /

парвоз

кўрсат-

кичлари-

дан четга

чиқишлар

сони


носоз-

ликлар /

парвоз

кўрсат-

кичлари-

дан четга

чиқиш-

ларни

тавсиф-

ловчи

белгилар


амалга

оши-

рилган

чора-

тадбир-

лар
















       

Изоҳ: таҳлил қилинмай қолган парвоз маълумотлари сабаби кўрсатилган ҳолда, жадвалга изоҳ берилади.

Маълумот тузган шахс:







(лавозими ва Ф.И.О)


(имзо)


(сана)

"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2015 йил 19 октябрь, 41-сон, 531-модда