язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Пенсиялар. Нафақа. Ижтимоий ҳимоя/ Ижтимоий таъминот ва ижтимоий сугуртани бошқариш ва молиялаштириш/ Ўзбекистон Республикасининг 10.09.2008 й. ЎРҚ-174-сон "Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларидан мажбурий давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 26.06.2008 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 28.08.2008 й. маъқулланган)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

10.09.2008 й.

N ЎРҚ-174



ИШЛАБ ЧИҚАРИШДАГИ БАХТСИЗ

ҲОДИСАЛАР ВА КАСБ КАСАЛЛИКЛАРИДАН

МАЖБУРИЙ ДАВЛАТ ИЖТИМОИЙ

СУҒУРТАСИ ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2008 йил 26 июнда қабул қилинган

Сенат томонидан 2008 йил 28 августда маъқулланган


1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади


Ушбу Қонуннинг мақсади ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларидан мажбурий давлат ижтимоий суғуртаси соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.



2-модда. Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва

касб касалликларидан мажбурий давлат ижтимоий

суғуртаси тўғрисидаги қонун ҳужжатлари


Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларидан мажбурий давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларидан мажбурий давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.



3-модда. Асосий тушунчалар


Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса - суғурталанган шахснинг у меҳнат шартномаси (контракт) бўйича ўз вазифаларини суғурта қилдирувчининг ҳудудида ёки ундан ташқарида бажараётганда меҳнатда майиб бўлишига ёки соғлиғининг бошқача тарзда шикастланишига олиб келган ва суғурталанган шахсни бошқа ишга ўтказиш заруриятини келтириб чиқарган, унинг касбга оид меҳнат қобилиятини вақтинча ёки турғун йўқотишига ёхуд вафот этишига сабаб бўлган ҳодиса;


касб касаллиги - суғурталанган шахсга унга ишлаб чиқаришнинг зарарли ёки хавфли омили таъсири натижасида унинг касбга оид меҳнат қобилиятини вақтинча ёки турғун йўқотишига сабаб бўлган ўткир ёки сурункали касаллик;


меҳнатда майиб бўлиш - ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса оқибатида суғурталанган шахснинг касбга оид меҳнат қобилиятини вақтинча ёки турғун йўқотиши;


суғурталовчи - Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси;


суғурта бадаллари - суғурта қилдирувчининг меҳнатга ҳақ тўлаш фондидан суғурталовчига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва миқдорларда амалга ошириладиган ажратмалари;

суғурталанган шахс - меҳнат шартномаси (контракт) асосида ишлайдиган, суғурта қилдирувчи суғурталовчига шу шартномага (контрактга) мувофиқ суғурта бадалларини тўлайдиган, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларидан мажбурий давлат ижтимоий суғуртаси қилиниши лозим бўлган жисмоний шахс;


суғурта қилдирувчи - жисмоний шахсни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда меҳнат шартномаси (контракт) бўйича ишга ёллаган юридик ёки жисмоний шахс;


суғурта ҳодисаси - суғурталанган шахснинг соғлиғига ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса ёки касб касаллиги оқибатида зарар етказилганлиги ёки унинг вафот этганлиги белгиланган тартибда тасдиқланган факт бўлиб, у суғурта товони тўловларини амалга ошириш бўйича суғурталовчининг мажбурияти вужудга келишига сабаб бўлади.



4-модда. Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар

ва касб касалликларидан мажбурий давлат

ижтимоий суғуртасининг мақсадлари


Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларидан мажбурий давлат ижтимоий суғуртасининг мақсадлари қуйидагилардан иборат:

фуқароларнинг ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларидан мажбурий давлат ижтимоий суғуртасига бўлган ҳуқуқларини қонунда белгилаб қўйиш орқали уларнинг ижтимоий ҳимоясини амалга ошириш, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса ва касб касаллиги оқибатида ходимнинг ҳаёти ҳамда соғлиғига зарар етказилганлиги муносабати билан суғурта товони тўланишини таъминлаш;

меҳнатни муҳофаза қилиш ҳолатини ва меҳнат шароитларини яхшилаш, ходимларнинг соғлиғини сақлаш.



5-модда. Суғурталанган шахснинг

ҳуқуқ ва мажбуриятлари


Суғурталанган шахс:

ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларидан мажбурий давлат ижтимоий суғуртаси бўйича суғурта товони билан таъминланиш;

суғурта ҳодисасини текширишда, шу жумладан, касаба уюшмаси органи ёки ўз ишончли шахси жалб қилинган ҳолда иштирок этиш;

суғурта ҳодисаларини текшириш натижаларига доир қарорлар устидан шикоят қилиш;

ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларидан мажбурий давлат ижтимоий суғуртаси бўйича ўз ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақида суғурта қилдирувчидан, суғурталовчидан бепул ахборот олиш;

тиббий текширувдан (қайта текширувдан) ўтиш масалалари юзасидан давлат соғлиқни сақлаш тизимининг даволаш-профилактика муассасаларига ва тиббий-меҳнат эксперт комиссиясига мустақил равишда мурожаат этиш;

ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларидан мажбурий давлат ижтимоий суғуртаси масалалари бўйича ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга, шунингдек касаба уюшмаси органларига мурожаат этиш ҳуқуқига эга.

Суғурталанган шахс:

меҳнатни муҳофаза қилиш нормаларига, қоида ва йўриқномаларига риоя этиши;

суғурта ҳодисаси юз берганда, ўз яшаш жойи ёки иш жойи ўзгарганлиги тўғрисида, шунингдек ўзи оладиган суғурта товонининг миқдори ўзгаришига ёки уни олиш ҳуқуқининг йўқолишига сабаб бўлувчи ҳолатлар ҳақида бундай ҳолатлар вужудга келган кундан эътиборан ўн кунлик муддат ичида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимларини хабардор қилиши;

тиббий, ижтимоий ва касбий реабилитация қилишга доир тавсияларни бажариши, тиббий-меҳнат эксперт комиссияси белгилаган муддатларда тиббий текширувдан (қайта текширувдан) ўтиши шарт.

Суғурталанган шахс қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши ва унинг зиммасида бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.



6-модда. Суғурта қилдирувчининг

ҳуқуқ ва мажбуриятлари


Суғурта қилдирувчи:

суғурталанган шахс меҳнатни муҳофаза қилиш нормаларига, қоида ва йўриқномаларига риоя этишини талаб қилиш;

суғурталанган шахсга суғурта ҳодисаси содир бўлганда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қўшимча ёрдам кўрсатиш;

ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, шунингдек суғурталанган шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга.

Суғурта қилдирувчи:

суғурта бадалларини суғурталовчига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва миқдорларда тўлаши;

суғурта ҳодисалари содир бўлишининг олдини олиш чораларини таъминлаши;

суғурта ҳодисаларини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда текшириши;

суғурта ҳодисаси содир бўлган кундан эътиборан бир сутка ичида бу ҳақда меҳнат шароитларини муҳофаза ва экспертиза қилиш давлат инспекциясига хабар қилиши;

суғурталанган шахсни тиббий-меҳнат эксперт комиссиясига тиббий текширувдан (қайта текширувдан) ўтиш учун юбориши;

суғурта ҳодисалари содир бўлишининг олдини олиш ва уларни текшириш масалалари бўйича давлат органларининг қарорларини ижро этиши ҳамда касаба уюшмаси органларининг таклифларини кўриб чиқиши;

суғурталанган шахсларга техника хавфсизлиги, ишлаб чиқариш санитарияси, ёнғин хавфсизлиги қоидаларини ва меҳнатни муҳофаза қилишнинг бошқа қоидаларини ўз маблағлари ҳисобидан ўқитиши;

суғурталанган шахсга унинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини, шунингдек ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларидан мажбурий давлат ижтимоий суғуртасининг тартиби ҳамда шартларини тушунтириши;

ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларидан мажбурий давлат ижтимоий суғуртасини амалга ошириш учун асос бўладиган ҳужжатларнинг тасдиқланган кўчирма нусхаларини суғурталанган шахсга тақдим этиши шарт.

Суғурта қилдирувчи қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши ва унинг зиммасида бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.



7-модда. Суғурталовчининг

ҳуқуқ ва мажбуриятлари


Суғурталовчи:

суғурта ҳодисалари тўғрисидаги ахборотни текшириш;

ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларидан мажбурий давлат ижтимоий суғуртаси масалалари юзасидан манфаатдор вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар билан ҳамкорлик қилиш;

ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, шунингдек суғурталанган шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга.

Суғурталовчи:

суғурта товони тўловларини амалга ошириш учун пул маблағларини тўплаши;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимлари томонидан амалга ошириладиган суғурта товони тўловларини белгиланган ҳажмларда ва ўз вақтида молиялаштириши;

ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларидан мажбурий давлат ижтимоий суғуртасини амалга ошириш учун маблағлардан фойдаланишнинг ҳисобга олинишини таъминлаши;

ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларидан мажбурий давлат ижтимоий суғуртаси тизимининг молиявий барқарорлигини таъминлайдиган зарур чораларни амалга ошириши;

суғурта қилдирувчилар, суғурталанган шахслар ва суғурта товони олиш ҳуқуқига эга бўлган бошқа шахслар тўғрисида ўз фаолияти натижасида олинган маълумотларнинг маҳфийлигини таъминлаши шарт.

Суғурталовчи қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши ва унинг зиммасида бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.



8-модда. Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз

ҳодисалар ва касб касалликларидан мажбурий

давлат ижтимоий суғуртасини амалга ошириш

учун маблағларни шакллантириш


Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларидан мажбурий давлат ижтимоий суғуртасини амалга ошириш учун маблағлар суғурталовчи томонидан қуйидагилар ҳисобига шакллантирилади:

суғурта қилдирувчиларнинг суғурта бадаллари;

ундириладиган жарима ва пенялар;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа тушумлар.


9-модда. Суғурта товонининг

турлари ва уни тўлаш


Суғурта товони ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса ёки касб касаллиги оқибатида тайинланган дафн этиш маросими учун бериладиган нафақа, ногиронлик пенсияси ҳамда боқувчисини йўқотганлик пенсияси тарзида тўланади.

Суғурта товони Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимлари томонидан тўланади.

Суғурта товони ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларидан мажбурий давлат ижтимоий суғуртасининг мақсадлари учун суғурталовчи томонидан тўпланган пул маблағлари ҳисобидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тўланади.



10-модда. Дафн этиш маросими

учун бериладиган нафақа


Суғурталанган шахс вафот этган тақдирда, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса ёки касб касаллиги оқибатида тайинланган дафн этиш маросими учун бериладиган нафақа унинг оила аъзоларига ёки дафн маросимини ўтказишни ўз зиммасига олган шахсларга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва миқдорларда тўланади.


11-модда. Ногиронлик пенсияси


Ногиронлик пенсияси ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса ёки касб касаллиги оқибатида меҳнат қобилияти тўлиқ ёки қисман йўқотилганда тайинланади.

Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса ёки касб касаллиги оқибатида ногиронлик пенсияси иш стажидан қатъи назар тайинланади.

Ногиронлик сабаблари ва гуруҳлари, шунингдек ногиронлик келиб чиққан вақт ва ногиронлик белгилаб қўйилаётган муддат қонун ҳужжатларида ўрнатилган тартибда тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари томонидан аниқланади.


12-модда. Боқувчисини йўқотганлик пенсияси


Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса ёки касб касаллиги оқибатида тайинланган боқувчисини йўқотганлик пенсияси вафот этган суғурталанган шахснинг қарамоғидаги меҳнатга лаёқатсиз оила аъзоларига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тўланади. Бунда ёшидан ва меҳнат лаёқатидан қатъи назар, фарзандларга, ота-онадан бирига ёки эр (хотин) ёхуд бува, буви, ака-ука ёки опа-сингилга пенсия, агар улар вафот этган боқувчининг болалари, ака-укалари, опа-сингиллари ёки набираларини, ишловчиларга болага қараш учун иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътилда бўлиш ҳуқуқини берадиган ёшга тўлгунига қадар боқиш билан машғул бўлса ва ишламаса, боқувчининг қарамоғида турган-турмаганлигидан қатъи назар, тайинланади.

Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса ёки касб касаллиги оқибатида тайинланган боқувчисини йўқотганлик пенсияси, шунингдек вафот этган суғурталанган шахснинг қарамоғида бўлмаган ота-онасига ва эрига (хотинига) ҳам, агар улар кейинчалик тирикчилик учун зарур маблағлар манбаидан маҳрум бўлиб қолган бўлса, тўланади.


13-модда. Низоларни ҳал этиш


Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларидан мажбурий давлат ижтимоий суғуртаси соҳасидаги низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.


14-модда. Суғурта қилдирувчининг жавобгарлиги


Суғурта қилдирувчи ушбу Қонун билан зиммасига юклатилган мажбуриятларнинг ўз вақтида бажарилиши, суғурта бадаллари ўз вақтида ва тўлиқ тўланиши учун жавобгардир.

Суғурта қилдирувчи суғурта бадалларини тўлаш бўйича мажбуриятларни бажариш кечиктирилганда суғурталовчига қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорда жарима ва пенялар тўлайди.


15-модда. Суғурталовчининг жавобгарлиги

Суғурталовчи ушбу Қонун билан зиммасига юклатилган мажбуриятларнинг ўз вақтида бажарилиши, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимлари томонидан амалга ошириладиган суғурта товони тўловларининг белгиланган ҳажмларда ўз вақтида молиялаштирилиши учун жавобгардир.



16-модда. Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз

ҳодисалар ва касб касалликларидан мажбурий

давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисидаги қонун

ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик


Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларидан мажбурий давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.


17-модда. Қонун ҳужжатларини

ушбу Қонунга мувофиқлаштириш


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.



18-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши


Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                              И. Каримов



"Халқ сўзи", 2008 йил 11 сентябрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2008 йил, 37-38-сон, 361-модда


"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси", 2008 й. 9-сон, 480-модда