язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Давлат ҳуқуқий тизими асослари/ Давлат дастурлари, концепциялари ва уларни амалга ошириш/ Ижтимоий соҳа/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 10.12.2015 й. Ф-4577-сон "Соғлом она ва бола йили" Давлат дастурини ишлаб чиқиш ва амалга оширишнинг ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармойиши

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОЙИШИ

10.12.2015 й.

N Ф-4577



"СОҒЛОМ ОНА ВА БОЛА ЙИЛИ"

ДАВЛАТ ДАСТУРИНИ ИШЛАБ ЧИҚИШ

ВА АМАЛГА ОШИРИШНИНГ ТАШКИЛИЙ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА



Халқимизнинг асрий анъаналарини ҳисобга олиб, "Она ва бола соғлом бўлса, оила бахтли, оила бахтли бўлса, жамият мустаҳкам бўлади" деган ҳаётбахш қадрият ва олижаноб ғоя жамиятда чуқурроқ англаб етилишига ва қарор топишига йўналтирилган кенг чора-тадбирлар комплексини амалга ошириш бўйича олиб борилаётган ишларнинг даражасини янада юксалтириш, оилани, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштириш, жамиятда оналарга алоҳида ҳурмат-эҳтиром муҳитини шакллантириш, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш, оиланинг мустаҳкам, соғлом ва аҳил бўлишида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш мақсадида, шунингдек 2016 йил Ўзбекистон Республикасида "Соғлом она ва бола йили" деб эълон қилинганлиги муносабати билан:


1. "Соғлом она ва бола йили" Давлат дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича Республика комиссияси иловага* мувофиқ таркибда ташкил этилсин.


2. Республика комиссияси (Ш. Мирзиёев):

манфаатдор вазирликлар ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан биргаликда, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини, бошқа жамоат ва ноҳукумат ташкилотларини кенг жалб этган ҳолда бир ой муддатда "Соғлом она ва бола йили" Давлат дастурининг лойиҳасини ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун киритсин;

"Соғлом она ва бола йили" Давлат дастурининг асосий йўналишларини чуқурроқ ишлаб чиқиш учун ишчи гуруҳлар ташкил этсин ва уларга республиканинг етакчи мутахассислари ва олимларини, кенг жамоатчилик вакилларини жалб этсин.


3. "Соғлом она ва бола йили" Давлат дастури лойиҳасини ишлаб чиқишда, соғлом ва баркамол авлодни шакллантириш, хотин-қизларнинг турмуш шароити ва даражасини ҳар томонлама яхшилаш юзасидан олиб борилаётган кенг кўламли ишларни янада мантиқий давом эттириш мақсадида, қуйидаги устувор вазифаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилсин:

оилани, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, аёллар манфаатларини ҳимоя қилиш, соғлом болани тарбиялашда уларнинг ролини ошириш, кучли, барқарор ва равнақ топаётган давлатнинг негизи сифатида оила институтини мустаҳкамлашга йўналтирилган қонунчилик ва норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш;

олис ва чекка қишлоқ туманларида яшаётган аҳоли, айниқса аёллар учун зарур ижтимоий, маиший ва тиббий нуқтаи назардан зарур шароитлар яратиш, қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосидаги замонавий уй-жойлар, ижтимоий инфратузилма объектларини барпо этиш, қишлоқ аҳолисини тоза ичимлик сув, табиий газ билан таъминлаш, хизматлар кўрсатиш ва сервис даражасини юксалтириш борасидаги ишларни изчил давом эттириш;

тиббиёт муассасаларининг, жумладан перинатал ва скрининг марказларнинг моддий-техника базасини ва кадрлар салоҳиятини янада мустаҳкамлаш, оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктларининг иш самарадорлигини ошириш, патронаж тиббиёт ҳамшираларининг сонини кўпайтиришни таъминлаш, акушер-гинекологлар ва болалар шифокорлари малакасини ошириш;

никоҳга кираётган шахсларнинг никоҳдан олдин тўлиқ тиббий кўрикдан ўтишини таъминлаш учун тиббиёт ходимларининг масъулиятини кучайтириш, шу асосда туғма ва ирсий касалликлар сонини камайтириш ҳамда ушбу мақсадларда поликлиникаларни замонавий ташхис ускуналари билан жиҳозлаш, кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини ошириш, мустаҳкам оила қуриш ва соғлом фарзанд туғилиши учун никоҳдан олдин тиббий кўрикдан ўтишнинг муҳимлигини аҳоли кенг қатламлари онгига сингдирган ҳолда катта тушунтириш ишларини олиб бориш;

аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, санитария ва гигиена, ҳомиладор аёлларнинг соғлиғини сақлаш ва психофизиологик аҳволини яхшилаш, ёш оналар ва болаларни тегишли тарзда парвариш қилиш соҳасидаги ишларни кучайтириш, уларнинг овқатланиш рациони сифати ва калорияси яхшиланишини таъминлаш;

ёшлар орасида жисмоний тарбия ва спортни кенг оммалаштириш, ёшларни, айниқса қишлоқ жойларда қизларни спорт билан мунтазам шуғулланишга жалб этиш, янги спорт объектларини қуриш, ишлаб турганларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, уларни замонавий спорт ускуналари ва анжомлари билан жиҳозлаш, юқори малакали тренер кадрлар ва мураббийлар билан таъминлаш;

мамлакатимизда тинчлик, осойишталик ва фаровонликни янада мустаҳкамлашнинг муҳим шарти сифатида оилаларда соғлом маънавий муҳитни, хусусан, ўзаро ҳурмат-эҳтиром, эр-хотин ўртасида, ота-оналар билан фарзандлар, қайнона-келин ўртасида, қўни-қўшнилар ўртасида меҳр-оқибат руҳини яратиш;

қиз болаларни - бўлажак оналарни - жисмонан соғлом ва интеллектуал ривожланган тарзда шакллантириш, уларнинг академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларида албатта таълим олишини, замонавий билимлар ва касб-ҳунарларга эга бўлишларини таъминлаш, уларнинг ҳаётда муносиб ўринни эгаллашларида, келажакда соғлом ва мустаҳкам оила қуришларида асосий шарт ҳисобланмиш мустаҳкам ҳаётий позицияни ва мустақил фикрлашни шакллантириш;

соғлом болани шакллантиришда таълим тизимининг ролини кучайтириш, мактабгача таълим муассасалари тармоғини янада ривожлантириш, бошланғич таълимнинг юқори сифатини таъминлаб, илғор педагогика ва ахборот-коммуникация технологияларини амалиётга кенг жорий этган ҳолда болаларни мактабга тайёрлаш даражасини тубдан ошириш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш тадбирларини амалга ошириш;

касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг, аввало қизларнинг иш билан бандлигини таъминлаш чора-тадбирларини амалга ошириш, ўз бизнесини йўлга қўйиш иштиёқидаги ёшларга имтиёзли кредитлар, ёш оилаларга уй-жой сотиб олиш ва қуриш учун ипотека кредитлари, узоқ муддат фойдаланиладиган товарлар харид қилиш учун истеъмол кредитлари ажратиш ишларини янада кенгайтириш;

дастурий чора-тадбирларни амалга ошириш билан боғлиқ масалаларни ҳал этишда маҳаллий ҳокимият органлари билан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, хотин-қизлар ва ёшлар бирлашмалари, фахрийлар ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, бу ишларга жамиятда ҳурмат ва обрў-эътиборга сазовор бўлган кекса авлод вакилларини кенг жалб этиш;

оммавий ахборот воситалари, шу жумладан, электрон ахборот воситаларининг ва Интернет тармоғининг имкониятларидан фаол фойдаланган ҳолда "Соғлом она ва бола йили" Давлат дастурининг мақсадлари ва вазифалари ҳамда Дастурнинг амалга оширилиши тўғрисида кенг ахборот-тушунтириш ишларини ташкил этиш.


4. Қорақалпоғистон Республикасида, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари раҳбарлигида "Соғлом она ва бола йили" Давлат дастурининг аниқ тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, уларни Республика комиссиясига тақдим этиш бўйича ҳудудий комиссиялар тузилсин.


5. Мазкур фармойишнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. Мирзиёев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                  И. Каримов



*) Илова рус тилидаги матнда берилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2015 йил 21 декабрь, 50-сон, 624-модда