язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Солиқлар. Мажбурий тўловлар/ Солиққа тортишнинг умумий қоидалари/ Солиқ органлари фаолиятини тартибга солиш/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 30.11.1994 й. ПФ-1014-сон "Ўзбекистон Республикасида солиқларнинг рағбатлантирувчи аҳамиятини кучайтиришнинг асосий йўналишлари тўғрисида"ги Фармони

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

30.11.1994 й.

N ПФ-1014



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА

СОЛИҚЛАРНИНГ РАҒБАТЛАНТИРУВЧИ

АҲАМИЯТИНИ КУЧАЙТИРИШНИНГ АСОСИЙ

ЙЎНАЛИШЛАРИ ТЎҒРИСИДА


1. Ўзбекистон Республикасининг 1995 йилги давлат бюджетини шакллантириш чоғида қуйидагилар солиқ тизимини ислоҳ қилишнинг энг муҳим йўналишлари деб ҳисоблансин:

юридик шахслардан олинадиган солиқ миқдорини камайтириш;

маҳсулот ишлаб чиқариш ва сотиш ҳажмларини кўпайтиришга, тадбиркорлик фаолиятини ва инвестиция фаоллигини кенгайтиришга, маблағлар айланишини жадаллаштиришга ва фойдани оширишга солиқларнинг рағбатлантирувчи таъсирини кучайтириш;

табиий ресурслар ва мол-мулкдан олинадиган солиқлар улушини ошириш ҳисобига даромадлар таркибини такомиллаштириш, ресурс ҳамда ишлаб чиқариш қувватидан фойдаланиш самарадорлигига уларнинг таъсирини кучайтириш;

маҳаллий бюджетларнинг даромад негизини мустаҳкамлаш ҳамда республика ва маҳаллий бюджетлар ўртасида солиқларни чегаралаб қўйиш ҳисобига республиканинг давлат бюджетида маҳаллий бюджетларнинг салмоғини жиддий равишда ошириш;

солиқ солиш механизмини мумкин қадар соддалаштириш ва солиқ тизимининг барқарорлигини таъминлаш.


2. Солиқ тизимини такомиллаштиришнинг мазкур йўналишларини рўёбга чиқаришни таъминлаш учун 1995 йилнинг 1 январидан бошлаб:

2.1. Қўшимча қиймат солиғининг миқдори 20 фоиздан 18 фоизгача пасайтирилсин;

2.2. Корхоналарнинг даромад солиғи ўрнига фойдадан олинадиган солиқ жорий этилиб, унинг энг юқори миқдори 38 фоиз қилиб белгилансин;

2.3. Деҳқон (фермер) хўжаликлари, хусусий корхоналар, савдо корхоналари, хорижий инвестицияларга асосланган корхоналар учун амалдаги даромад солиғи тартиби ва солиқ имтиёзлари сақлаб қолинсин.


3. Фойдадан солиқ ундириб олиш чоғида:

3.1. Маҳсулот ишлаб чиқариш (ишлар, хизматлар) ҳажми ўсишининг ҳар бир фоизи учун белгиланган солиқ миқдорига нисбатан 0,3 фоизли пункт миқдорида пасайтирувчи коэффициент қўлланилсин;

3.2. Баланс фойдасининг 30 фоиздан 50 фоизгача қисмидан ишлаб чиқаришни ривожлантиришда, уни қайта қуриш ва техника билан қайта қуроллантиришда фойдаланилган тақдирда 5 фоизли пункт миқдорида, баланс фойдасининг 50 фоиздан кўпроқ қисмидан шу мақсадларда фойдаланилган тақдирда эга 10 фоизли пункт миқдорида пасайтирувчи коэффициент қўлланилсин;

3.3. Янги барпо этилган корхоналар учун солиқдан озод қилиш, шунингдек имтиёзлар беришнинг амалдаги тартиби сақлаб қолинсин;

3.4. Мулкчилик шаклларидан қатъи назар, корхона ва ташкилотлар фойдадан уй-жой ва ижтимоий-маданий қурилишга сарфлаётган маблағларнинг 50 фоизи солиқ тўлашдан озод қилинсин.


4. Монополиячи корхоналар учун белгиланган рентабеллик даражаси оширилишининг ҳар бир фоизига фойдадан олинадиган белгиланган солиқ миқдорига нисбатан 0,5 фоизли пункт миқдорида оширилувчи коэффициент жорий этилсин.

6. Қуйидаги солиқ турлари бекор қилинсин:

6.1. Ўзбекистон Республикасидан ташқарига олиб чиқиб кетиладиган хом ашё ресурслари ва маҳсулотдан олинадиган солиқ;

6.2. Фуқаролардан олинадиган даромад солиғи тўғрисидаги қонунни жамоа хўжаликларининг аъзоларига нисбатан жорий этиб, уларнинг меҳнат ҳақи фондидан олинадиган солиқ;

6.3. Ўрмон хўжалигидан тушадиган даромадни олиб қўйиш.


7. Белгилаб қўйилсинки, амортизация ажратмаларининг жами ҳажми корхоналарнинг тасарруфида қолади.


8. Вазирлар Маҳкамасига Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 1995 йилги асосий кўрсаткичларини тасдиқлаш ҳуқуқи берилсин, бунда қуйидагилар кўзда тутилсин:

табиий ресурслардан самарали фойдаланишни рағбатлантириш мақсадида улардан олинадиган солиқларнинг янги ставкаларини белгилаш;

солиқ соҳасидаги имтиёзларни тартибга солиш;

даромадларни маҳаллий бюджетлар фойдасига қайтадан тақсимлаш ва ҳудудларнинг ривожланиш даражасига қараб умумдавлат солиқларидан ажратмаларнинг табақалаштирилган меъёрларини белгилаш;

солиқ тўғрисидаги қонунларни бузганлик учун жарима тўлаш чораларининг қўлланиш тартибига ўзгартишлар киритиш.


9. 1994 йил 31 октябрдаги 977-сон Фармоннинг 3-банди 1995 йилнинг 1 январидан бошлаб ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                               И. Каримов



"Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши Ахборотномаси", 1994 й., N 11-12, 305-модда